- Ассалом!
- Вой…
- Қўрқма, Гавҳархон. Мени танимадингми, нима?
- Ие…Ҳикмат… Ҳикматжон… Сенмисан? Кечирасан, сени танимабман.
- Ёнингда ўтирсам, майлими?
- Марҳамат.
- Лекин мен, Гавҳархон, сени кўрганим заҳоти танидим.
- Ахир, сен бутунлай ўзгариб кетибсан, Ҳикмат. Кўнглингга олмагин, пешонангни ажин босибди, сочингга оқ оралабди. Қара-я, анча тўлишиб кетибсан.
- Сен бўлсанг, буткул ўзгармагансан. Ҳалиям худди илгаригидай ёқимтой, дилрабо…
- Қўй, ёлғон гапирма, Ҳикмат… Кўрмаяпсанми, чаккамдаги уч-тўртта тола оқарган. Уч ой олдин битта тишим тушди, ясамасини қўйдирдим. Яна… яна… мен беш фарзанднинг онасиман…
- Беш фарзанднинг?..
- Ҳа, уч ўғил, икки қизим бор. Ўзинг қандайсан? Ҳозир қаерда яшаяпсан?
- Мен яхшиман. Ўғлим бор. Москвада уч хонали уйим бор, лекин унда яшамаймиз, десам ҳам бўлади. Гоҳ Эронда, гоҳ Арабистонда, гоҳ Ҳиндистон ё Покистонда… Гавҳархон, ўзингдан гапир, қаерда ишлаяпсан?
- Мактаб-интернатда. Математикадан дарс беряпман.
- Эринг-чи?
- У – мактаб директори.
- Яхши, соғлигинг яхшими, ҳаётинг қандай ўтяпти?
- Ҳаммаси яхши. Раҳмат, Ҳикмат.
- Гавҳархон, сен… сен нега бу ерда ўтирибсан?
- Райҳон Москвадан телеграмма юбориб, бугун соат тўртда сада тагига келишимни сўрабди. Сен уни танийсан. У менинг жонажон дугонам бўлади.
- Ҳа, Гавҳархон, Райҳонни яхши танийман. Яхши аёл.
- Мен бу ерга келишга-келдим, лекин бир нарсани тушунмаяпман, нега сада тагига боргин, деб ёзибди? Ахир, у менинг қаерда яшашимни яхши билади. Москвадан тўппа-тўғри уйимга келаверса бўларди-ку… Ҳайронман. Келсин-чи, қулоғини яхшилаб бураб қўяман. Иккала қулоғини. Уч марта. Агар шундай қилмасам, Гавҳархон отимни бошқа қўяман. Қайтиб бундай ҳазил қилмайдиган бўлади.
- Уч мартагинами?
- Ҳа, уч мартаси етиб-ортади.
- Гавҳархон, мен… мен… Райҳон – менман. Марҳамат, қулоқларимни ўн марта бурасанг ҳам, хафа бўлмайман.
- Йўқ, Ҳикмат, сен Райҳон эмассан. Ана соат тўрт бўлди. Ҳозир келиб қолади, ана кейин жазосини олади. Райҳон ҳадемай келиб қолади …
- Гавҳархон, Райҳон сенга бир қучоқ салом юборди. Мен уч кун олдин Қизил майдонда у билан тасодифан учрашиб қолдим…
- А… а… ҳали бу телеграммани сен юборгандингми? Тағин… тағин… ишқилиб у… Султон мен билан бирга келмоқчи эди, хайрият, бир ўртоғи келиб қолгани, йўқса, ҳозир…
- Агар у келганида, мен сенинг олдингга яқинлашмасдим. Биласанми, Гавҳархон, мен ҳозиргина самолётдан тушдим. Соат олтида яна Москвага қайтиб кетаман. Чўнтагимда самолёт чиптаси бор. Шундай, вақтим оз. Ҳатто, ёру дўстларимни кўрмасдан кетаман.
- Нима, чўғ олишга келганмисан?
- Йўқ… йўқ… мен бу шаҳарга… бир зарур иш билан келганман… Йўл-йўлакай сени кўриб кетайин, дедим. Эртага биз Деҳлига учамиз. Мени Россиянинг Ҳиндистондаги элчихонасига ишга юборишяпти. Менимча, Деҳлида уч йилча қоламан.
