Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 25 Июл 2019 Кӯришлар: 1418
Печат

 

vkd 2019Ички ишлар вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжумани, хусусан, вазир ташаббуси билан янгича услубда бўлиб ўтди. Видео пресс-конференцияда Хатлон, Суғд, Тоғли Бадахшон, Рашт минтақаси журналистлари ҳам бевосита иштирок этишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга муфассал жавоблар олишди. Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазири, милиция генерал- полковниги Рамазон Раҳимзоданинг бу ташаббусини бошқа вазирлик ва идоралар ҳам қўлласа

яхши бўларди.

Матбуот анжуманининг Ички ишлар вазирлигида жонли ўтиши журналистлар томонидан эътироф этилган. Вазирнинг қисқа ва аниқ фактларга бой жавобидан қониқиш ҳосил қилса бўлади. Айни замонда, милиция ходимларининг фаолияти ва фуқаролар билан ҳамжиҳатликда иш олиб бораётганлиги хусусида конференция пайтида журналистларга кенгроқ маълумот берилди. Журналистларни, асосан, паспорт алмаштириш муаммоси ва Тожикистон ҳамда Қирғизистон Республикалари чегарасида бўлиб ўтаётган воқеалар натижаси қизиқтирди. Паспорт алмаштиришда вужудга келган муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, Ички ишлар вазирлиги томонидан юборилган хат ҳукумат даражасида ўрганилаётгани ва мазкур кампания муддати узайтирилиши мумкинлиги таъкидланди.

Тожикистоннинг Исфара ноҳияси ва Қирғизистоннинг Боткент райони чегара ҳудудларида бўлиб ўтган воқеалар туфайли, ҳар икки республика ҳукуматлараро қўшма комиссияси фаолият юритаётганлиги ва делимитация ва демаркациялаш ишлари ижобий ҳал бўлади, дея умид билдирди Тожикистон Ички ишлар вазири.

Анжуман давомида маълум бўлишича, жорий йилнинг биринчи ярмида ўн икки минг беш юзу қирқ тўққиз (2018-12482) жиноят ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан қайдга олинган. Жиноятни ошкор қилиш 83,5 (2018- 82,3) фоизни ташкил этади. Шундан олти минг икки юзу беш ёки 67 фоиз жиноятлар ички ишлар ходимлари томонидан ошкор этилгани маълум бўлди.

Бу вақт мобайнида ўлдириш-48, суиқасд ва саломатликка қасддан зиён етказиш-62, номусга тажовуз қилиш-20, йўлтўсарлик-14, одам савдоси-10, талончилик-74, безорилик-541, қаллоблик-1890, қурол олди-сотдиси-17, ўғрилик-2945, ноқонуний гиёҳванд моддалар обороти билан шуғулланиш-302 каби жиноятлар қайдга олинган ва ошкор этилган.

Вазирлик томонидан тарқатилган матбуот варақасида келтирилишича, 2019 йилнинг олти ойи мобайнида, 226 террорчилик, 378 экстремистик руҳидаги жиноятлар ошкор этилган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ички ишлар ходимларининг зийраклиги ва ўз ишларига сидқан ёндашиш натижалари ўлароқ, террор орқали қилинган иккита суиқасднинг олди олинган.

Террорчи ва экстремистик гуруҳларга аъзо тўқсон етти нафар кишининг фаолияти ошкор этилган ва қўлга олинганлиги маълум бўлди. Оператив чоралар ва тушунтириш ишлари оқибатида, бошқа давлатларда кечаётган қонли жангларда иштирок этган 169 киши ихтиёрий Ватанга қайтганлиги айтиб ўтилди.

Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода милиция ходимларининг Ватанга садоқат билан хизмат қилишда ўз ишларига виждонан ёндашиш тўғрисидаги таълим касбнинг нозик сирларини ўргатиш ва шахсий таркибда замон талабларига мувофиқ ислоҳотлар ўтказиш давом этишини қайта-қайта таъкидлаб ўтди.

 

Эркин ШУКУР,

"Халқ овози".

