Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 19 Май 2016 Кӯришлар: 2616
Печат

 

s ermatiyСулаймон Эрматов 25 май куни туғилганман, дейди. Ўйлаб кўрсам, устози муҳтарам тут пишиғида, сарпойчан болакайлар қамиш қармоқ кўтариб, довучча узиш билан овора бўлган кунларда, яъни тут пишгану ўрик ғўра бўлиб турган баҳор-ёз орасидаги офтобли кунларда дунёга келган экан. Бу кунларда мудроқ табиатнинг ёсумангул киприкларига шабнам доналарининг маржонлари тизилади, моҳи тобон туннинг қорачиғига, офтоб кундузнинг бедор кўзларига айланиб қолади.

Мана шу бедорлик ва уйғонишнинг ўзидагина рамзий бир маъно англашилмаяптимикин? Мана шу илиқ ишқириқ ёғилишининг ўзигина бўлажак адибга некбин ва ёрқин келажакни ваъда қилиб турмаяптимикин?

Икки фасл оралиғида…Кейинчалик икки аср орасидаги таҳликали йилларининг тошқин-тўлқинлари шалоплаб-шалоплаб урилган бир қоятош, шоир - Сулаймон Эрматовни вояга етказди, ўстирди, улғайтирди. Икки фасл оралиғида…Шоир Сулаймон Эрматов авваламбор ўзбек ва тожик халқ оғзаки ижодиёти, шарқ классик адабиёти, шарқона ахлоқ-одоб, ватанимиз-Тожикистонга бўлган чин фарзандлик муҳаббати пойдевори устида қурилган ўзига хос чексиз, миллий ва шарқона бир поэтик дунёни яратишга муяссар бўлди.  Сулаймон Эрматовнинг 70 йиллигини нишонлаш арафаси кунларида ана шу ҳодисани, аниқроғи бир адиб ва ижодкорнинг шахсияту ижодини чуқур ва теран англашимиз, ўрганишимиз, бир-бирини ботирим, дейдиган бир эл удум-одати ва таомилига мувофиқ бошқаларга кўз-кўз қилишимиз учун яхши бир важ-баҳона бўлса, не ажаб.  

 

Анор кўтарган аёл

Журналист Сулаймон Эрматовни "Совет Тожикистони" газетасида эълон қилган мақолалари орқали кўпчилик сингари етмишинчи йиллардан буён ғойибдан танир эдим. Аниқроғи, Сулаймон Эрматов деган номни шу газетадаги мақолалар орқали болалигимдан билганман. Рости гап, ўқиб тушуниш учун тишим ўтмайдиган катта-катта мақолалар остида шу исм-фамилия ёзиб қўйилган бўларди. Мен фақат шеър ўқирдим. Газетани олдим дегунча, шолини курмакдан ажратган каби, нуқул шеър ажратиб ўқирдим, ҳатто, ёд олардим.  Етмишинчи йиллар эди. Ўн яшар бўлсам керак, шу газетада эълон қилинган бир шеърни ёд олгандим. Муаллифи эсимда қолмаган бўлса ҳам, ўша ичак узди қилиб кулдирган шеърнинг қуйидаги  уч мисраси ёдимда ҳамон сақланиб келаётибди:

Ўргилай хўжайинжон,

Сиз яхши-ю биз ёмон,

Сиз буғдо-ю биз сомон.

Шеър ҳажвий "Чертки" бурчагида чиққан бўлса керак, ҳажвий жанрда ёзилганди. Мен бола тасаввурим билан шоир бунда қайси бир хушомадгўйни ҳажв қилаётганини англаб олган, ўзимча кулиб қўйгандим. Шу мисралар кўз олдимда "хўжайинжон"га қараб мўлтонилик қилиб турган хушомадгўйнинг суратини жонлантириб, акслантириб турарди. Кўча-кўйда "сиз яхши-ю биз ёмон, Сиз буғдо-ю биз сомон…" деб хиргойи қилиб юришни ёқтирардим.

Газетанинг бошқа саҳифасида бир сават анор кўтарган аёл расми чизилганди. ( Буни ҳойнаҳой ўша пайтдаги редакция рассоми А. Колбасюк чизган) Графикада ишланган аёл шу даражада гўзал ва латофатли эдики, кузатувчи, шубҳасиз, унга ошиқи беқарор бўлиб қоларди. Мен беихтиёр ўша расмни зўр ҳафсала билан албомимга кўчириб чиздим.

