Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 07 Май 2015 Кӯришлар: 4920
Печат

 

galaba 70 copy1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида Тожикистондан 270 мингдан ортиқ киши қатнашди. 100 минг нафардан ортиқ норғул йигитлар Она-Ватанга қайтиб келмади. Улар жангда шаҳид бўлгандилар. 1939 йилдаги аҳолини рўйхатдан ўтказиш маълумотларига кўра, 1,5 миллиондан камроқ киши яшайдиган Тожикистон учун бу катта йўқотиш эди.

Азиз Тожикистонимизнинг 54 нафар фарзанди энг олий мукофотСовет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди.

 

- Айни пайтда Тожикистонда 810 нафар Улуғ Ватан уруши иштирокчилари яшайди, - дейди мамлакат Уруш ва меҳнат фахрийлари кенгаши раиси Раҳматулло Қудратов. – Йил бошида уларнинг сони 926 нафар эди. Афсуски, йилдан-йил, ойдан-ойга эмас, балки кун ора Улуғ Ватан уруши иштирокчиларининг сафи сийраклашиб бормоқда.

Р. Қудратов берган маълумотларга кўра, уруш пайтида фронт ортида меҳнат қилган тожикистонликлар айни пайтда 2518 нафарни ташкил этади. «Урушда оиласи ҳалок бўлган» юртдошларимиз бугунги кунда 16 нафардир. 

Россия Федерацияси ҳокимияти томонидан уч нафар юртдошлармиз - уруш фахрийлари Москва шаҳридаги Қизил майдонда 9 май куни Буюк Ғалабанинг 70 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган Парадда қатнашиш учун таклиф этилган.

Шунингдек, Тожикистондан яна етти нафар Улуғ Ватан уруши иштирокчиси 9 май куни Москва шаҳридаги «Поклонная гора»да ўтказиладиган «Ғолиблар бали»га таклиф қилинган.

 

ҚАҲРАМОН ТЎЙЧИ

t.eryigitov–Мулла ака, эртага менга оқ фотиҳа берсангиз, армияга бормоқчиман. Гитлер деган ваҳшийни енгишни мақсад қилдим. Боштол қишлоғидан Каримберди, Зулмурот ва Алимберди (Кенжабой оқсоқол оиласидаги ака – укалар), Шомурод, Ҳайдарали, Дўстмурод, Юнусбой ва Тўйчи шофёр; Булоқдан Қўқонов Мамажон, Қамишқўрғондан Хушвақтов Қурбонбойлар Ватан олдидаги бурчларини адо этиш учун навбат билан ариза бериб, Совет Армияси сафига жўнамоқдалар. Мана, қўй ва эчкиларни Шакаркўлни айлантириб боқиб келдим, санадим. Ҳаммаси тугал. Майли десангиз, мен бугун уйимизга, Булоққа бориб онам Хайриниса, синглим Ашурбуви ва қариндош-уруғларим билан суҳбатлашиб, уларнинг дуоларини олайин, - деб бош чўпон Шерали  ака Йўлдошевдан розилигини олиб, қишлоғига равона бўлди.

Булоқ унча катта қишлоқ эмас. Пахта қабул қилиш пункти борлиги учунми ёки чорраҳада жойлашганлиги сабаблими, чойхонада ҳамма вақт одам гавжум. Қишлоқнинг ичидан  “Хўжанд-Наманган” ва “Шайдон-Бешариқ” йўллари кесишиб ўтарди. Кўчасида одамнинг қулочи етмас толлар бўларди. Чойхона атрофи озода, кўчага сув сепилган. Тўйчининг ёшлиги, ўйинқароқ йиллари ана шу масканда ўтган. Ўртоқлари, тенгдошлари билан шу ерда ёнғоқ ўйнаган, ширин суҳбатлар қурган. Ёшлигидан қўй ва эчки боқишни орзу қиларди. 1929 йиллардан колхозлаштириш бошланиб, Боштол (31 хўжалик), Булоқ (45 хўжалик) ва Учуйли (6 хўжалик) қишлоқлари бирлашиб, колхоз тузиб,  унга “Пахтакор” деб ном бердилар. Ҳамзали ака Мирзаевни колхозга раис этиб сайлашди.

Бошқа соҳалар қатори Булоқ, Боштол қишлоқлари чорвасини ташкил қилишга киришиб, 20-30 тадан қўй-эчки сотиб олишди. Уларни боқиш Булоқда Султонбой ака Юсуповга, Боштолда эса Ш. Йўлдошевга топширилди. Чорва моллари кўпая бошлагач, Тўйчини Султонбой акага ёрдамчи этиб тайинлашди. Орадан йиллар ўтгач, ҳар иккала қўра бирлаштирилди, 200-300 майда молни боқиш Ш. Йўлдошев зиммасига юклатилди. 1925 йили диний саводи бўлган одамларга тазйиқ ўтказиш бўйича Совет давлатининг махсус қарори чиққач, мадрасани хатм қилганлиги туфайли, районнинг энг чекка қишлоғи бўлмиш Боштолдан бошпана топиб, пайғамбарлардан мерос қолган чўпонликни ўзига раво кўрди. Ана шу даврларда Тўйчининг молни яхши боқишини сезган Шерали ака:

-Ўғлим, қандай қилиб қўй боқишингни анчадан буён кузатиб юрибман. Ҳаракатинг ёмон эмас, молларингни бизнинг қўрага қўшгин. Энди бекор юрма, бекордан Худо безор. Агар Хайриниса розилик берса, эртагаёқ олдимга келавер, мудир билан ўзим гаплашаман. Сен кундузи отарни боқиб келасан, тунни ўзим эплайман. Қишлоғинг бир ярим, икки километрлик йўл. Хоҳласанг, меникида тураверасан, - дейди.

