Ҳар йилгидек бу йил ҳам мамлакат Президенти, муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Тожикистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Паёмини ўрганиш ва муҳокама этиш жамиятнинг барча қатламларида фаоллик билан ўтказилаяпти. Бу муҳим ҳужжатда куннинг долзарб масалалари муҳокама этилиб, мамлакат Ҳукумати учун ўтиб бораётган йил ва яқин келажакда мустақил Тожикистоннинг ҳар жиҳатдан ўсиши ва аҳолининг турмуш тарзини кўтаришга оид асосий вазифалар аниқлаб берилган.
Тинчлик, сиёсий барқарорлик, миллий бирлик ва юртимиз халқининг қилган заҳматли меҳнатлари шарофати билан инқирознинг салбий омилларига қарамасдан, миллий иқтисодиётнинг бир маромда ўсиши таъминланиб, барча соҳалар, жумладан, илм, маориф, адабиёт ва маданиятда янги муваффақиятлар қўлга киритилди. Тараққий этган мамлакатлар тажрибаси илму маориф, янги технологияларни жорий этиш, хорижий тилларни ўрганишга жиддий эътибор натижасида барча соҳаларда ютуқлар кўзга ташланишини кўрсатиб турибди. Шуни инобатга олган ҳолда, давлатимиз мустақилликка эришгандан буён Президентимиз бошчилигидаги Тожикистон Республикаси Ҳукумати сиёсатида ижтимоий соҳалар тараққиёти, маориф, илм, маданият ва адабиётга афзаллик берилган. Шуни эслатиб ўтиш керакки, мавжуд муаммоларга қарамасдан, давлат бюджетининг эллик фоизи ҳар йили ижтимоий соҳалар ривожига йўналтирилади.
Давлат бошлиғимиз бир неча марта таъкидлаб ўтганларидек, миллат тақдири, юрт келажаги ва жамият тараққиёти кўп жиҳатдан зиёлилару ҳур фикрлилар, илму адаб ва ҳунар аҳлига боғлиқдир. Зеро, барча давру замонларда зиёлилар жамиятнинг саводли қатлами ва миллат йўлчи юлдузи бўлганлар.
Шу билан бирга, бу йилги Паёмда жаҳондаги сиёсий ва иқтисодий вазият ва турли қарама-қарши дунёқарашлар зиёлилар масъулиятини ошириб, улар олдига янада жиддий вазифалар қўйиши таъкидланди. Паёмда келтирилишича, ишлаб чиқилган чора-тадбирларга қарамасдан, ҳали ҳам ўз ечимини кутаётган масалалар, жумладан, жамиятдаги баъзи бир гуруҳларнинг маданияти пастлиги ва уларнинг турли бегона ақидаларга оғиб бораётгани кўзга ташланади.
Афсусларким, кеча ва бугунни тўғри тасвирловчи, жамият ҳаётидаги муҳим масалалар, халқимизнинг яхши урф-одатлари, мустақиллик даври ўсмирлари комиллигини тарбиялаб, ўзига жалб қила оладиган асарлар кам кўзга ташланади.
Шу боисдан, Маданият вазирлиги, Телевидение ва радио комитети, ижодий иттифоқларга миллий ғояларни тарғиб қилиш, ахлоқий тарбия ва маданий-тарихий меросларни ҳимоялаш мақсадида янги юксак савияли асарлар яратиш учун керакли чора-тадбирлар кўриш топширилди. Зиёлиларимиз одамларни қадимий тарихга, маданиятга бой форс-тожик адабиёти ва башариятни севишга тарғиб этиб, тинчлигу бирликни қадрлаш, мустақиллик ва миллий давлатчиликка эҳтиром, мустақил давлатимиз рамзлари - Байроқ, Герб, Миллий мадҳияга нисбатан эътиқодни кучайтириб, илму маърифат чироғини янада ёруғроқ айласинлар. Фақат шундагина зиёлилар жамиятда юз берадиган ўзгаришларнинг олд қаторида туриб, барча яратувчанлик мақсадлари амалга ошишида ўз ҳиссаларини қўшишади.
