Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 20 Октябр 2016 Кӯришлар: 2374
Печат

 

mahallaТарихан маҳаллалар жойлардаги ўз-ўзини бошқарув органи сифатида фуқаролик жамиятининг соғлом асоси бўлиб келган ва бундан келиб чиққан ҳолда, кучли ва демократик давлатнинг асосларидан саналган маҳаллаларга эътиборни кучайтириш давлат ҳокимияти шаҳар ва ноҳиялар ижроия органлари ишини енгиллаштиради, аҳоли билан иш юритишни, жойлардаги муаммоларни тез ва муваффақиятли ҳал этишни яхшилайди.

Суғд вилоятининг бир қатор шаҳар ва қишлоқларида яшаётган маҳалла фаоллари, маҳалла раислари, таҳлилчилар, оддий одамлар, маҳаллий ҳукуматлар масъуллар билан суҳбатлашилганда, ана шундай фикрлар янгради.

Оила тинч, маҳалла тинч, юрт тинч             

Раҳима Қаҳҳорова 20 йилдан буён Спитамен ноҳияси маркази Новкат шаҳарчасидаги «Наврўз» маҳалласига раислик қилиб келади. Маҳаллада тўртта кўча ва бир нечта кўп қаватли уй бор. 200дан ортиқ хўжалик истиқомат қилади.

- Оила тинч, маҳалла тинч, юрт тинч, - деган гаплар бор.  Ота-боболаримиз айтиб келаётган бу гапларнинг замирида  маъно жуда чуқур. Масалан, айрим маҳаллаларда, ҳатто, кичик масалалар ҳам ҳал қилинмасдан, жамоатга, ноҳия ҳукуматигача етиб боради. Биз одамлар ташвишини, дардини ўрганган ҳолда, уларга ёрдам беришга, муаммоларни иложи борича маҳалламизнинг ўзида ҳал этишга ҳаракат қиламиз. Маҳаллада эмас, жамоатда ҳал қилинадиган масалалар бўлса, уни бор моҳияти билан етказишга ҳаракат қиламиз, - дейди Раҳима Қаҳҳорова.

Бобожон Ғафуров ноҳиясидаги Исфисор қишлоқ жамоатининг энг тажрибали ва куйинчак маҳалла раисларидан бўлган, ҳозирда маҳалла фаоли Нуриддин Темиров ҳам худди шундай фикрда. Унинг фикрича, агар маҳалла раиси, фаоллари маҳаллада яшаётган одамларни қийнаётган муаммолар – у хоҳ ижтимоий, хоҳ иқтисодий бўлсин, билишмаса, кўпчилик назаридан қолишади. «Мен ҳар бир масала маҳалланинг ўзида тўлиқ ҳал этилади, дея олмайман. Лекин маҳалла раиси маҳалладошлари дарди, муаммоларига ҳеч қачон бефарқ қарамаслиги, уни қишлоқ жамоати раҳбарларига етказиши, ечимини талаб этиши шарт. Шунда ҳам мақсадига эриша олмаса, ноҳия ҳукуматига чиқиши зарур»,-  дейди Нуриддин Темиров.

Раҳима Қаҳҳорованинг айтишича, «Наврўз» маҳалласидаги ҳар бир кўчага бошлиқ тайинланган. Бошлиқларни танлашда уларнинг одамлар орасидаги обрў-эътиборига, кўпчилик билан ишлай олиш қобилиятига алоҳида эътибор берилади.

 «Маҳалламизда тўй-маъракалар келишилган, маслаҳатлашилган ҳолда, камчиқим ўтказилади. Оила қуришларидан олдин ёшлар, уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашамиз. Оиланинг муқаддаслиги, унга жиддий қараш, оила аъзолари орасидаги муносабатлар борасида фикрлашамиз. Маҳалламизда оилавий ажралишлар йўқ эмас, бор. Лекин жуда оз».

Гарчи ўзи раислик қилаётган маҳаллада оилавий ажралишлар оз бўлса-да, умуман, кейинги пайтларда ёш оилаларнинг бузилиб кетиши кўпаяётганидан Раҳима Қаҳҳорова ташвишда.

