Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 10 Май 2018 Кӯришлар: 1935
Печат

 

t yusufbekova 2018Шаҳристон ноҳияси ўзининг такрорланмас манзараси, тоза ҳавоси, бағрикенг, меҳнаткаш халқи билан алоҳида ажралиб туради. Шоира, журналист, ёзувчи Тўтинисо Юсуфбекова ана шу гўзал юртнинг фарзанди. У 1948 йил 22 апрелда Юсуфбек Каримқул ўғли ва Хонпошшо Шодибек қизи оиласида дунёга келган. Уларнинг оиласида беш нафар фарзанд-тўрт ўғил бўлиб, Тўтинисо оилада ягона қиз эди.

Ота-онасининг бир-бирига меҳрибонлигига барчанинг ҳаваси келарди. Тўтинисони оила аъзолари жудаям ардоқлашар, айтгани-айтган, дегани-деган эди.

Отаси-Юсуфбек ўз даврининг ўқимишли, кўзга кўринган шахсларидан бири бўлиб, фарзандларини билимли, одобли бўлиб вояга етишлари учун саъй-ҳаракат қиларди.

Тўтинисо Шаҳристон ноҳиясидаги 1-ўрта умумтаълим муассасасида таҳсил олади. Мактабда билимдонлиги, жуда кўп шеърларни ёддан билиши билан бошқалардан ажаралиб турарди. Ёшлик чоғиданоқ, китоб мутолаа қилиш энг севимли машғулоти эди.

Тўтинисо 8-синфда ўқиб юрганидаёқ, Ўратепа шаҳрида чопдан чиқадиган "Роҳи коммунизм" газетасида "Қизиқарли кеча" сарлавҳали илк мақоласи чиққан. Бу воқеа чоғроққина мактабда катта шов-шувга сабаб бўлди. Айниқса, устози М.Қурбонов жуда хурсанд бўлган эди. 9-синфда эса, "Мактабим" номли илк шеъри босилиб чиқишини ҳаётидаги энг муҳим, унутилмас кунлардан бири ва адабиёт майдонига қўйилган биринчи қадам, деб ҳисоблайди.

Орадан қанча йиллар ўтган бўлса-да, ўша кунларни ҳаяжон билан ёдга олади: -"Мактабим" сарлавҳали шеърим жўнгина бўлса ҳам менинг адабиёт майдонига қўйган илк қадамим, юрагимни безовта қила бошлаган покиза туйғуларнинг зоҳирий кўриниши эди…

Ёш ўқувчи қизнинг "Совет Тожикистони" (ҳозирги "Халқ овози") газетасининг "Ёшлик" саҳифасида "Тоғ шамоли" номли шеъри босилиб чиқиши ўзгача кайфият бахш этди:

Тоғ шамоли эсавер ғир-ғир,

Силайвергин сен сочларимни.

Олисларга, майли, олиб кет,

Менинг чексиз қувончларимни.

Ўрта умумтаълим муассасасини тугатганидан сўнг, адабиётга бўлган ҳаваси, отасининг орзусини амалга ошириш учун С.М.Киров номли педагогика институти(ҳозирги Б.Ғафуров номидаги Хўжанд Давлат университети)нинг ўзбек тили ва адабиёти факултетига ҳужжат топширди ҳамда кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб студент, деган шарафли номга эга бўлди. Биринчи курсдаёқ "Совет Тожикистони" газетасида сурати билан бир туркум шеърлари босилиб чиқди. Бу ҳолат уни янада илҳомлантирди. Буюк шоирларнинг асарларини қайта-қайта ўқиди, устозлар маслаҳатига қулоқ тутди. Шоира устозлари: Эргашали Шодиев, Охунжон Орифий, Озодахон Ғаффорова, Анвар Абдураҳмонов (жойлари жаннатда бўлсин), Ҳомиджон Мамадов, Ҳайитбой Мирҳайдаровлар номини ҳамиша ҳурмат билан тилга олади ва шундай азиз инсонлар шогирди бўлганлиги билан фахрланади. Талабалик йилларида Ўзбекистон Халқ шоираси Зулфия билан учрашиши унда жуда катта таассурот қолдирди. Ўшанда таниқли шоира суратини тақдим этиб, суратнинг орқасига "Шеърият шайдоси бўлган ёш шоира Тўтинисога омадлар тилаб, мана шу суратимни лутфан тақдим этаман", деб дастхат ёзиб беради.

