Бугунги кунда дунё тиббиёти тез суръатда ривожланиб, илгари шифоси бўлмаган дардларга даво топилмоқда. Жумладан, юртимиз мустақилликка эришиб, бошқа соҳалар қаторида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам изчил ислоҳотлар олиб борилди ва бу борадаги ишлар давом этмоқда. Шунга қарамай, аҳолининг ҳалигача баъзи касалликлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмаслиги, ўз танасидаги дардга эътиборсизлиги, инсон учун энг катта бойлик саналмиш
саломатлик ҳақида қайғурмасликлари аянчли оқибатларга олиб келаётгани бор гап. Шулардан бири – сил касаллиги.
Сил ҳаммадан кўп тарқалган юқумли касаллик бўлиб, бир томондан, касаллик қўзғатувчисининг ташқи муҳитда жуда кўп учраши боис бўлса, иккинчи томондан, одамда сил билан касалланишга мойиллик борлиги сабабдир.
Биз ҳам ўз навбатида сил касаллиги, у ҳақдаги баъзи зарур маълумотлар ҳамда касалликнинг Суғд вилояти бўйича ҳолати, силга қарши кураш муассасаларидаги мавжуд камчилик ва муаммолар билан муштарийларни таништиришни ният қилдик.
Сил – ижтимоий касаллик
Бу касалликни кўпчилик ижтимоий касаллик, деб аташади. Чунки инсон организми қанча суст бўлса, касалликни юқтириб олиш даражаси шунча кучли бўлади. Бундан ташқари, ижтимоий омиллар: яхши турмуш шароитига эга бўлмаслик, санитария қоидаларига эътиборсизлик ва ҳоказолар шулар жумласидандир. Диққат бўлишлик, ҳаддан зиёд ўй-хаёллар домига тушиб қолган кишилар ҳам силга чалинишлари мумкин.
Шундай кишилардан бири Деваштич ноҳиясида истиқомат қилувчи (номи матбуотда эълон қилинишини истамаган) шахсдир. У бу касалликка йўлиқишининг асосий сабабини кўп ўйланиши ва ҳаддан ортиқ диққат бўлишида, деб билади. Чунки оғир турмуш шароити бунга сабаб бўлган.
– Лекин Худога шукр, ҳозир бу дарддан қутулдим. Мунтазам шифокорлар кўригида бўлдим. Улар тавсия этган дориларнинг барчасини қабул қилдим. Ҳозир анча яхшиман, - дейди у.
Нотўғри тушунчалар
Одамлар орасида бу касаллик ҳақида жуда кўп нотўғри тушунчалар мавжуд. Бундай ўйловчи кишилар эса, ўзлари билмаган ҳолда, силга йўлиққанлар руҳиятини тушириб, уларнинг шифо топишга бўлган умидининг сўнишига «хизмат» қилганликларини билишмайди. Чунончи:
*Сил - ирсий касаллик. Бу фикр, умуман, нотўғри. Чунки бу касаллик насл сурмайди.
*Сил касаллигидан халқ табобатида даволаниш мумкин. Айни пайтда силга қарши барча дори-дармонлар мавжуд. Шунинг учун ҳам, силни халқ табобатида даволайман дегандан кўра, шифокор маслаҳатига қулоқ тутган маъқул.
*Сил касаллиги бедаводир. Одамлар орасидаги энг катта нотўғри тушунча - мана шу. Айни пайтда бутун дунё силшунослари унинг давоси борлиги ҳақида бонг уришмоқда. Шундай экан, сил касаллиги даволанади!
*Силни даволаш кўп маблағ талаб этади. Аксинча, сил касаллигини даволашга зарур дори-дармон воситалари давлат ва хорижий ташкилотлар томонидан бепул тақсимланади.
*Агар ўзингизни яхши ҳис этсангиз, даволаниш даври охирига етмаган бўлса-да, табобатни тўхтатишингиз мумкин. Ҳеч қачон. Чунки, шифокор тавсиясига амал қилган ҳолда, белгиланган вақт мобайнида даволанмаган ва табобатни тўхтатиб қўйган шахс бу касалликка қайта чалиниши мумкин.
Атрофдагилар муносабати
Силшуносларнинг фикрича, бу касалликка йўлиққан кишилар кўпчиликни ташкил этади. Лекин уларни аниқлаш жуда қийин. Бунга уларнинг силдан ҳайиқишлари ва ён-атрофдагиларнинг муносабати сабаб бўлади.
Агар қишлоқ жойларда бирор кишининг силга чалинганлиги маълум бўлса, унга нисбатан қарашлар ўзгаради. Ҳатто, айримлар бемордан ҳазар қилишгача боришади. Бу эса, касалликка чалинган кишининг аҳволи тобора ёмонлашувига олиб келади. Ундан юз ўгириш, камроқ муомалада бўлишлик, бемордан ўзларини четга олиш ва ҳатто, яқин қариндош-уруғчилик муносабатларини йўлга қўймасликкача бориб етишлик шулар сирасига киради. Бундай ҳолатларда бемор ўз касаллигини ошкор этишдан қўрқади ҳамда бошқаларга ҳам юқтиради. Биз сил касаллигига чалинган беморларга нисбатан қарашимизни ўзгартиришимиз, унинг дастлабки аломатлари кўриниши билан маҳаллий саломатлик марказига мурожаат қилишимиз ҳамда ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигига бефарқ қараб турмаслигимиз керак. Бемор ўзига бўлган эътиборни ҳиc этса ва кайфияти қанча яхши бўлса, касалликни енгиш шунча осон кечади.