У салмоқли, катта мақолада гап машҳур Қабодиён анори ҳосилдорлигини ошириш тўғрисида сўз юритилганди.

Лекин ўша болалик хиргойиси, бир сават анор кўтарган аёл, Қабодиён ноҳияси ва "Совет Тожикистони" газетаси билан уйғунликда намоён бўлиб турадиган Сулаймон Эрматов деган ном-насаб бола тасаввуримга қаттиқ ўрнашиб қолган экан.

 

Эрматовнинг элаги

Асаби касал бўлган Сулаймон Эрматов билан эса, касалхонада танишдик. Нима дейсизки, қачонлардир номини газетада ўқиган одамим касалхонада  менга юзма-юз ўтирарди.  Фалакнинг гардишига қарангки, тақдир бизни бир касалхонада, бир диагноз билан бир палатада учраштириб, рўпара қилиб турибди. Орадан кўп йиллар ўтган бўлса ҳам, ҳали-ҳамон, ё пирим, бу шунчаки тасодифмиди, ё қисматнинг муқаррар тақозосимиди, деб ҳайратланиб юраман. Сулаймон акага оилалари бир даста китоб билан кичик ёзув машинкаси келтириб берди. Яна бир шеригимиз Баҳром ака киоскадан "Тожикистони советий" газетасини олиб ўқийди. Мен эса, ёшлигимга риоя қилиб, уларга чой дамлайман.

-Шеъри Миршакар. Шеъри зўр. Хонам гўш мекунед? -дейди Баҳром ака.

Биргалашиб Миршакарнинг шеърини тинглаймиз.

Сулаймон ака уф тортади:

-Меники товон. Товонимга симиллаган дард кирган. Чиқмайди ярамас.

У шундай деб чойдан ҳўплайди, менга юзланиб кулимсирайди:

-Сизники-чи? Қаерингиз оғрийди?

-Меникими? Бошим… Бошим лўққиллаб оғрийди.

-Ҳаммаси асабдан экан.

-Йўғ-ей…

-Ҳа деяверинг. Мен биламан. Асаб хароб бўлган.

Шу пайтгача жим турган Баҳром ака қаҳ-қаҳ отиб кулади:

-Билмадиларингми? Асаб бўлимида ётибмиз. Нев-ро-ло-ги-чес-кое от-де-ле-ние… Демак асабни даволашади.

Сулаймон ака сўлиш олди. Китоб титкилади. Машинкада чиққиллатиб бир нарсаларни ёзди. Унинг ўтириши, машинканинг чиққиллаши, умуман, ёзиш-чизишнинг ҳою ҳавасини ола бошладим, ортиқ чидаб туролмадим ва Асқар Маҳкамнинг ҳидояти, Ўлмас Жамолнинг рухсати билан "Гулпари" деган шеърим "Совет Тожикистони"да эълон қилинганлиги далдасида:

-Мен ҳам шоирман!-деб юбордим.

Сулаймон ака чоп қилишдан "таққа" тўхтади, бошини секин, жуда секинлик билан, бамайлихотир ва ўйчан бир алфозда мен томонга бурди. У бошини бураётганда хаёлимдан: "Чакки иш қилиб қўйдим. Ана, энди адабиётдан савол беради. Шеър қоидаларини сўрайди. Ер ютгур, нимайди…Фоилотун, мафоилунни айт-чи? - деб туриб олади. Мен эса, адабиёт институтини битирмаганман. Ҳатто, тиниш белгилари - пунктуацияни дуруст билмайман…", -деган фикр ўтди.

-Шоирсиз? Э, баракалла. Ўзбек шоирларидан кимни ёқтирасиз?

-Ҳеч кимни.

-Ия, қанақасига ҳеч кимни? Шоирликни даъво қилган одам шеър билиши, бошқа шоирларни мутолаа қилиши керак-ку.

-Мутолаа қилганмиз.

-Қаерда?

-Рассомлик мактаби студиясида. Есенинни…

-Шундайми? Ҳмм… Есенинни денг. Яхши шоир. Туппа-тузук шоиру ичкиликка берилган-да. Шуниси панд беради.Чапани.

Шу пайт палата эшиги унсизгина очилиб бирин-кетин иккита рус аёли кириб келди. Иккови ҳам Есенин "Качалов итига" гина-кудурат қилиб айтган аёлга ўхшаб кетди, назаримда. Ёшроғи тиббий ҳамшира, сариқ сочларини бошига гумбаз қилиб олган, кўк кўзлари кулиб турувчи, ўрта ёшлардаги иккинчи аёл асаб дўхтури эди.

