Қосим Мамажонов - атоқли адиб ва журналист, А. Лоҳутий номидаги мукофот лауреати, Тожикистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
"Ёрқин зиналар". "Ота қўшиғи", "Бу сирли олам", "Ғўлакандоз чинорлари", "Зиндонбанд қарчиғайим" сингари китоблар муаллифи. Хотира ҳафталигида ҳурматли адибимизни эслар эканмиз, унинг 10-15 йилча бурун ёзган очеркларидан бирини эътиборингизга ҳавола этишни ихтиёр этдик.
Фараҳбахш тонг. Антиқа хиёбон бағрида қад ростлаган кўркам бинонинг 10-қавати. Ана шу баландликдан Суғд вилояти маркази - кўҳна ва навқирон Хўжанд шаҳрининг тароватли ҳусни-жамоли: боғу роғлари, бош кўча-ю шоҳ кўчалари, Мўғултоғ бағрига жипслашиб борган масканлар-тарихий қалъа, муқаддас саждагоҳ Шайх Муслиҳиддин масжидининг ложувард гумбазлари кўриниб туради. Қуйида азим Сирдарё вужудингизни ҳиссиётга чулғаб жимирлаб оқади.
Кўнглида шеърият дилхирож садо бериб турган шоир юксакликдан, деразадан теваракка завқланиб боқади. Бугун кайфияти тағинда ўзгача, дўстлар билан дийдорлашув онларини интизорлик ила кутаяпти. Чоққина қароргоҳида дилига яқинлари билан бир пиёла чой устида суҳбат қурмоқчи. Суҳбатки… Телефон гўшагини кўтарди ва рақамларни тера бошлади.
- Тинглайман, - ёқимли овоз эшитилди гўшакдан.
- Ассалому алайкум, азиз дўстим. Бахтимни қаранг, ўзингизда экансиз. Кайфиятларингиз яхшими? Уй ичилар…
- Раҳмат, шоир ака. Ўзингиздан сўрасак. Кўришмаганимизга ҳам анча бўлиб қолди.
- Соғинганман, дўстим. Эртага кутаман.
- Тинчликми?
- Пойтахтдан ҳурматли меҳмон келганлар, дўстлар билан таништирмоқчиман. Қолаверса, Хўжандимиз жамолини баланддан ҳузурланиб томоша қилсинлар, дейман…
- Жуда соз, - деди шоирнинг дўсти, - келинг, бундай қилайлик. Меҳмон акамиз Хўжандни истаган вақтда, истаган жойдан томоша қилишлари мумкин. Дўстларни камина номидан таклиф қилинг. Қир-адирлар бағрида ҳавас этгулик оромгоҳимиз бор. Ўша ерда суҳбат қурайлик. Хуллас, "Қизил юлдузда" кутамиз.
- Раҳмат, дўстим. Аслида бунақа бўлишини кутмагандим…
- Дилфузахон, - деди шогирдига, -режалар ўзгарди. Қўшни хонадан Асқаралини айтиб келсангиз…
Юриш-туриши, одоби, муомаласи маърифатли киши эканлигини кўрсатиб турган, истараси иссиқ йигит-Асқарали "Йўқлаган экансиз", дея кириб келди. "Қадрият" газетаси бош муҳаррири унга ниятини айтди:
- Укажон, машинангиз бор. Бозор-ўчарни бирга қилсак. Эртага Неъмат Оташни, Дилфузани олиб барвақтроқ жўнайверасиз. Мен эса, Қайроққумдан дўстларни, меҳмонларни олиб, изингиздан етиб бораман.
Саёҳатчилар ҳашаматли шаҳар ҳукумати биноси рўпарасида тўпланишди. Ҳаял ўтмай, Сомғор автобуси етиб келди. Йўловчилар иззат-икромни жойига қўядиган кишилар экан. Ёшроқлари дарҳол ўрниларидан туриб, меҳмонларга мулозамат қилишди. Ўзлари ҳам табаррук инсонлар дуосидан баҳраманд бўлишди.
Автобус бош йўлдан кун чиқарга олиб бораяпти. Сал ўтмай денгиз соҳили кўринди. Бепоён мовий ҳавза тўлқинларидан қалбларимиз завқ-ҳаяжонга келди. Анча юриб машинамиз бош йўлдан чап томонга бурилди. Энди кўз ўнгимизда Сомғорнинг таърифи оламни тутгудек токзорлари-ю экинзорлари намоён бўлди. Йўл-йўлакай чеҳралари гулгун онахону опахонлар, кўпни кўрган отахонлар билан суҳбатлашиб бордик.
