Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 10 Январ 2019 Кӯришлар: 2494
Печат

 

a gafur 2019ТИЛАК

Ҳаёт асли жумбоқли,

Муаммолар «тармоқли»,

Авлиёлар саноқли,

Сен бир одам бўл, болам.

 

Шажаранг сербар, сершох,

Бу оламга теран боқ.

Қанча телба, қанча соғ,

Сен бир одам бўл, болам.

 

Ҳар ненинг ғамин ема,

Ҳушёр яша, бетаъма.

Юлдузни узгум дема,

Сен бир одам бўл, болам.

 

Хоҳ бой бўлсанг, хоҳ йўқсил,

Покликни шараф деб бил.

Эзгуликни шиор қил,

Сен бир одам бўл, болам.

 

Ватанинг – Каъбанг эрур,

Шундадир бахт, тахт, сурур.

Тилагим ушбу дурур –

Сен бир ОДАМ бўл, болам.

 

ЭЪТИРОЗ

Сизга жоним керакми,

Марҳамат, олақолинг.

Фақат битта арзим бор:

Сўзимга қулоқ солинг.

 

Гуноҳим кўп, биламан,

Хом сут эмдим… Сиз каби.

Ич-этимни тиламан,

Жон бирам қаттиқ сабил…

 

Яхшини яхши дедим,

Ёмонни эса ёмон.

Ўзим ҳам авлиёмас,

Сиз-чун… бадкирдор ҳамон.

 

Хуллас, сиз суйган йўлга,

Кира олмадим, нетай.

Бошимни қаён олиб,

Қай манзил сори кетай.

 

Топганингиз надомат,

Сўзлайсиз билмай, билиб.

Сал ҳовурдан тушинг-эй,

Портлаб кетманг ишқилиб…

 

МАНЗАРА

Кўкда кезар ажиб маҳзун, телбавор,

Юзларига ҳуснбузар тошган ой.

Балки излар маъшуқасин бесамар,

Юрак-бағри лахта эрур, ҳойнаҳой.

Бу ҳолдан ачиниб паға булутлар,

Момиқ гўшасига чорлашар уни:

«Кел, эй ошиқ, бир зум нафасинг ростла,

Гирён этма, ўз ҳолига қўй тунни».

 

Юлдузлар-чи… маҳмадона юлдузлар,

Ғийбат қозонига ўтин қалашар.

Шўрликкина ойнинг устидан кулиб,

То тонггача тинмайин гап талашар.

 

Ана, машмашадан тўйган бир юлдуз,

Тўдасин тарк этди-ю учиб кетди.

Эҳтимол, тоқ ойга ҳамдард эди у,

Ёки бошқа маъқул манзилга етди.

 

Зим-зиё чимматга ўраниб борлиқ,

Чор-атроф ухларди, мудрарди рўё.

Сукутдан толиқиб заминий ҳислар,

Кўкка кўчиб ўтгандай эди, гўё.

 

ИҚРОР

Бу терс, шум, бадқовоқлардан,

Феъли жанда, ямоқлардан.

Ғирт очофат томоқлардан,

Ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим.

 

Серавж, лек қоқ садолардан,

Юртга сохта «адо»лардан,

Маънан йўқсил, гадолардан,

Ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим.

 

Ғала-ғовур замонлардан,

Гоҳ яхши, гоҳ ёмонлардан,

Хоин, аммо омонлардан,

Ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим.

 

Биров сўзлар адолатдан,

Бошқа биров қиёматдан,

Жудо қилма диёнатдан,

Ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим.

 

Ҳайҳот, ўткинчи дамлардан,

Чеки йўқ кўпу камлардан,

Юрак тўла аламлардан,

Ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим.

 

Тингла бобу бўлимлардан,

Гоҳ чўлу гоҳ сўлимлардан,

Асра бевақт ўлимлардан,

Ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим.

 

ИЗҲОР

Кошонаси тилло Ватан,

Поксиришт, бисмилло Ватан,

Ягонасан, илло Ватан,

Ажаб эрмас тўзиб, сўлсам –

Агар сендан тонар бўлсам.

 

Кўкси керик, эй мағрур Халқ,

Нияти ойдин, масрур Халқ,

Юраги тўла ғурур Халқ,

Ажаб эрмас тўзиб, сўлсам –

Агар сендан тонар бўлсам.

 

Эй қошлари камон Аёл,

Пок, соҳиби иймон Аёл,

Буюксан сен ҳамон Аёл,

Ажаб эрмас тўзиб, сўлсам –

Агар сендан тонар бўлсам.

 

Алишердан мерос – бу Сўз,

Ноёб, инжу, эҳсос – бу Сўз,

Шоир элга энг мос – бу Сўз,

Ажаб эрмас тўзиб, сўлсам –

Агар сендан тонар бўлсам.

 

Абдужалил Ғафур, Турсунзода шаҳри.

КАЛЕНДАР

« Сентябр 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
  1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30        

МАҚОЛАЛАР

ТОЖИКИСТОН, ДЕГАН ЮРТ БОР ЖАҲОНДА…

 

Шаҳритуз ноҳиясининг «1-май» қишлоғида туғилиб, камол топган Сирожиддин Пўлат қалами қайралиб келаётган ёш шоирларимиз сирасига киради.

Рўдакий ноҳиясидаги коллежнинг журналистика факултетини тамомлаб, бир муддат бу касб билан шуғулланишига қарамай, она-юрти

Муфассал...

Ўзбекистон элчиси: - ТОЖИКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ДАВЛАТ ТАШРИФИГА КАТТА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИЛМОҚДА

 

- 2018 йилни дўсту биродар Тожикистон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги алоқалар янги тарихининг олтин саҳифаси дейиш мумкин, - деди Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Худоберди Холиқназар ушбу марказ томонидан ташкил этилган «Тожикистон ва Ўзбекистон маданий ҳамкорликлари» мавзусидаги давра столи кириш қисмида.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2553153

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

10092600
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
6926
3082
10008
10039118
128570
100591
10092600

Сизнинг IPнгиз: 216.73.216.41
Бугун: 29-09-2026 11:25:25

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015