Хикоя
Улар - сочларига жамалак тақиб олган қишлоқ қизлари - чекматош ӯйнардилар. Нӯхатдан сал каттароқ беш дона силлиқгина тошчалар танланиб, икки қизча навбат билан бу тошларни юқорига ташлаб тутиш, ерга сочиб юбориб, бир донасини юқорига отиб, у қайтиб тушгунча ерда сочилган тошчаларни маҳорат билан тӯплаб олиш бӯйича мусобақалашардилар. Қизалоқлар ӯйинга шунчалик берилиб кетардиларки, ҳатто, кеч кириб, пода қайтар маҳали бӯлганлигини, оналари уларнинг номларини айтиб чақирганлигини, кимларнингдир бузоғи подадан қайтган сигирни эмиб қӯйганлигини ҳам сезишмасди.
Чекматош ӯйнайдиган қизлар орасида Жумагулга тенг келадигани йӯқ эди. Жумагулнинг бармоқлари бу ӯйинга шунчалик мослашиб кетгандики, дугоналари назарида унинг бармоқлари суяксиздек бӯлиб кӯринарди...
Шаҳарнинг четида жойлашган тӯққиз қаватли бинонинг еттинчи қаватидаги балконда туриб Жумагулнинг хаёлига ӯша олис болалик йиллари келди. Тун анчайин яримлаб қолганлиги учун, шаҳарнинг ғарб тарафидаги текислик қоронғилик бағрига сингганди. Шаҳар осмонида юлдузлар унчалик ёрқин эмас, деб эшитганди. Аммо, шаҳарнинг чети бӯлганлиги учунми, осмондаги юлдузлар шунчалар чарақлардики, Жумагул юлдузларни бир вақтлар болалигида ӯйнаган ӯйини - чекматош тошчаларига ӯхшатарди...
Жумагул маҳорат билан чекматош ӯйнарди. Унинг ӯйинига ҳатто яқинда қӯшнилариникига тушган келинчаклар ҳам завқ билан тикилишарди.
Ӯша куни ҳам Жумагул чекматош ӯйнарди. Рақибини анчайин ортда қолдирган Жумагулни уйларига чақиришди. Аммо Жумагулнинг ҳечам уйга боргиси йӯқ эди. Тӯғри уйларига узоқда яшайдиган холалари меҳмон бӯлиб келган. Бироқ холаси у тенги қизини олиб келмаганлиги, негадир унинг ӯзи ҳам бошқа сафар келганларидек хушчақчақ эмаслиги учун қизалоқни уйга қайтиш қизиқтирмасди.
- Жумагул, кел, қизим, уйга борайлик, - негадир қовоқлари қизарган холаси уни уйга боришга ундарди.
- Яна бир пас ӯйнайин, холажон.
- Онангнинг боши оғриган экан, юр, у сени йӯқлаяпти, - холаси негадир четга қараб гапирарди.
Жумагул ноилож ӯйинни чала қолдириб, холасига эргашди. Анчадан буён онаси - хаста. Бирмунча вақт қишлоқ касалхонасида ҳам даволанди. Лекин фойдаси бӯлмади шекилли, онаси уйга қайтди. Икки ҳафтадан буён эса уйлари гавжум. Онаси ётиб қолган ӯрнидан турмайди. Қишлоқ аёллари навбат билан онасининг қошига келадилар. Холаси ҳам онасига қарашади.
Буларнинг барисини Жумагул қандайдир ички бир ҳиссиёт билан сезарди. Аммо, унинг учун уй ичида касал онаси қошидан ӯтиришдан кӯра, кӯчада қизалоқлар билан чекматош ӯйнаш маъқулроқ эди.
Онасининг атрофида қишлоқ кампирларидан бир нечтаси ӯтирарди. Онасининг юзлари қизариб, бӯғриқиб кетганди. У оғир-оғир нафас оларди.
Жумагулнинг исмини эшитиб онаси кӯзини очди. Негадир унинг ҳамиша порлаб турадиган нигоҳи сӯниқ эди.
- Болагинам... - деди онаси зӯрға пичирлаб, Жумагулнинг бошини силашга мажолсиз қӯлларини чӯзаркан. - Кимларга кунинг қолади энди...
Онасининг кӯзларидан ситилиб чиққан ёшлар юзидан оқиб, ёстиқни ҳӯл қилди.
