Эссе
Таҳририятга кириб келган аёлнинг ҳикояси мени ўйлантириб қўйди. Янги йилга ўтар кечаси унинг оиласи учун хурсандчилик ўрнига ғаму қайғу келибди. Уйидан ўз оёғи билан чиқиб кетган эрининг автобус ғилдираги тагида қолиб, ҳалок бўлганини эшитган аёл ўзини қўярга жой тополмабди. Болаларининг отасини тупроққа топширишганда ҳам аёлнинг алам ўти пасаймабди.
Орадан кунлар ўтиб, ойлар ўтиб, аёлнинг эрини босиб кетган автобус ҳайдовчисини суд қилишибди. У одам босиб ўлдиришда айбдор топилиб, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинибди…
Нов (ҳозирги Спитамен) ноҳиясидан бўлган бу аёлнинг ҳикоясини эшитар эканман, айбдорга нисбатан жазо берилган бўлса, нега у ҳамон норози бўлаётганлигига аввалига тушунмай турдим.
«Эрим автобус тагида қолиб ўлган эмас. Уни аввал ўлдириб, кейин жиноятни яшириш учун автобус тагига ташлашган…» У шундай дея, ўзининг тахмину гумонларини, далилу исботларини келтира бошлади…
Хуллас, эри ўлиб, болалари етим қолган ёш аёлнинг шикоятини ўргана бошладик. У аёлнинг шикоят аризаси бўйича қайтадан ўтказилаётган суд мажлисига қатнашиш учун Новга бордик…
Суд мажлисига ўша пайтда Қайроққум шаҳар судида ишлаётган Раҳматжон Жўраев раислик қиларди. Бир қараганда, барчаси ойдин, маълумдек – олдин ўтказилган судларнинг ҳаммасида марҳумни автобус босиб кетганлиги натижасида ўлгани аниқланган, автофалокат айбдори – ҳайдовчига жазо берилганди. Бир эмас, икки-уч марта қайтадан ўтказилган суд мажлисларининг ҳар бири сўнггида ана шундай хукм чиқарилганди.
Раҳматжон Жўраев олдинги судларда чиқарилган ҳукмни такрорлаши – осонгина йўлдан бориши мумкин эди. Лекин у бундай қилмади. Жўраев ҳам биз - журналистлар каби жабрдийда аёлнинг шикояти билан танишганди. Танишганда ҳам, шунчаки юзаки эмас, балки чуқур, батафсил танишганди. Ана шу танишиш жараёнида унда бир фикр пайдо бўлди – чиндан ҳам бу автоҳалокат бўлмасдан, ўлдирилган одамни автобус босиб кетган деган тасаввур уйғотиш учун ўйлаб топилган саҳнача бўлса-чи? Агар шундай бўлиб чиқса, бегуноҳ бир одам панжара ортида ўтирадими? Аслида одам ўлдирган ё ўлдирганлар «бопладик», дея озодликда ялло қилиб юришадими? Агар у ҳам бошқа судялар каби иш тутса, адолат қилиш ўрнига адолатсизлик тутумини тутган бўлмайдими?
Хуллас, Раҳматжон Жўраев олдин ўтказилган суд мажлислари хулосаларига таянмасдан, бўлиб ўтган воқеани бир бошдан ўрганишга киришди.
