Умр йўлдошим марҳума Турсуной Йўлли қизи хотирасига бағишлайман
Сўри ёнига кимдир дон сочиб кетди. Ўн чоғли товуқ қанот қоққанича шамол тўзғитган хазондек оёқлари ерга тегиб-тегмай келди-ю, донга ёпирилди. Товуқлар тумшуғи чангчининг чўпидек, донга кўз илғамас бориб-келарди. Чипор товуқ донга қизғанди, ёнидагисига хезланиб қўйди.
Ҳадеб донга уринмаётган хўроз эса, безовта, атрофга олазарак боқади, ўнг қанотини ерга қайта-қайта сирпантириб, "қу-қу"лаганича товуқлардан бирини чорлашга уринади. Шу дам бир мусича учиб келди-ю дон ёнига оёқ тираб қўнди. Кутилмаган ҳолат, осмонда бир овоз эшитилди. Қанотини кенг ёзган ҳайбатли бир қуш ўлжасини мўлжаллаб шувиллаганича эниб келарди. Ҳушёр тортган товуқлар қочишга уринди: "қо-қо"лаб сўри тагига кириб кетишди. Мусича эса, парво қилмай дон чўқилар эди. Шу лаҳза кўкдан шўнғиётган қирғийнинг ёвуз чангали мусича қанотининг бирини уриб ўтди. Бир дам гангиб қолган мусича ўзини четга олмоққа уринди-эплай олмади: ёзилган қаноти шалпайиб қолганди. Шунда полапонларига дон ташиётган яна бир мусича том бўғотидан қанотини ёзиб учди-да, майиб шериги ёнига чанг кўтариб қўнди. Бу мода мусича эди, донга эътибор бермадиям, қанотини "потир-потир"латиб силкитди, каратэ баҳодирларига ўхшаб дам-бадам кўтарилаётган икки оёғи кўмагида нар мусичани пана жой-сўри тагига ўтқазиб юборди.
Тавба, паррандалар оламида бир лаҳзада ёвузлик, ҳам меҳрибонликнинг гувоҳи бўлиш мумкин-а!? Одамзод ҳаётидаям шундай ёвузлик, тажовузкорлик, туллаклик билан бир вақтда меҳрибон, мурувватли бўлувчиларнинг гувоҳи бўласиз. Инсонлар орасида қалби тонг шабнамидек шаффоф, покдомон, эзгулик уруғини сочувчилар кўп. Нафақат эркак, аёллар орасидаям мусичадек беозор, ғийбатдан йироқ, инсонийлик фазилати ила бурчига садоқатли аёллар кўп ўтган, орамизда яшамоқда ҳам.
Мусаввирлик касбидан район газетасига ўтиб, иш бошлаган кезларим эди. У даврда ҳафтасига уч марта чоп этиладиган газета хабар-мақолаларни бир кунда сигир тилидек ямлаб, ютиб қўярди. Ҳар тун ёзув билан машғул бўлиб тонгни кўзим қизарган ҳолда қарши олардим. Устига-устак ҳафтада бир, гоҳида икки марта бўладиган навбатчилик чоғида кўнглимга қил сиғмасди, жажжи қизалоқларим-Гулшану Гулафшоннинг сиймоси хаёлимда қайта-қайта тикланиб кетаверади. Уларни эркалатиб, болалик шўхликларидан завқланиб кулиш қўмсовида уйга борсам, қизларим пишиллаб ухлаётган бўлади. Шунда секиин энгашиб, икковининг ҳам бурунларидан чимдалаб-чимдалаб қўяман. Умр йўлдошим - Турсуной эса, уйғоқ ўтиради, уйга киришимданоқ у офицерни кутиб олган аскардек дик этиб ўрнидан туради-ю, тортинибгина саломлашади.
Бу тун ҳам Турсуной кашта тикиш билан овора, қизларим эса, ухлаётган экан. Илиқ кутиб олган хотиним зудлик билан у-бу тайёрлаш ташвишига тушиб кетди. Шу орада бошқа хонага кириб-чиқдим.
-Анча кечикдингиз, чой, овқат тайёр, тамадди қилиб олинг,- дея у дастурхон ёзиб чойнакдан гулдор пиёлага чой қуя бошлади.
-Кеч қолишимни билиб, кечқурун ошхонага киргандим, овора бўпсан-да!?-дея унинг каловланиб уринишларига шафқат қилдим чоғи кўнглига қараб, чой бўлса ичаман, деб қўйдим.
