Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 07 Сентябр 2017 Кӯришлар: 2399
Печат

 

afsona 2017Мен бу китобни қандайдир иш билан чиқиб, болохонамизнинг бир бурчагида ўтган йиллар мобайнида ғарам-ғарам қилиб тоғдай уюб ташланган эски журналлар орасидан топиб олган эдим. Худо ҳаққи, тан олишим керак, бу яқин ўрталарда дўстларим айтгандай таниқли китоб жинниси бўлсам-да, бундай аянчли қисмат парчалари битилган китобни ҳали туғилиб қўлга олмаган эдим. Китоб кўп вақтлардан бери сақланиб келинганлиги боис муқовалари сичқонларга ем бўлиб,

варақлари қарийб кўз кўрмас даражада ёмғир остида қолгандай сарғайиб кетганди. Унинг номи ҳам, муаллифининг исми ҳам муқовасига қўшилиб йўқ бўлган, мен китоб орқасида лотин графикасида берилган баъзи сўзларнинг изоҳини кўриб, қайсидир хорижлик ёзувчиники бўлса керак, деб гумон қилган эдим. Қиссани мен бир неча ойдан бери қўлдан қўймай мутолаа қилаётгандим. Ундаги тушларингга кириб чиқадиган ваҳмкор руҳ ҳали китоб сўнгига етмаган бўлсам-да, шууримни эзадиган даражада мудҳиш битилганди…

…Ўшанда борлиққа эндигина кузакнинг совуқ шарпаси югурган кезлар эди. Мен ойлаб мук тушиб ўқиган ва ундаги беўхшов нафасдан юрагимда синиқ косадай дарз кетган, бугун уни ўқиш тугул у ётган столга яқинлашишга кўнглим зада бўлиб қолган Афсоналар ғори (мен номаълум китобга шундай ном қўйиб олган эдим) қиссасини эслаб қўлим ҳеч ишга бормай, ўзимни нима билан овутишни билмай ўтирганимда, кабинет эшиги очилиб, озғингина, истарали бир аёл қўлида аллақандай қоғоз билан кириб келди. Саломлашиб, қаршимдаги стуллардан бирига ўтиринг, деб ишора қилганимда у қўлидаги букланган қоғозни менга узатди-да, омонатгина курсига чўкди. -Бу хат сизга - деди, сўнг бир умр излай-излай ниҳоят йўқотган одамини топгандай мамнун ҳолда армонли тин олиб қўйди.

- Хайрият-е, сизни ҳам учратар кун бор экан. Бир ҳафтадан бери шаҳар изғийман…

Хат деганини эшитиб ҳайрон бўлдим, умрим бино бўлиб ҳали ҳеч ким билан хат-пат ёзишмаган эдим. Тўғри, бундан анча йиллар бурун ёшлигимда бориб палапартиш бир дафтар машқларимдан редакцияга юбориб, фалакнинг гардиши билан шу шеърлардан биттаси газетада босилганида бошқа шаҳар қизларидан Танишайлик, Сизга ўхшаганлар билан дўстлашишни истайман…, Хат ёзишиб турайлик мазмунидаги хатлар келиб турувди. Бирортасига жавоб қайтариш иштиёқим бўлмагач, хатлар оқими тақа-тақ тўхтаб қолган эди. Бунга ҳам талай йиллар бўлиб кетди. Орадан… бироқ… Ҳозир томдан тушгандек дафъатан пайдо бўлган, устида бирор ёзуви бўлмаган, устига устак нотаниш аёл орқали келтирилган хат мени ҳайратга солиб қўйганди.

Калавасининг учини йўқотган одамдай хижолатда қолганимни сезди шекилли, аёл батафсилроқ тушунтиришга киришди: - Энсангизни қотириб қўйдим, узр. Сизни шаҳарда анчадан бери ахтараман, ҳечки дарагингиз чиқса. Охири бахтимга олийгоҳда дарс берадиган бир дўстингиз учраб қолди. Шу ёққа йўналтирди мени. Лекин менга бошқа манзилни айтиб жўнатишганди, – деди аёл менга қараб оларкан.

- Ҳа шундай… бўлиши мумкин. Бу ерга ишга ўтганимга ҳали кўп бўлган эмас, – дедим аёлнинг тезроқ мақсадга кўчиши учун гапни қисқа қилиб.

