Шермуҳаммад Шоҳиён:- Суннат ва никоҳ тўйларида улоқ ва кураш мусобақалари уюштириш тақиқланган
- Шарқона анъаналаримизга кўра, илгари суннат ва никоҳ тўйларида ўзларига тўқ юртдошларимиз улоқ ва кураш мусобақалари уюштиришарди, - деди Тожикистон Республикаси Олий суди раиси Шермуҳаммад Шоҳиён ўтган йил якунига бағишланган матбуот анжуманида. – «Тожикистон Республикасида
анъана, тантана ва урф-одатларни тартибга солиш тўғрисида»ги Тожикистон Республикаси қонунида белгиланганидек, улоқ ва кураш каби мусобақаларни суннат ва никоҳ тўйларида уюштириш тақиқланади. Қонунда белгиланганидек, суннат тўйи оила доирасида, ортиқча сарф-харажатларсиз, ҳофизлар чақирилмасдан ўтказилади. Агар улоқ ва кураш мусобақаларига тўхталадиган бўлсак, қонунчилик билан бундай тадбирлар давлат байрамлари муносабати билан дам олиш кунларида ўтказилишига ижозат берилган. Шуни ҳам қўшимча қилиш ўринлики, мамлакатимизда Тожикистон улоқчилар ассоциацияси фаолият юритади ва жойларда унинг бўлимлари амал қилади. Барча мусобақалар шу ташкилотнинг режасига биноан ташкил этилади.
Мамлакат Олий суди раисининг айтишича, 2018 йил 4 нафар фуқарога нисбатан ўта оғир жиноят содир этганликлари сабабли, бир умрга қамоқ жазоси тайинланган. Шунингдек, 8 нафар жазога маҳкум этилган шахсларга нисбатан оқлаш ҳукми чиқарилган.
- Терроризм ва экстремизмга алоқаси бор жиноятлар – энг оғир жиноятлар сирасига киради, - деди Ш. Шоҳиён. – Ҳисобот даврида террорчиликка алоқаси бор 3та, терроризмни маблағ билан таъминлашга доир 24та, экстремистик бирлашмаларга тааллуқли 259та жиноий иш кўриб чиқилди. Бу йўналишда жиноятлар содир этилиши камайгани қувонарлидир.
Тожикистон Олий суди раисининг маълумотига кўра, малакатдан ташқаридаги ҳарбий амалиётларда иштирок этганлик юзасидан 72та жиноий иш кўриб чиқилган.
Матбуот конференциясида берилган маълумотларга кўра, ўтган йили барча босқичдаги суд органлари томонидан 142 минг 859та фуқаролик, оилавий, жиноий ва маъмурий ишлар кўриб чиқилган. Уларнинг аксарияти юзасидан ҳукм ва қарорлар чиқарилган.
Матбуот конференциясида Шермуҳаммад Шоҳиён ўтган йил бажарилган ишлар ва жорий йил режалари юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига кенг маълумот тақдим этди.
Искандар МАҲМАДАЛИЕВ,
«Халқ овози .
**
СУВ ВА УН НАРХИ ОШИШИНИНГ САБАБЛАРИ
Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Монополияга қаршилик хизмати матбуот конференциясида дастлабки савол Душанбе шаҳрида ичимлик сувининг нархи оширилганлигига нима сабаб бўлганлиги ҳақида бўлди.
- Душанбе шаҳри муҳандислик тармоқлари 1932 йилда қурилган. 2017-2018 йилларда ўтказган таҳлилларимизга кўра, шаҳардаги ер ости сув ўтиш қувурларининг 70 фоизи ва канализация қувурларининг 50 фоизи фойдаланиш муддатидан ўтиб кетган, - деди Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Монополияга қаршилик хизматининг Душанбе шаҳридаги бўлими бошлиғи Дилшод Қурбонов. - Ўтган йиллар мобайнида халқаро молиявий институтлар ҳамда Душанбе шаҳри бюджетидан шу мақсадда ажратилган маблағлардан фойдаланган ҳолда, шаҳар канализация қувурларининг атиги 9 фоизини таъмирлай олдик, холос. Энди бевосита, нега ичимлик суви таъминоти нархининг 25 фоизга ошганига тўхталадиган бўлсак, биз сув ҳисоблагичларига бирданига уч марта 3 коэффициентини ишлатдик. Аслида, Тожикистон Республикасининг «Давлат корхоналари тўғрисида» ва «Табиий монополия тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ, мол ишлаб чиқарадиган ва хизмат кўрсатадиган давлат унитар корхоналарининг даромадлари қилинган харажатларни тўлиқ қоплаши керак. Ана шу қонунлар талабларига кўра, биз корхонанинг даромадини таҳлил қилганимизда бир йиллик даромади 52 миллион сомоний, харажатлари эса, 81 миллион сомонийни ташкил қилишини кўрдик. Шу йиллар давомида корхона халқаро молиявий институтлар, бюджет ва солиқдан 205 миллион сомоний миқдорида қарздор. Шунинг учун ҳам, корхонанинг молиявий ҳолати ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида, ичимлик суви нархи оширилди.
