Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Тожикистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Паёмини бошдан-оёқ тинглар эканман, айниқса, ундаги бир нуқта диққатимни ўзига тортди. Бу жамиятнинг дурру гавҳари бўлган оила тўғрисидаги жонкуярлик, дилсўзлик ва қайғудошлик руҳи билан суғорилган падарона сўзлар эди. Соғлом оила тўғрисидаги бундай ғамхўрлик замирида соғлом авлодни барпо этиш каби улуғвор мақсад ётганини сезиш қийин эмас.
Балоғатга етмаган ўн уч мингдан кўпроқ ногирон, мажруҳ, ақли заиф, носоғлом туғилган болалар давлат ғамхўрлигида экан. Ҳатто, бир кечада туғилган болалардан 300 нафари нуқсонли бўлиб дунёга келганлиги, уларнинг аксарияти қариндошлик никоҳи ва гиёҳвандлик ортида юз берганлиги, баъзи бир оилаларда уч-тўрт нафаргача ногирон бола туғилаётганлиги кишини даҳшатга соладиган кўнгилсиз ҳодисадир.
-Бундай нохуш ҳодисанинг бош сабабларидан бири эр-хотин орасидаги қон-қариндошликдир,- деди ҳурматли Президентимиз. Баъзида ўзларига яқин бўлган уруғдан келин қилиш ёки қариндошларига қиз чиқаришга уриниш ҳоллари ҳали-ҳамон орадан кўтарилган эмас. Аммо, бундай ақида ҳам Ислом нуқтаи назаридан ва ҳам тиб нуқтаи назардан тўғри эмас. Яқин қариндошга уйланиш ташаббускорлари ёшлар эмас, кўпинча ота-она эканлигини эслатиб ўтиш зарур. Яқин қариндошларга уйланиб заиф, нимжон болаларнинг туғилишига йўл очаётган ота-оналар билим даражасини ҳеч қачон оқлаб бўлмайди. Чунки, бундай йўл тутиш кони зарар эканлигини тиб фани аллақачон исботлаган. Ислом таълимотида ҳам бу нарса қаттиқ қораланиб келинади. Пайғамбаримиз қариндош бўлмаган ҳар томонлама иқтидорли кишилардан қуда-анда қилингизлар, деган ҳадиси шарифлари ҳам ана шундан далолат бериб турибди.
Давлат сарвари яқин қон-қариндошларнинг никоҳланиши олдини олишга даъват этар экан, энг аввало, никоҳланувчиларнинг манфаатларини ва шу билан бирга тиббий биологик сабабларга қараб иш кўришни назарда тутган эдилар. Президентимизнинг никоҳдан илгари келин-куёвнинг тиббий кўрикдан ўтишини шарт қилиб қўйганлиги ана шу қарашларга ҳамоҳангдир. Донишмандлар яқин қариндошларнинг бир-бири билан никоҳланиши қон аралашиб кетишига олиб борадиган никоҳ саналишини дам-бадам таъкидлаб келадилар. Тўғри, қадим замонларда бундай никоҳлар кўп бўлар эди. Баъзи ҳолларда қабилалар бир-биридан ажраб қолганлиги учун бундай никоҳлар мажбурий бўлиб қоларди. Подшоҳ хонадонларида бундай никоҳлар ҳокимиятни фақат қон-қариндошлар қўлида сақлаб қолишга имкон берарди. Бунда аксар болалар нуқсонли бўлиб туғилар, наслнинг айнишига хос аломатлар пайдо бўларди. Эндиликда эса бунга ҳеч бир ҳожат йўқ. Йўлнинг олис-яқинлиги қолмаган. Қиз шимолдан экан, борди-келди қилолмаймиз ёки куёв жанубдан экан бу ёғи қандай бўларкин, дейишга ўрин қолмаган. Истиқлол туфайли Душанбедан Хўжандгача бўлган йўл тўрт-беш соатлик бўлиб қолди. Душанбе- Кўлоб, Душанбе-Помир ҳам худди шундай.
