«Аросатдаги одамлар» романидан парча
Шоирга мактуб йўллаб, бутун умид-орзуларимни унинг жавобига боғлаган ҳолда почталон йўлларига нигорон эдим. Вақтнинг ўтиши бу қадар қийин бўлмаса! Орадан бир ой ўтди, қирқ беш кун ўтди... Жавобдан дарак йўқ. “Шоир халқи ҳам шеърларида лоф ураркану бировга ёрдам қўлини чўзиш зарурати туғилганда ўзини четга олар экан”, деган андишаларга бориб қолдим. Ҳа, ҳозир кимдан ҳам гина қилиб бўлади, дейсиз.
Ҳамма ўзи билан ўзи оввора. Бир соат вақт орттириб бировга хат ёзишга фурсат бўлади дейсизми? Муҳаммад акам ҳам ижодкор одам бўлса, ҳар куни газета редакциясида саккиз соат ишлаб келиб, тағин шунчалик мақола-ю шеърлар ёзса, рўзғор ташвишлари бордир. Шунга ҳам офарин айтиш керак. Менинг жумбоқ саволларга тўла мактубимга жавоб ёзиш учун вақт тополмади, шекилли... Айтадилар-ку, ҳар бир путага ўт тушса, ўзи ёниб, ўзи ўчади, деб. Шу гап рост экан-да...
Йўқ, хато қилган эканман. Орадан роса олтмиш бир кун ўтгандан кейин Муҳаммад акадан мактуб олдим. Қаранг, узоқни чуқур ўйлайдиган одам-да, бировнинг қўлига тушса, нега фалонча фалон қизга хат ёзибди, деган гапларни четлаб ўтиш учун бўлса керак, менинг араб ёзувидан хабардорлигимни билгач, у киши ҳам шу ёзувда менга нома битибдилар. Унда, аввало, жавоб хатининг бу қадар кечикиб кетгани сабаблари келтирилган эди. У киши мендан мактубни олиб, қайта-қайта ўқиганларидан кейин муҳаррир ҳузурига кирибдилару мана шу мактуб юзасидан бир текширув ўтказиб келиш учун хизмат сафари сўрабдилар. Муҳаррир мактубни ўқиб кўриб, албатта, боринг, сизга шу қадар катта умид билан мурожаат қилган бир бечора қизнинг дардига малҳам бўлинг, деб маслаҳат берибдилар.
- Сабзазорга борибоқ, дарров Меҳринисонинг отасига учраша кўрманг, - дебдилар муҳаррир, - шундай қилсангиз, у одам сизга ҳа-ҳу деб, уйига боргач, яна бечора қизнинг кунини қора қилиши турган гап. Тўппа-тўғри райкомга, район маориф бўлимига боринг-да, вазиятни тушунтириб, ёнингизга бир нафардан вакил қўшиб олиб, сўнгра мактабга ўтинглар. Мактабнинг директори, синф раҳбари, ўша Меҳринисо ёқтирган адабиёт фани ўқитувчиси иштирокида мактубни қайта ўқинглар. Ҳамма гапдан улар ҳам тўла хабардор бўлишсин. Бунда Меҳринисонинг ўзи ҳам иштирок этиши шарт эмас, негаки, ички сирларининг кўпчиликка ошкор бўлиб қолиши ҳамиятига тегиши мумкин. Ўртоқларга шуни алоҳида таъкидлангки, унинг отаси билан мактаб директори-ю, синф раҳбарининг ўзлари ётиғи билан гаплашиб кўришсин. Шундай... қизнинг тақдири билан қизиққан киши сифатида...
“Қизингиз жуда талантли, мактаб деворий газеталарида шеърлари билан қатнашиб турганидан биламизки, у ўқишини давом эттирса, яхшигина шоира бўлиши мумкин...” десинлар. Классик адибларимиздан Зебинисо, Нодирабегим, Увайсий ва ҳозирги замон шоиралари номини мисолга келтирсинлар. Қани, отасидан қандай фикр чиқаркин. Шунга қараб муносабат қилишсин. Меҳринисонинг сизга хат ёзганини сира сездирмасинлар. Отасининг жавобини олгандан кейин, ўшанга қараб жавоб мактубини ёзасиз, йўл-йўриқлар кўрсатасиз... Муҳаммад акам худди мана шу йўсинда иш тутиб, районимизга командировкада кўрсатилган уч кун ўрнига олти кун қолиб кетибдилар.