Олий ўқув юртини муваффақиятли тугатганидан сўнг, унинг ҳаётида кескин бурилиш ясалади. Аниқроғи, "Совет Тожикистони" газетаси таҳририят ҳайъати томонидан ишга таклиф қилинади.

Ушбу ижод масканида у, аввало, қаттиққўл раҳбар, истеъдодли ёзувчи, бағри кенг инсон Ҳожи Содиқ билан ишлаш бахтига муяссар бўлди.

Редакцияда у Маҳмуджон Остонов, Улуғназар Аҳмедов, Ҳошимжон Султонов, Собиржон Ёқубов, Қосим Мамажонов, Муборак Муҳаммедова, Мамлакат Нарзибекова каби таниқли шахслар билан бирга ишлайди.

Тўтинисо Юсуфбекова рўзномада ишлаб юрганида ижтимоий, иқтисодий, аёллар тақдири, уларнинг жамиятдаги ўрни, танқидий ва долзарб, ҳалталаб мавзуларда кўплаб публицистик мақолалар ёзди. Ҳаёт билан бирга қадам ташлади. Устозлари ўгитига амал қилди.

Республикада таниқли олима Сайёра Олимова ҳақида ёзган мақоласи уларни бир умр қадрдон бўлиб қолишларига сабаб бўлади.

Онаси Хонпошшо бу дунёни тарк этганда, шоира бу нақадар оғир эканлигини, буни фақат меҳрибонидан айрилган кишиларгина билишини англаб етди. Ўлим тўшагида онасининг айтган гаплари ҳали-ҳануз ёдидан кўтарилмайди:

-Мен сендан розиман, қизим!.. Мингдан-минг марта розиман!..

Онам қани, қайларга кетди?

Кўкрагимда жўш урар фиғон.

Ажал қўли онага етди,

Бизни ташлаб кетма, онажон!

Т. Юсуфбекованинг умр дафтарида ғамгин кунлар билан бирга шодликларга тўла, омад кулиб боққан, қувончли кунлари ҳам жуда кўп.

Газетада ишлаб юрган йиллари шеърлари "Занони Тожикистон" журналида тожик тилида чоп этилади. Шунингдек, элга таниқли тожик ижодкорлари Аслам Адҳам, Парда Ҳабиб ва Шаҳрия томонидан кўплаб шеърлари тожик тилига таржима қилинган.

2003 йилда   Москва шаҳрида Марианна Фафанова томонидан шеърлари рус тилига ўгирилиб, "Горный ветер" ("Тоғ шамоли") номи билан китобча ҳолида чоп этилади. Фарзандлари Зебохон ва Сарварнинг дунёга келиши ҳам унинг учун тақдирнинг бебаҳо туҳфаси эди.

Т.Юсуфбекова умрининг давомчилари - фарзандларини оқ ювиб, оқ таради, ўқитди. Ҳаётда ўз йўлларини топиб кетишлари учун шароит яратиб берди. Зебохон Бобожон Ғафуров номидаги Хўжанд давлат университетининг ўзбек филологияси факултетини тугатиб, ҳозирда Россия Федерациясида яшайди. Сарвар эса, Тожикистон Миллий университетининг ҳуқуқшунослик факултетини тугатган, спорт устаси. Ҳозирда Хўжанд шаҳридаги "Эсхата банк"ида ҳуқуқшунос сифатида фаолият юритмоқда. Улар оналари билан фахрланишади ва Яратгандан унга узоқ умр тилашади.