Энди келин-куёвнинг тиббий кўрикдан ўтиши масаласига келсак, бу, айниқса, йигит-қизларимизнинг бегона юртларга бориб ҳар хил жинсий касалликларни орттириб келаётган бугунги кунда мавридли масаладир. Ёшларнинг никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишлари таносил касалликлари билан оғриган одамларнинг никоҳланишини тақиқлаш имкониятини беради. Афсуски, кўплаб ота-оналар ана шу ҳақиқатни била туриб ўз фарзандларини тиб назоратидан ўтказиш масаласига бепарво қарамоқдалар, уларнинг соғлигини ҳисобга олмай, уйлантириб қўймоқдалар. Оила тўғрисидаги Кодекснинг 15-моддасида никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек, тиббий ва генетик масалалар бўйича маслаҳатлар бериш давлат муассасалари томонидан бепул амалга оширилиши айтилган бўлса ҳам, улар ўзларининг бу ҳуқуқларидан тўла фойдаланмаяптилар. Ҳолбуки, бу нарса ёш оилаларнинг бахтиёрлиги учун жуда муҳим воситадир. Одамнинг ўз касаллигини яшириши, била туриб уйланиши ёки эрга тегиши, демак, бошқа бир одамнинг саломатлигини хавф остига солиб қўйиши эса ўта кетган ахлоқсизлик, албатта.
Ана шунинг учун ҳам Паёмда касалликларга қарши инсондаги табиий иммунитетнинг йўқолиши касаллиги – СПИД бугунги кунда бутун сайёра бўйича инсон ҳаёти ва саломатлигига таҳдид солиш манбаи бўлиб қолаётганлиги эслатиб ўтилди. Бу тузалмас юқумли касалликка дучор бўлганлар сони мамлакатимизда олти ярим мингдан ошиб кетганлиги эса давлат учун ҳам, жамият учун ҳам катта ташвиш туғдирмоқда. Бу дард вируси жинсий алоқа орқали ўтиши эса ҳеч кимга сир эмас.
Биз ҳар бир оиланинг бахтли бўлишини истаймиз,- деди Президентимиз. -Лекин носоғлом фарзанд ўстираётган оилалар бундай бахтдан бенасиб қолаётганлигини, шодлик ва қувонч, фароғат ўрнини ғам -андуҳ эгаллаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Президентимиз тўғри айтади. Ўз уйида бахтли бўлган кишигина чинакам бахтлидир. Хароб уйдаги бахтсиз одамлардан ташкил топган жамиятнинг ҳалокатга маҳкумлиги ана шундай келиб чиқади. Биз шарқликлармиз. Биз учун оила – энг муқаддас қўрғон. Бу қўрғон деворини фақат бир нарса – нопоклик емириши мумкин. Шундай экан, эр ҳам, хотин ҳам ўзини ҳаром-хариш ишлардан сақламоғи лозим. Чунки бунинг оқибати хунук, жуда хунук. Чунки соғлом кишидангина соғлом фарзандлар юзага келади.
Аслида никоҳдан мақсад ҳам шу: икки муқобил жинс-балоғат ёшидаги йигит ва қизнинг биргаликда яшашини, бир ёстиққа бош қўйишини, насл бузилмаслигини таъмин этмоқдир, -деб таълим беради Ислом. Шу боис, зино тақиқланиб, никоҳ шарт қилиб қўйилган.
Никоҳ расмий равишда инсоний эҳтиёжни қондиришга, насллар давоми – фарзанд кўришга, оила хўжалигини ташкил этишга, моддий ва маънавий таъминотга кафолот берувчи гувоҳномадир.
Никоҳ ҳар икки томоннинг розилиги ила амалга оширилади. Бу қоида исломда ҳам эслатиб ўтилган. Шариат бўйича никоҳ вақтида гувоҳларнинг бўлиши шарт. Бу гувоҳлар ҳар икки томоннинг мазкур никоҳга рози эканлигини билдирувчи сўзларини эшитишлари лозим. Агар томонларнинг бири бунга рози эмаслигини айтса, никоҳ бўлмаган ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аёллар турмушга чиқаётганларида розиликлари сўралади»,-деганлар.