- Айримлар олти ойда, ҳатто, бир-икки ой яшамасдан ажрашиб кетишяпти. Тўғри, бунинг сабаблари бир хил эмас. Лекин энг кўп учрайдиган сабаблардан бири меҳнат муҳожирлиги бўлиб қолди. Йигит уйланади ва орадан бир-икки ой ўтмасдан ёш хотинини ташлаб, четга ишлаш учун кетиб қолади. Ҳали янги оилага кўникишга улгурмаган келинчак ва қайнонаси орасида, ё оиланинг бошқа аъзолари ўртасида келишмовчилик, жанжал чиқади. Аслида эр қаерда бўлса, хотин ҳам ўша ерда бўлиши керак. Лекин ёш эр Россияда ижара уйда яшайди. Битта кичик хонада ўнта, ундан кўпроқ эркак туради. Қандай қилиб, эр ёш хотинини у ерга олиб борсин? Лекин ишламаса, рўзғор, тўйга олган қарзини узиш учун пул топмаса бўлмайди. Мен ҳар бир маҳалла раисининг янги оила қураётганларга, ёшларнинг ўзларигами, ота-оналари, яқинлари орқалими,  эр-хотиннинг бир-биридаги ҳақларини ҳам тушунтириб қўйишларини истардим, ана шунда ажралишлар камайиши мумкин. Биз тўйдан бир ой олдин тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Кўпни кўрган, узоқ йиллардан буён бир-бири билан тотув яшаётган эр-хотинлар ёшларга маслаҳат беришади. Ёш келин-куёвларнинг шифокорлар текширувидан ўтишлари ҳам бўлажак оиланинг мустаҳкам бўлишида муҳим ўрин тутади. Шифокорлар текширувдан ўтказиб, маълумот беришлари шарт, шунчаки номига эмас.

Давлат ҳокимияти Спитамен ноҳияси ижроия органи  ижтимоий тараққиёт ва жамоатчилик билан алоқа бўлими мудири Пирмуҳаммад Пировнинг айтишича, маҳалла раислари билан мудом яқин муносабатда бўлишади.

- Ҳозир ҳар бир маҳалла раиси учун идора, иш жойлари қилиб беришга интиляпмиз. Масалан, ноҳия марказидаги барча маҳаллаларнинг идоралари, раисларда муҳр бор. Муҳр бўлгач, маҳалла ваколатидаги маълумотномалар, ҳужжатлар тайёрланиши ҳам мумкин. Одамлар ўз маҳаллаларини обод этиш учун четда қараб туришгани йўқ. Масалан, Мирзо Турсунзода кўчасига мум ётқизилди. Бу кўчанинг текис ва равон бўлишига маҳалла аҳолиси ҳисса қўшди,- дейди Пирмуҳаммад Пиров.

Спитамен ноҳияси раиси ўринбосари Дилрабо Раҳимийнинг айтишича, кўп ижтимоий, маиший муаммоларни ҳал этишда бевосита маҳалла раисларига суяниш яхши натижа беради.

- Жамият ҳаётида маҳалланинг роли бениҳоя каттадир. Маҳалладаги муаммолар,  у ерда нималар бўлаётгани, қайси оиланинг қандай ташвишлари борлиги, ёшларнинг бўш вақтларини қандай ўтказаётганликлари, нималарга қизиқишларини маҳалла раиси ва фаоллари юқори ташкилотлардан кўра яхшироқ билишади, - дейди Дилрабо Раҳимий.

Раҳима Қаҳҳорованинг айтишича, маҳалла раислари мамлакат ҳукумати томонидан чиқарилаётган қарорларни ҳаётга татбиқ этишда, бу қарорларни амалга оширишни назорат этишда муҳим ўрин тутишади. Жумладан, фарзандлар тарбиясида ота-оналар масъулиятини кучайтириш борасида қарор чиққач, «Наврўз» маҳалласи фаоллари фақат тушунтириш ишлари олиб борибгина қолмасдан, қарор ижросини ҳам назоратга олишди.