- Аммо сенинг ишинг зўр-да, Ҳикмат. Қачон қарама, сафардасан, дунёнинг ҳамма ерини кўрасан, ер юзида кўрмаган жойинг қолмагандир?
- Ҳа, бир қараганда, шундай кўринади, Гавҳархон. Аслида бизнинг ишимиз осон эмас.
- Балки.
- Гавҳархон… Мен… сени туғилган кунинг билан табриклайман…
- Туғилган куним билан?
- Ҳа… бугун…
- Йўқ, Ҳикмат, менинг туғилган куним – эртага…
- Қанақасига? Гавҳархон, эсингдами? Тўртинчи курсда ўқиб юрганимизда, сен мени йигирма олтинчи январда ётоқхонага, йигирма ёшга тўлган кунинг таклиф этгандинг.
- Ҳозир, ҳозир… ҳа, эсимда. Лекин у пайтда мен курсдошим Шарофат билан туғилган кунларимизни бирга нишонлашга келишгандик. Унинг туғилган куни – йигирма бешинчи январда, меники эса, йигирма еттинчи январда эди. Икки марта овора бўлмаслик учун, туғилган кунларимизни бирга нишонлашга маслаҳатлашгандик…
- Ҳм… Ҳали эртага дегин. Мен бўлсам, шунча йиллар, агар ишонсанг, қайси шаҳарда бўлмайин, сенинг туғилган кунингни нишонлардим. Бир ўзим. Лекин ёнимда сен ўтиргандайин бўлардинг.
- Хато қилган экансан, Ҳикмат.
- Бу хатони тузатиш мумкин, Гавҳархон, лекин биринчи хатони тузатиб бўлмайди. Ҳа, хатолар бир хил бўлмас экан, биттасини тузатиб бўлади, бошқасини асло тузатиб бўлмайди.
- …
- Нега жим бўлиб қолдинг, Гавҳархон?
- Нима дейин?
- Бир-биримизни неча йиллар кўрмадик, биласанми? Менимча, ўн олти йил.
- Йўқ, Ҳикмат, ундан кўпроқ.
- Эҳ ҳаёт… ҳаёт… Агар ўша кечқурун мана шу сада тагига келганингда эди, биз бир умр бир-биримиздан айрилмас эдик. Эшитяпсанми, Гавҳархон, биз бир-биримиздан бир умр айрилмас эдик!
- У пайтда… у пайтда… мен сендан хафа бўлгандим. Кейин, мен қўлингда чипта, ўша оқшом Москвага учиб кетишингни қаердан билиб ўтирибман. Ҳикмат, сен кетдинг, лекин мен кунлар, ҳафталар, ойлар сенинг хатингни кутдим. Сен бўлсанг, мени унутиб юбординг. Ҳа, мен сенинг бир энлик хатингга арзимадим. Шунда менга алам қилди-ю…
- Қўй, Гавҳархон, бундай демагин, илтимос. Ҳа, бунинг ҳаммасига мен – бефаҳм одам гуноҳкорман. Кейинчалик мен қанча қийналдим. Пушаймонлик заҳрини ютдим.
- Ҳикмат, биласанми, мен шу пайтгача ўзимнинг гуноҳимни кечира олмайман. Нега бундай қилдим?.. Ўшанда жума оқшоми эди. Кино томоша қилиб қайтарканмиз, сен мени ётоқхонагача кузатиб қўйдинг. Эсингда бордир, хайрлашар эканмиз, шундайгина хонамиз эшиги олдида мени ўпмоқчи бўлдинг. У ёқ-бу ёққа ўтиб турган талабалардан уялиб, юзингга бир шапалоқ туширдим-да, хонамга кириб кетдим. Тўғриси, сендан хафа бўлдим. Уч кундан кейин сен мени мана шу сада тагига келишимни сўрадинг. Лекин мен бормадим. Ўзимча, бунга ҳақим бор эди. Сен гуноҳимни кечирасан, деб ўйлардим… Лекин минг афсус, ҳаммаси тескарисига айланиб кетди, ҳеч кутилмаганда… Эҳ, у пайтлар мен ҳаётнинг бундай «муштлари, зарбалари», паст-баландликлари борлигини билмас эканман...
- Гавҳархон, одам дегани хом сут эмган… Биринчи учрашувимиз эсингдами?
