Тожик ва ўзбек халқларининг адабий алоқалари тарихига бир назар
Халқларнинг бир-бири билан яқин алоқада бўлиши, бир-бирининг ҳаёт тарзи, адабий, маданий, илмий ва тарихий тажрибасидан кенг фойдаланиши, улар адабиётларининг шаклланиши ва ривожланишига ҳам улкан ҳисса қўшганлигига тарих гувоҳ.
Ўзбек адабиёти туркий халқлар адабиёти ва маданияти муҳитида ўзининг
ибратли тарихи, буюк ижодкорлари, инсонпарварлик ғоялари ҳамда тимсолларининг бойлиги билан ўзига хос ўринга эга бўлиб, тожик-форс адабиёти билан тарихий зич алоқа ўрнатган.
Тожик ва ўзбек халқларининг адабий алоқалари диний, урф-одат ва турмуш тарзининг муштараклиги асосида географик жиҳатдан яқин бўлган муҳитда шаклланиб, тарих давомида бу икки халқни бир-бирига янада жипслаштирган. Тожик ва ўзбек халқлари оғзаки ижодидаги инсонпарварлик ғоялари, тинч ҳаёт кечиришга интилиш, зулму истибдодга қарши кураш, рўзғор юритиш одатларини кўрсатиб берган фолклор жанрларида умумий хусусият касб этган. Катта ҳажмли "Гўрўғли" достони ҳамда бошқа ривояту афсоналарнинг тожикча ва ўзбекча вариантларининг мавжудлиги ҳам, бу халқлар тарих давомида ҳаёт воқеаларига бир хил нигоҳ билан қараганликларини кўрсатади. Ушбу хусусият халқларнинг ёзма адабиётларида, жумладан, Маҳмуд Қошғарийнинг "Девони луғотит-турк", Юсуф Баласуғунийнинг "Қутадғу билик", Аҳмад Югнакийнинг "Ҳиббат-ул-ҳақоиқ", Аҳмад Яссавийнинг "Девони ҳикмат", Рабғузийнинг "Қисас-ул-анбиё", Хоразмийнинг "Муҳаббатнома", Дурбекнинг "Юсуф ва Зулайҳо", Лутфийнинг "Гул ва Наврўз" асарлари ҳамда тожик-форс пандномаларида янги кўриниш касб этиб, Мавлоно Лутфий, Саккокий, Қутб, Алишер Навоий, Бобур ва уларнинг форс тилли замондошлари асарларида кенг фойдаланилиб, тожик ва ўзбек халқларининг маънавий алоқаларига замин яратди.
Тожик ва ўзбек халқлари адабиётидаги бундай яқинлик икки буюк сиймо - Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Мир Алишер Навоий ўртасидаги дўстлик, биродарлик, пиру муршидлик ва устоз-шогирдлик муносабатларида яққол кўзга ташланади.
Устоз Садриддин Айний "Тожик адабиёти намуналари" асарида форс шоирлари қаторида Алишер Навоийни ҳам ёдга олиб, форс тилида шеър ёзишда унинг "кўплаб форс шоирлари билан тенглаша олиши, қолаверса, устунлиги"ни ҳам алоҳида таъкидлаб, форсча ашъоридан намуналар келтирган.
Кейинчалик Садриддин Айний шоирнинг тожик тилида ёзган шеърлари, таржимаи ҳоли, унинг асарлари ва шеърларидаги луғатлар шарҳини чопга тайёрлашда катта заҳмат чекиб, "Алишер Навоий ва тожик адабиёти" мақоласи ва "Алишер Навоий" монографиясини ёзади. Бу билан тожик ва ўзбек халқлари адабий алоқаларининг тарихий илдизларини исботлаб, навоийшунослик илмининг амалий ривожига муносиб ҳисса қўшди.
