Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 04 Июн 2015 Кӯришлар: 2485
Печат

 

shahodatШаҳодат (Шаҳодат Жалолова) 1983 йилнинг 12 июнида Суғд вилоятининг Панжакент шаҳрида туғилган.

Ўрта мактабни олтин медал билан битирган. 2004 йили ноҳиядаги педагогика билим юртини, 2014 йили Хўжанд давлат университетининг филология факултетини  аъло диплом билан тугатган.

2011 йилгача Панжакент шаҳар педагогика билим юртида тожик тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритган. Айни пайтда  «Адиб» нашриётида ишлаб келмоқда.

«Пироҳани нур» («Нур хирқаси»), «Парвоз дар қафас» («Қафасдаги парвоз»)  номли китоблари чоп этилган.

2012 йилдан буён Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси. Шунингдек, «Падида» номли адабиёт мукофоти лауреатидир.

-Дунё яралибдики, шеър ва шеъриятга турфа таъриф берилади. Шеър киши қалбига мусиқадай равон сингадиган сурур, сизнинг-ча у нима? Шеърга қандай таъриф берган бўлардингиз?

-Шеър ҳиссиёт ва ҳолат тасвиридир. Яъни, шеър бир ҳолатки, шоир уни тасвирга солади. Аниқроғи, шоир шеърни руҳан яратади. Уни ёқимли мусиқа сингари қабул қилиб, қалбида пиширади, сўнгра хотирада сақлаш учун қоғозга туширади. Бу шундай бир жараёнки, ҳолат, илҳом, ҳиссиёт, ҳаяжон, билим ва ўткир истеъдод воситасида инсон вужудидан ташқарига чиқаради. Бу ҳолат ҳам залворли ва ҳам ёқимлидир. Айтишларича, ҳақиқий ижодкорларнинг (шоир, ёзувчи, рассом, санъаткор ва бошқалар) руҳияти буюк коинот билан махсус алоқага эга, бунинг ажабланарли жойи йўқ... Тасаввур қилинг, шеър ёзиш жараёнида инсон бутунлай томчи зарраларга айланади ва қоғозга тўкилади, ундан эса, руҳ чечаги  бўлиб, шеър униб чиқади. Шеърият менинг назаримда том маънодаги гўзалликдир.

-Сизга илҳом қачон келади? Шеър ёзишда вақт танлайсизми?..

-Ижоднинг аниқ вақти йўқ. Илҳом ҳар лаҳзада одамни чулғаб олиши мумкин. Шахсан менинг ўзимда бу жараён гоҳида таом тайёрлаётганимда, гоҳида кир юваётганимда ва гоҳо эса, боғларни айланганимда пайдо бўлади. Бундай лаҳзаларда барча ишимни ташлаб, қоғозу қалам ёнига югураман. Токи бирор бир мисра ёки байтни эсдан чиқармасдан варақларга муҳрлаб қўяйин дейман. Шеър танҳоликни хоҳлайди. Баъзи бир одамлар бу ҳолатни илҳом дейди. Аксар вақтларда бир неча муддат бирор нарса ёзолмайман ва яна бир неча кун давомида ижод оламига шўнғийман. Аслида кам ёзаман, каммаҳсул ижодкорман.

-Кимларнинг асарларини ўқийсиз? Сизнинг ижодингизга уларнинг таъсири қандай?

-Асосан, мумтоз асарларни мутолаа этишни яхши кўраман. У насрми ё назм бўлишидан қатъий назар, Рўдакий, Сино, Фирдавсий, Хайём, Саъдий, Ҳофиз, Мавлавий, Аттор, Жомий, Восифий, Соиб, Бедил, Иқбол ва умуман, бизнинг барча аждодларимиз ижоди жаҳон аҳлини мафтун этиб келган. Дунё аҳли уларнинг асарларини ўрганиш учун  форс-тожик тилини ўрганади. Қаранг, қандай фахрланарли ҳол! Бундай улуғлардан кейин бошни баланд кўтариб шоирлик даъво қилишнинг ўзи ҳам осон иш эмас. Бу нарса ҳар бир ижодкорга улкан масъулият юклайди.

Турсунзода, Лоҳутий, Қаноат, Лоиқ, Гулрухсор, Фарзона, Адибаи  Хўжандий ва Озар асарларидан лаззатланаман. Булар ҳам ижодда ўз сози ва овозига эга бўлган шоирлардир.

-Кўпроқ қайси халқлар адабиётини мутолаа қиласиз?