- Бўлмаса-чи? Гапларинг қизиғ-а, Ҳикмат. Мен у кунни ҳеч қачон унутмайман.… Кеч кираётганди. Уйда бир ўзим эдим. Масала ечишга қаттиқ уринаётгандим, қўққисдан хона шифти гурсиллай кетди. Бизнинг тепамиздаги, учинчи қаватдаги хонада турадиган талабалар машқ тошини кўтаришарди. Буни сездим ва тишимни-тишимга қўйиб ўтиравердим. Ғашимга тегаётган бўлса-да, у ёқимсиз овозга эътибор бермасликка тиришдим. Лекин… бўлмади. Асабим дош бермасдан, югурганча тепага, учинчи қаватга чиқдим. Жаҳлимни боса олмасдан, Рашидларнинг эшигини уч-тўрт марта қаттиқ тақиллатдим. Уйнинг эгаси ўрнига, сен эшик очдинг. Узун, қора сочларинг тўзиган эди. Пешонанг, юзингни тер босганди. Эгнингда майка, тош кўтармоқдан тер босган мушакларинг ўйнаб чиққанди.
- Гавҳархон, ўша онда қошларинг чимирилганди, кўзларинг ўтдек ёнарди. Мени кўриб, юзларинг лоладек қизариб кетди ва нима дейишингни билмасдан, оёқ-қўлинг титрай бошлади. Бошингни қуйи эгиб, пастки лабингни тишладинг…
- Гапинг тўғри, Ҳикмат. Мен сени танимаганим учун гапимни йўқотиб қўйиб, жим туравердим. Салом бердинг, алик олмадим. «Сизга ким керак?»- деб сўрадинг хафа бўлмасдан. «Ҳеч ким», дедим. «Эшикни сиз тақиллатдингизми?»- дея сўрадинг. «Ҳа», дедим. «Яхши, сизга ким керак?»- сўрадинг яна. «Ҳеч ким», жавоб бердим. «Бўлди, ҳазилни қўйинг, сизга ким керак ўзи? Ахир, эшик тақиллатдингиз, мен чиқдим»,- дединг. «Сиз хонамизнинг томини тошингиз билан гурсиллатиб тақиллатдингиз, мана, мен чиқдим. Сизга ким керак?»- сўрадим ўйламай-нетмай.
- «Худди ўзингиз! Мен сизни чақирдим». Бу гапларим эсингдами, Гавҳархон. Ўшанда зум ўтмай шундай дегандим ё шундай эмасми?
- Шундай, Ҳикмат. Ҳеч нарса эсимдан чиқмаган. Ҳар бир учрашувимизни, айтган ҳар бир сўзингни ҳеч қачон эсимдан чиқармайман.… Ҳа… ўшанда шундай дегандинг. Лекин мен бошқа оғиз очмасдан, ортимга қайтиб кетдим. Хонамга кириб, яна қўлимга қоғоз-қалам олиб, қуриб кетгур масалани ечишга тутиндим. Энди хона сув сепгандек эди, ҳеч ким тош кўтармасди, менга халал бермасди. Лекин менинг ўйларим тўзиб кетган эди, фикримни бир ерга тўплай олмасдим. Ҳа, шу алфозда камида икки соатни беҳуда ўтказдим. Кейин қорним очиб, кўчага чиқдим…
- Ўшанда, Гавҳархон, мен сени кўчада кутиб турардим. Кўринишинг биланоқ тахта ўриндиқдан сакраб турдим. Сен олдимда борардинг, мен кетма-кет кетавердим. Кейин қайси овқатни буюрган бўлсанг, мен ҳам ўша таомдан олдим. Битта стол атрофида бир оғиз сўзламасдан, иккимиз овқатландик…
- Бўлди, Ҳикмат, бўлди! Сендан ўтиниб сўрайман, ўтган гапларни бошқа эслатма. Юрагимдаги эски жароҳатни қайта очмагин. Сендан илтимос қиламан, биласанми, биласанми… Ҳикмат, ўтинаман… ўтинаман… ўтинаман…
- Хўп, хўп, Гавҳархон. Сен йиғламагин. Мен ҳам илтимос қиламан. Ахир, нега йиғлаяпсан? Сени кўргани келганимдан севинмайсанми, нима? Орадан ўтган йилларда қаерда бўлмайин, танишлар билан учрашиб қолсам, сенинг манзилингни сўрардим. Хайрият, ўтган куни Райҳонни кўриб қолдим. У турар-жойинг қаердалигини айтди... Мана, мен олдингда ўтирибман. Йиғлама, Гавҳархон. Ҳа, ана шундай кўз ёшингни артиб ол. Истасанг, мен бир ажойиб воқеани ҳикоя қилиб бераман. Истайсанми?