Бу гаплар 1932-1933 йилларга тўғри келади. У вақтда Тўйчи 11-12 ёшлардаги ўйинқароқ бола эди. Ўқишингга ҳам шароит яратиб берамиз, ўқишга кетганингда оила аъзоларимиз билан отарга ўзимиз қараймиз.

Отар Боштол, Учуйли қишлоқлари атрофи, Сотар, Бўрихона, Ёйилма ва Шайдон даштларида боқиларди. Ўша йиллардан бошлаб, Тўйчи Шерали аканинг оила аъзоларидан бирига айланди. Отар октябр ойидан бошлаб, келгуси апрел ойигача колхоз ҳудудида боқилар, май ойининг бошида Бобочетан бобо (ёки Панғоз тоғи) тоғининг нариги томонига, Лашкаракка қадар олиб борилиб, сентябр ойининг охиригача у ерда боқиларди. Авваллари 100-200 та бўлган отар кейинчалик 400-500 тага етди. Ҳар бир касб каби чўпонликнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор.

Касалликка йўлиққанлари отарга етиб юролмайди, битта-иккитаси далада  қўзилаши мумкин. Унинг қўзисини кўтариб юришга тўғри келади. Баъзилари сув ичаман, деб заканга тиқилиб қолиши ва бошқалар. Тўйчининг тантилиги, меҳнаткашлиги, довюраклигига ҳамма тан берарди. Бир куни туш пайти эди. Ҳаво иссиқ, гармсел эсарди. Ўша куни отар Бўрихонада боқиларди. Қишда қор кўп ёғиб, дала серўт, майса яхши, чангалзор-юлғунзорлар баланд ўсган. У пайтда қўй-қўзилар учта-тўртта бўлиб, бошини ўша бутазорлар соясига олишарди. Тўйчи ҳам салқинлагани баланд бўлиб ўсган чангалзор остига келди. Нима бўлиб, ўша куни итларини молга эргаштирмаган эди. Чангалзор ёнидаги пастқамликда бир бўри юзини осмонга қаратиб ухлаб ётарди. Уни кўрдию бадани жимирлаб кетди. Дарров бир қарорга келиб, яқин бориб қўлидаги қип-қизил четан таёғи билан бўрининг қоқ бошига зарб билан туширди. Бўри таёқ зарбидан сапчиб ўрнидан туриб, жонҳолатда Тўйчига ташланди. Аммо иккинчи, учинчи зарбадан сўнг йиртқич ерга юмалади ва жон берди. Кечқурун эшагини миниб келиб, ортиб кетди. Бу хабар тез орада колхоз раҳбарларига етиб борди. Бу бўри олдинлари ҳам отарга ҳужум қилиб, бир қанча қўй-қўзиларни бўғизлаб кетиб, анча зарар етказган эди. Колхоз раиси Ҳамзали ака бу иши учун Тўйчини бир қўй билан мукофотлади. Қишлоқ аҳли унинг ботирлигига қойил қолишди.

Айниқса, 1939 йилги бир ҳолатни айтмайсизми? Бош чўпон Ш. Йўлдошевни Катта Фарғона каналини қазишга олиб кетишди. Отарга қарашга зарур эканлиги ҳақидаги ферма мудири ва колхоз раисининг гапини ҳам райондагилар ҳисобга олишмади.

Бир отар майда мол, қўй-қўзи, эчки-улоқларни кечасию кундузи боқиш Ш. Йўлдошевнинг оила аъзолари: турмуш ўртоғи Тўлғаной, қизлари Саломатой, Қизларсара, Рисолатой ва Тўйчига қолди. На илож, отарнинг бир иложини қилиб, бош чўпон канал қазишдан келгунча боқиш лозим.

Ана у қийинчилигу азобни кўринг. Оилада бошқа йигит киши бўлмаганлиги сабабли Тўйчи отар атрофида зир югуради, баҳоли қудрат ҳаммасига улгуради. Бош чўпон Катта Фарғона каналини ковлашга ёрдамлашиб, сув чиқариб, беш ой деганда қишлоққа кириб келди. Мазкур оилада Тўйчи қарийб ўн йилга яқин яшади, иш усулларини ўрганди. Тоғу  тошда отарга яқинлашиб келаётган бўрилар билан яккама-якка олишди. Қўрқмас ва паҳлавон йигит бўлди. Бу орада 1939  йили акаси Абдулла армияга кетди. Бир йил, икки йил, учинчи йил бўлаяптики, ундан дарак йўқ... Хайриниса катта ўғлини қўмсаб, зор-зор йиғлайди...

Тўйчи уйларига борса, унинг номига район ҳарбий комиссариатидан  “Чақирув хати” келган экан. Ўғлини  хизматга жўнатиш учун Хайриниса хола зиёфат тараддудини бошлаб юборган бўлиб, қариндошларга хабар ҳам қилган экан. Синглиси Ашурбуви бош-қош. Йиғилганлар Тўйчибойга оқ йўл тилаб, душманни янчиб, ғалаба билан эсон-омон қишлоққа, Хайриниса холанинг иссиқ қучоғига қайтиб келишини орзу қилиб, хайрлашишди. Аммо оила аъзолари ўша кеча ухламасдан тонг оттиришди. Тўйчи эрталаб оила аъзолари, қўни-қўшнилар билан хайр-хушлашди. Хайриниса хола:

-Ой бориб, омон келгин, болам!- деб Тўйчининг оғзига бутун нонни тутиб, бир тишлатиб, рўмолчасига ўраб, кўзига ёш олиб хайрлашди.

