Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 17 Декабр 2015 Кӯришлар: 2131
Печат

 

kechikkanМуаттар бугун қадрдон дугонасини учратиб қолди. Дилдоранинг тўйидан сўнг улар кўришишмаган эди. Ачагина гаплар йиғилиб қолибди. Нима бўлди-ю гапдан гап чиқиб, Дилдора Муаттарни севган, унинг кўйида “жигар кабоб” бўлган собиқ синфдошлари Аббосни эслаб қолди:

-Қара-я дугона, сен рад жавобини бериб, Аббос билан хайрлашгач, эртаси куни у бизникига келган эди. Сени чақириб беришимни илимос қилди. Уни роса бопладим. Шу пайтгача қаёқда эдинг? - деб ҳайдаб солдим...

-Нима?! У келган эдими?! Нега ҳайдайсан? Нега... нега менга айтмаган эдинг, келганини?  Эҳ, дугонажон!

Бу сўзларни эшитиб, Муаттарнинг қалби ўртаниб кетди. Кўзларига қалққан аччиқ кўз ёшларини яширишга қанчалик уринмасин, аламини сездирмасликка ҳаракат қилмасин, юраги ёна бошлади...  Унинг дил яраси тирналган эди.  Муаттар беихтиёр ўтган кунларни эслай бошлади...

Мактабда ўқиб юрган кезлари Муаттар тақимини ўпган сочлари-ю ҳусни, одоби билан атрофдагиларни ўзига маҳлиё этарди. Саккизинчи синфда ўқишларига қарамай, ўғил болаларнинг унга бепарвоси жуда оз  топиларди. Синфдошлари Аббос ҳам аълочи, илғор йигитлардан эди. У зимдан қизни кузатар, нимадир яхшиликлар қилишга ҳаракат қиларди.

Ёзги таътилда Аббоснинг дадаси бошқа ишга тайинлангани боис, улар қишлоққа кўчиб кетишди. У бир неча марта синфдошларини кўриш баҳонасида мактабга келди.

Муаттар мактабни аъло баҳоларга битириб, олийгоҳга қабул қилинди. Унинг фикру зикри ўқишда эди. Сабоқдошлари, олийгоҳдаги йигитларнинг ортидан югуришига парво қилмасди. Совчилар эшик қоқишни қўймас, онаизор қизининг кўнглига қараб, уларга ноилож рад жавобини берарди. Унга ҳарбий хизматни ўтаётган собиқ синфдошларидан самимий салом йўлланган мактублар келиб турарди. Улар орасида Аббоснинг  ҳам хатлари, аскарлик кийимидаги сурати бор эди.  Қизгинанинг Аббосга кўнгли бўлиб, ўзи тан олгиси келмас, бунга ғурури йўл қўймасди.

Бугун негадир Муаттарнинг чеҳраси очилмас, жуда хомуш эди. Сабабини билмай дугоналарининг жони ҳалак. Қизлар олийгоҳ биносига яқинлашар эканлар рўпараларида Аббос пайдо бўлди. У бошини бир ёнга энгаштириброқ жилмайиб турарди. Муаттарни яшин ургандек бўлди. Кўзларини катта-катта очганча: - Тушимми ё ўнгимми? - дея ҳайрон боқарди. Аббос яқинлашиб, саломлашиш учун қизга қўл узатди. Муаттар эса, ҳамон ундан кўзларини олиб қочганча:

-Яхшимисиз?- дея олди холос. Ёнида дугоналари Дилдора ва Гулчеҳра ҳам бор эди. Дарс бошланишига ҳали вақт  борлиги учун улар талабалар қалдирғочдек тизилган ўриндиқ четига ўтиришди.

-Муаттар, ишларинг яхшими? - дея ҳол-аҳвол сўради Аббос қизга беихтиёр тикилар экан. Йигит етилиб, янада очилиб кетган чеҳрасидан нигоҳини узолмасди. У ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ва пойтахтдаги олийгоҳлардан бирига ўқишга киришга улгурган, ўзини анча босиб олган эди.

-Ҳаммаси яхши ўзингиздан сўрасак,- уялинқираб ҳол сўрагандек бўлди Муаттар. Шу онда бошида минг бир хаёл чарх урар, “Нега келди?”, “Бирор иложи бормикан, энди нима бўлади?”  - дея ўзига-ўзи савол берарди. Адоқсиз саволларга жавоб топа олмай қийин аҳволда қолган эди.

Бир нимани сезган дугоналари собиқ синфдошлари билан хайрлашиб, нари кетдилар. Фурсатдан фойдаланган йигит тилга кирди:

-Муаттар, ёнингга келишдан мақсадим, фақат дийдор кўришиш эмас. Мактаб партасидан ортингдан соядек эргашиб юрганимни ўзинг биласан. Мана, сенга муносиб бўлиш учун ҳарбий хизматни бажариб, олий ўқув юртига ўқишга кирдим. Шундан сўнггина сенга кўринишга азм этдим. Ростини айтиб қўя қолай, сени яхши кўраман. Ҳаётимни сенсиз тасаввур ҳам қила олмайман.

Муаттар бу кечиккан, кеч қолган дил изҳоридан, гарчи у буни чин дилдан истаган ва кутган бўлса-да, гангиб қолди. Сабаби... Сабаби бугун уйларига қудалар келишган, уни Рашид исмли йигитга унаштиришяпти. Ич-ичидан хўрсиниб, Муаттарнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди.  Қанча пайт пинҳона кутди Аббоснинг севги изҳор этишини. Биларди, қачонлардир шундай бўлишини. Лекин энди... Нима бу? Тақдир ўйиними ёки ҳаёт синови?