-Овораси бўптими, ярим тунда келсангиз ҳам кутиб олиш, очу тўқ бўлсангиз-да, дастурхон ёзиб олдингизга овқат қўйиш-бурчим! Тағин бу гапларни миннатга йўйманг. Шунчалик умрдошлик бурчимни бажараяпман, холос!-дедию у бир фурсат тагдор қараб турди.
-Ахир, пахта, деб толиққансан, тунда кам ухлаяпсан. Юзингни ҳорғинлик қоплаган, каштангни йиғиштир! Эртага сенга отдых!-дея унинг пиёла тутган қўли бармоқларига ва қўли узатилган чоғ енги шимарилиб, кўриниб қолган билагига тикилдим. Узун бармоқларига кўраклар шираси инган, озғин билагида эса, кўкимтир томирлар бўртиб турарди.
Чойдан бир-икки ҳўпладим, танимда ҳузурланиш сезилди. Буни хотинимдан пинҳон тутмадим:
- Чойинг ширин бўпти!-ҳазилга олиб мийиғимда кулдим-да, унинг қанақа жавоб беришини илҳақ кутдим.
-Чой роса димиққан, ўтказиб юбордингиз, ижодкорсиз, ҳар сўзингизни бошқа маъноларга йўйиб гапирасиз. Ишдан ҳориб келгансиз, дамингизни олинг.
-Ёзма ишларим кўп.
-Хамир қоришим зарур, тонгга яқин тандирдан нон узиб олишга улгурмасам, кеч бўлади…
Шундан сўнг, ижодхонамга кириб кетдим. Ёзув ишларнинг анчасини бажардим чоғи, қоғозлар қораланиб қолди. Аммо тунги вақт неча бўлганлиги менга маълум эмасди. Шу заҳоти эшик очилиб хотиним кўриниш берди. Қўлида чойнак, пиёла, бир ликопчада қанду қурс.
-Ижод қалай, хўжайин!? Илҳом париси келдими?-дея у енгил ҳаракат-ла одимларкан, ёқимли жилва қилди.
-Илҳом париси мана, ҳозир кириб келди-да! Энди ижод қилиш-биздан!
-Тандирга нон ёпдим, сал вақт ўтгач, узиб оламан. Газники эмас, қумғоннинг чойи, ичинг!-у пиёлага чой қуйиб узатди ва қўшиб қўйди: - кечагидан-да ширин!
-Эҳ, хотин, хотин-н!-дея ўтирган жойимда биратўла елкам билан бурилдим.-Ўчоқдами, газ ё электр токидами, сен қайнатган чой, овқат ширин бўлади. Ҳақ гап, раҳматли қайнонам пазанда аёл эди. Ўша аёлнинг қизисан-ку, сингилларинг-Малика, Барчиной қўли ширин пазан-да!!
-Гапга нўноқман, сизга қойил!-у бошини хиёл эгди-да, қўлини кўксига қўйганича эшик томон одимлади.
-Қизларни уйғотгин, қани, кеча олиб келган қўғирчоқларимни қандай қабул қилишаркин?-дея яна столга энгашдим. Чала қолган битиклар устида бош қотирардим.
Тандирдан узилган иссиқ нон ҳиди димоқларга урилди. Лўппи юзлари тандир ҳовуридан қизарган ёстиқдошим дастурхонга иссиқ нон келтириб қўйди. Шу орада уйқудан уйғонган қизларим бирин-кетин чопқилаб ёнимга келишди. Уларни эркаладим, саволга тутдим, сўнг шкаф эшигини очиб кеча келтирган ўйинчоқларни улашдим. Қизларим озроқ вақт ўйнаган бўлишди, шу дам онаси нонуштага чақириб қолди.
Нонуштани иссиқ нон билан ўтказдик. Умр йўлдошинг, фарзандларинг ёнида тамадди қилиш қандай завқли-я, деган хаёлни бошдан ўтказиб тургандим, Турсуной дуо қилинг, дея қистовга солди. Дастурхон бошида қисқа дуо қилдим. Сўнг эса, унинг ўзи дуога қўл очди-да, менга юзланиб: - Умрингиз узоқ бўлсин, фарзандларингиз бахтига омон бўлинг! - деди-ю юзига фотиҳа тортди. Ҳаммамиз дуога қўшилдик.