Ҳа, ўтирган-бўйра, юрган-дарё.
Суҳбатлардан Турсуной Қўшатова номли йирик кооператив хўжалиги ҳаёти, иқтисодий имкониятлари, одамларнинг турмуши борасида кўпгина нарсаларни билиб олдик. Бундан бир неча вақт муқаддам мазкур хўжаликка муҳтарам Президентимиз Эмомали Шарифович Раҳмонов ташриф буюрган, вилоят раиси Қосимжон Раҳбарович Қосимов ҳамроҳлигида далаларни кезган, хўжалик ишларига юксак баҳо берган экан.
Йўл олис, суҳбат қаймоқ боғлаб борарди. Йўловчилар хўжаликнинг нисбатан ёш, серғайрат, ташаббускор, ғамхўр раҳбари ҳақида тилларидан бол томиб сўзлашди. Дунёда халқ баҳоси, халқ эъзозига нима етсин. Бу эса, қаерда раҳбар яхши бўлса, ўша ерда иш яхши боради, одамларга бахт, омад кулиб боқади, деган азалий ҳақиқатни тасдиқларди. Эҳтиросли суҳбат оғушида "Қизил юлдуз"га етиб борганимизни сезмай қолибмиз.
Ногоҳ марказий йўлнинг чап тарафидаги хиёбондан ўрин олган иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Ҳамзалиевнинг бронза бюстига кўзимиз тушди. Жангнома қаҳрамони - баҳодир ўғлон шу элнинг фарзанди экан. Ҳа, бу дунёда шундай одамлар яшаб ўтадики, замонлар, асрлар оша ўз халқининг йўлчи юлдузига айланади, жасорати минг-минглаб ёшлар учун бир умрлик ибрат мактаби бўлиб қолади.
Бошқарув марказий хиёбонида бизни хўжаликнинг одамохун, ширинсўз вакили Тоҳиржон кутиб олди. Борадиган жойимиз анчагина масофа эканлигини айтиб, оҳорли "Газел"га чиқишимизни илтимос қилди. Ўнқир-чўнқир адир йўлларига шу машина дош беришини айтди. Турфа хаёллар оғушида табиат бағри, Тожикистоннинг гўзал гўшасида йўл юрдик, йўл юрсак ҳам мўл юрдик. Икки қанот адир, паст, баланд қияликлар. Нотаниш макон сари борарканмиз, тўрт тарафга аланглаймиз. Бирор ерда ақалли дорига бўлсаям бир туп дарахт, бута, соялайдиган жой кўринмайди. Қаерга кетаяпмиз ўзи?! Ҳарқалай етиб борган манзилимиз хавотиримиз туманини тарқатиб юборди.
Адир бағрида дастурхон қуроғидек бир парча жойда ўрикзор, бодомзор, гулзор бунёд этилибди. Тақир ерда ям-яшил боғ. Кўркам оромгоҳ соҳиби қадди-қоматдан Худо берган, вужудидан куч ёғилиб турган полвонсифат суқсур йигит яйраб-яшнаб кутиб олди. Сўзамоллигига ҳам таъриф йўқ.
- Исмим Салимжон, баъзилар сал ошириб тоғ шунқори, дейишади. Кўринишим ҳабашнамо бўлса ҳам кўнглим момиқдек оппоқ. Рости гап, меҳмонларни, айниқса, яхши одамларни хушлайман. Марҳабо, қадамларига ҳасанот, азизлар.
Хушфеъл, соддадил йигит билан биз ҳам кўп йиллик қадрдонлардек қайноқ кўришдик, ҳол-аҳвол сўрашдик.
Қойил! Одамзот қудратига тасаннолар айтсанг арзийди. Бу ерда қир терс ёнбошидаги чашмадан ўнлаб чақирим масофага темир қувур тортилиб, обиҳаёт келтиришибди. Пешайвонли иморат рўпарасига сув сақланадиган чоҳ қазилган, нарироқда эса, сув жамланадиган тошҳовуз бунёд этилган.
- Жазирама маҳаллаларда ер остидан тортилган темир қувурдан илиқ оқим келади. Шу боис, салқин пайтларда "қудуққа" совуқ сувни тўлдириб қўямиз. У ичишга ҳам, таомга ҳам ярайди. Жамланган тошҳовуз суви билан эса, ёз ойларида навбатма-навбат дарахтларни суғорамиз. Бу қояда лола кўкартиргандек гап, - деди мезбон.
