Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 01 Май 2017 Кӯришлар: 2516
Печат

 

qaldirgochlarМен туғилиб-ўсган қишлоқ, кичкина Ватаним – Ҳулбек жарлик тагида жойлашган. Кечга яқин кунботар томондаги қия тепалик виқор билан қишлоққа соя ташлайди. Шунданмикан, маҳаллий лаҳжада қишлоғимизни «Таижар», деб ҳам юритишади.

Раҳматли онам болалигимда Ҳулбек сўзининг маъносини қуйидагича шарҳларди: - «Бу жойлар ўтган аср бошларида Қизилсув дарёсининг ўзани

бўлган. Қамишлардан иборат тўқайзор аста-секин ободонлаштирилиб, пахта майдонлари очилган. Ўша пайтлари бу ерларда ҳулво кўп ўсган. Ҳулволи маскан кейинчалик бузилган шаклда Ҳулбекка айланган».

Қадрдон Ҳулбекни ҳамиша қўмсаб яшайман. Қаерда бўлмайин, нима юмуш билан банд бўлсам ҳам, кичкина ва мўъжаз Ватаним - киндик қоним тўкилган, болалигимни ўз бағрига олган, хотираларимда бир умрга муҳрланган қишлоғимиз доимо ёдимда бўлади. Бошқаларни билмайман, лекин ёшим улғайган сари гўдаклигим мени бот-бот ўзи сари чорлайди, чорлайверади.

Бундан тахминан ўн йиллар бурун қабодиёнлик шоира Гулбиби Мирзоева ўзи ишлайдиган мактаб – Шаҳритуз ноҳиясининг 1-ўрта умумтаълим муассасасида адабий учрашув уюштирди. Бошқа ижодкорлар қатори мен ҳам ўша тадбирда қатнашгандим…

- Мамлакатимиз пойтахтида яшайсиз, деб эшитганмиз. Нега битикларингизда туғилиб-ўсган қишлоғингизни кўпроқ тасвирлагансиз? – деган савол менга ўқувчилар томонидан берилганда, сал шошиб қолдим. Ўша ерда ижодимда, дарҳақиқат, қишлоғимиз етакчи ўринда тасвирланганлигини ҳис қилдим. Ўзим ҳам ногаҳон берилган саволга жавоб беришга қийналгандим.

Савол берган ўқувчига ўшанда алланималар, деб жавоб берган бўлсам-да, бу ҳақда кейин кўп ўйлаганман. Қадрдон қишлоғим, беғубор болалигим, қишлоқдошларим қандайдир кўзга кўринмас, аммо жуда ёқимли бир куч билан мени ўзига тортиб туради. Мен учун болалигимни хотирлаш, гўдаклигимда қишлоғимизнинг ялангоёқ кезган кўчаларини эслаш, ҳамқишлоқлар ҳақида ўй суриш ҳамиша мароқлидир.

Биз – болакайлар учун қишлоғимиз ғарбида жойлашган тепалик ўйингоҳ, чиниқиш маскани ҳам бўлиб хизмат қилгани рост. У томони пурвиқор Илонтоғ тизма тоғларига уланиб кетган қадрдон адирларни соатлаб кезганимиз, у ерлардан қоқи, қўзиқорин терганларимиз ҳаётимизнинг энг беғубор, энг бахтиёр лаҳзалари эканлигини туяман.

Баъзида кишидан бахт ҳақида сўрашади. Менимча, бахтиёрликнинг аниқ ўлчами бўлмас экан. Севган йигит маҳбубасининг висолига эришганда ўзини бахтиёр сезади, бемор киши учун соғайиш бахтиёрлик, ғарибликдан қайтган мусофир учун она-Ватан тупроғига қадам қўйишдан ҳам улуғроқ бахт бўлмайди…

Мен учун бахт тушунчаси қадрдон қишлоғим – Ҳулбек билан ҳамоҳанг бўлиб туюлади.

Бундан уч йил бурун дастлабки ҳикоялар тўпламимни нашрга тайёрлаш пайтида китобга ном қўйиш мени анча ўйлантирди. Ўшанда ҳам қишлоғим ва болалигимга бўлган соғинч ҳисси устунлик қилди, шекилли, китобимга «Чекматош», деб ном танладим.

Мен баҳор фасли нафаси сезила бошлагач, болалигимни кўпроқ қўмсайман, вояга етган қишлоғимни тез-тез эслайман, ҳамқишлоқларимни янада соғинаман.

