Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 13 Май 2014 Кӯришлар: 2152
Печат

 

СИЗ АХМЕДОВНИ ТАНИЙСИЗМИ?-Ҳа, танийсиз уни!

Нуроний оқсоқол, табиатан ором киши, юзида ярим табассум жилваланиб, гапни шундай ширин ифодалайдики, ҳар қандай суҳбатдошини ӯзига жалб қилади. Ҳар бир учрашувда сӯзлаган нутқларини факт ва рақамлар билан исботлаб, тингловчини қаноатлантиради.

Ӯтган йили Темурмалик ноҳиясида ёзувчи Айниддин Гадозоданинг ижодий фаолияти 50 йиллиги муносабати билан ӯтказилган адабий кеча тугагандан кейин, меҳмонхонада ҳожи Умрзоқ Ахмедов, домла Хушвахт Абдуназаров, ёзувчи Жӯрақул Ажиб ва Саид Раҳмон, журналист Сабзаали Бороновларнинг қизғин гурунгида бӯлиш менга ҳам насиб этди. Улар ёшлик чоғларини, ӯтган асрнинг эллигинчи ва ундан кейинги йиллардаги номдор паҳлавонлар Дона Давадов, Муродали Донаев, Неъмон Нурхонов, Саидмӯъмин Раҳимов ҳамда мустақил Тожикистон байроғини жаҳон миқёсида баланд кӯтарган замондошимиз Мавзуна Чориеваларнинг жасоратидан сӯзлашди, гап айланиб, бугунги ободончилик даврига етганда, эл оғзига тушган ноҳия раиси Мирзохон Санговнинг хайрли ишларига баҳо беришди ва ҳозирги тинч замон, бахтли ҳаёт учун шукроналар айтишди. Бу тӯкин-сочинлик, фаровонлик, тараққиёт ва юксалишда юртбошимиз Эмомали Раҳмоновнинг доно сиёсати алоҳида қайд қилинди, Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг қарияларга кӯрсатаётган муруввату ғамхӯрликларига тасаннолар айтилди.

 

Суратларда: 1. У. Ахмедов. 2. Ӯтган йили давлатимиз сарвари Эмомали Раҳмон Темурмалик ноҳиясидаги Танобчи мактаб-интернатига ташриф буюрган пайтидаги лаҳза

 

Даврада айтилаётган ҳароратли тилаклар, изҳор этилган миннатдорчиликлардан тӯлқинланиб, рости хаёлим бундан 24 йил бурунги онларга парвоз айлади.

Ӯшанда малака ошириш институтида таҳсил олаётган бир гуруҳ ӯқитувчилар Кӯлоб шаҳридаги «Гулистон» кинотеатрига, устозимиз Бобоқул Қурбоналиев (Кӯлоб педагогика институти доценти) бошчилигида «Хиёнат» кинофилмини томоша қилгани боргандик. У пайтлар асосий филмдан олдин қисқа метражли киножурнал бериларди.

Кечикканлар, ӯз ӯрнини тополмаганлар тинчиганидан кейин бадиий филм намойиши бошланар эди. Ӯшанда ҳам шундай бӯлди. «Мосфилм»нинг ӯн дақиқалик киножурнали номи «Вы знаете Ахмедова?!» экан. Аввалига тушунмадик. Ахир, бутун Иттифоқ бӯйича Ахмедов деганлари кам бӯлганми, дейсиз. Аммо кейинчалик гап юртдошимиз, ҳамшаҳримиз, ҳатто, қишлоқдошимиз ҳақида бораётгани маълум бӯлди. Шу лаҳзада барча сабоқдошларимиз менга юзланиб қараркан, бир-бирига «Бу кино қаҳрамони Ҳайдарали Давлатовнинг ҳамқишлоғи экан», дейишарди.

-Сиз уни танийсизми? - савол беришарди атрофимдагилар.

-Албатта, танийман, бутун СССР давлати танигандан кейин, - дердим ифтихор билан.

Ӯтмишдаги ӯйлар ҳануз менга ором бермасди. Уйга қайтиб, қалб амри билан қӯлга қалам олиб, оқ қоғоз саҳифаларини қоралаб қӯйган эдим…

…Дунёда яхши ном қолдириб, халқ бахт-саодати йӯлида фидойилик кӯрсатганлар озмунча эмас. Улар ҳамма вақт эзгу амалларни мерос қолдириб яшаганлар. Ва улар сира ӯз манфаатини ӯйлашмаган, аксинча, жамият саодати, эл келажаги, ватан ободлиги, деб тиним билмаганлар.

