"Халқ овози" газетаси бош муҳаррири ўринбосари билан туғилган куни арафасида суҳбат.
Ижодкор дўстим, шоир Эркин Шукурнинг ички оламига бир назар…
Ҳақиқий шоир дарвиш бўлади. Унинг олами ўзгача, бошқаларга унчайин нотаниш бўлиб кўринган дунёда яшайди.
Ҳақиқий шоирнинг ички оламини билиш учун унинг шеърларини уқиб ўқиш лозим. Шундагина у ким, унинг юрагида нималар кезади, андак хабардор бўла оласиз.
Эркиннинг шеърияти, ижоди - унинг ҳаёти. Шоирнинг ботиний дунёси жилвасидан баҳраманд бўлиш учун унинг қуйма сатрлари, самимий битикларига мурожаат этинг. Шунда сиз, ҳақиқий Эркинга - чинакам дарвишга рўпара келасиз...
- Эллик ёшга кирасиз, дўстим…
- Йўғ-е, мен қирқ тўққизни тўлдираманми, деб юрибман.
-Элликка кириш билан қирқ тўққизни тўлдиришнинг ораси бир нафасгина...
- Балки шундайдир, 1967 йил 2 январ - 2017 йил 2 январ?!. Фикрингиз тўғрига ўхшаб кўринади, яна билмадим…
Шоир ўз шеъридан тўртликни эслайди:
Танҳолик бўлибди, менинг шеригим,
Боғларда хазонлар "уввос" солибмиш.
Хазонлар оҳини эшитган сайин,
Ё раббим, Эркин ҳам қариб қолибмиш.
- "Халқ овози" газетаси бош муҳаррири ўринбосари бўлишликнинг залвори оғирми?
- Менимча, масъулиятли, десак тўғрироқ бўлади. Исмоил Муҳсинов, Роҳатой Неъматова, Ўлмас Жамол, Эшмуҳаммад Донохонов, Жамолиддин Тошматов, Жўрақул Ажибов каби устозлар бир вақт бажарган ишнинг нозиклиги, оғирлиги ва масъулиятли эканлигини ҳис этиш тақдирда бор экан…
- Одам қилган ишни одам қилади, дейди халқимиз. Осон бўлмаса-да, яхши ютуқларга эришаяпсиз?
- Йўқ, бунинг баҳосини газетамизнинг муштарийлари беришсин. Қолаверса, бизнинг ишимиз газета саҳифаларида кўзгудаги каби яққол намоён бўлади.
- Студентлик даврингизни қўшиб ҳисоблаганда, 32 йилдан буён қалам билан сирлашасиз. Бу йилларда нима топдингизу нима йўқотдингиз?
- Жуда кўп нарса топдим. Энг асосийси, дўстлар орттирдим. Қалам туфайли кўпчилик менинг номим Эркин эканлигига унчалик аҳамият беришмайди. Шоир, деган атамага ўзим ҳам кўникиб кетганман. Аслида, шоирликка даъвогар эмасман. Нима ёзган бўлсам - ўзим учун. Фақат халқимиз қалам аҳлига шоир, деб мурожаат этишга ўрганиб қолган. Бу номни азиз халқимдан олганман. Шунинг учун Шоир номи ҳам мен учун ота-онам қўйган Эркин исми каби қадрлидир.