Т. Юсуфбековани мухлислари "Қишлоқ қизи", "Дардларимда кўз очар дунё", "Турналардан ўрган қайтишни" китоблари орқали яхши танишади. Унинг   шеърларида оддий қишлоқ манзараси, меҳнаткаш ҳалқ ҳаёти, Ватан, ота-онани қадрлаш, муҳаббат, инсонийлик, садоқат ва вафо каби асрлар давомида эъзозланиб келган, ҳар давру замонда ўз қимматини йўқотмайдиган мавзулар тараннум этилган.

Тожикистон Журналистлар иттифоқи, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси, матбуот ва маданият аълочиси Тўтинисо Юсуфбекова бу йил 70 баҳорни қаршилади. Бу қутлуғ сана муносабати ҳамда Суғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзоданинг қўллаб-қувватлаши билан "Бу дунёнинг яхшилари кўп" номли ўзбек ва тожик тилларидаги шеърий ва насрий асарлари ўрин олган китоби, ҳадемай, нашрдан чиқади.

 

Малоҳат МАҲКАМОВА, журналист.

**

 

ШУ ҚУТЛУҒ ЗАМИНДАН САМОГА ҚАДАР, ЯНГРАТИБ САОДАТ КУЙИН ЧАЛУРМАН!..

ВАТАН

Нуроний мўйсафид ярим танини,

Ҳассасига суяб, мунғайиб, беҳол.

Мажнунтол тагида нафас ростлади,

Унга бор файзини тўкди мажнунтол.

 

Юракдан хўрсинди, нуроний падар.

Лаблар шивирлади, устувор ва шаън:

"Армонларим йўқдир, ўлсам ҳам агар,

Мендан мерос қолар,шу қутлуғ Ватан".

 

ТУРНАЛАР

 

Қанотига олиб сенинг ёдингни,

Узоқ ўлкалардан қайтди турналар.

Мен эса, кутаман ҳамон йўлингни,

Ҳижрон азобидан вужудим ёнар.

 

Қарғайман бу золим қисматни мудом,

Насиб этди менга ғаму фироқни.  

Азизим, йўлингга кўзларим илҳақ,

Турналардан ўрган яна қайтмоқни.

 

Аёлман

Агарчи аёлман-нотавон, ожиз

Ва лекин эмасман номарду айёр.

Нокаслар олдида ҳеч чўкмадим тиз,

Иродам буколмас душманим ғаддор.

 

Юрагимда пинҳон минг сиру савдо,

Уларни тинглашга бир дўст чорлайман.

Садоқат йўлида бўлсам-да фидо,

Хиёнат томонга асло бормайман.

 

Кенг дунё баъзида бўлиб қолар тор,

Баъзан кенг дилимга дунё сиғмайди.

Инсоний меҳрни қўмсаб зору зор,

Қалбимнинг қаърида ҳасрат йиғлайди.

 

Етмиш йил яшадим гардуни дунда,

Шамоллар сарғайтди суратларимни.

Дўсти азиз, келгин шу қутлуғ кунда,

Наздингда тўкайин ҳасратларимни.

 

Сен тингла, қулоқ сол дил нидосига,

Йилларнинг ҳасрати таралар ундан.

Қизил қон сачратиб ишқ дунёсига,

Ёруғлик тиладим қоп-қора тундан.

 

Армонлидир-юрак, санчади баъзан,

Гоҳида йўқотиб қўярман ўзни.

Ларзага тушади озурда бадан,

Қонли ёш эгаллар ҳайратли кўзни.

 

Кенг олам гоҳида бўлиб қолар тор,

Баъзан тор дилимга дунё сиғади.

Инсоний шафқатни қўмсаб зору зор,

Қалбимнинг қаърида ҳасрат йиғлади.

 

Етмиш йил яшадим, камми ёки кўп,

Олисларда қолди босган изларим.

Турмуш сабоқларини ўрганибон хўп,

Мен заҳар қатидан асал изладим.

 

Гоҳида ушалди орзу-хаёлим,

Гоҳида ўйларим бўлдилар сароб.

