Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 12 Феврал 2015 Кӯришлар: 2590
Печат

bobur

Улуғ бобо!

Боқий дунёга кетганингизга ҳам мана салкам беш аср бўлди… Сизнинг қуш уйқусидек қисқа, аммо машаққатларга лиммо-лим  ҳаёт йўлингиз, тақдир синовларидан мардона ўтган саргашта  умрингиз ҳамиша авлодлар қалбида яшаб келмоқда.

 

Боболар асос солган, довруғи оламга кетган марказлашган давлатни қайта бунёд этиш истагида қанчалик саъй-ҳаракатлар қилганингизга тарих гувоҳдир. Аммо оқибатсиз уруғдошлар қонидаги «тожу тахт ғавғоси…» Сизни ўзга юртлар сари бош олиб кетишга мажбур этди. Айни йигит ёшингизда бошингизга Ватандан айрилиқ азоблари тушди. Бу жудолик «Анда жоним қолди менинг!» – дея мисраларга муҳрланди.

Мен сиздек мўътабар ва муассир Инсон шаънига ҳамду санолар битмоқчи эмасман. Балки рамзий дил номаси орқали улуғ айём – мавлуд кунингизда Сизнинг муборак сиймонгизни ёдга олишни  ихтиёр этдим.

Дунёнинг ориф инсонлари  қоғознинг оппоқ юзига ёлғон ёзишдан парҳез қилишган. Сабаби, улар каломни ҳамиша Аллоҳнинг муборак номи билан бошлашган. Сиз ҳам шундай  башар авлодига мансуб бўлганингиз учун ҳам «Бобур инсонлар ичида энг ростгўйидир» (Хайриддин Султонов) деган юксак номга сазоворсиз.

Сизга жаҳоний шуҳрат келтирган «Бобурнома»ни ўқиган китобхон  ўзингиз қайд этганингиздек, сизни англай бошлайди. Бу умр китобини ўқиш (янада тўғрироғи уқиш) бахтига мушарраф бўлган одамгина унда, шубҳасиз, шаҳзода Бобурга, ошиқ Бобурга, саркарда Бобурга, мутафаккир донишмандга, авлодларга оқибатли  самимият эгасига, энг муҳими, фарзандларга меҳрибон падар Бобур сиймосига рўпара келадилар. Улар Сизни барча фазилат ва нуқсонларингиз билан бирга англай бошлайдилар.

Сиздан авлодларга бебаҳо  мерос бўлиб қолган асарларингизда ўз бошингиздан ўтган ранжу ситамлар фарёди  ҳамиша шеърхон қалбини ўртайди:

Ҳар ёнғаким азм этсам, ёнимда борур меҳнат,

Ҳар сориким юзлансам, ўтрумға келур қайғу,

Юз жавру ситам кўрган, минг меҳнату ғам кўрган,

Осойиши кам кўрган мендек яна бир борму?!

Ҳиндистондек  юртни қўлга киритиш учун йигирма йилдан ортиқ вақт керак бўлди. Сиз бу Ватан тупроғига қадам қўйишдан аввал ўзингиздан олдин  уни забт этган подшоҳлар қабрини зиёрат қилиб, уларнинг руҳларидан мадад истадингиз. Рубоийларингиз беш асрдирки, бунга гувоҳ бўлиб турибди.

Аллоҳ ато этган Ҳинд давлатини бошқариш мақсадида Сиз ҳар тарафга чопарлар юбориб, қариндош уруғларни, авлодларни чорлаб, бирга бўлишга ва бирга яшашга даъват этдингиз. Чунки Сиз жаҳонда фақат яхшилик пойдорлигига, одам боласидан фақат яхшилик қолишига чин дилдан ишондингиз ва шундай улуғ истак билан яшадингиз. Айниқса, Сиз бу юрт аҳлини ҳеч қачон камситмаган ҳолда тарихи, дини, тили ҳамда асрлар бўйи шаклланган  урф-одатларига  ҳамиша ҳурмат назари  билан қарадингиз. Шунинг учун ҳам, бу халқнинг асл фарзанди бўлган Жавоҳарлаъл Неру Сизга бутун халқи номидан қуйидаги юксак баҳони беришни ўзининг инсоний бурчи деб билди: «Бобур дилбар шахс эди. Уйғониш даврининг ажойиб султони, кучли, тадбиркор киши бўлиб, санъатни, адабиётни, гўзалликни севар эди… Бобур ҳам энг фасоҳатли ва ориф кишилар сирасига мансуб эди.» ( «Ҳиндистоннинг кашф этилиши» китобидан).

