Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 07 Феврал 2015 Кӯришлар: 15122
Печат

 

onaТожикистон Халқ шоири Камол Насрулло ёш ижодкорлар билан бир учрашувида жуда ажойиб гап айтганди: - "Она, Ватан ҳақида шеър ёзиш - жуда қийин. Чунки қалам яралибдики, шоирлар Онани куйлайди, Ватанни мадҳ этишади…"

Таниқли шоирнинг фикрига қўшилган ҳолда Она ҳақида ёзиш учун, Онадек муқаддас инсонни тараннум этмоққа, Она сингари буюк шахсни алқамоққа кишининг кўксида меҳр-мурувватга лиммо-лим юрак уриб турмоғи лозим бўлса керак дейман.

Она, оналар ҳақида шунчаки ёзиб бўлмайди, балки юракнинг қўри ва хилват гўшасидаги соғинч ва муҳаббатга қоришиқ сўзларни битиш керак.

Она ҳақида тўлқинланиб куйламоқ учун юракдан соғинч ёғилиши зарур, муҳаббатга йўғрилган нур таралиши лозим, меҳрга улашган чақин чақнаши керак.

Инсонга ҳаёт бағишловчи, уни яшашга ундовчи ҳиссиётнинг борини тўкиб солганда ҳам оналарнинг ҳақиқий сиймосини яратиш жуда оғир. Уларнинг фариштасимон фазилатларини тўлиқ тасвирлаб бўлмайди.

Она - шундай улуғ зот, Она - шундай буюк яратувчи, Она - шундай мўъжизавий хилқат, Она - шундай муқаддас инсон…

Онамни эслаш - мен учун жуда оғир. Зеро, мен ақлимни таниганимданоқ онамни хаста, касалманд, ожиз ҳолатда кўрганман. Онамнинг чин юракдан қувониб кулганларини жуда кам эслайман. Мудом дард исканжасида эзилиб юрарди, бечора онагинам. Онам касалманд аёл бўлсалар-да, биз - фарзандларига жуда меҳрибон эдилар. Хаста ҳолда тўшакда ётган пайтида ҳам бизга аталган ширин сўзларини канда қилмасдилар.

Эсимда, кичкина бола эдим, ҳароратим ошган экан. Кечаси ташқарига чиқмоқчи бўлдим. Бечора онагинам мени ташқарига олиб чиқдилар. Ҳароратнинг зўридан қўлларим шишиб кетгандек сезардим ўзимни, ҳамма нарса кўзимга йирик кўринарди. Буни онамга айтдим. Онам бечора жуда хавотирланган экан. Мени тўшакка ётқиздилару бир оз ором ётганимдан сўнг, унинг йиғлаб гапираётганлигини эшитгандим:

-Парвардигоро, боламни асрагин, барча дардларингни менга юбор, болагинамга раҳм айла, Яратган эгам, унинг товонига кирган тиканни менинг юзимга суққин, Худойим…

Мен ўша пайтларда онагинамнинг бу нолалари маъносини унчалик тушуниб етмаган эканман, кейинчалик онагинамнинг қанчалик изтироб чекканлигини ҳис этганман. Ўзи дард исканжасида бўлса-да, яратгандан менга шифо беришни сўраган эдилар. Бундай қилиш учун инсоннинг юраги қанчалик буюк бўлиши керак, билмадим. Балки, фарзандлар она юрагининг бир парчасимикан-а?

Еттинчи синфларда ўқиб юрган кезларимда оғилимизнинг эшиги бузилиб қолди. Биринчи марта ҳеч кимдан сўрамай, мустақил тарзда қўлимга дурадгорлик асбобларини олиб, эски-туски тахталардан қўлбола эшик ясадим. Ёмон чиқмади, унчалик тузук бўлмаса-да, ҳар ҳолда оғилнинг илгариги эшигидан дуруст эди. Ўзиям кечгача уриндимми, дейман-ов. Онам ўша пайтда уйимизнинг айвонида тўшакда хаста ётардилар. Мен ишларимни тугатгач, ёнига чорладилар.

-Болам, бир оз ёрдамлашиб юбор, ҳовлини айланмоқчиман, - деди онам.

Мен жуда қувониб кетдим. Чунки ҳар гал онам хасталаниб, узоқ ётиб қолгач, туриш истагини билдирсалар, шу билан яна бир-икки ҳафта туриб кетардилар.

Дарҳол онамнинг қўлтиғига кирдим. Ҳовлида бир оз кезиб, онам эрталабдан кузатиб ётган бўлсалар керак, мен бажарган ишни кўриш учун оғилнинг олдига секин-секин юриб бордилар. Онам мен ясаган эшикка узоқ тикилиб турдилару ҳеч нарса демадилар.