Мамлакат бозорларида автомобил воситалари ёнилғиси ва ун нархининг ўзгариб турганлиги ҳам қизғин баҳсларга сабаб бўлди.
-Тожикистон Республикасига ғалла, асосан, Қозоғистон Республикасидан импорт қилинади. Тадбиркорларимиз Қозоғистондан ғалла олиб келиб, ўзларининг корхоналарида қайта ишлаб, маҳаллий унни сотувга чиқарадилар, - деди Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Монополияга қаршилик хизмати бошлиғи Саъдий Қодирзода. - Ун нархи кўтарилишининг асосий сабаби – Қозоғистонда ғалла нархининг ошганлигига боғлиқ.
Матбуот варақасидаги маълумотларга қараганда, ўтган йилда республикамизга 1018,9 минг тонна буғдой ва 47,2 минг тонна ун олиб келинган.
Монополияга қаршилик хизмати бошлиғи Саъдий Қодирзода Қозоғистонда буғдой нархи кўтарилиб бораётганлиги, ўз навбатида, бизга ҳам таъсир қилишини айтгандан икки кун ўтиб, Душанбеда 50 килограммли бир халта ун нархи 190-195 сомонийгача кўтарилди.
Маълумки, 2018 йилда сим-карталар нархи 250 сомоний бўлиши эълон қилинганди. Бу борада Тожикистон Республикаси Президенти сим-карталар нархи ошишини 2019 йилнинг 1 январигача тўхтатиб туриш ва масалани ҳар томонлама ўрганиб чиқиш топшириғини берганди.
Саъдий Қодирзоданинг сўзларига кўра, бу масала юзасидан идоралараро ишчи гуруҳ иш олиб бормоқда. Ушбу гуруҳ ишни якунламагунга қадар бир нарса дейиш қийин, лекин айни пайтда сим-карталар ўша аввалги нархида сотилмоқда. Кейин ҳам ўзгармаслиги мумкин. Лекин олдиндан бир нарса деб бўлмайди.
Зуҳриддин УМАРОВ, «Халқ овози».
**
ЭКОЛОГИК МУҲИТ – РИВОЖЛАНИШ ОМИЛИ
Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш комитетининг ўтган йил якунига бағишланган матбуот конференциясида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг мамлакат Олий Мажлисига йўллаган Паёмидан келиб чиқадиган вазифалар ижроси, ҳайвонот ва ўсимликлар олами, экологик вазият, аҳолининг экологик маърифатини ошириш каби масалаларга жиддий тўхталиб ўтилди.
Матбуот конференциясида қайд этилишича, ўтган йилнинг энг муҳим воқеалари – халқаро Наврўз байрамининг шаҳоматли нишонланиши ҳамда Халқаро сув куни – 22 мартда Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ташаббуси билан жаҳоннинг нуфузли халқаро ташкилоти – БМТ томонидан 2018-2028 йиллар - «Сув – устувор тараққиёт учун» халқаро амалиёт ўн йиллигининг расман бошланиши бўлди.
Матбуот конференциясида берилган маълумотга кўра, ўтган – 2018 йил атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳаси ходимлари вилоят, шаҳар, ноҳиялар маҳаллий ҳокимиятлари билан биргаликда 2 миллион 172 минг 600 туп, жумладан, 1 миллион 266 минг 900 туп манзарали, 447 минг 900 туп ҳамиша кўкариб турадиган, 457 минг 800 туп мевали дарахтлар, шунингдек, 5 миллион 948 минг 700 туп гул ва буталар кўчатлари ўтқазилди. Шунингдек, 629 гектар майдонда янги боғлар бунёд этилди ва 193 гектар майдондаги эски боғлар тикланди.
Кўзланган режаларни бажариш йўлида комитет халқаро ташкилотлар билан зич ҳамкорликни йўлга қўйди. Бу эса, ўз навбатида экологик вазиятни назоратга олиш учун кенг имконият яратди.
Мамлакат Президентининг ободончилик ва бунёдкорлик ишларини яхши йўлга қўйиш тўғрисидаги кўрсатмалари замирида комитет Душанбе, Турсунзода, Ҳисор, Панжакент шаҳарлари, Ховалинг, Шамсиддин Шоҳин, Дўстий, Мастчоҳ ва Рашт минтақаси ноҳияларидаги атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бўлимлари учун маъмурий бинолар қуриб, фойдаланишга топширди.
Матбуот конференциясида қайд этилишича, Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш комитети Тожикистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги юбилейига бунёдкорлик ва ободончилик ишларини янада кенгайтиради.