- Хуллас, бу келтирилган хат дўстингиздан. Мен эса ўша дўстингиз даволанаётган руҳий касалликлар шифохонасида лаборант бўлиб ишлайман. Аниқроғи, буни дўстингиз эмас, профессоримиз бериб юбордилар. Хатни ўқиб чиқиб ўзингиз бафуржа тушуниб оларсиз, – деди-ю, вақти зиқлигини айтиб, узр-маъзур қилиб, қандай бесадо кириб келган бўлса, шундай чиқиб кетди. Аёл қанча босиқлик билан айтган бўлмасин, унинг гаплари таажжубимни янада ошириб юборди. Бир неча вақтдан бери ўзимни олиб қочиб юрган номаълум китобдаги ёввойи ғалаёнлар яна шууримда ўргимчакдай ўрмалагандай бўлиб, шошиб қолдим. Айниқса, унинг руҳий касалликлар шифохонасидаги дўстингиз дегани баданимдан совуқ тер чиқариб юборди. Дарҳол хатни очиб ўқишга тутиндим.

«Муҳтарам нотаниш жаноб, – деб бошланганди сарғиш қоғоздаги мактуб, – дўстингиз боис сизни безовта қилганим учун мени маъзур тутасиз. Сизнинг на манзилингиз ва на исмингизни билмасак-да, бу хатнинг қўлингизга етишига умид боғлаб ёзаяпман. Жилла қурса номингизни ёзай деб уриндим, бўлмади (дўстингиздан сўрагандим, айтмади. Касаллик асоратида уларни даволаётган ҳар қандай дўхтирни ўзларига душман деб билади бу ердаги беморлар. Шунинг учун сирларини бой беришмайди, бизнинг олиб бораётган муолажамиз қаттиқ азоб беради уларга…). Хулласки, дўстингиз анча тетик, тузалиб қолди ҳисоб. Тунги алаҳсирашларини, онгидаги барча парокандаликларини ҳисобга олмасак, сўнгги етти текширувимиздан соғ-омон ўтди. Кеча ҳатто, марказдан текширувга келишган эди. Академик опамиз қоғозларга қараб ишонқирамай, ўзлари ихтиро этган ОНГ-2 аппаратига ҳам солиб кўрдилар. Ҳаммаси қарийб жойида. Фақат миядаги кичик Ф ва Т томирлари ўзакларидан йироқлашган, лекин беморнинг ақл-ҳуши жойига кела бошлагач, томирлар ҳам ўзаклари томон аста-секин юриш бошлаган. Қисқа кунларда тузалиб, касаллик йўқолиб кетади, деб ишонтирди. Ана шундай ишончни биз ҳам сизга йўллаб, бир илтимосни маълум қилмоқчимиз. Билишимизча, дўстингиз қаровсиз, ҳатто шу ёшга етиб уйланишга улгурмаган экан. Қандайдир кампирдан қолган ташландиқ ҳовлида талай йиллардан бери ижарада яшаб келаркан. Ота-онасининг бор-йўқлиги бизга қоронғу. Аниқ бўлишича, шунча йиллар китобга муккасидан кетиб, тунларни бедор ўтказган. Азбаройи кўп ўқимоқликнинг зарбидан толиқиб, ўзига шундай касалликка йўл очиб берган. Ўқигандаям тағин бутун чет эл адибларининг афсонавий махлуқлар ҳақидаги машъум асарларини ўқиркан. Ўқиш билан маҳдудланиб қолмай, ўзи ҳам қўрқинчли туш каби ғайритабиий манзаралар ҳақида хаёл суриб қоғоз қоралар экан.

