Ўз ғамидан кўра ўзгаларнинг ғамини кўпроқ ер эди, Асқар…
Ўзгалардан топмаган меҳрни Асқардан топган, оғир дамда Асқарнинг бод чалган оёғига, ожизгина елкасига суяниб, ҳамдардлик туйган ҳофиз Абдужабборнинг ноласи бўлиб йиғларди кўнгил. Асқарнинг севган қўшиқларидан бири эди - бу…
Руҳим - исён бузар танамни,
Умрим - гумон тирнар ярамни.
Оҳим - тўфон бузар оламни,
Мен сабрга сиғмаган телба.
Кўзларимдан ўтди дарёлар,
Ўйларимда етди дунёлар.
Жабр бўлди: ёлғон - рўёлар,
Мен жабрга сиғмаган телба.
Киприк очсам, тонглар отдилар,
Кўксимга тил захми ботдилар.
Менинг қадрим арзон сотдилар
Мен қадрга сиғмаган телба.
Ҳамроз эрмас менга замоним,
Дунёларга сиғмади жоним.
Шеърим дедим, манзил-маконим,
Мен сатрга сиғмаган телба.
Хазонларга кўнглимдир қабр,
Армонларга кўнглимдир қабр.
Замонларга кўнглимдир қабр,
Мен қабрга сиғмаган телба…
Мени доимо бир фожиа, бир савол қийнаб келган, нега ҳар замоннинг бағрига ҳақпарастлар сиғмай, риёкорлар яшаб ўтган?..
Дарвозалар темирга айланиб, уйлар яқинлашиб бўлмас ҳашаматли қўрғонларга айланган бир замонда, Асқар хонадонининг эшиклари кўнглидек доимо очиқ эди. Ҳеч ким Асқарнинг остонасидан ноумид қайтмаган. Бу хонадон эгасидай бағрикенг, эгасидай меҳрибон эди…
Асқарнинг оҳанраболиги сирларидан бири: унинг тўғрилигида эди. Бетида ниқоби йўқ эди, унинг. Самимият яшар эди, унда. Кўзларида меҳр қурган эди ин.
Янги шиор кўтариб, гар келса бирон катта,
Биз ҳам ниқоб янгилаб, мослашамиз албатта.
Шоирлари ниқоб янгилаб, замонга мослашганида, Асқар ўзига хиёнат қилмади. У Асқарлигича қолди. Шунинг учун ҳам, эрта кетгандир, балким… Унинг учун тўғри сўз барчадан устун эди.
У ҳам мослашишни билганида эди, узоқ умр кўрармиди, балким…
Унга ҳам қаторлашган нишонлар, унвонлар насиб этармиди…
Тама, такаббурликдан йироқ эди, у. Нафсини қаноат, сабр занжирларига кишанлаган, умрини Ҳақ йўлига чироқ этганлардан эди, у.
Ўзи Ҳақни танимаган, борар манзилини билмаган қалам соҳиби шайтоннинг жарчисидир, нафақат, ўзини, балки ён-атрофини ҳам Ҳақ йўлдан чалғитади.
Ҳақ нурларига йўғрилган Асқарнинг шеърлари инсониятни Ишққа томон, Ҳаққа томон чорлайверади…
Ҳақпараст эди, бизнинг Асқар… У ўзидан иймон нурларини таратиб, амалда ҳам, ибратда ҳам намуна эди. Асқарнинг ибрати унинг аҳли оиласида, дўстларида, ён-атрофида яққол намоён эди. Ўзгача эди, Асқар билан суҳбат ҳам. Сиёсат эмас, шеърият эмас, дунё эмас, Холиқидан эрди суҳбатлар мавзуси.
Бозорда кўзалар кўрсатиб жамол,
Авомнинг ақлини айладилар лол.
Во ажаб, олқишни кўзалар олар,
Пинҳондир кўзани яратган кулол.
У кўзларга алданиб қолмаслик кераклигини билар, кулолдан бохабар эди.
Суҳбатлар зиёсидан ёришиб кетарди, тунларнинг бағри. Нурафшон бўларди, кўнгил осмони. Бир-биридан сув ичарди, ташна кўнгиллар.
Бир кўнгил уйини мунаввар этмоқ,
Минг Каъба сайридин билгил, яхшироқ.
Қанчадан-қанча кўнгиллар мунаввар тортди. Асқар сиймосидан..