Тунги битикларни стол устидан олдим-да, кийиниш хонасига ўтдим. Кийимларимга одатдагидек дазмол босилган, пойгакдаги туфлимга боя кўзим тушганди, ярқираб турибди. "Бу юмушларга қачон улгурди экан-а?", -деган хаёлда даҳлизга ўтган эдим, хотиним ён хонадан чиқиб келди-да, қўлидаги чойли пиёлани узатди. Чойни ичдим, пиёлани қайтариб узатарканман, хотинимнинг юзига бир муддат термулиб қолдим. У узун киприкларини қоқмасдан пойгакдаги гиламга кўз тикиб турарди. "Яратганга шукр, ҳузурижон жуфтим бор-а!!"- деб кўнглимдан кечирардим. Шу лаҳза унинг билагидан ғиппа ушладиму яна зудликда қўйиб юбордим. Шундай қилиқларим учун у бир гапни эслатиб турарди: "Фарзанд суйсанг бешикда…"- деган гап бор, шунга амал қилинг.
Ишга отланиш чоғимда Турсуной костюмим ёқасини тузатди, гардларни қоққан бўлиб қўлини юқорилатиб пастга тушираверди, тушираверди. Бошимдаги дўппини олди-да, ярашиқли қилиб кийгизди ва пешона сочларимниям сийпаб қўйди.
-Бўлди, бу ҳолда посон қилиб юборасан-ку!?-дедим турган жойимда тебраниб.
-Эрнинг кўча-куйда ораста юришини одамлар хотинига боғлиқ, деб тушунадилар. Этикет-кийиниш чиройига амал қилинг. Тушунсангиз-чи, сизни доимо ярашиқли либосда, одобли хулқда кўрсам, дейман.
-Тушунмадим!-дея ёш боладек кийимларимга бир карра кўз югуртирдим.
-Чойхўрсиз, чойнак-пиёлани қўшиб айтсам, дарров тушунасиз! Тасаввур қилайлик, мен чойнак, сиз-пиёла! Чойнак пиёлага эгилади, пиёланинг пешонасига ҳамма лабини теккизади. Пиёла - эъзозда!.. Энди тушундингизми?
-Тушундиму, ҳамма пешонамдан ўпаверса, талтайиб кетаман-ку!? Шунисиям бор, чойнак эгилмаса, қуруқ пиёлани ҳеч ким лабига олиб бормайди.
-Асл моҳиятга энди тушундингиз, сизга оқ йўл!-деди-да, қўшни хонага -фарзандлари ёнига кириб кетди.
Йўлга чиқдим. Тасаввуримда хотиним тикланди. "Ажойиб аёл-а, шунчалик авайлаб-асрайди. Жонига тўзим берсин, тиниб-тинчимас, абжир аёл. Шу сабаб у баъзи эркакдан-да, чайир", деган фикрни кўнглимдан кечирардим. Ўша лаҳза вужудимни бир ҳис эгаллай бошлади. Бу ҳаяжон, завқли ҳаётдан руҳланиш, ижодий ишга чорловчи илҳомланиш эди. Қани энди, бир пиёла чой бўлса…
ИШОНЧ - САДОҚАТНИНГ ИЛДИЗИ
Редакцияда Султоной исмли қиз билан ишлайман. У қишлоқда яшайди, одмигина, ёлғон сўзлаш, айёрлик ухлаб тушигаям кирмаган. Гоҳида у билан иш юзасидан баҳслашиб турамиз. Суҳбат чоғида Султонойнинг энтикиб-энтикиб дилда борини тилига кўчириб сўзлаётганини ҳис этиб тураман. Бирида у: - Назаримда, сиз уйлангансиз-а? - дея сўраб қолди. Унга уйланганимни айтдиму икки нафар қизим борлигиниям эслатиб қўйдим. Орадан анча кунлар ўтиб, у яна оилам ҳақида гапираркан уйга таклиф этишимни сўради:
-Меҳмонликка таклиф этсангиз, шу баҳона янгам билан танишган бўлардим,--дея ҳоли-жонимга қўймади.