Ҳазрат Ойша разияллоҳу анҳо: «Ё Расулуллоҳ, қизлар жавоб беришдан уяладилар» деганда, Жанобимиз «қизларнинг индамай туришлари розилик аломати», дедилар. Ҳадиси шарифдан маълум бўладики, жувонлар никоҳга бўлган муносабатларини очиқ айтмоқлари лозим бўлади.
Президентимиз ташаббуси билан 2015 йил - Оила йили, деб эълон қилинди. Бунда рамзий маъно бор. Оила соғлом, мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам , фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ҳалол-ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, охир-оқибат чуқур таназзулга юз тутади. Шунинг учун ҳам ёшларни оила қуришга тайёрлаш жуда муҳим. Ёшларни оила қуришга тайёрлашда мактабнинг роли беқиёсдир. Статистика маълумотига кўра, 2014 йилда никоҳ қайдидан ўтган оилаларнинг тўққиз мингтаси бекор қилингани ёшларни мустақил ҳаёт ва оила қуришга тайёрлаш масаласи сустлигидан дарак бериб турибди. Шу боис, Паёмда бу масалага катта аҳамият берилиб, ўрта умумтаълим мактаблари юқори синфларида оила маърифати ва оила одоби бўйича махсус курслар ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб айтилди. Мамлакат сарварининг бу таъкид ва кўрсатмаси халқимиз, айниқса, ўқитувчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Зотан, мактаб, ота-она ва жамиятнинг ёшларни оила қуришга тайёрлашдан ҳам муқаддасроқ вазифаси йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Президентимизнинг мактабларда оила маърифати бўйича дарс ўтишни шарт қилиб қўйиши эса замон талаби, ҳаёт талабидир.
Инсон одоби, хусусан, оила одоби тарбияси масаласига ҳурматли Президентимизнинг бу қадар катта эътибор беришларининг сабаби шундаки, одоб-ахлоқ ҳар қандай жамиятнинг маънавий, сиёсий ва моддий негизини ташкил этади. Оила – кичик жамият, бола-чақалар униб-ўсадиган қўрли қўрғон. Фарзанднинг Ватанга, халққа садоқати ва бошқа чин инсоний фазилатлари ана шу қўр тафтида шаклланади, пишиб қиёмига етади. Қўри меъёрда бўлмаган оиладан яхши қизимаган тандирнинг кулга ботган зувалалари каби номукаммал фарзанд вояга етади. Оила – ҳаёт ибтидоси, одамзод туғилиб вояга етадиган муқаддас даргоҳ. Оила – эр-хотиннинг аҳду паймонидан, қўша қариш учун қўйилган муборак қадамидан ибтидо олувчи муҳташам қаср. Оила гўзал ва чиройли гулзордирки, покизалик билан йўғрилган бу гулшанга таваккалига кириш мумкин эмас. Унга ўзингни чоғламоғинг, тайёрламоғинг зарур. Одамзод оила чаманига сайр этиш учун эмас, меҳмон бўлиш учун эмас, унинг гўзаллигидан баҳра олиш, уни обод ва кўркам қилиш учун киради. Ота-боболаримиз оила боғига гард юқтирмай, уни пок сақлаб келганлар. Фарзандларининг бу боққа тасодифан кириб қолмаслиги учун уларни ёшлик чоғидан оила қуришга, унинг масъулиятини ҳис этишга тайёрлаб борганлар.
Ҳаёт шуни кўрсатадики, биз кўпинча бугуннинг ҳою-ҳавасларига берилиб кетиб, маънавий қадриятларимиздан анча узоқлашганимиз ҳеч кимга сир эмас. Кўпгина яхши одатларимизга эскилик сарқити, деб қараб, уни менсимай қўйдик.Аксинча, шарқона оилавий урф-одатларимизга тўғри келмайдиган расм-русумларни қабул қилдик. Қарияларимизнинг доно суҳбатидан, беғараз панду ҳикматларидан зарур хулосалар чиқара билмадик. Одамийликнинг асл қонун-қоидалари зикр этилган Қуръони Карим ва бошқа диний китобларга, ахлоқ-одобга доир дастурларга бепарво қарадик.