ХХ аср бошида вақтли матбуотнинг пайдо бўлиши, халқлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг ривожига кўмаклашди. Ташқаридан келадаган туркий тиллардаги газета-журналлар, жумладан, "Таржимон", "Вақт", "Шўро", "Иқбол", "Тозаахбор" ва Марказий Осиёда чоп бўладиган нашриялар, мисол учун, "Меҳнаткашлар товуши", "Қутулиш" ҳамда тожик тилидаги газета-журналлар ўша замон хабарларини чоп этиш билан бирга, мактаб, маориф, тил ва адабиёт масалаларига ҳам диққат қаратиб, тожик ва ўзбек адибларининг назмий ва насрий ижод намуналарини ўқувчиларга етказиб берарди. Устоз Садриддин Айний ўша пайтдаги кўплаб газеталар билан ҳамкорлик қилиб, мақола ва бадиий асарларини икки тилда нашр этарди. Садриддин Айнийнинг Марказий Осиё халқлари тарихи, адабиёти ва маданияти тарихини чуқур билиши ҳамда асарларининг ўзбек тилида нашр этилиши тожик ва ўзбек халқлари адабий алоқалари ривожига жиддий туртки бўлган. Шунингдек, ҳам Садриддин Айний, ҳам Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий тожик ва ўзбек тилларини пухта билиши баробарида, ўзларининг назмий, насрий ҳамда драматик асарлари билан адабий жанрлар ривожи, тожик ва ўзбек халқларининг ўтган ҳамда янги тарихини бадиий ифодалаш, ёш ижодкорларни тарбиялашда улкан улуши бор.
Адабиёт устозлари - Садриддин Айний, Абдулла Қодирий ва Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийларнинг тожик ва ўзбек халқлари адабиётидаги ўзгаришларнинг вужудга келиши, замон руҳиятини англаш ва янги ғоялар билан ёзилган "Бухоро жаллодлари", "Одина", "Дохунда", "Ўткан кунлар", "Меҳробдан чаён" ва "Бой ила хизматчи" асарлари ўша замон руҳиятини кўрсатиб беради.
Устоз Садриддин Айнийнинг икки халқ адабиёти асосчиси ва маънавий устозига айланиши билан адиблар - Абулқосим Лоҳутий, Ғафур Ғулом, Ойбек, Мирзо Турсунзода, Раҳим Жалил, Абдулла Қаҳҳор, Жалол Икромий, Сотим Улуғзода, Ҳамид Олимжон, Абдусалом Деҳотий, М.Раҳимий, Раҳмат Файзий, Ҳамид Ғулом, Мирсаид Миршакар, Аминжон Шукуҳий, С. Жавҳаризода ва бошқаларнинг дўстлигу ҳамкорликлари ижодий хусусият касб этди.
Мана шундай самарали ҳамкорликларни устоз Садриддин Айнийнинг ўзбек ижодкорлари, жумладан, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Ойдин, Собир Абдулло, Мирмуҳсин, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Зулфия, Шароф Рашидов, Ойбек, Саид Аҳмад ва бошқалар билан бўлган адабий, илмий ва самимий муносабатларида мушоҳада этиш мумкин. Бу эса, икки адабиёт учун ҳам манфаатли бўлиб, тожик ва ўзбек халқлари тарихий алоқаларини кенгайтиради.
Мирзо Турсунзода ўз ижодий фаолиятининг аввалида Ғафур Ғулом ижодиётига бўлган мухлислигини алоҳида қайд этиб ўтган. Бу мухлислик кейинчалик таниқли адибларнинг дўстлик ва ҳамкорлигига айланиб кетди.
Мана шундай дўстлик ва дунё воқеаларига бўлган қарашларининг ўхшашлиги боис, Мирзо Турсунзода ва таниқли ўзбек ёзувчиси, давлат арбоби Шароф Рашидов ўртасида дўстона муносабатлар ўрнатилди.
Мирзо Турсунзоданинг биродар ўзбек халқига бўлган меҳри, ихлоси ва самимияти унинг шеърларида ҳам ўз аксини топган. Бундай меҳру муҳаббат ўзбек қизига аталган "Марҳабо" шеърида қуйидагича ифодаланган:
Духтари ўзбек, маро гўш кун!