Тўйчи ҳурмат юзасидан қарийб ўн йил чорвачиликнинг икир-чикирларини ўргатган устози, бош чўпон мулла Шерали Йўлдошев ҳузурига Чекка ферма мудири Боймат Бойназаров билан борди. Тўйчи:

-Мулла ака, сиз мадрасани хатм қилгансиз, дуонгизни олай, у ижобат бўлади, отарим ҳамда бир қанча йиллардан буён бирга яшаб, қанча яхшиликлар қилган оила аъзоларингиз билан хайрлашайин, деб келдим, - деди. Мулла акамизга Боймат ака сафар олдидан фотиҳа берилишига ишора қилгач, Ш. Йўлдошев мадрасани хатм қилганлиги сабаблими, ҳар ҳолда Тўйчини ўз ўғли каби кўриб, тарбиялагани учунми, узундан-узоқ суралар ўқиб, охирида: - Роббана  атина фиддунйа ҳасанатан ва фил ахирати  ҳасанатан ва қина азабан нар (Мазмуни: “Эй Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин”) деб дуо қилдилар.

Боймат мудир ўз отида, Тўйчи эшакда район маркази Шайдонга қараб йўл олишди.

Район ҳарбий комиссариати ходимлари уларни илиқ кутиб олишди. Тўйчи мақсадини тушунтиргач, Ватанимизни қўриқлаш учун ўз хоҳишим билан Совет Армияси сафига бораман, деган мазмунда ариза ёзди. У ерда Зулмурод Кенжаев, Каримжон Мамажонов, Қурбонбой Хушвақтов ва бошқалар билан Шайдондан Кўкқуроқ қишлоғи орқали дарёдан Конибодомга ўтиб, сўнгра Ленинободга боришди. Хўжанддаги ҳарбий комиссариатда уларни олти ой ўқитиб, ҳарбийлик сирларини ўргатишди, сўнгра Қўқон шаҳрига ва у ердаги тайёргарликдан сўнг, 1941 йилнинг декабр ойида Совет Армияси сафига жўнатишди. Тўйчи армияда 1064-ўқчи полкнинг ўқчи дивизияси пиёда аскар сифатида хизматни бошлади. У запас полкда ҳарбий техникани, хатосиз отиш ва разведкага бориш сирларини пухта ўрганди. Моҳир пулемётчи бўлиб етишди.

tuychiКомсомол аъзоси Тўйчи автоматчи сифатида Калинин фронтига жўнатилди. Бу фронтда А. Матросов ҳам хизмат қилган эди. У ерда фашистларга қарши курашиб, 30 нафар немисни ер тишлатди ва ўзи ҳам ярадор бўлди. Госпиталда даволаниб чиққач, яна ўз расчётига қайтди. Сўнгра уни захиравий полкка юборишди, аммо у ерда кўп турмади. Сталинград мудофааси 1942 йилнинг 17 июлида бошланиши билан у ерга жанг кўрган моҳир автоматчилар зарурлиги туфайли Тўйчини ҳам у ердаги дивизияга жўнатишди. Қисм жангга тайёрланмоқда эди. Тўйчининг расчёти бир тепаликнинг ўнг ёнбошида маррани эгаллади. Майор Кулешев командирлигида жангга тайёрланишди.

1942 йил сентябрида Сталинградда душманнинг контратакасига қарши жангларда қатнашиб, ўндан ортиқ фашистни ер тишлатди. Душман билан тўқнашувларда янада тобланди.  У яхши интизоми, топшириқларни вақтида ижро этиши, ўзига нисбатан талабчанлиги билан  хизмат қилаётган кўпгина хизматдошларига намуна бўладиган даражада эди. Кўпроқ А. Матросовнинг ўлмас жасорати унда ўчмас хотира қолдирди. Тўйчининг жангларда  кўрсатган жасорати ҳақида газеталарда мақолалар чоп этилди. У госпиталдан чиққач, шимолга, Волхов фронтига жўнатилди. У Дубинский қўмондон бўлган ўқчилар дивизиясининг 2-баталёнига юборилди, коммунистик партия сафига қабул қилинди. Эндиги вазифа Ленинград мудофаачиларига ёрдамлашиб, бу кўҳна ва улуғ шаҳарни гитлерчилар қуршовидан озод қилиш эди. Ленинградга энг қудратли ва тажрибали кучлар ташланди. Тўйчи Эрйигитов пулемётчи бўлган Сапрун ротаси зиммасига Любан станцияси ёнидаги Смердиня қишлоғини душмандан озод қилиш вазифаси юкланди. У хизмат қилаётган ротанинг командири, катта лейтенант Мартиненко ўз жангчиларини ботир, довюрак ва қаҳрамонлик руҳида тарбиялади. Унинг ротасида Она-Ватан  даъвати асосида Белорус, Қозоғистон чўллари, Ўзбекистон пахта майдонлари, Сибир ўрмонларидан келган асл йигитлар бор эди. Командир украин миллатига мансуб. У жангчиларни ҳамма вақт фашистлар вайрон қилган қишлоқлар, гуноҳи йўқ ватандошларимизни ўлдирганликлари учун қасд олишга чақирарди. Мартиненко ўз ротасини навбатдаги жангга тайёрлар, комсомол жангчиларини йиғиб, ҳарбий топшириқларни пухта тушунтирарди. Командир сўзини тугатгач, биринчи бўлиб, Т. Эрйигитов чиқиш қилди. Унинг нутқи ўткир ва жўшқин эди: “Комсомол ўртоқлар! Душман билан қатъий жанг қилиш вақти етиб келди. Биз қачонлардан буён буни кутамиз. Агар керак бўлса, жонимизни ҳам аямай душман устидан ғалаба қиламиз, деб Она-Ватан учун ҳар биримиз қасамёд қилганмиз, онт ичганмиз. Мен Ватан учун жонимни ҳам аямасдан атакага жасур ва дадилона бораман, деб сўз бераман. Ватан учун, халқимиз бахти учун!”

Бу фашизм устидан ғалабага ишончнинг мурожаати, бу севимли халқимиз ва партия олдидаги қасамёд эди. Андреев, Мелкумов, Снопко ва бошқа комсомоллар – жанговарларнинг алангали нутқи эди.

