Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

СИЁСАТ

Муаллиф: Super user Категория: СИЁСАТ
Чоп этилган 06 Декабр 2018 Кӯришлар: 1582
Печат

 

ёки нега улар наздида ҳижоб байроқ кабидир?

p shahcharogiy 2018Таниқли журналист Бахтиёр Ҳамдамнинг маърифатли ва ҳур фикрли шахс, Канада фуқароси жаноб Парвиз Шаҳчароғий билан сиёсат ва дин, бузғунчилик илдизларининг пайдо бўлиши, мутаассибликнинг халқ онгидан жой олиши каби масалалар атрофида уюштирган суҳбатини сиз, азиз муштарийлар, эътиборига ҳавола қилмоқдамиз.

-Жаноб Парвиз Шаҳчароғий, Тожикистон Республикасига хуш келибсиз. Дастлаб Тожикистон ҳақидаги таассуротларингизни билмоқчиман. Эсимда, бундан ўн йил олдин

юртимизга ташриф буюрган эдингиз...

-Тўғри айтасиз, 10 йил бурун Тожикистонга келган эдим. Кейинги ўн йил давомида қачон имкон туғилиб, яна Тожикистонга бораман, деб ой санардим. Чунки Тожикистонни аждодларимиздан қолган бепоён диёрнинг бир парчаси, деб биламан. Халқига муҳаббатим чексиз, шундай ҳам бўлиши керак-да. Канаданинг Ванкуверидан Германиянинг Франкфурти орқали «Сомон Эйр» самолётига ўтирганимда, балки Сиз ишонмассиз, тожикча овозни эшитиб, худди ўз уйимга бориб, яқинларимни кўрганимдаги каби кўзимда ёш ҳалқаланди.

Мен ва барча ватанпарварлар учун ориёий форс маданий доираси муқаддас ва улуғдир. Гарчи айрим сабабларга кўра, Эронни тарк этиб, Канада фуқаролигини олган бўлсам-да, мен учун аждодлар сўзини эшитиш доимо ёқимли.

Мен бир эронлик сифатида гоҳида: -Нега Эрон мазҳаб жангариларини қўллаб-қувватлаш ўрнига ўз сармоясини қўшни мамлакатлар ёки бир тилда сўзлашувчи Тожикистон ва Афғонистоннинг тараққиёти учун сарфламайди, - деб ўйлаб қоламан. Қаранг, агар Эрон сармоялари бир неча йил олдин Тожикистоннинг улкан энергетик лойиҳаларига йўналтирилганида бугун бутун минтақа, хусусан, Афғонистон учун манфаатли бўларди. Бу фақат менинг фикрим эмас, балки эртами-кечми, Эроннинг халқ иродасидаги давлат бўлишидан умидвор бўлган барча юртсеварларнинг фикри. Ишончимиз комилки, бир кун келиб, Эроннинг улкан нефт ва газ захиралари қўшни ва бир тилда сўзлашувчи мамлакатлар, мисол учун Тожикистон ободлиги ҳамда Афғонистонни уруш ва қашшоқлик гирдобидан олиб чиқиш учун йўналтирилади.

Нега бунга ишонаман? Қаранг, қадимий ва ориёий маданиятга эга Эрон жамиятида бугун экстремизм кам ва ёки бутунлай кўзга ташланмайди. Сиз кўрадиган нарса - давлат ва ҳукуматнинг қўполлиги. Бу эса, Эроннинг халқаро ҳамжамият олдидаги эътиборини туширади.

-Яъни Эроннинг оддий халқи учун бу ҳиссиёт бегонами?

-Ҳа, шундай. Қаранг, бугун Эронга Америка, Европа, Хитой ва Япония каби мамлакатлардан кўплаб сайёҳлар ташриф буюришади. Оддий халқ улар билан дағал муносабатда бўлгани ёки уларга нисбатан ҳурматсизлик қилгани ҳақида ҳалигача эшитганим йўқ. Аксинча, эронликлар Тожикистон халқи каби меҳмоннавоз ва бағрикенг халқдир.

