Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 05 Апрел 2019 Кӯришлар: 1915
Печат

 

u jamol 2017Кам ёзаман. Тўкилмасликнинг ҳеч иложисини тополмаган чоғларимдагина, оппоқ қоғозга кўнгил очаман.

Биздан қўлин тортдику, эй дўст,

Остонада узоқ кутган марг.

Самоларга атрин пуркади,

Юрагимда очилиб садбарг.

 

Ҳар фурсатни кўзга сурт, эй дўст,

Замон келди, оҳ, шундай замон.

Чорраҳада хушнуд, интизор,

Бўстонга бошловчи тўрт томон.

 

Эзаётган дардингни, эй дўст,

Оқинларда оқизу унут.

Музлар каби эриди дунё,

Сув ўрнида оқаётир сут.

 

Эзгу ишларни амалга ошириш ғайрати шу кунларда вужудим аро кўпчигандан кўпчиётир.

Хўжанд сари сафарларида неча бора бизни йўқлаган, меҳр нуридан бошимизга сочқилар сочган шоири замон (ҳа, ҳа, шоири замон!) Ўлмас Жамолни табобатим тугагач, ёд этишни дилимга тугиб қўйгандим.

Уйимиз остонасидан киргувчилар кўп, аммо… аммо кўнгил эшигини чертгувчиларчи?...

Кунларнинг тортиқли бир кунида устоз Ўлмас Жамолни тинглаб ўтирган чоғим, худди шу ўй хаёлимни банд этади:

 

«Мен ички оламим кашфи

                     учун, дўстлар, сафар қилдим.

Нигоҳим тушмаган кўнгил

                     жаҳонига назар қилдим».

 

Ҳали ҳануз жидду жаҳд айлаб йўл солганимиз қароргоҳга қадар, э-ҳа не-не манзиллар ортда қолур … Не-не манзиллар!

Чеҳрасига офтобни абад индирган, кўзлари қаърида эса, мунис ғамни ниҳон тутган шоир – илоҳий илҳом ила ғазалдан-ғазалга кўчади:

 

Тириклик завқини севги

                       аталмиш бодадин изланг,

Ва севгида садоқатни

                       муҳаббатзодадин изланг.

Бу туйғу бир бисотдурким,

                       топилмас барча одамда,

Уни танҳо кўнгил мулки

                       гўзал озодадин изланг…

 

Бир қарашда шоир олдинги йилларга нисбатан озиб-тўзган, беморлик анчагина ўз асоратини солгандек туюлади. Туриш-турмушининг одмилиги дилга эзғинлик солади. Шундай улуғ Инсонни энг тўкис шаҳоматларда кўришни истайсиз. Вале… вале бу фикрингиз бир лаҳзалик, холос. Шоирнинг шу ёшида, шу ҳолида ҳам кўзларидан ёғилиб турган ғайрат-шижоат, қалбидан қайнаб тошаётган туганмас илҳом манбаи ва яна энг муҳими, дўстга нисбатан эътибори, эҳтироми ва унинг ҳеч кимникига ўхшамаган ҳалим нигоҳлари туйқус юрагингизга ажаб туйғулар инъом этади.

Жиддий табобатдан сўнг ҳам, жиддий хароботни енголмаган руҳим шу дақиқи ҳақиқда ҳарифлашаётганини ҳис этаман.

Устознинг одми турмуш тарзи эса, бу - хосаликдан далолат.

Бу шундай бир назокатли хосаликки, ҳар қандай ҳашамдан устуну устувор…

Саксон ёшни қарши олаётган оташ қалб шоир кеча-ю кундуз чеккан заҳматлари оқибати ўлмиш – Девонни қўш қўллаб ҳадя этадилар.

Ҳикматлар саржам, қалин китобни миннатдор бағримга босаман. Устоз назари остида дастхатни ўқишга ва уни варақлашга ботинолмайман. Тақдим учун олиб келган китобим эсимга тушади. «Яшил либосли», юпқагина мажмуамни юрак ютиб узатаман.

Устоз китобни олиб садоли ўқийдилар:

«Ҳақ ишқи»… сўнг оҳиста кўзларига суртадилар.

Ҳақ соғинчи билан тўлиб-тошган дилнинг сассиз оҳидан вужудим жимирлайди…

Китобни варақлаб, кўз югуртирган сайин у кишининг юзу кўзларида ҳайрат ва севинч балқади. Мен эса ўнғайсизланиб, мавзуни бургим келади. Устоз ғазалларидан тинглаш тилагини ўртага ташлайман. Ҳамроҳларим раҳматли устозимиз Қосим Мамажоновнинг рафиқаси Муҳаррамхон ая, қизи Ганжинахон, куёви Тоҳир акалар ҳам фикримни қўллаб, шоирдан шеър сўрайдилар.

Устоз Уҳуд ва ё Ургут тоғларида кезинган хаёлларини жамлаб оладилар. Беғубор, нуроний чеҳрада обиду зоҳид жозиба жилваланади:

Келиб кетган кишиларнинг

                      ҳисобин олмагай дунё,

Сену менсиз, азиз дўстим,

                       ҳувиллаб қолмагай дунё…

* * *

Шавқимга шавқ, дардимга дард қўшган шоирнинг сатрлари илкимдан маҳкам тутиб, Душанбенинг ёмғирли кўчалари аро мени олдинга етаклайди:

Бошимга тўкилаётган ёмғир эмас, кўкдан ёғилаётган ҳикматга ўхшайди, гўё. Кўнглимдан сизиб чиқаётган сатрлар эса, ортимдан йўл-йўлакай тўкилиб боради:

 

Йил ортидан йиллар шошдилар,

Бугунимга кўз тикдим қанча.