Сизнинг ҳар бир  ишларингиз «Бобурнома» саҳифаларида йилма-йил нақшланганлиги билан қимматлидир.  Матн табдили: «… Уч кўчиш Синд соҳили бўйлаб бўлди. Уч кўчишдан сўнг Пир Кону мозорига келиб тушдик. Лашкар элидан баъзилари мозор хизматчиларига озор бергани боис, сиёсат учун биттасини парча-парча қилдирдим. Бу Мозор Ҳиндистонда кўп мўътабар мозордир…» («Бобурнома»нинг ҳозирги ўзбек тилига табдили. – Тошкент, 2008, 120-бет).

Бундай битикларни ҳатто, етти ухлаб тушида ҳам кўрмаган баъзи кимсалар адабиётнинг кучини, унинг қудратини «ўтин ёришга» (А.Қаҳҳор) хизмат қилдирмоқчи бўлиб, Сиздек  улуғ  зотни босқинчи сифатида қоралаб, покиза руҳингизга маломат тошлари отишдан ор қилмадилар. Бундай мафкуравий хуружлардан мақсад Сизнинг мўътабар номингизни тарих саҳифасидан, халқимиз хотирасидан ўчириб ташлаш эди. Бундай манқурт кимсаларга қарата: «Бизни унутқонни унутмоқ керак…» деган хўб жавобни олдиндан айтиб қўйган эдингиз. Кўҳна тарих Сиздек азиз фарзандларини доимо бағрида асраб, ўз ҳифзу ҳимоясига олар экан. Бу Ҳақ ҳукми эканлигига яна бир карра тарих гувоҳдир. Бундай ночор кимсалар «Бобур инсонлар ичида энг ботиридир…» дейилган  ҳақиқатдан юз буришди. Ваҳоланки, ушбу адолатли  баҳони Сизга дини ва тили ўзга бўлган халқнинг донишманд фарзанди Эдуард Холден берган эди.

Улуғ бобо! «Олам элидан турли ситамлар кўриш» Сизни она  заминдан, аждодлар хоки ётган Ватандан кетишга мажбур этди. Буни Сиз ўз номи билан «юзи қаролиғ», деб атадингиз. Ҳадиси шарифда «Ватанни севиш иймондандир»,- дея битилган. Бу муқаддас туйғу Сизни бир умр  тарк этмаганлиги таҳсинга лойиқдир. Падарона васиятларингизни шоир авлодларингиз Сизнинг дил нидоингиз сифатида баён этишга ҳаракат қилди: «Саломат бўлсанг гар, тўртов мучалинг, Она юртга қайтгил, ўғлим Ҳумоюн, Ота юртга қайтгил, ўғлим Ҳумоюн!».

Сиз ҳассос шоир, зукко ва закий насрнавис эканлигингиз билан дунё аҳлини ҳануз ўз ижодингизга мафтун этиб келасиз. Сизнинг ҳарбий саркардалик салоҳиятингиз, айниқса, Панипат шаҳридаги афсонавий зафарингиз доимо одамлар  қалбини ларзага солиб келади (Бу воқеа Гиннеснинг рекордлар китобида ҳам алоҳида қайд этилган,) доимо халқимиз қалбини ларзага солади. Халқимизнинг  иззатли қаҳрамон шоири Абдулла Ориф буни шундай назмга солган эди:

Тунлар қулоғимга чалинар элас,

Тулпорлар кишнаши, отлар гурраси.