- Сайёҳликни ривожлантиришда соғлом экологик муҳит муҳим рол ўйнайди, - деб қайд қилинди матбуот конференциясида.
С. ГУЛЧЕҲРА,
«Халқ овози».
**
САМАРАЛИ ҲАМКОРЛИКЛАР
Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Геология бош бошқармаси ўтган йили ўз фаолиятини "2012-2020 йиллар учун Тожикистон Республикасида геология соҳасини ривожлантириш давлат дастури" асосида йўлга қўйди. Бу ҳақда Геология бош бошқармаси бошлиғи Илҳомжон Оймуҳаммадзода ўтган йил якунига бағишланган матбуот конференциясида журналистларга маълумот берди.
- Ўтган йили давлат маблағлари ҳисобидан 30та лойиҳа бўйича 13 миллион сомоний (1,3 миллион доллар)лик геологик ишлар бажарилди, - деди И. Оймуҳаммадзода. - Бундан ташқари, шартнома маблағлари асосида ҳам талай ишлар йўлга қўйилди. Жумладан, 17,3 миллион сомонийлик шартномавий ишлар амалга оширилди.
И. Оймуҳаммадзоданинг маълумотига кўра, бажарилган ишлар ҳажми 28,7 миллион сомонийлик маблағга тенг бўлиб, бу кўрсаткич 2017 йилдагига нисбатан 2,4 миллион сомоний ёки 9 фоиз ошганлигини кўрсатади.
Шунингдек, ҳисобот даврида Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси геологлари ўртасида самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликлар йўлга қўйилди. Бу тўғрида икки мамлакат геологлари ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Мазкур келишувга кўра, томонлар ўзаро тажриба алмашиш, мутахассислар тайёрлаш ва бошқа йўналишлар бўйича келгусида ҳамкорликларни янги босқичларда давом эттиришади.
Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Геология бош бошқармасининг ўтган йил якунига бағишланган матбуот конференциясида журналистларнинг бир қатор саволларига масъул шахслар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Г. СОТИБОЛДИЕВА, "Халқ овози".
**
СИМ-КАРТАЛАР НАРХИ ОШАДИМИ?
Ўтган йили алоқа соҳаси корхоналари, хусусий операторлар ва провайдерларнинг умумий даромади 2,6 миллиард сомонийдан зиёдни ташкил қилди. Бу 2017 йил кўрсаткичларига нисбатан 97,7 фоизни ташкил қилади. 2018 йили аҳолига 1 миллиард 933 миллион сомонийдан кўпроқ ҳажмда электрон алоқа хизмати етказилди. Бу 2017 йил кўрсаткичига нисбатан 102 фоизни ташкил қилади.
Матбуот анжумани чоғида «Тожиктелеком» томонидан алоқа хизмати даромади ошиб, 197 миллион сомонийга яқинни ташкил этгани қайд қилинди.
«Тожикистон почтаси» ДУК республиканинг бориш қийин бўлган ва узоқ ноҳияларига сифатли хизмат кўрсатиш учун зарур чораларни қабул қилди. Мамлакат шаҳру ноҳияларига почта ҳафтасига 3-4 марта етказиб берилиб, сўнгра махсус ходимлар почтани аниқ манзилга тарқатишаяпти.
Матбуот анжумани чоғида юртимизда интернет суръатининг бошқа давлатларга нисбатан сустлиги ва нархининг қимматлиги ҳақида берилган саволга:
- Тожикистонда мамлакатга Интернет келтириш трафигини 2,5 баравар ошириш ва муштарийлар учун унинг нархини пасайтириш режалаштирилаяпти,- деди Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Алоқа хизматининг ўтган йил якунига бағишланган матбуот анжуманида ушбу идора раисининг ўринбосари Илҳомжон Атоев.
Унинг сўзларига кўра, ўтган йили мамлакатга Интернет келтириш трафиги икки баравар, яъни 10 гигабайтдан 20 гигабайтгача оширилган. Энди режага биноан, жорий йилнинг биринчи ярми охиригача бу кўрсаткични 50 гигабайтгача етказиш режалаштирилаяпти.
-Шу мақсадда зарур ускуналар келтирилган. Уларни ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Бунинг устида маҳаллий дастурчилар иш олиб боришаяпти,- таъкидлади И.Атоев.
Ўтган йили мамлакатимизда сим-карталар нархи кўтарилиши ҳақида хабар тарқалгандан кейин, барча мобил компаниялари олдида узундан-узоқ навбатлар вужудга келганди. Ушбу хабарларга кўра, сим-карталар нархи ўтган йилнинг декабр ойидан 250 сомонийгача чиқиши керак эди. Бу, албатта, одамларнинг норозилик билдиришларигача олиб келди. Мамлакат Президенти сим-карталар нархи оширилган тақдирда ҳам, у ўн доллардан зиёд бўлмаслиги ҳақида топшириқ берганди.