1943 йилнинг 5 октябрида  полкнинг Смердиня қишлоғи шимоли-ғарбий  томонига юриши учун фашистлар тўсқинлик қиларди.

Смердиня қишлоғи ўртасидан Тигода дарёси оқарди. Соҳилда кучли жанг борар, душман ДЗОТ (дарахт-ер оловли нуқтаси)и кўз очиргани қўймасди. Тигода дарёси қирғоққа урилиб оқар, гўё сув эмас, мисоли лоларанг қон кўпирарди!

Ёмғир шивалаб ёғар, ҳаво совуқ, изғиринли шабада эсарди. Порох тутуни димоқни ачиштиради. Полк хавф остида, қандай бўлмасин ДЗОТ  оловини ўчириб, ғалабага эришиш лозим. “Нима қилмоқ керак? Ётаверган билан иш битмайди. Ҳужум тўхтаб қолади”. Тўйчи гранаталар шодасини белига боғлаб, ДЗОТга бориши лозим. Снопко, Мелкумов ва Ҳамроевлар унга ҳамроҳ бўлади. Улар ер бағирлаб боришяпти, ўқ ёмғири бош кўтаришга қўймайди. Кутилмаганда Снопко бир инграб, бошини ерга қўйди-ю қимирламай қолди. Тўйчи ортига қараб, икки дўстига: “Олға, фақат олға!” деб имлади. Бир оз ўтгач, Мелкумов ва Ҳамроевлар ҳам ҳалок бўлишди. Тўйчи улар учун ҳам душмандан ўч олиши, қўмондонлик буйруғини бажариши шарт. Унинг юрагида қасос алангаси ёнмоқда. Унда ҳозир фақат икки йўл бор: ё ҳаёт, ё мамот! Тўйчининг кўз олдида Александр Матросовнинг жасорати гавдаланиб, «Нима учун у кўрсатган жасоратни мен такрорлай олмайман?»- дея ўзига савол бериб, шиддат билан олға интилди. Шу пайтда чап юзини ўқ ялаб ўтди. Йўқ, ана пулемёт милини бекитишга атиги икки метргина қолди. Тўйчи ёноқлари қонга беланган ҳолда сўнгги куч, сўнгги ирода билан ўрнидан туриб, товушининг борича “Она-Ватан учун! - деб қаттиқ қичқириб, гавдаси билан ДЗОТ устига ташланди, ловуллаб олов сочаётган пулемёт милини бекитди. “Ватан” номини олиб жон берди. Шу заҳоти фашистлар пулемётининг овози ўчди. Бундан руҳи кўтарилган аскарларимиз ёппасига ҳужумга ўтиб, душманни бир неча километр орқага суриб ташлади.

Оддий солдат Тўйчи Эрйигитов мардларча ҳалок бўлиб, Она-Ватан олдидаги ўз бурчини адо этди. 1944 йилнинг 27 январида, орадан атиги уч ой ўтгач, Ленинград шаҳрининг блокададан тўла озод этилишида Тўйчи Эрйигитов ва унинг ўртоқлари хизмат қилган взвод, рота ва полкнинг ҳиссаси ниҳоятда катта бўлган.

Тўйчининг бу жасорати ҳақида Павел Зорин шеър ёзиб, матбуотда эълон қилди. “Московский большевик” газетасининг 1943 йил, декабрдаги сонларидан бирида “Тўйчи Эрйигитов жасорати “ сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Орадан бир неча йиллар ўтгач, Тўйчининг онаси Хайриниса холага ўғлининг қаҳрамонлиги ҳақида “Қаҳрамонлик ёрлиғи” билан конверт юборилган бўлиб, у 1947 йилнинг 20 январида ёзилган эди. У СССР Олий Совети Президиуми Раиси Николай Михайлович Шверникнинг мактуби бўлиб, унда қуйидагилар битилган эди:

“Ҳурматли Хайриниса!

Ҳарбий қўмондонликнинг берган маълумотига кўра, Сизнинг ўғлингиз оддий аскар Тўйчи Эрйигитов  Она-Ватан учун олиб борилган жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлган.

Немис-фашист  босқинчиларига қарши бўлиб ўтган жангларда кўрсатган қаҳрамонлиги учун ўғлингиз Тўйчи Эрйигитовга СССР Олий Совети Президиумининг 1944 йил, 21 февралидаги Фармони билан Ватанимизнинг энг юқори “Совет Иттифоқи Қаҳрамони” унвони берилганлиги ҳақидаги ёрлиқни халқимизнинг ўғлингиз қаҳрамонлиги ҳақидаги хотираси сифатида Сизга, юбораётирман”.

СССР Олий Совети Президиумининг Раиси

Н. Шверник.

Тўйчи Эрйигитовни  281-ўқчи дивизия командири, 54-армия Ҳарбий Совети ва Волхов фронти Ҳарбий Советлари қўллаб-қувватлаб, олий унвон билан мукофотлашга тавсия этишган эди.

Мана, Тўйчининг жасоратига 72 йил тўлди, аммо қаҳрамонимиз номи халқимиз қалбида бир машъал каби яшаб келмоқда. У Ленинград вилояти Тосно районидаги Любан шаҳридаги “Ўртоқлик мозори”га дафн қилиниб,  ёдгорлик ўрнатилган.