 -Маҳаллада яшаётган ёшларнинг нотўғри кўчаларга кириб кетмасликлари, ҳар хил оқимларга қўшилиб қолишлари олдини олиш учун, аввало, яхши дам олиш, спорт билан шуғулланиш учун имкониятлар яратишга аҳамият берилди. Бунда маҳалла яқинида стадионнинг борлиги ҳам муҳим ўрин тутди. Болалар, ёшларнинг китоб ўқишлари учун тарғибот ишлари олиб борилади, - дейди «Наврўз» маҳалласи раиси.

- Бизда болалар, ёшлар, аёлларимиз ҳам спорт билан шуғулланишади. Футбол бўйича Тожикистон термасининг дарвозабони Алишер Тўйчиев маҳалламиз фарзандидир, - дейди фахрланганча Раҳима Қаҳҳорова.

«Наврўз» маҳалласида аҳоли яшаши учун қулай шароитлар яратишга аҳамият берилади. Ичимлик сув муаммоси ҳал этилган. Тоғаяк қишлоғидан қувур орқали оқар сув олиб келинган. Тез-тез ҳашар ўтказилиб, маҳалла кўчалари тозаланади, обод этилади, кўкаламзорлаштирилади.  Жорий йилда мамлакатда ўтказилган «Обод маҳалла» танловида «Наврўз» шаҳарчада биринчи, ноҳияда иккинчи ўринни эгаллади.

 

Қадимий илдизлар

- Олтмишдан ўтдим, энди маҳаллага бошқа раис сайланглар, десам ҳеч қўйишмаяпти, - дейди бироз ўйланиб Раҳима Қаҳҳорова. – Баъзан маҳалла, кўпчилик манфаатини ўйлаб, кимгадир қаттиқроқ гапириб юбораман, қаттиққўллик қиламан. Балки менинг ўрнимга келган одам ҳеч кимнинг кўнглини оғритмас….

Қаҳҳорованинг ана шундай қаттиққўллиги сабаб, бундан бир-икки йил олдин маҳалланинг айрим аёллари «бизга бундай раис керак эмас», деб талаб қилиб туриб олишди. Раис ишдан кетмоқчи бўлди. Лекин асосий кўпчилик «биз сиздан бошқа раисни истамаймиз», деб туриб олди. Хуллас, Қаҳҳорова ўйлаб-ўйлаб, маҳалла иккига бўлинса, яхши  натижа чиқар, деган қарорга келди. Элликдан кўпроқ хўжалик ажралиб чиқиб, алоҳида маҳалла бўлди. Лекин бу кичик маҳаллада бирон-бир муаммо ҳал этилмасди. Бир йилдан сўнг, битта кўчадан 30 нафар, иккинчи кўчадан 5 нафар одам келиб, «Наврўз»га қайта қўшишларини илтимос қилиб туриб олишди…

- Маҳаллада яшайдиган ҳар бир киши фақат ўз оиласи тинчини эмас, балки бутун маҳалла тинчини ўйлаши зарур. Маҳаллада бегона одам пайдо бўлса, кимлигини сўраймиз. Ахир, одамнинг ичидагини билиб бўлмайди-ку. Яхши ниятли бўлиши, ёмон ниятли бўлиши мумкин, - дейди Раҳима Қаҳҳорова.

Таҳлилчи Илҳом Жамолиённинг айтишича, маҳалла аслида шаҳарларга хос кўриниш бўлган. Шаҳар ҳокимлари маҳаллалар оқсоқолларига суянишган, чунки улар орқали янгиликларни одамларга етказиш, тушунтириш, бошқарув осон бўлган. Ўз навбатида маҳалла оқсоқоллари маҳалла ҳаёти учун муҳим масалаларни ҳокимга етказиб туришган.

Тарихий маълумотларга қараганда, Шарқда маҳалла қадимий илдизларга эга бўлиб, у маҳаллий ўз-ўзини бошқарув ҳуқуқига эга бўлган. Жумладан, ҳозирги Тожикистон ҳудудига кирган шаҳарларда маҳалла аҳолиси маҳалла қўмитаси ва оқсоқолни ўзи сайлаган. Аҳоли сайлаган одамлар  маҳалла аҳолисининг маиший, ижтимоий турмушига оид масалаларни ҳал этишга вазифадор бўлишган. Шунингдек, маҳаллада тартиб сақланишида шаҳар ҳокимияти олдида масъул бўлишган. Кейинчалик кенгайиб, аҳоли сони оша боргандан кейин, қишлоқларда ҳам маҳалла институтига эҳтиёж пайдо бўлган.

