Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон масъул кишиларга мунтазам янги иш жойлари яратиш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш ҳақида кўрсатма ҳамда топшириқлар бериб келади.
Яқинда Кўлоб шаҳри маданият-истироҳат боғида Ёшлар йилига
бағишлаб бўш иш жойлари ва вазифалар минтақавий ярмаркаси ўтказилди. Тожикистон Халқ Демократик партиясининг Кўлоб шаҳри ижроия органидан хабар беришларича, ярмаркада Кўлоб минтақаси шаҳар ва ноҳияларидаги 70та корхона, ташкилот ва муассасалар 837та бўш иш жойлари ва вазифаларни тақдим этишди. Бўш иш жойлар ярмаркасида 104 киши иш жойларига йўлланма олди. Уларнинг 71 нафарини ёшлар ташкил этганлиги қувонарлидир. Аммо таклиф этилган 837та бўш иш жойидан фақатгина 104тасигина эгалланиб, қолган 733таси яна бўш қолганлигининг асосий сабаблари нимада? Нега бугун меҳнат муҳожирлигига отланганлар Ватанимизда ишлашни исташмайди?
Шу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида мухбиримиз турмуш тарзлари хорижга меҳнат муҳожирлигига бориш билан шаклланган бир неча ватандошларимизни суҳбатга чорлади.
Неъматулло Ҳасанов, Восе ноҳияси:
- Ўрта мактабни тугатгач, кўпчилик қишлоқдошларимизга эргашиб, Россия Федерациясига меҳнат муҳожирлигига отланганман. Ўшандан буён асосий машғулотим муҳожиратда ризқу рўз яратиш бўлиб қолган. Ёшим ўттиздан ошиб, ўқишимни давом эттирмай, нодуруст қилган эканлигимни англадим. Бугун маълумотим йўқлиги, касб-ҳунар ўрганиб, ҳужжат олмаганлигим учун бирор дурустроқ иш этагини тутишнинг иложи йўқ. Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда жуда кўп бўш иш жойлари ярмаркалари ташкил этилади. Бу ярмаркаларнинг айримларини кузатганман. У ерларда таклиф этилаётган бўш ишлар учун касб-ҳунар эгаллаганлик ҳақида ҳужжат сўрашади. Қўлимдан қурилиш ишларининг барчаси келиши, муҳожиратда бу ҳунарнинг ипидан-игнасигача ўрганганлигимга қарамай, ҳужжатим йўқлиги туфайли, бирор-бир бўш иш жойига даъвогарлик қила олмайман. Қолаверса, бу йиллар давомида уч нафар фарзанднинг отаси бўлганман. Муҳожирликда орттирган маблағ эвазига уй қуриш учун участка сотиб олдим. Ўртамиёна уй ҳам қурганман. Энди ўқиб, бирор маълумот олай десам, бунинг имкони йўқ. Халқимизда: - «Темирни иссиғида босгин», - деган мақол бежизга қўлланмас экан. Бундан ташқари, ўрта мактабни тугатган йилларим ўқиш учун бугунгидек шарт-шароитлар етарли эмасди. Бугун ёшларга ўқиб, илм олиш, истаган касбининг этагини тутиш учун жуда кенг имкониятлар яратилмоқда. Мамлакатимиз Президентининг ёшлар, уларнинг таълим-тарбияси, келажаги тўғрисида кўрсатаётган ғамхўрликлари таҳсинга арзийди. Бир неча йиллардан буён олий ва ўрта таълим ўқув юртларига Тожикистон Республикаси Президенти қошида ташкил этилган Миллий тест маркази орқали қабул йўлга қўйилганлиги нур устига аъло нурдир. Зеро, имтиҳонлар топширишдаги шаффофлик таъминланиши, абитуриент учун бирданига 12та касбни танлаш имконияти берилганлиги фақат ва фақат ёшларнинг касб-ҳунарли бўлишларига қаратилган амалдир. Ўтган йил декабр ойида Москва шаҳрида эканлигимизда мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Паёмини тингладик. Ўшанда давлатимиз сарварининг жорий йилни Ёшлар йили, деб эълон қилиш ҳақидаги таклифи жуда жўяли бўлганлигини, Миллат пешвосининг ёшлар келажагига қаратилган навбатдаги ғамхўрликлари эканлигини ҳис этдим. Шунинг учун ҳам, бугунги ёшларга мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишни маслаҳат берган бўлардим. Биз битирувчи синфда ўқиган пайтимизда, ўғил болалар суҳбат мавзуи, асосан, Россияга ишга бориш эди. Энди бундай бўлмасин. Ёшларимиз – азиз Тожикистонимизнинг ёрқин келажаклари. Улар ўқиб, билим олишса, замонавий техника-технология сирларини ўрганишса, касб-ҳунар ўрганишса, менга ўхшаб, баҳорнинг илиқ кунлари бошланиши билан уй-жойи, қадрдонларини қолдириб, Россияга кетмаган бўлишарди…
Кенжа Эрбобоев, Темурмалик ноҳияси:
- Россия Федерациясида муҳожир ишлаб топадиган пул билан бугун мамлакатимизда ташкил қилинаётган ярмаркалардаги бўш иш жойлари маошлари анчайин фарқ қилади. Нарх-навонинг кескин кўтарилиб кетганлиги, турмуш даражаси тарози палласининг истеъмолчи фойдасига эмас, балки тескарисига тош босаётганлиги ватандошларимизнинг бу ишлар этагини тутишига йўл бермайди. Дарҳақиқат, муҳожиратда ишлаб топилган маблағнинг салмоғи яхши, лекин уни топишнинг заҳмати оғир. Меҳнат муҳожири чекадиган азобларига қарамай, оилани тебратиш учун барчасига чидайди.