Балки Муқанна бу тиниб тинчимас,

Балки, Панипатда Бобур урҳоси…

Азиз бобо! Сиз юксак эътиқод кўйиб «Ҳазрати хожа мураббий ва муқаввий эдилар…» деб улуғлаган зот Хожа Аҳрор Валий ҳазратларини Абдураҳмон Жомий ва Амир Алишер Навоий нақшбандийлик йўлида ўзлари учун  маънавий пир ҳисоблаб бошга кўтаришган. Фалакнинг гардиши билан шундай давру замонлар ҳам бўлдики, шўро мафкурасидан  таълим олган айрим ношуд авлодлар бу беназир каромат соҳиби (Сизга ҳар бир оғир дамда руҳан доимо мадад берган)ни жаҳолатпарастликда айиблаб, унинг покиза шахсига қора  чаплашдан уялишмади. Бундай туҳматларнинг қанчалик пуч ва ёлғон эканлигини англамоқ учун  боз умр китобингизга назар ташламоқ даркор! Унда улуғ Пирнинг нурли сиймоси ва сийрати илоҳий қаламнинг илоҳий қудрати билан чизилганлигига фақат иймон келтириш мумкин. Бундай улуғ зотлар истиқлол туфайли  буюк халқимизга яна қайтариб  берилганлиги эгилган, аммо ҳеч қачон завол топмаган улуғ ҳақиқатнинг тантанаси бўлди.

Сиз ўз яқинларингизга ғамхўр, доимо уларни қадрловчи адолатли инсон сифатида яшашга интилдингиз. Айниқса, меҳрибон ота сифатида фарзандларингиз истиқболи учун талабчан устоз мақомида  иш юритганингиз мемуар асарингизда  бошдан охир акс-садо бериб турибди.

Сизнинг фарзандларга, уларнинг Сизга муносабатини  ўйлаганда, Бадиуззамон Мирзонинг ўз падарига қарши исёни кўз олдимда гавдаланади. Унинг   бу ишини тўхтатиш учун Навоий  ҳазратларининг  ёзган мактуби ва мактуб  сўнгидаги  Мавлоно  Адиб Аҳмаднинг ҳикматга тўла  тўртлиги ёдимга келаверади:

Атодин хато келса, кўрма хато,

Савоб бил хато токи қилса ато.

Атонинг хатосини билгил савоб,

Сени юз балодан қутқарғай Худо!

Бундай панду насиҳат Ҳусайн Бойқаронинг оқибатсиз фарзандларини эмас, балки Сизнинг зурриёдларингиз қалбидан жой олганлиги ҳайрат ва ҳавасга лойиқ.  Ҳинд диёрида 332 йил ҳукмронлик қилган бобурийлар сулоласининг  илдизи шундай улуғ ҳикматлардан қувват олиб турганлигига ишонгингиз келади. Дунё тарихида бундай узоқ яшаган сулолалар, албатта, бармоқ билан санарлидир.

«Мубаййин» номли асарингизда ҳар бир фарзанд билиши зарур бўлган муҳим  масалаларнинг шеърий йўлда бирма-бир муфассал баён қилингани Сизни иймонли ота ҳам эканлигингиздан хабар беради. Оғир дард исканжасидаги дилбандингиз Ҳумоюнга кўрсатган ғамхўр падар эканлигингизни англамоқ учун яна «Бобурнома»га юзланмоқ лозим. (Матн табдили): «… Менинг кўнглимга келдики, Муҳаммад Ҳумоюннинг мендан бошқа яхшироқ нарсаси йўқ. Мен ўзим садақа бўлайин, Худо қабул қилсин. Хожа Халифа ва бошқа яқинлар дедиларки: Муҳаммад Ҳумоюн сиҳат топар, сиз бу сўзни нечун тилингизга келтирасиз? Мақсад дунё матоидан яхшисини садақа қилмоқдир. Иброҳим билан бўлган урушда қўлга тушган олмосни сиз Муҳаммад Ҳумоюнга ҳадя этган эдингиз. Ўшани садақа қилмоқ керак.