Беғубор болалик йилларимга қайтаман. Биз – бир гуруҳ қишлоқ болалари баҳорнинг куйдирадиган офтобидан қочиб, кўчамиз бошида ўсган тут дарахтлари соясида турли ўйинларни ўйнардик. Чекматош – аслида қизлар ўйини, лекин биз гўдаклигимизда унчалик бунинг фарқига бормасдик ва қизларга қўшилиб, чекматош ўйнаганлигимиз бугун ҳам эсимда.

…Бешта нўхатдан сал каттароқ силлиқ тошчалар танланади ва икки нафар қиз бола бу тошчаларни ерга сочиб ташлайди, сўнгра қизлардан биттаси тошчалардан бирини олиб, юқорига отади. Отилган тош қайтиб тушгунча ўйинчининг маҳоратли кафти ерда сочилган тошчаларни зудлик билан йиғиб олиб, тушаётган тошчани ҳам илиб олади. Кейин тошчалар юқорига отилиб, кафтнинг орти билан тутишга ҳаракат қилинади, кафт орқасига илинмай, ерга тушган тошчалар навбат билан ўша зайлда кафт билан йиғиб олинади. Йиллар ўтиб, бу ўйиннинг барча қирралари эсимдан кўтарилибди. Ҳозир аниқ айтолмайман, лекин маҳоратли ўйинчилар бошқалар томонидан катта ҳурматга сазовор бўларди. Қизлар гуруҳлар, кўчалар, синфларга бўлиниб, ўзаро чекматош ўйнаш бўйича мусобақалашардилар. Баҳор фасли кириб келиши билан бу ўйин шунчалик авж олардики, қуйи синфларда ўқиганимизда, ўқитувчиларимиз синфдош қизлар сумкасида кўтариб юрган чекматош тошчаларини олиб, деразадан отганликлари хотирамда сақланган…

Қишлоқ болалари турли ўйинлар ўйнашарди. Биз – ўғил болалар ҳам тошчалардан ўн дона териб, икки қаторда бештадан ўнта чуқурча ковлаб, тошчаларни чуқурлардан чуқурларга ташлаш бўйича мусобақалашардик.

Асрлар оша аждодлардан авлодларга ўтиб келган миллий ўйинлар биз – қишлоқ болаларида аждодий суннатларимиз, миллий қадриятларимиз, ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари сайқалланишида муҳим аҳамият касб этган бўлса, не ажаб.

Эҳ, болалик йиллари. Нақадар узоқлашган сари, хотирада қолган таассуротлар шу қадар тиниқлашиб боравераркан. 

Мен баҳорни яхши кўраман. Баҳор менинг хотирамда уйимиз айвонига келиб ин қурадиган қалдирғочлар тимсолида муҳрланган десам, хато қилмайман. Мен соатлаб қалдирғочларнинг парвозини томоша қилиб ўтирардим. Ҳатто, жуда кўп қалдирғочлар симёғочлар ўртасидаги симларга кечқурунлари қатор тизилишганда, мен уйимизнинг қалдирғочларини адашмасдан топа олардим…

Наврўз байрамида Ҳулбекка бордим. Ўйинқароқ болалигимнинг энг бахтиёр ва беғубор лаҳзалари кечган тепаликка чиқиб, эндиликда анча кенгайиб, қўшни қишлоқларга туташиб кетган қишлоғимизни томоша қилдим.

Ана, отамнинг ҳовлиси. Бир вақтлар бу ҳовлида қишлоқдаги энг катта чинор гуркираб ўсиб турарди. Худо раҳматли отам чинорга узоқ-узоқ термулиб, унинг баландлигидан завқланишини болалигимда жуда кўп кузатганман. Қўшниларимизнинг айтишича, чиноримизнинг томирлари уйимиздан юз метр юқоридан оқиб ўтадиган Катта ариққача ўсиб борган экан. Катталардан кўп марта улуғ чинорларни сабабсиз кесиш мумкин эмас, увол бўлади, уни фақатгина савоб, хайрли ишлар учун ишлатиш мумкин, деб эшитганман. Шундан бўлса керак, отам куннинг иккинчи ярмида томорқамизнинг тенг ярмига соя ташлайдиган чинорни  кесишга кўзи қиймасди. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари қишлоғимизда янги масжид қуриладиган бўлди. Шунда Чори акам мен ёшини аниқ билмайдиган кекса чиноримизни масжид қурилишига берди. Усталар азамат чиноримиздан масжид устунларини ясашган экан, ҳозир бу устунлар қишлоқ масжидини безаб турибди…

Ижодкор дўстимиз Абдулло Насриддин менга қишлоқдошимиз Бобоназар – Шайх бобони эслатади. Жуда тақводор бўлган Бобоназар бобонинг асил исмини мен ёшим улғайгач, билиб олганман. Барча қишлоқдошларимиз бу мўътабар оқсоқолга Шайх бобо, деб мурожаат қилишарди. Гўдаклигимизда бирор жойимиз оғриса ёки иссиғимиз чиқса, дарҳол раҳматли онам чойнакка қайноқ сув қуйиб, унинг жўмраги ва қопқоғидаги тешикни пахта билан бекитарди-да, менга берарди:

- Шайх бобонгга олиб боргин, «куф-суф» қилиб берсин, - дерди ихлос билан онажоним.