Матбуот анжуманида сим-карталар нархининг ошиш-ошмаслиги ҳақида берилган саволга: «Ҳозирча сим-карталар нарх-навосида ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Уларнинг нархи аввалгидек қолади»,- дея жавоб берилди.
Г.Аюпова,
"Халқ овози".
**
ХАВФЛИ МАҲСУЛОТЛАР МУСОДАРА ЭТИЛДИ ВА ЙЎҚОТИЛДИ
Тожикистон Республикаси Ҳукумати тўртта стратегик мақсадларидан бири бўлган озиқ-овқат хавфсизлигини ҳимоялаш мамлакат аҳолиси саломатлигида муҳим ўринни эгаллайди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш орқали эса, турли касалликлар тарқалишининг олди олинади.
Шу мақсадда, юртимизда Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Озиқ-овқат хавфсизлиги комитети таъсис этилган бўлиб, ушбу идора ўз олдига қўйилган вазифа ижроси йўлида турли чора-тадбирлар қабул қилиб келмоқда.
-Ўтган 2018 йили мамлакатимизда юқумли касалликлар олдини олиш мақсадида, 15 миллиондан зиёд ҳайвонот ва паррандаларда профилактика ва табобат тадбирлари ўтказилди. Юқумли касалликларга қарши фонд ҳисобидан 1 миллион 876 минг сомонийдан зиёд маблағга вакциналар ва бошқа ветеринар материаллар харид қилинди,- деди Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Озиқ-овқат хавфсизлиги комитети раиси Фарҳод Камолзода ушбу идоранинг ўтган йилги фаолияти натижаларига бағишланган матбуот анжуманида.
Унинг айтишича, йирик ва кичик шохли чорванинг оғир юқумли касалликларга чалинишлари олдини олиш мақсадида, куйдирги, сил, бруцеллёз ва тери касалликларига қарши эмлаш ташкил қилинган.
Матбуот анжуманида қайд қилинишича, ўтган йил мобайнида республика шаҳру ноҳиялари хўжаликларида бир қатор чора-тадбирлар ўтказилиб, натижада, 487 минг 482 квадрат метр майдонда дезинфекция (зарарсизлантириш), 51 минг 47 квадрат метр майдонда дезинсекция (ҳашаротларни йўқотиш) ва 72 минг квадрат метрдан зиёд майдонда дератизация (турли кемирувчилар, яъни сичқонлар, каламушларни йўқотиш бўйича чора-тадбирлар мажмуи) ишлари амалга оширилган.
Шунингдек, ўтган йили озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш лабораториялари томонидан истеъмолчилик бозорида 999 минг 965та экспертиза, жумладан, гўшт ва гўшт маҳсулотлари - 191 минг 81та, сут ва сут маҳсулотлари – 75 минг 424та, тухум – 47 минг 699та, асал – 4 минг 225, ёғ – 11 минг 778та, тузланган маҳсулотлар – 38 минг 702та, янги мевалар – 323 минг 284та, балиқ – 5 минг 652та ва полиз маҳсулотларининг 19 минг 177та экспертизаси ўтказилди.
Ушбу экспертиза натижасида ветеринария ва санитария меъёрларига жавоб бермайдиган сифатсиз ҳамда хавфли маҳсулотлар, жумладан, 22110 килограмм гўшт, 10887 литр сут ва сут маҳсулотлари, 57137 дона тухум, 85490 килограмм мева ва сабзавотлар, 587 килограмм балиқ, 1827 килограмм тузланган маҳсулотлар, 1145 литр ўсимлик мойи ва 2018 килограмм асал мусодара этилган ва йўқотилган. Агар ушбу маҳсулотлар мамлакат аҳолисининг хонадонига кириб борганида, уларнинг саломатлигига жиддий зарар етказган бўларди.
Бундан ташқари, текширувлар натижасида паразит касалликларининг 1486 ҳолати ошкор этилиб, одамлар саломатлиги учун хатарли бўлган маҳсулотлар йўқотилди.
Республика фумигацион (фумигация – озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларни зараркунандалардан зарарсизлантиришнинг энг самарали ва арзон усули) бригадаси томонидан 2018 йили 46811 тонна пахта толаси, 8810 тонна ипак, 47 тонна шойи толаси, 4720 тонна қуруқ мева, 800 тонна арпа, 22 тонна кунгабоқар, 53 дона ёғоч эшик ва дераза, 656 тонна буғдой, 100 тонна кепак ва кунжара, 119 тонна писта, 24,4 тонна дуккаклилар, 5,4 тонна идиш-товоқлар токчаси, 163569та дарахт танаси зарарсизлантирилди. Бу йўналишдаги ишлар бугун ҳам давом этмоқда.