 

**

ТОВУҚ ГЎШТИ ИМПОРТИ КАМАЙДИ. БУНИНГ САБАБИ…

oziq 2019Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш йўлида мунтазам ишлар олиб бориляпти. Бунда тадбиркорларнинг фаолиятини енгиллаштириш учун бир қатор имтиёзлар ҳам жорий этилган. Лекин шунга қарамасдан, тадбиркорлар ўз фаолиятларида қонунбузарликларга йўл қўйишаётгани ачинарли ҳолдир. Улар аҳоли саломатлигига зарар етказишдан қўрқмасдан, истеъмол қилиш хавфли бўлган маҳсулотларни мамлакатга келтиришдан ҳам тап тортишмаяпти.

Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Озиқ-овқат хавфсизлиги комитети 2019 йилнинг биринчи ярмида 23 тоннадан зиёд гўшт-сут маҳсулотларини зарарли бўлгани учун савдодан олиб, йўқ қилди.

Жорий йил биринчи ярми фаолияти натижаларига бағишланган матбуот анжуманида ушбу комитет ходимлари томонидан Бобожон Ғафуров ноҳиясидан бўлган тадбиркорнинг Душанбе шаҳрига 13 тонна товуқ қиймаси келтирилиши олди олингани маълум қилинди.

Барча маҳсулотлар Озиқ-овқат хавфсизлиги миллий ташхис маркази хулосаси асосида «Душанбе шаҳри қаттиқ маиший чиқиндилар полигони» ДУКда тўлиқ йўқ қилинди.

Конибодом шаҳрининг «Патар» чегара пунктида «Сафар-2012» МЧЖ томонидан 342 минг дона (20 тоннадан зиёд) Ўзбекистон тухумлари киритилиши олди олинди. Чунки бу тухумлар хавфсизлик стандартларига жавоб бермай, аҳоли саломатлигига зарар етказиши мумкин эди. Бу маҳсулотлар ҳам тўлиқ йўқотилди.

Чегарада, шунингдек, ветеринария ва фитосанитария қоидаларини бузганлик учун, турли компаниялар ва хусусий тадбиркорларга тегишли 35 тоннадан зиёд тухум, 16200 килограмм апелсин, 3400 килограмм мандарин ва 1500 килограмм грейпфрут, 17,5 тонна қуруқ чой ушланиб, ортга қайтарилган.

- 2019 йили Тожикистонга товуқ гўшти келтириш камайиб, олти ой мобайнида 15 минг тоннани ташкил қилди, - деди матбуот анжумани чоғида Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Озиқ-овқат хавфсизлиги комитети раиси Фарҳод Камолзода.

Таққослаш учун, 2017 йили республикага 51 минг тонна товуқ гўшти киритилган бўлса, 2018 йили бу кўрсаткич 28 минг тоннани ташкил қилди.

Товуқ гўшти келтирилишининг камайиши республикада товуқчилик фабрикалари кўпайиб, ишлаб чиқарган маҳсулотлари сифатли ва бугунги кун талабларига жавоб бериши билан боғлиқ. Ёвон ноҳиясидаги «Беҳамто» МЧЖ томонидан шу кунгача минг тоннадан зиёд товуқ гўшти мамлакат бозорларига чиқарилган. Мўминободдаги «Арча» корхонаси ҳам фаол бўлиб, 300 тоннадан зиёд товуқ гўшти ишлаб чиқарган.

Фарҳод Камолзода товуқ гўшти, асосан, Америка Қўшма Штатларидан келтирилишини айтди. Нархи ҳам нисбатан арзон. Жорий йилнинг май ойидан бу маҳсулот келтирилиши камайтирилган. Шу сабабли, нархи ошиши мумкин.

Хориждан келтирилаётган товуқ гўшти сифати ҳақида гап кетганида, Ф.Камолзода шундай жавоб берди: - Бу йил ўтган йилга нисбатан товуқ лаҳм гўштининг келтириш ҳажми ошган. Зеро, ҳозир унга талабот катта. Тожикистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб хориждан Тожикистонга келтирилган ҳар бир килограмм гўшт мутахассислар томонидан лабораторияда текширилади. Бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган бўлса, унинг киритилишига ижозат берилмайди.

