ёхуд тубанликка юз тутган аёлнинг дил рози
Аёл зоти нозик ва ожиза... У ҳимояга муҳтож бўлиб яшайди. Ортида тоғдек мустаҳкам қалқони бўлишига эҳтиёж сезади. Лекин шу билан бирга, нозик елкаларида турмушнинг оғир юкини кўтариб юради ва ҳеч нарсадан нолимайди. Уй-рўзғор юмушлари, фарзандлар таълим ва тарбияси, қайнона-қайнота, турмуш ўртоғининг хизматини қилиш, кўнглига қараш – буларнинг барчаси аёлларнинг бурчлари - бажариши шарт бўлган вазифалар.
Шу билан биргаликда, рўзғор буташда турмуш ўртоқларига ёрдам бўлиши учун ишга ҳам чиқишади. Лўнда қилиб айтганда, аёл – оила ўчоғини қўриқловчи, эрининг топган-тутганини тежамкорлик билан сарфловчи, рўзғор камчилигини ўзининг уддабуролиги билан тўлдирувчи.
Бироқ турли сабаблар – турмушининг бузилиши ёки эрининг вафоти туфайли тирикликнинг залворли юки ўз зиммасига тушган баъзи латиф жинс вакилларининг бошқа йўлларга кириб кетиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Тўғри, ёлғиз аёл агар олий маълумот ва касб-ҳунар соҳиби бўлмаса, рўзғор юритиши мушкул. Фарзандларни едириш-ичириш, кийдириш, ўқитиш ўз-ўзидан бўладиган иш эмас. Бунинг учун, югуриб-елиб иш излаш, бир эмас, икки-уч жойда меҳнат қилишга тўғри келади. Бунинг уддасидан чиқиб, ота-она ўрнида бўлган аёлларга таҳсинлар айтса, арзийди.
Мамлакатимизда Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг топшириқлари асосида аёллар мақомини юксалтириш борасида бир талай ишлар олиб борилмоқда. Аёлларнинг касб-ҳунарли бўлишлари учун турли қисқа муддатли курслар ҳам ташкил қилинган.
Аммо бу курсларда ўқиб, касб-ҳунарли бўлишни ўзларига эп кўрмаган баъзи аёллар фарзандларини ҳаром пул эвазига боқишдан ҳам тап тортмаяптилар. Уларнинг таъбирича, ўрганган касб-ҳунарлари билан топган пуллари рўзғорга урвоқ ҳам бўлмас эмиш. Кам маош учун эса, «тер тўкиб» ишлашни истамайдилар. Бунинг ўрнига, ўзларининг таъбирича, кўп пул топишнинг «осон» йўли – танфурушлик билан шуғулланишни танлашмоқда. Улар учун фаррошлик қилиш, идиш-товоқ, бировларнинг кийим-кечаги, гиламларини ювиб бериш-у, кўрпа-тўшакларини тикиш… каби ҳалол меҳнат ортидан топилиши мумкин бўлган пуллар арзимасдек кўринади. Энг осон йўли – ярим тунда йўл ёқасида туриб, «мижоз» кутиш. Агар тунги пайт пойтахт кўчаларига чиқсангиз, бундай ҳолатнинг гувоҳи бўлиш мумкин. Улар, ҳатто, «мижоз»лар талашиб, бир-бирларининг сочларини ҳам юлишаркан. Ё бўлмаса, сафларига «янги аъзо» келиб қўшилса: - «Ҳой, сен нари тур, менинг нонимни яримта қилмагин. Акс ҳолда…» - дея дўқ-пўписани ҳам жойига қўйишади.
Бундай аёлларнинг турмуши – итнинг куни. Кўп ҳолатларда иш битганидан кейин, мижозлар билан маблағ масаласида тортишувлар бўлиши ёки мижоз томонидан ўлгудек қилиб калтакланиш – буларнинг барчаси улар учун одат бўлиб қолгани ҳақида ўзлари оммавий ахборот воситалари билан суҳбатда таъкидлаб ҳам ўтишганига гувоҳман.
Фоҳишалик – миллатнинг фожиаси эканлиги, уларнинг бу қилмишлари фарзандларининг келажагига ҳам қора доғ бўлиб тушишини ўйлашмайди. Уларни фарзандларининг келажаги қизиқтирмайди.
Бир неча йил аввал мамлакат Ички ишлар вазирлиги республикада кўпгина фуқароларнинг ҳайратига сабаб бўлган маълумотни эълон қилди. Унда таъкидланишича, ўша йили фоҳишалик билан боғлиқ ҳар ўнта жиноий ишнинг саккизтаси «балоғатга етмаганлар» тоифасига тўғри келган.
