Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 02 Март 2018 Кӯришлар: 2589
Печат

 

o gafurov 2018Орифжон Ғафуров Суғд вилояти, Спитамен ноҳиясининг Андарсой қишлоғида таваллуд топган. Дастлаб Хўжанд, сўнгра Тошкент Давлат дорилфунунларини тамомлаган. Иш фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган Орифжон кейинчалик "Ленинобод Ҳақиқати" газетасида мухбир, бўлим мудири, вилоят радиосида муҳаррирлик вазифаларида ишлаган. Шоирнинг "Умр сўқмоқларидаги ўйлар" тўплами ҳамда "Ҳаёт уммонидан томчилар"

номли рубоийлар мажмуи нашр этилган. Унинг ўзбек ва тожик тилларидаги битиклари даврий матбуотда, бир қатор алманахларда ҳам чоп қилинган.

ТОПМАСАНГ

Олтиндан бўлса ҳам гарчи кошонанг,

Дур, гавҳарга бойсан, зардир остонанг,

Дўстлар билан тўлиб турса-да хонанг,

Топмасанг дилингга муносиб бир дил,

Етимдек ёлғизсан, ғарибсан кўнгил…

Таърифингга таҳсин ўқиса диллар,

Хизматинг-чун тайёр, кўксида қўллар,

Тўшасалар ҳамки пойингга гуллар,

Топмасанг дилингга муносиб бир дил,

Етимдек ёлғизсан, ғарибсан кўнгил…

Шуҳратинг ярашса катта майдонга,

Узатсанг қўлларинг етса осмонга,

Номинг танилса-ю жумла жаҳонга,

Топмасанг дилингга муносиб бир дил,

Етимдек ёлғизсан, ғарибсан кўнгил…

Хоҳиш, иродангга бўйсуниб ҳар гал,

Сенинг учун Ориф айтиб куй, ғазал,

Парвонанг бўлса-да париваш гўзал,

Топмасанг дилингга муносиб бир дил,

Етимдек ёлғизсан, ғарибсан кўнгил…

 

УЧМА ЁЛҒОН МАҚТОВГА…

Дўсту ёрингдан айрилма, давру давроним, дея,

Мансаб отида учмагил, сўзим-фармоним, дея.

Манманликни касб этиб, унутма инсонлигинг,

Шоҳу султондек керилма, шавкату шоним, дея.

"Семизликни қўй кўтарар", ўйлабон оҳиста юр,

Қадаминг бежо қўймагил, тўғри нарвоним, дея.

Неники хор этса киши, шунга зор бўлгай, албат,

Елга берма обрўингни, хушдир ҳар оним, дея.

Нокас, мунофиқ базмида қилма ҳеч улфатчилик,

Сўзлама ҳеч сирингни ким, дўсту қадрдоним, дея.

Давру давронинг муваққат, умринг эса, ўткинчидир,

Бунча ҳам ҳовлиқмагил, келди имконим, дея.

Токи ҳаётсан, эй Ориф, дўст-душман фарқини бил,

Учма сен ёлғон мақтовга, малҳаму жоним, дея.

 

ТЎҒРИЛИККА ЗАВОЛ ЙЎҚ

Бу ҳаётда виждонини ютганлар ҳам бор,

Макру ҳийла ботқоғига ботганлар ҳам бор.

Ҳар гапида одамийлик, покликдан сўзлаб,

Сирти силлиқ имонини сотганлар ҳам бор.

Гуноҳсизлар айбдор бўлар баъзида қаранг,

Туҳмат тошин ортимиздан отганлар ҳам бор.

Йўқ, қидирманг гуноҳкору айбдорларни ҳам,

"Айбсиз мен", деб паналарда ётганлар ҳам бор.

Нозу неъмат яратади кимдир азобда,

"Мен қилдим", деб асалини тотганлар ҳам бор.