… Янги йил арафаси. Қалин қор ёққан. Йўллар сирпанчиқ. Ленинобод (ҳозирги Хўжанд) шаҳридаги «Хужандатлас» бирлашмасининг Новдаги филиали ишчиларини уйларига ташлаб келаётган автобус ҳайдовчиси ўта эҳтиёткорлик билан рул бошқарарди. Нов бозори ортидаги кўчанинг қиялик ери, айниқса, қаттиқ музлаган эди. Ҳайдовчи газни янада пасайтиради. Худди шу лаҳза автобус чироқлари базўр ёритаётган кўчадан кимдир йўлдан ўтгандай бўлади. Ҳайдовчи зудлик билан автобусни тўхтатади. Орқага ўтиб қараса… не кўз билан кўрсинки, қорда бир одам узала тушиб ётарди. Ҳайдовчи шоша-пиша у одамнинг юрагига қулоқ солиб кўрди. Юрак тўхтаган, ётган одам ўлиб бўлганди…
«Мен одам босиб кетдим!» Ўша қор ёққан тунда ўзини йўқотиб қўйган ҳайдовчи миясига ўрнашиб олган бу гапдан додлаб юборишига оз қолди. Ва кейин суд мажлисларида ҳам автобуснинг одам босиб кетганини тан ола бошлади…
Раҳматжон Жўраев ҳайдовчининг бу гал ҳам одам ўлганида айбдорлигини тан олиб турганини жимгина эшитар экан, ўйланиб қолди. Прокурор айтмоқчи, айбланувчи жиноятини тан олиб турган бўлса, яна нима керак? Ҳукмни чиқариб, Қайроққумга қайтиб кетса бўлаверади-ку! Устига олдинги судларни ўтказган судялар ҳам ундан миннатдор бўлишади. Акс ҳолда, ранжиб қолишлари мумкин.
«Гарчи тергов жараёнида барча далил-исботлар топилиб, жиноят тўлиқ очилган бўлса ҳам, жиноятни ким қилганлиги аниқланган бўлса-да, сен суд мажлиси бошланар экан, буларнинг ҳаммасини хаёлингдан чиқариб ташла. Олдингда бир тоза варақ тургандай бўлсин. Ҳатто, айбланувчи «мен жиноят қилганман», деб турса-да, сен уни ҳеч қачон олдиндан жиноятчига чиқариб қўйма!»
Раҳматжоннинг қулоқларида Тожикистон Давлат дорулфунуни ҳуқуқшунослик куллиётида таълим олган кезлари устозлари айтган гаплар, кейинчалик мустақил иш жараёнида кўпни кўрган устоз ҳамкасбларининг такрор-такрор ўгитлари жаранглади.
У ишни автофалокатни қайта бошдан ўрганишдан бошлади. Мутахассис экспертларга мурожаат қилди. Улар қор босган, сирпанчиқ кўчада автобуснинг қанча тезликда юрганидан бошлаб, қаерда тормоз бергани, тўхташ пайтида автобуснинг қанча масофагача етиши – ҳамма-ҳаммасини, ипидан игнасигача аниқлаб, хулосани суд ҳайъатига етказишди.
Бошқа экспертлар эса, марҳумнинг қачон, яъни ўша янги йил арафасидаги кечанинг қайси соатида ўлганини аниқлаб беришди.
Биринчи экспертлар хулосасига кўра – музликда тормоз берилган пайтда автобуснинг қанча метрга етиши, бунинг натижасида одам ўлиши-ўлмаслиги аниқланди. Кейинги экспертлар эса, марҳумнинг ўлими автобусга урилишдан анча олдинроқ юз берганини исботлашди.
Ҳар икки хулосага кўра марҳум автобус тагида қолиб ўлмаган, деган фикр аниқ-равшан кўриниб турарди.
Прокурор ҳайдовчини айблаб, унга 6 йиллик қамоқ жазоси беришни сўради. Орадаги танаффусда Жўраев унга ишни қайта тергов учун юборишни сўраш яхшироқ эканлигини тушунтиришга уринди. Лекин прокурор – Раҳматжоннинг ҳамсабоғи айтганидан қайтмади…
Ниҳоят, суд ҳукми эълон қилинди. Ҳайдовчи айбсиз топилиб, суд залидан озод қилинди. Шу пайтгача «мен айбдорман», деб ўтирган ҳайдовчи кўзига ёш олди. Болаларининг отаси қамалаётганига чидаёлмаётган аёл нуқул, «бу дунёда адолат, ҳақиқатни юзага чиқарувчилар бор экан», дерди.
Мен кейинроқ айбсиз айбдорга айланаётган ҳайдовчининг аслида Панжакентдан эканлиги, ҳозир Хўжандда яшашини билиб олгандим.