Мен 1965-1966 йиллари Тосно районидаги 28039-ҳарбий қисмда Ватан олдидаги бурчимни ижро этиб, 9 ойда оддий солдатликдан кичик сержант даражасигача кўтарилганман. Қисмимизда иккита рота ва битта дивизия бўлиб, солдатлар миқдори 500 нафар эди. 1966 йилнинг 9 май – Ғалаба куни муносабати билан командирларимиз полковник Кочубей, подполковник Избеков ва капитан Синелниковлар 10 нафар аскарни штабга чақириб: “Казармаларингизга бориб, парад кийимларингизни кийинг, карабинларингизга 10 донадан ўқ жойлаб, 20 минутда сафарга тайёр бўлинглар. Любан шаҳрига бориб, байрамнинг давомини ўша ерда нишонлайсизлар”, - дейишди. Ана шу аскарлардан биттаси камина эди. У ерда Улуғ Ватан урушида ҳалок бўлган жангчиларга монумент ўрнатилган экан. Командирларимизнинг  буйруғига биноан, карабиндан бараварига 10 мартадан  ҳавога қаратиб ўқ узиб, “Салют” бердик. Ана шу қабрларнинг бирида Тожикистоннинг асл ўғлони Тўйчи Эрйигитов  ҳам ётганлиги Булоқ қишлоғи аҳлига, онаизори Хайриниса холага 1967 йили куз пайтлари совхоз директори Абдурафиқ Исматов Ленинградга бориб келгандан сўнг аниқ бўлди. Директор Т. Эрйигитов  қабридан бир тугун тупроқ олиб келган эди.

Демак, “Салют”имиз ҳамюртимиз Тўйчи Эрйигитов ва ўша ерда тинчгина ётган Совет Иттифоқининг қаҳрамон фарзандларига билдирган таъзиямиз экан.

...Тарихнинг йўллари,

Тарихнинг иши.

Юраклар уриши унда жамулжам,

Тўйчи жасорати ўзи бир тарих,

Авлоддан-авлодга ўтажак номи,

Тиллардан-тилларга кўчажак тўлиқ.

Ва унга чексиздир юрт эҳтироми!

Эрали Шералиев, захирадаги кичик сержант.

 

ОЛОВ БЎЛИБ ЁНГАН ИСРОИЛ

Бундан ўн беш йиллар муқаддам Деҳмой қишлоғи тарихига оид материалларни тўплашга тўғри келганди. Унда биз қишлоқнинг ўтмиши ва бугуни хусусида ўша кунларда ҳаёт бўлган кўпгина нуроний отахонлар ва онахонлар билан суҳбатда бўлгандик. Оғзаки, шунинг-

дек, Деҳмой қишлоқ жамоати уруш ветеранлари Совети берган маълумотларга қараганда, Улуғ Ватан уруши (1941-1945) йилларида қишлоқнинг юз нафардан зиёд алп йигитлари юрт ҳимоясига отланди. Уларнинг ярмидан кўпи фронтдан қайтмади, ҳамқишлоқларимизнинг қабрлари ҳаёт-мамот жанглари борган жанггоҳларда қолди...

Бугун биз муҳтарам муштарийларимизга ана шу жанг қатнашчиларидан бири  Исроил Мадаминов, тўғрироғи, ўт ва олов бўлиб ёнган бир инсон ҳақида ҳикоя қилишга жазм этдик.

   * * *

...Уста Мадамин қишлоқ аҳли орасида хизмат вазифаси юзасидан анчайин шуҳрат қозонганди. Асосий касби сартарошлик бўлса ҳам, табибликдан анча-мунча хабардор эди. Тиш оғриғига дучор бўлганлар, пучакдан азият чекканлар устадан шифо топардилар. Шу билан бирга, отахон ёш болакайларнинг қўлини ҳам ҳалолларди.

Биринчи оиласи билан чиқишолмай қолган уста Мадамин 1918  йилда тақдирини Умринисо билан боғлади. Худойим уларга кетма-кет ширин фарзандлар ато қилди: Исроил, Абдусаид, Ойша, Абдураҳмон, Майрамой... Умр қисқалик қилиб, Абдусаид олти ёшида, Ойша 17 ёшида ҳаётдан кўз юмишди.

Фарзандларнинг тўнғичи Исроил шўху шаддод, ўту олов бўлиб ўсди. Ерга урса, кўкка сапчирди. Бирор кун йўқ эдики, оғиз-бурни қонаб келмаса ёки ўз тенгдошларининг додини бериб қўймаса. Хонадонга биров меҳмонга келиб қолса ҳам ота-онанинг юраги така-пука бўлиб турарди. Исроил бирор иш бошламадимикин деб.

Уста Мадамин оиласининг Боғмозорда (собиқ «Заря» пионер лагеридан «Водник» насос станциясигача бўлган ҳудуд) деҳқончилик ерлари бўларди. Ўша ерларда кўпчилик қатори уста ҳам қовун-тарвуз етиштирарди. Айни қовун-тарвузлар пишиб, ширага кирган маҳалда тунги ўғрилар ҳам кўпайиб қоларди. Чайлада пойлоқчилик қилган 12 ёшли Исроилнинг милтиқдан ўқ узиб, тунлари ухламаганини унинг тенг-тўшлари ҳали-ҳамон эслашади.

...1939  йили Исроилга ҳарбий комиссариатдан чақирув қоғози келдию, ота-онанинг кўнгли сал тинчиди: бир-икки йил қулоғимиз тинчийдиган бўлди-я, хайрият-ей!

Ҳарбий хизмат авж паллага чиққан пайтларда, ҳаёт-мамот жанги - Улуғ Ватан уруши бошланди. Урушнинг дастлабки кунларидан бошлаб Исроил ўзининг Ватанга содиқ ўғлон эканини намойиш қилди. Ғалабани Берлин остоналарида кутиб олди. Урушдан кейин Болгария Халқ Республикасидаги мамлакатни тиклаш ишларида қатнашди. 1946  йилнинг адоғида, роппа-роса олти йилдан кейин, она қишлоғига қайтиб келди. Унинг кўксида кўрсатган жасоратларининг ҳосиласи - саккизта орден ва медал товланиб турарди.