Ўша лаҳза саволга жавоб бериш ўрнига тилим айланмай, қалтираётган бошим хаёлга зўр бериб қолди: " Бунчалик ҳам гўл бўласанми, қишлоқлик бўлатуриб қишлоқ одамлари хислатини билмайсанми, нодон қиз!? Умрдошим Турсунойдан-ку, кўнглим тўқ, тушунадиган аёл. Аммо қишлоқ одамлари-чи, гоҳ хотини, гоҳ эри гап ташийди, сал нарсадан гумонсираб пашшадан фил ясайдилар. Султоной билан ёнма-ён юрсам, қишлоқдагиларнинг айтиши тайин бўлган гап - "қўл ушлашиб" уйга кириб бориш мен учун қанчалик азоб-а, азоб!! Қиз эса, боладек беғараз, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмайди, фикрлаган тақдирдаям англаб мағзини чақолмайди. Унга уйимга борса, шу-ҳисоб!". Шу ўйлар исканжасида миям тарс ёрилай, деб турганда, яна у гап бошлаб қолди:
-Нега жимсиз!? Бугун борсак, айни муддао-ку!?- у қўлларини стол бўйлаб узатганича бармоқлари орасида ручкасини ўйнатиб менга ўқдек тикилди-қолди.
-Борамиз!-дедим зўрға тилим айланиб. Ва яна хаёлга эрк бердим: "Янгам рашк қилмайдими, деган фикрга бормайдиям бу ғўр қиз". Охири ўйларга чек қўйдим, таваккал иш тутадиган бўлдим. "Чумчуқдан қўрққан тариқ экмас", мақолини эсладиму қалбимда қандайдир бир ўктамлик ҳисси мени журъатсизлик ботқоғидан суғуриб олди.
Икковлон ишдан вақтлироқ чиқдик, автобусда уйга бораяпмиз. Хаёлимни яна қишлоқдошларим банд этди. Ўчакишгандек, бу қизнинг либосига қаранг-а, эгнида оч сариқ кўйлак, кўзга ёрқин ташланади. Либосининг бу даражада товланиши қизнинг қорамтир юзидаги кулгичлари, найза кўзлари-ю чўзиқ лабларига чирой бахш этаётгандек туюларди. Боя автобус бекатида турганимиздаям офтоб тиғида ял-ял этиб, кўзимга олов каби ташланаётган кўйлаги энди ҳафсаламни пир қилмоқда эди.
-Ҳа мунча, хаёлга берилдингиз?- Султоной ўриндиқдан бироз силжиб, мен томон ўгирилди.
-Ўзим шунчалик, ҳа-ҳа, эгнингиздаги кўйлагингизни ўйлаб тургандим-а!
-Бу тусдаги кўйлакни ёқтирмайсизми ё бирон жойи… - у шубҳаланди, ўнг қўлини сал кўтарди-да, узатилган чап қўлида қўлтиғи томонни пайпаслаб қўйди.
- Ёқтираман, ёқтирганда қандоқ, кўзга яққол ташланади. Аммо қишлоқдошларим ёқтиришмайди-да, гўёки олов ранг: кўйлагингиз лов-лов ёниб турибди!
-Ҳа-а, тушундим, қишлоқ айланиб юрмаймиз-ку, тўғри уйингизга кириб икки пиёла чой ичиб чиқаман.
Уйга боргунча ҳадикка тушдим. Қишлоқ кўчасида икки-уч чоғли аёл, эркакнинг кўзи бизга тушди. Бу томони ўзларига ҳавола!
Турсуной бизни яхши кутиб олди. Шундай бўлсаям дастурхон ёнида ўнғайсиз ўтирарканман, уни ўғринча кузатиб, гапларидан маъно қидирардим. Уринишларим беҳуда эди, кутганимдек хотиним менга қараб афтини бўжмайтирмади, кўзини ола-кула қилмади, гапларидаям ҳеч бир ғализлик ифодаси йўқ эди. Бу кўринишда ўтиришимни у пайқаб қолди, шекилли. "Ётсираган болага ўхшамай, сизам очили-иб, у ёқ-бу ёқдан гапирсангиз-чи!?", деб вужудимга тетиклик доритди. Турсуной билан Султонойнинг суҳбати қизиб, энди бир-бирига дугонажон-дугона бўлиб қолганди. Барибир кўнглим ғаш эди, ошига пашша тушган хўрандадек ўтирардим. Хаёлимни олиб қочаётган қайғу-қишлоқдошларимнинг тутуриқсиз гап-сўзлари эди. Ош тановулидан сўнг ҳам анча ўтирдик чоғи. Бир пайт Султоной кетмоққа ҳозирланди, Турсуной эса, уни ўтиришга ундар, яна келишга даъват этарди. Уни катта йўл бошида кузатиб қўйдим, Ғаровўтига элтувчи машиналардан бирига ўтирди.