Мана, ҳамон кӯз ӯнгимда ӯша гурунг, ӯша суҳбат. Ҳар бир сӯзини чертиб-чертиб, ишонч билан гапирганида нуроний чеҳраси ёришиб кетадиган одамохун қария деярли чорак аср бурунги киножурнал қаҳрамони Умрзоқ Ахмедов эди.

Албатта, бугун у кишида на мансаб, на вазифа бор. Мансаб ҳам, вазифа ҳам умр сингари секин-аста ӯтиб кетди. Энди ҳамма у кишини ҳожи Умрзоқ бобо дейишади, ҳурмат-эҳтиром қилишади. Давраларнинг тӯри шу кишиники. Дарвоқе, шахсияти улуғвор ва хайрхоҳ бу инсон ҳақида публицист, ёзувчи Айниддин Гадозода неча марталаб очерку лавҳалар битган.

Қаҳрамонимиз жуда оғир бир даврда дунёга келган. Суяги очарчилик ва нотинчлик замонида қотди. У киши 1929 йилнинг 5 май куни собиқ Қизилмазор ноҳияси (ҳозирги Темурмалик)нинг Дават қишлоғида туғилган. Отаси Аҳмад Қулматов вафот этганида энди олти ойлик чақалоқ эди. Етимликда ақлини таниди, ӯн бир ёшида онасидан ҳам ажралди. Яхши одамлар уни яккалатиб қӯймадилар. У вақтлар нон оз бӯлса ҳам, меҳр-мурувват етарли эди. Қариндош-уруғлар уйида яшаб, Дават, Қазоқ қишлоқларида ӯқиди, сӯнгра таҳсилни Танобчи болалар уйида давом эттирди.

Болалар уйи аввал Қазоқ қишлоғида ташкил қилиниб, кейин Танобчи қишлоғига кӯчирилди ва 1943 йили декабр ойида 1- ӯрта мактаб ташкил қилинди. Бу ерда 14 етим бола ӯқир эди. Ниҳоят, хонумонсӯз уруш тугади. Бир ойдан кейин 12 етим бола (улардан икки нафари вафот этган эди) ӯрта мактабни тугатди. Аъло баҳолар билан ӯқиган Умрзоқ Ахмедов етуклик аттестатини олди. У, айниқса, рус тилини яхши биларди. Устози Колоткина Олга Павловнадан А. С. Пушкин тилини ҳавас билан ӯрганиб, у билан русча сӯзлашар эди. Ҳозир шу етим болалардан икки киши қолган. Улардан бири қаҳрамонимиз У. Ахмедов ва иккинчиси Жонбобо Қараев (1929 йил туғилган, ӯқитувчи Кӯлоб шаҳар педагогика институтининг физика ва математика факултетини тамомлаган). Нуроний отахонлар устозлари Болалар уйининг директори Қудрат Ашуров, ӯқитувчилар Рустам Умаров, Илҳом Сулаймонов, Николай Асеев, Колоткина Олга Павловна ва бошқаларни доим эслаб туришади…

Ӯша пайтлар ӯқитувчилар етишмасди. Болалар уйи директори тавсияси билан у ноҳиянинг Будёний, Крупская номли мактабларида беш йил рус тилидан дарс берди. 1950 йил апрел ойидан 1953 йилнинг декабр ойигача ҳарбий хизматда бӯлди. 1954 йил, қишки таътилдан кейин яна ӯқитувчилик касбини давом эттирди. У ноҳиянинг 3-ӯрта мактабида дарс ӯтар, шу билан бирга журналистика соҳасида ҳам қалам тебрата бошлади. Ёзги таътилдан кейин ноҳиянинг «Ҳосил учун» (ҳозирги «Истиқлол») газетаси муҳаррирлигига таклиф этишди. Бу ишда икки йил фаолият кӯрсатгач, 1957 йилдан бошлаб, Совет райони Коммунистик Партия қӯмитасининг идеология бӯлимини бошқарди. Сӯнгра бир мунча вақт маориф бӯлимида ишлади.

Бу муддат ичида Т. Г. Шевченко номли Душанбе Давлат Педагогика институти сиртқи бӯлимида ӯқиб, уни 1959 йили аъло баҳолар билан тугатди.

