Ниҳоят, интиқлик билан кутилган кун етиб келди. Шерхон ака билан учрашувни бугунги кунга қолдирганимнинг боиси, у ҳар гал қишлоққа келганида, аввало, қариндошлару ошна-жўралари билан суҳбат қурарди. Эшитганим чоғ етиб боришим зарур эди, қучоқ очиб кўришадиган одамим бўлса, журналистлик тажрибамдан келиб чиқиб, одамлар гавжумидан қочдим, меҳмоннинг камина билан суҳбат мавзуси бошқача, қишлоқдошлар гурунги эса, ўзгача кечарди.
Тасодифни қаранг, Шерхон ака ҳам укаси Нурхонга каминага телефон қилишини ва тезда етиб боришимни тайинлабди. Туш пайти борсам, одамлар оёғи сепсиган, Шерхон ака ўрик тагига қўйилган сўри ёнида мийиғида кулганича боқиб турарди. Қучоқлар кенг ёзилиб, бағирларга босилдик. Шерхон ака энтикар, ҳар нафас олганида, елкаси кўтарилиб тушар эди. Каминани сўрига ўтқазиб, ўзи курсига ўтириб қуюқ омонлашди. Чойнакдан чой қуйиб, пиёлани узатаркан, дастурхон чеккасидаги «Қорачиқ» китобига ишора қилиб:
-Сиз билан бирга чой ичиш насиб этибди,- деди-ю, ҳадеб бошини у-бу томонга бураверди. Охири кузнинг заррин қуёши нуридан қочиб, курсини қуюқ сояга ўтқазиб ўтирди-да, гапида давом этди:
-Китобингизни мутолаа қилдим, нафақат мен, келиб-кетувчиларнинг аксари ўқишди, ажойиб чиқибди. Олмонга бир нусха олиб кетаман, мени тушунасиз… - дея намиққан кўзойнагини бармоқлари учида кўтариб артган бўлди.
-Тушундим, барчасига тушундим, сизга дастхат битилган битта китоб келтирдим, - дея елим халтадаги китобни олиб узатдим.
- Олмонда йил давомида атиги бир мартаям ўз тилимда сўзлаша олмайман. Раҳмат, китоб менга суҳбатдош бўлади. Тақдир-да, ҳаётимда муттасил немис тилида, гоҳ-гоҳида русча, қандайдир бир сабаб бўлса, тожик тилида бирон киши билан мулоқот қиламан, - деди-ю китобдан кўз узолмай турди ва яна гапида давом этди. - Олмондан қайтаётганимда, сиз билан суҳбат қурсам, деган ниятим бор эди. Бошқалар билан суҳбат қурсам-чи, афтимга, юриш-туришимга боқиб: - «Шерхонни кўрдик, яхши», дейишади-ю, кетишади. Ички дардимни, юрагимни нелар безовта қилаяпти, буни сиздан бошқа ҳеч ким ҳис этолмайди. Қандай руҳий ҳолатдаман, сиздан пинҳон тутолмайман, гўёки дўхтир беморга ташхис қўйгандек, дардимдан воқиф бўласиз.
Шерхон Тиллаев қишлоғимизда туғилиб ўсган бўлса-да, чамаси қирқ йилдан кўпроқ вақт элдан узоқлашиб кетган инсон. Аввалига, Душанбе шаҳридаги тиббиёт олийгоҳида таҳсил олди, сўнг, Қумсангир ноҳияси марказий касалхонасида шифокор бўлиб фаолият юритди, ўша даврда немис қизи – Эмма билан оила қурди, бир ўғил, бир қиз фарзанд кўришди. Юртимизда рўй берган алғов-далғовли кунларда улар Олмонга кўчиб кетишди. Орадан шунча йил ўтса-да, у мана, ҳозир ҳам қишлоғимизнинг ўтмиши ҳақида гапиради-ю ҳеч бир хатоликка йўл қўймас, ҳатто, бирон-бир бино қурилишими, воқеа-ҳодисами санасига қадар эслатиб ўтар эди. Гўёки хотирасига магнит лентасига ёзиб олгандек, ўша ўтган асрнинг олтмишинчи йилларини, одамларнинг ном-насабини ҳам унутмасди. Унинг суҳбатини тинглаяпману ортда қолган йиллар хотирасини эслаб қолишнинг бир сири бўлса ажаб эмас, деган ўйга чўмаман. Нега, гоҳида тўрт хонадон наридаги кишининг номини тилга олишда қийналамизу қишлоқчиликка бориб «ҳозир тилимнинг учида эди, айтаман», деганимизча бош қашлаб тураверамиз. Шерхон ака унақа эмас, барчасини номма-ном, санама-сана янглишмай айта олади.