Ҳаётий тажриба кўрсатганидек, зиёлилар ўртасидаги таниқли чеҳралардан бири бу - ўқитувчилар ҳисобланади. Айнан ўқитувчилар барча бузғунчи ақидалар ва қабиҳ ахлоқларнинг тарқалишига қарши маърифат уруғини экиш билан шуғулланади. Давлат бошлиғининг бу йилги Паёмида ҳам ўқитувчиларнинг жамиятдаги ўрни инобатга олиниб, жумладан, шундай дейилди: «…педагог таълим-тарбия жараёнида ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан бир қаторда муҳим рол ўйнайди, давр муносиб авлодини тарбиялашда катта масъулиятга эга». Паёмнинг бу нуқтаси зиёлиларнинг ролини ошириш, биринчи навбатда, педагоглар, олимлар, адиблар, маданият аҳлини давлат ҳокимияти маҳаллий ижроия органлари билан биргаликда ўз ҳиссаларини қўшишга вазифадор этади. Афсуски, педагог роли қишлоқ жойларда айтарли таъсирли эмас. Бу масала юзасидан бир неча йиллар илгари машҳур ёзувчи Чингиз Айтматов «Литературная газета»даги суҳбатида шундай деганди: «Илгари хўжалик раҳбари бирор-бир жиддий масалани мактаб директори маслаҳатисиз ва у билан келишмасдан йўлга қўймас эди. Минг афсуски, бугунги кунга келиб педагог ўз мавқеини қўлдан берди ва бу борада ўйлаб кўришни давр тақозо этмоқда». Давлат бошлиғининг бу йилги Паёмидан қишлоқ зиёлилари, педагоглар, шифокорлар, маданият муассасалари ходимлари ролини тиклаб, таъсирчанлигини ошириш зарурати келиб чиқади.
Қалам аҳли, шоирлар, ёзувчилар, драматурглар, адабиётшунослар ва танқидчилар ҳар доим маънавият байроғини кўтарувчи, калом ворислари ва миллат паспорти бўлишган. Бу нарсани Рўдаки-ю, Ҳаким Фирдавсийдан бошлаб, Садриддин Айний, Абулқосим Лоҳутий, Мирзо Турсунзода каби буюк адиблару шоирларимиз турмуш тарзлари ва уларнинг асарларида кўришимиз мумкин.
Икки аср чегарасида Тожикистон ўзини мустақил, деб эълон қилди ва ўта оғир фожиа - фуқаролар урушини бошдан кечирди. Бахтимизга, у кунлар ҳам ортда қолди. «Тинчлик ва миллий келишув битими» ноёб тарихий хужжат саналиб, тожикларнинг барқарор тинчлик битими бошқалар учун ибрат намунаси бўлди.
Вақт ўтиб боряпти. Шукрки, мустақиллик даври ёшлари жанг офатидан хабардор эмас. Лекин тарих ўзи сабоқ берувчидир, улар тарихдан дарс олишсин. Токи, янги авлод кечириб бўлмайдиган хатоликларга йўл қўймасин. Бу ишда шоирлар, ёзувчилар, драматурглар ва бошқа санъат соҳаси вакилларининг роли жуда муҳим. Лекин эпик асарларда миллат фожиаси, халқнинг етук фарзандлари томонидан тинчлигу бирлик учун қилинган саъй-ҳаракатлар, бир тузумдан бошқа тузумга ўтишдаги мушкулликлар, янги насллар орзую армонлари акс эттирилганми? Афсуски, ҳали тўлиқ эмас. Тўғри, тарихий даврни таҳлил қилиш ва инсонларнинг ички дунёсини очиб бериш учун маълум бир вақт керак.
Бу йўлда ўзликни англаш, ўтганларга эҳтиром ва тарихий ёдгорликларни қадрлаш, илму маданиятнинг етук сиймолари шарафига тантаналар ўтказиш катта аҳамиятга эга. Шундай яхши анъаналар доирасида бу йил Ҳисори Шодмоннинг 3000, Аллома Мир Сайид Али Ҳамадоний таваллудининг 700 йиллиги кўтаринки руҳда қайд этилади. Шунингдек, бу йил XIX аср охири ва XX аср бошларида адабиётимизнинг етук шахсиятларидан бири бўлган Нақибхон Туғрал таваллудига 150 йил тўлади. Ширинкалом шоир шуҳратини унинг шеърларига куй басталаниб, машҳур қўшиқчилар томонидан ижро этилгани ва халқ томонидан яхши кутиб олинганидан ҳам билса бўлади. Шоирнинг таваллуд айёмини нишонлаш учун Тожикистон Республикаси Фанлар академияси Ёзувчилар иттифоқи билан биргаликда бу хайрли ишга доир тадбирни ишлаб чиқса, нур устига аъло нур бўларди.