Дигаронро андаке хомўш кун
Гўш кун!
Гапҳои мо беҳуда нест,
Ин садоҳои дили осуда нест.
Шавқи ту моро ба илҳом оварад,
Рў ба сўи Ўзбекистон оварад.
То сухан чун қомати мавзун шавад
Дар сари ҳар мисрае дил хун шавад.
Кошки табъи равон медоштам,
Рўдакиқудрат забон медоштам.
Менавистам ҳусну алтофи туро,
Рўи некўву дили софи туро…
Тарихий далилларнинг гувоҳлик беришича, Мирзо Турсунзода умрининг сўнгига қадар, ўзининг устозлик ва сарварлик миссиясини сақлаб қолиб, тожик ва ўзбек истеъдодларини тарбиялаш ва маънавий камол топтиришда садоқат билан хизмат қилган. У истеъдодли ўзбек шоирлари Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовнинг ижодий ютуқларидан шодланиб, изланувчан ва аждодларимиз яхши анъаналарини давом эттирувчи ижодкорлар сифатида етишиб чиқаётганлигидан қаноат ҳосил қилган.
Янги камол топаётган ўзбек шоири Абдулла Орипов ижодиёти билан таниш бўлган Мирзо Турсунзода уни Москва шаҳридаги адабий учрашувлардан бирида учратиб, самимий суҳбат қуради ва шундай дейди: - "Азалий анаъана - тожик ва ўзбек адиблари ўртасидаги ижодий алоқа ҳамда борди-келди узилмасин…"
Тожик ва ўзбек халқлари ўртасидаги адабий алоқаларни сақлаб қолиш ва сифатан янги даражага кўтаришда бошқа қаламкашлар қаторида Абулқосим Лоҳутий ҳам ўз улушини кўшган. А.Лоҳутий тожик ва ўзбек халқларининг тарихий яқинлиги, қадим шаҳарлари шаҳомати ва адабий ҳавзалари билан таниш бўлганлиги сабабли, ўзбек ижодкорлари ва улар мамлакатига кўнгил қўйди. Унинг "Ўзбекистон", "Ўзбек онаси топшириғи" ва "Ўзбек шоири Боқийга" шеърлари мана шундай ихлос самарасидир.
Ғафур Ғулом томонидан Лоҳутийнинг "Эрон қизи", "Ватан қарзи" ҳамда "Кремл" достонининг икки марта икки вазнда ўзбек тилига таржима қилиниши Лоҳутий шахси ва тожик шоирига бўлган муҳаббат намунасидир.
Ғафур Ғулом тожик ва ўзбек халқларининг узоқ яқинлиги борасида шундай деган:
- Аз қадим ҳарду қудову андаанд,
Он писар - тожик, арўсаш ўзбек аст.
Модар аз Помир, падар - фарғонагї
Ё худаш ўзбек забонаш тожик аст.
Абулқосим Лоҳутий ўзбекча "хуш келибсиз" иборасини қўллаган ҳолда, биродарлар истиқболига шундай шеър битган:
- Эй ўзбек, бародарони азиз,
Ба пеши мо, меҳмон, хуш келибсиз!
Ҳам шаҳр, ҳам қишлоқ, ҳам хона пешкаш
Ҳам ба Шумо ин тарона пешкаш!
Тожик ва ўзбек халқлари адабий алоқаларининг янги босқичида ижодий ҳамкорликларнинг яхши шакли - бир-бирлариникида адабиёт ва санъат кунлари, ҳафталиги ва декадаларининг ўтказилиши, таржиманинг кенгайиши ва икки халқ адиблари ўртасидаги шахсий муносабатлар ривожи ўзига хос туртки бўлди.