-Онам – рус тили ўқитувчиси. Ўзлари мутолаани жуда ёқтирардилар  ва биз фарзандларига ҳам доимо ўқишни тавсия қилардилар. Шу боисми, китобга қаттиқ боғландим. Отам шифокор бўлсалар-да, жуда кўп ўқирдилар. Уйимизда китоб жуда кўп эди. Ғарб адибларидан Александр Дюма, Балзак, Анн ва Серж Голонлар, Хемингуэй, Марк Твен, Майн Рид, Шекспир, Диккенс, Жонатан Свифт, Сервантес, Рафаэлло Жованоли, Жек Лондон, рус адибларидан А. С. Пушкин, Есенин, А. Блок, А. Ахматова, Толстой, Некрасов, А. Чехов ва бошқалар, қирғиз ва қозоқ адибларидан Ч. Айтматов, О. Сулаймонов, доғистонлик Р. Ҳамзатов, ўзбеклардан А. Навоий, Машраб, Ҳамза ва бошқаларни ўқиганман. Ўқиган асарларимнинг барчаси рус тилидаги таржималари асосида эди.

-Тенгдошларингиздан кимларнинг ижоди сизга кўпроқ манзур?

-Менга ёшлар ижоди жуда ёқади. Баъзида тўгараклар, оммавий ахборот воситалари ёки бевосита ўзларидан эшитганимда хурсанд бўламан. Чунки ёшларнинг адабиётга юз буришлари Ватанимиз озодлигию ободлиги, тинчлигу осойишталиги ва бизнинг жаҳон миқёсидаги бой тарих ва адабиётимизнинг ўлмас анъанасидир. Ёш бўлишига қарамасдан, адабиётга дадил қадамлар билан кириб келган ва бугун ўз овозига эга бўлган  Дилноз, Толиби Луқмон шеърлари ва Баҳманёр Муродий асарларини ўқишдан ҳаловат оламан. Шундай ёшларимиз сафи бундан-да кўпайиб бораверишини Яратгандан сўрайман. Зеро, маданият ҳар миллатнинг руҳидир.

-Шеърларингиз ўзга тилларга таржима қилинганми? Умуман, ижодингизни бошқа халқлар ўқишини қандай қабул қиласиз?

-Ҳозиргача шеърий намуналарим уч тилга: урду, француз ва япон тилларига ўгирилган. Бу мен учун бир томондан хурсандчилик бўлса, иккинчи томондан янада кўпроқ масъулият юклайди.

-Китоб мутолаасига муносабатингиз? Ҳозир кўпчилик бадиий асарларни интернет орқали ўқийди. Баъзилар эса, интернет ҳеч қачон китоб ўрнини босмайди, дейди…

-Бугун жамиятимиз глобаллашувга юз тутган бир пайтда интернет дунё ҳаётидан огоҳ бўлиш учун яхши бир восита. Мен ҳам барча янги жамият аъзоси қаторида интернетдан фойдаланаман. Хусусан, ёшлар ижоди ва адабий муҳитидан хабардор бўлиш учун. Маданий муҳит ва ижод олами ютуқ ва камчиликларидан огоҳ бўлмоқликнинг ўзгача гашти бор.

Айтиб ўтганимдек, бугунги кунда интернет маълумот олиш учун жуда қулай воситалардан бири. Биз интернет воситасида электрон кутубхоналарга кириб, истаган илмий ёки бадиий китобни топиб, баъзида уларнинг муаллиф ва таржимонлари билан ҳам бевосита алоқада бўлишимиз мумкин. Баъзида турли сабабларга кўра,  излаган китобларимизни тополмаймиз ва ўша китобларни интернет воситасида тез ва осонгина қўлга киритишимиз мумкин. Лекин тиббиёт ва физика нуқтаи назаридан олиб қараганда, ўзимиз излаган асарни топиб, қоғозга чоп қилиб, кейин ўқисак жуда яхши бўлади. Бу эса, кўзнинг саломатлиги, маълумотни кўпроқ қабул қилиш ва маънавий ҳаловат олишга ёрдам беради. Шуниси қувонарлики, нашриётларимиз юртимиз адиблари қатори чет эл адиблари асарларини ҳам чоп қилиш билан шуғулланади. Назаримда, китоб ўқишнинг завқи бошқача бўлади.

-Жиддийроқ, каттароқ нарса ёзиш режангизда борми?

-Ҳозирча фақат кичик  шеърлар  ёзиш билан машғулман. Келажакда Худо хоҳласа, ниятим йўқ эмас.

-Сиз учун ҳаётда  муқаддас унсурлар нима?