16 ёшли қизча интернет сайтлардан бирига берган интервюсида отаси вафотидан кейин, онаси дугоналаридан бирининг эри, 61 ёшли эркак унинг номусига тажовуз қилгач, бундай фаолияти бошланиб кетганини айтган.
…Ўтган йили ҳам пойтахтимизда икки нафар фоҳиша қизнинг ҳаёти фожиали якун топди. Ҳеч қаерда ишламайдиган, топиш-тутишининг тайини бўлмаган безори йигитлар билан танишиб, уларнинг «хизматига» ўз оёқлари билан йўл олган ёшгина аёлларнинг бурда-бурда қилинган танаси целлофан пакетларда ташқарига чиқди.
Турли миш-мишларга қараганда, иш тугагандан кейин, хизмат ҳақи борасида гаплари қочган. Кўчабезори йигитларда берадиган маблағ бўлмаган, қизлар эса, икки оёқларини бир этикка тиқиб:
-Хизматимизнинг ҳақини берасан,- деб туриб олишган.
Гапдан-гап чиқиб, жанжал кучайгач эса, орага пичоқ тушди ва бу «маишат» фожиа билан охирига етди…
Бугун рўзғорларини тебратиш учун ушбу «ҳунарнинг бошидан тутган» аёлларнинг деярли барчаси бир хил баҳонани рўкач қилишади.
Ўзини Малика деб таништирган аёл беш йил аввал турмуш ўртоғи билан ажрашиб, отасининг уйига қайтганини айтади. Бошқа чораси қолмаганидан, шу ишлар билан шуғулланишга мажбур бўлибди. Унинг айтишича, эркаклар ва мижозларнинг зўравонликларидан чарчаган бўлишига қарамасдан, бошқа танлови йўқ экан.
Ўтган йили Хатлон вилоятида бундай аёлларга ахлоқ дарси берилиши ҳақида маълум қилинганди. Ўзига ўхшаган аёлларга «ахлоқ дарси» берилиши ғояси Маликага жуда маъқул бўлган. У бунга жавобан, қонун аввал собиқ эрини фарзандларига алимент тўлашга мажбур қилса, яхшироқ бўлишини таъкидлайди.
Мижозларни ўзи топиши ва милиция рейдлари чоғида кўп марта қўлга тушганини айтган Гуландом номли аёл шундай ҳикоя қилади:
-Эркаклар билан ҳам суҳбатлар олиб борилиши керак. Арзимас сабаблар билан хотинларини «талоқ» қилишмасин. Эркак ажрашганидан кейин, алимент тўламаса ва собиқ рафиқасига моддий ёрдам кўрсатмаса, бечора аёл нима қилсин? Фақат мана шу йўл қолади. Менинг ўзим ишнинг йўқлигидан фоҳишалик билан шуғуллана бошладим. Агар яхши иш топганимда, бу билан, умуман, машғул бўлмасдим...
Қўлида фарзанди билан ёлғиз қолган яна бир ёш аёл ўз ҳаётидан шундай ҳикоя қилади:
-Турмушим бузилиб, бир фарзандим билан ота-онамнинг уйига қайтишга мажбур бўлдим. Турмуш ўртоғимнинг онасига ёқмадим. Шу сабабли, турли баҳоналар билан мени эримга калтаклатарди. Ота-онамнинг уйига қайтганимга бир йил бўлганида бир дугонам: - «Уйда ўтирсанг, асабинг бузилади. Тунги кафелардан бирида мен билан ишлагин»,- деди. У ерда беш ой ишлаганимдан кейин, бир эркак билан танишиб, никоҳдан ўтдик. Орадан бир мунча вақт ўтгач, у мени ташлаб кетди. Мен яна бир эркак билан танишдим. У ойлигим камлиги сабабли, ишламаслигимни таклиф қилди:
-Мен истаган вақтимда ёнимга келиб турсанг, бас. Ўзим сенга пул бераман,- деди.