Биринчи саволингизнинг жавобига қайтсам. Ўн йил аввал Тожикистонга келганимда электр, газ ва шунга ўхшаш камчиликлар бор эди. Ўша кунларда Хўжанд шаҳрида дўстларимдан бирининг айтишича, айрим қишлоқларда қиш фаслида, ҳатто икки соатгина электр энергияси берилган экан. Йўллар нотекис ва хавфли эди. Шўролар давридан қолган эски самолётлар бор эди. Уларда парвоз қилиш анчайин қўрқинчли эди. Бугун аэропортлар жуда чиройли ва замонавий бўлганини кўриб турибмиз. Самолётларнинг барчаси – «Боинг». Улардаги хизмат кўрсатиш даражаси Ғарб мамлакатлариникидан ҳеч қандай фарқи йўқ.

Сўнгги бир неча йилда амалга оширилган шаҳарсозликни кўриб ишонгим келмади, тўғриси. Эроннинг ўшанча сармояси бўла туриб, Теҳронда бу қадар янги хиёбон ва иншоот қурилгани йўқ. Сизлар ўн йил давомида бунёд этган бу қурилишлар Теҳронда қирқ йил мобайнида қилингани йўқ. «Теҳрон Мусалло масжиди» номи билан машҳур бир масжидни ўттиз йилдан бери қуришади. Унга озмунча маблағ сарфладиларми, лекин ҳалиям битгани йўқ. Ундан сизлардаги «Наврўз қасри» яхши. Қисқа вақт ичида қурилган «Наврўз қасри» ва унинг миллийлик мужассам этган мислсиз меъморчилиги Теҳрондаги на классик ва на замонавий бўлган тартибсиз қурилишлардан минг марта яхши. Мен буни сизга бир қурилиш муҳандиси сифатида айтаяпман. Душанбедаги биноларнинг барчаси миллий ҳунармандчилик ва замонавийликнинг уйғунлашуви асосида қурилган. Уларнинг қурилиш услуби бебаҳо, ёт меъморчилик унсурлари кўзга ташланмайди. Шаҳарнинг тозалиги, ижтимоий ҳолат буларнинг барчаси чиндан ҳам тараққиёт нишонасидир.

-Лутф қилдингиз...

-Мен бу гапларни Сизга ёқиш учун айтмаяпман. Ишонинг, мен мамлакатингизнинг тараққиётини Эрондаги Паҳлавий подшолик даври билан қиёсладим. Айрим тожик дўстларимга асло ношукурлик қилманг, дедим. Қаранг, Паҳлавийлар давридаги Эрон қанчалик обод ва озод эди. Илғор руҳият мавжуд эди. Мазҳабчилар бир лаҳзада ҳаммасини ер билан яксон қилдилар.

Ҳаёт яхши бўлган ва халқ хавфсизликни ҳис қилиб яшаганига қарамай, ана шундай ношукур одамлар Эронда Шоҳ даврида ҳам бўлган. Қаранг, халқ доимо ва ҳамма жойда боридан ортиқ яхши ҳаётни истайди. Бугун агар Канаданинг Ванкуверида одамларни саволга тутсангиз, ойлик кам, иш йўқ... деган шикоятларни эшитасиз. Канадада аҳолига энг яхши хизмат кўрсатилади. Бир соатлик энг кам иш ҳақи - 12 доллар. Бироқ яна нолиганлари-нолиган...

-Яъни ношукурлик баъзида вазиятнинг ёмонлашувига олиб келиши мумкинми?

-Ҳа. Бу гапларни айтишдан мақсадим, тожик халқини огоҳликка чақирмоқчиман. Ўтган асрнинг 1979 йилларида биз қилган хатоларни сизлар қилманг. Мавжуд ижтимоий қийинчиликларнинг барчаси ҳал бўлади. Бу вазиятдан мулла ва диндорларингиз фойдаланиб қолишларига йўл қўйманг. Булар қудрат тепасига келсалар, нафақат, мол-мулк, балки илм, маданият, мактаб, онг, тафаккур, иймон ва виждонингиз, ҳаттоки, хурсандчилигингизни ҳам ўғирлайдилар...  