Тилло топган тентак ман ва ё

Волидасин топган бойбачча!

 

Тийрамоҳнинг дилгир кунида

Юрагимга кириб келди март.

Қуюшқонни бузгувчи Сўзни

Майсаларга айтмоғлиғим шарт...

 

* * *

Менинг Ўлмаслигим ёлғон,

                     кетарман бир куни шаксиз.

Қолурман эл аро боқий

                     унутмас бўлса номимни.

 

Бу бебақо, тўрт кунлик дунёни шоир тарк этди.

Йил кетидан йил ўтиб, бугун яна беихтиёр Ўлмас Жамол ҳақида ўйлаб, шоир қўл битиги ила берилган «Манзур» номли девонни қўлимга олдим. Жозибали девон мен билан сирлашади. Ҳарфлар гоҳ шодон, гоҳ нолон дилга яқин ва таниш хониш этади:

 

Бировлардан дариғ тутмай

                     табассум ҳам саломимни,

Ширинлардан ширин айлаб

                     дейиш расмим каломимни.

 

…Ёмонликлар кўриб юрган

                     эсам-да баъзи дўстлардан

Улардан яхшилик бирла

                      олурман интиқомимни.

Айнан, бу борада қачондир бир нималар деганимни хотирладим:

Синишимга

     бўлавергин ўч,

Соямни ўй,

     этавер таъқиб.

Маржон ясаб

     синиқларимдан,

Йўлларингга

       қўяйин тақиб.

 

Лекин ҳозир шоирнинг лирик қаҳрамонига, унинг гўзал интиқомига ҳавас қилдим…

-Оламни сабаблар бошқариб туради, – деган эди Гёте. Бу ёруғ олам аро кимдир висол сабаб тирик бўлса, яна кимдир ҳижрон туфайли яшай олади.

Фузулийнинг ҳоли қай бир кўнгилга ошнолиги каби:

«Ишқ дарди-ла хушам…

             Қўл торт иложимдин табиб,

Қилма дармонким,

           ҳалоким заҳри дармонимдадир».

Оқ ва қора, яхши ва ёмон, ширин ва аччиқ. Буларнинг ёнма-ёнлиги сабаб ҳам, ҳали ҳамон яшаётганлигимиз аниқдан аниқ. Ўзимизни тушунишга бўлган эҳтиёж эса, тиниқдан тиниқ ҳақиқатдир.

 

Эл шодлигу ғами-ла

                         яшаб унутганим рост,

Андуҳлар оламида

               Ўлмас, ёлғизлигимни…

 

Доролар ўз сармояларини тилсимли темир сандиқларда асраб тириклик қилаётган бир замонда иймондан олийроқ бир мулк топмаган Ўлмас Жамол юрагини чангаллаб яшади.

Устоз бир суҳбатда шундай деган эдилар: «Муҳими қалбимни асрай олдим, вале юракни эмас…» Ҳа, руҳий оғриқлар наздида нима у тана оғриқлари.

Шоир дейди:

 

Инсон бўлиб яшашликдан

                         саодат йўқ улуғроқ,

Тупроқаро боқий уйинг,

                         мулку макон омонат.

 

Улуғ ижодкор дунёнинг омонатлиги ҳақида ҳар вақт пандомуз (ва ёки ғамгин) сўзлаб турса-да, аслида у ҳаётни, одамларни, табиатни ва албатта, Ватанни – ўз она тилини жуда-жуда севарди. Бу муҳаббат унинг тўрт девонида қулф уриб, гуллаб ётибди.

Заҳматли меҳнат эвазига келажак учун катта мерос қолдирган, башарият ва абадиятга дахлдор шоирнинг номини, шонини кўтариш ҳамда қадрлаш борасида биз – замондошлар, дилдош ва тилдошлар нималар қила олдик?

Билмадим…

Солиҳа Олимова, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси.

Хўжанд.

КАЛЕНДАР

« Июн 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30          

МАҚОЛАЛАР

ИШҚУ МУҲАББАТДА КАМОЛ ТОПГАН ИЖОД

 

Раҳимжон Ҳамдамов 1959 йилда ҳозирги Бохтар (собиқ Қўрғонтепа) шаҳрининг Ургут маҳалласида туғилган. У талабалик чоғларидаёқ. ўймакорлик санъатига алоҳида меҳр қўйган. Мактабни битириши биланоқ, Душанбе шаҳар Мирзараҳмат Олимов номли рассомчилик билим юртига ўқишга киради. Таҳсил олиш жараёнида устози Сирожиддин Нуриддиновдан ўймакорлик ҳунарини қунт билан ўрганди.

Муфассал...

ҒАФУР ҒУЛОМ: - «Ассалому алайкум, муҳтарам биродарим ва муаззам шоир Лоҳутий!»

 

Ўзбекистон Халқ шоири Ғафур Ғулом тожик шоир ва адибларини ўзига жуда яқин тутарди. У, айниқса, Мирзо Турсунзода, Сотим Улуғзода, Муҳаммаджон Раҳимий, Боқий Раҳимзода, Жалол Икромий, Раҳим Жалил ва бошқалар билан жуда қалин дўст эди. Айний ва Лоҳутийни ўзига устоз, деб биларди. Тожик-форс тилини яхши билганлигидан  Рўдакий, Саъдий, Ҳофиз Шерозий, Жомий, Бедил асарларини ўзбек тилига ўгириб, нуктадон форсшунос, деган ном олган эди. 

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2439303

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

9723469
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
2317
4888
34687
9654609
90552
132053
9723469

Сизнинг IPнгиз: 216.73.216.135
Бугун: 21-06-2026 14:39:12

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015