Ҳалол, ҳаром нима ўзи? Ажратмай баъзан,

Бадном бўлиб, тўғри йўлдан қайтганлар ҳам бор.

Ҳақ йўлидан қайтма, Ориф, доим инсон бўл,

"Тўғриликка завол йўқ", деб айтганлар ҳам бор.

 

ҲАҚҚА ИШОНЧ

Камчилигин излаб, кимдир қилар ов,

Ҳақиқат бўлса гар, ҳеч бўлмагин ғов.

Ўзингни ўнглаб ол, англагин дарров,

"Ҳайфи одам кет", деб айтмасин биров.

Ҳақ сўзни тан олмас мунофиқ асло,

Сафсата тўқишга тилидир бурро.

Оқни оқ дея ол, қарони қаро,

Ҳақ сўздан тонмаган ҳеч қачон доно.

Ноҳақлик ҳақ ўрнин сира олмасин,

Ҳақиқат йўлига тўсиқ солмасин.

Ҳақни айтгин, Ориф, ишонч ўлмасин,

Ҳақиқат назардан четда қолмасин.

 

ИЛҲОМ

Уфқ узра оҳиста бош қўйди қуёш,

Тунда ором олар ҳориган бардош.

Эсмоқда шаббода ёқимли, майин,

Нимадир уйғотар қалбим атайин.

Юлдузли самога термуламан жим,

Юрак ҳис-туйғуга тўлар лимо-лим.

Безовта туйғулар тортқилар дилим,

Олис юлдузларда кезар хаёлим.

Қалбга тинчлик бермас, жўш уриб илҳом,

Ҳис-туйғуга тўла тутқазади жом.

Тунги сукунатни синдириб чил-чил,

Ненидир айтмоқни истар бу кўнгил.

Яна дафтар узра эгилар бошим,

Яна қоғоз, қалам - чин дўст, сирдошим.

Бу дилдан ҳис-туйғу тўкилиб аста,

Оқ қоғозга тушар назмий гулдаста.

Маънодор шеър битиб, бўлгач хотиржам,

Дастхатни Ориф, деб қўяди қалам…

 Орифжон Ғафуров, Спитамен ноҳияси.


КАЛЕНДАР

« Ноябр 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
            1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30            

МАҚОЛАЛАР

Балоғат (Қиссадан парча)

 

Таниқли ёзувчи, А.Рўдакий номидаги Тожикистон Давлат мукофоти лауреати Юсуф Акобировнинг ижодида «Балоғат» қиссаси алоҳида ўрин тутади. Унда ҳаёт мавзуси замондош тасвири, ёшларнинг интилиши, илк муҳаббат, инсон ва унинг тақдири ҳикоя қилинади.

Бемор чол уй бурчагида кўрпага ўралиб ётарди. У етмишдан ошган бўлса ҳам, бардам эди. Нима сабабдандир касал бўлиб, оёқдан қолди. Мана бир ойдан

Муфассал...

Аёл – раҳбар, сиёсатчи, турмуш ўртоқ…

 

Ёхуд жамиятда хотин-қизлар фаоллигини ошириш йўлида олиб борилаётган ишлар хусусида

Аёл бир қўли билан бешик тебратса, иккинчи қўли билан дунёни тебратади, деган гап бежизга айтилмаган. Ҳақиқатдан ҳам, аёл – оналар бугунги кунда қайнона-қайнота хизмати, рўзғор юмушлари, фарзанд тарбиясининг уддасидан чиқибгина қолмасдан, балки жамият ҳаётида ҳам муносиб фаолият юритишяпти. Тожикистон Республикаси Президенти ҳам мустақилликнинг илк йиллариданоқ жамиятда хотин-қизлар мавқеини юксалтириш масаласига алоҳида

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2613560

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

10355758
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4692
7692
39211
10274571
91270
161581
10355758

Сизнинг IPнгиз: 216.73.216.149
Бугун: 15-11-2026 16:53:27

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015