Аёл Сулаймон аканинг каравотига омонат чўкиб ўзини таништирди. Менинг отим Наталя Петровна,- деди у. Сулаймон аканинг касб-корини билгандан кейин, тўладан келган оппоқ юзига табассум ёйилди:

-А…а…Тушунаман. Адабиёт, санъат кишиларида ҳис-туйғу кучли бўлади. Ҳиссиёт эса, асабни эговлайди. Асабни…Товондаги оғриқ шундан. Иннайкейин бу касбдаги одамлар озгина жунунваш бўлишади. Ҳечқиси йўқ, даволаймиз. Кўрмагандек бўлиб кетасиз.

Наталя Петровна шундай деб менга юзланди:

-Сиз-чи? Сиз ким бўлиб ишлайсиз?

-Бу киши ҳам жунун юқтирганлардан, -деди Сулаймон ака ва менга юзланиб қўшиб қўйди: - "Андалиб бир савт ила бўлди гирифтори қафас…"

Наталя  Петровна "тушунарли, бу кишининг ҳам иллати топилди", дегандек нафис лабларини тишлаб бошини сарак-сарак қилди.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир куни туриб-туриб:

-Эҳ, Сулаймон ака, шуям дард бўлибдими. Оёғингизнинг кафти оғрир экан. Меники бош. Товонингиздаги оғриқни худо менга берганда эди, парво қилмасдим,-деб юборибман, томдан тараша тушгандай қилиб.

-Э, ундай деманг ука. Худо кўрсатмасин. Дарднинг ҳаммаси дард, азоб, ранж. Товонники ҳам қуриб кетсин, бошники ҳам. Асти товоним оғрисин деманг, бошим тузалиб кетсин деб, дуо қилаверинг. Илойим бошингиз тузалиб кетсин.

Палатада Сулаймон аканинг оиласи келтирган бадиий китоблардан тортиб, озиқ-овқату дори дармонгача - ҳамма-ҳамма нарса муҳайё. Сулаймон ака аввалига бирор ғазални товуш чиқармай ичида ўқийди, кейин менга юзланиб баланд овозда эшиттиради:

Сочларинг ёдида тунлар кўксини доғлар тароқ,

Кеча йиғлаб, тонгда бир бор кўнглини чоғлар тароқ…

Касалхонадаги тушлик овқатдан кейин биз яна ўз палатамизда тўпланишиб, чойхўрлик қилардик. Чой ичиш орасида ҳар турли олди-қочдилардан бир-биримизга сўзлаб берардик. Сулаймон ака баъзан ажойиб ва ғаройиб ҳикоялар айтарди. Бир куни Шаҳритуз ноҳиясидаги аллақандай булоқ тўғрисида тўлқинланиб сўз очиб қолди. Аввалига унинг ҳикоясига унчалик эътибор бермадим.

-Гуржиларни биласиз-а?-деб гап бошлади Сулаймон ака одатдагидек ката-катта кўзларига синовчан тус бериб.

--Бўлмасамчи? Чабуа Амирежиби. Нодар Думбадзе. "Кукарача" Батоно. Галактион Табидзе,-дедим бидирлаб.

--Ана ўша сиз билган гуржилар отнинг занглаган тақасини топишса, унинг қайси асрга тааллуқли эканлигини ёзиб қўйиб, бахмалга ўраб музейга осиб қўйишади.

-Занглаган тақа?

-Худди шундай. Занглаган тақа-Гуржистондаги музейнинг энг ноёб экспонати. Баржоми суви. Тифлиснинг Маяковский айланиб юрган тош кўчаларини кўпчилик матбуот орқали билишади. Грузин кинофилмлари-чи? Жаҳонга машҳур. Гуржистон оромгоҳлари-чи? Ҳамма билади, севади. Газеталардан ўқиб билишган. Бизда ҳам газеталарда мақола қилиб чиқарса арзийдиган ана шундай жаннатмакон жойлар бор. Мисол учун Шаҳритуздаги Чилучорчашма деган жойни олайлик.

Ўркач-ўркач тоғу тош, қулочга сиғмайдиган танаси бужур ва силлиқ, шохлари осмону фалакка тарвақайлаб кетган бобочинорлар биқинидан қайнаб чиққан қирқ тўрт булоқ бир оқимга бирлашиб тубларида сувўтлар, ранг-баранг тошлар кўзни қамаштирувчи азамат ойнакўлни ташкил қилади.