Умуман, ҳисобот даврида озиқ-овқат хавфсизлиги лабораториялари мутахассислари томонидан истеъмолчилик бозорларида 477 937та ташхислар ўтказилган. Натижада, ветеринария ва санитария талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар, жумладан, 18 минг 617 килограмм гўшт 5126 килограмм (литр) сут маҳсулотлари, 18 минг 826 дона тухум, 80 минг 563 килограмм мева-ю сабзавот, 447,4 килограмм балиқ, 2482 килограмм тузли маҳсулотлар, 828 литр ўсимлик мойи ва 234 килограмм асал сифатсиз ва хавфли дея белгиланиб, сотувдан олинган ҳамда йўқотилган.

Г. Аюпова,

«Халқ овози».

**

ЯГОНА МАКТАБ ЛИБОСЛАРИ ЖОРИЙ ЭТИЛДИ. ЭНДИ НАВБАТ ПОЙАБЗАЛЛАРГАМИ?

maorif 2019Маориф соҳасига давлат ва Ҳукумат раҳбарияти томонидан биринчи даражали эътибор қаратилиб, давлат бюджетининг катта маблағлари йўналтирилаётган бўлса-да, бу борада ҳали ҳамон муаммо ва камчиликларни етарлича учратиш мумкин. Йилда икки марта ўтказиладиган матбуот анжуманларининг энг қизиқарли, шов-шувли ва баҳсларга бойи Тожикистон Республикаси Маориф ва илм вазирлигиники бўлса, ажаб эмас. Навбатдаги матбуот конференциясидаги шов-шувли хабар ўқувчилар учун ягона пойабзаллар «жорий этилиши» бўлди.

Маориф ва илм вазири Нуриддин Саид масалага қуйидагича изоҳ берди:

- Биз Ҳиндистондан ҳамкорлар топдик ва шахсан уларни қабул қилиб, суҳбатлашдим. Тожикистон Техника университетининг Техника коллежи қошида мактаб ўқувчилари учун пойабзал ишлаб чиқарадиган фабрика очиш ниятидамиз. Тасаввур қилинг, 2 миллион нафар ўқувчи бор. Агар ҳар бир мавсумда учта пайабзал кийилса, ўқувчиларимиз учун 6 миллион жуфт пойабзал керак. Мамлакатимизнинг турли бурчакларида болалар пойабзалларини ишлаб чиқариш секин-аста бошланган. Менинг фикримча, бу қарор – тўғри. Кўплаб саховатли тадбиркорларимиз ҳам бу ишни бошлашган. Сотув эркин йўлга қўйилади, ота-оналар сотиб олишади, асосийси, маҳаллий маҳсулот. Бу йўл билан ҳам маҳаллий тадбиркорларга устунлик берилади, ҳам аҳоли иш ўрни билан таъминланади ва ҳам давлат бюджетига солиқ бўлади.

Вазирнинг сўзларидан маълум бўлишича, бу, албатта, мажбурий бўлмайди. Аввало, бу нарса импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарадиган маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва олий таълим муассасалари қошида ташкил этилган технологик парклар фаолиятини ривожлантиришга қаратилган. Шундай бўлса-да, кейинчалик бу ҳам ягона мактаб либослари сингари мабжурий бўлмайди, деган умиддамиз.

Таълим соҳасидаги муаммоли масалалардан яна бири, бу ўқув жараёни давлат тилидан бошқа тилларда олиб бориладиган умумтаълим муассасалари учун мўлжалланган дарслик китобларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолгани-ю тақчиллиги ҳамда таржима ва чоп этилишдаги камчиликлардир.

