Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 29 Август 2019 Кӯришлар: 2259
Печат

 

asrandi 2019Каллайи саҳарлаб машина топиш ниятида катта йўл сари шошилдим. Тоғли ўлканинг узоқ бу гўшасида машина топиш осон иш эмас. Айниқса, Ҳойитда. Бир замонлар довруғи мамлакатимиздан ошиб, узоқ-узоқларга етган ҳамда таниқли фарзандлари янги давлатчилик тузумини бунёд этишда муносиб ҳиссасини қўшган Ҳойитда... Агар бахт кулиб боқса, Жирғатолдан қайтадиган юк машиналари манзилингизга етказиб қўйишади. Ва мана энди мен – қишлоқ

мактабининг химия фани ўқитувчиси 60 километр йўлни босиб ўтиб, ноҳия марказига боришим, бошқа касбдошларим қаторида соҳавий билим даражамни такомиллаштириш учун бир ойда бир марта ўтказиладиган кенгашда қатнашишим керак. Буйруқ шунақа. Аммо бугун ҳам олдинги кунлар сингари бекат одамга гавжум. Кузнинг совуқ кунларида йўлга отланган йўловчилардан бир гуруҳи бир бурчакда давра қилиб, қизғин суҳбатлашишмоқда. Диққатимни эса, йўл ёқасидаги бир туп тол тагида нозанин келин ёнида бошқалардан ажраб ўтирган мусофир ўзига тортди. Унинг ёши етмишларга бориб қолган, қиз эса, ҳали йигирма ёшга ҳам тўлмаган эди, чамамда. Чолнинг суврати туркона бўлса-да, қизнинг чеҳраси тожиклигидан далолат берарди. Аёл шу минтақадан эканлигини англаш қийин эмас эди. Ўз ўй-хаёлим билан овора бўлиб, кўз узмай чолнинг ўйчан юзига қараб қолганлигимни англамабман ҳам.

d mirzo 2019- Ўғлим, қайси томонларга сафар қилмоқчисиз? - дегани мени хаёл оламидан олиб чиқди.

- Ноҳия марказига боришим керак эди, отахон, - хавотирланиб жавоб бердим унга. - Бирор юмушингиз бормиди?

- Йўғ-э, сўрадим-қўйдим-да. Катта шаҳарга бораяпсизми, деб ўйлабман. Бирга кетардик. Уч кундан буён шу ерда машина кутиб, сарсон-саргардонмиз. Бўш улов топиш қийин.

- Одамлар Ҳойитни томоша қилиш учун фақат баҳорда келишади. Йилнинг бошқа фаслида қийналишади. Аёл билан бирга бўлса, янада мушкулроқ.

- Биз томошага келганимиз йўқ, ўғлим. Шаҳидларни зиёрат қилиш учун келгандик.

- Қариндош-уруғларингиздан бирор киши зилзила бўлган йили селда қолганмиди?

- Қизимнинг ота-онаси шу ерга қўйилган. Ёлғиз ўзини юбора олмадим. Бирга келдик. Бундан бир неча кун аввал раҳматлик отаси тушимга кирганди. Ажиб ҳолатда эди. Яхшиликка бўлсин, деб қўйдим. Келдик. Икки-уч кун меҳмон бўлдик. Худойи қилдик. Қабрига бориб, ҳақига дуо қилдик.

Чолнинг бу мужмал сўзлари мени янада ажаблантирди. Ҳайратланарлиси шуки, у ўз фарзанди ҳақида гапира туриб, фожиа йилида қурбон бўлган қандайдир ота-оналарни эслайдими-ей. Балки бу қариликнинг таъсири бўлса керак, айтаётган сўзларининг маънисига бормайди.

– Айбга буюрмайсиз, отахон, - дея бир оз сукутдан сўнг яна сўрадим. – Қизингизнинг иккита отаси бормиди?

Чол аччиқ табассум қилди. Узун қалтироқ панжалари билан оппоқ, юпқа соқолини сийпалаб, мунгли оҳ тортди-да:

- Бунинг тарихи узун, ўғлим, айтиш учун анча вақт керак,- деди.

- Ҳечқиси йўқ, ҳозир бирорта машина кўринмайди, гапираверинг, отахон. Ҳам мен ҳақиқатдан огоҳ бўламан, ҳам вақт ўтганини сезмаймиз.