Булардан, албатта, сизнинг хабарингиз бўлса керак, деб ўйлайман. Тунов куни то тонгга қадар алаҳлаб сиз билан суҳбатлашиб чиқди. Ўшандаги кузатиш давомида сизнинг қайсидир марказий кутубхоналардан бирида ишлашингизни, талабалик йиллари у билан қиёматлик дўст бўлганликларингни ва кўп китоб ўқишда талабалар орасида ном чиқарганингизни билиб олдик. У ўша кеча узоқ валақлаб ётди. Қандайдир қора ғорлар, аждарлар кўмилган қабристон… ҳақида ва тағин янги нарсалар ёзиш кераклигини сизга обдон тушунтирган бўлди. Ўзиям уззу кун каравотга ётиб олиб, нималарнидир ёзарди. Шифохонамиздаги дўхтирларни қизиқтирган бу бисотни кеча у уйқуга кетганда, ниҳоят ўқишга муяссар бўлдик. Билсак, сизга мактуб ёзаётган экан. Ҳали тугаллаб улгурмаган хатдан бирор нусха кўчириб сизга жўнатсакмикин, деган фикрга ҳам бордик, бироқ… хатнинг ваҳимасидан юрак тарс ёрилай дейди. Ҳатто унинг образларини эслаб овқатланаётган пайтингиз ўқчиб юборишингиз мумкин. Бир практикант ҳамширамиз (китобга жуда иштиёқи баланд эди) ўқиб чиқиб, қулоқлари шанғиллаб қолди. Айтгандек, дўстингиз ишлайдиган жойдан уни йўқлаб одам келганди. Шаҳардаги ўн учинчи гаражданман, деб таништирди ўзини. Дўстингиз ўша гаражда қоровуллик қиларкан. У киши билан анча суҳбатлашганимизда бир сирини ошкор қилиб қўйди. Дўстингиз боя айтганимдай шаҳар чеккасидаги кампирдан қолган ҳовлида ёлғиз яшаркан. Ҳамма бало ўшандан келган, билсангиз.

У одамнинг таъкидлашича дўстингиз илгари қайсидир нуфузли ташкилотларнинг бирида фаолият кўрсатган, бора-бора ўзида асаб чарчаганини сезгач, енгилроқ иш излаб гаражга келиб қолган экан.

Авваллари жой масаласида бизнинг қарашларимиз бутунлай бўлак эди, яъни бунақа касалликларга яшаш жойининг мутлақо алоқаси йўқ деб қараб келдик. Яқинда бу масалани ҳам академик айтиб қолди. Бу хусусда академик хорижлик олим билан талай йиллар бош қотириб, охир оқибат сўнгига етишибди. Дарҳақиқат, руҳий касалликлар бевосита ва билвосита ўрин билан боғлиқ экан. Ҳали кўп бўлган эмас, ўзимизда ҳам шунга айнан ўхшаш бир воқеани кузатдик. Шифохонамизга келтирилган бемор уч кундан сўнг ҳаётдан кўз юмди. Турар жойни синчиклаб ўрганиб чиқсак, жинлар қабристони экан. Бемор у уйда узоқ яшаб, сўнг қўрқиб, оёғи жинлар арвоҳига тегиб кетган. Ҳа, ўша тегиб кетган жойини биз аппаратда кўрдик. У ерига 3 рақами муҳрланиб қолган экан.

Тасодифни кўрингки, бемор ҳам уч кундан қолмай…

Тўғри, бундай бахтсиз ҳодисалар камдан-кам учрайди. Аммо барибир реал нарса бўлиб қолди. Дўстингизни йўқлаб келган одам уйи тўғрисида гап очгандан сўнг бизга кўп нарса ойдинлашди-ю, унинг: - Хонамда мен билан алвасти ва болалари яшайди, улар менга сира уйқу бермайди, - деб, кечалари такрор-такрор босинқираб чиқиш боисини сезиб қолдик. Энди асосий масалага кўчсак. Юқорида сизга бир илтимос билан мурожаат қилмоқчимиз деб айтдим. Бу ҳам худди шу билан боғлиқ масала. У тузалиб чиқса, албатта, ўз қарамоғингизга олиб уйидан кўчирсангиз. Уйида нимадир борлигини текширув ўтказмасимиздан бурун пайқаб қолаяпмиз. Борди-ю, яна ўша ҳовлида яшаса, касаллик қайта хуруж қилиши мумкин. Бу гапларни фақатгина сизга айтишимизнинг сабаби сизни у кўп қўмсайди. Нуқул алаҳлаб сиз билан суҳбат қуради… Яна хатда айтиш мушкул бўлган айрим гаплар бор эди. Вақтингизни топиб, ҳузуримга келиб кетсангиз яхши бўларди…»