“Меҳринисонинг ҳаёти шу тақлид давом этаверса-ю, боши берк кўчадан чиқиш йўлларини тополмаса, ҳамма нарсадан воз кечиб, ўзига суиқасд қилишдан ҳам тоймаслиги мумкин, - дебдилар ҳамма вакиллар олдида. – Бу унинг мактубида ҳам шама қилинган. Худо кўрсатмасин, шундай қиладиган бўлса, сизларнинг раҳбарликларингу менинг журналистлигим, жамиятимизнинг социалистик жамият эканлиги бир чақага арзимайди...”
Ҳа-а... Мен Муҳаммад акамдан мактубимга жавоб кутиб юрган пайтларимда Иброҳимжон Ваҳобов билан Садриддин Ғуломовлар бир куни мени директор кабинетига чақиртириб, узоқ суҳбатлашган эдилар-а! Аввал ўрта мактабни битирганимдан сўнг, нима иш қилмоқчилигим билан қизиқишди, сўнгра оилавий шароитимиз тўғрисида савол-жавоб қилишди. Дадам билан ойимнинг менга муносабатлари-ю, ака-укаларимнинг кору боригача суриштиришди. Ўшанда шеъриятга қизиқишим борасида ҳам гап юритишди, шекилли.
– Хўш, Меҳринисо, шеърлардан ёзиб турибсанми? Учрашувда роса шоирларни қойил қилдинг-да... Машқингни асло ҳам камайтирма, - деганди директоримиз, мен “ҳа” деган маънода бош қимирлатгач, - Биламан, ҳозирги давлат имтиҳонларига тайёргарлик айни қизиб борадиган даврда шеър машқи билан шуғулланиш қийин. Бироқ, уйқу ҳисобидан, ҳордиқ соатлари, дугонабозликлар ҳисобидан бир соат, икки соат вақт ажратса бўлади. Лекин шуниси ҳам борки, ўнинчи синфни битирдим, энди шу билимим билан шоира бўламан, деб ўйласанг хато қиласан, сен келажакда, албатта, ўқишни давом эттиришинг лозим. Олий маълумот олиш пайидан бўл. Лозим бўлса, мана, биз кўмаклашамиз.
– Уйдагилар... Нима десам... Олий маълумотнинг қиз болага нима зарурлиги бор, дейишади...
– Парво қилма, - дегандилар Садриддин Ғуломов ҳеч нарсадан бехабар кишидай, - сен сидқи дилдан ўқийман десанг, ҳеч ким йўлингга тўсиқ бўлолмайди. Ойингми, дадангми, ака-укаларингдан қайси биридир қаршилик қиладиган бўлсалар, ўзимиз гаплашамиз, кўндирамиз.
– Бу ёғи имтиҳонларни олтинми, кумушми – медалга топширсанг, нур устига нур ёғилади, - қўшиб қўйдилар директоримиз, - умуман, медалсиз ҳам сенинг билиминг билан марказий институтларга бемалол киравериш мумкинлигига биз ишонамиз.
– Ўзингни майлинг қайси институтга киришга кўпроқ иштиёқманд?
– Менга қолса, духтурликка қизиқаман, - дедим Ғуломовнинг саволларига жавобан.
– Яхши, жуда яхши.
– Духтур бўламан десанг, шоирлик қағларда қолиб кетади? – кулиб ҳазиллашдилар директоримиз.
– Мендан шоир чиқармиди?
– Э, ана холос, ақидангни суст қилсанг, албатта, шоир чиқмайди-да. “Мен шоир бўлмасам, қўймайман” дея ҳаракат қилсанг, мақсадга эришиш мумкин.
– Аввало, давлат имтиҳонларимни топшириб олайин, бир гап бўлар, - дедим-да, ижозат сўраб хонадан чиқиб кетдим. Демак, мактаб раҳбарияти мен билан профилактик суҳбат ўтказганлари ўша бўлган экан-да... Дадам-чи, дадам?.. У кишининг менга муносабати ўзгарган эмасми? Бу тўғрида ўйлаб ҳам кўрмаган эканман. Э-э, бўлди, бўлди – у киши бир куни шоирлар тўғрисида эмас, ўзимнинг шеър машқим тўғрисида гапирган эдилар:
– Қизим, шунча шоирларнинг шеърларини соатлаб ёддан айтасану ўзинг ҳам ҳеч ёзиб кўрганмисан? Қани, кўзларимга тик боқиб, ростини сўзла-чи...