Лекин мен учун шу нарса ажабланарлики, ўн йил олдин халқингиз билан суҳбатлашганимда уларнинг исми кўпроқ тожикча ва ориёий эди. Бугун йўлларда суҳбатда бўлганим 20-22 ёшлардаги такси ҳайдовчиларининг исмлари арабча. Бунда ҳеч қандай айб йўқдек кўринади, бир қараганда. Бироқ... Фарзандга ёт арабча номни қўйиш, чиройли ва маъноли тожикча исмдан ор қилишнинг ўзиёқ ота-оналар фикру ақидасининг мазҳабийлигидан нишонадир. Бу - хавфли.

Сиз бугун фарзандига туркча, арабча ёки немисча, қўйингки, бегона миллат номини қўйган бир испан ва инглизни кўрмайсиз. Бўлсаям, бу ҳол оммавий тус олмаган. Форслар тарихи, маданияти ва урф-одати номларига алоқаси бўлмаган ягона халқдир. Бугун биз Европада номимиздан воз кечсак, бизни араб билан бир қаторда кўрадилар, яъни фарқламайдилар. Бу, халқнинг онги мазҳабий бўлганидан дарак берувчи белги ва намуналардан биридир.

-Бугун Тожикистонда тожик номлари рўйхати тузилган. Фуқаролар исм қўйиш пайтида ундан фойдаланишлари керак...

-Бу миллий қадриятларни ҳимоя қилиш ва бегонапарастликка қарши туриш жиҳатидан жуда яхши. Бу баъзи Европа мамлакатларида ҳам бор нарса.

-Хўп, бошқа белгилар ҳақида қандай далилингиз бор?

-Бошқа белги давлатдан қочишдир. Эронда шундай бўлганди. Яъни давлат, жамият ва миллат ўртасидаги жудолик... Бугун диний-мазҳабий партия ва ҳаракатлар мулойим тарғибот орқали халқ ва давлат ўртасига жудолик солмасликлари учун сергак туриш лозим. Қаранг, уларнинг таълимоти гарчи демократик тузумга хилоф бўлса ҳам, улар кўпроқ демократия, озодлик ва инсон ҳуқуқлари ҳақида гапирадилар, халқни алдайдилар. Бугун Тожикистоннинг муаммоси демократия эмас. Радикал кучлар демократия ва тожик халқининг мазҳабий ишончидан фойдаланиб, қудрат тепасига келишни хоҳлайдилар. Улар қудратга келгандан сўнг бир ой ўтиб, демократиядан ном-нишон қолмайди, ишонаверинг.

Демократик тузумнинг яхшиликлари билан бир қаторда, баъзи жиддий қийинчилиги ҳам бор. Бугун Канада ёки бошқа бир Европа мамлакатида ИШИДга қўшилиб, қотиллика қўл урган кишиларни Сурия ва Ироқдан қайтарадилар ва шундай ҳам бўладики, бир тажрибали адвокат уларни маҳкамадан озод қилади ва улар яна ўша ифлос ишларининг ортидан кетадилар.

Эронда бўлгани каби билимли ва донишманд халқни гумроҳ қилишларига йўл қўйманг. Қирқ йилдан ошибдики, ваъда қилинган демократиянинг фақат сурати бор, холос...

-Европадек ривожланган жамиятда Муссолини ва Гитлер кабиларнинг қудрат тепасига келишига шу демократия тузуми сабаб бўлди-ку... Яна бир саволим шуки, давлатимиз тузумини дунёвий ва секуляр, деб билишади. Яъни дин давлатдан жудо бўлиши керак. Биз бу мувозанатни доимо сақлаймиз. Бу борада Сизнинг фикрингиз?

