Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 06 Июл 2017 Кӯришлар: 1762
Печат

 

abduqodir nazarov 2017Инсонга бир сиқимгина умр ато қилинади. У вақт масофаси ва мазмун ўлчовидан холи эмас.

Одам боласи тириклигининг мезони одмигина- у фавқулодда қисқа умр кўради.

Кечириладиган умр масъулиятининг залвори - ўта оғир. Зеро, бани одамга хос умргузаронлик - жуда мураккаб жараён.

Инсон қадри унинг қанча узоқ яшаганлиги билан эмас, аксинча, ҳаётлик даврида эзгулик йўлида амалга оширган хайрли ишлари кўлами билан ўлчанади.

Дунё ғафлатида қолган одамзот ғанимат умрининг олтин қимматига тенг лаҳзалари зое кетганини кеч, жуда кеч англаб етади.

Шунинг учун ҳам, инсон боласи нима учун яшаётганлиги ҳақида астойдил бош қотириб, ҳаётнинг том маънодаги мазмун-моҳиятини англаб етишга уринмас экан, унинг тириклигини ҳаёт кўйларида ивирсиб, сандироқлаб юришдан бошқа нарса эмас, дейишга арзийди… 

Башарнинг донолиги ҳам шундаки, умри қадрининг фаҳмига ўз вақтида қайғуриб, уни савобли амалларга бағишлашидадир.

Савобга йўғрилган хайрли амаллар инсоннинг шахсий манфаатларига бегона, ундан хийла баланд туради.

Шахсий манфаатдан воз кечмоқнинг уддасидан чиқиш эса, ҳар кимнинг ҳам қўлидан келаверадиган юмуш эмас. Чунки ҳар қандай шахс ижтимоий ҳаёт зинапоясининг бошидан охиригача ўз шахсий манфаатларини кўзлаб қадам қўяди.

Фалсафанинг ана шу нуқтаи назаридан шахсий манфаатларини рўёбга чиқариш васвасасида умри гулдурос солиб ўтадиган одамнинг ҳаётини чақмоққа қиёслаш мумкин. Чақмоқ қанча кўк тоқида чақнамасин, эгри бўлгани учун унинг ёруғи борлиқнинг номаълум гўшаларида йўқолиб, бесамар кетади.

Элим, юртим деб, ёниб яшаган инсоннинг ҳаёт йўли эса, шам кабидир. Шам тўғри, адлдир, куйса ҳам бошдан-оёқ нур бўлиб куяр…

***

Инсоннинг гўзаллиги- унинг қалбида…

Одам боласига обрў- эътибор, шону шараф келтирадиган чин инсоний фазилатлар унинг қалбида қулф уради, вояга етади ва камол топади.

Ёш Абдуқодир ҳам мударрис отасига эргашиб, кўплаб маротаба Андижон мадрасаси остонасини ҳатлаб ўтди. Илмга чанқоқ инсонларни кузатди, ўрганди. Одам таниди…

Ҳаётда илмнинг, билимли одамнинг ўрни бошқача бўлишини- бир поғона юқори туришини илғаб олди.

Андижон мадрасасида бутун борлиғи билан таълим олишга шўнғиб кетганида, илмнинг сирли доми қалбини сеҳрлаб қўйганини ҳали тўла- тўкис англаб етмаганди.

Илм уни муттасил ўзига чорлайверди. Абдуқодир энди билим чўққиларини забт этиш йўлида ўткинчи умри лаҳзаларини қизғанмас, аксинча, илмнинг кўмиғлик хазина эмаслигини, жонли дарахт сингари ўсиб унмоғини, гулламоғини, алалоқибат, мева бермоғини пухта тушунди.

Абдуқодир Назаров риёзат чекиб дунё илмларини ўрганишга қарор қилди. Аввал Самарқанд (1923-1925 йиллар), кейин Тошкент (1926- 1931 йиллар) мадрасаларида ўз билимларига сайқал бериш баробарида толиби илмларга сабоқ ҳам айтди.

Ўтган асрнинг 1932-1937 йилларида Тошкент педагогика олий ўқув юртида таҳсил олди. Ўқитувчилик олий даргоҳини тугатгач, Андижон вилояти маориф бошқармасига мудирлик қилди.

Улуғ Ватан урушининг оловли йилларида Украина, Белоруссия республикалари ва Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург)дан эвакуация қилинган болалар учун Андижон шаҳри Ўрта Шархон қишлоғида учта интернат-мактаб ташкил қилиб, уларнинг таълим-тарбияси билан шуғулланди.