Девоналик қилавер, Асқар,
Девоналик сенинг корингдир.
Ишқ даштида телбаҳол кезган
Барча ошиқ сенинг ёрингдир.
Кўзларида ишқлар гуллади,
Сени ичган майхоналарнинг.
Сарҳадлари сўкилди ожиз,
Сен сиғмаган афсоналарнинг.
Лабларига инди табассум,
Сен оёғинг чайган дарёнинг.
Ғусуллари айланди қабул
Кўзларингга чўмган дунёнинг.
Висол дорин остонасида,
Ечганингда чориқларингни.
Сен хушламас шуҳратлар ўпди,
Товонингнинг ёриқларини.
Ҳушёрликдан топмадинг маъни,
Телбаликни тутавер маҳкам.
Сенинг ишқий хуружларингда
Ёлғиз Оллоҳ ўзидир ҳакам.
Ҳеч ким бу дунёсини обод қилмай, охиратини обод этолмас.
Кўпчиликка бу дунёсининг ободлиги ҳашаматларда яшаб, то бўккунча еб-ичишдир. Аслида эса, ҳаромлардан парҳез қилиб, пок-ҳалол, хотиржам умргузаронликда эмасмикин, бу дунё ободлиги…
Ҳаромлардан парҳез қилмаган зотнинг
Охирати нечук бўлгайдир обод?..
Асқарнинг иккала дунёси ҳам ободдир. У ўзини Ҳақ йўлига пилик этди…
Биз Асқарни кутар эдик, жуда интиқ кутар эдик. Гўё қаҳратон бағрида қолган гиёҳлар кўкламни кутгандай интиқ. Асқар келди, деган хабардан ёришиб кетарди кўнгиллар. Нур бўлиб кирарди. Асқар ўзича кутарди уни. Уни билган ҳар зот, менинг Асқарим, менинг акам ёки укам, дея оларди. Чунки Асқар қуёшга ўхшарди, у ҳаммага бирдай
Меҳр тарата оларди. Қуёш ҳамманики бўлганидай, Асқар ҳам ҳамманики бўлолди. Шундай бахт унга насиб этди…
Ошиқ эди, бизнинг Асқар… У ишқнинг энг олий неъмат эканлигини биларди.
Аввал не эди, тупроқмиди, жон?
Аввали не эди, руҳмиди, сарсон?
Мен дедим: аввали ишқ эди, илло,
Ким беишқ тупроққа солар эди жон.
Бу кўнгил гадодир, илло, гадодир,
Тилагани ёлғиз васли Худодир.
Ишқ ошиқни маъшуққа олиб кетди…
Устоз Ўлмас Жамол унинг тобути бошида йиғлаб айтдилар. Асқар биздан, нафақат, шеъриятда, ҳатто, ўлимда ҳам илгарилаб кетди. Ўлим деб, бақоликни назарда тутдилар устоз.
Ўлим кимларгадир йўқлик келтирса, кимларнидир бақоликка элтади. Ошиқларга ўлимнинг тиши ўтмайди.
Мен биламан: ишқ қанотида
Бақоликка етади йўлим.
Иймонимга тишин синдирар
Йўлларимни пойлаган ўлим.
Менга не ғам харобатда
Хароб бўлса, бир кун таним.
Жанда тўндек ечиб кетгум,
Умри бақо кўнглимдадур.
Қадри ўтган қуёшнинг қадри янада қадрлироқ бўлади.
Қуёшни кўмарлар тоғлар ортига,
Осмоннинг бетига сачрайди қони.
Сўнгра-чи, устига тунни ёпарлар
Дунёни тутмасин, дея фиғони.
Инсон умрининг нуқтаси бўлмиш қабрларга боқиб, узоқ ўйландим. Вақт нима? Умр нима? Биз киммиз? Одамми ёки махлуқ? Бу келиб кетмоқдан мақсад надур?
Нафс итин ортидан ҳориган, тўзган,
Жонимни армонда қовуриб едим.
Орият чок этган ёқамдан тутиб,
Кўзларимга боқдим, йиғладим, дедим.
Унутиб ер юзин саждагоҳлигин,
Тишларинг дунёга
ёпишиб маҳкам.
Сенмисан Худонинг
суюк бандаси,
Фаришта пойига
сиғинган Одам?
Ўзимга тикилдим,
қабримга тикилган каби.