Шайх бобомизнинг уйи шундайгина жарлик тагида бўлиб, юқорисидан Катта ариғимиз оқиб ўтарди. Оқсоқолнинг уйи икки қават қилиб қурилган бўлиб, иккинчи қаватга лойдан ясалган зиналар орқали чиқиларди. Шайх бобонинг ҳовлисига кириб, ҳеч иккиланмай, оқсоқолнинг иккинчи қаватдаги ибодат хонасига йўл олардим. Мен у кишининг куннинг қайси пайти бўлмасин, жойнамоз устида тасбеҳ ўгириб ўтиришини жуда яхши билардим.

Уйга кириб, салом беришим билан Шайх бобо индамасдан қўлимдаги чойнакни оларди-ю, қопқоғини очиб, унга «шуф-ф»-«шуф-ф», деб дам соларди. Кейин гапирмасдан, чойнакни қўлимга тутқазарди.

Қизиғи шундаки, шу сувдан бир қултум ичдикми, дарҳол иссиғимиз тушиб, томоқ оғриғи ёки ҳолсизлик ўз-ўзидан чекинарди.

Умуман, Шайх бобо камгап одам эди. Кўчада ҳам қўлида тасбеҳ тутиб, ҳассасига суянганча, нималардир деб пичирлаб юрарди. Мен у кишининг кулган пайтини кўрмаганман, десам хато қилмайман. Бутун қишлоқ аҳли мўътабар оқсоқолга ҳурмат-эҳтиром билан мурожаат этишарди. Қишлоғимизнинг катта ёшдагилари Шайх бобонинг эзгу хислатлари, саховатпешалиги, оқибатли инсон эканлигини ҳозир ҳам давраларда эслаб туришади…

Шарқдаги тоғлар ортидан чиққан қуёш бутун Кўлоб воҳаси узра заррин нурларини сочаётганлигини кузатиб, қишлоғимиз ғарбидаги тепаликда туриб, болалик йилларимни эсладим. Тепаликнинг тагида жойлашган ва бугун неваралари яшайдиган раҳматли Шайх бобонинг уйига боқиб, мен олисларда қолиб кетган болалигимни ёдга олдим.

Қатор йиллардан буён ака-укалардек қадрдонлашиб кетган дўстимиз Абдулла Насриддиннинг хатти-ҳаракатларини зимдан кузатиб, унда Шайх бободаги инсоний фазилатлар – меҳр-оқибат, саховатпешалик, бағрикенглик каби хислатларни учратгандек бўламан…

Қишлоғимиз қабристони ҳам тепаликда жойлашган. Боқий дунёга рихлат айлаган аждодларимиз шу қабристондан абадий маскан топишган. Ҳар бор қишлоққа борганимда, албатта, қабристонни зиёрат қиламан. Чори акам «Ҳазрати Таборак» сурасини қироат қилади, дуога қўл очамиз. Кўз олдимдан яқинларим бир-бир ўтади. Отам, онам, қариндош-уруғларнинг дўппайиб турган мозорларига боқиб, ўйга ботаман…

Ўтган йили Наврўз айёмида ёруғ оламни тарк этган Меҳмондўст акамнинг қабри тупроғида майсалар унибди. Ям-яшил майсалар орасида ўсган лолақизғалдоқ соғинч рангида гуллагандек туюлди, назаримда. Отамдан кейин бизга ота ўрнида қолган Меҳмондўст акамнинг ўлимидан кейин суянчиғимни йўқотгандек сезаман ўзимни. Энди қишлоққа борган пайтларим акамни қўмсайман, раҳматлининг ҳикматга, ҳамиша ҳазил-мутойибага қоришиқ суҳбатларини соғинаман. Акамнинг бутун вужудидан таралиб турган баҳор қуёши тафтидек меҳр-муҳаббат менга етишмайди гўё…

Ҳар сафар қабристон зиёратига борган пайтлари катта ўғлим Самандарни ҳам бирга олиб борардим. Бу сафар кенжа ўғлимиз Шукруллони ҳам қўшиб олдим. Чори акам Шукруллога ота-онам, яқинларимизнинг қабрларини бир-бир кўрсатиб, булар кимнинг «уйи» эканлигини тушунтирди. Ўн икки ёшли ўғилчам дўппайган қабрларга ўйчан боқарди.