1959 йилдан то 1960 йилгача Совет районининг ноҳия партия қӯмитаси сиёсий-оқартув кабинети мудирлигини бошқариб, 1960 йилдан 1963 йилгача район маориф бӯлими мудири бӯлиб фаолият юритди. Рус тилини обдон ӯрганиб, яхши ӯзлаштирганлиги боис, собиқ Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрига бутун СССРдан 40 киши яъни маориф мудирлари қаторида у киши ҳам 1961 йили 40 кунлик курсга юборилади. Тожикистондан фақат бир киши Умрзоқ Ахмедов бор эди. Курс тамом бӯлгандан кейин ӯша йили Душанбе шаҳрида семинар-кенгаш бӯлиб ӯтди. У. Ахмедов 40 кунлик курс натижаси бӯйича республика маорифчилари олдида педагогик ҳисобот берди. Рус тилида нутқ сӯзлагани, ҳамда чуқур билимга эга эканлигини ҳисобга олган ӯша пайтдаги Тожикистон Республикаси Маориф вазири Муҳаммад Осимий тавсиясига биноан, 1963 йил январ ойидан то 1969 йилгача Тожикистон КП МК Давлат партия назоратида маориф соҳаси бӯйича инспектор бӯлиб ишлайди. Кунлардан бир куни Регар шаҳар мактабларидан бирини текширгани боради. Мактаб ӯқитувчилари рӯйхатида Колоткина Олга Павловнанинг фамилиясини ӯқийди. Муаллимани чақириб келишганда кӯзида кӯзойнаги бор эди.

-Здравствуйте, Олга Павловна!

-Здравствуйте!

-Меня узнаёте? - деб савол беради У. Ахмедов.

-Подождите, вы ни Умрзок Ахмедов?!

-Да, он самый.

Ӯрта мактабдаги устози шогирдини йиғлаб, қучоғига олади.

Устоз ва шогирднинг учрашуви ана шундай эсда қоладиган шаклда юз берган ва Умрзоқ Ахмедов бу учрашувни ҳеч эсдан чиқармайди.

1969 йил Совет райони қайта ташкил этилганлиги учун уни Совет райони Халқ назорати Комитети раиси этиб тайинлайдилар. У бу вазифада роса йигирма йил виждонан ишлайди.

1989 йилдан 2004 йилгача Совет райони Уруш ва меҳнат фахрийлари кенгаши раиси вазифасини ижро этди.

Умрзоқ бобо Ахмедов роса 26 йил халқ назорати мақомотида, 40 йил халқ депутатлари ноҳия кенгаши вакили, 25 йил ноҳия Коммунистик Партия қӯмитаси бюро аъзоси, 15 йил Уруш ва меҳнат фахрийлари сарвари сифатида хизмат қилиб келди.

У кишининг Ватан, партия ва халққа хизматлари «Ҳурмат белгиси» ордени (1973 йил), «Меҳнат фахрийси» (1984 йил), «СССР шарафли меҳнати учун» (1966 йил), В. И. Ленин туғилган куннинг 100 йиллиги нишони (1970 йил), Тожикистон ССР Олий Совети Президиумининг икки «Фахрий ёрлиғи», «Тожикистон Халқ маорифи аълочиси» нишони (1965 йил), «СССР Халқ назорати аълочиси» нишони (1979 йил), бир неча марта Социалистик мусобақа ғолиби ва Тожикистон Коммунистик Партияси Марказий Комитети, Кӯлоб вилоят партия комитети ва Совет ноҳияси партия комитети ифтихорномаларига сазовор бӯлган.

1986 йил Совет райони Халқ назорати комитети раиси бӯлиб ишлаганда, унинг иш тажрибаси Тожикистонда ҳамда бутун Совет Иттифоқи бӯйлаб жорий қилинди. «Мосфилм» киностудияси эса 10 дақиқалик «Вы знаете Ахмедова?» (Сиз Ахмедовни биласизми?) номли қисқа метражли кинофилмни тасвирга туширди. Бу филм ӯша пайт Совет Иттифоқи кинотеатрларида асосий кинофилмлардан олдин кӯрсатилар эди. Ҳозир Тожикистон Республикаси ва Россия Федерацияси архивлар фондида сақланмоқда.