– Нимага энди бира тўла шеърдан сўз очиб қолдингиз, дада? – деганимда, “Қўлингдан келса, шу жабҳада кучингни синаб кўргин, демоқчиман-да. Киройи заҳмат чекса арзийдиган иш” – шундай деб, менга синчковлик билан тикилиб турардилар.
– Сиздан яширмайман, бир вақтлар унча-мунча дафтарни қоралаб қўйгандим. Ҳозир ўқиш, сураларни ёдлаш ташвишлари билан қўлим ҳам тегмайди, - дедим.
– Асосий юмушларингни бажаргину қаламни ҳам ишга солиб тур. Мана, Зебинисо, Ҳуайси (Увайсий демоқчи), Нодирабегим деган шоираларни қара, шунча йиллардан бери номлари ўчмай келади...
Демак, вакиллар шу борада дадамга гапиришган. Увайсийни Ҳувайси дедилар. Буни кечирса бўлади... Демак, “Шеърият билан шуғулланадиган бўлса, майли” каби жавоб қилганлар...
Журналистлар ўз ишларига пухта бўлишади-да, қаранг, қишлоғимизда шунча пинҳона тўс-тўполон ясаб бориб, кейин менга хат ёзибдилар-а!
“...Меҳринисо, ҳақиқатан ҳам, сизнинг муаммоларингизни ечишга кўмаклашиш масъулияти тушган менинг олдимда катта меҳнат талаб қиладиган жумбоқлар турибди экан. Мактубингиздан ва биз билан учрашувда ҳузуримизда ўқиган шеърингиздан иқтидорли, давримизга муносиб бир ўқувчи эканлигингизни сезган эдик. Сиздаги мана шу олижаноб хислатлар, ҳаётнинг бугунги талаб ва эҳтиёжларини тубли тушунишингиз, ўқишга, янгиликка бўлган улкан ҳавасингизни ҳис этиб, жуда қувондик. Худди сиздай кишиларгина ҳаётда кўзлаган орзулари сари дадил интилиб, уларни амалга оширишга қодир бўладилар. Сизнинг араб ва форс тилидан хабардорлигингиз, гарчанд маъносини тўла талқин қила олмасангиз-да, Қуръони Карим сураларини ёд олганингиз, замон руҳини чуқур тушунишингиз, келажакда яхши бир инсон бўлиб етишиш йўлида мустаҳкам пойдевор вазифасини ўташига ишонамиз.
Мени мактубингизда акам деб атабсиз. Уч кунлик чақалоқлигимда онамдан етим қолиб, не-не азоблар билан улғайганман. Ака-укаларим, опа-сингилларим бўлмагани туфайли умрбод ўкиниб юрган бир йигитман. Бу сўзларингиз бошимни осмонга етказди. Туғишгандан тутинган аъло, дейдилар. Сизнинг сиймонгизда тутинган сингил топганимдан бағоят шодман. Шу боисдан акалик ҳуқуқ ва ҳурматим туфайли кўнглимда пайдо бўлган андишаларимни рангу бўёқсиз айтиб ўтай. Сиз танлаган йўл жуда машаққатли йўл. Унда ғовлар бор экан, демак, энг қулай ва осон, оғриқ ҳамда изтиробсиз йўлларини топиб, уни енгиб ўтиш керак. Ўша ғовлардан енгилмас бўлиб туюлгани бу – саводсизлик, жоҳиллик оқибатида пайдо бўлган бир-бирларингизни тушунмаслик ғовидир. Лекин ҳозирча тушкунликка берилмай, ўй-хаёлларни бир чеккага суриб қўйиб, ўқишни давом эттираверинг. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, тадбиркорлик ишга солинса, оқилона муносабат қилинса, ҳаётда енгиб бўлмайдиган машаққатнинг ўзи йўқ, фақатгина тезпишар хулосалардан, ўйланмаган тадбирлардан, андишасиз хатти-ҳаракатлардан ўзингизни сақланг. Бизда деярли ҳамма одам (баъзи бир зукко, дунёкўрган, ўта пишиқлардан ташқари) аччиқ устида кўнглига келган биринчи ақидани шартта-шартта айтади-да, сўнгра олови пасайгач, “Э, мен нима деб қўйдим, бечоранинг кўнглини оғритдим-да, жаҳолатим қурсин” – дея ўзини ўзи койий бошлайди. Аслида сўзлашдан олдин шу сўзларнинг таъсири қандай бўлиши, улар қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини бир мартагина хаёлдан ўтказсак, пушаймонга ўрин қолмайдиган иш қиламиз. Шундай эмасми, Меҳринисо? Хулоса, айтмоқчиманки, кўпнинг фикрини олинг-да, ҳаммасини ақл чиғириғидан ўтказиб, энг тўғри қарорга келганлигингизга ишонч пайдо қилгандан кейингина амалий ишга ўтинг. Шунинг учун халқимиз: “Етти ўлчаб, бир кес”, - деган мақолни ўйлаб топган бўлса керак.