Суд ҳукмидан ҳайдовчи ва аёлига қараганда ҳам марҳумнинг хотини кўпроқ мамнун бўларди. Гарчи қиёфасига сингиб қолган ғамгинлик баралла зуҳур этиб турса-да, лекин ишнинг қайта терговга оширилиши, энди балки ҳақиқий қотил ё қотиллар аниқланиши мумкинлигига унда ишонч пайдо бўлганди…
Бу йигирма йилдан ортиқ вақт давомида прокуратура ва суд тизимларида ишлаган Раҳматжон Жўраевнинг иш фаолиятидан бир мисол, холос.
«Қонун олдида ҳамма баравар», Раҳматжон Жўраев шундай дер экан, ўзи кўрган бир ишни эслайди. «Масалан, гувоҳлик бериш зарур бўлса, мансабидан қатъий назар ҳар бир киши суд мажлисига чақиртирилади».
Раҳматжон Жўраевнинг Қайроққум (ҳозирги Гулистон) шаҳар судяси бўлиб ишлаб юрган йиллари. Куз пайти. Ҳозирги Хўжанднинг ўша пайтдаги «Ватан» кинотеатрига яқин кўп қаватли уйлардан бирининг балконида оқшомги шаҳарни томоша қилиб, тамаки тутатиб турган Ленинобод (ҳозирги Суғд) вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Калужанин тўсатдан тез югура бошлаган бир кишига эътибор қаратади. У югурганча олдинда бораётган аёлнинг қулоғидаги зиракларини тортиб олиб, қочиб кетади.
Калужанин шу заҳотиёқ шаҳар ички ишлар бўлими навбатчисига қўнғироқ қилади. Зудлик билан етиб келган милиция ходимлари тунаш содир бўлган кўча атрофини ўраб олишади. Туновчи йигит қўлга тушади. Тергов пайтида унинг олдинроқ Қайроққумда ўғирлик қилгани аниқланади. Натижада, ҳар икки иш бирлаштирилиб, кўриб чиқиш учун Қайроққум шаҳар судига юборилади.
Суд мажлисига гувоҳ сифатида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Калужанин ҳам чақиртирилади. Фуқаролик бурчини бажариши зарурлигини яхши билган Калужанин айтилган вақтда суд мажлисида ҳозир бўлади.
«Судя сифатида мен учун Калужаниннинг қайси вазифада ишлаши эмас, балки гувоҳ сифатида берадиган кўрсатмалари муҳим эди», дейди Раҳматжон Жўраев.
Ўғирлик ва ғоратгарлик қилган киши айбдор топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади.
Адолат тарозиси. Одамларнинг тақдирини хал қиладиган, инсоннинг ўзи қилган жиноятнинг нима эканлигини англатадиган, одамларнинг ўзи яшаётган мамлакатдаги ҳуқуқ-тартибот тизимларидан тортиб ҳукуматгача бўлган ишончини мустаҳкамлайдиган ё аксинча йўқотадиган бу тарози қайси ишни кўриб чиқмасин, мудом Раҳматжоннинг кўз ўнгида турди.
Келинг, шу ўринда Жўраевнинг ҳаёт йўлига бир назар ташлайлик.
У 1951 йилда Пролетар (ҳозирги Жаббор Расулов) ноҳиясида дунёга келиб, ўрта мактабни битирди. Душанбега ўқишга борди, Тожикистон Давлат дорулфунунининг ҳуқуқшунослик куллиётига ўқишга кирди. 1976 йилда дорулфунунни муваффақиятли тугатиб, ўзи туғилган ноҳия прокуратурасига ишга юборилди. 1979 йилдан вилоят прокуратураси тергов бўлимида ишлай бошлади.
1983 йилдан суд тизимига ишга ўтди. Тўрт йилгача Ленинобод (ҳозирги Хўжанд) шаҳар судида судялик қилди. 1987 йилдан Қайроққум, 1989 йилдан Хўжанд (ҳозирги Ғафуров) ноҳияси судларида ишлади. 1993 йилдан Жаббор Расулов ноҳияси суд раиси бўлиб ишлай бошлади.