Меҳмонлар келишига соя-ю салқин дарахтлар остига жой ҳозирлаб қўйилган экан. Гилам ва кўрпачалар солинган, дастурхон ёзиғлик. Дастурхон ноз-неъматга тўла. Очил дастурхон теварагида йигирма чоғли меҳмону мезбонлар жой олдик.
- Худди ана шу ерда вилоятимиз сарвари муҳтарам Қосимжон Раҳбарович Қосимов хўжалигимиз оддий деҳқонлари сафида ўтириб, ширин суҳбат қурган эдилар. Катта-кичик ана шу камтар инсоннинг сўзларидан олам-олам завқ, илҳом олишди, келажакда вилоятда катта ишлар амалга оширилишидан хабар топишди, - деди Тоҳиржон кўтаринки кайфиятда.
Биз ҳам ўз навбатида, мезбонлар ҳақига, вилоят, шаҳар ва хўжалик раҳбарлари ҳақига дуолар қилдик, юртимиз тинч-осойишталиги, фаровонлиги, эл дастурхони тўкин-сочин бўлишига эзгу тилаклар билдирдик. Мароқли суҳбат, гурунг авжига мина борди. Ҳали йўлда келишимизда "Газел" бир уйча ёнида тўхтаган, у ердан қопқоқли челакда янги увитилган қўй қатиғи олиб чиқилган эди. Бу бежиз эмас экан. Меҳмонларни, аввалига, бир косадан қўй қатиғи билан сийлашди.
- Адирнинг соф ҳавоси-ю қўй қатиғи - дунёда ҳаммадан зўр дори. Ана шу неъматдан баҳраманд кишилар дард нималигини билишмайди. Сабаби - қўй жонивор юз хил доривор кўкатларни тергилаб ейди ва шифобахш сутини одамларга инъом этади, - деди тоғ шунқори Салимжон ва қўшиб қўйди:
- Ишонмасанглар, менинг ўзимга қараб баҳо бераверинглар, умримда дўхтир-пухтур нималигини билмайман…
Кўнгиллар завққа, ғазалга тўла эди. Базми жамшидни шоир Жамшид бошлаб берди. Дўстлар борасида лутфу карам шеърхонликка уланиб кетди. Янги чопдан чиққан "Моҳитобоним", "Ишқ жоми"дан янги шеърлар ўқилди. Навбат Неъмат Оташга келди. Тожикча ғазаллар янгради. Ёшлардан кимдир: - Ўзиям Неъматжон акамиз ғазалларини ишқ ўтида оловдек ёниб ёзган эканлар, - деди шоир тахаллусига ишора қилиб. Қаҳ-қаҳа кўтарилди.
- Дилфузахондан ҳам эшитайлик, - таклиф тушди, ниҳоят. Чаққон, шўх, дили беғубор шоира қиз:
Кўзларимга уйқу
бўлиб инмаган,
Юрагимга олов
бўлиб сўнмаган,
Кеча-кундуз,
саҳаргача тинмаган -
Бешикдан бошланар
Ватан дегани!
Иморатлар қурдик,
кўркам, фасона,
Элда эркин юрдик,
масту мастона,
Бобом пойи теккан
қутлуғ остона -
Эшикдан бошланар
Ватан дегани!
Бошингда порлайди
ярқироқ юлдуз,
Яссавий авлоди
ҳеч чўкмагай тиз,
Қонга сингиб кетган
алладек азиз -
Қўшиқдан бошланар
Ватан дегани! -
дея юракдан қайнаб чиққан сатрларни қироат қилди. Деярли ҳамма гапирди, тилаклар айтишди. Ҳатто, энг камгап, камтар инсон, "Маънавият карвони сорбони" Акбаралини ҳам гапга солишга уринишди.
- Одатим шунақа, дўстларим. Ҳамма гапирса-ю, гапирмасам, дейман. Ҳаммани кўрсаму ўзим кўринмасам, дейман, - деса бўладими шоввоз. Бу гап ўз-ўзидан аскияга сабаб бўлди.
- Буни қаранг-а, унақада невидимка эканлар-да.
- Буям майлига. У кишини кўрмоқчи бўлганларнинг азобини кўринг.
- Жа ўтиб кетса, кўрмайинам, куймайинам, - дейди-да, кейин.
- Ажабо "Қайроққумда бир аёл бор" мақоласини ким ёзаркин?
Суҳбат, аския-ю қочириқлар юқори пардаларга чиқиб борарди.