Бир киши сўрмади йиллаб аҳволим,

Вужудим қамради чексиз изтироб.

 

Қоришиқ дунёдир-менга бу дунё,

Яхши ва ёмонлар ётар қалашиб.

Иймонли инсон ким? Ҳали муаммо,

Кўплар ёқа йиртар обрў талашиб.

 

Етмиш йил яшадим, умрим қолгани,

Оқар сув мисоли оқар қайгадир.

Кимдир от елдирар соврин олгани,

Аслида ҳаёт ҳам синов-пойгадир.

 

Олис-олисларни кўзлайман мен ҳам,

Орқада қолмоқлик номусдир, ордир.

Мақсадим баридан тутаман маҳкам,

Мен учун аталган кунлар ҳам бордир.

 

Ўша ёруғ кунга мен етсам агар,

Армоним ушалар, бахтли бўлурман.

Шу қутлуғ заминдан самога қадар

Янгратиб саодат куйин чалурман!..

 

Изҳор

Гулзорга тикилиб, кўзлар қамашар,

Шабнам-шабнам эмас, ҳусндаги хол.

Оҳ, шундай беғубор гуллардан даста,

Жуфти ҳалолингга элтмаслик увол.

 

Гуллар дасталайди ошуфта йигит,

Маъшуқа жамолин этганча қиёс.

Ва бир зум ўйланар: "Минг яшасам ҳам,

Шу буюк Ватанга қўярдим ихлос!".

 

Қишлоқ фожиаси

Манов уйда уч опа-сингил

Йигирма беш-ўттиз ёшлари.

Бир-бирига очолмаслар дил,

Пинҳон оқар кўздан ёшлари.

Маъсума, оқ кўнгилларида

Изтиробнинг ғуборлари жо.

Бахт сўзига илҳақлар жуда,

Сиғдиролмас уларни дунё.

Кеча совчи келганди, ажаб,

Кенжасини сўрабди эсиз.

Тўнғич қизнинг лабидан ғазаб,

Ижирғаниб чиқар: "қари қиз".

Ўртанчаси ўйланиб қолар:

Икки ёнда-иккита олов.

Эгачига нетсин, бахт тилар

Ва қисматни қарғар беаёв.

Совчи келар таваккал қилиб,

Келишади такрор ва такрор.

Ота айтар қошини уйиб:

"Қишлоқчилик, шундай удум бор".

Очиғини гапирсак агар,

Удумдан ҳам афзал қалиндир.

Бахтдан кўра, ширин кўринар,

Пули қурғур, эҳ, пули қурғур.

Яна қатор совчилар келиб,

Кўтаролмай, ортга қайтарлар.

Андишани энди унутиб,

"Қариқиз", деб жеркиб атарлар.

Ўзлари тенг йигитлар бари

Тенг-тўшини топиб кетдилар.

Бу қизларнинг чеҳраларига

Ажинли из битиб кетдилар.

Қизлар эса, бир-бир сарғайиб,

Ошкор этмай арзи ҳолини.

Деразадан мўлтираб ғариб,

Кутишади совчи йўлини…

 

Тўтинисо Юсуфбекова.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

"АСЛИ БУ ИШҚ ФИТРАТИМ БЎЛДИ МАНИМ..."

 

ФИТРАТИМ...

Асли бу Ишқ фитратим бўлди маним,

Субҳидам - нур хилъатим бўлди маним!

                Чун тааллуқдан узилдим ботамом,

                Энди Дунё хилватим бўлди маним!

Муфассал...

Самимият муносабатлар гултожига айланди

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг Тожикистонга давлат ташрифи ҳамда олиймақом меҳмоннинг самимият билан дўстона кутиб олиниши Тожикистон ва Ўзбекистон республикалари муносабатлари тарихида зарҳал ҳарфлар билан битилади, десак муболаға бўлмайди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990601

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477819
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3747
4027
21432
7426653
99463
114875
7477819

Сизнинг IPнгиз: 3.146.107.144
Бугун: 23-11-2024 16:59:48

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015