- Болани қӯрқитманг, қӯшнижон, - насиҳат қилди уларникидан бир уй нарида турадиган Руқия мома насиҳатомуз. - Яхши ният қилинг, ҳали Жумагулнинг тӯйини кӯрасиз.
- Болам, жон болам... - онаси пичирлаб нимадир деди. Лекин унинг нима деганини Жумагул тушунолмади.
Қизалоқнинг бутун фикру ёди кӯчадаги чекматош ӯйинида эди. Тезроқ бу ердан чиқиб кетсаю, чала қолган ӯйинини давом эттирса...
У турган балкон одамнинг бели тенги девор билан тӯсилганди. Жумагул танасининг ярмини балкондан ташқарига чиқариб, ташқаридаги ҳаводан тӯйиб-тӯйиб нафас олди. Бу ернинг ҳавоси қишлоқникидек мусаффо бӯлмаса-да, лекин балкон ичига қараганда ташқаридаги ҳаво бирмунча енгил эди.
...Ӯша куннинг эртасига онасини тобутга солиб, қишлоқ тепасида жойлашган қабристонга олиб кетишди. Жумагул ҳам кӯп қатори йиғлаган бӯлса-да, жудоликнинг абадий эканлигини мурғак болалик қалби билан сезолмасди. Унга тез орада яна онаси қайтиб келадигандек туюларди.
Афсуски, бундай бӯлмади...
Тӯғри, унга отаси янги она олиб келди. Лекин Жумагул бу аёлга меҳр қӯя олмади. Унинг бирдан-бир овунчоғи ӯзидан уч-тӯрт ёш кичик бӯлган янги онасининг Наргис исмли қизчаси эди. У энди чекматош ӯйнолмасди. Бунга унинг вақти етишмасди. Узуккун Наргисни овутиш, уй юмушларини бажариш Жумагулнинг чекига тушганди...
Секин-аста ташқарида ғувиллаб ӯтиб турган машиналар ҳам камайиб қолди. Онда-сонда ӯтаётган машиналарнинг кӯпчилиги тепасида сариқ нур таратган қандайдир қутича жойлашганди. Булар кечиккан йӯловчиларни манзилига элтишга шошилаётган таксилар эди.
Тун бағрига маъносиз боқиб ӯтирган Жумагулнинг хаёли яна ёшлик йилларига қайтди...
Янги онасини Жумагул «Опа» деб чақирарди. Опаси унга яна укачалар туғиб берган бӯлса-да, Жумагул Наргисга меҳр қӯйганди.
Йиллар ӯтиб, Жумагул ӯнинчи синфни битирди. Ҳали олтинчи синфда ӯқиётган Наргис ундан бир дақиқа ҳам ажралмасди. Баъзан қишлоқ қизлари ҳашар қилиб кашта тикишганида ҳам Наргис унга эргашиб борарди.
- Чекматош ӯйнашда ҳаммани енгардинг, Жумагул, эсингдами? - сӯради бирида ундан дугоналари. - Кашта тикишда ҳам сенга шогирд тушишимизга тӯғри келади, шекилли...
- Йӯғ-э, - уялинқираб эътироз билдирди у, - Сизларнинг кашталаринг меникидан аъло-ку.
- Ишқилиб кӯз тегмасин-да, - тегажоқлиқ қила бошлади шӯхлиги билан бошқалардан ажралиб турадиган Нигора. - Унда бечора Рустам акам нима қилади?
Жумагул дугоналари олдида гуноҳ иш қилиб қӯйган боладек қизариб кетди. Ахир, атиги бир-икки марта шаҳарда ӯқийдиган ҳамқишлоқлари Рустам билан гаплашганди-ку. Бу қизлар - бало. Улардан ҳеч бир ишни сир сақлаб бӯлмайди...
Рустам...
Жумагулларнинг мактабни битириш кечаларига шаҳарда ӯқийдиган, улардан бир неча йил бурун мактабни тугатган ҳамқишлоқлари ҳам ташриф буюришганди. Ӯша ӯтиришда у ӯзига ӯзгача нигоҳ билан боқаётган Рустам акасига яхшилаб разм солди. Унинг беғубор юрагида йигитга нисбатан қандайдир ҳиссиёт пайдо бӯлганди. У бир-икки оғиз гаплашган бӯлса-да, Рустам акасининг сиймоси унинг кӯз олдидан кетмайдиган бӯлиб қолди...