Бундан ташқари, аҳоли санитария билимини ошириш ва ҳаётини яхшилаш мақсадида, Озиқ-овқат хавфсизлиги комитетининг топшириғига биноан, Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигининг санитария-эпидемиология хизмати мутахассисларини жалб этиш орқали ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, улар мамлакат шаҳру ноҳияларида аҳоли ва фаоллар билан учрашувлар ўтказишди. Шунингдек, тушунтириш қоғозлари тайёрланиб, ҳайвонлардан одамга ўтувчи турли касалликлар олдини олиш тўғрисида телевидениеда махсус кўрсатувлар ҳам ташкил қилинган.
Г.Аюпова,
"Халқ овози".
**
Нуриддин Саид: - Камолот қўнғироғи ўтказилишига йўл қўйиб бўлмайди
- Тожикистоннинг ҳар бир фуқароси Конституцияда белгиланганидек, ўз она тилида таълим олиш ҳуқуқига эга, - деди Тожикистон Республикаси Маориф ва илм вазири Нуриддин Саид вазирликнинг ўтган йил якунига бағишланган матбуот конференциясида. - Мактабларимизда ўқувчилар давлат тили билан бир қаторда, Тожикистонда яшайдиган бошқа миллат вакиллари тилларида ҳам бемалол таҳсил олишади.
Маориф ва илм вазири мактаблар илгариги таътил тартиби, яъни кузги ва қишки таътилга чиқишга қайтганлигини айтар экан, "Камолот қўнғироғи" тадбирига йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.
- Бу тадбирлар мактабларда коррупцион амалларга йўл қўйилишига асос яратади, шунинг учун ҳам, бундай тадбирлар ўтказилишига йўл қўйиб бўлмайди, - деди Нуриддин Саид.
Журналистлар томонидан берилган бир қатор саволларга Маориф ва илм вазири анжуман жараёнида жавоб қайтарди.
Жумладан, мамлакат Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Паёмидан келиб чиқадиган вазифалар ижроси йўлида тадбир режаси ишлаб чиқилган бўлиб, у Маориф ва илм вазирининг 2019 йилнинг 11 январида имзолаган 165-фармони билан тасдиқланган.
Шунингдек, бошланғич, ўрта умумтаълим ва олий касбий таълим муассасалари талабаларининг билим даражаси йилдан-йилга яхшиланиб бораётганлиги, аммо у барибир халқаро стандартлар талабига жавоб беролмаслигига вазир урғу бериб ўтди.
Бундан ташқари, Нуриддин Саид ўқитувчиларнинг мажбурий ишларга жалб этилишига тўхталар экан, бундай ҳолат мамлакатимиз маориф ва илм соҳасида кўзга ташланмаслигини зикр этди.
- Айни пайтда олий маълумотли ва олий касбий даража эгаси бўлган ўқитувчиларнинг вазифавий маошлари 896 сомонийни ташкил этади, - деди Н. Саид. - Бунга қўшимча тарзда ўқитувчилар синф раҳбарлиги, кабинет мудирлиги ва дафтар текшириш учун қўшимча ҳақ оладилар. Ана шу қўшимчаларни эътиборга олганда, олий маълумотли ва олий касбий даража эгаси бўлган ўқитувчининг маоши 1360 сомонийни ташкил этади. Шунингдек, қишлоқ мактабларида фаолият юритаётган ёш ўқитувчилар маошларига биринчи уч йилда 10 фоиз маблағ қўшилади.
Бундан ташқари, Маориф ва илм вазири дарслик китобларининг сифати, мазмуни ҳамда ундаги камчиликларга алоҳида тўхталди.
Шунингдек, Нуриддин Саид маориф ва илм соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари самараси юзасидан ҳам журналистларга маълумот берди.
Г. СОТИБОЛДИЕВА, "Халқ овози".
**
ОЛИЙГОҲЛАР НУФУЗИНИ БЕЛГИЛАШ МЕЪЁРИ
- Тожикистон Республикаси Маориф ва илм вазирлиги ўтказган рейтинг бўйича Тожикистон Давлат тижорат олийгоҳи бешинчи ўринни қўлга киритди, - деди ўтган йил якунига бағишланган матбуот конференциясида Тожикистон Давлат тижорат олийгоҳи ректори Ҳамидулло Фақеров. - Албатта, бу рейтингни тузишда олийгоҳда йўлга қўйилган илмий-тадқиқот ишларига катта эътибор қаратилади. Шунингдек, таълим муассасасида олиб борилаётган таълим-тарбия ишлари, талабаларнинг билим ўзлаштириш даражалари ва бошқа жиҳатлар ҳам ҳисобга олинади. Университетимиз мамлакат олийгоҳлари ўртасида ўтказилган рейтингда бешталикдан ўрин олганлиги жамоамиз меҳнатининг самарасига берилган ҳаққоний баҳо, деб ҳисоблайман.