Маориф мудирининг ўша йилларда қилган заҳматли меҳнатлари СССР маорифи аълочиси нишони, урушга қатнашмаган бўлса-да, имтиёзли равишда "Қизил Юлдуз" ордени ва "Жасорати учун" медаллари билан тақдирланди.

Давлат ва ҳукуматнинг топшириғи билан 1947- 1949 йилларда Абдуқодир Назаров Сурхондарё вилояти маориф бошқармасига раҳбарлик қилди…

***

ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, маориф жонкуярининг умр дафтарида янги саҳифа очилди.

У ўз тақдирини Тожикистон деб аталган жаннатмакон юрт билан боғлади…

Ўша замонлар унинг айни куч-ғайратга тўлган палласи эди. У энди иккинчи она-Ватанини обод этиш, унинг аҳолиси саводхонлигини ошириш йўлида ҳалол меҳнат қилишга астойдил бел боғлади.

Афсуски, пок муроду мақсадларига амал тўнини кийдириш имкониятлари чекланган эди.

Қишлоқларда мактаблар кам, мутахассис кадрлар деярли топилмасди.

Шароит оғир бўлишига қарамай, енг шимариб ишга киришди.

Чекка қишлоқлардан бири Адир-Оққўрғонда мактаб очиш пайига тушди. Бу ерлик оқсоқолларни йиғиб ўзаро маслаҳатлашди. Билимли инсонларнинг ўша замон шароитида сув ва ҳаводек зарур эканлигини аҳолига тушунтирди.

-Маслаҳатли тўй тарқамас,- деганларидек, қишлоқда истиқомат қилувчи Жўрабой бобо исмли саховатли инсон уйининг бир хонасини мактаб  учун ажратиб беришга рози бўлди.

Қишлоқда мактаб очилиши жараёнини илм даргоҳининг қалдирғоч ўқувчиларидан бири, марҳум Сафар ҳожи тўрт йил муқаддам шундай ҳикоя қилганди:

- Чамаси ўн- ўн икки яшар эдим. Қишлоғимизда ёши элликлардан ўтган, юриш-туриши, муомаласи, кийиниши одамлар диққатини ўзига жалб этган, юзу кўзларидан меҳр ёғилиб турган зиёли кўринишидаги киши пайдо бўлди. Одамлар орасида:- Қишлоқда мактаб очилармиш,- деган гаплар пайдо бўлди. Аввалига ҳеч ким ишонмади, бу гапларга.

Мактаб очиш осон ишми?!.- дея гап тарқатди баъзи оғзига кучи етмаганлар.

Орадан кўп ўтмай, от уловларда қишлоққа парта, стол-стуллар ташиб келтирилди. Чунки ўша пайтларда Қоратоғ дарёсининг икки қирғоғини туташтирувчи кўприк ҳали қурилмаганди. Борди-келди кечув орқали бўларди.

Кўрибсизки, Адир-Оққўрғон қишлоғида бинойидек мактаб очилди. Абдуқодир муаллимда одамларни ўқитиш, уларнинг саводини чиқариш иштиёқи жуда юксак эди. Бу йўлда ҳар қандай азобу уқубатни ўз зиммасига олишга доим тайёр турарди. Катта-кичикни билим олишга ҳидоят қилди. Тез орада мактаб гавжум даргоҳга айланди. Барча чанқоқлик билан таълим олишга ўзини урди.

Ажиб томони шундаки, мактаб ўқувчиларининг энг ёши кичик вакили мен эдим…

Кейинчалик мактаб хўжаликдан қолган омборхонага кўчирилди.

Шундай қилиб, Абдуқодир Назаров Тожикистонда умид билан суққан илк таёқ, бериб қолди мева-ю япроқ…

***

… Кунларнинг бирида Регар ноҳияси партия комитетининг нозири А. Каримов Жданов номли участка меҳнаткашлари билан йиғилиш ўтказиб, қишлоқ хўжалиги ишларининг бориши, режалар ижроси ҳақида гаплашиб олгач, мажлисни қисқа қилиб, марказга қайтиш тадоригини кўрди.

Шунда Абдуқодир Назаров сўз олиб:- Ўртоқ Каримов,-дея вазминлик билан мурожаат қилди,- Участкамизда қишлоқ хўжалиги ишларининг аҳволи ёмон эмас. Кейинги йилларда ҳосилдорлик ошиб, мўл-кўл бўлиб бораётгани ҳеч кимга, хусусан, сизга ҳам сир эмас.