Чол сукутга чўмди. Қомати янада букчайди. Чаккасини бармоқлари билан сийпалаб қўйди. Кейин ўтмас нигоҳлари номаълум нуқтага қадалди-да, титроқ, ҳорғин овозда ҳикоясини бошлади...

Ер қимирлаган йили билагим кўчга тўлган, бақувват йигит эдим. Ота-боболарим умрини пода боқиб ўтказишган. Бу ота мерос сўқмоқларга болалик чоғимдаёқ қадам босганман. Ҳар йили пода ортидан ёзги яйловга келардим.

Хуллас, бу халқнинг нон-тузуни еб, меҳрибонликларидан баҳраманд бўлганман. Ҳойит вайронага айланган йил подамиз ҳув анави чўққида ўтлаб юрганди. Мен бош чўпон эдим. Муборак Рамазон ойи эди (1949 йил, 10 июл). Эрта тонгда болалар учун қўй сутидан ширчой тайёрладим. Лекин юрагим нимадандир безовта эди. Гўё бирор-бир ҳодисани олдиндан ҳис этаётгандай эдим. Таҳорат олиб, жойнамозга ўтирдим. Тонг отгунча намоз ўқидим. Яратганнинг қудратини қарангки, тонг ёришай деган вақтда, ёз чилласида қор ёғди. Бу гапларни бировга айтсанг, ишонмайди. Ишон, ўғлим, буни ўз кўзларим билан кўрганлигимга Худо шоҳид. Ўтган барча буюклар номига қасам... Паға-паға лайлак қор ёғарди. Ёқамни ушлаб, тавба қилдим. Қор бир неча сония ёғди-ю тинди. Ногаҳон ёққан қордан чорак соатдан сўнг ер юзида бирор нишона ҳам қолмагани ҳайратланарли эди. Ер аввалгидек қуриб қолди. Анчадан кейин ёмғир ёға бошлади. Туш кўраяпман, деб ўйладим. Бу ерда қандайдир фалокат юз беришидан ҳадиксирардим. Боболаримиз ривоятларига кўра, улкан фожиалардан олдин йилнинг қайси фасли бўлмасин, қор ёғармиш... Гапнинг қисқаси, кун ёришди, тоғ ортидан бош кўтарган она қуёш ер юзига нур соча бошлади. Ва шу лаҳзада даҳшатли овоз оламни ларзага солди. Атрофни қалин ғуборли парда буркади.

Чолнинг тили танглайига ёпишиб қолди. Нурсиз кўзларидан оққан ёш ёноқларини ювди. Қизи шошиб халтадан темир чойнакни чиқариб, пиёлага чой қуйди-да, тавозе ила чолга узатди. У қалтираган қўллари билан пиёлани олиб, бир-икки қултум ҳўплади ва яна сўзида давом этди.

- Ер қимирлади. Шундай қимирладики, унинг тебраниш шиддатидан бақувват одам ҳам тик туролмасди. Аввал қаттиқ силкиниш ерни тебратди. Кейин бир оз тўхтади-ю яна такрорланди. Бошим гангиб, жойимга ўтириб, ўт-ўланларни маҳкам ушлаб олдим. Кўз ўнгимда қаршимиздаги тоғ кўчди. Кўчки тезлик билан гўзал Ҳойит шаҳри устига ёпирилди. Ҳаммаси кўз ўнгимда бўлиб ўтди. Тепаликдан зилзила манзараси кафтдагидек кўриниб турарди. Яна атрофни қалин чанг-ғубор қоплади. Ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. Тўрт томондан халқ бошига балолар ёғиларди. Биров болам, биров онам, яна кимдир отам... деб йиғлаб ерни бошига кўтаришарди. Ҳаммаси кўз очиб-юмгумча рўй берди. Бардошим етмай, ҳушимдан кетдим. Ўзимга келиб атрофга боқсам – жим-жит. На одам зотининг овози эшитилади, на қушлар сайраши. Бу яқин ўртада бирор тирик жон қолмади, деб ўйладим. Нохос, кўзим подага тушди: бир чеккага тўпланиб, ҳайратга тўла кўзлари билан пастга боқишарди. Секин ўрнимдан турдим, Худога шукур, ҳамкасбларим болалари соғ-омон қолишибди. Фақат биттасининг оёғига тош тегиб, лат ебди. Аммо фалокат олдинда эди. Пастликка тушаётганимизда чўққи иккига бўлиниб, йўлимизни беркитиб қўйганлигини кўрдим. У ерда уч кун қолиб кетдик. Учинчи куни вертолётдан бир халта нон ташлаб кетилди. Эртасига ҳашарчилар ёрдами билан бир тор сўқмоқ очиб, қолган подани ҳам у томонга ўтказдик.