Хат шу ерга етганида юрагимга тоғдек қутқу ағдарилиб тушганди. Фақат пастроқда ёзиш эсидан чиққан бўлса керак, шундай сўзлар ҳам кичик ҳарфлар билан илова қилиб қўйилган эди: «Мабодо менга учрашишдан олдин бирор уй-жой топиб қолсангиз, мана бу манзилдаги кампирга учраб, дўстингизнинг ижара ҳақини тўлаб, рози бўлса кўчларини олиб кетарсиз: Қоратош-12». Хатни тугатар эканман кўзларим косасидан отилиб чиқаёзди, қўлларим қалтираб Афсоналар ғорининг қаҳрли туйғуси аъзойи баданимни сескантириб юборди. Хотирамда хатни ўқимасдан бурун пайдо бўлган мавҳумликни парчалаб ташлаган пароканда ўю хаёллар ғужғон ўйнай бошлади. Шу хат бўлмаса мен телба қарийб унутаёзган олис туманлар оша қолиб кетган, талабалик йилларимизда апоқ-чапоқ бўлиб юрган, ўша пайтлар (мен эмас у) кўп ўқиганлиги боис олийгоҳда ҳамма унга ҳавас қилиб юрадиган, унча-мунча домлаларнинг лекцияларини писанд қилмай, ҳафталаб дарсга қатнашмайдиган, тағин имтиҳон вақтлари ҳаммани ҳайратга солиб, аъло баҳо олиб кетадиган қадрдон дўстимнинг аҳволини ҳозир эслаб, баданимда заҳарли илон юргандай қўрқиб кетдим. Беҳол курсига чўкар эканман, қўққисдан жаранглаган телефон овозидан чўчиб тушдим. Шунда мен хат билан қолиб кетиб, ишимни бутунлай унутганим, боз устига деразадан совуқ ҳўмрайиб турган зулматни кўриб қолдим. Дастакни кўтарган эдим:

- Нима, ётиб қолмоқчимисиз бугун?! Ҳамма кетиб бўлди-ку… Пастга тушсангизчи тезроқ, қоровул эшикка қулф урмоқчи ,- тутақиб кетган электрикнинг овози эшитиларди. Шоша-пиша хаёлимни тўпладим-да, хатни ғижимлаб чўнтакка тиқиб пастга тушиб кетдим.

Тун калхатлари соя ташлаб, дунёи дунни зулумот қаърига тортиб, мен уйга етиб келганимда, юрагим ўз-ўзидан яна ҳарос ола бошладим. Хаёлимни ўғирлаб қочган бахтсиз дўстим тақдири кечагина яшашдан буткул совутишга улгурган номаълум китоб воқеасидан-да, шафқатсиз эди. Бир вақтлар (ўшанда унинг эндигина бир-икки ҳикояси матбуот юзини кўриб, талабалар оғзига тушган кезлар эди) айтган сўзлари ёдимга тушиб қолди: - Биз тунлари ўйлаб-ўйлаб, оқибат хаёл осмонида пайдо қилган ваҳимали туюлган битикларимиз ҳаётнинг олдида, чуқур ўйлаб қарасак, оддийгина бир хабар холос. Ҳаёт зимдан қараганда, қанчалар сокин бўлмасин, унинг остида қанчалар даҳшатли воқелик ётади. Унинг гаплари нақадар буюк башорат эканлигини ҳозир менга профессорнинг хати тасдиқлаб турган эди. Бу сўзларни айтганига ҳам қанча вақт бўлиб кетди. Ундан кейин, эҳ-ҳа… қанча сувлар оқиб ўтди. Орада мен у айтгандай севги-муҳаббат ҳақида енгил-елпи китоблар мутолаасидан кўз юмиб, жиддий асарлар оламига - хорижий элларнинг ҳаёти ҳақидаги ҳақиқий хулосалари бўлган қиссаларини ўқишга киришган, ҳатто бу нарсалардан безиб, кутубхоначилигимни ташлаб, бошқа ишга улгурган эдим. Ўқишни битирган йилимиз унинг қандайдир газеталарнинг бирида ишлашини эшитиб қолгандим. Бир марта йўқлаб бориб, анча суҳбат қурганим ҳам эсимда. Ана ўшанда кароматгўй дўстим худди ўзининг тақдир ёзмишларини олдиндан ўқиб қўйгандай, икки башоратини айтган эди: - Яқин кунларда адабиётдан ҳам, бу ердан ҳам кетсам керак. Ҳеч қачон ишламай одамни сиқишлари асабга тегиб кетди.