Бундай саналарни ўтказиш жараёнида ёзилган мақола ҳамда таржима асарлар тожик ва ўзбек ўқувчиларини икки халқ адабиётидаги янги ютуқлардан огоҳ этиб келган. 1959 йилда Тожикистонда ўзбек адабиёти ва санъати ҳамда 1968 йилда Ўзбекистонда тожик адабиёти ва санъати декадаларининг ўтказилиши, шу асосда суҳбату мулоқотлар ташкил этилиши адиблар ижодиётига ижобий таъсир кўрсатди. Ҳақиқатдан ҳам, Мирзо Турсунзоданинг "Барно йигит", "Марҳабо", "Сир бўйидаги тўй", "Дўстлик таронаси", Боқи Раҳимзоданинг "Салом", Аминжон Шукуҳийнинг "Эҳтиром келтирдик" шеърлари, Жалол Икромийнинг "Ўзбек биродарлар меҳмонлигида", Ғаффор Мирзонинг "Дўстлар диёрига сафар" очерклари, М.Аминзода, А.Деҳотий, М. Фарҳат, Ф. Ансорий шеърлари ва бошқа ижодкорларнинг бадиий битиклари мана шундай мулоқотлардан олинган таассуротлар маҳсулидир.
Мамлакатлар мустақиллиги даврида халқлар ва адабиётлар яқинлашувига хизмат қиладиган тадбирларни амалга ошириш, дунёқарашни ўстириш ва жамият барқарорлиги учун хизмат қилади.
Юқорида таъкидлаганимиздек, вақтли матбуотнинг пайдо бўлиши тожик ва ўзбек халқлари адабий алоқаларида янги даврни бошлаб берди. Тожикистонда тожик тилидаги газета-журналлар нашр этилиши билан бирга, ўзбек ва рус тилларидаги газеталар ҳам фаолият юритиб, матбуотга хос вазифаларни бажариш баробарида, адабиётлар ривожи ва халқлар дўстлигини мустаҳкамлашда ўз таъсирига эга.
Юртимизда ўзбек тилида нашр этиладиган "Совет Тожикистони" (ҳозирги "Халқ овози") газетасидаги муносиб адабий муҳит боис, Тожикистонда яшайдиган ўзбек қаламкашлари бир жойга тўпланди ҳамда тезда улар орасидан истеъдодли шоиру ёзувчилар етишиб чиқди. Жумладан, Аширмат Назаров, Маҳмуд Тўлқин, Ўлмас Жамол, Зайниддин Дўстматов, Солижон Қаҳҳоров, Қосим Мамажонов, Жамолиддин Тошматов, Сулаймон Эрматов, Турон Тўйчиев, Жамшид Пиримов, Султонмурод Ҳожибоев, Мафтун Жўра, Шоди Саттор, Зикрулло Валиев ва бошқалар журналист, шоир, ёзувчи ва таржимон сифатида тожик ва ўзбек халқлари адабиёти ҳамда маданияти ривожига хизмат қилишган.
Адиблар Аширмат Назаров, Маҳмуд Тўлқин ва Ўлмас Жамоллар икки тилда ижод қилиш хусусиятини сақлаб қолган ҳолда, назму насрдаги асарлари ва таржимага бўлган иштиёқ сабаб, ўзбек ва тожик адабиётида ўз ўринларига эга бўлдилар. Замонавий адабиётдаги икки тилли (ширу шакар) шеърлар ҳақида сўз кетганда, икки халқ вакиллари, беихтиёр Ўлмас Жамолнинг машҳур "Икки тилли бир халқ васфига" шеърини ёдга олишади. Бу шеър ўз вақтида машҳур ҳофиз Жўрабек Муродов томонидан маромига етказиб куйланганди.
Ўзбекистон ўғлидурман, тожигим гуфто писар,
Рост гўям, ҳар кадоме севгилимдир жон қадар.