Ҳикоямиз қаҳрамони Исроил Мадаминов архивида сақланаётган бир ҳужжат диққатимизни ўзига тортди. Унда, жумладан, шундай сатрлар бор:

«Ҳурматли ўртоқ И. Мадаминов! Совет Иттифоқи Маршали, Олий Бош Қўмондон ўртоқ И. В. Сталиннинг 1945  йил, 15  апрелдаги 336-буйруғига биноан, Санкт-Пелтен шаҳрини қўлга киритишдаги мислсиз жасоратингиз учун самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Ватанимиз мустақиллиги учун олиб борилаётган жангларда Сизга омад тилаймиз. Немис босқинчиларига ўлим!

44-артиллерия полки қисм командири: (имзо) Урюпин».

1939-1946  йиллар мобайнида ҳарбий ҳаёт ичида юрган Исроил ўзининг кейинги ҳаётини ҳам шу соҳага (НКВД) бағишлади. Тўғрироғи, СССР Мудофаа вазирлигидан унга ички ишлар органларида ишлаш учун тавсиянома  йўлланма берилган эди. Даставвал Хўжандда, сўнг Пролетарда ишлади. Район ички ишлар бўлими бу довюрак йигитни энг оғир участка  Деҳмой, Қазноқ, Қуланбош, Гулхона, Ўзбекқишлоқ, Каттадам қишлоқларини бирлаштирган ҳудуд аҳолисининг эмин-эркин нафас олиб яшаши учун фидойилик кўрсатмоққа юборди.

... 1947  йили кеч кузакда Отиной опа билан турмуш қурди. Олдинма-кетин фарзандлар дунёга келди: Маҳмуджон, Мансуржон. Аммо Исроил Мадаминов умрининг айни гуллаган чоғи - 37 ёшида бу ёруғ дунёни тарк этди. Буйрагидан касалга чалинган Исроилни жарроҳлик  қилиб, ундаги тошни олиб ташлашди. Бу воқеа 1957  йилнинг эрта баҳорида юз берган эди. Гарчи жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтган бўлса-да, қисматда ёзилгани бўлади. Бунга ҳаёт-мамот учун олиб борилган беш йиллик уруш асоратлари ҳам сабаб бўлди. Онаси Умринисонинг хотирлашича, ўғлининг танаси жанг йиллари душман ўқларидан анчайин азият чекканди.

... Орадан йиллар ўтди. Ҳаёти давомида олов бўлиб, ёниб яшаган Исроилжоннинг зурриётлари  - беш ёшда етим қолган Маҳмуджон ва икки ёшида етимлик кўчасига киришга мажбур бўлган Мансуржон  бугун эл оғзига тушган шифокорлар. Оталарининг ҳаётдан эрта кетиши икки ўғил қалбига духтур бўлиш туйғусини солган бўлса, не ажаб. Маҳмуджон  кўз касалликлари бўйича мутахассис. Мансуржон - терапевт.

Ҳа, ҳаёт давом этаверади. Шамол ўз йўналишини ўзгартириб эсаверади. Аммо яхшилар ёди хотираларда узоқ йиллар сақланади.

Мақола сўнгида бу ажойиб инсон ҳақида кўнгилдаги гаплари, хотираларини ўртоқлашган инсонларнинг дил изҳорларини келтирамиз:

Элу юртини дилдан севган, уни ардоқлаган ажойиб инсон эди. Қанчадан-қанча ярамас, ғаламис, ўғри  муттаҳамларнинг додини берганини эшитганман. Кийган формаси ўзига шундай ярашардики... От миниб, қишлоқма-қишлоқ кезиб, юрт осойишталигини таъминларди.

(89 ёшли Улуғ Ватан уруши фахрийси Жўрабой ота Мирҳожиев).

* * *

Узоқроқ бўлсаям қариндошчилигимиз бор эди. Турмуш ўртоғим билан тенгдош ва яқин ўртоқ эди. Баъзан  ҳазиллашибми ё чиндан: «Абдусаттор! Қизларингни бегона қилмайсан. Қўш ўғиллик бўлдим-а!»-дерди.  Фаришта омин деган эканми, қизларим  Махфират билан Муҳаббат бахтларини шу даргоҳдан топдилар.

(88 ёшли маориф фахрийси Иқлимой опа Йўлдошева).

* * *

Довюрак йигит эди. Оддий ва соддадил ҳамқишлоқларини севарди. Улар учун жон куйдирарди. Ҳар бир қадамидан, ҳаракатидан инсонийлик фазилати кўриниб турарди. Бундай инсонлар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

(Ички ишлар фахрий ходими, 90 ёшли Султонбой Пўлатов).

* * *

Дарҳақиқат, эзгу ишларнинг умри боқий. Улар ҳар доим қадр топадилар. Қишлоқнинг марказий кўчаларидан бири Исроил Мадаминов номи билан аталган.

Ҳар йили ҳайит ва байрам кунларида фарзандлар оталарини хотирлаб, дуога қўл очишади. Парвардигордан оталарини раҳмат ва мағфират қилишларини сўраб, Қуръон оятларидан тиловат этишади. Илло, яхши ниятлар билан қилинган дуо ва хайр  эҳсонлар албатта, ижобат бўлғай.

Турсун Шамс,

Суғд вилояти.

 

 

ЖАСОРАТ УНУТИЛМАЙДИ

Абдуқодир ҳам тенгдошлари Асад Ҳасанов, Қаршибой Норқўзиев, Шерқўзи Хушвақтов, Бўта Хўжабеков ҳамда қишлоқдоши Абдуназир Фармонқулов каби ўнлаб нор йигитлар билан Улуғ Ватан урушига жўнаганида эндигина йигирма баҳорни қаршилаган,  ёшлик орзулари эса беқиёс эди…

Абдуқодирни жангга кузатиш куни Шаҳристон ҳарбий комиссариати яқинига келган, уни узоқдан кузатиб турган севгилиси Норқизой ҳам бор эди. Шу онда Абдуқодир бир умр муҳаббати осмонида чарақлаган бу юлдузининг ёнида бўлишини истади. Севгилиси Норқизойнинг кўнгли ўксик, кўзларида киши билмас ёш. Абдуқодир ҳаёт-мамот жангига кетаяпти, ахир.