Чўққи этагидаги қишлоқдан ном-нишон қолмаган. Унинг устига улкан тоғ парчаси ағнаб тушган эди. Ҳозир ҳам атрофни қоплаган қалин парда уни кўришга имкон бермасди. Биз ич-ичимиздан йиғлардик. Бу халқдан кўрган чексиз меҳр-муҳаббатим боис, ўзимни тутиб туролмасдан йиғлардим, йиғлардим… Ахир, шаҳид бўлганлар орасида қанчадан-қанча дўст-биродарларим бор эди. Шу пайт қаердандир бола йиғиси овози эшитилди. У томонга югурдим. Улкан тош ёнида ёлғиз қизалоқ ўтирарди. Жажжи қўллари билан юзини беркитиб олиб, кўз ёш тўкарди. Адашмасам, қизалоқ беш-олти яшар эди. Ёнига ўтирдим. Бағримга босиб, унга қўшилиб йиғлай бошладим. Йиғи-сиғини тўхтатиб, даҳшатга тўла кўзлари билан менга қаради. Бир мунча вақт ўтгандан сўнг, шерикларим етиб келишди. Қизалоқни ўзимиз билан олиб, пода ёнига қайтдик. Яқин ўртада унинг қариндош-уруғларини, сўрайдиган бирор кимсани ҳам учратмадик. Уни қўй сути ва қотган нон билан меҳмон қилдик. У ерда неча кун қолганлигимизни аниқ эслаёлмайман, лекин ҳали-ҳамон ер қимирлаб турар, тепаликлардан катта-катта тошлар пастга юмаларди. Подани хавфсиз жойга олиб бориб қўйдик. Ҳойитнинг тирик қолган халқини давлат ўз қарамоғига олди. Ҳар куни эрталаб вертолётлар келиб, омон қолганларни бошқа жойга олиб кетишарди. Тирик қолганлардан қизалоқнинг оиласи ҳақида сўраганимда, тупроқ тагида қолиб кетганликларини айтишди. Қизчанинг номи Гулнора экан. Хайрият, катта акаси аскарлик хизматида экан...

Гулнора ҳам болаларга хос тилда йиғлаб-йиғлаб айтиб берарди. Улар фалокат рўй берганда ташқарига қараб югуришибди. Онаси икки ойлик укаси билан ташқарига чиқишга улгурмабди. Отаси даҳлизда, девор тагида қолиб кетибди. Бу оиладан фақатгина у омон қолибди. Қизалоқни болалар уйига топширишга кўнглим бўлмади. Уни ўзим тарбиялаб, вояга етказаман, деб қарор қилдим. Ва ҳамроҳларим ҳузурида бу қароримни эълон қилдим ва Гулнорадан энди мени ота, дейишини сўрадим. Қисқаси, бир неча кундан кейин Вахшга қайтишимиз тўғрисида хабар келди. Юкларни боғлаб, пода кетидан йўлга тушдик. Бу сафарда Гулнорани ўзим билан Вахшга олиб бордим.

Орадан олти ой ўтди. Гулнора тезда оила аъзоларим билан чиқишиб кетди. Энди орамизда бегоналик қолмади. Биз у билан аввалига тожик тилида гаплашардик. Ғайратли қиз экан: ўткир зеҳни қисқа вақт ичида ўзбек тилини ўрганиб олишига имконият берди. Кейинчалик икки тилда суҳбатлашардик.

