Баҳорнинг сўнгги кунлари…
Осмон беғубор. Қуёш зарин нурларини борлиққа таратиб, ажиб тароват бахш этган. Азим чинорлар соясидаги ҳовли саҳни шўх-шодон болалар билан гавжум: бир гуруҳ шийпончада стол тенниси машғулоти билан банд. Бошқаси, кичик ёшдагилар ҳовлининг кун чиқар томонидаги катта саҳнада тарбиячилар назорати остида, уларнинг кўрсатмалари билан шеърни маромига етказиб
, ифодали ўқиш сирларини ўрганишмоқда.
Афтидан, ҳаётларидаги муҳим байрам - 1 июн - халқаро Болаларни ҳимоя қилиш куни тантаналарига чин юракдан ҳозирлик кўришмоқда.
Болалар уйидаги сокинлик, самовий мусаффолик, борингки, инсонни ўзига мафтун этиб, кўзни қувонтирадиган, дилларга севинч бағишлайдиган ҳар бир ҳаёт манзараси мурғак қалблар дунёсидан ранг олгандек, гўё…
Бундан қарийб эллик йил муқаддам, 1959 йилда ташкил этилган Турсунзода шаҳридаги Болалар уйида ана шундай дилтортар лавҳаларнинг гувоҳи бўласиз.
Айни пайтда Болалар уйида 124 нафар тарбияланувчи: 47 нафари ўғил болалар, 77 нафари қизлар истиқомат қилишади.
Етти нафар мактабгача тарбия муассасаларида, 60 нафар Болалар уйининг ўзида 1-4 бошланғич ва 51 нафари шаҳардаги 2, 86, 101-ўрта умумтаълим муассасаларининг 5-9 юқори синфларида таҳсил олишмоқда.
Болалар уйида 66 нафардан иборат тарбиячилар жамоаси болалар таълим-тарбияси билан шуғулланади.
Ёшларга билим бериш жараёнлари тўлиқ компютерлаштирилган бўлиб, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон 2012 йилда Болалар уйига қилган ташрифи чоғида 8та компютер совға қилган эди.
Таълим-тарбия муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тарбияланувчиларга маданий-маиший хизмат кўрсатишни яхшилаш борасида ҳам бир талай ибратли ишлар амалга оширилган.
Ҳозирги пайтда Болалар уйида сартарошхона, пойафзалларни таъмирлаш ва тикувчилик дўконлари, нон пишириш цехи амал қилиб, тарбияланувчилар уч маҳал иссиқ овқат билан таъминландилар.
Меҳрибонлик уйида ёрдамчи хўжаликлар ҳам ташкил этилган бўлиб, беш гектар майдонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, олти бош, жумладан, икки бош соғин сигир парвариш қилиниб, кунига соғиб олинадиган 20 литр сут тарбияланувчилар эҳтиёжлари учун ишлатилади.
Бундан ташқари, фонди 11 минг 127 нусха китобдан иборат бўлган кутубхона фаолият юритади.
-Болалар тарбияси, уларга ғамхўрлик қилиш мамлакатимиз Ҳукумати олиб бораётган ёшлар сиёсатининг етакчи масалаларидан бири саналади, - дейди Болалар уйининг катта тарбиячиси, руҳшунос Эмомад Эвазов. - Зеро, Давлат бошлиғи томонидан жорий 2017 йилни Ёшлар йили, деб эълон қилинишининг ўзи фикримизга ойдинлик киритадиган далилдир…
Болалар уйида тарбияланувчиларнинг бўш вақтларини қизиқарли ўтказишга алоҳида аҳамият берилади.
Улар бу масканда фаолият юритадиган спорт, санъат, рассомлик ва бошқа кўплаб тўгаракларга жалб қилинишган.
Турли байрам тадбирларига бағишлаб, адабий кечалар, кўрик-танловлар, кўргазмалар мунтазам ўтказиб борилади.
Шаҳар ва республика миқёсидаги саъаткорлар иштирокида концерт дастурлари намойиш қилинади.