У патнисдаги тилим-тилим тарвуз, узумга қўл чўзиб «олинг» ишорасини қилди. Ва ўзи тарвуздан бир тилимини олди-ю, икки тишламдан нари ўтолмади – бўш тақсимчага қўйиб қўйди. Хаёл сурдим: - «Қип-қизил тарвуз-а, таъмиям тотлигина, нега уни қўйдию узумга қўл чўзди».
-Бу «тойфи» навли узум, ложувард рангда, кўзга япроқдаги шабнам мисол ташланади. Тожикистон заминида етилган, шу ер сувига қонган, шу ўлка қуёшидан баҳра олган, энг муҳими, жайдари нав, - деди-ю чап қўлида кўтариб турган шингил узумдан бир-икки дона узиб оғзига солди-да, тишлари орасига олди - «қарс» этган овоз эшитилди-ю шарбати лунжини қоплади. Шерхон ака «ғулт» этиб ютинди, изига кетма-кет томоқ қириб қўйди.
Яна хаёлга берилдим: «Нексия тарвузиям, тойфи узумиям Тожикистон тупроғида унган, ҳар иккисиям тотли, еб кўрдим. Бунда ҳам бир гап бор». Шерхон аканинг ички дардини англаб-англай олмай, тушуниб-тушунолмай тургандим, ўзи гапга кирди:
-Тарвуз шу ерда экиб етиштирилган, ширин. Мен унчалик хушламадим, чунки уруғи чет давлатники. Узум эса, Тожикистоннинг жайдари нави, шу заминга ўгаймас, иштаҳа билан истеъмол қилишимнинг боиси шундан. Ватанда яшаяпсизлар, барчангизга тарвуз ҳам, узум ҳам бир хил, қорин тўярга истеъмол қиласизлар. Ватандан узоқлашган инсон Тожикистон офтоби, еру суви, ҳатто, экин, дарахту боғининг навига қадар эътиборлироқ бўлади. Ҳар бир неъмат тарихан шу юрт, шу заминда унса, берган ҳосилидан истеъмол қилсанг, ҳузур-ҳаловат оласан киши.
-Ҳақ гапни айтдингиз…
-Энди дардимни айтай, укагинам. Гўёки сиздек ёки бошқалардек оддий инсонман, қолаверса, тиб соҳасида ишлашу фаолиятимни немис тилида давом эттириш оғир вазифа, тўрт-беш тилни мукаммал ўрганиш эса, бундан-да, оғир. Ҳайрон бўлаётганингизни тушундим, айниқса, шевада гапиришни унутиб юбормаган, деган фикрга бораяпсиз. Яна қишлоқнинг ўтмиши-ю одамларнинг номлариниям унутмаслигимнинг бош сабаби туғилиб-ўсган Ватандан узоқлигимдир. Ватан соғинчида юрган одам юртида бўлганида кўзи кўрган, қулоғи эшитганини миясига жойлаб оларкан. Тожикистон ҳудудидаги бутун нарсани унутолмаётганим ва ҳозиргидек тарвузу узумни фарқлай олиб, истеъмол қилишим ҳам Ватан соғинчида яшаётганлигимдан. Йилнинг ўн бир ойи Олмонда бўлсам, бир ой мана, қишлоқда меҳмонман, мен учун ўн бир ой бир ойлик ҳаётимга татимайди. Кунларим Олмонда ўтса, тунларим Тожикистон билан боғлиқ тушлар оғушида яшайман. Шунинг учун қалбимга қулоқ соламану «Сени қўмсайман, ҳур Тожикистон!» - дея баралла айтаман.
Имомқул Эшмуродов, Дўстий ноҳияси.
ҲАЁТ СЎҚМОҚЛАРИ
Ҳаёт сўқмоқлариаро тебраниб,
Бир карвон ўтади – умр карвони.
Орқага қайрилмас, олддадир манзил,
Шафқатсиз вақт, ахир, карвон сорбони.
Муфассал...
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Тожикистон Республикаси парламентига йўллаган навбатдаги Паёмига ҳам бир йил тўлиб, мамлакатимиз тарихи саҳифасига 2018 йил - Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, дея битилди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015