Бир куни кечқурун ҳовлида қандайдир юмуш билан банд эдим. Гулнора ҳовли ёнида маҳалла болалари билан ўйнаб юрганди. Тасодифан эркак кишининг йиғиси ва болаларнинг дод-фарёди қулоғимга чалинди. Югуриб ташқарига чиқдим. Ёш йигит аскарлик либосида Гулнорани қучоқлаб йиғларди. Унинг ёнига бориб, шошилганимдан нима қиларимни билмай қолдим. Нотаниш йигитнинг бу хатти-ҳаракати ҳайратга солиб қўйди. Унга яқин борганимда, йигит қизалоқни қўйиб, мени қучоқлаб, зор-зор йиғлай кетди. Кутилмаганда қўллари сустлашиб, йиғи-сиғи тугади. Йигитнинг жисми менга оғирлик қилди. Секин ерга ўтирдим. Қарасам, ҳушидан кетган экан. Юзига сув сепдим. Ўзига келиб, яна йиғлай бошлади. Бир амаллаб тинчлантирдим ва уйга таклиф қилдим. Кейинроқ билсам, у Гулноранинг акаси экан. Хизматни ўтаб бўлгандан сўнг, уйига қайтиб, бирор яқин кишисини тополмабди. Тирик қолганлардан бирортаси манзилимни берган бўлса керак. Уларга қизалоқнинг акаси келганда берасизлар, деб манзилимни ёзиб қолдиргандим. Кутиб ўтирмай, синглисини топишга киришибди…

Кечаси билан дастурхон атрофида суҳбатлашиб ўтирдик. Фожиа ҳақида гапирганимда йигит ўзини тута олмай йиғларди. Ўша кеча йигит бизнинг уйда ётиб қолди. Эрталаб нонушта пайтида унга шундай дедим:

-Ўғлим, Гулнора менга ўз фарзандимдек бўлиб қолган. Бир йилдан буён ҳовлимизда туради. Истасанг ўзинг билан олиб кет. Агар ижозат берсанг, ўз тарбиямга оламан. Қачон хоҳласанг, келавер, дарвозамиз сен учун доим очиқ. Сен ҳам фарзандимсан.  

Йигит узоқ ўйга толди. Шу лаҳзада ажиб ҳолатни бошидан ўтказаётганди. Ранги оқариб, тинкаси қуриди. Аранг ўзини ушлаб турарди. Ниҳоят, мунгли нигоҳини бир нуқтага қадаб, ғамгинлик билан гап бошлади.

- Сизларга минг раҳмат, ота, барча қилган яхшиликларингиз учун. Одамгарчилигингиз ҳамда сингилчамга қилган чексиз меҳрибончилигингиз учун. Ўла-ўлгунимча бу хизматларингизни эсимдан чиқармайман. Ҳозир синглимни олиб кета олмайман. Ўзимнинг ҳам тайинли жойим йўқ. На уйим бор, на иш жойим. Аввал бирор ердан уй қурай, кейин маслаҳатлашамиз. Унгача Гулнорани сизларга омонат топшираман.

Сўнг йигит рухсат сўраб, чиқиб кетди. Орадан бир-икки ҳафта ўтар-ўтмас қайтиб келди. Синглиси, аёлим ва менга сарпо сотиб олибди. Ўз ўғлимдай қучоғига босди. Қариндош-уруғ, қўни-қўшнини чақириб, қўй сўйиб, меҳмон қилдик.     

Маълум бўлишича, у қўшни ноҳиялардан бирида иш топибди. Уй ҳам беришибди унга. Эрталаб кетар чоғи бошини кўтармасдан, ердан кўзини узмай гапирди:

- Ҳозир Гулнорани уйимга олиб кетадиган шароитим йўқ. Агар малол келмаса, сизлар билан бирга туриб турса, дегандим.

Тўғрисини айтсам, Гулнорадан ажралишни ўзимиз ҳам хоҳламас эдик. Тили ширин қизалоқ. Хушмуомала ва қобил. Акасининг бу гапидан қувончим ичимга сиғмасди.

- Сен ундан ташвишланма, ўғлим. Фарзандларим қатори катта қиламан. Уйимизга келиб тур! Синглингни кўргинг келганда, тортинмасдан келавер, - дея жавоб бердим.