Туғилиб-ўсган қишлоғим - Ҳулбекка бориб тураман. Отамдан қолган қадрдон ҳовли, болалигимда чангитиб кезган кўчалар, туғишганларим, қариндош-уруғларнинг меҳри ҳамиша ўзига чорлайди. Ҳаёт - ҳаёт экан. Унинг ташвишлари билан бўлиб, баъзида қишлоққа тез-тез боришга имкон топа олмайман. Бирда қишлоққа бордим. Ҳар сафаргидек отамнинг ҳовлиси - Чори акамнинг уйига тушдим. Бир лаҳза ўтмай, қадрдон акам Меҳмондўст (Руҳлари шод бўлсин!) етиб келди-ю мени бағрига босди. Кўришганимизда, акамнинг юзларимдан ҳидлаб-ҳидлаб ўпишидан у кишининг беқиёс меҳрини туярдим. Кейин бирин-кетин опалар, акалар, қариндош-уруғлар отамнинг ҳовлисини тўлдиришди. Суҳбат билан бўлиб, қўй гўшти ва ёнғоқни кўпроқ истеъмол қилдимми, ишқилиб, кечга бориб, ўзимни нохуш ҳис эта бошладим. Зудлик билан акаларим дўхтир олиб келишди. У киши қон босимим ошганлигини айтиб, укол қилди. Меҳмондўст акам билан Чори акамнинг ҳузурида ухлаб қолибман. Билмадим, алламаҳал уйғондим. Тахминимча, кечаси соат учлар эди, шекилли. Қишлоқда кечаси свет ўчарди. Қарасам, Меҳмондўст акам ўнг қўлимдан ушлаб, фонар орқали менга ёруғ тутиб, кўзларида қайғу билан тикилиб ўтирарди. Анчайин тақводор Чори акам Қуръон оятларидан ўқиб менга дам соларди. Ўзимни ноқулай сездим. Акаларимнинг меҳрибонликларидан кўзларимга ёш келди. Улар - акаларим қанчалик мени яхши кўришларини ич-ичимдан туйдим. Ва Яратганга шундай биродарларим борлиги учун шукроналар айтдим…
Эркин Шукур билан "Халқ овози" газетасига ишга келган пайтданоқ танишмиз. Юлдузларимиз тўғри келган экан, шекилли, тез орада дўстлашиб кетдик. Қачон қишлоққа бориб акаларим билан учрашсам, Эркинни эслайман. Унинг меҳру муҳаббати ҳам акаларимдан қолишмайди. Турсунзода шаҳрида қўли енгил табиблар - кўпчилик. Улар билан Эркин Шукур орқали танишганман. Ҳамиша қайси бирига мурожаат этмайин, Эркин туфайли, оғиримиз енгил бўлган. Турмуш ўртоғим Назокат, жияним Шоира, келиним Зайнураларнинг ўтларини Турсунзода шаҳрида жарроҳлик қилдирдим. Қизим Маърифатнинг буқоғини олдирдим. Қолаверса, ўзим ҳам бир-икки марта шамоллаб, Турсунзодадаги шифохоналарда даволаниб чиққанман. Қайси ташвиш билан Турсунзодага бормайин, дўстим Эркин Шукур ҳамиша ёнимда бўлган. Ҳатто, Назокат дўхтирхонада бир ҳафта ётган бўлса, Эркин ҳам ёнимдан жилмай, бир ҳафта бирга бўлган. Унинг менга кўрсатган дўстона хизматларини қайтаришим мушкул. Шуни айтсам, Эркин қўл силтаб қўяди: - Менинг жойимда ҳар ким бўлса ҳам шундай қиларди, - дейди камтарлик билан. Лекин мен бундай эмаслигини жуда яхши биламан-ку. Дўст-биродарга қайғудош бўлиш учун жуда меҳрибон юрак эгаси бўлиш керак…
- "Халқ овози" газетасига 1991 йил ишга келгансиз. Адабий муҳитда ўрнингизни топишга қийналмаганмисиз?
- Адабий муҳитнинг ўнқир-сўнқир кўчаларида кезиш - студентлик йилларидан бошланган. Мени газетага ўша пайт "Халқ овози"ни бошқарган Тоштемир Жўрабоев (Мафтун Жўра) таклиф этган. Балки талабалик йилларимда чоп этилган ва талабалар ўртасида анчайин шов-шувга сабаб бўлган мақолаларим боисдир. Билмадим, ўша сиз айтган муҳитга секин-аста сингишиб кетдик.