Маҳаллада яшаётган кишилар бир-бирларини яхши билишган, батафсил ва ишончли маълумотларга эга бўлишган. Айнан маҳаллаларда фақат ўз оиласидаги катталарни эмас, маҳаллада яшаётган ёши улуғларни ҳурмат қилиш, яхши қўшничилик, қариялар, беморлар ҳолидан хабар олиб туриш, ёрдамлашиш, болалар тарбиясига эътибор шаклланган. Агар фарзанди бирон нотўғри иш қилиб қўйиб, қўшнилардан танбеҳ эшитса, тўғри йўлга солинса, ота-оналар ҳеч қачон хафа бўлишмаган, қайтага хурсанд бўлишган. Чунки уларнинг ўзлари ҳам бошқа болаларга муносабатда худди шундай йўл тутишган. Янги уй қуриладиган бўлса, каттадан кичиккача ҳашарга чиққан. Гарчи болалар иши унча кўзга кўринмаса-да, уларнинг ҳашарда иштирок этишлари бу халқ анъанасининг сақланишида муҳим ўрин тутган. Бошқача айтганда – болаларнинг кўзи пишиб борган. Олдинлари маҳаллада яшаётган кишилар кимнингдир эслатишига қараб ўтирмасдан, ариқлар, кўчаларни тозалашга чиқишган, дарахт ниҳоллари ўтқазишган, ҳатто, томорқа ва боғларга биргаликда сув очиб келишган.  Маҳалла аҳли тўй ва маъракаларни, турли хил байрамларни бирга ўтказишган, маҳалладошлар дунёдан ўтгудек бўлса, қабр қазишдан бошлаб, тобут кўтариш, кўмиш маросимларигача ҳамма биргаликда ўтказган.

Журналист Султонмурод Ҳожибоевнинг айтишича, кўпгина қишлоқларда бу тарихий анъаналар тўла бўлмаса-да, сақланиб қолган. Лекин бунда маҳалла раисларининг ўрни унчалик сезиларли эмас. «Афсуски, қишлоқларда кўпгина маҳалла раислари номигагина сайлаб қўйилган. Бунда кўпинча раисликка сайланаётган кишининг маҳалладаги обрўси, унинг тажрибаси, билими, кўпчилик билан ишлай олиш маҳорати ҳисобга олинмайди»,- дейди журналист.

- Мен айрим маҳалла раисларини биламан. Улар, ҳатто, ўз вазифалари нималардан иборатлигини тузук билишмайди, - дейди Истаравшандаги қишлоқлардан бирида яшайдиган Ёқубжон Очилов.

Ўз ишига масъулият билан ёндашаётган, маҳалла аҳолиси ҳаёти учун жавобгарлик ҳиссини сезган ҳолда, фаолият юритаётган маҳалла раислари ҳам оз эмас. Улардан бири Ҳомиджон Сатторовдир. У кўп йиллар давомида Бобожон Ғафуров ноҳиясидаги Ёва қишлоқ жамоатига раислик қилди. Эндиликда қишлоқдаги «Лаби канал» маҳалласининг раиси. Маҳалланинг ўз идораси бор.

- Биз маҳалла аҳлининг аҳил бўлиши учун кўп тадбирларни биргаликда ўтказамиз. Халқаро Наврўз, мамлакатимиз мустақиллиги байрамларини биргаликда нишонлаймиз. Қариялар, беморлар ҳолидан хабар олиб турамиз. Ҳукуматимиз қонунларини ўрганиб чиқиб, ҳаётга татбиқ қилаяпмиз. Масалан, ота-оналарнинг фарзандлар тарбиясидаги масъулияти ҳақидаги қонун аҳамиятини кўпчиликка мунтазам тарзда тушунтириб боряпмиз. Ота-оналар, бевосита ёшларнинг ўзлари билан ўтказилаётган мулоқотлар, суҳбатлар яхши натижа беряпти. Шукр, бизнинг маҳалламизда бирон-бир хатарли, ноқонуний оқимларга қўшилиб қолган ёшлар йўқ, - дейди Ҳомиджон Сатторов.

