Мамлакатимиз Президенти Эмомали Раҳмон Жаноби олийларининг бу йилги Паёмида жорий йилни «Оила йили», дея эълон қилишлари кенг жамоатчилик томонидан хуш қабул қилинди. Бу, жойларда бўлиб қайтаётган мухбирларимизнинг намунали оила бошлиқлари билан оиланинг жамиятдаги мавқеи ҳақидаги суҳбатларида ҳам сезилиб турибди.
Рўдакий ноҳиясининг Зайнабобод қишлоқ жамоати, Сароб маҳалласидаги намунали хонадон бошлиғи Собирҳожи Абдураҳимов билан суҳбатимиз мавзуси ҳам муҳтарам Президентимизнинг мамлакат парламентига йўллаган бу йилги Паёми атрофида кечди.
-Ҳурматли Ҳожи бобо, Сиз кўпни кўрган, кўпйиллик ҳаётий тажрибага эга бўлган инсон сифатида оила борасида нималар дея оласиз?
-Оила – инсон учун муқаддас даргоҳ. У инсонларнинг табиий, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий муносабатлари замирида юзага келади. Оила икки шахснинг ЗАГС органида ҳамда мусулмонча никоҳ пайтида уйланишга берган розиликлари ва бир умрга вафодор ёр, содиқ эр бўлишга қилган аҳдларидан бошланади. Зотан, бу аҳд муқаддас салтанат саналмиш оиланинг дебочасидир. Шу кундан эътиборан эр хотин олдида, хотин эр олдида, улар ота-она сифатида фарзандлару қавму-қариндошлар, маҳалла-кўй, қисқаси, жамият олдида, ўз навбатида фарзандлар ҳам ўз ота-оналари ва эл олдида масъулият сезадилар ва бурчли эканликларини ақл-онги билан чуқур ҳис этиб яшайдилар.
-Оилани жамиятнинг ячейкаси дейишади, шундайми?
-Ҳа, шундай. Оила жамият низомлари асосида яшаса-да, аслида оилавий муносабатлар нисбатан мустақил ҳодисадир. Оила ишларига бошқаларнинг аралашишига ҳаққи йуқ. Шу маънода оила жамиятнинг муқаддас ва дахлсиз мустақил салтанатидир.
-Оила Ватан ичидаги Ватан, деган гапни қандай шарҳлайсиз?
-Чинданам, оилани Ватан ичидаги Ватан, дейиш мумкин. Зеро, оила – Ватан ичра Ватан, меҳнат туфайли обод ва озод гўша бўлиб, Ватан бағрида, Ватан назари остида, Ватан ҳимоясида барқарорлик касб этади. Бу эса, ўз навбатида, оиланинг қўшничилик, маҳалладошлик муносабатларида, шунингдек, маҳалла-кўйдаги тўй-ю маъракаларга қатнашиш, уларга хос расм-русумлар ва урф-одатларга риоя этишни заруриятга айлантиради, оммавий ҳашарлар, сайиллар ва байрамлар каби анъаналарда иштирок қилишни маънавий мажбуриятга айлантиради. Бу жараён чуқурлашган сайин оила ҳам мустаҳкамланиб боради, оқибатда миллат ёки халққа дахлдор оила ифтихори юзага келади ва шаклланади. Шунинг учун ҳам Ватансиз оила, оиласиз Ватан бўлмайди, жамиятдаги бу икки нарса бир-бири билан узвий боғлиқ ва бири иккинчисини тўлдириб боради, дейиш мумкин.
- Ҳар йили Президентимиз томонидан турли ташаббуслар илгари сурилади. У кишининг жорий йилни «Оила йили», дея эълон қилишлари ҳақда қандай фикрдасиз?
- Дарҳақиқат, Президентмиз Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари томонидан янгидан-янги ташаббуслар илгари сурилиб, амалга татбиқ этилади. Масалан, у киши томонидан ўтган 2014 йилни Шарқнинг улкан мутафаккири Мавлоно Абдураҳмон Жомий йили, дея эълон қилинганди. Халқ мамнуният билан қабул қилди. Бу йилги ташаббуслари ҳам у кишининг халққа бўлган ғамхўрликларидан келиб чиқади, албатта. Шуниси қувонарлики, Ҳукуматимиз томонидан жамият диққат-эътиборини оилани мустаҳкамлашга қаратиб, қатор чора-тадбирларнинг белгиланаётганлиги ва амалга жорий этилиши ҳам аслида худди шу оилапарварлик асосларини ҳар тарафлама ривожлантириш негизида соғлом ва бақувват демократик жамиятни барқарор этиш мақсадини кўзлайди.
Турмуш маданиятини юксалтириш борасида шахсан Президентимиз бошчилигидаги Ҳукуматимиз ўта талабчанлик билан иш юритаётганлигини кўриб қувончларга тўласан, киши. Дарҳақиқат, Давлатимиз сарвари Эмомали Раҳмон бош-қош бўлиши натижасида унутилган ёхуд унутила бошлаган юзлаб қадриятларимиз, урф-одатларимиз тикланиб, ўз ўрнига қўйила бошланди.