Олиб борилаётган ишлар
Аҳоли ўртасида сил касаллиги юзасидан олиб борилаётган тушунтириш ишлари ҳалигача ўз самарасини бергани йўқ. Чунки, бу амал фақат шаҳарлар ва катта-катта қишлоқлардагина олиб борилмоқда. Шунга қарамай, ҳозирги пайтда чекка шаҳарча ва қишлоқларда маҳаллий қўмиталар ташкил этилган бўлиб, улар аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда сил касаллигини аниқлаш билан машғул.
Суғд вилоятидаги аҳолини сил касаллигидан ҳимоялаш маркази директори Даврон Мадаминовнинг маълум қилишича, USAID дастури билан ҳамкорликда вилоят бўйича 97та маҳаллий соғлиқни сақлаш қўмиталари ташкил этилган. Ҳар бир қўмита бошлиғига планшет берилган бўлиб, улар ўз жойларидан туриб, минтақадаги касаллик ҳолати ҳақида марказни хабардор этиб туради. Ушбу маҳаллий қўмиталарнинг умумий аъзоси 570 нафарни ташкил этади. Улар жорий йилнинг олти ойи бадалида 13 мингта учрашув ва суҳбатлар ўтказишган. Натижада эса, 185 кишида сил касаллиги аниқланган. Улар тезда шифокорлар кўригидан ўтишиб, даволанишни бошлашган. Шундай экан, жамиятнинг барча аъзоси бу касаллик ҳақида зарур маълумотга эга бўлиши ҳамда шундай кишилар учрайдиган бўлса, уларга тўғри йўл кўрсатиб, шифокор кўригига боришни маслаҳат бериши керак.
Кадрлар етишмовчилиги
Бу соҳадаги мавжуд яна бир муаммолардан бири - кадрлар етишмаслиги масаласи. Бу масала анча йиллардан буён ўз ечимини кутиб ётибди. Масалан, биргина сил касаллигининг олдини олиш ишлари энг яхши йўлга қўйилган Суғд вилоятини оладиган бўлсак, у ерда кадрлар масаласи биринчи даражали муаммо.
-Вилоят силга қарши кураш муассасаларида 119 нафар силшунослар учун иш ўрни белгиланган. Айни пайтда эса, 68 киши ишлаяпти. Улардан 22 нафари эллик ёшдан ўтган шифокорлар. Яна 19 нафари нафақадаги дўхтирлар. Умуман олганда, ҳозирда силшуносларга эҳтиёж сезмоқдамиз, - дейди Суғд вилоятидаги аҳолини сил касаллигидан ҳимоялаш маркази директори Даврон Мадаминов.
Беморларга ёрдам
Вилоят миқёсида силга чалинган беморларга ҳар томонлама ёрдам бериш борасида ҳам талай ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, ўтган йил ҳисобидан Исфара шаҳридан 3, Мастчоҳ ноҳиясидан 4, Шаҳристон ноҳиясидан 1 ва Гулистон шаҳридан 1 нафар сил касаллиги билан оғриган кишилар ер участкалари билан таъминланган.
Касалларга озиқ-овқат масаласида ҳам ёрдам берилган. Мисол учун, Истиқлол ва Спитаменда 12, Панжакентда 16, Истаравшан ва Аштда 1, Гулистон шаҳридан 3 нафар беморга бу борада ёрдам кўрсатилган.
Шунингдек, давлат ҳокимияти Айний ноҳияси ижроия органи томонидан 6 нафар касалга кўмир етказиб берилган.
Ҳукумат эътибори
Юқорида айтиб ўтганимиздек, мамлакат Ҳукумати томонидан соғлиқни сақлаш соҳасига жиддий эътибор қаратиб келинади. Жумладан, сил касаллигига қарши кураш ва бу соҳага оид бир қатор давлат дастурларининг қабул қилингани бунга мисол бўла олади. Чунончи, «1996-2000 йиллар учун Тожикистон Республикасида сил касаллигига қарши кураш миллий дастури», «2003-2010 йиллар учун Тожикистон Республикасида сил касаллигига қарши кураш дастури», «2010-2015 йиллар учун Тожикистон Республикасида аҳолини сил касаллигидан ҳимоялаш миллий дастури», «2015-2020 йиллар учун Аҳолини сил касаллигидан ҳимоялаш стратегияси миллий режаси» қабул қилинган. Мазкур давлат дастурларининг самарали йўлга қўйилиши натижасида юртимизда сил билан касалланган кишиларни аниқлаш ишлари яхши йўлга қўйилган.
Зуҳриддин УМАРОВ, «Халқ овози».
Муаттар бугун қадрдон дугонасини учратиб қолди. Дилдоранинг тўйидан сўнг улар кўришишмаган эди. Ачагина гаплар йиғилиб қолибди. Нима бўлди-ю гапдан гап чиқиб, Дилдора Муаттарни севган, унинг кўйида “жигар кабоб” бўлган собиқ синфдошлари Аббосни эслаб қолди:
-Қара-я дугона, сен рад жавобини бериб, Аббос билан хайрлашгач, эртаси куни у бизникига келган эди. Сени чақириб беришимни илимос қилди. Уни роса бопладим. Шу пайтгача қаёқда эдинг? - деб ҳайдаб солдим...
Муфассал...
ҲАЁТ СЎҚМОҚЛАРИ
Ҳаёт сўқмоқлариаро тебраниб,
Бир карвон ўтади – умр карвони.
Орқага қайрилмас, олддадир манзил,
Шафқатсиз вақт, ахир, карвон сорбони.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015