Нега кўпчилик маҳалла раиси бўлишни истамайди?

 - Менинг икки нафар ўғлим бор. Иккови ҳам ҳарбий хизматда бўлган, - дейди Бобожон Ғафуров ноҳиясидаги қишлоқлардан бирида яшайдиган Собир Бобожонов . – Маҳалламиз раисининг бешта ўғли бор. Биронтаси ҳам ҳарбий хизматда бўлмаган. Кичик ўғилларини мактабни битириши биланоқ Россияга жўнатиб юборган. Тўғри, йигит деган балоғатга етгандан кейин ишлаши, оиласига ёрдам бериши зарур. Лекин ватанпарварлик ҳисси-чи? Энди айтинг, ўғилларидан биронтаси ҳарбий хизматда бўлмаган маҳалла раиси маҳалласидаги йигитларни қандай қилиб хизматга боришга даъват этиши мумкин?

- Маҳалла раиси ўқимишли, дунёқараши кенг, кўпчиликнинг тилини топа оладиган, обрў-эътиборли, ташкилотчи бўлиши зарурлигини яхши биламиз. Лекин бундай одамларни топиш осон эмас. Борлари ҳам маҳалла раиси бўлишга рози бўлмайди. Натижада, талабга жавоб бермаса-да, ишлаш учун рози бўлган одамларни тайинлашга мажбурмиз.

Бу фикрни фақат битта қишлоқ жамоати раиси эмас, бир нечта раис айтди. Шунингдек, улар маҳалла раисларини моддий жиҳатдан рағбатлантиришнинг аҳамияти ҳақида ҳам гапиришди.

Давлат ҳокимияти Гулистон шаҳар ижроия органи ижтимоий тараққиёт ва жамоатчилик билан алоқа бўлими мудири Илҳом Мадализоданинг билдиришича, шаҳарда  36та маҳалла мавжуд. Ҳозирча саккизта маҳалла раиси маош олиб ишлайди. Уларнинг ҳар бирига 700 сомонийдан маош берилади.

- Албатта, бу моддий рағбатлантириш натижасида  маҳалла раислари ғайрат билан ишлашмоқда, - дейди Илҳом Мадализода.  – Биз маҳалла раислари билан доимий алоқа ўрнатганмиз, уларга суянамиз. Ташвиқот-тарғибот, маҳаллий хўжалик ишлари, ободончилик, бунёдкорлик ишларига сафарбар қиламиз. Улар барча жамоат ишларида фаол қатнашадилар. Бир сўз билан айтганда, маҳалла раислари ва фаоллари маҳаллаларда яшаётган аҳоли билан орамизда кўприкка айланишган, - дейди Илҳом Мадализода. 

Таҳлилчи Неъмат Мирсаидовнинг фикрича эса, маҳалла раиси фаолияти ҳамиша ихтиёрий, ватанпарварлик ҳаракати бўлган.

- Маҳалла сардорига бугун маош берилсин, деган ўйда эмасман. Чунки кўп кишилар маҳалла тинчлиги, ободлиги учун бепул ишлаб келишган. Лекин маҳаллий ҳукуматлар маҳалла раислари, фаолларига кўпроқ ишонч билдиришлари, ваколат беришлари зарур.  Шунда гарчи маош олишмаса-да, маҳалла раислари фаоллашишлари мумкин, деб ўйлайман, - дейди Неъмат Мирсаидов.

Бобожон Ғафуров ноҳияси Ёва қишлоғидаги маҳаллалардан бирининг раиси Ҳомиджон Сатторов ўзининг кўп йиллик тажрибасига суянган ҳолда ўз мулоҳазасини билдирди:

- Агар маош беришнинг имконияти бўлмаса, бошқача қонуний йўллар билан маҳалла раисларини моддий рағбатлантиришнинг, ҳеч бўлмаганда, маънавий рағбатлантиришнинг иложи топилса, яхши бўларди. Ана шунда маҳалла раислари жамоатчилик вазифасига меҳр-муҳаббат, масъулият билан ёндашган бўлардилар.