Тилимга келдики, дунё моли унинг эвазига ярармиди?! Мен ўзимни унга фидо қиламан. Чунки унинг аҳволи жуда оғир. Мен ортиқ унинг куйиб-ўртанишларига тоқат қилолмайман.

Ўша ҳолатда унинг ҳузурига кириб уч маротаба бошидан айланиб ўргилиб, дедимки: «Ҳар қанча дардинг бўлса, мен кўтардим».

Ўша заҳоти мен оғир бўлдим, у енгил бўлди. У сиҳат бўлиб ўрнидан турди. Мен нохуш бўлиб йиқилдим.» («Бобурнома» 284-бет).

Сиз умр бўйи  сўзга ва шеърга содиқ қолдингиз. Буни Ҳумоюнга қарата «Тангрига Сени, элни Сенга топширдим» дея  қилган  энг сўнги  хитобларингиз сиздаги фидойиликни  ёдимизга солади. Сизнинг армонли  умрингизни  дилдан ҳис этган авлодлардан бири қуйидаги аламли мисраларни «дили қонга, кўзлари ёшга тўлиб», (И.Мирзо)  битганда қанчалик ҳақ эди:

Бобурнинг белида олис юртларга

Ҳумоюн, Акбаршоҳ, Шоҳжаҳон кетди.

Балки Андижонда қад ростлагувчи

Осору атиқа Тожмаҳал кетди…

Улуғ бобожон! Сизга ғоибона йўллаган дил розимга  нуқта қўйишдан аввал  шуни истардимки, барча миллатдошларингиз, қолаверса, бутун дунё халқларининг қалбини Сиздаги ботирлик ва ростгўйлик, меҳрибонлик, инсоф  ҳамда адолат, мардлигу самимият туйғуси асло тарк этмасин!

Бугун  мустақил Ватанда дунёга келаётган, ҳар бир авлодларингиз оламнинг юзидаги хол бўлмиш Тожмаҳалдек мўъжизаларни ўз юртларида тиклаб, Ватан ободлиги учун муносиб ҳисса қўша олсин!

Одамларнинг бир-бирига меҳр-оқибати  ва «бори элга яхшилик…» қилиши абадий бўлсин! Шундагина Сиз каби  улуғларимизнинг руҳлари шод, охиратлари обод бўлиши муқаррар!

Бахтиёр ФАЙЗУЛЛОЕВ,

филология фанлари номзоди, доцент.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Сариқ арчалар

Ҳамма нарса ўз номи билан аталгани маъқул. Сариқ арчалар, деган иборани ўқишингиз билан "Арча ҳам сариқ бўларканми?!"- деб сўрашингиз, табиий.

Ҳозир ҳамма нарса бўлиши мумкин, деган хулосага келиб қўйганман мен. Ям-яшил арчаларнинг сап- сариқ тусга киришидан ҳайратланмай қўйганлигимга анча бўлди. Янги милодий йил арафасида, қишин-ёзин ям-яшил бўлиб турувчи

Муфассал...

Наврўз – хуш муждалар элтувчи байрам

 

Наврўзнинг пайдо бўлиш тарихи борасида турли манбаларда турлича хабарлар бор. Унинг турли вақт ва замонларда байрам қилинганлиги ҳақида ҳам ривоятлар сақланиб қолган. Бизнинг давримизга келиб, Наврўз жаҳонийлик касб этди, уни бугун бутун дунё аҳли қайд қилмоқда. Диний масалалар бўйича мутахассис кишиларнинг ушбу деҳқончилик, баҳорги экин-тикин байрами саналган Наврўз ҳақидаги фикрларини билиш ниятида

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991050

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478584
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4512
4027
22197
7426653
100228
114875
7478584

Сизнинг IPнгиз: 3.128.226.128
Бугун: 23-11-2024 17:45:07

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015