- Ёшликдаги суратларингизда сочларингиз қоп-қора. Энди бўлса, бошингиздаги оқ толалар қораларини бўғиб қўяётганга ўхшайди.
- Суҳбатимиз бошида элликка киряпсиз, деб айтдингиз. Яна нима истайсиз? Йиллар ўзиникини олади, жумладан, сочлардаги қораларни ҳам. Бу - табиий жараён.
- Кўпинча суҳбатларда шоир Асқар Маҳкамни эслайсиз. Сиз учун Асқар Маҳкам ким эди?
- Меҳрибон ва қаттиққўл устоз, қолипга сиғмайдиган шоир ва инсон. Жуда кўп бор Асқар Маҳкам билан суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлганман. Нуктадон шоирнинг фазилатларини ҳам, хислатини ҳам, ижоди, қолаверса, ҳаётини ҳам жуда яхши биламан.
- Унда нега шоир ҳақида хотиралар ёзмайсиз?
- Бу - жуда катта масъулият. Яқинда ўлмас асарлари билан халқимизнинг қалбидан жой олган шоиримизнинг туғилган куни арафасида бир қатор ижодкорларнинг Асқар Маҳкам ҳақидаги хотиралари интернет-сайтларда чоп этилди. Унинг асарларидан намуналар берилди. Бу - яхши. Марҳум шоиримизнинг руҳи шод бўлади.
- Нимаси ёмон?
- Баъзи бир битиклардаги ёзишмаларни кўриб ҳайрон қолдим. Асқар Маҳкамнинг ички дунёси унинг ўзи сингари қолипларга сиғмасди. У киши учун бу дунёда Нигорбиби бувисидан яқинроқ одам бўлмаган. Асқар Маҳкамнинг ҳаёти ўша маъсума аёлнинг ҳаёти билан туташ эди, десак хато қилмаймиз. Шоир бувисининг олдида тиз чўкиши мумкин эди. Унинг оёқларидан ўпа оларди. Лекин бошқа аёлга тиз чўкиш - Асқар аканинг хислатига ёт нарса. Уни яхши билганлар ҳам буни тасдиқлайди. У ҳаётни севарди, аёлларни севарди, фарзандларини севарди… Лекин уларнинг ҳеч бири олдида тиз чўкиши мумкин эмасди, ахир. Мен хотираларимда ана шундай чалкашликларга йўл қўймаслик учун Асқар ака ҳақида ёзганларимни қайта-қайта ўқийман, лекин чоп этишга юрагим бетламайди. Шоир акамнинг руҳини безовта қилишдан қўрқаман.
- Сизнингча, интернет-сайтларда эълон қилинаётган хотираларда чалкашликлар борми?
- Қандай тушунтирсам экан, Асқар Маҳкам бошқа дунё одами эди. Уни тушуниш учун, балки ўзи сингари фикрлаш лозимдир. Яна билмадим…
- Шоир Ўлмас Жамол билан қатор йиллар бир кабинетда ўтириб ишлагансиз. Отахон шоиримиз ҳақида фикрларингиз?
- Ўлмас Жамол - Худо берган одам. У киши элнинг назарига тушган, халқнинг кўнглидан жой олган. Жуда камтарин, болаларча содда ва беғараз инсон.
Эркин Шукурнинг дўстлари - кўп. Уларнинг орасида ўзларини анчагина ўнглаб олган тадбиркор йигитлар ҳам кам эмас. Неъмат ҳожи Ҳаитов , Шукур ҳожи, Олимжон, Шарофиддин раис ва бошқалар. Тиб соҳасининг етук мутахассислари шоирни ҳурмат қилишади. Раҳимжон ака Раҳматуллоев, Абдусаттор Қурбонов, Ўктам Жўраев, Ҳайдаржон Шарипов, Фарҳод Соқиев каби маҳоратли шифокорлар билан биродарлашган. Унинг ҳақида таниқли ёзувчи Жўрақул Ажиб жўнгина ва лўнда қилиб шундай дейди: - Эркин Шукур - шалдираган йигит. Унинг кўнглидаги дарҳол тилига кўчади. Шунинг учун ҳам, шоирнинг юраги тоза.