- Дарҳақиқат, Тожикистон Республикаси Маориф ва илм вазирлиги дарслик китобларни тожик тилидан рус, ўзбек ва қирғиз тилларига таржима қилиш учун ишчи гуруҳлар тузган, - дейди Дарслик, илмий ва методик китобларни яратиш, чоп этиш ва савдо маркази директори Комил Исоев. - Улар таржима ишларини бошлаб юборишган. Китобларни тожик тилидан рус тилига таржима қилиш учун Тожикистон Таълим академияси, ўзбек тилига ўгириш учун вазирлик қошидаги Ўқув-методик маркази, қирғиз тилига таржима учун Дарслик, илмий ва методик китобларни яратиш, чоп этиш ва савдо маркази вазифадор этилган. Жумладан, ўзбекзабон мактаблар учун дарслик китобларнинг 8 тури, мисол тариқасида она тили ва адабиёт китоблари тайёрланиб, танловга тақдим этилган ва бир қисми чоп ҳам бўлган.

Матбуот анжуманида тожикистонлик ўқувчилар республика олимпиадаларидаги муваффақиятлари қаторида халқаро фан олимпиадаларида ҳам фаол иштирок этишиб, фахрли ўринларни эгаллаётгани, бу эса, юртимиздаги таълим сифати йил сайин ортиб бораётганлигининг нишонаси ўлароқ айтиб ўтилди. Мисол учун, 2019 йилнинг бошидан юртдошларимиз Қозоғистон, Беларус, Таиланд, Россия, Малайзия, Руминия, Италия, Ҳиндистон, Латвия ва Америка Қўшма Штатларида ўтказилган 14та халқаро олимпиадада қатнашиб, 198та, жумладан, 49та олтин, 55та кумуш ва 94та бронза медалларини қўлга киритишган.

Айни пайтда, мактаб ўқувчиларининг ёзги таътил вақти бўлганлиги учун таътилни мароқли ташкил этиш борасида талай ишлар қилинган. Маълумотларга қараганда, республика бўйлаб 244 минг 295 нафар ўқувчини қамраб оладиган 2 минг 250та оромгоҳлар фаолияти йўлга қўйилган.

Тожикистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида олиб борилаётган ободончилик ва бунёдкорлик ишларида маориф соҳаси иншоотларини бунёд этиш ва қайта таъмирлаш муносиб ўрин тутади. Жорий йилнинг ўзида молиялаштиришнинг барча маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 89 миллион 891 минг сомоний бўлган ва 6 минг 409 нафар ўқувчи ўрнига эга 25та ўқув муассасаси ҳамда қўшимча синфхоналар қуриб битказилган. Шунингдек, 70 минг 591 ўринга эга 244та иншоот қурилиши давом этмоқда. Шундан 37таси тадбиркорлар томонидан ва 48таси ҳашар йўли билан бунёд этилмоқда.

Матбуот анжумани давомида журналистлар маориф соҳасининг турли йўналишларига оид саволларига жавоб олишди.

 

Зуҳриддин УМАРОВ, «Халқ овози».

**

МИНТАҚАЛАРДА РИВОЖЛАНИШ ДАСТУРЛАРИ БАЖАРИЛМАЯПТИ. НЕГА?

Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Маҳаллий ривожланиш комитети салоҳиятига кирадиган вазифалардан бири - шаҳру ноҳиялар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини кўриб чиқиш ва баҳолашдан иборат. Лекин кузатувлардан маълум бўлишича, бундай дастурларнинг татбиқи кўнгилдагидек натижаларни бермаяпти. Ҳатто, айримлари 50 фоизгача ҳам бажарилмаяпти.

Ушбу масалага Маҳаллий ривожланиш комитетининг матбуот анжумани чоғида ойдинлик киритилди. Комитет масъул ходимининг сўзларига кўра, айни пайтда республиканинг аксарият шаҳру ноҳиялари ва ҳатто, вилоятлари ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларига эга. Уларнинг ҳаётга татбиқ этилиш муддати 2015-2020 йилларни қамраб олади. Бугунги кунгача Бохтар, Кўлоб, Исфара шаҳарлари ва Ёвон, Варзоб, Қабодиён, Файзобод, Мастчоҳ ноҳияларининг ривожланиш дастурлари аллақачон якунланган. Таҳлилларнинг кўрсатишича, дастурларга киритиладиган лойиҳаларнинг татбиқи учун ноаниқ маблағлар белгиланади. Бу эса, оқибатда дастурнинг бажарилмай қолишига сабаб бўлади.