- Мана бу ерда катта аканг Фозилжон ётибди, - деди отамнинг манзили тепасидаги кичикроқ қабрчага ишора қилиб Чори акам…

Тўнғичимиз Фозилжон бир ёшга ҳам етмай, «ченлаганди». Хотиним Назокат бу тўғрида фарзандларимга мудом сўзлаб берганлиги туфайли, улар Фозилжон ким эканлигини яхши билишади.

Шукрулло ўғлим жимиб қолди. Ўғлимнинг ўйчан нигоҳларига боқиб, ўзим ҳам унинг ёшида бундай жойларга келмасликка интилганлигим эсимга тушди. Ва ўғлимнинг хафа кайфиятини сукунат ҳукмрон бўлган қабристон унга маъқул келмаганлигига йўйдим. Сўнгра уйга қайтгач, Шукруллони онасини қучоқлаб, ўксиб-ўксиб йиғлаётган ҳолатда кўрдим. Нима воқеа юз берганлигини қанчалик сўрамайлик, у хўрсиниб жавоб беролмасди.

- Шаҳарлик неварамни қишлоқ болаларидан бирортаси бегонасиратиб, ранжитгандир, - деди опаларимдан бири.

- Нега йиғлайсан, ўғлим, ким билан уришдинг? - деб сўради онаси.

- Мен уришган эмасман, фақат акам учун йиғлаяпман, - деди хўрсиниб Шукрулло.

Уйдагиларнинг барчаси ҳайрон бўлиб, Самандар ўғлимга тикилишди.

- Самандар шу ерда-ку, нега йиғлайсан? – деди Чори акам.

- Йўқ, мен Фозилжон акам учун йиғлаяпман, - деб жавоб берди Шукрулло ва онасини қучоқлаб хўрсиниб йиғлашда давом этди.

Аллоҳга шукрона қилдим. Мен ҳамиша шаҳардаги кўп қаватли бинонинг тўртинчи қаватидаги каталакдек уйимизда болаларим меҳрсиз улғайишидан ташвишланардим. Шукруллонинг ўзи кўрмаган бўлса-да, онасининг гапириб берганларидан билиб олган ва ёши бирга ҳам етмай чин дунёга кетган акаси учун йиғлаганлигига, унинг мурғак қалбида яқинларига нисбатан шунчалик меҳр-муҳаббатни жойлаган Парвардигорга шукроналар қилдим. Руҳиятимни ажойиб хотиржамлик қамраб олди.

Неварамиз туғилган куни ҳам шундай ҳолатга тушгандим. Ой-куни яқинлашган қизимиз Саёҳатни ярим кечаси тўлғоқ дарди ушлади. Эр-хотин икковлон атиги икки соатча чидадик. Фарзанднинг дард чекканини кўриш ота-она учун қийин экан. Кечаси соат учларда Саёҳатни туғруқхонага олиб бордик. Аммо биринчи фарзанд кўриши бўлганлиги учунми, қизимиз анча қийналди. Кундузни туғруқхона эшигида бетоқат ўтказдим. Яна оқшом бўлди. Ёнимда бетоқатлик билан у ён-бу ёнга бориб-келаётган Самандарни зимдан кузатаман. 

- Дада, ташқари совуқ, юринг қабулхонада ўтиринг, - дейди ўғлим юзидаги ташвишни яширишга уриниб. Мен бу ернинг ҳавоси тозалигини баҳона қиламан, аслида анча қийналган қизимни ўйлаб, тор жойга сиғмаслигимни сезаман.

Билмадим, соат ўнлардан ошган пайти яна Самандар ёнимга келаётганлигини кўриб, ўрнимдан қўзғалдим.

- Дада, муборак бўлсин, бобо бўлдингиз, - деди мени қучоқлаб Самандар.