- Азизлар, фикримча мўл ўлтириб қолдик. Бундоқ теварак-атрофга сайр қилсак. Қаранг, қир-адирлар қандай зебо, - деди Неъмат Оташ. Таклиф маъқул тушди. Ҳар ким ҳар томонга тарқалди. Дилфуза ва Тоҳиржон тоғ оҳуларидек сакраб-сакраб адир тепалигига чиқиб кетишди. Орадан ҳаял ўтмай, тоғ гулларидан териб келишди.
Бир оздан сўнг, оромгоҳ соҳиби меҳмонларни яна дастурхонга чорлади. Димлама тайёр эканлигидан огоҳлантирди. Дастурхон теварагида шеърхонлик қўшиққа уланиб кетди. Ўктамой Чинозова Мирзо Турсунзода шеъри билан айтиладиган қўшиқни ёқимли овоз ва эҳтирос ила ижро этди. Қани энди кун узайса, кеч кирмаса. Вақт тез ўтиб борар, қуёш ҳам адирнинг қибла томонига ёнбошлашни ихтиёр этганди. Дастурхонга фотиҳа ўқилди. Меҳмоннавозликлари учун мезбонларга қайта-қайта ташаккурлар айтилди ва қадрдонлашиб кетган кишилардан узр сўраб, "Газел" сари равона бўлишди. Ҳамма машинадан ўрин олди. Тоғ шунқори Салимжон меҳмонлардан ажралгиси келмай, икки қўли кўксида термулганча турарди.
Шу маҳал момоқалдироқ чақнагандек ғалати ҳодиса юз берди. "Газел" жойидан жиларкан, шўх қизимиз Дилфуза ҳабашсимон йигитга қўл силтаб: "Хайр, Отелло. Яна кўришгунча омон бўлинг!" - деди. Бу гап шунқорнинг қулоғига етиб борди. Турган ерида қотиб қолди. Машина олислашар, йигит эса турган еридан қимирламасди.
- Биродарлар! Тўғрисини айтсам, Отеллога раҳмим келаяпти. Дездемонаси ташлаб кетаяпти, - деди Асқарали. Салонда кулги кўтарилди. Шу-шу аския осмонга ўрлади. Бири қўйиб, бири олишарди.
- Шўрлик Отелло ғафлатда қолди. Йўқса уловимиз йўлини тўсиб, "Дездемонадан ажралмайман!" деб туриб оларди.
- Ҳеч бўлмаса, рўмолча қани, рўмолчани ташлаб кет, - дея фарёд кўтарарди.
- Менингча, Дездемона рўмолча ўрнига "Мажнун кўнгил"ни бериб кетарди.
- Ўшанда Отелло ишқ ўтида ёниб, қир-адирларни ларзага солиб шеър ўқишини кўринг эди.
- Ўзиям Отелло кийимини кийдириб, қўлига шамшир ушлатиб, саҳнага чиқараверса бўларкан, грим-прим, деган нарса ҳам талаб қилинмасакан.
- Яна бир қулайликни айтмайсизми? Саҳна учун Дездемона ҳам таппа-тайёр.
- Пойтахт драма театридагилар билишса борми, ҳар иккаласини ҳаво қуши қанотида олиб кетишади.
Бир оғиз сўзи бу қадар акс-садо берган шоира қиз завқи ичига сиғмай, қотиб-қотиб куларди. Ажойиб ҳангомалар, таассуротлар оғушида манзилга етиб келганимизни сезмай қолибмиз.
Афсонавий сайру гаштдан кўнгиллар чоғ: "Қир, адирларингга, тоғлару боғларингга, кенг осмонинг, мусаффо ҳаволарингга, меҳри дарё, марди майдон, қадри баланд одамларингга борман, диёрим!" деган садо кўчарди дилдан.
Энди Оллоҳим кўпроқ умр ато этса-ю, азиз Ватан бағрида шукроналар айтиб яшасанг, хокини кўзларингга суртсанг, меҳрини тумор қилиб тақиб юрсанг…
Тожикистон Республикаси Адлия вазирлиги Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Тил ва терминология комитети томонидан янги туғилган чақалоқлар учун исмлар каталоги тайёрланганлиги ҳақида яқинда ўтказилган матбуот конференциясида маълумот берди.
- Ота-оналар айнан ана шу каталогда келтирилган исмлар билан янги
Муфассал...
Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида қитъанинг энг нуфузли спорт мусобақаси «Осиё ўйинлари-2018» турнири ниҳоясига етди.
Мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган вакилларимиз ўз жамғармаларига 7та- 4 кумуш ва 3та бронза медалларини тўплаб, умумжамоа ҳисобида 30-ўринни эгалладилар.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015