Ҳаётим шундай ўта бошлади. Лекин бу эркак ҳам тез орада мендан воз кечди. Ўша дугонам билан тунги клубларга бориб, спиртли ичимликлар ичардик. Сўнгра ўзимизни билмасдан, бегона эркакларга эргашаверардик. Аста-секин тунлари кўчада туриб, 200 сомоний эвазига бегона эркаклар билан кета бошладим. Бу ишларга турмушим оғирлиги сабабли қўл урдим. Мана, етти йилдирки, шу иш билан шуғулланиб келаяпман. Отам ва акаларим уйдан қувиб чиқаришди. Ижара уйда яшаяпман. Ўғлим интернатда ўқийди. Ўзим эса, ҳар кеча пул ишлаш учун кўчага чиқаман. Икки соатлик «хизматим» учун 200 сомоний оламан. Баъзи кунлари 500-800 сомонийгача топаман. Тўғри, ҳаром йўл билан топилган пулнинг баракаси йўқлигини биламан. Лекин шу пуллар ҳисобидан рўзғор тебратяпман. Келажакда ишлаб, уй сотиб олишни режалаштираяпман. Турмушга чиқиш ниятим ҳам йўқ эмас. Лекин бизга ўхшаган аёлларга ким ҳам уйланарди? Бунинг устига, ҳуқуқ ҳимояси органлари ходимлари неча марта тутиб кетишади, протокол қилишади. Пул тўлаб, чиқиб келавераман. Энди бу ишга ўрганиб қолганман, ундан қандай воз кечишни билмайман...
Лекин фарзанд тарбияси ёлғиз ўзининг зиммасига тушган барча аёллар ҳам бу йўлни танлашмайди. Энди диққатингизни эри гиёҳвандликка ружу қўйгани сабабли ажралишга мажбур бўлган аёлнинг эркаклар таъқибига учрагани ҳақидаги дардли ҳикоясига қаратамиз:
-Эрим гиёҳванд бўлишига қарамасдан, узоқ йиллар инсофга келиб қолар, деган умид билан бирга яшаб келдим. Тилла тақинчоқларим, рўзғоримиздаги барча буюмларни бирма-бир чиқариб сотганида ҳам чурқ этмадим. Охири пичоқ бориб суякка тегди. Бошқа сабру тоқатим қолмади. Уч нафар фарзандим билан отамнинг уйига қайтишга мажбур бўлдим. Уларни аввалдан ҳам, ўзим боқардим. Энди кекса ота-онамнинг елкасига оғир юк бўлмаслик учун янада кўпроқ ишлашимга тўғри кела бошлади. Бировнинг кирини, гиламларини ювиб беришми, кўрпа-тўшакларини қавишми, бирон ишдан қайтмасдим. Шу орада бир нуфузли ишхонага фаррош сифатида ишга ҳам кирдим. Ушбу ишхонанинг бошим очиқлигини билган ҳар бир эркак ходими менга гап отарди. Анча вақтгача гапларини эшитмаганга олиб юрдим. Бир куни кабинетни тозалаётганимда ўша эркак келиб белимдан қаттиқ қучоқлаб олди. - «Ҳозир дод солиб, ҳаммани шу ерга йиғаман», - деб зўрға қутулдим. Ана шундан кейин, ишга қизимни ҳам олиб борадиган бўлдим. Менга ёрдами тегмаса ҳам, ёнимда ҳимоячи бўлиб турса бас...
Мамлакат парламенти томонидан аввалги йили Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, танфурушлик билан шуғулланувчи аёлларга нисбатан қўлланадиган жазо кучайтирилган – энди уларга солинадиган жарима икки баравар ошган.
Ўзгартишларга биноан, агар танфурушлик билан шуғулланувчи аёл бир йилда икки марта қўлга олинса, 800дан 1000 сомонийгача жарима тўлайди ёки 10дан 15 суткагача ҳибсга олинади. Аввалроқ, улар жаримаси 400дан 800 сомонийгачани ташкил қилган.
Мамлакатимизда танфурушлик жиноят эмас, балки маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Бироқ, қўшмачилар ва фоҳишахоналар ташкил қилиш билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан қаттиқ жазо чоралари назарда тутилган.
Г. Аюпова, «Халқ овози».
Уни қишлоқда ҳамма танийди-ю, исмини ҳеч ким билмайди. Ҳамма уни «Қори», «Қори ака», деб чақиради, орқаворотдан эса, «Кўр Қори», деб атайдилар. Кўча-кўйда тупроққа қоришиб юрадиган иштончанг гўдаклар унинг ортидан: «Қорака, Қорака, бугун кино қанақа?»- дея чувиллашиб қочадилар-да, сал нари боргач: «Елпесе»ни айтиб беринг!» -деб бақиришади.
Муфассал...
Узоқ йиллар қатор илмий муассасалар, шунингдек, Тожикистон Республикаси Президенти ижроия аппарати ахборот-таҳлиллар бўлими раҳбари, Тожикистон Ҳукумати қошидаги Телевидение ва радиоэшиттириш комитети раиси ўринбосари вазифаларида фаолият юритган, айни пайтда Тожикистон Ҳукумати қошидаги "Ховар" Тожикистон миллий ахборот агентлиги масъул котиби сифатида хизмат қилаётган, биринчи даражали
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015