-Оинакўл…

-Оҳ, ойнакўлнинг ўзгинаси. Ичида балиқлар эмин-эркин сузиб юрибди. Суви соф ва мусаффо, муздек. Унсиз, садосиз эшилиб-эшилиб оқади. Тўлғаниб-тўлғаниб водийга энади. Қадимий мадраса ва масжидларнинг мезанасида турган муаззин аввал осмону фалак, ундаги тўлин ой, кейин Чилучорчашманинг кумуш, биллур мавжли  кўзгусига қараб азон айтади. Покликкка азон айтади. Азон оятлари ойнакўл шишасига урилиб акс-садо беради. Бу оинакўлнинг муздеккина сувини юзларингга сепиб ювсанг, манглай бетдаги ажин-тиришлардан на из қолади-ю на ҳайдар. Қулфи дилинг очилиб кетади. Руҳиятингга тиниқлик инади.

-Жаннат эканку.

-Кулманг, укам. Азбаройи худо, ер юзидаги жаннат десам ишонаверинг. Ана шундай жаннатмакон ва сўлим гўша тўғрисида республикамиз газеталарида бирорта мақола ёзилмаган. Республикада ёзилмади-ю, Москвада ёзилди. Вишневская деган рус журналисти Чилучорчашмани муқаддас қадамжо, деб таърифлаган.

Сулаймон аканинг бу ҳикояларидан илҳомланиб Чилучорчашма тўғрисида каттагина мақола ёздим. Мақола юпқагина катак дафтар ичига зўрға сиққанди.

Бир куни муқовасига "Чашма ва чинор" деб сарлавҳа қўйилган дафтарни Сулаймон акага тутқаздим. Юпқа дафтар ичидаги сатрларимда ёшлик фантазиясига эрк берган эдим. Чашмани қирқкокил қизга ўхшатган бўлсам, танаси бужур азамат чинорларни паҳлавон келбат йигитга қиёс қилганман.

Сулаймон Эрматов билан ҳамкорликда ёзилган бу мақола биз уй-уйларимизга жавоб бўлгандан кейин, Қўрғонтепа вилоят газетаси ўзбек саҳифасида чиқди. Газетанинг бир саҳифа ҳажмида чиққан мақолани ўқиб танимадим. Сулаймон ака уни росмана "Эссе"га дўндириб ташлаганди.

Орадан ўттиз йилдан кўпроқ фурсат ўтган бўлса ҳам, мен ўша касалхонада ўтган ижодий кунларни ширин энтикиш билан ёдга оламан.

Сулаймон ака бундан беш-олти йил илгари ҳам: - "Энди менга ҳеч нарса керак эмас. Бир ижодкор қилиши керак бўлган ҳамма ишларни интиҳосига етказиб қўйганман. "Алифбе"дан тортиб "Она тили"гача, "Оила одоби"дан тортиб "Ўқувчи қизларнинг севги мактублари"гача бўлган ўнлаб китобларга муаллифман. Прозада китоблар ёздим. "Девон"  туздим. Тўртта нашрияни бошқариб турибман. Барча унвону мукофотларни олдим. Бас етар, энди менга ҳеч нарса керак эмас" - деб такрорлаб турувчи эдилар. Бу кунларда ҳам шу сўзларни бот-бот қайтариб турадилар.  Мен устознинг бу гапларини унинг камтарлигига, босиб ўтган катта ижодий йўл ўнқир-чўнқирлари ва силлиқликлари олдидаги шукроналикка йўяман.

Қолаверса, Сулаймон акага бағишланган қуйидаги ғазаллар газетада эълон қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди:

ххх

Айта кўрманг, энди ёшим етти етмиш ёшга деб,

Дам олурман энди ташлаб ўзни бир ёнбошга деб.

 

Инчунин айтмангки, сургум қариликнинг гаштини,

Ён босарман қора чою, резаворлик ошга, деб.

 

Ул ҳасад аҳлига айтинг, ошиқ ўлдим қайтадан,

Уйланибман чунки энди қора кўзу қошга, деб.

 

Сабру бардош косасини сўрсалар, айтинг жавоб,

Косаи ёрим қўшилди косаи бардошга, деб.

 

Десаларки қариликда бошга савдо кўп тушар,

Сиз-да айтинг, кўз кўраркан неки тушса бошга, деб.

