Туш кўраётганди. Ғалати туш...
Тўғриси, кўраётгани асло тушга ўхшамасди - ҳаммаси ўнгидагидек аниқ ва тиниқ...
Юксак қоя устида туришарди. Кимдир елкасидан итариб юборди...
Қоядан шиддат билан пастга учди. Пастда - жуда қуйида, икки тоғ
оралиғида - оловли дарё оқар, унинг кучли тафти юзига урила бошлаганди. Энди у охир-оқибат сув ўрнига аланга оқаётган дарё ичига бориб тушиши керак эди...
Орқага бир ўгирилиб қарай олса, ўзини ғафлатда қолдирган ўша кимсанинг юзини кўриб қолган бўларди. Аммо...
-Кишанбой, Авазхон, Темирали...
Бек навбатдаги аёвсиз жангу жадаллардан сўнг, омон қолган қирқ чоғли йигитларининг исмини бирма-бир тилга ола бошлади. Ўз номини эшитган ёвқур жангчиларнинг ҳар бири дарҳол ўрнидан ирғиб турарди-да, қўлини кўксига қўярди. Сўнгра эса:
-Бек!.. - дея бошини хиёл эгиб, таъзим қилишни ҳам сира унутмасди.
Кейинги дамларда кечки пайт навбатдаги жангга киришдан олдин бек шундай қиларди - камайиб бораётган йигитларнинг номини айтиб, уларни руҳлантиришга интиларди.
- Собиржон, Қулмат, Тўқсон...
У ўз йигитларининг номини ҳамиша бир тартибда айтавермасди. Исми олдин тилга олинганлар - Бекнинг назарига тушиб, алоҳида эътиборга лойиқлари. Ўзига хос бир илтифоту мукофоти - бу.
У негадир бу гал энг ишонган йигити - ўзининг туғишган жияни Тўқсоннинг номини энг охирида тилга олди. У ҳам, уч кун бурунги тўқнашувда чап оёғидан ўқ еганига қарамай, ўрнидан деярли отилиб турди.
-Бек!..
Бироқ унинг товуши анча бўғиқ ва титраб чиқди. Бу ҳолат Бекнинг назаридан четда қолмади. У жиянига нимадир демоқчи бўлиб, оғиз жуфтлади. Кейин эса, ниятидан қайтди.
-Субҳи содиқда яна жангга кирамиз!..
Бек шундай деди-да, ҳамон қаршисида тошдек қотиб турган содиқ йигитларига бирма-бир кўз югуртира бошлади. У ўз сўзининг кимга қандай таъсир этаётганини аниқ билишни истарди.
-Эҳтимол, бу бизнинг энг сўнгги олишувимиз бўлар...
Айтилган гап - эҳтимолсиз ҳақиқат, оқибати ойдай равшан бўлиб турган аниқ ва жуда аччиқ ҳақиқат эди. Шундайлигини барча йигитлар сезиб-англаб, юрак-юракларидан ҳис этиб туришарди.
- Ғозийлик насиб этмаса, ҳақ йўлида шаҳид бўлармиз...
Бек жим бўлиб қолди. Орага оғир жимлик чўкди. Ёз оқшомининг ғир-ғир эсиб, юзларни майингина силаб турган енгил шабадаси ҳам бирдан тўхтаб қолгандай бўлди.
-Кимнинг бирор муҳим гапи бўлса, хуфтон намозидан сўнг ёнимга кирсин...
Масала - ҳал, қарор - қатъий, Бекнинг айтадиган бўлак гапи қолмаган эди.
У ўзи томон узатилган қора қумғонни олиб, анча наридаги катта харсанг орқасига ўтди. Таҳорат қилди. Кейин эса...
У жамоа бўлиб ибодат қилишни унчалик хушламас, ўзи ёлғизгина намоз ўқишни афзал биларди. Ҳеч ким эътиборни бузолмайди, яратган билан яккама-якка тургандек, бемалол сажда қилинаверади.
Бу оқшом у намоз ўқиш рукнларига риоя қилмади - жойнамозга тиз чўкканча, қаттиқ ўйга толди. У ўз умри азизининг жуда шиддатли жангу жадалларда кечган кейинги ўн йилини эслашга уринди...
-Жон ҳифзи азиз, аммо юрт ҳимояси ундан ҳам азизроқдир, ўғлим!..
Бир ҳовуч дуони ихтиёр этиб, ҳузурига кирган йигитга Пири Комил шу гапни айтди. Ўшанда бек эндигина ўттиз ёшни тўлдирган эди. Ва элу юртининг ҳимоясини муқаддас билиб, кунботардан бостириб келаётган ёғийлар билан курашишни ихтиёр этганди.
-Фақат иблис табассумидан жуда эҳтиёт бўлгин!..