Бу бизнинг яқин йиллардаги охирги учрашувимиз эди. Шу-шу ишларим кўпайиб, йиллар орамизга айрилиқдан қўрғон солганида унинг ёди хотирамнинг чекка-чеккаларида қолиб кетганди. Лекин қизиғи шундаки, олийгоҳни тугатганимизга анча йиллар бўлишига қарамай унинг ҳамон бўйдоқ юриши мени ажаблантирди. Дераза ва эшикларни маҳкамлаб, чўнтагимдаги ичида қўрқинчли махлуқлар нафаси изғиб юрган хатни олдим. Ростдан у юрагимни ғашлаб ташлаганди. Шу боис бўлса керак уни қайта ўқишга кўнглим бўлмади. Фақатгина дилимда қоп-қора нуқталарни тамғалаб кетган жойларни топиб қайта ўқидим. …Сизга мактуб ёзаётган экан. Шу пайт дўстим менга ғалати тафсилотлару соғинч кўз ёшлари тўкилган мактуб эмас, ёш умримга қазо марсияси битаётгандек юрагим музлаб, хатни ташлаб юбордим…

Дўстим ҳақидаги безовта хаёл мени тонг саҳардаёқ кампирникига бошлади. Кўча-кўйдаги одамлардан сўраб-суриштириб, пешиндан кейин уйни топиб бордим. Кампирнинг уйи марказдан анча олисда, кунботар томондаги эски қалъа ёнида экан. Мен унинг ҳовлисига кириб борганимда зах супада қариб-қартайган, юзу кўзларига қаҳрли йиллар солиб кетган ажинлар қатига дунёи азалнинг ғаму андуҳлари чўкиб ётган кампир афтода хаёллар соясида кўзини бир нуқтадан узмасдан ўтирарди. Ҳовлига қадам босишим билан кампирнинг ҳайҳотдек ҳовлида ёлғиз ўзи сўппайиб ялмоғизнинг қотириб қўйилган ҳайкалидай ўтиришини кўриб, юрагим орқага тортиб кетди. Ҳамма нарсани Яратганга топшириб, иродани қўлга олдим-да, тўғри олдига қараб юрдим. Саломлашиб, ёнидаги стулчани сал ундан нарига тортиб ўтирар эканман, шунда ҳам у кўзларини қараб турган нуқтадан узмади. Гап очиш баҳона унинг юзларига қараганимда, кўзларини оқ парда тўсиб олганини кўриб, унинг кўр бўлиб қолганини билиб қолдим. Кампир бу серғалва дунёда узоқ йиллардан бери яшаб келган, азобу уқубатни кўраверганидан Яратган эгамнинг раҳми келиб, кўзига оқ пардадан қўрғон ясаб қўйганди, назаримда. Икки кундан бери ҳаётимни қанчалар ваҳималар тўсмасин, кампирга келиш мақсадимни хотиржам гапириб бердим. Гапларимни қунт билан эшитиб ўтирган кампир мен унинг уйига муттасил келиб юрадиган эски танишдай бепарво гап бошлади:

-Бола ўзи анчагина қайсар эди, – деб сўз очди. Шу ўтирган кўйи: Ҳамма-ҳаммасини тушунтирдим унга, қайда, майли ҳечқиси йўқ, у ёғини менга қўйиб беринг, ўзим ҳам шунақа ҳовли ахтариб юргандим деб, икки оёғини бир этикка тиқиб туриб олди. Ноилож калитни тутқаздим. Ҳовлини билсангиз керак, бундан икки кўча нарида аммамдан қолган. Болага ҳовлига қарғиш текканини ҳам, шўрлик аммамнинг бошига етганини ҳам қанча тушунтирмай барибир айтганини қилди. Кўнглим сезган эди у шундоқ бўлишини, чунки у узоқ яшаб қолган эди. Ундан олдин ҳам бир неча киши уйни ижарага олиб икки кун ўтар-ўтмас калитни олиб келиб, қўлимга тутқазиб кетишган эди. Охири бахайр бўлсин-да, деб юрардим… Мана…оқибат…

Кампир гапира туриб томоғи хириллаб қолди. Ёнида  турган пиёладаги сувни пайпаслаб топиб, томоғини ҳўллаб, гапини яна давом эттирмоқчи эди, менинг қўрқувдан дағ-дағ қалтираётганимни сезди шекилли:

- Ана шунақа… бу қўрғоннинг тафсилоти жуда узун,айтиб сенинг кўнглингни бузиб нима қиламан, – деб сўзини тугатди.