Сўнгра қайта тўшагига олиб боришимни айтдилар. Мен онамни ўрнига олиб келдим. У киши чўнқайиб ўтирган ҳолда, ич-ичидан эзилиб, узоқ йиғладилар. Мен жимгина онагинамга тикилолмай ёнида ўтирдим. Чунки онам ўзининг қирқ кунлик куёвлик чоғида жувонмарг бўлган яккаю-ягона укасини эслаганда, шундай йиғлардилар. Онам узоқ йиғлагандан сўнг менга юзланди:

-Болам, ясаган эшигингни кўриб, қувонганимдан йиғладим, - дерди ўзини ҳалиям тутолмаётган онам. - Сен ўзинг учун қурган уйнинг эшигидан кириш насиб қилармикан, менга…

Мен барибир бола эдим. Бу гапларнинг асл маъносини чуқур англаб етолмасдим. Нега насиб қилмас экан?  Ҳайрон эдим… Фақат онамнинг кўзларида чақнаган армон учқунини пайқагандим…

Йўқ, насиб қилмади. Менинг онам икки йилдан сўнг эндигина эллик икки ёшга кирганларида ҳаётдан кетдилар. Демак, онам хасталик бир кунмас бир кун ўзини енгишини, бизларнинг камолимизни кўролмасликларини ҳис этган эканлар. Онамнинг тобути ортидан бораётган мен ўсмир йигит ҳаётнинг аччиқ синовларидан бирига рўпара келганлигимни ҳис этиб борардим…

Тақдирни қаранг, уй ҳам қилдим. Уйландим. Фарзандли бўлдик. Бугун учта бир-биридан ширин қизчаларимнинг ҳар бирини "Онажон", деб эркалайман. Мен онамни эслаганимда катта қизим - Саёҳат хомуш тортиб қолади. Чунки мен онамни хотирлаганимда кўнглим бузилишини у билади. Маърифат қизим ҳам менга она бўлишга рози бўлади. Кулиб қўяди. Кичкина қизим - Шаҳло - юз тузилиши, кўзлари менга онажонимни эслатади. У бир ўзи менга она бўлгиси келади. Опаларидан мени қизғанади. Сен менинг онамга ўхшайсан, деганимда, опаларига "кўрдиларингми", дегандек фахр билан боқади. У - ҳали бола. Қизларимга тикилиб, онажонимнинг ёшлигимда хаста ҳолига қарамай, бизларга қайғурганликларини тушуниб етгандек бўламан.

Онамдан қолган яккаю ягона опалари ҳам ўтган йили ҳаёт билан видолашдилар. Энди мен учун энг қадрдонлар - опаларим ва қизларим. Уларнинг ҳар бирининг сиймосида онамни кўраман, унинг армонлари опаларим, қизларим ҳаётида ушалишини чин юракдан истайман.

Ҳар йили Оналар байрами арафасида опаларимни қутлайман. Улар дарҳол онажонимни эслашади. Уйимга келишганда, онам уйимга кириб келгандек қувонаман. Ахир, улар онамнинг қизлари-ку, менинг жигарбандларим!

Демак, онамнинг яшамаган йилларини улар яшашаяпти. Уларнинг ҳар бирида онамдан нимадир бор. Мен шунга қувонаман. Шундан таскин топаман. Тўймай қолганим - она меҳрини опаларим, қизларимдан излайман. Онамнинг пок хотираси қалбимда мангу яшайди. Онам менга фақат ҳаёт улашибгина қолмай, балки руҳлари ҳамиша мени қўллаб туради…

Дарҳақиқат, оналар ҳақида шунчаки ёзиб бўлмайди…

Она - шундай улуғ зот, Она - шундай буюк яратувчи, Она - шундай мўъжизавий хилқат, Она - шундай муқаддас инсон…

 

Искандар МАҲМАДАЛИЕВ,

2013 йил, март.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Садоқатли дўст – тақдир саховати

 

ДўстликЯратганнинг бандаларига кўрсатган энг улуғ инояти

Дўстликни ардоқлаб, қадрига етган инсон ҳам, халқ ҳам шон-шуҳрат топади. Шарафларга кўмилади…

Дўстлик бобида тожик ва ўзбек миллатларини ҳеч иккиланмай, Аллоҳнинг назари тушган халқлар, деб аташ мумкин. Чунки қондошу жондош,

Муфассал...

СИМКАРАВОТ

 

Ўтган замон ҳикояси

Карам чол фақат ўзи яшаётган қишлоқда эмас, балки ўша пайтда Қалъаи Сурх, деб аталган районда темир каравотга эга бўлган биринчи одам эди. Оддий каравот. Тўрт оёқли, суянгич-панжарали симкаравот. Лекин чол бу каравоти билан жуда-жуда фахрланарди. Қиёслаш учун айтадиган бўлсак, ҳозирда «06», «Жигули» ё «ГАЗ-24» сотиб олган одамлардан камроқ гердайиб юрмасди. Бу каравотни марказга кўчиб кетган қизи юборганди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991073

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478643
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4571
4027
22256
7426653
100287
114875
7478643

Сизнинг IPнгиз: 18.118.193.28
Бугун: 23-11-2024 17:47:06

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015