Кейинги учрашувлар...
Қишлоқчилик... Эл оғзига элак тутиб бӯлмаскан. Уларнинг ишқ достони ҳам оғизлардан оғизларга кӯчди.
Отасининг зуғумлари... Опасининг таъналари...
Фақат Наргисгина унинг ягона таянчи эди. Рустам акаси билан учрашиш иложи бӯлмаганда Наргис орқали алоқа қилишарди. Синглиси унинг ягона сирдошига айланганди...
Ёшликнинг энг эҳтиросли, ақлларни ӯғирлайдиган ишқ аланга олган палласида Жумагул учун Рустам акаси ва синглиси Наргисдан яқинроқ, қадрдонроқ кишиси йӯқ эди. Фақат уларгина Жумагулни тушунишар ва унинг юрак дардларига малҳам бағишлай олардилар.
Рустам ва Жумагулнинг тӯйлари ортиқча ҳашаматсиз, қишлоқчасига оддий ва жуда самимий бӯлиб ӯтди. Жумагул учун ҳам, ҳалиям шаҳарда ӯқишини тугалламаган Рустам учун ҳам ҳаётнинг энг тотли-ю завқли онлари бошланганди. Улар бирга бахтиёр эдилар.
Рустам шаҳарга таҳсилга кетиб қолган пайтлари Жумагулни соғинч ҳисси қамраб оларди. Наргиснинг ёнидалиги эса унинг ана шу ӯтли эҳтиросини босишига кӯмаклашарди. Деярли ҳар куни Наргис уларникига келарди. Улар соатлаб Рустам акаси ҳақида суҳбатлашиб ӯтирардилар.
Рустам ӯқишни тугатиб, дипломини олди-ю, шаҳарда ишлаб қолишини айтган-да, Жумагул эсанкираб қолди.
- Қишлоқда дурустроқ иш топишимга унчалик кӯзим етмайди, - деди ӯзаро суҳбат пайтида Рустам Жумагулга дастурхон попугини ӯйнаб. - Шаҳарда эса менинг танишларим бор, улар уй беришни ваъда қилишди. Бир оз чидашимизга тӯғри келади, жоним...
- Мен ҳам борсам-чи? - Рустамга илтижоли боқди Жумагул.
- Ҳозирча аниқ турадиган жойим йӯқ. Сӯнгра сени бу ҳолатда ижара уйга олиб боришим...
Рустам Жумагулнинг ҳомиласига ишора қилаётганди. Духтурларнинг айтишича, боланинг дунёга келишига ҳам оз фурсат қолганди. Улар жимиб қолишди.
Жумагул ӯғил туғди. Рустам чақалоққа Суҳроб деб ном қӯйди. Энди Жумагул кӯпроқ Суҳроби билан овора бӯларди. Рустам эса шаҳарда ишини давом эттирарди.
Бу орада Наргис ҳам ӯнинчи синфни тугатиб, шаҳарга ӯқишга кетди...
Жумагул оғир хӯрсинди. Ӯша олис ва покиза хотиралар оламида сузиш унга анчайин малол келаётганга ӯхшарди. Балконнинг ҳавоси ҳам бироз енгиллашган бӯлса-да, у ӯзини лоҳас сеза бошлади. Ичкари уйдан болаларнинг беозор, пишиллаб ухлашлари эшитилиб турарди...
Тезда Рустам акасига иш жойидан уй беришганини эшитган Жумагул кӯйлагига сиғмасди. Энди у орзусига етишади. Рустам акасининг висолига интилиб, интизорлик тортган шунча вақт ӯз самарасини берганди. Энди улар биргаликда яшашади.
- Ҳеч қачон сени ёлғизлатиб қӯймайман, Жумагул, - дерди Рустам унинг қуралай кӯзларидан ӯпиб эркалатаркан.
Иккинчи ӯғиллари Жамшид туғилгандан кейин Рустам акасининг ишлари янада кӯпайиб кетди, шекилли, у қишлоққа тобора кам келадиган бӯлиб қолди.
«Ишлари анчайин оғирга ӯхшайди, - ӯзича Рустам акасининг ӯйчан нигоҳларига боқиб ӯйларди Жумагул. - Устига-устак бир ӯзи яшаса... «Ит ётиш, мирза туриш» ҳам жонига теккан бӯлса керак...»