Улуғ зотнинг кейинги бу огоҳлантиришига ўшанда Бек - ҳукмроннинг ўзидан фотиҳа олиб, қўрбоши лавозимини эгаллаган йигит - унчалик эътибор бермаганди. Аниқроғи, Пири Комилнинг алоҳида урғу бериб айтган бу гапи замирида қандай маъно борлигини билолмай қолганди.
Ўт-олов эди, ўлимни писанд этмади. Ёв юрагига ваҳима солиб, юртини ҳимоя қилишга киришди.
Кейин эса, Амирнинг мамлакатни ўз ҳолига ташлаб, хорижга қочгани алам қилди. Бу аламини ҳам душманидан ола бошлади.
Охирги йилларда Бек бир нарсани - босиб олинган маконларда тартиб ўрнатаётган қизил аскарларга эл ён босиб, хайрхоҳ бўлаётганини - аниқ сеза бошлаган эди. Шунинг учун ҳам, ўз юртини бегоналар қадамидан асраб қолиш учун тинимсиз курашаётган фидойиларга ғалати номни раво кўришганди - босмачи...
Бек тан олади: йигитлари томонидан баъзан ноҳақликлар ҳам содир этилди. Демакки, босмачилик қилишга қўл урилди.
Билганларини, ножўя ҳаракат қилиб, элга озор берганларни аёвсиз жазолади. Қай бир четроқдаги қишлоққа ўзбошимчалик билан бостириб кирган йигирма етти йигитни ўз қўли билан отиб ташлагани ҳам - рост.
-Ҳақ йўлини танлаган одамнинг ноҳақлик қилганини ҳеч ҳам кечириб бўлмайди!..
У йигитларига ҳамиша шундай дея таъкидларди.
-Тангри қўлласа, ғозиймиз!..
Ғозийлик - ўз йўлига, лекин жангу жадалларнинг интиҳоси кўринай демасди. Оғир дамларда чекиниб, Аму дарёсининг сўл соҳилига ўтди. Куч тўплаб, қайта жангга киришди.
Қўрбоши кейинги дамларда бир далилдан, ўзининг ўта махфий режаси ҳам рақибларга аён бўлаётганидан ҳайрон қоларди. Худди ана шундай қалтис лаҳзаларда, нияти барбод бўлиб, майдонда енгилиб қолган лаҳзаларида Пири Комилнинг айтган сўзлари қулоғи тагида жаранглагандай бўларди.
-Фақат иблис табассумидан жуда эҳтиёт бўлгин!..
Аммо-лекин, иблис қачон ва қаерда табассум қилишини сира билмасди.
-Агар Бек қуролини ташлаб, икки қўлини юқорига баравар кўтармаса, элатини битта ҳам қолдирмай...
Тоғу тошни кезиб, ўз душманига гоҳ ўнгу гоҳ сўлдан оғир шикастлар етаказаётган Бек бир неча марта элчиларнинг бу маънодаги талабларини кўп эшитди. Бироқ ўз йўлидан қайтмади - юртини босиб олаётган ёғийга бош эгишни хаёлига ҳам келтирмади.
-Элнинг тақдирини фақат Яратганнинг ўзигина ўзгартира олади!..
Унинг қатъий жавоби шундай эди.
Қизиллар ҳам Бекнинг жасоратига тан бермасдан иложлари йўқ - баъзан саноқлигина йигитларини ҳам юзлаб рақиблар билан юзма-юз жанг қилишга бошларди. Энг ҳайратлиси, олдинги сафда курашга кирган қўрбошининг ўзига ҳеч бир ўқ тегмасди.
-Бекнинг баданига ўқ ботмайди!..
Қўлга тушган бир йигитнинг бу гапи ёғий томонни бир қадар таҳликага сола олганди - ҳам.
-Бўлмағур гап...
Ана шу бўлмағур гап ҳам - асосли. Ўн йил тинимсиз жанг қилиб келаётган бўлса-да, баданининг бирор жойи тирналмагани шундай хулоса чиқаришга мажбур этарди.
Бекнинг ўзи ҳам бу тахлит уйдирма гапларни кўп эшитарди. Ва ҳар гал ҳам бирор нима демай, билинар-билинмас кулимсираб қўярди.
Дарвоқе, бир гал аёвсиз отишмадан сўнг, у оқ чакмонини ечганида, икки-уч ўқ тош устига жаранглаб тушди. Атрофини ўраб туришган йигитлар анграйиб қолишди. Кимдир ўзига келиб, ўқлардан бирини ердан олганди, бармоқлари куйгандай, дарров ташлаб юборди.
-Ўқ ҳали совимаган экан!..
Ҳамма Бек томонга ҳайрат билан боқди, унинг нимадир дейишини кутди. Изоҳ бериш мавриди етган эди.
-Туя жунининг пишиқ ипидан тўқилган чакмонга ўқ қадалиб қолган бўлиши мумкин-ку, ахир...