Мана, бугун саноқсиз совчиларга “йўқ” жавобини бериб зериккан ота-онаси узил-кесил қарорга келишди.

-Мен...  Мени ҳамқишлоғингиз Рашидга фотиҳа қилишяпти.

- Нима?! Нима деяпсан? Наҳотки, шунча пайтдан бери ёзган мактубларим беҳуда эмаслигини тушунмаган бўлсанг.

-Ахир, самимий дўстона мактубларингиздан қандай хулоса чиқарай эди. Мен ҳам... Сизни... -Муаттарнинг кўзлари қаъридан сизиб чиқаётган кўз ёшлари ойдай юзини юва бошлади...

-Мен ҳозироқ уйларингга бораман. Ота-онангга ҳам, совчиларга ҳам тушунтираман. Бир-биримизда кўнглимиз борлигини айтаман. Ахир, улар ҳам инсон-ку!

-Йўқ, асло бундай қилмайсиз. Мен дадам ва ойимларнинг юзларига оёқ қўймайман. Лафздан қайтиб, беобрў бўлишларини истамайман.

-Ахир, мен сенсиз яшай олмайман, - куйиб-пишиб сўзларди йигит. -Сен ўша Рашидни кўрдингми, ўзи?

-Ҳа, бир марта. У ҳам пойтахтда ўқир экан. Ақлли, бамаъни йигит дейишди.

Муаттар аламини кўз ёшдан олар, “Нега ақалли кеча келмади?”  -дея кўнглидан ўтказар эди. Энди фотиҳани қандай бузади? Бир умр бахтсиз бўлиб қолса-чи?

Аббос унинг ортидан қолмас, соядек эргашарди. Муаттар йигитни умидвор қилмаслик учун ўзини ундан олиб қоча бошлади. Лекин ўтган бир ҳафта давомида у кутубхонадами, ётоқхонадами, Аббос топиб борарди. У қизга бирга қочиб кетишни ҳам таклиф қилди. Муаттар синиқ жилмайиб қўйди бу таклифга.

Шанба куни дарсга отланган қиз йўлини яна Аббос тўсди. Бир қарорга келган Муаттар ноилож кўнгил қўйган йигитига узил-кесил рад жавобини берди. Кечиккан муҳаббат азобидан кўзида ёш, қалбида адоқсиз армон билан сўнгги бор хайрлашди...

Уйга қайтган Муаттар оғир ўйга чўмди. Йигит сўзлари қулоғи остида жаранглар, сиймоси кўз ўнгидан кетмас эди. Ранги синиққан, чеҳраси маҳзун қизга тикилар экан, онаизорнинг юраги тилка-пора бўларди.

“Нима бўлса бўлар, пешонамда борини кўраман. Аббос яна бир бор мени излаб келса, таклифига рози бўламан”,- қатъий қарорга келди қиз.

Муаттар тангрига илтижо қилиб, йигитнинг қўнғироқ қилишини ёки сўраб келишини интиқлик билан кута бошлади. Лекин Аббос уни бошқа сўраб келмади...

Бугун эса, ўша пайтда дугонасининг йигитга ўйламай айтган бир оғиз сўзи унинг ҳаётини остин-устун қилиб юборганини эшитиб, қалбидаги дард янгиланди. Шу пайт этагидан тортқилаган жажжи қизалоғини кўриб, хаёллари сочилиб кетди. Уни кўтариб, бағрига босди...

 

Маҳбуба РАСУЛОВА, Жаббор  Расулов ноҳияси.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

ОНА – МЎЪЖИЗАВИЙ ХИЛҚАТ, ОНА МУҚАДДАС ЗОТ…

 

Тожикистон Халқ шоири Камол Насрулло ёш ижодкорлар билан бир учрашувида жуда ажойиб гап айтганди: - "Она, Ватан ҳақида шеър ёзиш - жуда қийин. Чунки қалам яралибдики, шоирлар Онани куйлайди, Ватанни мадҳ этишади…"

Таниқли шоирнинг фикрига қўшилган ҳолда Она ҳақида ёзиш учун, Онадек муқаддас инсонни тараннум этмоққа, Она сингари буюк шахсни алқамоққа кишининг кўксида меҳр-мурувватга лиммо-лим юрак уриб турмоғи лозим бўлса керак дейман.

Муфассал...

Асранди қиз

 

Каллайи саҳарлаб машина топиш ниятида катта йўл сари шошилдим. Тоғли ўлканинг узоқ бу гўшасида машина топиш осон иш эмас. Айниқса, Ҳойитда. Бир замонлар довруғи мамлакатимиздан ошиб, узоқ-узоқларга етган ҳамда таниқли фарзандлари янги давлатчилик тузумини бунёд этишда муносиб ҳиссасини қўшган Ҳойитда... Агар бахт кулиб боқса, Жирғатолдан қайтадиган юк машиналари манзилингизга етказиб қўйишади. Ва мана энди мен – қишлоқ

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991128

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478760
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4688
4027
22373
7426653
100404
114875
7478760

Сизнинг IPнгиз: 3.12.148.180
Бугун: 23-11-2024 17:51:33

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015