Руҳиятимга яна хотиржамлик инди. Шукроналар қилдим…

Зимдан Самандарга боқаман. Юзидаги ташвиш ўрнини, аллақачон, қувонч эгаллабди. Кўзларидан эса, тинимсиз ёш оқарди. Ўғлим опасини қанчалик яхши кўришини, узоқ давом этган ўша тўлғоқ дарди давомида у ҳам қийналганлигини юрагимдан сездим. Ва Яратганнинг фарзандларим юрагида бир-бирига меҳр-муҳаббат уйғотганлиги, яқинларга нисбатан оқибатли бўлишни жойлаганлигидан қувондим. Ҳаётимизда ёрқин юлдуздек порлаб нур таратган неварачамизга Суҳайло, деб ном танладик…

Қабристон – сукунат манзили, фоний дунё билан боқий оламнинг чегараси. Бу муқаддас жой барчамизнинг сўнгги манзилимиз. Бу сирли манзилда Буюк ибтидо билан Асосий интиҳо туташади. Худди ана шу сукунат манзилида киши ҳаёт йўлига теранроқ боқа олишини туяман. Мана шу жимжитлик мулкида ҳаётнинг ҳақиқатига яқинлашгандек бўларкан, киши. Яқин кишиларнинг чўкиб-чўкиб қолган қабрларида қандайдир сир-синоат яширингандек туюлади. Руҳиятингни эса, хотиржамликка қоришган қониқиш ҳисси қамраб олади. Дунё ташвишларидан чекинасан, ҳаётнинг мазмунига томон яна бир қадам яқинлашгандек сезасан ўзингни…

Қабристон зиёратидан кейин қишлоққа қайтамиз. Отамнинг ҳовлиси яқинида қўшнимиз Мажид акани учратаман. Мен гўдаклик пайтимда қирқ ёшларда бўлган қишлоғимизнинг етакчи деҳқони бугун тўқсон ёш остонасидаги нуроний оқсоқолга айланган.

Эсимда, мен бола эканлигимда Мажид ака ва у кишининг биродари Бобоқул акалар қирқ ёшларда эдилар. Қишлоқдаги барча тўй-маърака, қувончу ташвишларда ака-укалар беминнат, холисона хизматда бўлишарди. Улар ҳеч қачон қишлоқдошларига қиладиган холисанлиллоҳ хизматлари учун бирор нарса тама қилишмасди. Раҳматли Бобоқул ака ва бугун нуроний мўйсафидга айланган Мажид акалар мен учун ҳамиша саховат, эзгулик, беғараз фидойилик тимсоли бўлиб туюлади…

Юзларида кексалик ва хасталикнинг ҳорғин излари қолган, ҳассага таяниб секин-аста қадам ташлаётган Мажид акага боқаману, яна хотирам болалик йиллари сари элтади…

Тушларимга тез-тез қишлоғимиз кўчалари, биз чўмилган ариқ бўйида ўсадиган ялпизлар кириши, ўша ўт-ўланлар орасида ялангоёқ капалак қувиб юрган шалпангқулоқ болакай ўзига чорлаши эсимга тушади.

Йиллар қатидан ўша болакайга тикиламану кўзларим намланади. Ахир, бу - мени тарк этиб, юрагимнинг қат-қати, хотирамнинг энг азиз гўшасидан жой олган болалигим-ку! Уни ахтараман. Унга талпинаман…

…Отамдан қолган ҳовлимиз узра хотирамда ин қурган қалдирғочларим парвоз қилади.

 

Искандар Маҳмадалиев,

2017 йил, Наврўз,

Восе ноҳияси, Ҳулбек қишлоғи.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

ШАРОФ РАШИДОВ: -ХУШ КЕЛИБСИЗ, ЖАЛОЛ ИКРОМИЙ!..

 

Машҳур тожик ёзувчиси Жалол Икромийнинг ўғли кимёгар олим Жонон Икромий билан жуда яқин дўст эдик. Ўзаро суҳбат чоғларида, у падари бузрукворининг ҳаётига оид ажойиб, ибратли воқеаларни завқ-шавқ билан сўзлаб берарди. Бугун мен ана шундай ҳикоялардан бирини сиз билан ўртоқлашмоқчиман.

Муфассал...

ОФТОБИМ – ОНАМ

 

Онажоним - юрагимнинг қуввати, кўзимнинг нури, дуогўйим. 

Бизни ташлаб кетганингиздан буён, юрагимни армонлар, аламлар қамраб олган.Босган изларингизга, меҳрли нигоҳларингизга зорман, онажон! Сизнинг ҳикматли сўзларингиз қулоғим остида жаранглайди, жаранглайверади. Рўмолингизни ўпиб, кўзга суртиб йиғлаб оламан. Онасини йўқотиб қўйганларда қўмсаш ҳисси, нақадар, ўзгача бўлар экан-а!

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990588

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477788
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3716
4027
21401
7426653
99432
114875
7477788

Сизнинг IPнгиз: 18.227.209.214
Бугун: 23-11-2024 16:58:37

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015