Муҳожиратнинг ўзига хос нозикликлари бор. Кимгадир омад кулиб боқади, яхши инсонларга дуч келади, кўнглига мувофиқ иш топади ҳам. Аммо ғарибликда хўрликларга учрайдиганлар ҳам талайгина. Бугун муҳожирларни ишлатиб, пулларини бермай, қочиб қоладиган даллоллар кўпаймоқда. Улар бу жирканч амалларини касбга айлантириб олганлар. Аянчлиси шундаки, бундай қаллоблар ўзимизнинг ватандошларимиз орасида ҳам йўқ эмас.
Менимча, бугунги меҳнат муҳожири ҳаётнинг барча нотекисликларига тайёр турмоғи лозим. Ўшандагина у кўзлаган мақсадига эришади, яъни муҳожирликда пул ишлаб топа олади.
Ўлкамизда янги корхоналар бунёд этилиб, яхши маош берадиган иш жойлари бунёд этилса, ватандошларимиз, шубҳасиз, ўзимиздаги ишни хориждагидан афзал, деб билган бўлишарди…
Баротали Эргашев, Жалолиддин Балхий ноҳияси:
- «Душанбе-Москва» авиарейсига билет олишга боргандим. Унинг нархи икки минг олтмиш сомоний эканлиги режаларимни бузиб юборди. Ёшим олтмишни қоралаб қолган бўлса-да, меҳнат муҳожирлигига боришга мажбурман. Зеро, ўғлимга ўтган йили Россия Федерациясига кириш тақиқланибди. Кўп жойга учраб, бунинг сабабини билолмадик. Чунки ўғлим уйга келгандан кейин, ўзига тақиқ жорий этилганлигини билди. Ҳозирча у Душанбе шаҳридаги 82-микрорайонда ўтиради, мардикорлик қилади. Баъзан уззукун иш тополмай, зерикишидан шикоят қилади. Аммо бошқа илож йўқ. Унинг бирор касб-ҳунари йўқ.
Яқинда май ойининг охирларига келиб, самолётнинг билет нархи бироз тушади, деган хушхабарни эшитдим. Энди ўша пайтни кутаман. Ишқилиб, билетга сақлаган пулимни ҳам ишлатиб қўймасам бўлгани…
Мирзоанвар Мирбобоев, Россия Федерацияси,
Калуга вилояти, суд органлари таржимони:
- Меҳнат муҳожирати – давр талабидан келиб чиққан ижтимоий ҳодиса. Бугун жаҳонда меҳнат муҳожирати орқасидан рўзғорини тебратаётганлар талайгина. Айрим норасмий манбалар маълумотига кўра, дунёдаги меҳнатга лаёқатли ҳар олтинчи киши – меҳнат муҳожири. Жаҳонда 800 миллионга яқин киши ички муҳожир бўлса, 250 миллион нафардан ортиқ киши ташқи муҳожират орқасидан нон ейди. Бу – табиий ҳолат. Шу сабабли, бугун мустақил Тожикистонимиздан ҳам кўпчилик муҳожиратни ихтиёр айлаганликлари учун кимнидир айблашимиз керак эмас. Балки ана шу оқимнинг тартибли, мақсадли ва самарали бўлиши йўлларини излашимиз лозим.
Узоқ йиллардан буён Россия ўлкасида фаолият юритиб, ўлкамиздан муҳожиратга келаётган ватандошларимизнинг ҳуқуқий маърифатлари пастлиги, билимлари саёзлиги, тил билмасликлари ҳамиша уларнинг муаммоларга дуч келаётганликларининг асосий сабаби эканлигини тушуниб етганман. Айниқса, тил билмаслик, хориж мамлакати ҳуқуқий тартиблари, қонун-қоидаларини билмаслик – ватандошларимизнинг хўрланишиларига олиб келади. Албатта, дунёқараши кенг, замонавий билимларни эгаллаганлар ғарибликда ҳам эркин фаолият юритадилар.
Бундан ташқари, кўпинча юртдошларимиз ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан мавжуд муаммони пора бериш орқали ҳал этишмоқчи бўлишади. Афсуски, айрим ҳолатларда бундай таваккалчилик муҳожирнинг жиноий жавобгарликка тортилишигача олиб келади.
Яна такрорлайман: ҳуқуқий билими саёз, тил билмайдиган муҳожир ғарибликда муаммолар чангалидан қутулиши оғир кечади…
Суҳбатни Искандар МАҲМАДАЛИЕВ уюштирди.
Иккинчи суҳбат
Ассалому алайкум, азизлар!
Оила – муқаддас қўрғонни асраб турадиган, унинг бирон ери дарз кетмаслиги, ёрилмаслиги, ўпирилмаслиги учун катта, бақувват устунлари борлигини яхши биласиз. Ана шу устунларнинг энг қудратлиси ота эканлиги қадим-қадимдан буён ўз исботини топганлиги ҳам сизларга маълум.
Муфассал...
16 август куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон бунёдкорлик ишлари билан танишиш, бир қатор ҳаётан муҳим иншоотларни фойдаланишга топшириш ва қишлоқ хўжалиги соҳаси билан танишиш мақсадида Хатлон вилоятининг Бохтар ноҳиясига ташриф буюрди.
Раҳбарият, фаоллар, маориф ва маданият арбоблари, ёшлар намояндалари
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015