-Сизлар танлаган йўл юз фоиз тўғри. Бу улкан қадрият. Баъзи ҳолатларда Тожикистон шароитида демократик тузумдан кўпроқ афзалликлар бор. Шарқ мамлакатларида дин ҳеч қачон давлат ва ҳукумат ишларига аралашмаслиги керак. Бу фақат менинг эмас, балки мутафаккирларнинг фикри. Агар биз узоқ ўтмишимизга назар ташласак, подшоҳларимиз демократия тушунчасидан хабари бўлмаган икки минг йил илгари ҳам динни давлат ишларидан ажратиш зарурлигини яхши тушуниб етганлар. Шунинг учун ҳам, қадим тарихга эга ўлкамизда турли динлар ўзаро муроса ва ҳамжиҳатликда бўлган. Агар давлат диний бўлганида яҳудийлар Куруш давлати бизнинг диёрга келмас ва осойишта ҳаёт кечирмасдилар. Буюк Курушнинг ўзи ҳам ўша даврнинг энг машҳур секулярларидан бири эди. Агар шундай бўлмаганда эди, Буюк Куруш Бобилга кирганида, уларнинг худоси Мардукни улуғламаган ва унга эҳтиром кўрсатмаган бўларди. Унинг давлатида бобилликлар, яҳудийлар ва форсларнинг ўз динлари бор эди. Подшоҳ барча динларни ҳурмат қиларди. Ҳаттоки, халқнинг катта қисми эътиқод қиладиган Зардуштийлик динини бошқа динлардан устун қўйиб, унга афзаллик беришга йўл қўймасди. Демак, динни давлатдан ажратиш идеяси аждодларимиз маданиятида бўлган экан. Сизнинг Пешвонгиз, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон - Буюк Кабирнинг вориси. У фундаментал қадриятларнинг қадрига етади.      

Шояд шу маданий ўзига хослик туфайли бугун Эрон халқи норозилик намойишларига қўл урмоқда. Сизга бир воқеани айтишни истайман. Бир муддат илгари Наврўз пайтида Эронда бўлдим. Кўча супурувчига Наврўз байрами муносабати билан совға бердим. –Қандай ёмон кунлар келибди,- дерди афсус билан кўча супурувчи. –Нима бўлди? - сўрадим ундан. Бошини қимирлатди ва чиқиндилар орасидан мазҳабий китоб топмаган бирон-бир куни йўқлигини айтди. Кўча супурувчи мутаассиб мўйсафид бўлгани учун ҳеч нарса демадим, бироқ иш қаерга бориб етгани борасида ўйга толдим. Давлат телевидение каналлари эртадан-кечгача ўз охундлари билан дину мазҳабни тарғиб этишларига қарамасдан, халқ уларнинг китобини чиқиндихонага ташлашади. Нимага бундай бўлди? Бугунги жамият юз йил аввалги жамият эмас. Халқ руҳонийлар юриш-туришларини таққослаб, хулосага келади.

- Хўш, унда шоҳ ҳукумати тўнтарилишига қандай омиллар сабаб бўлди?

- Шоҳ ҳукумати мушкулликларидан бири шундаки, Оятулло Ҳумайнийнинг диний рисолаларини ўқиш ва жамиятда тадқиқ этиш тақиқланганди. Жаноб Ҳумайний китобларида нима ҳақда ёзганлигини ҳеч ким билмасди. Хотинларнинг (аёлларнинг) сайловда иштирок этишларига қарши бўлган биринчи шахс Ҳумайний бўлганлигини ҳеч ким билмасди. Охундлар майдонга чиқишди, давлат уларни бостирди, бироқ уларнинг асил амалини ошкор этмади. Халқ Ҳумайнийнинг асил андишаларидан огоҳ бўлмагани учун алданди. Сизнинг олиму сиёсатчиларингиз диний мутаассиблар айтган ва ёзганларини тадқиқ этиб, шарҳлаган ҳолда, жамият уларнинг хатаридан огоҳ бўлиши учун халқнинг қулоғига етказишлари керак. Ҳумайнийнинг «Кошиф-ул хитоб» ва «Кашф-ул асрор» номли китоблари бор эди. Уларда исломий давлат идеологиясининг барчаси тарғиб қилинарди. Бу китобларни, ҳатто зиёлиларимиз ҳам ўқишмаган эди. Вакиллар, ҳуқуқшунослар, сиёсатчилар миллий жабҳадан тортиб, жангариларгача ва дунёнинг турли мамлакатларидан унинг атрофида тўпланишганди. Маркс ва Ленин китобларини ўқишганди ҳамда Эронда коммунистик идеология ғалаба қилишидан қўрқишарди. Шунинг учун ҳам, мазҳабий идеологиядан ғофил қолишди. Ҳолбуки, Тожикистонда марксизм таълимотини яхши билишарди ва шу боисдан, унинг вазияти Эрону Афғонистон каби бўлмади. Қаранг, бугун Афғонистонда на хавфсизлик, на тинчлик ва на озодлик бор. Таассуб шу даражага етганки, Фархунда каби бегуноҳ аёлларни туҳмат билан ваҳшиёна тошбўрон қилишди.

