Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 09 Июн 2016 Кӯришлар: 2387
Печат

 

o sulaymonovvОлма-отада Совет ёш шоирларининг фестивали давом этарди. Мен  билан Ҳабибулло Файзулло шеърият базми-ю суҳбатлардан сўнг, бошқа иштирокчилар билан биргаликда шукуҳли «Алма-Ато» меҳмонхонасига қайтдик. Хонамизга кириб бир оз дам олмоқчи бўлдик. Зеро, соат тунги ўнга яқинлашар ва биз эрта тонгда уйқудан туриб фестивал дастурларини  бажариш пайидан бўлишимиз лозим эди.

Кутилмаганда меҳмонхона залида жарангли овоз эшитилди:

-Хайём ворислари қаердалар?

Ўта зийрак бўлган Ҳабибулло менга деди:

-Валлоҳ, бизни излашяпти. Бизлардан ўзга ҳам Хайём ворислари борми?!

Залга чиқдик, чиқдигу жойимизда қотиб қолдик. Биздан узоқроқда Олжас Сулаймонов турарди. Уни меҳмонхона ходимлари ва қардош республикалардан фестивалга келган ёш шоирлару шоиралар ўраб олишганди.

Олжас шоирликнинг юксак поғонасини забт этган пайтлари эди. Гарчи унинг миллати қозоқ бўлса-да, рус тилида шеър ёзади ва машҳур рус шоирлари – Роберт Рождественский, Андрей Вознесенский, Евгений Евтушенколар сафида туради. Айниқса, унинг биринчи Совет космонавти Юрий Гагариннинг илк парвозига бағишланган «Замин, одамзотга таъзим қил!» деб номланган олижаноб достони унинг номини бутун Иттифоққа машҳур қилганди. (Шуни эслатиш керакки, мазкур достоннинг бир неча бобини аввал Убайд Ражаб ва кейинроқ эса, Низом Қосим тўлиқ тожикчага таржима қилгандилар).

Олжас бизни кўрди-ю, дарҳол сўради:

-Хайём ворислари сизларми?

Бараварига жавоб бердик:

-Ҳа, шундай.

У – баланд бўйли, кулча юз, бургут нигоҳли катта кўз йигит биз томонга келди ва мен билан Ҳабибуллони бағрига босди. Ҳозир бўлганлар бу воқеага ҳаяжон-ла, ҳайрону лол боқиб туришарди.

-Менинг азиз дўстларим – Мўминшоҳу Қутби яхшимилар?- дея сўради у.

-Яхшилар ва сизга саломлар юборишди. (Бу бизларнинг тўқимамиз эди). У машҳур ёшларга хос ғуруру виқор ила бизнинг қўлларимиздан олиб, хонамизга кирди. Бошқа мухлислар ҳам кириб келишди. Игна тушгудай жой қолмади.

Олжас чўнтагидан калит чиқариб, менга берди ва деди:

-Бир неча кишини олу пастга туш. У ерда менинг «Волга»м турибди. Юкхонада нимаики бўлса, олиб келинглар. Базм қиламиз.

1968 йили эди ва «Волга»лик бўлиш афсонадай туюларди. «Бу – Олжас! –дедим ўзимга ва биз каби фестивал иштирокчилари бўлган бир неча шоирлар билан биргаликда бешинчи қаватдан меҳмонхона ҳовлисига тушдик.

Юкхонани очдигу ҳайратда қолдик. У ерда ўнлаб шиша ароқ, шампан, коняк, вино, турли-туман гўшту балиқлар бор эди. Ҳаммасини юкхонадаги тўрхалтага солдигу Олжас ва бошқа меҳмонлар олдига қайтдик.

Хонамизда саҳаргача базму жамшид қизигандан-қизиди. Меҳмонхона хизматчилари улуғ шоирнинг нозини кўтаришар ва ҳеч нарса дейишмасди.

Олжас ҳозир бўлганлар илтимоси билан неча бор олижаноб шеърлар ўқиди ва ҳар гал: -Тожиклар назми улуғдир. Албатта, Рўдаки-ю, Ҳофизу Хайёмни ўқинглар, кейингина шоир бўласизлар,- деб қўярди.

Гоҳо мен билан Ҳабибуллонинг елкасига қўлини қўйиб самимий оҳангда: -Сизлар Хайём ворисларисиз. Бу мартабани қўлдан берманглар,- дерди.

Хайрлашув чоғида: -Икки кундан кейин келаман ва сизларни (яъни мен билан Ҳабибуллони) Медео томошасига олиб бораман,- деди.

Биз уни кузатдик. Ўта сархуш эди ва мену Ҳабибулло шубҳа-ла:

«Келармикан? Бизни афсонавий Медеога олиб борармикан?»- дедик.