Абдуқодирнинг падари бузруквори Ортиқбой бобо ҳамда волидаси Бувиқиз эналар эса зор-зор йиғлаб, «Ой бориб, омон қайт болам, ўзингни эҳтиёт қилгин»,-дея қайта-қайта таъкидларди.

Шаҳристон ноҳияси ҳарбий комиссариати олдига йиғилганларга район партия комитетининг биринчи котиби Умар Сулаймонов: «Она Ватанни ҳимоя қилинглар. Қутлуғ заминимизнинг ҳар бир қаричида ота-боболаримизнинг хоклари бор. Сизларни уларнинг руҳлари қўлласин»,- дея уларни жангга йўллади.

Хайрлашиш онида Норқизой ийманибгина Абдуқодир олдига келди-да, унга унсиз термилди. Меҳр ила юзу кўзларига боқди.

Назарида севикли ёридан бир умрга ажралиб қолаётгандай бўлди.

-Хат ёзиб турасизми, мени ёдингиздан чиқармайсизми?- секин пичирлади Норқизой.

-Йўқ! Мени унутма! Оилам ва Сен учун жангга отландим. Хатларимни интизорлик билан кутгин,- деб хайрлашди Абдуқодир.

Ватан ҳимоясига йўл олган йигитлар ўтирган машиналар ўринларидан қўзғалди. Кузатишга келганлар йиғлаб қолишди…

* * *

…Абдуқодир аввалига Ереван шаҳри яқинидаги ҳарбий қисмда тайёргарлик кўрди. Ҳарбий машқларни ўргангач, юртдошлари Асад Ҳасанов, Абдуназар Фармонқулов, Бўта Хўжабеков, Норқўзи Қаршибоевлар билан Сталинград фронтига жўнади. Абдуқодир ҳар бир қарич ер учун жон олиб-жон бераётган жасур йигитлар сафига қўшилди. У хизмат қилаётган ўқчи дивизиядаги жангчиларнинг ҳам душманга нафрати чексиз, бу эса уларни янги жасоратлар сари ундарди.

Сталинград учун бўлган жангларда кўрсатган жасоратлари эвазига Абдуқодир «Қизил Юлдуз» ордени билан тақдирланди.

-Душман бор кучини Сталинград шаҳрига ташлаганди,- дея эслаганди ўшанда Абдуқодир ака. -Ҳар бир кўча, ҳар бир уй учун жон бериб-жон олардик. Қирғинбарот жангда яраланиб, госпиталга тушдим. Кейин билсам, бу жангда саноқли кишилар тирик қолган экан. Улар орасида юртдошларим Абдуназар Фармонқулов ҳамда Асал Ҳасановлар бор экан. Ҳа, ўғилларим, урушнинг номи ўчсин!

* * *

Абдуқодир госпиталдан соғайиб, яна ўз дивизиясига қайтиб келди ва жангга киришиб кетди. Айниқса, у Харков учун бўлган жангни асло ёдидан чиқармайди… Харков шаҳри ерлари. Пистирмадаги окопда Абдуқодир автоматини маҳкам ушлаганча, душманнинг бош кўтаришини кутиб турибди. Бу онлар жуда изтиробли бўлади.

 Сен ҳам кутасан, душман ҳам кутади. Ким-кимни олдинроқ нишонга олади? Ким-кимнинг умрини хазон қилади? Ҳар икки томонда шу ҳолат ҳукмрон бўлади…

Абдуқодир пайт пойлаб, ўзини янги қазилган окопга ташлади.

Душманнинг ўқи қулоғи яқинидан чийиллаб ўтди. У ўзини зўрға ўнглаб олди.

-Нима бўлди, Абдуқодир?-сўради қозоқ йигити бўлган шериги Серикбой.

-Бир ўқ қулоғим тагидан яшиндай учиб ўтди.

Абдуқодирнинг юраги ҳапқириб кетди. Ким ҳам бевақт ўлишни хоҳлайди. Ахир, ҳали унинг қанчадан-қанча ушалмаган орзулари бор.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, душман ҳужум бошлади. Ўқотар қуроллар тилга кирди. Атроф тўс-тўполон бўлиб кетди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Шунда шериги Серикбойнинг пешонасидан оқаётган қонни кўрган Абдуқодир ҳушёр тортди. У тезлик билан Серикбойнинг бошини тиззасига олди. У лабини бир қимирлатди-да, жон таслим қилди. Қисиқ кўзлари бир нуқтага тикилганча очиқ қолди. Абдуқодир додлаб юборди.

У хизмат қилаётган дивизия ям-яшил ўрмонзорда жойлашган эди. Ана шу кунларда Норқизойни жуда кўп ўйлади, хаёллари тўзғиди. Баъзан унинг она қишлоғи Увоқнинг бағрида жойлашган Теракли тоғидаги арчалардай адл қоматини майда-майда қилиб ўрилган, елкаларини тўлдириб турган сунбул сочлари ва чарос кўзларини  қайта-қайта кўз ўнгига келтирди.

Абдуқодир ўт-ўланлар устига ёнбошлаганча севгилиси Норқизойга хат ёзишга тушди…

«Ассалому алайкум, мен учун дунёдаги энг азиз бўлган Норқизой. Энг яқин одамингга хат ёзиш қанчалик мароқли эканлигини ҳис этиб  турибман. Сени ўйлаганимдан кейин қалбим нурга тўлди. Мен жангу жадалларда юрсам-да, ёруғ кунларга ишонаман. Ҳа, Увоқ қишлоғимизда бир ажойиб тўй бўлса, чилдирманинг «бада-банг» садоси янграса, мен куёвнавкар жўраларим билан сеникига борсам... Ўзингни эҳтиёт қил…

Сени соғиниб Абдуқодир. 1943 йил, апрел».