Ёшлар учун тарбиявий аҳамиятга молик муҳаббат, севиш ва севилиш, андиша, ҳаё ва уят каби боқий тушунчалар атрофида баҳс юритувчи, ишқ дардида ҳали синашта бўлмаган ёшларга оила қуриш сир-асрорлари, солиҳа ва бокира туйғулар ҳақида ҳаётдан олинган мисоллар билан ҳикоя қилувчи «Оила маърифати» китоби таълим планидан олинганда, китоб муаллифи сифатида ич-ичимдан куйинган эдим. Бу куйиниш замирида ҳозирги кунда анқонинг уруғидай тақчиллашиб қолган оила одоби масаласи ётарди. Бошқача айтганда, ёшларни оила қуришга тайёрловчи, уларни яхшилик сари йўлловчи, чимилдиқ ортидаги сирли тилсимотлар, эр-хотин маҳрамона муносабатлари, зино оқибатида келиб чиқувчи касалликлар тўғрисида ёшларимизга маълумот берувчи маслаҳатгўй кичик бир дастурнинг қандайдир сунъий бир равишда таълим планидан олиб ташланиши таълим-тарбия тизимида лоп этиб кўзга кўринадиган бир кемтикни пайдо қилган эди.
«Оила маърифати» китобини яна қайта бошдан ўқувчилар қўлига дарслик сифатида етиб бориши энг савоб ишлардан десам, муболаға бўлмайди. Бу иш маориф соҳасидаги мутассади кишиларнинг ташаббуси билан эмас, айнан муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан йўлга қўйилганлиги кишини қувонтиради, албатта. Орадаги узилиш эса ушбу фаннинг керакли ёки кераксиз эканлигини аниқлаб олиш учун бир синов ва имтиҳонга ўхшаб кетади десам, хато бўлмайди.
Аслида оила одоби янги муаммо бўлмай, у барча замонлар учун етакчи мавзу бўлиб келган. Барча Шарқ давлатларида яшаган адиблар, файласуфлар, олимлар унинг муҳимлигини жуда яхши тушунганлар. Оила одоби нозикликларига оид ҳам диний, ҳам дунёвий нуқтаи назардан қимматли фикрларни илгари сурганлар. Чунончи, Ислом дунёсининг донишманд шахсларидан бири Имом Муҳаммад Ғаззолий ўша ўн биринчи асрда ўзининг тожик тилида ёзган «Бахт негизи» деган асарида никоҳ, оила ва фарзандларни тарбиялаш масаласи юзасидан жуда фойдали фикрларни айтиб, бахт - яхши хулқ, яхши одоб, яхши тарбия орқали забт этилади, деганлар.
Бундай исбот-далилларни жуда кўплаб келтириш мумкин ва уларнинг барчаси комил инсоннинг вояга етишида таълим ва тарбия паллалари тенг бўлмоқлигини бот-бот таъкидлайди. Ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан номутаносибликда чайқалаётган ҳаёт тарозисининг тарбия палласига яна «Оила маърифати» дарслиги қўйилганлиги ҳаммамиз учун муборак бўлсин.
Сулаймон Эрматов, ёзувчи.
Сайфулло Қулаев Фархорда туғилган.
У бир чеккаси Ҳиротга ва бир чеккаси Қоратоғ ўнгирларига туташиб кетган Ўртабўз қишлоғида вояга етди.
Сайфулло - туғма шоир. Бу талотўмли дайри фанода унинг битикларидан ҳаққонийлик бўй кўрсатиб туради.
Муфассал...
«Ўзингизни ўз қўлларингиз ила ҳалокат жарига улоқтирманг!»
Қуръони Каримдан.
Курсдошлар билан учрашувимиз куни белгилангач, Бош муҳарриримиз Ёқубжон Абдуманонзода билан сафарга отландик. Олдиндан келишилган кун – 2013 йилнинг 30 июнида факултет ҳовлисида йиғила бошладик. Учрашувга Суғд вилоятининг турли ноҳиялари ва биз жанубликлар – бир-бирларини қарийб 20 йил
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015