- Қулоғим сенда, Ҳикмат, айтавер.
- Қишки имтиҳон сессияси эди. Сени кўрмоқчи бўлиб, ётоқхонага бордиму эшигингни тақиллатдим. Эшикни Райҳон очди. Сени сўрадим. "Гавҳархон холасининг уйига кетди",- деди у. Уч-тўрт кун орасида неча марта борган бўлсам, у шундай жавоб бераверди.
- Шаҳарнинг уч тарафида учта холам бор. Одатда мен имтиҳонларга холаларимнинг уйида тайёргарлик кўрардим. Сен буни билардинг, Ҳикмат.
- Ҳа, эшит, Гавҳархон. Бирида мен буни Рашид жўрамга айтдим. Сен Рашидни танийсан. У Афандига ўхшайди. Қизиқчи бола, ҳозиржавоб. «Қачон сўраб бормайин, Гавҳархон холасининг уйига кетган бўлади. Нима қилай, жўра?»- дея ундан маслаҳат сўрадим. Рашид бўлса, шу заҳоти савол берди: «Сен Гавҳархонни кўришни истайсанми?» «Шу пайтгача мен деворга гапирдимми?»-дедим бироз жаҳлим чиқиб. "Ундай бўлса, сен холасининг уйига бориб, ижарада тургин. Ана шунда Гавҳархонингни ҳар куни кўраверасан",- дея маслаҳат берди у. Ҳа, ҳа…
- Ҳи… ҳи… Рашид шўх бола эди. Билмайсанми, ҳозир қаерда бўлса?
- Лолазорда. Бир пайтлар хўжалик раиси эди. Ҳозир билмайман.
- Яхши.
- Ана, аллақачон, соат бешдан ўн минут ўтибди. Вақт кам қоляпти.
- Ҳикмат, олдиндан узримни айтиб қўяйин, мен сени кузатиб қўя олмайман. Агар биронта танишим кўриб қолса, ҳар хил гап-сўз кўпайиши мумкин…
- Йўқ, кузатишинг шарт эмас. Ҳеч гап эмас, Гавҳархон. Мен… мен сендан бир нарсани сўрамоқчиман.
- Марҳамат.
- Ўн олти-ўн етти йил олдин мана шу сада тагида сени роса икки соат кутиб ўтиргандим. Сен келмадинг. Шундан кейин ҳар иккимиз ўзимизнинг ҳаёт йўлимизга қараб кетдик. Бошқа-бошқа кўчаларга. Мана, бугун сен келдинг. Айтгин, умуман, сен бахтиёрмисан?
- Менинг бахтим – беш нафар фарзандимда. Эрим ишлайди, мен ҳам ишлайман. Топганимиз тирикчиликка етади. Уйимизда ҳамма нарса бор: телевизор, радио, музлаткич… Хуллас, ҳамма нарсамиз етарли. Болалар катта бўлишяпти. Султон… эрим яхши инсон, меҳрибон. Мени иззат-ҳурмат қилади, мен ҳам уни эҳтиром қиламан.
- Яхши, яхши…
- Сен қандайсан? Айтгандай, элчихонага қандай йўл топдинг?
- Ҳм, дорилфунунни тугатганимдан сўнг, Москвадаги махсус академияда ўқидим ва аста-секин… зинама-зина юқори кўтарилавердим. Ана шундай қилиб ишлаб юрибман.
- Хотининг, болаларинг борми? Бахтиёрмисан?
- Оилам бор. Хотиним – Галина, ҳозирда истеъфодаги генералнинг қизи. Москвада ўқиётганимда, танишиб қолганмиз ва унга уйланганман. Бир ўғлим бор. Бу йил мактабни тамомлайди. Оти – Ҳаким. Хотинимнинг таклифи билан отамнинг номларини қўйганман. Биласан-ку, европаликлар оталари, боболари отини болаларига қўйишни хуш кўришади.
- Ҳа, биламан. Демак, ўғлинг Ҳаким Ҳакимов экан-да ва агар у ҳам ўғиллик бўлса, отини Ҳаким қўяр?
- Эҳтимол.
- Унда сенинг набиранг Ҳаким Ҳакимович Ҳакимов бўларкан-да?