Ҳар қалай шундай ҳолат бўлган эди. Ва бу воқеа йигитларни руҳлантириб, етакчиларига бўлган ишончу эътиқодларини яна ҳам кучайтириб юбора олган эди...
Бекнинг хаёлини жияни Тўқсоннинг журъатсиз томоқ қиргани бўлиб юборди.
-Гапим бор эди, тоға...
-Бемалол.
-Шу...
-Жасадимиз мана шу муқаддас тупроқда қолади, жиян!..
У ҳар бир сўзига алоҳида урғу бериб гапирди. Бир ҳафта бурун жияни бир таклифни ўртага ташлаганди. Яширин йўл билан хорижга кетиб, бемалол кун кечиришлари мумкинлигини айтганди. Амирнинг бир махфий хазинаси қаерда эканлигини фақат Бек билади. Ўшани олишади ва кетишади.
-Мен ҳеч кимнинг омонатига хиёнат қилмайман, Тўқсон!..
Жаҳл устида тоғаси ҳеч кимни аямаслигини билган жиян секингина орқага тисарилганди. Энди эса...
-Ахир...
-Жонинг ширинлик қиляптими, Тўқсон?
-Кўра-била ўзимизни ёниб турган ўтга ташласак...
-Элнинг кўз ўнгида гуркириб ёнганча жон берамиз!.. - Бек асабий томоқ қирди-да, бўзрайиб турган Тўқсонга тик боқди. - Қочсак, умримизнинг охиригача нафрат ўтида куяверамиз...
Бек ўнг қўлининг бармоқларини қаттиқ қисирлатди - ораларида энди бир оғиз ҳам айтиладиган гап қолмаган эди. Тўқсон типирчилай бошлади.
-Айт, қайноқ чой олиб киришсин...
Жиян дарров чиқиб кетди-да, салдан сўнг ўзи чой кўтариб кирди.
-Сергак бўлиб туринглар. Худо хоҳласа, субҳи содиқда...
Келтирилган чой жуда хуштаъм эди. Бек устма-уст уч пиёла чой ичди. Тўртинчи пиёлани яримлатганда негадир мудроқ босди. Кейин эса, туш кўра бошлади...
Алангали дарё томон учиб тушарди. Бир илож қилиб орқага ўгирилди. Қоя устида кимнингдир башарасини кўргандек бўлди. Таний олмади...
Биров қаттиқ туртгандай бўлди. Бек ирғиб ўрнидан турди. Ва шу дам қил чилвир билан орқасига қаттиқ тортиб боғланган қўллари оғриётганини сезди.
-Биз ўз ихтиёримиз билан таслим бўламиз!..
Биз дегани - тоға билан жиян, йигитларнинг эса, қораси ҳам кўринмасди.
Бек нарироқда беўхшов тиржайиб турган жиянига қаҳрли тикилди. Ва тушида таний олмаган башарани дарров илғади.
Тўқсоннинг юқори кўтарилган чап қўлида бир парча оқ мато тонг шамолида зўрға ҳилпирар, қаршидан эса, бир тўп милтиқ ўқталган отлиқ аскарлар улар томон келишарди.
-Фақат иблис табассумидан жуда эҳтиёт бўлгин!..
Бек қаттиқ, жуда ҳам қаттиқ ингранди. Юрагининг жон томири узилиб кетгандек бўлди. Сўнг қисилган мижжасидан бир томчи ёш қалқиб чиқди.
Кўз ёши қонталаш эди...
Жўрақул АЖИБ.
Юксак истеъдод соҳиби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг вафот этгани тўғрисидаги хабар барчамизни чуқур қайғуга солди. Олис йиллар бурун, аниқроғи, Тошкент шаҳридаги олий милиция мактабида таҳсил олган йилларим Абдулла Ориповнинг халқ орасида жуда машҳурлиги тўғрисида эшитгандим. Шерали Жўраев, Ортиқ Отажонов, Олмахон Ҳайитова, Муҳаббат Шамаева каби таниқли ҳофизлар унинг шеърларига куй басталаб, қўшиқ куйлаганлар.
Муфассал...
(Устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг сўнгги ғазалига шарҳ)
Борлиқни тун сукунати чулғаган. Шаҳарда, айниқса, касалхонада, тунда ҳам сокинлик бўлмаса-да, ҳар қалай, сершовқин кундузга қараганда, анча тинч. Шоир чуқур ўйга толганча шифтга қараб ётаркан, бутун умрини кўз олдидан ўтказди. "Кўпинча инсон ўзини барча ишларга қодир яратиқ санайди. Аммо ўзлигини англаган сари Яратганнинг наздида қанчалар ожизлигини тушуниб етади ва ўзининг тақдир аталмиш азалий битикка ризоликдан ўзга чораси
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015