- Майли, холажон, бўлмаса гап бундоқ… унинг ҳовлида қанча яшаганини, ижара ҳақи неча пул бўлишини айтсангиз, мен бир йўла сизни рози қилиб кетсам , – дедим ўрнимдан турар эканман.

- Нималар деяпсан,болам… қизиқ одам экансан-ку? Ташландиқ ҳовли учун ҳам пул оламанми? - деди қатъий норози оҳангда. Майли, бориб анжомларини олиб кетавергин. Кетишингда эшикни қулфлаб калитни ташлаб ўтсанг бўлди…

Кўчага чиқар эканман, кўз олдимни бир умрга ташлаб кетилган, қабристондай ҳувиллаб ётган, айвонларида одам изи тегмаганидан ёввойи тиканлар гуркираб ўсган, деворлари тарам-тарам ёрилиб кетган, захнинг умр бўйи бадбўй иси уфуриб ётган, ёлғизлик билан арвоҳлар маконига айланиб қолган ҳовли тўсиб олди-ю беихтиёр уйим томон бурилдим.

…Қош қорайиб мен кампирникидан қайтар эканман, бутун вужудимда даҳшат тўзонлари кўтарилиб, баданимни зир қақшатиб, хотирамда қутурган итлар жангидай ғалаён қўзғалган эди. Оёқ қўлларимдан мадорни олиб қочган титроқ мени хаёлнинг баҳайбат ҳайвондай зулмат донг қотиб ётган кўча ва кечаларига улоқтириб юборди. Зил-занбилдай оғирлашиб бораётган қадамларим йўлни тобора чўзар, миямда эса, шунча кундан бери менга тинчлик бермай, ҳаётимни кузги хазонлардай пароканда қилиб ташлаган, қайсидир ёзувчининг тор кулбасида ойлаб, эҳтимол йиллаб бичиб-тўқилган Афсоналар ғорини бориб майда-майда қилиб йиртиб ташлайман. Беҳуда шунча вақт сохта тўқилган афсоналарни ўқиб умримни дарбадар ўтказган эканман… Ҳақиқий афсоналар бу ёқда экану… деган шиддатли фикр ҳайқирар, назаримда ўзим ҳам кўз кўриб қулоқ эшитмаган мудҳиш афсона бағрига кетиб борардим…

Ёқубжон АБДУМАНОНЗОДА.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Тўртинчи миллий мақсад йўлидаги шахдам қадамлар

 

Вилоят маркази - Хўжанд шаҳрида йил давомида халқ хўжалигининг ҳар бир соҳасида ривожланиш бўлганини кўриш мумкин. Масалан, шаҳар саноатчилари ўтган йилдагига қараганда деярли 150 миллион сомонийлик кўп маҳсулот ишлаб чиқаришга муваффақ бўлдилар. Ҳозирда шаҳардаги катта-кичик корхоналар сони 168тага етди. Хўжандлик саноатчилар тўртинчи миллий мақсад - мамлакатни тез суратда саноатлаштириш йўлида янги-янги шахдам қадамлар

Муфассал...

Ҳабибулло Ботиров: -Инсон… шуҳратда ҳам синалади

 

Авжи баҳор. Субҳидам. Йўловчи машинадан тушиб, дарвозадан лолақизғалдоқлар гулхани лов-лов ёниб турган, қарийб юз йиллик тарихга эга бўлган қабристонга қадам қўяман. Бу ер ҳаётнинг минг бир ташвишини елкага ортиб, бир кам дунёнинг камини бут қиламан деб, рўзғорнинг тубсиз ғорига кўмилиб кетмаслик учун эҳтиётлик билан елиб-югурган, аммо охир-оқибат, келиб-келиб тўхтаган, тин олган, йиртиқ-ямоқ бўз яктаги устида ҳилвираб

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990591

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477794
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3722
4027
21407
7426653
99438
114875
7477794

Сизнинг IPнгиз: 18.117.154.229
Бугун: 23-11-2024 16:59:02

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015