Аммо, Рустамнинг уй олганлигига яқин икки йил бӯлаётган бӯлса-да, негадир эри уларни кӯчириб олиб кетишни ҳамон пайсалга соларди.
- Рустам акам шаҳарнинг четроғидан икки хонали уй олган экан, - деди кӯзлари ёниб Наргис бир келганида. - Тӯғри тӯққиз қаватли уйнинг еттинчи қавати анчайин баланд ҳисобланади. Лекин лифти ишлаб турганлиги учун еттинчи қават эканлиги ҳам сезилмайди.
Жумагул ҳеч қачон қишлоқдан четга чиқмаганлиги учун кӯп қаватли уйларни унчалик тасаввур этолмасди. Фақат телевизорда кӯрганларинигина эслаб қӯярди.
Рустам акаси кейинги икки ойда умуман уларни хабар олгани келмади. Жумагул Рустамни жуда соғиниб кетди. Устига устак анчайин бӯйлари чӯзилиб қолган Суҳроб билан Жамшид ҳам ҳадеб оталарини сӯраб ҳоли-жонига қӯймасди.
- Биз энди шаҳарда яшаймизми? - Суҳроб анчайин синчков эди.
- Отам ҳар куни менга музқаймоқ олиб беришни ваъда қилган. - Уч ёшли Жамшид ҳам акасининг фикрига қӯшиларди.
Икки кун бурун аёллилига бориб Файзигул қӯшнисига ҳасратини тӯкиб солди. Уйда ҳам унчалик ороми йӯқ эди. Рустамнинг укаси уйланганидан буён уч хонали уй уларга торлик қилаётганга ӯхшарди. Қайнонаси опасига қараганда анчайин меҳрибон аёл бӯлса-да, ёш келини қариндоши бӯлгани учунми Жумагул билан ораларидан ола мушук ӯтиб қолганди. Устига устак Рустамнинг бедараклиги уни хуноб қилиб юборганди.
- Менинг хӯжайиним машинасида шаҳарга йӯловчи ташийди-ку, бир оғиз айтсам сени ҳам болаларинг билан олиб кетади. Бирваракайига Рустам акани кӯриб, бир қарорга келасан... - деди Файзигул маслаҳатомуз.
- Мен шаҳарни билмасам, Рустам акамнинг уйларини қандай топаман?.. - ҳайрон бӯлиб сӯради Жумагул.
- Эрим Рустам акани бир неча сафар уйларигача элтганини, бирида унинг меҳмони бӯлганини айтиб берган. Бу томонидан сен хавотир бӯлма, - унга далда берди Файзигул.
Жумагул ӯйга толди. Рустам акасининг вақти йӯқ экан, у борса нима қилибди. Ҳамма аёллар шаҳарга қатнайди-ку. Нега шундай оддийгина фикр ӯзининг хаёлига келмаганидан Жумагул ажабланди. У қатъий қарорга келганди...
У балконда жуда узоқ ӯтирганлигини ҳис этмасди. Унинг учун ӯтмишни эслашдан муҳимроқ нарса йӯқ эди. Эрталаб қишлоқдаги уйларидан чиққанлиги, ҳозир эса шаҳардаги кӯп қаватли биноларнинг биридаги балконда турганлиги ҳам унинг учун аҳамиятсиз бӯлиб кӯринарди.
Шаҳарда ҳам хӯроз бор экан, шекилли. Қаердадир хӯрознинг узоқ чӯзиб қичқирганлиги эшитилди. Бунга жавобан бир неча ит акиллади...
Жумагул илк бор шунчалик узоқ сафарга чиққанлиги учун тобора ӯзгариб бораётган манзараларга ҳайрат билан тикиларди. Илон изи бӯлиб тоғ бағирлаб оралаб кетган йӯлда машиналар сийрак эди. Ӯғиллари - Суҳроб билан Жамшид аввалига ҳар нарсага қизиқиб, шовқин кӯтараётган бӯлсалар-да, узоқ йӯл уларни чарчатдими, бир-бирларига суяниб ухлаб қолдилар. Яқин уч соат йӯл юрганларидан сӯнг машиналар гавжумлаша бошлади. Онда-сонда кӯп қаватли бинолар ҳам учраб қоларди. Манзилга яқинлашган сари Жумагулнинг юрагига қандайдир хавотир оралай бошлади. Рустам акаси уларнинг келишини қандай қабул қиларкан? Кейин уни уйдан топа оладиларми? Уйда бӯлса керак-да, ахир бугун истироҳат куни-ку.