Демоқчиманки, Кабирий каби шахслар ва унинг партиясининг зоҳирий гапларига алданманглар. Ҳумайнийдан исломий жамият қандай бўлиши ҳақида сўрашганида, Франция каби, дея жавоб берди. Исломий озодлик нима, деб сўрашганида, ҳамма озод ва ҳатто, коммунистлар ҳам, деди. Бироқ Эронга келганларида биринчи қўл урган ишлари коммунистлар ва бошқа ақидадаги кишиларни ўлдириш бўлди. Ҳижрий 1367 йилда бир неча ҳафта мобайнида 30 ёшдан паст бўлган ёшларнинг тўрт минг нафардан зиёди зиндонларда дорга тортилди. Ҳатто оёғида тура олмайдиган беморларнинг бошлари дор ҳалқасига етиши учун қўлларидан кўтаришди. Бу менинг қуруқ гапларим эмас, балки булар ҳар бирининг ҳужжат, суратлар ва филмлари бор. Мен ҳали маданият вазири бўлган биринчи аёл вазир Фаррухрў Порсо, Ватанга садоқатли бўлган бош қўмондонлару офицерларнинг қатли ва нишонсиз йўқолиб кетганлар ҳақида ҳеч нарса деганим йўқ. Буни бизнинг аёлларимиз билишмасди. Хиёбон томон боришганда, «Ҳумайнийга дуруд», дея нидо қилишганда, рўмолу ҳижоблари бўлмаса ҳам, охундлардан биронтаси аввал рўмол ўрагин, кейин норозилик намойишига қўшиласизлар, демасди. Аммо Ҳумайний Ватанга қайтиб, улар дийдорлашувга борганда, ҳижоби бўлмаган кишиларга йўл берманглар ва жазо беринглар, дейишди.

Бугун Кабирий ва унинг атрофидагилар чиройли гапирганлари билан қудратга етганларидан кейин, охундлару толиблардан ҳеч қандай фарқлари қолмайди. Шиа мазҳабида «тақия» номли атама мавжуд. Улар тақия қилишарди, унинг маъноси - қудрат тепасига келмагунингча ўзингнинг асил ниятингни яширгин, дегани. Яъни, ёлғон гапиришу алдаш борасида фатво беришганди. Улар Тожикистонда ҳам тақия қилишларига, асил ниятлари халқ назаридан пинҳон қолишига йўл қўйманг.

Агар уларнинг тўрт нафарини телевидениега таклиф қилсангиз-у, бир кучли тил билгич журналист савол берса: «Мулла бобо, Исломда тўртта хотин олиш тўғрими? Қизларнинг мактабу университетларда таҳсил олишлари тўғрими? Балоғатга етмаган қизларни турмушга бериш тўғрими?» Инкор эта оладими? Йўқ! Тожикистон жамиятининг ярмидан кўпи, яъни тўрт миллиондан зиёди хотин-қизлардир. Уларнинг асил мақсадларини тушунганларида, оғизларига уришларига ишончим комил.

-Экстремистлар жамиятда нуфузга эга бўлмасликлари учун яна қандай ишларни бажаришимиз керак?