Дедим: -Эй, қўлларим
нелар ғамида
Бунчалар ҳоридинг,
бунчалар толдинг.
Деди: - Қорин ғамида…
Дедим: - Оҳ, бошгинам,
нелар ғамида
Бунчалар оғридинг,
ташвишга қолдинг?
Деди: - Қорин ғамида…
Дедим: - Фақат қорним,
дея чекиб ғам,
Бир улкан қоринга
айландинг Одам.
Биз нима қилиб юрибмиз ўзи, бу дунёда? Умримиз мазмуни, маъниси надир? Қай хизматимиз эвазига пойимизга фаришта сиғинган?
***
Қабрларга узоқ тикилдим ва англадим. Кимки комил Одам мақомини ололмай ўтса, унинг умри ёлғондир.
Эшик очинг менинг қабримга.
Вужудпараст ҳолимни кўрсин.
Тупроққа ем суякларимдан
Ҳар ким ибрат донини ўрсин.
Эшик очинг менинг қабримга,
Пештоқига шиор битингиз:
"Вужуд ҳоли шулдир, оқибат"
Сиз мазмунни камол этингиз.
Мазмунни камол этмоқдан-да, не улуғроқ иш бор дунёда.
Эҳ, биз нималар билан машғулмиз? Нималарга умрни исроф этмоқдамиз?
Дедим: - Эй Одам, сени Ҳақни билмайдиган бу кишилар, бу воизлар нажотга элтолмас. Ўз нафсидан йироқни кўролмайдиганлар, ўзлари нажот топмаганлар сени қандай қилиб нажотга элтсин?!.
Сен Ҳақни таниганларнинг этагини тутгилким, нажот топгайсан…
Кўнглимга кўчган қабр билан мен қабристонни тарк этдим.
Асқарнинг қабри ҳам ибратомуз мадрасага айланиб, кўнгил кўзларидан ғафлат пардаларини чокидан сўккандай бўлди.
Ўзимдан ўзимни поклаб, ўзимдан ўзимни ечдим. Исёнларим, нафратларим ўтмишда қолди. Муҳаббатга айланди кўнгил.
Нафратларим менинг ўтмишда қолди,
Исёнлар вужудим этолмас ўтин.
Иккала дунёни ларзага солган
Ғавғолар кўнглимда топадилар тин.
Менга ёмонликни раво кўрганлар
Сизни гумроҳ билдим, билмадим ағёр.
Сиз учун, эй мени сиғдирмаганлар,
Кўнглимда муҳаббат мамлакати бор.
Ва яшай бошладим беисён, бенафрат, хотиржамлик тўнини кийиб, осудалик соясида, муҳаббатни макон айлаб. Ваҳдатда Ватанни топиб, ўлимида ҳаётни туюб яшай бошладим.
Йиғладим. Парвардигоро, мендан хотиржамлик, осудалик тўнини ечма. Сўнгги нафасимни ҳам осудаликда, муҳаббатда ол…
Менинг кўнглимга кўчган Асқар Маҳкам қабри йиллар ўтиб Мавлоно Яъқуби Чархий, Жалолиддин Румий қабрлари сингари ҳақпарастлар зиёратгоҳларига айланса, не ажаб…
Шодмон Жўра, шоир, Бохтар шаҳри.
Табаррук газетамиз "Халқ овози" 90 ёшга тўлибди. Газета тарихи ҳақида сўзлар эканмиз, устоз Ҳожи Содиқни эсламай бўлмайди…
Сўз устоз ҳақида борар экан, мураббий, тарбиячи деб ифтихор-ла тилга олинадиган саховатпеша, бепоён меҳру мурувват, одамий фазилатлар соҳиби бўлган бу заҳматкаш инсоннинг нурли сиймоси кўз ўнгингизда гавдаланади, хотирангиз гўшаларида қад ростлаб, сизга меҳрибон кўзлари-ла нигоҳ ташлаб
Муфассал...
«Жорий йилнинг йигирма иккинчи марти – Халқаро сув захиралари кунида бизнинг сув соҳасидаги тўртинчи халқаро ташаббусимиз – 2018-2028 йиллар - «Сув устувор тараққиёт учун» халқаро амалиёт ўн йиллиги татбиқи Давлат бошлиғининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида Давлат раҳбари иштироки билан бошланди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015