Она, деб айтсам бировин, ул бири менга падар,
Ҳамчу ду чашми сиёҳам икки халқ ҳам мўътабар,
Меҳру ёдаш дар вужудам порлаган шамсу қамар…
Ўлмас Жамол шеър ёзиш баробарида, тожик ҳамкасблари - М. Турсунзода, Б. Раҳимзода, М. Қаноат, А. Қаҳҳорий, Лойиқ, Қ. Киром, М. Ҳакимова, Г. Сафиева шеърлари ва Р. Жалил, Ш. Қиём повестларини ўзбек тилига ўгирган. Меҳмон Бахтий ва Аскар Ҳакимнинг алоҳида китоблари ўзбек ўқувчиларига Ўлмас Жамол таржимасида етказиб берилган.
Ўлмас Жамол шеърлари-ю таржималари билан тожик ва ўзбек халқларини боғлаб турувчи кўприк сифатида эътироф этилган. Тожикистон Халқ шоири Мўмин Қаноат айтганидек: - "Ўлмас - икки халқ - ўзбек ва тожиклар элчиси".
Бошқа тожик адиблари Сайдали Маъмур, Абдумалик Баҳорий, Қутби Киром, Ибод Файзулло, Гулназар, Кароматулло Мирзоев, Камол Насрулло ва таниқли шахслар Султон Мирзошоев ҳамда Нодир Одиловлар ҳам Ўлмас Жамолнинг яхши фазилатлари, шоирлигу таржимонлик истеъдоди ҳақида самимий фикр билдиришиб, унинг тожик ва ўзбек халқлари адабий алоқаларини мустаҳкамлашдаги ролини юқори баҳолаганлар.
Мана шундай тарихий миссияни Ўзбекистон тожиклари адабий муҳитида шоир ва таржимон Жонибек Қувноқ бажарди.
Бир мақолада тожик ва ўзбек халқларининг тарихий, маданий ва адабий алоқаларини кўрсатиб беришнинг имкони йўқ, чунки бу халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик муносабатлари асрлар қаърига бориб тақалади.
Тожикистон Халқ шоири Лойиқнинг қуйидаги фикри эса, баҳссиз ҳақиқатдир: - "Тожик ва ўзбек бир булоқдан сув ичади, бир дастурхондан нон ейди. Баъзи оилалар икки - ўзбек ва тожик тилларида гаплашади. Шодлигу ташвишларимиз - бир, хурсандчилигимизни бирга баҳам кўрамиз. Зарур бўлса, бирга кўз ёш тўкамиз".
Тожикистон ва Ўзбекистон сиёсий раҳбарлари - муҳтарам Эмомали Раҳмон ва муҳтарам Шавкат Мирзиёевларнинг оқилона ва инсонпарварлик сиёсатлари ўлароқ, дўсту биродар тожигу ўзбек халқлари муносабатларида янги давр бошланди. Ушбу халқлар меросхўрлари эса, шарафли аждодлари сингари ўзларининг бор куч ва заковатини халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро ибратли ҳаёт кечириш сари йўналтиришади.
Муҳаммадюсуф ИМОМЗОДА, Тожикистон Миллий университети ректори, академик.
Муртазо ЗАЙНИДДИНОВ, филология фанлари номзоди, доцент.
Таниқли актёр ва бошловчи Маҳмуджон Воҳидов жуда қисқа - 38 йил умр кўрган. Афсуски, у бизни айни ижодий камолот даврида фожиали тарзда тарк этди. Мумтоз актёр ўзининг қисқа умри мобайнида театр ва кино, концерт эстрадаси, радио ва телевидениега катта янгиликлар билан кириб келиб, халқимизнинг маданий жиҳатдан ривожланишида ўз ҳиссасини қўшди.
Бетакрор актёр ҳаёти ва фаолиятига оид олимлар, актёрлар, адиблар,
Муфассал...
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон кўрсатма ва топшириқлари асосида мамлакат Бош вазири Хатлон вилоятининг Левакант шаҳри ва Жалолиддин Балхий ноҳиясида бунёдкорлик ишлари жараёни, турли иншоотларнинг янгиланиши ва қайта қурилиши ҳамда деҳқон хўжаликлари фаолияти билан танишди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015