1988 йили Москвадан СССР Халқ назорати ташкилий ишлар бӯйича маъсул ходими Семён Иванович Душанбега келади. Тожикистон Халқ назорати комитети раиси Карташов Николай Алексеевичга мурожаат қилиб: «Биз Умрзоқ Ахмедов билан учрашамиз», - деди. Карташов юксак мартабали меҳмоннинг бу хоҳишидан ҳайрон бӯлади.

-Мен Москва шаҳар кинотеатрида «Вы знаете Ахмедова?» киножурналини томоша қилдим. Шунинг учун у билан учрашишимиз лозим, - деб изоҳлайди меҳмон.

Улар Совет районига йӯл оладилар. Совет райони Коммунистик партияси биринчи котиби С. Хайруллоевга телефон қиладилар. Партия ходимлари ва Умрзоқ Ахмедов Даҳани намак қишлоғи меҳнаткашлари билан меҳмонларни нон-туз билан кутиб олишади. Ноҳияда халқ назорати ишлари билан танишиб, офаринлар айтади. Хурсанд бӯлиб: «Москвада кинотеатрда нималарни кӯрган бӯлсам, амалда ҳам ӯз кӯзларим билан кӯрдим», - дейди. Меҳмон Умрзоқ акани мукофотга тавсия қилади. Давлат ва партия масъуллари кейинчалик Ватан учун қилган хизматларини ҳисобга олиб, у кишини «Нива» енгил машинаси билан мукофотлайдилар.

Умрзоқ Ахмедов ҳаётда яна бир юксак унвонга сазовор бӯлди. У киши 2004 йили Маккаи мукаррама зиёратига бориб, ҳар бир мӯмин учун шарафли бӯлган Ҳожи деган улуғ унвонга сазовор бӯлди.

Ҳожи Умрзоқ бобо умр йӯлдоши Дастон Чӯтакова билан 7 фарзандни тарбиялаб, вояга етказдилар. Тӯнғич фарзандлари Меҳри олий маълумотли, болалар шифокори. Мавлуда билан Баҳодир - ӯқитувчи, Фарҳод - зоотехник, Бахтиёр эса ноҳия молия бӯлими бош мутахассиси, Шуҳрат - ҳайдовчи. Пӯлат - Миллий хавфсизлик комитети ходими, айни пайт аспирантурада ҳам сиртдан таҳсил олмоқда. Хуллас, Умрзоқ ака билан Дастон момолар барча фарзандларини азиз Ватанига чексиз садоқат руҳида тарбиялашган.

Дӯстлари ва ҳамкорлари у кишининг бутун иш фаолиятида меҳнатдӯст, ватандӯст эканлигини, ӯз Ватанига ва халқига содиқ эканлигини яхши биладилар. Албатта, кимки халқу Ватанига ҳалол хизмат қилар экан, унинг номи тиллардан тушмайди.

«Халқ овози» газетаси билан тенгдош, табаррук саксон беш ёш арафасидаги отахоннинг нурли ҳаёти бугунги ва келгуси ёш авлод учун ибрат мактаби бӯлиб қолиши табиий.

 

 

Ҳайдарали ДАВЛАТОВ, ӯқитувчи,

Темурмалик ноҳияси

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Қалб сукут сақлабми турар индамай, доо-о-д, десам кўкларга етади бўзим...

 

Салим Халил - Ҳисор водийсида вояга етган шоир. Унинг шеърларидаги қуйма сатрлардан шеъриятга хос лиризм уфуриб туради. Ҳозирча битта - «Қалб манзаралари» шеърий тўплами чиққан шоирнинг битикларида Она-юрт мадҳи, ота-она олдидаги бурч, миллий қадриятларга бўлган эҳтиром, муҳаббат ва садоқат мавзулари ўзгача бир пафос ва нозик бир дунёқараш билан қаламга олинади. Қуйида шоирнинг янги шеърларини ҳукмингизга ҳавола этамиз.

Муфассал...

Муҳтожларга кўмак…

 

Суғд вилоятида яшаётган 7600та камтаъминланган оилага, қаровчисиз яшаётган кишилар ва ногиронларга моддий ёрдам кўрсатилди. Мазкур кўмак Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Рамазон ойида муҳтож инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш борасидаги кўрсатма ва топшириқлари асосида амалга оширилди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990623

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477841
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3769
4027
21454
7426653
99485
114875
7477841

Сизнинг IPнгиз: 18.217.98.175
Бугун: 23-11-2024 17:01:38

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015