 

Сир бўлиб қолсин ёшингиз, майлига айтинг кушод:

Бу сиримни айтадирман журнали "Сирдош"га деб.

 

Айтаман такрор, Сулаймон, сиз жамоат олдида

Айта кўрманг энди ёшим етти етмиш ёшга, деб.

ххх

Ҳеч керакмас тизланишни ушбу тиздан ўрганиш,

Инчунин афтодаликни фасли куздан ўрганиш.

 

Шошма қизким ялчимайди эрга шошган қиз бола,

Кўп ғалатдир шошилишни ушбу қиздан ўрганиш.

 

Бу ҳаёт сўқмоқларида яхшилар издоши бўл,

Яхши изни келтираркан яхши издан ўрганиш.

 

Чун мувофиқ беадабдан ўрганиш одоби хуш,

Кўп мувофиқдир тамизни бетамиздан ўрганиш.

 

Нону туз ҳурматдадир, боқ, шул сабабдан яхшидир,

Тўрда турмоқлик рамузин нону туздан ўрганиш.

 

Сайфи Оллоҳ дер: -Сулаймон менга этмишдир насиб,

Шеър, ғазалга дахли бўлган ишни сиздан ўрганиш.

ххх

Яхши сўз айт, дўст, яхши дўстни кўргандан кейин,

Юзни бур, ул сен томонга юзни бургандан кейин.

 

Қамчи ургай соҳиби вақт, чопса умринг ғам ема

От жадаллар ул суворий қамчи ургандан кейин.

 

Сенга тушкун кайфият-ёв, шодлик айла-ёвни қир,

Чун баҳодир яшнагайдир ёвни қиргандан кейин.

 

Ота-онанг-пойи девор, сен уларга олқиш айт,

Пойи девор солмагайлар уйни қургандан кейин.

 

Кўксинг узра қўлни қўйгил, илтифот-ла бошни эг,

Мен каби дўст бош эгиб қаршингда тургандан кейин.

 

Эй Сулаймон, Сайфи Оллоҳ сарҳисоб сўрганда, айт:

Сарҳисобни мен этарман юзга киргандан кейин.

ххх

Кези келса, ёзадирман, бир китоб бўлгай умр,

Бу китоб авроғи ичра битта боб бўлгай умр.

 

Ёри жон афтода бўлма ушбу тунда ғам чекиб,

Сен учун бахшида бўлган моҳитоб бўлгай умр.

 

Мен савол бердим ҳакимга пуршитоб умрим нечун

Ул дедики кексаликда пуршитоб бўлгай умр.

 

Дўсту ёрим йўқ дедим мен, ул машойих деди сўнг:

Дўсту ёринг бўлмаса мисли сароб бўлгай умр.

 

Индама шайх, бу ҳаётнинг сирларин фош этмагил,

Этмагилки оқибат бузғун, хароб бўлгай умр.

 

Эй Сулаймон Сайфи Оллоҳ сарҳисоб сўрганда, айт:

Юзга кирсам, дўсти жоним,  сарҳисоб бўлгай умр.

 

Сайфулло ҚУЛАЕВ.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Сизни соғиниб келдик...

 

Киприк яшар экан кўзни соғиниб,

Тил ҳам яшар экан сўзни соғиниб.

Тўлқинни соғиниб яшаркан қирғоқ,

Соғинчдан иборат экан яшамоқ.

------------------------------------             Абдулла Шер.

Ўтган ҳафта чинданам таассуротларга бой ҳафта бўлди. Шулардан бири Тошкент шаҳри Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри санъат усталарининг Душанбе шаҳридаги Абулқосим Лоҳутий номли академик драма

Муфассал...

Конспиратор

 

Кўзларимиз нимқоронғиликка кўниккандан кейин ҳужра ичкарисида озғиндан келган кампирнинг миқтигина жуссаси кўринди. Унинг қорачадан келган ориқ юзларидаги ажинлар бўртиб чиққанди. У муштдеккина, хотиржам, бамисоли сояга ўхшаб кетарди. Агар унинг бошида кўпчилик кекса лақай аёллари бошига олиб юрадиган минорага ўхшаш дўмпайган бош кийими бўлмаганда, биз уни пайқамаган бўлардик.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990766

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478036
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3964
4027
21649
7426653
99680
114875
7478036

Сизнинг IPнгиз: 3.140.197.140
Бугун: 23-11-2024 17:15:34

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015