- Ҳар йили республика бўйлаб «Оила куни» ўтказилиши ҳам Ҳукуматимизнинг оилага бўлган эътибори кучлилигидан далолат беради. Эшитишимизча, бир неча йил илгари ноҳияда «Намунали оила» конкурсида ғолиб чиққан экансизлар?
- Ҳа, бунгаям анча бўлиб қолди. Рўдакий ноҳияси Оила ишларига мутасадди кишилар жойлардаги оила кенгаши аъзолари узоқ кузатувлар, фикрлар ўрганилиши ҳамда маълум бир конкурс асосида намунали оилалар аниқланиларкан, шунда бизнинг хонадонимизга биринчи ўрин лойиқ кўрилиб, ғолиблик мукофоти сифатида рангли телевизор ҳамда ёрлиқ-ифтихорномалар тақдим этилди.
-Оилангиз тўғрисида икки оғиз сўз…
Алҳамдуллилло, турмуш ўртоғим Ҳамидахон билан қарийб эллик йилдан буён аҳилликда турмуш қуриб келаяпмиз, қобил ва одобли фарзандлар тарбиялаб камолга етказаётганимиздан шукроналар айтамиз.
Минг шукрки, фарзандларимиз ҳам турли вазифаларда фаолият юритишиб, жамиятга нафи тегмоқда. Катта ўғлим Содиқжон изимдан бориб, «Тожикистон темир йўли» давлат унитар корхонасида хизмат қилмоқда. Кичиги – Жумабой эса, келиним Маҳбубахон билан хусусий табобат марказини бошқаришиб, элга хизмат кўрсатишмоқдалар. Ундан кейингиси Муҳаммадрозиқ ҳам Носир Хисрав номли Қўрғонтепа олийгоҳининг химия-биология факултетида сиртдан таълим олиш билан бир қаторда эслатиб ўтилган табобат марказида фаолият юритмоқда.
- Марҳум отангизни мазкур қишлоқ жамоати асосчиларидан бири дейишадилар, шу гап ростми?
- Шундай. Отам Қосимжон Абдураҳимов ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида коллектив хўжалик тузиб, пахтакорлик соҳасида донг таратган қаҳрамон раис ҳамда шу юрт ободончилиги йўлида жуда кўп хизматлари сингган киши бўлганлар. Узоқ йиллар собиқ «Коммунизм» колхозига раҳбарлик қилиб, Социлистик Меҳнат Қаҳрамони унвони, СССР ҳамда Тожикистон Совет Социалистик Республикаси юқори органлари қатор ордену медалларига сазовор кўрилганлар.
- Намунали хонадон бошлиғи, ҳаётий тажрибага бой инсон сифатида Оила йилида муштарийларимизга ҳам бахтли бўлиш сирини айтсангиз…
- Инсон борки, бахтли бўлишни истайди. Оиладаги тотувлик, ҳамжиҳатлик билан бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилинса, бору йўғига шукр қилиб, иймону шукронада истиқомат қилинса, бахт ўзи келади. Эрда садоқат, аёлда вафо бўлса, бахт ҳаргиз уларни тарк этмайди. Баъзан эрнинг чўнтагида бир дирами ҳам бўлмаслиги мумкин, шунда у бу ҳолини ҳеч кимга билдирмай, кўча-кўйда, ўртоқлари ҳузурида ўзини минг қўйлик бойдай тута билса, ўз ўрнида хонадон бекаси уйидаги етишмовчиликларни кўчага дастурхон қилиб, ёзмаса – ошкор қилмаса – бахт, омад, давлат улар хонадонидан ҳаргиз кетмайди, иншоолло!
Шунингдек, оила ободлигига эътибор қаратиб, уни эъзозлаган юрт, албатта, обод бўлади. Бахтимизга ҳамиша ватанпарвар, элу юрт ободлиги йўлида тинимсиз меҳнат қилаётган давлат раҳбарлари-ю, ободу озод оилаларимиз мудом бор бўлсин…
-Мазмунли ва файзли суҳбатингиз учун ташаккур!
Абдулло Саидов суҳбатлашди.
2017 йил тожикистонликлар ва бутун дунё тожиклари хотирасида Миллий бирликнинг 20, Тожикистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26, Тожикистон Республикаси Олий Кенгаши XVI сессиясининг 25, Давлат байроғи қабул қилинганининг 25 йиллиги ва Ёшлар йили каби тарихий саналар ва юқори даражада ўтказилган байрамлар билан тарихий ва эсда қоларли бўлди.
Муфассал...
Президент: - …Ташаккур. Тожикистонга хуш келибсиз! Тожикистон мустақил мамлакат сифатида нефт ва газ манбаларига эга эмас. Тожикистоннинг ягона бойлиги гидроэнергетик захиралари бўлиб, бу кўрсаткич бўйича дунёда саккизинчи ўринни эгаллаб турибди. Тожикистоннинг бу соҳадаги захира ва имкониятлари 580 миллиард киловатт-соатдан зиёдни ташкил этади. Тожикистон 1991 йилнинг 9 сентябри - мустақилликни қўлга киритган вақтда мамлакатимиз аҳолиси ва иқтисодиётини электр энергияси билан таъминлаш асосий муаммо эди. Дастлабки йилларда биз деярли
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015