Мисол учун, дастурлар ижроси Ёвон ноҳиясида 90дан 100 фоизгача ва Кўлоб шаҳрида 40 фоизни ташкил этган.

Матбуот анжуманида нима учун баъзи шаҳру ноҳияларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари мамлакат Ҳукумати ва айримлариники ноҳия халқ вакиллари мажлиси томонидан тасдиқланади, бу мутасаддилар учун масъулият ҳиссини камайтирмайдими, деган савол ўртага ташланди.

Маҳаллий ривожланиш комитетининг ҳуқуқий таъминот бўлими бошлиғи Саидғуфрон Абдулло қуйидагича жавоб берди:

- Шаҳру ноҳиялар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини қабул қилиш ҳар бир ноҳия халқ вакиллари мажлиси ваколатига киради. Лекин айрим ҳолатларда истисно тариқасида Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳам тасдиқлаши мумкин.

Аввало, Тожикистон Республикасининг «Стратегия ва дастурлар истиқболлари тўғрисида»ги қонунида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш пайтида мониторинг гуруҳи бўлиши зарурлиги белгилаб қўйилган. Ўтказилган таҳлиллар шундай гуруҳлар борлигини аниқлади, бироқ улар фаолият олиб бормайди. Ҳар бир тасдиқланган дастурнинг ижросини таъминловчи мониторинг гуруҳига шаҳру ноҳиялар раисларининг соҳавий ўринбосарлари раҳбарлик қилиб, ҳар йили мажлис ўтказиб, қатъий назоратни йўлга қўйиши керак. Шунингдек, ноҳия халқ вакиллари мажлисида дастур ижроси жараёни ҳақида ҳисобот бериб бориши лозим.

Афсуски, Маҳаллий ривожланиш комитети томонидан ижтимоий-иқтисодий дастурларни баҳолаш вақтида маълум бўлдики, кўплаб масъул вазирлигу идоралар дастурлар ижроси ҳолати қандай бўлаётганлигини сўрамайди, таҳлил ўтказмайди.

Комитетимиз ташкил этилгандан сўнг, ушбу муаммо ва камчиликлар тўлиқ ўрганиб чиқилиб, масъул вазирлигу идора ҳамда Тожикистон Республикаси Президенти Ижроия аппаратига ҳисобот тариқасида тақдим этилди.

Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Маҳаллий ривожланиш комитети раиси ўринбосари Ёқуб Исмоилзоданинг маълум қилишича, шаҳру ноҳиялар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқишга масъул идора Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирлиги ҳисобланади. Айни пайтда Ховалинг ва Сангвор ноҳияларидан ташқари барча минтақаларнинг ўз ривожланиш дастури бор. Шундан олтита шаҳру ноҳиянинг ривожланиш дастури Тожикистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланган.

- Тўғри, барча ишнинг бошида камчилик бўлади. Жумладан, шу пайтгача лойиҳаларни ишлаб чиқишда ҳам маблағлаштириш ва сармоялаштиришнинг кўпинча ноаниқ манбалари кўрсатилган. 2020 йилдан бошлаб, янги лойиҳалар татбиқ этила бошлаши билан бундай бўлмайди. Ҳар бир қуриладиган объект учун қаердан, қанча, ким томонидан маблағ йўналтирилиши аниқ белгилаб қўйилади. Шундагина, биз дастурларнинг тўлиқ бажарилишига эришамиз, - дейди Ёқуб Исмоилзода.

Матбуот анжумани давомида комитет томонидан бажарилган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Ҳисобот даврида Маҳаллий ривожланиш комитети Тожикистон Республикаси Президенти Ижроия аппарати раҳбари топшириғи билан Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг «Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Мурғоб ноҳияси маъмурий маркази Мурғоб қишлоқ жамоати мақомини шаҳарча категориясига мансуб билиш тўғрисида»ги ва «Ховалинг ноҳиясининг Ховалинг қишлоқ жамоати заминасида шаҳарча жамоати таъсис этиш тўғрисида»ги қарорлари лойиҳалари ишлаб чиқилган.