- Бирон бир руҳонийнинг жамиятда манфаатли ишларга қўл урганини кўрганмисиз? Бажариладиган биринчи иш уларни молиявий манбаларидан айиринг. Пул уларга қаердан келаётгани ҳамиша кузатилиб турилиши керак. Бугун сизу биз бирон иш қилмоқчи бўлсак, молиялаштириш муаммоси пайдо бўлади. Бироқ Европада Кабирийнинг ихтиёрига юз минглаб евролар бериб қўйилган. Бугун нима учун бир ходим озиқ-овқат маҳсулотларини олиш учун мушкулликка рўпара келади-ю, бироқ улар ҳеч қаерда ишламасалар ҳам ҳар йили Ҳаж учун Маккага боришга имкониятлари бор? Нима учун уларнинг ортидан югурувчи мутаассиб халқ уларни пул билан таъминлашади? Таассубу саводсизликлари туфайли халқ қўли калта ва бечораликда бўлса ҳам, бироқ уларнинг ҳисобларидан муллалар икки-уч хотинли бўлиб, оила аъзолари ҳамма имкониятлардан баҳраманддирлар. Бу кўр-кўрона эътиқоду муҳаббатлари бир куни бошларига бало келтиришини билишмайди.

Қудратли тузилмалар экстремист ва террорчиларни кузатиб, ҳибсга олишлари яхши, лекин бу иш ҳалигача ўтнинг устини ўриш билан тенгдир. Яъни илдизи ернинг остида бўлган гиёҳни кесиш билан баравар. Хавфсизлик хизматлари ўз вазифаларини бажаришлари, яъни жамиятни зарарсизлантиришлари тўғри. Бироқ бу илдиз устида давлат ва фуқаролик жамиятининг барча ришталари ишлашлари, бу гиёҳ яна ўсиб чиқмаслигига интилишлари керак.

Қуръоннинг ҳеч жойида ҳижоб ҳақида гапирилмаган. Агар бирон киши бу борада Қуръонга таянишни истаса, бирор далил топа олмайди. Ҳижобни экстремистлар келтиришди, чунки у халқни назорат қилиш асбобидир. Мен бир неча таниқли охунддан Қуръонда аёлларнинг ҳижоб кийишларини шарт санаган биронта оят борми, дея сўрадим. Ҳаммаси инкор этишарди, бироқ гарчи ёзма далили бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда, ақлий, дея иддао қилишарди. Яъни гарчанд китобларда зикр этилмаган бўлса ҳам, улар назоратнинг энг яхши воситаси бўлган «ақл»ни ўйлаб топишди.

Ҳижоб экстремистлар учун байроқ кабидир. Байроқлари қўлдан кетса, қудратларини ҳам йўқотишади. Зарурат туғилган пайтларда барча нарсадан воз кечишлари мумкин, фақат ҳижобдан эмас. Вакиллар, вазирлар ва раҳбарлар орасида икки, уч хотинли ва ёки оиласида сатр ўрайдиган кишилар бор шахслар бўлмаслиги лозим. Давлат органларида ишлайдиган шахслар икки хотинли бўлса, қандай қилиб дунёвий ва демократик давлатнинг муҳим шартларидан бири бўлган аёл ҳуқуқларини ҳимоя қила олади?

- Сизнинг байроқ ва ҳижоб ҳақидаги гапларингиз, ҳақиқатдан ҳам, қизиқарли…

- Агар бу ерда юз нафар рўмолсиз хотин битта ҳижобли аёлга қарши туришса, рўмолсиз аёллар дарҳол хатарни сезиб, йиғиладилар. Чунки уларнинг фикрлари экстремистик эмас ва миялари заҳарланмаган. Бироқ ҳижобли аёл агар бирон киши рўмолсиз аёллар муртад, дея ташхис қилса, буларнинг барчасини тилка-пора қилишга тайёрдир. Унинг миясида ҳар доим мен устунроқман, Худонинг ёнида ўрним юқорироқ ва бутун халққа ҳакам бўлишга ҳақим бор, деган фикр мавжуд. Ислом сиёсатга қоришса, тарғиботу ҳужумдан иборат бўлади ҳамда ўз издошларини бошқалардан айиради.