Таҳлилчи Аҳмаджон Очилбоев  қатор йиллар давомида Бобожон Ғафуров ноҳияси маркази – Ғафуров шаҳарчасидаги йирик маҳаллалардан бирига раислик қилган.

– Маҳаллалар ўз маблағ жамғармаларига эга бўлишса, кўп нарса ҳал этилиши мумкин. Масалан, йиғилган маблағни ободончилик ишларига сарфласа бўлади. Маҳалладаги муҳтож оилаларга ёрдам бериш мумкин. Вақтида биз ана шундай жамғармага эга бўлишга ҳаракат қилдик. Лекин бошқаларнинг тажрибасини ўрганиб чиқсак, маҳалла ўз жамғармасидан мустақил фойдалана олиши қийин экан. Унга бер, бунга бер, маҳалла бунга ҳиссасини, унга улушини қўшсин, деб жамғармага кўз тикадиганлар кўпаяр экан. Биз эса, қонунни бузишни, маҳалла аҳли маблағига хиёнат қилишни истамадик, - дейди Аҳмаджон Очилбоев.

Илҳом Мадализоданинг фикрича, маҳаллаларга ўз-ўзини бошқариш ҳуқуқи қанчалик кенгроқ берилса, аҳоли билан ишлаш шунчалик яхшиланади.

 

Ёзилган ва ёзилмаган қонунлар

Таҳлилчи Неъмат Мирсаидовнинг фикрича, Тожикистоннинг айрим ҳудудларида маҳаллалар худди олдингидек амал қилади. Масалан, Исфаранинг Чорку, Ворух қишлоқларида. У ерда маъракалар бевосита маҳалла фаоллари иштирокида ўтади. Маҳалла раислари жамоат раислари билан ҳамкорликда ишлашади.  Кўп масалалар, масалан, иқтисодий, ижтимоий масалалар биргаликда ҳал этилади.

- Лекин ҳаётнинг айрим жиҳатларида биз маҳалланинг ўрнини кейинги пайтларда баралла кўрмаяпмиз. Биринчи навбатда одоб-ахлоқ, тарбия масаласида. Тўғри,  қўшни отахонми ё онахонми, маслаҳат берганда, камчилигини кўрсатганда, сизнинг нима ишингиз бор, деб жеркиб ташлайдиган ёшлар ҳам бор. Лекин айрим катталар ўз маҳалласида яшаётган ёшларнинг шубҳали одамлар билан бирга юришларини кўриб, кўрмасликка олиб ўтишади. Натижада, айрим ёшлар бузғунчи  оқимларга қўшилиб қолишмоқда. Мен маҳаллаларда ҳар бир киши қўшниси нима иш билан шуғулланаётганлиги, қаерга кетганлиги, қайга бориб-келаётганлигидан ҳар доим хабардор бўлиши керак, деб ўйлайман. Мен улар айғоқчилик қилишсин, демоқчи эмасман. Лекин қўшни ҳаёти учун ҳам масъулият сезиш,  маҳалла ёшлари келажаги учун қайғуриш орқали халқ, Ватан манфаатларига қарши қаратилган ҳаракатларга қўшилишдан тўхтатиб қолиш мумкин-ку! Баъзан ота-оналар ҳам фарзандларининг юриш-туришини назорат этмасдан, қилмишидан хабарсиз қолишади. Шунинг учун ҳам, қўшнилар айрим ёшларнинг юриш-туришида хавотирли ўзгаришлар пайдо бўлганини сезишса, уларнинг  ота-оналарини огоҳлантирсалар, яхши бўларди.