- Бу дунёда чин юракдан севган аёлларингиз…
- Раҳматли онам. Қизларим - Маҳлиё, Биби Фотима, Биби Марям. Умр йўлдошим - Зайнабхон. Унга севиб уйланганман…
- Ҳаётингизда эсингиздан чиқмайдиган энг қайғули кун?
- Онамдан айрилган куним.
Ашклар дарёсида чўмилдим яна,
Кузак дайдилари - баргирезонлар.
Мен яна сизни эсладим, она,
Оппоқ сочларингиз - умрий хазонлар.
Қайтарингиз мени анинг қошига,
Нимталаб ташлангиз, вужуд-танамни.
Умри қисқа бўлса, умримни берай,
Ё раббим, асрагил фақат онамни…
- Сизга қаттиқ таъсир қилган воқеа?
- Ҳар йили Арафа куни қишлоғимизга бориб, раҳматли онам ва қириндош-уруғлар қўйилган қабристонни зиёрат қиламан. Икки йил бурун қабристонда онамнинг мозори бошида Қуръони Карим оятларидан тиловат қилдим. Волидаи муҳтарамамнинг руҳига бағишлаб, дуо ўқидим. Қабристондан чиқишда у ерда кўзлари олазарак, қайғуга ботган ва ниманидир қидираётган, тахминан 8-13 ёшлардаги қизалоқларни учратдим. Сўраб-суриштирсам, яқинда бу дунёни тарк этган оналарининг қабрини ахтариб келишибди. Эшитган эдим: -Фалончи қишлоқдошимизнинг хотини қазо қилгач, учта қизчасини боболарига ташлаб, меҳнат муҳожирлигига кетган экан. Кекса бобо ва момо қўлида қизчаларнинг тирикчилиги бир тутам бўлиб қолибди. Қизчаларга оналарининг қабрини кўрсатдим. Ҳали унчалик эскирмаган мозор - бир уюм тупроқ остида оналари ётганлигига қизчалар ҳайрон-ҳайрон тикилишарди. Уларнинг бокира нигоҳларида ин қурган қайғудан юрагим тилка-пора бўлди. Оят ўқиб, умри эрта узилган гулдек сингилхоннинг руҳига бағишладим. Қизалоқларга иложи борича таскин бериб, яхши сўзлар билан уйларига жўнатдим. Биласизми, гўдаклигида шифохонада жони узилган кичкина қизалоғимиз ва онам қўлимда жон берганлигида, йиғлаганман. Бошқа йиғлаганимни эслай олмайман. Лекин ўша куни қабристонда ич-ичимдан ўксиб йиғладим. Она меҳрини соғиниб, қабристонга келган қизчаларнинг қайғусига юрагим дош беролмади…
Эркин Шукурнинг ҳаёт фалсафаси - жўнгина.
- "Бу - ҳаётда бумеранг қоидаси аниқ амал қилади. Бировларга яхшиликни раво кўрсанг ҳам, ёмонликни раво кўрсанг ҳам, албатта, ўзингга қайтади. Бежизга халқимиз "Яхшилик қил сувга сол, сув билмаса, балиқ билар, балиқ билмаса, Холиқ билар", - демайди, ахир".
Шоирнинг амаллари ҳам шу ақидага асосланган.
- Сизни кўпчилик жуда кескин сўзловчи, ҳатто, баъзида қўпол ҳам дейишади…
- Борим - шу. Тилёғламаликни ёқтирмайман.
- Ҳаётдаги идеалингиз?..