Бугунги жамиятимиз шу нарсага жиддий эътибор қаратмоғи лозимки, тожик тили сомонийлар давридаги каби юксак чўққига етиб, том маънода илму адаб тилига айланмоғи зурур. Бу борада бир қатор хайрли ишлар охирига етказилган бўлса-да, ҳали ҳам муаммолар кўп ва уларни имкон қадар ҳал этмоқ керак. Тожик тилининг жамият ҳаёти сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва илму маданият, борингки, барча соҳаларида ҳал этилмаган муаммолари кўзга ташланади. Буни эса, Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Тил ва атамалар комитетида ўтказиб келинадиган текширувлар кўрсатиб турибди. Комитет ўзида мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда, тожик тилининг барча соҳалардаги ролини ошириш ва Тожикистон Республикасининг халқаро майдондаги воситачиси бўлиши учун ҳаракат қилмоқда. Зеро, бу тил Рўдакию Фирдавсий, Синою Хайём, Носир Хисраву Жалолиддин Румий, Саъдий Шерозий ва Ҳофизи Шерозий, Камол Хўжандий ва Абдураҳмон Жомий каби юзлаб буюкларнинг тили саналиб, дунё аҳли уларга таҳсин айтадилар. Шу билан бирга, тилимизнинг бугунги кунгача сақлаб қолинишида ушбу улуғ мутафаккирларимиз томонидан яратилган асарлар ҳиссаси беқиёсдир. Шу боисдан, бу тилга эҳтиром кўрсатмоғимиз, уни тоза ҳамда беғубор ҳолда мерос қолдиришга ҳаракат қилмоғимиз зарур.
Ўз ечимини излаётган масалалардан яна бири бу бадиий ва дарслик китобларнинг нашри ва сифатидир. Бу йўналишдаги ишлар масъул шахслар томонидан мустақиллик даврида керакли қолипга киритилди ва чоп этиш муқаррар бир тартибга солинди. Таъкидлаб ўтиш керакки, олдинги йилларда чоп этилган китоблар ҳеч қачон ўз қимматини йўқотмайди. Зеро, улар нашр меъёрларига риоя этилган ҳолда ва юксак савияда босиб чиқарилган. Аммо улар кўп йиллик фойдаланиш ва янги таҳрирда чоп этиш натижасида ўқувчилар эътиборидан четда қолмоқда. Мазкур масаланинг моҳиятини республика миқёсида китобхонлар сони йилдан-йилга кескин камайиб бораётганлигидан англаш мумкин.
Сўнгги пайтда китоб ёзиш ўзини кўрсатиш ва танитиш майдонига айланиб қолган. Аксарият китоблар таржимаи ҳол характерига эга бўлиб, уни нашр этишдан мақсад нима эканлиги номаълум. Ҳақиқатдан ҳам, эсдалик ёзиш бизнинг адабиётимизда мавжуд. Лекин уларда шахсиятлар ҳаёти, кўрсатган қаҳрамонликлари ва тарбиявий, ахлоқий жиҳатлари тўғрисида ёзиларди.
Эндиликда эса, чоп этилган китоблар ота-она ёки баъзи бир дўстлар тўғрисида маълумот беради. Бу эса, ўқувчилар доирасини кескин торайтиради. Янги китоб чоп этиш меъёри тўғрисида дастур ва қўлланмалар ишлаб чиқилмаган. Аксарият китобларда меъёр, жумладан, қисмларга ажратиш, муаллиф вазифалари, муҳаррир, мусаҳҳиҳ ва бошқаларга риоя этилмайди.
Китобларимиз савияси бошқа давлатларга нисбатан паст бўлмаслиги керак. Чунки бизни минтақада китобсевар миллат сифатида эътироф этишади. Китоб Тожикистон давлат гербининг асосий унсурларидан бири саналади.
Таъкидлаш керакки, Мамлакат Ҳукуматининг доимий ғамхўрлиги шарофати билан Тожикистон театрларининг техник ва ижодий ҳолати йилдан-йилга яхшиланиб, мустақил жамиятдаги ижтимоий ролини мустаҳкамлаб бормоқда. Ҳар йил тожик ва дунё драматурглари пьесалари асосида ўнлаб янги спектакллар яратилиб, санъат мухлислари эътиборига ҳавола этилади. Сўнгги йилларда бир қатор театрларимиз ўз спектакллари билан узоқ-яқин мамлакатлар, жумладан, Россия, Қозоғистон, Эрон, Белорус, Украина давлатлари қаторида халқаро нуфузли танловларда иштирок этиб, совринли ўринларни эгалламоқдалар.