Шаҳар деганларида ҳам одам бунчалик кӯп экан. Айрим жойларда машиналар пиёдаларга йӯл бериш учун тӯхтаркан. Шунда йӯлни кесиб ӯтаётган одамлар оқимини кӯриб Жумагул ҳайратланарди. Бутун шаҳарни кесиб ӯтдилар шекилли, қӯшниси машина бошқаравериб терлаб кетди.
Ниҳоят, улар қандайдир баланд қаватли бинонинг олдида тӯхташди.
- Етиб келдик, янга, - деди Файзигулнинг эри уларга машина эшикларини очаркан. - Мана шу уйда Рустам акам турадилар.
Жумагул қутичага ӯхшаб қурилган уйларнинг энг чеккасидагисининг олдида туриб, унинг баландлигидан кӯнглига ғулғула тушди.
- Тезроқ қимирланг, ҳайдовчи, биз кечикамиз, - машина ичидан тӯладан келган шоп мӯйловли йӯловчининг бетоқатланган овози эшитилди.
- Кечирасиз, янга. Мен сизларни лифтгача кузатаман. Еттинчи қаватга чиққач, ӯнгга буриласизлар. Биринчи эшик - Рустам аканинг уйлари.
Лифтга улар билан сочлари чиройли қилиб кесилган аёл ҳам чиққанди. Аёл тӯққизинчи қаватга чиқаркан.
«Яхши бӯлди, - ӯзича ӯйланди Жумагул, - бу аёл бӯлмаганида у лифт номли бу торгина катакчада нима қилишини билмасди».
Лифтдан тушиб ӯнг томонга бурилишгач, узун коридорга чиқишди. Жумагул бу ерда бир-биридан атиги бир ярим-икки метр масофада жойлашган етти-саккизта эшик борлигини кӯрди. Йӯлда анчайин шӯхлик қилиб келган ӯғиллари ҳам бирданига бунчалик янгиликни кӯриб, нафасларини ичига ютиб ҳар нарсага анграйиб боқишарди.
Жумагул ҳайдовчи тайинлаганидек, биринчи эшикнинг қошига келди ва нима қилишини билмай, атрофга аланг-жаланг боқди. Аксига олиб торгина йӯлакда улардан бошқа ҳеч ким кӯринмасди.
Жумагул эшикнинг тутқичига секин қӯл чӯзгандики, эшик очиқ экан шекилли, ӯз-ӯзидан сассиз очилди. У бир муддат иккиланиб тургач, таваккал қилиб ичкарига йӯл олди. Бу шаҳар деганларида бунчалик эшик кӯп бӯлмаса экан. У кирган торгина йӯлакда ҳам уч-тӯртта эшиклар кӯзга ташланди. Эшиклардан бири ярим очиқ ҳолда, бошқалари эса берк эди. Жумагул ӯша ярим очиқ эшик сари йӯналди.
Жумагул эшикдан мӯралади-ю...
Балкондан чексиз тун бағрига тикилиб турган Жумагул учун вақт ва макон ӯз маъносини йӯқотганди. Унинг бутун вужуди карахтлашиб, бирор-бир нарсани дарк этиш имкони йӯқ эди. Жумагул учун тоғ ҳавосидек мусаффо, гулдек нозик ва ҳаётидек қадрдон бӯлган шириндан-да ширин хотиралари ҳам жуда ғализ ва нопок нарсага булғанганлиги учун энг сӯнгги лаҳзаларни эсламасликка интиларди...
Эшикдан мӯралаган Жумагул диванда ётган яланғоч эркак билан аёлнинг бир-бирига қапишиб қолган таналарини кӯрди-ю... Эркакни орқа томонидан кӯрганлигига қарамай, Жумагул Рустам акасининг сочларини таниди.
Жумагулнинг вужуди муз қайтди. У бир лаҳзага оёғи тагидаги полни ҳис қилмай қолди. Бутун борлиқ Жумагул учун чексиз бӯшлиққа айлангандек эди. Жумагул юраги ишлаб турганлигини хис этолмасди...