Уйга келиб, яна шу кўнгил хиралигини ёзолмадим. Турсуной рашк қилдимикин, деган гумонниям бошдан кечириб қўйдим. Бу гумонлар ўринсиз қолди, Султоной ҳақида гап-сўз бўлмади.
Эртаси кун ишга отланаётган чоғим бир пиёла чой узататуриб Турсуной Султоной ҳақида гап очиб қолди:
-Ўта беозору беғубор, кўнгли тоза қиз экан. У гумонлардан йироқ! Нима десам экан,- у кўрсаткич бармоғини ёноғига босганича ўй сурди-да, сўнг гапида давом этди. -Ҳа, сиз билан юрсаям гўё мен билан юргандек, яъни ўғил-қизлигини ажратмай ўйнаётган боғча болалардек ўзини ҳис этаркан.
-Топдинг! У шундай, ҳаммага бир нигоҳда боқади.
-Ҳақ гап, айтиб қўяй, икковлон уйга кириб келганингизда юрагимда "жиз" этган оғриқ пайдо бўлди. Тушунаман, ёстиқдошимсиз, сизни авайлайман, бир муддат рашк ўтида ёниб турдим, ловулламади, Султоной синовдан ўтгач, сўнди-қолди.
Бир пиёла чойни ичиб бўлгач, пардозга тушдим. Сочим таралиб, кийимларим тартибга келтирилди. Сўнгра "оқ йўл" тилаги билан ишга отландим.
Ишдан қайтишимданоқ ҳовлида чайилган кирни қўлида сиқимлаган Турсуной юзма-юз келиб гап бошлади:
-Бугун қўшнимиз ўтди, ваҳимага тушиб роса гапни чўзди, дилини оғритмаслик ҳаракатида ҳар бир сўзини маъқуллаб туравердим. Эркак кишиям шунчалик мижғов, аёлсифат бўладими, гўёки мен бўш-баёв эмишман. Эрингнинг етаклашиб юришига қара-я, жиловини тортиб қўй эмиш, акс ҳолда ажралиб қолармишман. Ҳе-е, садқаи эркак кет, насиҳат бергувчи сендақа эркакдан ўргилдим!-деди-ю қўлидаги ювилган кийимни жаҳл устида бўлса керак, ҳаволатиб илдам бир-икки силкитди, кейин сим дорга ёйиб қўйди.
Уйга кирдик, дамланган чой бор экан. Умрдошим чой қуйиб узатди ва бир дам ўйланиб тургандек бўлди-да, сўнг пешона сочларини бармоқлари билан тараган бўлди-ю менга юзланиб гап очди:
-Элда "Карвон ўтаверади…", деган мақол бор, - дея у гапида давом этди. - Ёстиқдошимсиз, сиз мени тушунасиз, мен сизни… Эл оласи ичида, яхшисиям, ёмониям бор. Баъзи одамлар ўзга оилада низо чиқаришга уринишади, нияти амалга ошса, у-томошабин! Оила садоқатига ишонч икковимиздаям бирдек, буни ҳис этаман, гўёки икковимиз бир томчи сув: сочса-бир жойга тушамиз, Худо асрасин, шу бир томчини ҳеч ким зарралатмасин!
Узатилган навбатдаги пиёланинг чойини босиб-босиб ҳўплай бошладим…
Имомқул Эшмуродов,
Дўстий ноҳияси.
Сирожиддин Саййид 1958 йили Сурхондарё вилояти, Сариосиё районидаги Кундажувоз қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Халқ шоири.
ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган. «Руҳим харитаси», «Салқин харсанглар кафтида», «Севги мамлакати», «Асрагил», «Меҳр қолур, муҳаббат қолур», «Куйдим», «Ватанни ўрганиш», «Ватан абадий», «Устимиздан ўтган ойлар» каби шеърий тўпламлари нашр этилган.
Муфассал...
Қўлида ҳунари бор кишини мевали дарахтга ўхшатиш мумкин. Дарахт ўзининг мўл-кўл ҳосили, ҳузурбахш сояси-ла одамларни баҳраманд этганидек, ҳунарманд ҳам ўз ижод маҳсули билан элу юртга манфаат келтиради. Шу боисдан ҳам, ҳунармандлар барча давру замонларда эъзозда бўлганлар, халқ ҳурматини қозонганлар. Мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик ривожига ҳар қачонгидан-да кўпроқ эътибор қаратилаётган бугунги кунда ўзининг самарали меҳнати ҳамда
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015