Агар биз динни шахсий мавзуга айлантирсак, намойишларга эҳтиёж қолмайди. Мен ҳар бир дину маросимларим билан уйда намоз ўқишим ва ўз Худомга тинчгина ибодат қила оламан. Бироқ радикал Ислом ўз қудратини кўрсатишни истайди. Мисол учун, аслида на Европа, на Осиё мамлакати бўлган Туркиянинг Истамбул шаҳрида кўп масжидлар мавжуд. Аммо мусулмонларнинг бир қисми масжидга бориб намоз ўқишнинг ўрнига, кўпроқ вақт йўл бўйи ва хиёбонларда бу ишларни амалга оширишади. Нега? Ўз қудратларини кўрсатишни исташади. Халқ қалбида қўрқинч пайдо қилиб, улар озодликни ҳис қилмасликлари, кўнглидаги гапларни айта олмасликлари учун одамларни қўрқитишни исташади.

- Нима учун бу мутаассиб диндорларнинг бир қисми билан ижтимоий тармоқларда баҳслашсангиз, дарҳол қўпол ва қабиҳ алфозда жавоб беришади?

- Уларнинг баҳслашиш усуллари шу. Юқорида айтиб ўтганимдек, улар ҳеч қандай баҳсни қабул қилишмайди. Аслида динга ҳам эътиқодлари йўқ ва ундан ҳаётнинг бир асбоби сифатида фойдаланишади. Оддий мусулмонлар орасида пок одамлар ҳам бўлиб, ҳатто чумолига озор беришмайди. Бирон кишининг ҳаёти ва эътиқоди билан ҳам ишлари йўқ. Бироқ экстремистлар бу билан бошқаларни ифлосу муртад эълон қилишиб, қўлларини қотилликка уришга тайёрдирлар.

Нима учун биз улар каби қўполлигу қабиҳ гаплар билан баҳслашишимиз керак? Улар каби қатл билан таҳдид қилмаймиз. Чунки ҳеч кимга ва ҳатто, жонивор ва ё дарахтга тириклигида озор бермаслик аждодларимиз маданиятининг қадимий таълимотларидан биридир. Тожик халқи фикрий тузилиши, унинг тарихий хотираси азалдан тўрт унсур – сув, тупроқ, шамол ва оловни эҳтиром этишдан иборатдир. Инсон ва ё жониворга озор беришнинг қандай баҳслашадиган жойи бор? Меҳрибонлик хусусияти тожик халқи қонида минг йиллар мобайнида парвариш топган. Тожикистонда барча экстремистлар сони бир фоиздан ҳам зиёд эмаслигини кўринг. (Улар ҳам алданган, ўз аслу насабларини унутган, бошқа тожик эмас, балки ваҳҳобий, салафий ва таҳририйдирлар).

- Унда ёшларнинг алданмасликлари учун нима қилиш керак?

- Жамият учун болаликдан миялари заҳарлаб келинган шахслар хатарлироқдир. Нима учун Афғонистонда каминадзе-худкушларнинг аксарияти пашту халқи? Чунки уларни кичкиналикларидан мадрасалару таълимгоҳларда бу ишга тайёрлашади. Нима учун бу фирқадан катта ёшли эркак ўзини ўлдиришга қўл урмайди, бироқ ёшларни бу ишга бошлайди? Чунки ўзини портлатиб, бир неча нафар бегуноҳ одамнинг ўлимига сабаб бўлса, жаннатга боришига ишонмайди. Бу ишни фақат бойлигу қудрат учун қилади. Толиблар Афғонистонда ҳарбий базага эга бўлиб, у ерда болаларни кичкиналикларидан террорга ўргатишади. Ҳатто Сурияда ИШИД жангчилари курдлар, эзидийларни ўлдиришар, уларнинг фарзандларини ўғирлашиб, лагерларда бомба тайёрлаш ва қотилликни ўргатишарди. Уларнинг миясида бошқаларга нисбатан қўполлигу нафратни жойлашарди. Психология илмининг аниқлашича, киши қанчалик ёш, содда ва ақлсиз бўлса, уни алдаш қийин иш эмас.

Биз боғчаларда болаларимизга шундай тарбия бермоғимиз лозимки, яхши ва ёмонни ақл тарозисида ўлчашни ўргансин. Илм-фанни ўзлаштирсин. Киши ёшлигиданоқ билим олишга чанқоқ бўлса, шунчалик ривожланади ҳамда таассубу жаҳолатдан узоқроқ юради. Яъни фарзандларимизга тўғри фикрлашни ўргатайлик. Бола етти-саккиз ёшга тўлганича нимани ўргатсангиз, умрининг охиригача ўша нарсага содиқ қолади. Шундай экан, болага мазҳаб, хурофот ва бошқа нарсалар ўрнига илм-маърифат ўргатмоқлик афзалдир.