Тожикистон Давлат тижорат олийгоҳи ректорининг журналистларга берган маълумотига кўра, олийгоҳда 26 ихтисос бўйича бакалавриат, 11 ихтисос бўйича магистратура, 10 ихтисос бўйича аспирантура ва 14 ихтисос бўйича PhD доктор ва 5та иккинчи олий касбий таҳсилот юзасидан мамлакатимиз ва хориж меҳнат бозорларига мутахассислар тайёрланади.
Олийгоҳда фаолият юритаётган педагогларнинг 16 нафари фан доктори, профессор, 104 нафари фан номзоди, доцент, 85 нафари катта ўқитувчи ва 44 нафари ассистент эканликлари таълим сифатининг юксалишига хизмат қилиши, табиий.
- Таълим-тарбия замон билан ҳамқадам бўлиши керак, - деди Ҳ. Фақеров. - Техника ва технологиянинг энг сўнгги ютуқларидан фойдаланиб, ишни ташкил этиш, таълим самарадорлигини оширади. Айни пайтда биз талабалар ётоқхонасининг кўп қисмини компютерлар билан таъминладик. Компютерларнинг интернет тармоғига уланганлиги эса, талабалар учун яратилган қулайлик ҳисобланади.
Тожикистон Давлат тижорат олийгоҳида 84 нафар хориж давлатлари фуқаролари таҳсил олишади. Жумладан, 65 нафар студент, қолганлари эса, магистратура, аспирантура ва докторантура тингловчиларидан иборат.
- Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг ташаббуси сабаб ўтган йили қўшни Ўзбекистон давлати билан ҳамкорликлар янги жараён олди, - деди Ҳ. Фақеров. - Ана шу эзгу ва хайрли ташаббус натижаси ўлароқ, айни пайтда олийгоҳимизда 31 нафар ўзбекистонлик талабалар таҳсил олишмоқда. Айниқса, мамлакатимизга чегарадош ноҳияларнинг битирувчилари бизнинг олийгоҳда таҳсил олишга катта қизиқиш билдиришмоқда. Келгусида биз бу йўналишда тарғибот-ташвиқот ишларини йўлга қўйиб, уларни олийгоҳимизга жалб этамиз. Бундан ташқари, Ўзбекистон таълим муассасалари билан ҳамкорликларни кенгайтириш мақсадида, бир қанча олийгоҳлар билан шартномалар ҳам тузганмиз.
Ўтган йили 999 нафар талаба олийгоҳни битирган ва уларнинг 17 нафари имтиёзли диплом соҳиби бўлганлиги ҳам олийгоҳ эришган ютуқлар сирасига киради.
Университетда 5529 нафар талаба ўқийди ва уларнинг 1252 нафарини қизлар ташкил этади.
М.ИСКАНДАР,
"Халқ овози".
**
МИЛЛИАРДЛИК МАРРА ЭГАЛЛАНДИ
«Шаҳримизда илк бор бир миллиард сомонийлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди!» Хўжанд шаҳар раиси Маъруф Муҳаммадзода ўтган йилги иқтисодий-ижтимоий натижаларга бағишланган матбуот йиғинини ана шу қувончли хабар билан бошлади. Бултур хўжандлик саноатчилар 1 миллиард 132 миллион сомонийликдан ортиқроқ маҳсулот ишлаб чиқаришди. Агар олдинги йил кўрсаткичлари билан қиёсланганда, деярли 121 миллион сомонийлик кўп маҳсулот тайёрланди. Хўжандда фаолият юритаётган барча турдаги саноат корхоналари сони 163тага етди. Бултур саккизта янги корхона маҳсулот тайёрлашга киришди.
Шаҳарда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари хили ҳам кўпайиб, 86тага етди. Миқдор билан бирга сифатга эътибор бериш хўжандлик саноатчилар маҳсулотларига чет элларда қизиқишни орттирди. Олис ва яқин хорижий мамлакатларга 188 миллион сомонийликдан ортиқроқ маҳсулот сотилди. Бу борадаги кўрсаткич 2017 йилга қараганда, 5,2 миллион сомонийга кўпайди.
Шаҳарда ишлаб чиқаришнинг юксалиб бораётгани ижтимоий соҳадаги ривожланишга, маданий ва маиший иншоотлар қурилишига имконият бермоқда. Шаҳарда 18 минг 650 нафардан кўпроқ нафақа олувчи мавжуд. Уларнинг нафақаси ҳар доим ўз вақтида етказиб берилмоқда. Айни бир пайтда, қайдга олинган 4 минг нафардан ортиқ камтаъминланган оилага моддий кўмак берилмоқда.
Ўтган йили Навбаҳор маҳалласида 320 нафар, 19-микроноҳияда эса, 240 нафар бола учун мактабгача таълим муассасалари ишга туширилди.
