Менинг болалигим уруш авж олган ва ундан кейинги йилларга тўғри келган. Оила бошлиқлари фронтга ёки рабочий баталён (ишчи баталён)га олиб кетилган. Қишлоғимизда ўсмирлар, чоллару аёллар қолишган. Колхознинг барча юмушлари ана шулар зиммасига тушган. Улар далада оғир ишларни бажаришлари, рўзғорнинг зил-замбил аравасини тортишлари лозим эди.
Онам далага чиқар, энам (онамнинг онаси) эса, уйда қолиб, болаларга
қарарди. Топган-тутган пулларига ун олиб, нон пишириб сотишарди, лекин бу ҳар доим ҳам кўнгилдагидек натижа бермасди. Гоҳо нонларини дастурхонга ўраб бозорга бораётган аёлларнинг орқаларидан йўлтўсарлар билинтирмай келиб, бошларидан нонларини олиб қочишарди. Болаларининг ризқини қийиб, нон сотиш орқали рўзғор тебратиш билан машғул бўлган бечора аёллар дод-фарёд кўтаришарди, аммо уларнинг оҳу фиғонларига қулоқ соладиганлар қани, қаерда?! Қароқчилардан сақланиш, уларга зарба бериш йўлини уларнинг ўзлари излаб топишарди. Шу борада, бир ҳикоя қулоғимга чалинганди.
Қишлоғимизда ғаму кулфатни ҳазил, шўхлик билан енгиб юргувчи бир момо бўларди. Кунларнинг бирида у киши нон сотишга кетаётиб йўлтўсарлар тузоғига илинди. Бошидаги нон ўралган тугунни олдириб қўйди. Юм-юм йиғлади. Зеро, у нондан ҳам, фойдасидан ҳам ажралганди. Энди болаларининг юзига қандай қарайди? Уларга нима дейди? Майли, Худо ўзи меҳрибон, бир йўлга бошлар.
У қон-қақшаб, йиғлаб уйига қайтди. Супрани қоқиштириб, болаларига қотирма пишириб берди.
Орадан бир неча кун ўтгач, момо пода жойга бориб, ярим тоғорача мол гўнги топди. Уни тезак қилиб қуритди, латтага ўраб, бошига қўйди ва бозорга равона бўлди. Икки қўл қўлтиқда, бошда дастурхон. Шаҳарга кираверишдаги дарахтзор орасида пойлаб ўтирган қоп-қора барзанги юзида табассум билан оҳиста-оҳиста босиб келиб, тугунчани олиб қочди. Ўғри «нон»ни олиб қочганидан, момо эса, ўғрини роса боплаб, қасос олганидан хурсанд эди. Ҳар гал момо тўй-маъракаларга кириб келса, дугоналари ўша воқеани эслашиб, роҳат қилиб кулишарди.
***
Ҳаёт кечириш осон эмасди. Одамлар эрталабдан кечгача, дала ишлари билан банд эдилар. Ерлар омоч билан ҳайдалар, кетмонда жўяк тортиб чигит экиларди. Ҳосил ҳам ўшанга яраша. Лекин интизом жуда қаттиқ эди. Дам олишга вақт топилмасди. Фақат пешиндагина бирор соат вақт чамаси уйдан олиб келинган бир бурда нонини, ҳар ким топганини истеъмол қилиб, дам олгандай бўлишарди. Колхозчиларнинг ҳар бир қадами назорат остида эди. Шу борада эшитгандим:
Ҳаво иссиқ, дим. Шабада бу ерларни унутгандай, эсмайди. Колхозчилар кетмон билан қозондай-қозондай кесакларни майдалашаяпти. Меҳнат оғир. Ишловчилардан бири бошида турган бригадирга мурожаат қилди:
-Фалончи ака, бориб таҳорат ушатиб келай.
-Майли, аммо кўп ўтириб қолма, - ғудиллади саркор. Ҳалиги бечора «бўшалиб» келгач, бригадир нарироққа борди-ю, ёшгина боланинг қулоғига нималардир, деб пичирлади. Болакай чопиб кетди. Бир муддат ўтгач, у қайтиб бригадирга учради. Кейин маълум бўлишича, айёр бригадир болага: -Бориб фалончи «ёзилган» ерни қараб кел, ҳақиқатдан ҳам, «ёзилдими» ёки дам олиб келганмикан? –деб топшириқ берган экан.
Ватанни обод қилиш, фронт ортини мустаҳкамлаш, ҳосил чўғини ошириш ҳисси, қолаверса, инсоф ва имон уларни ана шундай оғир меҳнат қилишга ундади.