“Ҳеч нарсага эришолмайман, ночор аҳволдаман, сўнгги илинжим ҳам тугаб битди” – деб ҳаётдан совиш ёки ундан кўз юмиб кетаверишдан осон иш йўқ. Худойим дунёга келишнинг биргина йўлини бергану ундан кетишнинг саноқсиз имкониятларини яратиб қўйибди. Яшаш, умргузаронлик қилиш жабҳасида инсон хатти-ҳаракатларининг турфа имкониятлари шу қадар бепоёнки, ўйлаб кўрсангиз, бир эмас, юзлаб, минглаб оқилона вариантлари топилади. Бартараф этиш имконияти кўзга кўринмас мушкулликларни енгиб, кўзланган мақсад сари биргина қадам олға силжиш, бунинг учун нақадар жасорат лозим бўлса, ана шу жасоратни кўрсата билиш инсон қудратининг амалий ифодаси бўлади. Яна такрорлайман: бу йўлда асло шошилманг. Бутун мактубингиз руҳидан маълумки, дадангиз ҳам, ҳар томонлама у кишига қарам ва муте бўлган ойингиз ҳам, эҳтимолки, ака-укаларингиз ҳам бундан мустасно бўлмасалар керак, сизнинг олий мактабда таҳсилни давом эттиришингизга қарши эканлар. Лекин шуни унутмаслик керакки, ўзингиз бу ҳақда тўғри хулосага келгансиз, улар энг азиз ва мўътабар кишиларингиздир. Сизнинг оёғингизга тикан кирса, уларнинг жони оғрийди.
Менимча, сиз билан бизнинг томонимиздан амалга ошириладиган энг биринчи иш: қош қўяман деб кўз чиқариб қўймасликлари. Тожикларда: “Ҳам лаъл ба даст ояду ҳам ёр наранжад”, - деган ажиб бир мақол бор. Бунинг ўзбекча маъноси – ҳам лаъл қўлга кирсину ҳам ёр ранжимасин. Шундай қилайликки, ота-онангиз ҳам, ака-укаларингиз ҳам хафа бўлишмасину сиз мақсадга эришинг.
Борди-ю, ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан, шу йилнинг ўзида ўқишга кириб олишим шарт, деб турсангиз , чуқур ўйламай қадам босган, кескин ҳаракат қилган бўласиз. Бу ҳолда дунёдаги энг азиз кишиларингиз билан жиддий тўқнашув юз бериши табиий. Орага катта совуқлик тушади. Гина, кудурат, кўз ёши, алам ва изтироб, бир-бирларингиздан норозиликлар, борингки, бепоён андуҳлар исканжасида қоласизлар. Худо раҳмат қилсин отамиз: “Она қарғаса, унинг сути аро киради, аммо отанинг қарғиши қиличдай кескир бўлади”, - дердилар. Айтишларича, отанинг дуои бадига қолган кимса икки дунёда барака топмас. Ана шундан ҳайиқиш керак...
Ўлмас Жамол.
Мир Сайид Али Ҳамадоний ноҳияси деҳқонлари «Вақтинг кетди, нақдинг кетди», - деган халқ мақоли моҳиятини жуда чуқур англаб етганлар.
Ноҳиянинг М. Субҳонов раислик қилаётган Қаҳрамон қишлоқ жамоати деҳқонлари кузги шудгор ва буғдой экинига жиддий эътибор қаратишмоқда. Аллақачон, бу ерда 645 гектар экин майдони сифатли шудгордан чиқарилиб, 170 гектар майдонга кузги буғдой экилди.
Муфассал...
9 июн куни Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат бошлиқлари Кенгаши саммити бўлиб ўтди. Унинг ишида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ҳам иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015