Шаҳар раисининг сўзларига қараганда, сайёҳликни ривожлантиришга эътибор Тожикистон, жумладан, Хўжандни дунёга янада яхшироқ танитиш билан бирга, иқтисодни ривожлантиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Қадимий Хўжандда эса, чет эллик сайёҳлар эътиборини тортадиган обидалар кўп. Жумладан, 32та тарихий ёдгорлик, 3та археологик, 25та меъморчилик, санъат ва маданият обидалари мавжуд. Ҳозирда 9та тарихий обидани ҳалқаро ЮНЕСКО ташкилоти рўйхатига киритиш учун ҳаракат бошланди. Яқинда мазкур ташкилот вакиллари Хўжандда бўлиб, бу тарихий ёдгорликларни асрашга берилаётган эътибор учун мамнунлик изҳор этишди.
Айни бир пайтда, сайёҳликни ривожлантириш мақсадида олий маълумотли, малакали мутахассислар тайёрлаш ишига алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда, Тожикистон Давлат тижорат дорилфунунининг Хўжанддаги савдо ва иқтисод институтида уч йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Талабалар «Халқаро сайёҳлик», «Бизнес саёҳати» ва «Халқаро сайёҳликни ташкил этиш» йўналишлари бўйича таълим олишмоқда.
Хўжандда сайёҳларга қулай шароитлар яратиб бериш учун янги-янги меҳмонхоналар қурилмоқда. Ҳозирда уларнинг сони 15тага етди. Сирдарёнинг икки қирғоғини боғловчи осма йўл қурилиши бошланди. Хўжанддаги биринчи осма йўлнинг хорижий сайёҳларда қизиқиш уйғотиши, табиийдир.
Ўринбой УСМОН,
«Халқ овози».
**
Аграр саноатдан – саноатлаштиришга
Бобожон Ғафуров ноҳияси фақат Суғд вилоятида эмас, балки Тожикистондаги энг йирик қишлоқ хўжалик ноҳияларидан бири саналади. Ноҳияда пахтачиликдан тортиб боғдорчиликкача, сабзавотчиликдан тортиб чорвачиликкача ривожланган. Буни ноҳия қишлоқ хўжалиги меҳнаткашларининг ўтган йили қўлга киритган натижаларидан ҳам билса бўлади. 2018 йилда ноҳияда 1 миллиард 70 миллион сомонийликдан кўпроқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилди. Айни ғўза ҳосил тугиши пайтига келганда ҳавонинг кескин исиб кетишига қарамасдан, пахта етиштириш йиллик режаси анчагина ортиғи билан бажарилди. Олдинги йилга қараганда, деярли 2300 тонна ортиқ сабзавот ҳосили йиғиштириб олинди. Гўшт, сут, тухум етиштириш 101 фоиздан 141 фоизгача кўпайди.
Айни бир пайтда Бобожон Ғафуров ноҳияси раиси Зариф Назирийнинг матбуот йиғинида айтишича, саноат маҳсулотларидан тушган маблағ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари келтираётган фойдадан ортган. Бултур ноҳияда 1 миллиард 146 миллион сомонийликдан кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқарилган. Ноҳияда мамлакат Президенти Паёмидаги муҳим нуқта – навбатда агросаноатдан саноатлаштиришга ўтиш борасидаги кўрсатмани амалга ошириш учун пахта толасини бевосита ноҳиянинг ўзида йигиришдан тортиб тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришгача бўлган режаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Ўтган йили мавжуд 103та саноат корхонасидан 59таси маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтирди.
Айни бир пайтда, саноат ва қурилиш маҳсулотлари сифатига муҳим аҳамият берилмоқда. Буни биргина «Хуаксин Ғаюр Суғд цемент» мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу корхонада ишлаб чиқарилаётган муҳим қурилиш хом ашёси сифатининг баландлиги боис, унга нисбатан хорижда талабот борган сари ошмоқда. Ўтган йили биргина қўшни Ўзбекистон ва Қирғизистон мамлакатларига 500 минг тоннадан ортиқ цемент етказиб берилди.
Зариф Назирий ишлаб чиқаришда эришилаётган ютуқлар аҳоли масканларини ободонлаштириш, таълим-тарбия муассасалари, ижтимоий-маданий иншоотлар қурилишини кўпайтиришга имконият яратаётганини таъкидлаб ўтди. Масалан, Овчиқалъача қишлоғида 540 ўқувчи учун замонавий мактаб қурилди. 5та мактабда қўшимча синфхоналар бунёд этилди. 256 километрдан ортиқ йўл таъмирланди. 25 километр йўлга мум ётқизилди. Йўлларни текислаш мақсадида 12 миллион сомонийликдан кўпроқ маблағ сарфланди.
Айни бир пайтда, Тожикистон мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб кутиб олиш йўлида ободонлаштириш ишлари авжида. Шонли санагача 98та иншоот бунёд этиш режага олинган.