***
Оиладаги ўнга яқин жонни боқиш азоб эди. Нима қилиш керак? Сотадиган буюм ҳам ҳалигидай, қўлга илинадиган нарсанинг ўзи йўқ. Онам уйдагилар билан маслаҳатлашиб, бир қарорга келди: -Абдулла Гирмондан сотиб олинган ярим вайрона уйда яшардик, - деб ҳикоя қилади онам. Йўқчилик қурсин, деворининг бир томони нураган ошхона ёғочларини сотишга тўғри келди. Харидор ҳам тезда топилди. Аммо олувчи анча дидли чиқиб қолди. Ёғочларнинг у ёқ-бу ёғини синчковлик билан назардан ўтказиб, бировини нарига ажратиб қўйди: -Буниси тутундан қорайиб кетибди, алмаштириб берасиз.
-Бошқа ёғоч йўқ-ку,- дедик харидорга.
-Бўлмаса, олмайман, булар менга камлик қилади.
Аҳвол танг, қандай қилиб бўлса-да, олувчини қочирмаслик керак.
-Нима қиламиз? - деган маънода уйдагилар харидорга тикилишди.
Харидор ётоқхонанинг шифтига кўз югуртирди-ю унинг ёғочларидан бирига ишора қилиб:
-Мана шуни берасизлар.
Осмон - узоқ, ер - қаттиқ. Бошқа илож йўқ. Ташқарида болалар изиллаб, кўзларини мўлтиратиб туришибди.
Харидорнинг айтгани бўлди – ётоқхонанинг у кўрсатган ёғочи олиб берилди.
***
Одамларнинг ҳавас қилинмайдиган аҳволига қарамай, қишлоқда тез-тез солиқ терувчилар пайдо бўлиб, ўз ҳукмини ўтказарди. Аҳолининг пули бўлса, пулини, бўлмаса, қўлга илинган нарсасини олиб кетарди. Шу ҳақда ҳам ачинарли, ҳам кулгили бир ҳикоя.
Қуёш ер юзини ёритиб, чароғон қилиб турган бўлса-да, кўнгиллар хира тортган, йўқчиликдан силласи қуриб турган оиламизга бир куни солиқ йиғувчилар «ташриф» буюришди. Уларни кўрган оила бошлиғининг йўғон томири зирқираб кетади:
-Қани, солиқни олиб чиқ, - дея ўдағайлайди салом-аликни, одамларга ўхшаб муомала қилишни унутган, ўзини хон, кўланкасини майдон, деб билган солиқчи.
-Ҳозир ҳеч вақомиз йўқ, бирор ҳафтадан кейин келсаларинг, эплаб қўярман, - дейди илтижо-ла онам.
Улар кўнишмади. Икки оёқларини бир этикка тиқиб туриб олишди. Ва ниҳоят, улардан биттасининг ақли ишлаб кетди: -Қани, эшикни оч, бор нарсангни олиб кетамиз, солиқчиларнинг гапини икки қилиш, бир жонли одамнинг иши эмасди.
-Ноилож эшикни очдим, - дейди онам. Солиқ йиғувчилар ичкарига киришди-ю ҳайратдан капалаклари учиб: -Ие, уйнинг томи йўқ-ку, қани? - дейишди ажабланиб. Жавоб ҳам қисқа ва лўнда бўлди: -Сотиб, болаларга егиздим.
Бир бурчакда иккита чамадон шумшайиб турарди. «Меҳмонлар» уларни кўришди-ю юзларига табассум қўнди. Шошилиб бориб очишди. Унинг ичи бўм-бўш, ҳаводан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Солиқ терувчиларнинг тарвузлари қўлтиқларидан тушди. Ҳозиргина ёришиб турган чеҳралари тундлашди.
Омонбой Жуманов,
Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси,
С. Айний мукофоти лауреати.
(Давоми. Бошланиши олдинги сонларда)
2017 йилнинг 30 августидан 5 сентябригача Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон давлат ташрифи ва БРИКСга аъзо давлатлар бошлиқларининг тўққизинчи мажлисида иштирок этиш мақсадида Хитой Халқ Республикасининг Пекин, Сямен шаҳарлари ва Синцзян-Уйғур мухтор районида бўлди.
Муфассал...
Юртимизда - баҳор. Баҳор - яшариш, янгиланиш фасли, бунёдкорлик ва ободончилик мавсуми, улкан мақсадларни рўёбга чиқариш учун белни маҳкам боғлайдиган палла. Олдинда эса, Наврўз шодиёналари. Ҳар гўшада - байрам, ҳар бир кишида байрамона кўтаринки кайфият.
Яқинда аср қурилиши, юртимизнинг улкан гидроэнергетик иншооти - Роғун ГЭСи қурувчиларига ана шундай баҳор нафаси,
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015