Албатта, бундайин ота-оналар ҳам фарзандлари қандай хатарли йўлга кириб кетишлари мумкинлиги ва бунинг олди олинганлигини билишгач, хурсанд бўлишади. Кейинроқ бўлса-да. Шунинг учун маҳалла раислари, фаоллари маҳалланинг келажагини ўйлаган ҳолда кўпроқ ишлашлари, ҳар бир оила ҳаётидан  хабардор бўлишлари зарур. Ана шунда маҳалланинг олдинги вазифасини тиклашга эришишлари мумкин, - дейди Неъмат Мирсаидов.

Тарихий маълумотларга юз тутилганда, маҳаллаларнинг ўз ёзилмаган қонунлари борлигини кўриш мумкин. Масалан, кимдир уйини сотмоқчи бўлса, аввалига қариндошига, кейин девор қўшниси  ва сўнгра маҳаллада яшаёган бошқа кишиларга таклиф этган. Маҳалла аҳли ҳам ўз ўрнида буни талаб қилган. Бундан мақсад эса, маҳаллага бегона, синалмаган одамларнинг кўчиб келиши олдини олиш бўлган.

- Биз маҳаллаларга ўз-ўзини бошқарув ҳуқуқини кенгроқ беришга ҳаракат қиляпмиз, - дейди Илҳом Мадализода.

Мастчоҳ ноҳиясининг «Навбаҳор» қишлоқ жамоатида яшайдиган кишилар билан суҳбатлашилганда эса, уларнинг кўпчилиги оддий бир маълумотнома олиш учун бориш-келишни ҳисобга олганда, йигирма-ўттиз чақирим йўл босаётганликларини айтишди. «Тоғ йўлларини босишнинг ўзи осон эмас. Агар маҳалла раисларида ваколат, муҳр бўлганда, балки биз кўп сарсон бўлмасмидик»,- дейишди навбаҳорликлар.

Тарихчиларнинг ҳикоя қилишларича, яқин ўтмишда маҳаллалар айнан маҳаллий ўз-ўзини бошқарув асоси сифатида кўрилган.

Таҳлилчилар эса, маҳаллалар ишига аралашишда ўта эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишни, ҳар қандай тажриба, ҳаракатни қўллаш тузатиш қийин кечадиган хатоларга олиб бориши мумкинлигини таъкидлашади.

Маҳаллалар ҳозир ҳам жойлардаги ўз-ўзини бошқарув органи сифатида фуқаролик жамиятининг соғлом асоси ҳисобланади. Демак, бундан келиб чиққан ҳолда, кучли ва демократик давлатнинг асосларидан ҳам саналади.

Кечаётган йилда мамлакатда, жумладан, «Обод маҳалла» танловининг ўтказилиши ҳам айнан маҳаллаларнинг жамият ҳаётидаги мақомини оширишга қаратилди.

 

Ўринбой УСМОН.

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

ШУКРОНАЛИК, ОДОБУ ҲУСНИ ХУЛҚ ДОИМИЙ ҲАМРОҲИМИЗ БЎЛСИН!

 

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон Жаноби олийларининг мамлакат жамоатчилик намояндалари билан мулоқотидаги сўзлари барчамизда яхши таассурот қолдирди. Айниқса, у кишининг ҳажни тижоратга айлантирмаслик, хўжакўрсинга зиёрат қилмаслик борасидаги қимматли фикрлари аҳоли томонидан муносиб кутиб олинди. Мен ҳам бу борада фикрларимни баён қилмоқчиман.

Муфассал...

Босқон урилганда сачрайди учқун…

 

Босқон ҳар урилганда сачраётган учқунлар гуриллаб ёнаётган олов, алангада қизиб, қип-қизил чўғ тусини олаётган темирдан чиққан ёндираман, деяётган иссиққа қўшилиб, атрофни аёвсиз қиздиради. Юз-кўзидан тер шовиллаб қуйилаётган уста Ҳабибназар босқон ураётган невараси, қўлида ясаётган тешасига бот-бот кўз қирини ташлаб олиб, ишида давом этаётган ўғлига меҳр билан қарайди. Барибир ҳар икковининг танасида ҳам бобокалонлари – устазода

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991060

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478613
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4541
4027
22226
7426653
100257
114875
7478613

Сизнинг IPнгиз: 3.16.135.226
Бугун: 23-11-2024 17:45:53

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015