Ноҳия раисининг айтишича, навбатдаги уч йил Қишлоқлар, сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йиллари, деб эълон қилиниши бу соҳаларга эътибор кучайтирилишини янада кўпроқ тақозо этади. Ҳозирда ноҳияда икки юзтадан кўп турдаги халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари тайёрланмоқда. Бултур Исфисор қишлоқ жамоатининг Шўркўл мавзеида, «Тожик денгизи» соҳилидаги хушманзара жойда «Кохи Малика» деб аталган дам олиш минтақасини бунёд этиш бошланди. Мевағул тоғи этагидаги Чашмасор қишлоқ жамоатида «Арчазор» дам олиш минтақаси ташкил топди.
- Эришган ютуқларимиз ўзимизники, лекин иш бор жойда камчиликлар, ишга солинмаган имкониятлар ҳам бўлиши мумкин. Биз мамлакатимиз равнақи, аҳоли ҳаётини янада яхшилаш йўлида бу имкониятларни топиб, ишга солаверамиз, - деди Зариф Назирий.
Ўринбой УСМОН,
«Халқ овози».
**
БЮДЖЕТ МАБЛАҒЛАРИДАН МАҚСАДЛИ ФОЙДАЛАНИЛМОҚДА
- Иш фаолиятимизни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг мамлакат Олий Мажлисига йўллаган Паёмидан келиб чиқадиган вазифалар, Тожикистон Президенти топшириқ ва кўрсатмалари ҳамда мамлакат Молия вазирлигининг соҳага тегишли қарор ҳамда дастурлари асосида йўлга қўйганмиз, - деди Хатлон вилояти Молия бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Назарзода ўтган йил якунига бағишланган матбуот конференциясида. - 2018 йил бюджет маблағларидан тежамкорлик билан мақсадли фойдаланиш, бюджет соҳаси ходимлари маошини таъминлашни бошқарма ҳамда бошқа тегишли органлар билан ҳамжиҳатликда йўлга қўйиб, бу йўналишда муайян ишлар бажарилди. Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетнинг даромад қисми 101 фоиз таъминланиб, бюджетга 1022,8 миллион сомоний маблағ киритилди. Бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 122 миллион сомоний кўпдир.
Шунингдек, Бахтиёр Назарзода ўз ҳисоботида бюджетнинг даромад қисми режаси бажарилганлиги унинг харажат қисми воқеий даромадлар ҳисобидан йўлга қўйилиб, вилоят иқтисодий соҳаларига 1515,7 миллион сомоний йўналтирилганлигини қайд қилиб ўтди. Умуман, 1336 миллион сомоний ёки маблағларнинг 88 фоизи ижтимоий соҳаларга, жумладан, маориф ва илм 880 миллион сомоний, соғлиқни сақлаш соҳасига 392 миллион сомоний, ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасига 11 миллион сомоний, маданият ва спорт соҳасига 52 миллион сомоний сарфланди.
- Молия соҳаси мутахассисларининг касбий маҳоратини ошириш йўлида вилоят Молия бош бошқармаси махсус марказ ташкил этиб, соҳанинг 156 нафар ходими ўз касбий маҳоратларини марказда такомиллаштиришди.
Илгари шундай марказ вилоятда мавжуд бўлмаганлиги қайд этиб ўтилди.
Шунингдек, Молия бош бошқармаси масъулларининг маълумотига кўра, ўтган йили тадбиркорлар томонидан 46та лойиҳалар ишлаб чиқилиб, Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш фондига тақдим этилди. Бунинг натижасида, 6та лойиҳа учун 10,9 миллион сомонийлик имтиёзли қарзлар ажратилди.
Давронбек Каримов,
"Халқ овози".
Мамлакатимиз жанубидаги энг чекка Носир Хусрав ноҳияси халқи азалдан ҳунарсевар, хусусан, аёлларнинг қўл ҳунари кўзга кўринарли бўлиб, уларнинг жун, ипак ва пахта матоларидан тўқиган буюм-ашёлари узоқ-яқин мамлакатларда маълум ва машҳурдир. Хом ашёдан қўлда тайёрланадиган гилам, атлас, беқасам, бахмал, банорас ва бошқалар бақувват, пухта бўлиб, бу уларнинг ажиб санъатидан дарак беради.
Муфассал...
Жорий йил 1 сентябрида Тиббиёт олийгоҳида Тинчлик дарсини ўтган муҳтарам Президентимиз республикани қамраб олган барча муаммоларни тилга олди. Тинчлик дарси Тиббиёт олийгоҳида ўтаётганлиги учунми, у киши негадир, кўпроқ аҳоли саломатлиги, тиббий хизмат, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва кун сайин урчиб бораётган турли юқумли касалликлар борасида кенг тўхталиб ўтди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015