Шунингдек, Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг Суғд вилояти шаҳру ноҳияларининг 30та қишлоғи номини ўзгартириш тўғрисидаги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, айни пайтда вазирлигу идораларнинг кўриб чиқиш босқичида турганлиги маълум қилинди.

 

Зуҳриддин УМАРОВ, «Халқ овози».

**

«ОДАМЛАРНИНГ ЎЗЛАРИ ПОРА ТАКЛИФ ҚИЛИШАДИ»

Одамлар кўп ҳолларда фуқаролик ҳолатини қайдга олиш бўлимлари - ЗАГС ходимларининг коррупцияга қўл уриши, ушбу идорага иши тушиб борган кишиларга тамагирлик қилиш ҳолатлари ҳақида куйиниб гапиради. Яқинда Тожикистон Республикаси Адлия вазирлигининг матбуот анжуманидаги қулай фурсатдан фойдаланиб, журналистлар вазирнинг ушбу масалага оид фикри билан қизиқишди.

- Бугунги кунгача фуқаролик ҳолатини қайдга олиш бўлимларининг бирор ходими коррупция учун жавобгарликка тортилмаган, - деди Адлия вазири Рустам Шоҳмурод. - Лекин шартнома асосида ишлайдиган ходимларимиз ўртасида бундай ҳолатларни кузатиш мумкин. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Панжакент шаҳрида шунга ўхшаш бир ҳолат қайд этилди. У ҳам шартнома асосида фаолият юритадиган техник ходим бўлган ва маблағ талаб қилган.

Биз, албатта, зарур чораларни кўрганмиз. Фуқаролик ҳолатини қайдга олиш бўлимларининг ҳар бирида кўрсатиладиган хизматлар учун белгиланган маблағлар ҳақидаги махсус бурчаклар ташкил қилганмиз, унда қонунлар ва Ҳукумат қарорларидан иқтибослар жойлаштирилган. Ҳар бир хизмат кўрсатиш квитанция орқали йўлга қўйилган.

ЗАГСда муаммолар кўп, шулардан бири - бу соҳадаги давлат хизматчиларининг камлиги. Ҳар бир шаҳру ноҳияда атиги икки нафар давлат хизматчиси бор. Улар ҳамма ишга улгурмайди, шунинг учун шартнома асосида қўшимча ишчи олишга мажбурмиз. Бугун фуқаролик ҳолатини қайдга олиш соҳасидаги барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар янгиланди. Қилинаётган ишларнинг ҳаммаси соҳадаги шаффоф фаолиятни таъминлашга қаратилган.

Адлия вазирлигининг фуқаролик ҳолатини қайдга олиш бошқармаси бошлиғи эса, коррупцион амалларнинг асосий омили фуқароларнинг ўзи эканини айтилди. Жумладан, шундай деди:

- Кўп ҳолларда фуқароларнинг ўзлари коррупцион ҳолатларни юзага келтиришади. Чунки олдинги йиллардаги нотўғри ҳужжатлар жуда кўп. Одамлар кўчалардаги "киоска"лардан шаҳодатномаларни сотиб олиб, туғилганлик ёки никоҳ ҳолатларини қайд этишган. Уларнинг иккинчи нусхаси архивларда йўқ. Кишилар эса, ҳужжатларнинг тайёр бўлишини кутиб турмасдан ходимларга пора таклиф қилишади.

Тожикистон Республикаси Адлия вазирининг сўзларига кўра, бугун фуқаролик ҳолатини қайдга олиш соҳасида электрон хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. 25та пилот шаҳру ноҳияда электрон хизмат кўрсатишлар жорий қилинган. Архивлардаги ҳужжатлар рақамлаштиришга ҳаракат қилиняпти. Кўлоб шаҳрида намунали фуқаролик ҳолатини қайдга олиш бўлими таъсис этилган. Эндиликда улар "ягона дарича" асосида ишлайди. Одамларнинг идорага келиб, навбат кутиб туришига ҳожат қолмайди. Тўғридан-тўғри уйдан туриб ҳужжатларни қайддан ўтказиши мумкин.