- Бир умр ҳалол меҳнат қилиб, ўз эътиқодига содиқ қолган 83 ёшли отам. Отамнинг юзларига қарасам, кўзларим равшан тортади. Мен бир умр отамга ўхшашга ҳаракат қилганман ва қилавераман. Отам - жуда донишманд ва мард одам. Яна бири - муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон.
- Сиз севган шоир ва ёзувчилар?
-Улар - жуда кўп. Айниқса, классикларимиз.
- Кейинги пайтларда Сизга таъсир қилган асар?
-Яқин орада менга таъсир қила оладиган бирор асар ўқимадим.
- Шеърлар китобингизни қачон чоп қиласиз?
- Аллоҳ рози бўлган кун.
- Тўнғич фарзандингиз, Бобуржон Тожикистон Миллий университетининг Ташхис қўйиш факултетида таҳсилни муваффақиятли якунлаб, меҳнат фаолиятини бошлаганлигига ҳам ярим йилдан ошди. Уни уйлантириш ҳақида ўйлаганмисиз?
- Умр йўлдошим Зайнабхон билан эзгу орзуйимиз - шу. Иншооллоҳ, яқин қолган.
- Ўғлингиз Бобуржонга қандай тилак билдирган бўлардингиз?
- Дилингни эҳтиёт қил жигарим, Бобур,
Тилингни эҳтиёт қил жигарим, Бобур.
Мутлақ Буюк Аллоҳга сажда қил ўғлим
Динингни эҳтиёт қил жигарим, Бобур.
- "Халқ овози" газетаси муштарийларига тилакларингиз?
- Барчамизнинг оқибатимиз хайрли, иймонимиз саломат бўлсин.
Эркин Шукур 1967 йил 2 январда Регар (ҳозирги Турсунзода шаҳри)даги Бойқишлоқ қишлоғида туғилган. Тенгқурлари қатори қишлоқ кўчаларида чиниққач, 1984 йил Хўжанд Давлат педагогика олийгоҳининг ўзбек филологияси факултетига ўқишга кирди ва уни муваффақиятли тугатди. 1991 йилдан буён "Халқ овози" газетасида ишлайди. Шеърлари мунтазам даврий матбуотда чоп этиб келинган. 2015 йили Эркин Шукур Тожикистон Журналистлар иттифоқининг Абулқосим Лоҳутий мукофотига сазовор бўлди. Айни пайтда "Халқ овози" газетаси бош муҳаррири ўринбосари вазифасида фаолият юритмоқда.
P.S.: Шоир укам, дарвиш дўстим Эркин Шукур билан суҳбатимиз узоқ давом этди. Биз кўнгилдан кечган ана шу суҳбатни қисқартирган ҳолда "Халқ овози" газетаси муштарийларига ҳавола этдик. Фурсатдан фойдаланиб, барча газетхонлар номидан Эркин Шукурни туғилган куни - умри азизининг ярим асрлик тўйи билан қутлаймиз.
Искандар МАҲМАДАЛИЕВ, "Халқ овози".
Ёхуд муниса онанинг ўғлига ёзган мактуби
Болам! Хатимни ўқиб, ўзинг бир хулосага келарсан. Кексайиб қолдим, ҳаракатларим чаққон эмас. Бир оз сабрли бўл…
Овқатимни тўкмай ейишга ҳаракат қиламану, лекин қўлларим қалтираб, овқатим тўкилиб кетади. Агар қариганимда ораста бўлолмасам, ранжима, ўғлим. Сабрли бўл…
Муфассал...
Фахриддин Маҳмуд 1991 йилнинг 25 февралида Суғд вилоятидаги Жаббор Расулов ноҳиясининг Ғўлакандоз қишлоғида туғилган. 1998 йили 16-ўрта умумтаълим мактабига қабул қилиниб, 2009 йили тамомлади. Маълумоти ўрта, мактабдан сўнг, 2009-2011 йиллар ҳарбий хизматни ўтаб қайтган.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015