* * *

…1943 йилнинг эрта баҳори.  Совуқ. Абдуқодир ва унинг сафдошлари ўрмондан чиқиб олға юрдилар. Олдинда жанг кутмоқда…

Шунда бирдан осмонда душманнинг қирувчи самолётлари пайдо бўлди. Қишлоқ аҳли ўрмонда ўзлари атайлаб қазиган ертўлаларга яширинишганди. Абдуқодир бу жангда тупроқ тагида қолди, бир қанча вақт беҳуш ётди. Шерикларининг тақдири нима бўлди? Ҳа, улар оламдан кўз юмишган, Абдуқодир эса чалажон эди.

У аста қимирламоқчи бўлди. Лекин бунинг иложи бўлмади. Ҳушидан кетди…

Унинг қулоғига «Кўзингизни очинг, аскар» деган ёқимли овоз узоқ-узоқдан эшитилгандай бўлди. У ўзига келганда рус қизи оппоқ, майин қўллари билан унинг пешонасини силарди. Бу қиз Ирина Козеровна эди.

-Тезда госпиталга олиб бориш керак, аҳволи оғир,- шошиб айтди Ирина Козеровна. Абдуқодирнинг қўлларини елкасидан ошириб олиб, олға интилди. Бир оз юргач, ўрмонда санитар машинаси кўринди. Ирина жон ҳолатда машинанинг олдини тўсиб чиқди. Абдуқодирни машинага чиқаришди. У дала госпиталига олиб келишгандан кейин кўзини очди.

Уни бу ерга олиб келган ҳамшира Ирина Козеровнани ўз кўзлари билан кўрмаган эди. Унга ақалли «раҳмат» ҳам дея олмаган эди.

Орадан кунлар, ҳафталар ўтди. Ҳарбий врачлар сон суякларига ўқ теккани, бунинг устига совуқ уриб, шишиб кетганини аниқлашди. Улар оёқни даволаш учун зарур чораларни кўрдилар.

Ҳа, Абдуқодир Ортиқбоев жанг майдонларида 16 жойидан яраланиб, оғир ярадор бўлган ва яна даволаниб, жанг майдонига йўл олган эди.

Урушнинг охирига келиб, яна оғир ярадор бўлди, госпиталда узоқ вақт даволаниб чиқди. Аммо эндиликда унга жанг майдонига эмас, ўз Она юртига қайтишга рухсат берилди.

* * *

Оғир жангларни бошидан ўтказган Абдуқодир ака Ортиқбоев урушдан 2-гуруҳ ногирони бўлиб, кўкси тўла орден ва медаллар билан она қишлоғига қайтиб келди. Ортиқбой ота хонадонида уруш оғир жароҳат қолдирган эди. Тўнғич фарзанди Абдуғаффор, кенжалари Халил ва Жалил акалар жанг майдонидан қайтишмади. Она-Ватан ҳимояси йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлишди. Фақат бу хонадонга Абдуқодир ака қайтиб келди.

Абдуқодир ака Ортиқбоев узоқ йиллар Бунжакент қишлоқ жамоатига қарашли Увоқ қишлоғидаги кутубхонага мудирлик қилди. Бу касб нозикликларини пухта ўрганди. Орада республика маданий-оқартув техникумининг кутубхоначилик бўлимини тугатди.

У мудирлик қилган даврда 34 минг нусхадан ортиқ китоб ва 1250 нафардан ортиқ китобхон бор эди.

Абдуқодир ака Ортиқбоев ҳамқишлоқлари, фарзандларига ҳам эл-юрт манфаати учун яшашни уқтирар эди. Ўқувчилар билан учрашувларда таълим-тарбия, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ҳақида сўзларди.

Турмуш ўртоғи Норқизой опа билан биргаликда ўғил-қизларини ҳалол инсонлар қилиб тарбиялашди. Ўғиллари Эрали олий маълумотли математика-физика муаллими, Актамқул (жойлари жаннатда бўлсин) олий маълумотли тил ва адабиёт ўқитувчиси эди. Кенжаси Мамадали ота касбини давом эттириб, кутубхонага мудирлик қилиб келмоқда. Қизлари Хадича ва Матлубалар уй бекаларидир. Улуғ Ватан урушининг ветерани, 2-гуруҳ ногирони Абдуқодир ака Ортиқбоев ҳаёт бўлганида айни шу кунларда 90 баҳорни қаршилаган бўларди.

Ҳа, умр ўтаверади, жасоратларнинг эса умри боқий бўлиб қолаверар экан.

Бегали САТТОРОВ, фасафа фанлари номзоди, доцент.

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Билки ўт фарзанди эрдим, шундайин қолгум абад…

 

ДИЁРИМ ЭЛЧИСИ

Ойим юборган олмалар орасида чумоли

ҳам Москвага келибди…

 Олис юртим митти жонли элчиси,

Ташрифингдан кўзларимда нур-зиё.

Муфассал...

Паём ва энергетиклар

 

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Олий Мажлисга йўллаган навбатдаги Паёмини тарғиб этиш мақсадида, Норак шаҳри "Бойғози" ГЭСи мажлисгоҳида катта йиғилиш бўлиб ўтди.

Мазкур йиғилишда гидроэлектростанция директори Рустам Зоғаков сўзга чиқиб, мамлакат Президентининг Паёмини тақдирсоз ва жамият тараққиётини

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990480

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477539
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3467
4027
21152
7426653
99183
114875
7477539

Сизнинг IPнгиз: 3.133.128.227
Бугун: 23-11-2024 16:49:09

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015