- Балки… Гавҳархон, э, қўй бу гапларни. Ўзинг қандайсан? Мен фақат сенинг бахтли бўлишингни истайман.
- Ташаккур… Ҳикмат, соат беш ярим бўлди. Аэропортгача йўл узоқ. Тур, йўлга туш, бўлмаса, самолётдан кеч қоласан.
- Яхши-ю…
- Ҳа, тез бўл, бўлмаса, вақт ўтиб кетади.
- Хўп, саломат бўл, Гавҳархон. Хайр, яна кўришгунча… Эҳ, кечир, Гавҳархон, йўл бўйи ёдимда эди, бу ерда сени кўриб, қувонганимдан эсимдан чиқарибман. Ҳм, мен сени туғилган кунинг билан қутлаш учун Москвадан гулдаста олиб келмадим, узр, чунки бутун Тожикистон гулистондир. Кейин… шоир айтганидек, ўзинг гул, лабларинг гул, кўйлагинг гулдир. Шунинг учун ҳам, сен учун… мунажжимлар аниқлаганларидек, сен қовға бўлганинг учун, сенга унинг белгисини олиб келдим. У сени ҳамиша ёмон кўзлардан ва еру осмон балоларидан асрасин. Марҳамат, менинг арзимас совғамни олгин.
- Зарур эмасди-ю… яхши, ташаккур, Ҳикмат. Мен… сенинг олдингда бу қутичани очиб кўрсам бўладими?
- Марҳамат, кўргин, Гавҳархон, борди-ю бу сенга ёқса, мен келаси йил, худди шу куни ундан яхшироғини олиб келаман, Худо хоҳласа.
- Воҳ, намунча чиройли! Занжири ҳам бўйнингга тақсанг, ярашгудек. Ҳм, жуда ажойиб совға, Ҳикматжон. Қачонлардан буён бошқа дугоналаримдек ўзимнинг буржим белгисини сотиб олишни истардим. Аммо қачон бўлмасин, имконият тополмасдим. Узр, гапимни йўқотиб қўйяпман. Раҳмат, сенга, раҳмат!.
- Совға сенга ёққанидан жуда хурсандман.
- Тўхта…тўхта… Бу қовғанинг белгисими ё менинг суратимми?
- Ҳм…
- Ҳикматжон… бу менинг суратимми?
- Йўқ, Гавҳархон, бу қовғага ўхшаш сенинг суратинг. У рамзий юрак, менинг зор-зор, ёлғиз қолган юрагим. Бир пайтлар сенинг ўхшаши йўқ ҳусну жамолингга шайдо бўлиб, бугунгача … Энди, юрагим сенинг қўлингда. Онда-сонда мен ғарибни эслаб туришингни истайман.
- Мен… мен… Ҳикматжон… ишон, бу совға бўлмаса-да, мен сени тез-тез эслайман. Йўқса… йўқса…
- Ўзингни қийнама, Гавҳархон. Мени унутмаганинг учун хурсандман … кейин…
- Ҳикматжон, мен сени кўрганимдан роса хурсандман, лекин … шошгин, яна самолётдан кеч қолмагин.
- Ҳа-а… Қара, сада япроқлари қарсак чаляпти. Биз билан хайрлашгиси келмаяпти.
- Ахир, у бизни шунча йиллар кутди.
- Қара, қара. Эшитяпсанми? Япроқлардан маъюс овоз тўкиляпти.
- …
- Майли, яхши қол, менинг ягона Гавҳарим. Мен кетдим. Яна кўришгунча.
- Хайр, яна кўришгунча.
Маъруф Бобожон.
Тожик тилидан Ўринбой УСМОН таржимаси.
Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликлар ўзининг янги босқичига чиқиб, дўст ва биродар халқларимизнинг янада яқинлашувига хизмат қилмоқда.
Жумладан, жорий йилда икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро давлат ташрифлари ва улар доирасида имзоланган ҳужжатлар тўплами, айниқса, муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистонга уюштирган давлат ташрифи
Муфассал...
Тожикистон Республикаси бундан 28 йил муқаддам, 1991 йил 9 сентябрда ўз мустақиллигини эълон қилди. Бу қутлуғ кунни халқимиз азалдан кутганди. Чунки мустақиллик халқимизга дунёнинг бебаҳо неъмати - озодлигу эркинлик ва гуллаб-яшнашни ато этди. Бу қимматли неъматга Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон - миллий давлат тикловчиси, тинчлик ва бирлик меъморининг
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015