Ҳар бир матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари республикадаги эр-хотин ажралишлари сони ва уларнинг сабабу омиллари ҳақидаги факту рақамларни билишни исташади.

- Ажралишлар икки йўл билан амалга оширилади. Биринчидан, агар ўртада баҳсли ҳолатлар бўлса, суд орқали. Баҳс бўлмаган вақтда фуқаролик ҳолатини қайдга олиш бўлимларида бажарилади. Ажралишларнинг сабабларини ўрганиш учун биз вазифадор этилмаганмиз. Биз фақат хизмат кўрсатамиз. Шундай бўлса-да, фуқаролик ҳолатини қайдга олиш бўлимлари ходимлари ҳар бир оила билан суҳбатлар ўтказади, тушунтириш ишлари олиб боради, - деди Тожикистон Республикаси Адлия вазири Рустам Шоҳмурод матбуот анжуманида.

Статистика маълумотларига кўра, жорий йилнинг олти ойида 6 минг 65та никоҳни бекор қилиш ҳолати қайдга олинган. Шундан 4 минг 404та ҳолат шаҳру ноҳиялар судлари қарорлари асосида рўйхатга олинган. Бир минг 617та ҳолатда эр-хотин биргаликдаги ариза билан мурожаат қилган. Суд қарори билан ажрашган оилаларнинг 5 минг 771 нафар фарзанди ота ё онасининг тарбиясига берилган. Оила бузилишининг энг кўп ҳолати Суғд, кейин Хатлон вилоятлари ва республика бўйсунишидаги шаҳру ноҳияларда кузатилган.

Шунингдек, матбуот варақасидаги маълумотларга юзланадиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи ярмида фуқаролик ҳолатини қайдга олиш бўлимлари томонидан 230 минг 232та ҳужжат, жумладан, 106 минг 415та туғилганлик, 25 минг 84та туғилганлик ҳақидаги шаҳодатномаларни қайта тиклаш, 16 минг 929та вафот, 33 минг 265та никоҳ, 18 минг 251та оталикни аниқлаш, 616та фарзандликка қабул қилиш, 22 минг 985та фамилия, исм ва отасининг исмини ўзгартириш ҳолатлари рўйхатга олинган.

Матбуот конференциясида журналистлар ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга атрофлича жавоб олишди.

 

Зуҳриддин УМАРОВ, "Халқ овози".

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Икки юзламачининг туғилиши

 

У бир танишимнинг яхшиликни билмаслиги, менинг ортимдан ёлғон-яшиқни гапириб юриши, бир тийин учун яқин дўстини ҳам сотиб юбориши ва яна нималарнидир гапирди. "Сиз бошқачасиз, бир оғиз у ҳақида ёмон гапирганингизни эшитган эмасман. Қайтага яна яхшилик қиляпсиз…"

Мен жилмайдим-да, унинг гапини бўлиб, хайрлашиб кетдим. Йўлда борар эканман, ҳозир бориб, ўша танишимга мени ёмонлашини ўйладим.

Муфассал...

Зарнисорнинг бош шифокори

 

Биз номини тилга олмоқчи бўлган инсон оламдан ўтганига қарийб чорак аср бўлибди. Лекин кекса ва ўрта авлод вакиллари яхши билишади, ҳурмат билан тилга олишади, баъзан: -Эсиз одам, ёш кетди-да… Юзлаб дардмандларга даво топди-ю ўзига келганда…,- деб қўйишади. Эсладингизми?.. Ҳа,  ҳар гал эсланганда, Исматулло Юлдошев хотираларда буюк инсон сифатида гавдаланади. Бу инсон Зарнисорда туғилган, шу қишлоқнинг тупроқ кўчаларида болаликнинг

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990951

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478345
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4273
4027
21958
7426653
99989
114875
7478345

Сизнинг IPнгиз: 18.191.129.241
Бугун: 23-11-2024 17:35:27

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015