Ўйлашимча, бугун Тожикистон Фикрларни тарбиялаш ташкилоти шаклидаги бир тузилмага эҳтиёж сезмоқда. Бу ташкилот миллий мақсадлар, нутқ маҳорати, шеър, қўшиқ, бадиий ва ҳужжатли филмларни оммавий ахборот воситаларида тарғиб этиш орқали халқ тафаккурига йўл топиши лозим. Бу ташкилот аъзолари олимлар, сиёсатчилар, ўқув юртлари ўқитувчилари бўлиши мумкин. Унинг атрофида таниқли шахслар, донишмандлар тўпланиб, оддий халқ олдига бориб, уларнинг тилида сўзлашиб, суҳбатлашишлари лозим. Қаранг, диний бўлмаган идораларнинг барчаси шаҳру ноҳияларда ўз бўлимларига эга. Бироқ мутаассиблар ҳар бир шаҳру қишлоқдаги масжид минбаридан ўз бўлими сифатида фойдаланади. Улар масжидларни ўзларининг сиёсий ва партиявий бўлими сифатида фойдаланишларига йўл қўйманг. Биз шаҳру қишлоқларда одамлар тўпланиб, суҳбатлар қурадиган жойларни ташкил этмоғимиз зарур. Масжид сиёсат ва баҳслашадиган эмас, балки ибодат маскани. Бугун сизнинг Ҳукуматингиз томонидан масжидларда сиёсий диний маърузалар қилинишининг тақиқланиши жуда тўғри. Бу ҳеч бир инсоний қоидаларга зид эмас.

- Батафсил ва самимий суҳбат учун раҳмат.

- Фикру андишаларимни баён этиш учун қулай имкон яратганингиз учун мен ҳам миннатдорман.

 

Суҳбатдош: Бахтиёр ҲАМДАМ.

Украинанинг келажаги кандай?

Албатта тинчланади - 23.1%
Бу ғарб давлатларига боғлиқ - 15.4%
Буни Россия ҳал қилади - 23.1%
Украин халқи бирлашувига боғлиқ - 15.4%
Билмайман - 23.1%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

ҒАФУР ҒУЛОМ: - «Ассалому алайкум, муҳтарам биродарим ва муаззам шоир Лоҳутий!»

 

Ўзбекистон Халқ шоири Ғафур Ғулом тожик шоир ва адибларини ўзига жуда яқин тутарди. У, айниқса, Мирзо Турсунзода, Сотим Улуғзода, Муҳаммаджон Раҳимий, Боқий Раҳимзода, Жалол Икромий, Раҳим Жалил ва бошқалар билан жуда қалин дўст эди. Айний ва Лоҳутийни ўзига устоз, деб биларди. Тожик-форс тилини яхши билганлигидан  Рўдакий, Саъдий, Ҳофиз Шерозий, Жомий, Бедил асарларини ўзбек тилига ўгириб, нуктадон форсшунос, деган ном олган эди. 

Муфассал...

Босқон урилганда сачрайди учқун…

 

Босқон ҳар урилганда сачраётган учқунлар гуриллаб ёнаётган олов, алангада қизиб, қип-қизил чўғ тусини олаётган темирдан чиққан ёндираман, деяётган иссиққа қўшилиб, атрофни аёвсиз қиздиради. Юз-кўзидан тер шовиллаб қуйилаётган уста Ҳабибназар босқон ураётган невараси, қўлида ясаётган тешасига бот-бот кўз қирини ташлаб олиб, ишида давом этаётган ўғлига меҳр билан қарайди. Барибир ҳар икковининг танасида ҳам бобокалонлари – устазода

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1996054

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7529011
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3624
27024
42169
7456387
150655
114875
7529011

Сизнинг IPнгиз: 3.138.105.4
Бугун: 27-11-2024 08:16:38

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015