У қандай турган жойига ӯтириб қолди, ӯтира туриб жон аччиғида бақирдими, ишқилиб, дивандагилар кескин туриб кетдилар.
Жумагул гурзидек оғирлашиб кетган бошини кӯтариб, яна дивани бор уйга тикилди. Не кӯз билан кӯрсинки...
Жумагул юраги тӯхтаб қолмаганлигига ҳозирам ишонмайди. Оппоқ баданини чойшаб билан бекитиб, даҳшатдан кӯзлари косасидан чиқиб кетгудек бӯлиб унга тикилиб турган қиз...
...Синглиси Наргис эди...
Жумагул ӯша ҳолатда қанча ӯтирди билмайди. Болалари отасига талпинганлигини, Наргис даҳшатдан чинқирганлигини элас-элас эслайди...
Энг яқин кишиларининг ақлга сиғмайдиган хиёнатларини бечора жувонни эзиб ташлаганди.
Жумагул қачон балконга чиққанлигини эслолмайди. Демак, ҳаво етишмагач, Жумагул ички бир ҳиссиёт билан шу томонга йӯналганлиги аниқ...
Улар - сочларига жамалак тақиб олган қишлоқ қизлари чекматош ӯйнардилар. Нӯхатдан сал каттароқ беш дона силлиқгина тошчалар танланиб, икки қизча навбат билан бу тошларни юқорига ташлаб тутиш, ерга сочиб юбориб, бир донасини юқорига отиб, у қайтиб тушгунча ерда сочилган тошчаларни маҳорат билан тӯплаб олиш бӯйича мусобақалашардилар.
Жумагул қӯлларини чӯзиб, осмондаги юлдузлар - чекматош тошчаларини бир маҳорат билан йиғиб олишга интилди. Негадир у тошчаларни йиғиб ололмади. Олис-олислардан жамалак сочли қизалоқ - Жумагул унинг ҳолатига кулиб боқаётгандек эди. Бир кескин ҳаракат билан Жумагул ӯтирган стулининг устига чиқиб, яна тошчаларни йиғиб олишга интилди. Йӯқ, бӯлмади.
«Узоқ йиллар ӯтиб, чекматош ӯйнашни ҳам унутибман, - ӯзича уйланди Жумагул. - Бари бир ҳаммадан яхши чекматош ӯйнайман».
Жумагул яна бир ҳаракат билан балконнинг деворидан ташқарига оёқ қӯйди.
Ажойиб... У биринчи марта парвоз этаётганди. Қандайдир бӯшлиқ сари учиб борар, чекматош тошчаларига ӯхшаш юлдузлар ундан узоқроқ кетиб борарди. Олис-олис болалик йилларидан жамалак таққан қизалоқ Жумагул унга кулиб тикилиб турарди...
...Эрталаб сут сотадиган аёл унинг жасадини кӯриб шовқин кӯтарганида, етиб келган кишилар Жумагулнинг ӯнг қӯли бармоқлари чекматош тошчаларини сиққандек юмилиб қолганлигини кӯрдилар...
Искандар Маҳмадалиев,
16 сентябр 2000 йил
Спитамендаги Шукур Бурҳонов номли ўзбек музикали драма театри ўз репертуарини яна бир янги асар билан бойитди. Театрда таниқли ўзбек драматурги Нурулло Аббосхоннинг «Танҳо юлдуз» асари саҳналаштирилди.
Асарда турмуш ўртоғидан эрта айрилган инсонларнинг руҳий азоби, ёлғизлик, меҳру муҳаббатга муҳтожлиги борасида ҳикоя қилинади. Саҳналаштирувчи режиссёр Тоҳир Маликов асар ғоясини яхши тушунган ҳолда,
Муфассал...
Ўктам Эргаш Тожикистонда самарали ижод қилаётган насрнавислардан. Қаламкашнинг «Ҳақиқати Суғд» вилоят рўзномасида, Бобожон Ғафуров ноҳиясидаги маҳаллий радиода узоқ йиллар ишлаганлиги, эл орасида кўп юрганлиги учун ҳам ҳикоя, қисса ва романлари ҳаётийлиги, ҳаққонийлиги, ўқимишлилиги билан ажралиб туради.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015