Жонажон Ватанимиз - Тожикистоннинг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидаларига мунтазам саёҳатлар уюштирилади.
Тарбияланувчиларнинг ёзги дам олиш мавсумлари ҳам мазмунли ўтказилади. Ҳар йили «Тожикистон алюминий компанияси» давлат унитар корхонасига қарашли «Ширкент» лагерининг бир сменасида 100 нафар Болалар уйи тарбияланувчилари учун жой ажратилади.
Шунингдек, «Варзоб», «Обшорон» ва «Ҳушёри» лагерларида ҳам шартнома асосида 40 нафар тарбияланувчилар ҳордиқ чиқаришади.
-Ёшларни Ватан хизматига содиқ, миллат ғояларини давом эттирувчилар қилиб тарбиялаш, бизнинг олдимизда турган олий даражадаги масъулиятдир. Чунки эл ва юртнинг порлоқ келажаги уларнинг қўлида. Ватаннинг эртанги кунги тақдирини улар яратадилар. Биз муассасамизнинг собиқ тарбияланувчилари, ўзларининг ҳалол меҳнатлари билан «Тожикистон алюминий компанияси» ифтихорига айланган Т. Тусматов, И. Шириновлар, шунингдек, Турсунзода шаҳри тиббиёт соҳасининг ҳақиқий жонкуярлари бўлган Т. Исоқова, Н. Усмоновлар билан ҳақли равишда фахрланамиз, ёшларга уларнинг ҳаётини ибрат мактаби қилиб кўрсатамиз.
Кези келганда, мен асосий ҳомийларимиз бўлган Тожикистон Халқ демократик партиясининг Турсунзода шаҳридаги ижроия комитети, «Тожикистон алюминий компанияси» давлат унитар корхонаси, давлат ҳокимияти Турсунзода шаҳар ижроия органи раҳбарларига ҳозирги оғир иқтисодий вазиятга қарамай, имкон қадар ўз ёрдамларини дариғ тутмаётганликлари учун Болалар уйи маъмуриятининг миннатдорчилигини изҳор этаман…- дейди тарбиявий ишлар бўйича Болалар уйи директорининг ўринбосари Расул Жўраевич.
Шу кунларда болалар уйида кузги-қишки мавсумни кўнгилдагидек ўтказиш тадбирлари ишлаб чиқилиб, уни амалга татбиқ этиш чоралари кўрилмоқда.
Дарвоқе, кейинги беш-олти йил бадалида Болалар уйи тарбияланувчилари иссиқлик ва электр энергияси таъминотида тақчиллик сезишаётгани йўқ. Тарбия даргоҳи иссиқлик ҳамда электр энергияси етиштириб берувчи марказлашган тизимга эга бўлиб, ундан самарали фойдаланиб келинмоқда…
- Ёшлик, бу - орзу. Бу-ишонч, жасоратга интилиш. Бу - келажакка тузилган режалар, истиқболнинг бошланиши, - деб ёзган эди дунё таниган шоир Нозим Ҳикмат.
Ёшларга хос бўлган ана шундай инсоний фазилатларни ўз вақтида пайқаш, осойишта муҳитда, беғубор осмон остида мукаммал тарбиялаб вояга етказиш ҳамда эзгулик йўлига ҳидоят қилиш халқ ва Ватаннинг ёрқин келажаги кафолатидир…
Абдуҳафиз МИРЗААҲМЕДОВ, «Халқ овози»нинг махсус мухбири.
ОНА, ЮЗЛАРИНГНИ СОҒИНДИМ
Она бўлгач, онамнинг қадрин,
Буюклигин англай бошладим.
Юрагимда кўпайиб дардим,
Беихтиёр кўзим ёшладим.
Муфассал...
6 апрел куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ҳамда Душанбе шаҳри раиси Рустами Эмомали пойтахтнинг маданият-истироҳат боғларида гулу дарахтлар униб-ўсиши билан танишишди.
Боғларга ташрифи чоғида Давлат бошлиғи гуллар ва нодир манзарали дарахтлар парвариши ҳолати билан танишиб, истироҳат муассасаларининг
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015