1995 йилда Душанбеда Республика Олий Иқтисодий суди бошқармаси аъзоси бўлиб иш бошлади.
Айни шу 1995 йилда мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Фармони билан Раҳматжон Жўраевга биринчи даражали малака берилди.
«1997 йил 16 декабрда истеъфо бердим. Тожикистон Олий мажлиси истеъфомни қабул қилди», дейди Жўраевнинг ўзи.
Лекин Раҳматжон Жўраев уйида, оёғини бемалол ёзиб ўтира олмади. У 1998 йил январидан Хўжанд Давлат дорулфунунининг ҳуқуқшунослик факултетида ишлай бошлади. Ҳуқуқшуносликда кўп йиллар давомида тўплаган билим ва тажрибасини ёшларга ўргатишга киришди.
2000 йилдан эса, Тожикистон тижорат ва ҳуқуқ институтида катта ўқитувчи бўлиб ишлади.
Унинг дарсларида қатнашган талабалар Жўраев айтган ҳар бир гапни диққат билан тинглашар, чинакам ҳуқуқшунос хислатларини фақат назариядан эмас, балки устозларининг ҳаёт тажрибасидан ҳам ўрганишарди.
Раҳматжон Жўраев фарзандларини ҳам илмли, теран фикр-мулоҳаза юритадиган, ватанпарвар, элпарвар инсонлар бўлиб етишишлари учун интилди. Бунинг учун турмуш ўртоғи Мавжуда Ваҳобова билан биргаликда заҳмат чекди. Мавжуда - олий маълумотли ўқитувчи, 35 йил маориф соҳасида ишлаган. У - Тожикистон Маорифи аълочиси. Ота-онанинг меҳру муҳаббат ила йўғрилган тарбиясини олган фарзандлар уларнинг ишончларини оқлашди. Катта ўғил Шуҳрат ота касбини танлади – ҳуқуқшунослик куллиётини битирди. Қизи Шаҳло божхона мутахассиси бўлди. Кенжа ўғил Муроджон иш бошқарувчилик касбини эгаллади. Ҳар учови ҳам - олий маълумот эгаси.
Адолат тарозиси. Раҳматжон Жўраев билан суҳбатлашар эканман, кўз ўнгимда адолат палласи босиб кетаётган тарози кўринаверди. Бу тарозини қандай ишлатгани учун одамларнинг судяларга муносабати шаклланиши ҳақида ўйладим. Қайси шароитда бўлмасин, ҳатто, ҳамсабоқ дўсти ранжиганда ҳам, қайси бир қўли узунроқ мансабдорнинг илтимоси ерда қолганда ҳам, кимдир баъзан писиб-писиб, баъзан очиқдан-очиқ қутқу қилиб турганда ҳам, адолат тарозисига хиёнат қилмаган судяларнинг бемалол ухлашлари, эл олдида бошини баланд кўтариб юришларини кўрганман.
Ана шу суд адолатини ҳамма нарсадан баланд қўйганлар орасида Раҳматжон Жўраев ҳам бор. У адолат тарозисини виждон тарозиси, деб билади.
Ў.УСМОНОВ, Суғд вилояти.
16 август куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон бунёдкорлик ишлари билан танишиш, бир қатор ҳаётан муҳим иншоотларни фойдаланишга топшириш ва қишлоқ хўжалиги соҳаси билан танишиш мақсадида Хатлон вилоятининг Бохтар ноҳиясига ташриф буюрди.
Раҳбарият, фаоллар, маориф ва маданият арбоблари, ёшлар намояндалари
Муфассал...
- Қадимий Саразмнинг 5500 йиллиги Тожикистон Республикаси Ҳукумати қарори асосида 2020 йил ўтказилади, - деди Тожикистон Фанлар академияси президенти Фарҳод Раҳимий Фанлар академиясининг ярим йиллик фаолиятига бағишланган матбуот конференциясида. – Айни пайтда тадбирнинг ташкилий комитети ҳамма томонлама тайёргарлик ишларини олиб бормоқда. Шу билан бирга академия олимлари қадимий Саразмда илмий-тадқиқот ишларини давом
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015