Йигит ҳафтада бир марта келиб кетарди. Уйланди. Оила аъзоларимиз билан уларникига бордик. Ота-онаси йўқлиги билинмасин, деган мақсадда тўйга бош-қош бўлиб турдик. Икки-уч кундан сўнг келди-ю синглисини олиб кетишга ижозат сўради. Бирор нарса дея олмай, жим турардим. Мушкулимни Гулнора осонлаштирди. Акасига: - Отамнинг уйидан ва онамнинг бағридан бирор ёққа кетмайман, - деди. Аёлим уни бағрига босиб, йиғлади. Биз ҳам уларга қўшилдик. Қўни-қўшнилар келишди. Тасалли беришди. Йигит ғамгин чеҳраси-ю ёшга тўлган кўзлари билан ҳовлидан чиқиб кетди. Орадан бир-икки ҳафта ўтиб, хотиним билан уларникига меҳмончиликка бордик. Дарвозани келин очиб, илиқ кутиб олди. Қўни-қўшнини чақириб, зиёфат беришди. Уларга қайнотам келибди, дейди. Унга нисбатан меҳримиз ошди...

Инсон умри оқар сувдек тез ўтади, кетади. Кўз очиб-юмгунча неча йил ўтиб кетди. Гулнорани турмушга бердим. Акасининг розилигини олиб, тўй қилдик. Ҳозир набиралиман. Гулнора мени ва кампиримни ўз ота-онасидек ҳурмат-иззат қилади.

Ҳойит фожиасидан ҳам неча йил ўтди. Ҳойит яна обод бўлди. Баъзилар ота-боболари юртига қайтишди. Мен ва Гулнора ҳар йили бир марта шаҳидлар зиёратига келамиз. Ҳойитликларнинг меҳмони бўлиб, яна Вахшга қайтамиз. Аммо бир-икки кун олдин раҳматлик отаси тушимга кирибди, хотири паришон. Ҳаловатим йўқолди, қизимни олиб келдим…

Чол ҳикоясини якунлади. Унинг дардли ҳикояси узоқ-узоқларга чорлар, даҳшатли манзаралар кўз олдимда гавдаланиб, нима дейишни ҳам билмай қолдим. Чолнинг нуроний чеҳрасига боқиб, одамгарчилиги ҳамда бу ернинг нон-тузини қадрлагани учун ичимда тасанно айтдим.

- Қара, ўғлим, - чолнинг гапи мени хаёллар оғушидан қайтарди. - Ҳозир ҳам қулаган тоғлару нообод қишлоқлар битмаган яра каби ўша фожиани эсга солиб туради. Ва балким жабр кўрган Ҳойит халқи ҳаётидан бундай ҳикоялар сон-саноқсиздир. Ким билади, даҳшатли фожиа дунёга келмаган ҳойитлик чақалоқларни қаерларга олиб кетган бўлса?..


 

Диловар МИРЗО.

 

Тожикчадан

Юсуфжон БЕРДИЕВ таржимаси.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

СУВ КЕЛТИРИБ, ЭЛДАН ДУО ОЛГАН ЙИГИТ

 

…Хўжамқул болалигини бот-бот эслаб туради. Шўрча қишлоғининг чанг босган кўчалари, адирларда мол боққанлари, эшак билан тоғдаги чашмадан сув ташиганлари хотирасидан мустаҳкам ўрин олган. Қишлоқлари тоғ этагида жойлашган бўлиб, ичимлик суви танқис эди. Собиқ Шўролар даврида «қўли узун»лар машина билан сув келтирса, қолганлар эшак билан тоғдаги «Шўрча сув» булоғидан сув ташиб келишарди.

Муфассал...

Кўлоб шаҳрида тухум арзонлашди

 

"Саман" масъулияти чекланган ҳиссадорлик жамияти фаолият бошлагандан сўнг, Кўлоб шаҳрида тухум нархи арзонлашди. Илгарилари тухумнинг 30 донаси 27-28 сомонийдан сотилган бўлса, эндиликда кўлобликлар шунча тухумни 21-22 сомонийдан сотиб олишмоқда.

Вилоят раиси аппарати Ахборот-таҳлил бўлимидан хабар беришларича, Кўлоб шаҳри тадбиркорлари Кўлоб қишлоқ жамоати ҳудудида паррандачилик

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990962

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478369
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4297
4027
21982
7426653
100013
114875
7478369

Сизнинг IPнгиз: 18.217.10.200
Бугун: 23-11-2024 17:36:21

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015