Ҳар ҳолда, ўша оқшомлардан кейин мен билан Ҳабибуллонинг лақаби Хайём ворислари бўлди. Ҳар бир йиғилишу ҳар учрашувда бизларни ҳозир бўлганларга Хайём ворислари деб таништиришарди ва улар гулдурос қарсаклар билан кутиб олишарди.

Орадан икки кун ўтгач, ҳали тонг отмасдан навбатчи эшигимизни қоқди ва мену Ҳабибуллога: «Олжас сизларни пастда кутяпти», -дея хабар етказди.

Биз иккиланиб меҳмонхона ҳовлисига тушдик. У ерда бизнинг раҳбаримиз рус шоири Андрей Дементев Олжас билан суҳбатлашиб турарди: яъни Олжас билан Медеога сафар қилишимиз унга маълум эди.

Олжас бизни яна бағрига босиб, Дементевга деди:

-Бугун Хайём ворислари менинг меҳмонларим бўлишади.

Раҳбаримиз табассум-ла бизга оқ йўл тилади.

Олжас бошқараётган «Волга» бизнинг Варзобимизни эслатувчи илон изи тоғ йўлларидан ўтиб борарди. Фақат назарга Медео кенг ва узоқроқ кўринарди. Узоқ йўл юрдик ва дарё четидаги чаманзорга тўхтадик.

Олжас зудлик билан машинадан тушди. Юкхонадан кабобпазлик қўраси, сиху гўшт ва бошқа асбобларни туширди, янги, гулдор гиламни тўшади, кўрпача ташлади ва биз ҳамма ишларда унинг мададкори эдик.

-Бугун мен сизларни Мўминшоҳу Қутби ўрнига меҳмон қиламан. Мен учун ҳар тожик ё Рўдакий, ё Ҳофиз, ё Хайём, ё Жомийдир.

Биз – икки ёш шоир – Шўролар даврининг Олжас каби машҳур бир шоири бунчалар лутфи марҳамат кўрсатаётганидан ҳайратда эдик.

Қўра қизарди. Кутилмаганда, ёнимиздан от минган маст чўпон йигит қўйлар отарини ҳайдаб ўтиб қолди.

-Ҳой йигит!- унга мурожаат қилди Олжас.

Отлиқ яқин келди, уни таниди чамаси, дарҳол отдан тушиб, эҳтиром ила деди:

-Миллат шоирига салом!

Олжас уни табассум билан қарши олди ва отини бир мартадан минишимизни сўради.

Чўпон йигит деди: -Отим жуда шўх. Эҳтиёт бўлинг.

Аввал Ҳабибулло минди. От бегонасираб чунон оёқларини типирчилатдики, у қўрққанидан дарров ўзини пастга ташлади. Ҳамма кулди. Олжас менга қараб деди: -Сенинг навбатинг.

Умрим бино бўлиб отга минмаган бўлсам-да, ору номус юзасидан унга яқинлашдим. От ҳали ҳам бетоқат эди. Рости гап, мина олмадим.

Олжас кулди-ю бир сакраб отга минди ва уни ниқтади. Бир зумда отлиқ кўздан ғойиб бўлди ва бир неча дақиқадан кейин дарёнинг нарига томонида пайдо бўлди. Биз уни хурсанд, қарсаклар билан кутиб олдик.

Олжас отдан тушди ва аввалгидай табассум билан деди:

-Менинг ёш шоир дўстларим! Сўз ҳам худди отга ўхшайди. Уни ром қилиб миниб олиш керак, акс ҳолда, сизларни ярим йўлда тупроққа белайди.

Мен унинг айтганларини неча йиллардан кейин шеърга солдим ва у «Паҳно» китобидан жой олган.

Гулназар.

Тожикчадан Омонбой Жуманов таржимаси.

КАЛЕНДАР

« Апрел 2025 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
  1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30        

МАҚОЛАЛАР

АЁЛ

 

Садоқатни умр меҳвари билар

Муҳаббат қийматин аршларга илар.

Хиёнат булутин чақмоқдай тилар,

Номус қўрғонини қўриган аёл!

Муфассал...

Мораторий – тадбиркорлик ривожи омили

 

Янги 2018 йил хайрли бошланди. Бунга январ ойининг илк ўн кунлигида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон томонидан жорий йилнинг Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, дея эълон қилиниши бўлса, ойнинг иккинчи ўн кунлигида эса, муҳтарам Президентимиз томонидан "Ишлаб чиқариш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятида барча турдаги текширувларга

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2073492

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

8064207
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
267
3030
5747
8024732
3297
108045
8064207

Сизнинг IPнгиз: 3.129.217.198
Бугун: 02-04-2025 02:08:21

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015