Бир нарсани унутмаслик керакки, ана шу ютуқларни мустаҳкамлаш, янги босқичга кўтариш учун билимли, малакали кадрлар керак. Буларни тарбиялашга мавжуд мактабимизнинг моддий-техник базаси жуда қашшоқ. Бизга янги мактаб, мутахассис ўқитувчилар керак. Бу билан иш илгари силжимайди. Бу борада дўппини ёнга қўйиб, чуқур ўйлаб кўрадиган фурсат етмадимикин?!.

Абдуқодир Назаровнинг келажакни кўра билиш иқтидори, ноҳия раҳбарларини мулоҳаза билан иш юритишга мажбур қилди. Орадан кўп ўтмай, Янги боғ қишлоғи (собиқ Жданов номли участкаси) масжиди  ўрнида янги мактаб қад ростлади.

Ана шу маърифий мерос анъаналари ҳали-ҳануз ноҳиянинг юқорида номи зикр этилган минтақа аҳолиси ёшларини эзгулик йўлида тарбиялашга хизмат қилиб келмоқда… 

***

Узоқ йиллар икки қондошу жондош халқлар маърифатига боғбонлик қилган, соҳанинг ривожу равнақида умри азизининг ғанимат дамларини дариғ тутмай, самимий, ҳалолу пок меҳнат қилган Абдуқодир бобо 1988 йилда Жданов участкаси (ҳозирги Янги боғ қишлоғида) 90 ёшида оламдан ўтди.

Ишининг устаси бўлган педагогдан маърифат даргоҳлари, халқ ва Ватан фаровонлиги, ободлиги йўлида хизмат қилишга камарбаста фарзандлар ёдгор бўлиб қолди.

Абдуқодир бобо умр йўлдоши София опа ила 6 ўғил ва 2 нафар қиз фарзандларни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказишди.

Зурриёдларининг тўнғичи Жўрақул Назаров ота изидан бориб, педагогика олийгоҳининг чет тиллар факултетини тугатди. Узоқ йиллар Турсунзода ноҳиясидаги 5 ва 8-ўрта умумтаълим мусассаларида ёшларга дарс берди. Айни пайтда нафақахўр.

Фарзандлари Тўрақул, Қурбонали ва Фаридалар Тожикистон Савдо техникуми битирувчилари.

Ўртанчи ўғли Маҳамадали Назаров Абуали ибн Сино номидаги Тожикистон Тиббиёт дорилфунунини тугатган. Ҳозирда Турсунзода шаҳар марказий касалхонаси Нейрожарроҳлик бўлимининг мудири. Олий тоифали шифокор. Тожикистон соғлиқни сақлаш аълочиси. Тиббиёт соҳаси бўйича халқаро Ибн Сино мукофотининг совриндори.

Аҳмадали - стоматолог врач. Искандар  - Тожикистон политехника олийгоҳининг қурувчилик куллиётини битирган, қурувчи-муҳандис.

Хуллас, бир оилада фарзандларга мукаммал тарбия беришнинг барча қонун қоидалари рисоладагидек рўёбга чиқарилган…

***

"Биз - келиб кетувчи тўгарак жаҳон…"

Дарёлар оқиб ўтаверади, шамоллар эсаверади. Инсон зоти келиб- кетаверади…

Хотиралар эса, инсон шуурида муҳрланиб қолаверади…

Ҳаёт мудом ривожланишда. Унинг эртанги кунини эзгулик ёритади…

Эзгуликки, Абдуқодир ота Назаровнинг умр шамидан таралган нурафшон зиё каби…

Эзгулик - қалб қўридан тараладиган порлоқ ёғду…

 

Абдуҳафиз МИРЗААҲМЕДОВ. 

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Янги иш жойлари

 

Жорий йил бошидан буён Бохтар ноҳиясида 1814та янги иш жойи бунёд этилди, бу режанинг 92,8 фоизини ташкил этади.

Давлат ҳокимияти Бохтар ноҳияси ижроия органидан хабар беришларича, янги иш жойлари ва корхоналар ташкил этилиши ишлаб чиқариш умумий кўрсаткичининг ошиши омили бўлиб хизмат қилган.

Муфассал...

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

 


БИР БОҒ ЯРАТСАЙДИМ…

 Бир боғ яратсайдим…

Оқшомларида

Серюлдуз кўкига термулиб ётсам.

Лабларимга босиб бойчечакларин,

Субҳида уйғониб, шомида ботсам…

Бемаъни жоҳиллар «миш-миш»ларидан,

Қулоқларим битди,

Куйди юрагим.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990781

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478057
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3985
4027
21670
7426653
99701
114875
7478057

Сизнинг IPнгиз: 3.145.161.194
Бугун: 23-11-2024 17:17:11

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015