Шу билан бирга, бу борада бир қатор муаммолар ҳам мавжуд бўлиб, улар ечимида Тожикистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоят, шаҳар ва ноҳиялар давлат ҳокимияти маҳаллий ижроия органларининг бевосита иштироки зарур.
Ҳар йили саҳна юзини кўрадиган 40-50 та асарнинг аксарияти бадиий-замонавий меъёрлар талабига жавоб бермайди. Шу боисдан, халқаро фестивалларга спектакл танлаш бир қатор мушкулликларни юзага келтиради.
Бунинг асосий сабаби эса, касбий режиссёрларнинг саноқлилиги, замонавий дидли рассомлар, саҳна техник жиҳозларининг етишмаслигидадир.
Театрлар репертуарларининг фаолияти ижро этиладиган роллар, ажойиб спектакллар яратиш ва бадиий жиҳатдан етукликдан кейин касбий режиссёрларни моддий рағбатлантиришни талаб этади. Бу борада сон ортидан қувиб, асарнинг бадиий сифати қурбон қилинишига йўл қўймаслигимиз керак.
Кўлоб шаҳридаги С. Валаматзода номли вилоят мусиқий-ҳажвий театрида Меҳмон Бахтий асари асосида саҳналаштирилган «Фирдавсий» спектакли йилнинг маданий янгилиги бўлди. Унда замона руҳиятини ифодалашга ҳаракат қилинган. Асар муаллифи ва режиссёр Мирзоватан Миров бунга муваффақ бўлишган.
«Фирдавсий» асарининг ажойиб хусусияти шундаки, у тарихий мавзуда яратилишига қарамасдан, ғояси ва мазмуни Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг бугунги кундаги сиёсати, мамлакат Президенти, муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг ҳаракатлари, ватансеварлик ва ўзликни англаш ғояси билан ҳамоҳанг яратилган. Биз ўтган йиллар тажрибасидан мамлакатнинг жаҳонга танилишида спорт ва кинонинг ўрни жуда юқори туришини яхши биламиз. Давлат бошлиғининг бу йилги Паёмида ҳам кино соҳаси тараққиётига алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, соҳа муаммоларининг ечимини топиш мақсадида керакли давлат тузилмалари ва мутахассислар томонидан давлат комиссияси ташкил этиш топшириғи берилди.
Кино олами таниқли сиймолари ва фахрийларининг фикрича, кино Телевидение ва радио комитети ҳайъатидан чиқарилиб, мустақил тизим сифатида фаолият юритиши лозим. Бу - ишнинг манфаатига хизмат қилади.
Шундай қилиб, мамлакат Президентининг бу йилги Олий Мажлисга йўллаган ҳидоят машъали - Паёмида жамиятимиз, жумладан, зиёлилар олдига шундай вазифалар қўйилган. Зиёлилар эса, бунга жавобан, ўз миссияларини аъло даражада ижро этмоғи лозим.
М. САЙФИДДИН,
Тожикистон Республикаси Президентининг ижтимоий тараққиёт ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчисининг катта маслаҳатчиси.
Мен қаерга борсам, қайси бир ишга қўл урсам, отам кузатиб тургандек бўлаверади. Қулоғимда эса, у кишининг: -Ўғлим, ҳалол меҳнат қилган одамнинг иши доим баракали бўлади, ерни ҳеч қачон алдамагин, шундагина у хирмон-хирмон ҳосил беради,- деган сўзлари янграб туради.
Отам – Аҳад Раҳмоновнинг меҳнат фаолияти Иккинчи жаҳон уруши даврида бошланган.
Муфассал...
Уни 1994 йили баҳор кунларида танидим. Серҳаракат, чаққон, ҳожатбарор ва энг муҳими, китобсевар экан. Қачон қараманг, қўлида ё китоб ё газета, шошиб қаёққадир кетаётган бўлади. Устозимиз битта бўлгани учун дўстлашиб кетдик. Унинг чапани, жайдари феъли туфайли ўз акам каби менга яқин бўлиб қолди.
Аспирант бўлдим. Илм деган сўқмоқ йўлларда унинг менга қилган яхшилигининг баҳоси йўқ. Хўжанд шаҳрининг "Баҳор" мавзеида ижарада тураман.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015