-Авваламбор, мен учун ҳаётнинг муқаддас унсурлари меҳру муҳаббат, озодлигу якдиллик ва инсонпарварликдир. Иккинчидан, ўзликни англаш ва  илмий адабий мерослар, умуман, миллий маданиятни улуғлашдан иборатдир.

-Ёқтирган машғулотингиз?

-Кўпроқ тозаликка қизиқаман. Ундан кейин гўзал табиат қўйнида сайр қилиш ва китоб мутолааси ҳамда яқин дўстлар билан суҳбатдош бўлишни яхши кўраман.

-Яқинда, аниқроғи, Давлат бошлиғи Эмомали Раҳмоннинг мамлакат зиё аҳли билан бўлган мулоқотида шеър ўқидингиз… Таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.

-Жорий йилнинг 19 март санасида Давлат бошлиғининг зиёлилар билан бўлган мулоқотида иштирок этдим  ва қисқагина чиқиш қилдим. Бундай имкониятга ҳар ким ҳам муяссар бўлмаслигини яхши биламан. Шунингдек, бу менинг Давлат бошлиғи ва зиё аҳли ҳузуридаги биринчи чиқишим ва шеър ўқишим эди. Чиқиш қилишим тўғрисида атиги бир кун олдин хабар топдим. Лекин, Худога шукр, ҳаяжон орқали овозим титраса ҳам, ҳар ҳолда, ўзимни йўқотмадим. Бир тажрибасиз, тоғлик қиз сифатида фикримни имкон қадар баён қила олдим ҳамда Давлат бошлиғи ва зиё аҳли томонидан шеърим яхши кутиб олинганини ҳис қилиб, жуда қувондим.

-Муҳитнинг ижодга таъсирини қандай тушунасиз?

-Албатта, муҳит, вақт ва ҳолатнинг ижодга катта таъсири бор. Мен юқорида зикр этилган мулоқотда айтган эдим: -Булбул овози обод ва гулзор бўлган боғдан чиқади. Яъни, ижодкор учун тинч муҳит ва қулай шароит бўлиши лозим. Олдинги даврларда, хусусан, хотин-қизлар учун ижодда шароит жуда чекланган бўлганлиги тарихдан маълум. Қўрқувдан шеърларини  ичида айтишарди  ёки яширин тахаллуслар билан ижод қилишарди. Натижада, уларнинг ижодиёти бутунлай йўқ бўлиб кетарди ёки бизгача етиб келганларининг ҳам муаллифлари номаълум эди.

Бугун Ватан ободлиги, тинчлик ва мустақилликнинг  шукронасини қилишимиз керак. Биз ижодкор аёллар бугун эркинмиз. Фақат ижод қилишимиз ва жамиятда фаол бўлишимиз керак.

Сўзим охирида севимли газетамиз «Халқ овози» ижодий жамоаси ва унинг кўп сонли мухлисларига муваффақиятлар тилаб қоламан.

-Биз ҳам ўз навбатида самимий суҳбат учун миннатдорчилик билдирган ҳолда, ижодингизга бундан-да юқори парвозлар тилаймиз.

 

Суҳбатни Зуҳриддин Умаров уюштирди.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Ватан ишқини кўнгилларга жойлай олсак…

 

Бугун юртимиз - тинч, халқимиз - фаровон. Аммо шу кунларга етиш осон кечмаганлигини ҳар бир ақли соғлом киши яхши билади. Математика тили билан айтганда, нолдан бошланган Қуролли кучларимиз бугун ҳамма томонлама кучли армиялардан бирига айланганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шонли Армиямиз навқирон 26 ёшда. Бутун республикада бу шонли санага бағишлаб улкан тадбирлар ўтказилаётган бир пайтда, шу юртнинг бир фуқароси сифатида мен ҳам

Муфассал...

Хайрли тонг

 

Ярим тун. Ойсиз осмон. Шаҳарнинг чекка, тор кўчаларидан биридаги Фармон темирчининг дала ҳовлиси. Паст-баланд уйларнинг бирортасида йилт этган ёруғлик кўринмайди. Ичкарида…

Ичкарида қалин похол солиниб, устидан кигиз тўшалган чоққина хона. Икки дўст, икки биродар, болаликдан ошна-оғайни қадрдонлар, жонажон ўртоқлар: Фармонбек ва Саидбек ҳасратлашиб, дардлашганча ёнбошлаб ётардилар.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991089

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478678
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4606
4027
22291
7426653
100322
114875
7478678

Сизнинг IPнгиз: 18.217.207.112
Бугун: 23-11-2024 17:48:34

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015