Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 17 Август 2018 Кӯришлар: 2000
Печат

 

Ўзбекистон Халқ ҳофизи Шерали Жўраевнинг "Ака-укалар" қўшиғини тинглаб…

sh juraev 2018Най инграйди…

Ғижжак нола чекади…

Сўз йиғлайди…

Ҳофиз куйлайди…

Томошабин тинглайди, юрак-юрагидан эзилиб-эзилиб…

Ҳофиз куйга мос тарзда сўзларни юрагининг дардига йўғириб, қўшиқ айтади ва ўзи ҳам шам сингари эрийди…

Бу қўшиқ оддий қўшиқ эмас, у бу дунёда тобора танқислашиб бораётган меҳр ҳақида, муҳаббат тўғрисида…

Бу қўшиқ одамийликни тараннум этади, инсоний оқибатга чорлайди.

 

Бевафо дунёнинг ўткинчи ҳою ҳавасларига муккасидан кетмасликка чақиради. Томошабиннинг юрагидан ҳасад чекинади, нафрат қочади, ҳирсу нафс йўққа айланади.

Қўшиқ ҳофизнинг юрагидан томошабиннинг кўнглига қуйилади, сингади. Шу лаҳзаларда томошабин ва ҳофиз бир вужудга айланади. Меҳру муҳаббатга ташна юраклар туташади. Уларнинг туташган нуқтасида эзгулик туғилади, гўзаллик яралади, нафосат таралади. Бир муддатга, бир онга туташган юраклар дунёнинг бешигига айланади. Бу муқаддас бешикда меҳр, муҳаббат, садоқат, вафо, оқибат - инсоний фазилатлар йўргакланади. Ва қўшиқнинг сирли-ю сеҳрли калималари бешикни тебратади. Бу эзгу фазилатлар камол топади, кенгликларга ёйилади, чексизликларга таралади. Улар ўзларининг ҳассос қанотларида башарият аҳлига эзгулик элтади, оқибат тақсимлайди, меҳр-муҳаббат улашади…

 

Муҳаббат сирлари пинҳон,  

       қора икки қароқларда,

Эриб сувдай оқар қалбим,

       ўшал икки булоқларда.

Оға-ини, опа-сингиллар, тўзиб

               кетма, йироқларда,

Ки, қалбим қийналар доим,

                                           кўрарман деб сўроқларда.

Қол, эй ҳасрат сен ҳам бизга етиб бўлмас йироқларда,

Оёғим қонлари оқиб, қотиб қолган тузоқларда.

 

Ҳофиз ўз қаламига мансуб бўлган шеърни оҳангга солиб йиғлайди. Оҳ уради, инграйди. У меҳр излайди, муҳаббатга ташна қалбининг ноласи томошабин юрагини тимдалайди. Унинг энг нозик торларини ҳам жунбушга келтиради.

Турмуш ташвишларига ботиб қолган пайтларимизда меҳримиз чекинаркан, муҳаббатимиз ўти пасаяркан. Биз турмуш қўйган "тузоқ"лардан қочолмай қоларканмиз. У бизни қопқон сингари чангаллари орасига олган пайт яқинларимизни ҳам унутиб, қариндошларимизга бўлган соғинчдан маҳрум бўлиб қоларканмиз. Ўткинчи дунёнинг ўткинчи ҳою ҳаваслари бизнинг ҳиссиётларимизни ўтмаслаштириб, молу дунё ҳирсида кезаётган махлуқларга айлантириб қўярмикан-ей…

Най инграйди…

Ғижжак нола чекади…

Сўз йиғлайди…

Ҳофиз куйлайди…

Томошабин тинглайди, юрак-юрагидан эзилиб-эзилиб…

Ҳофиз куйга мос тарзда, сўзларни юрагининг ноласига йўғириб қўшиқ айтади ва ўзи ҳам шам сингари эрийди…

Бу қўшиқ оддий қўшиқ эмас, у бу дунёда тобора танқислашиб бораётган меҳр ҳақида, муҳаббат тўғрисида…

 

Укам бўлсанг, келиб

     кўнглим чаманин гуллатиб қўйгил!

Гўзалликдан, жавонликдан

                     сўз очиб, куйлатиб қўйгил.

Ўтиб кетган қариндошдан сўз очиб,

                                   йиғлатиб қўйгил,

Тўлиб тур, кел, қанотимсан,

                       тўзиб кетма йироқларда.

Ки, қалбим қийналар доим

                   кўрарман деб сўроқларда.

Сенингсиз муз бўлар қалбим,

                     очилмас гул, бу боғларда.

 

Болалигимиз…

Оҳ, нақадар беғубор даврлар эди. Эсимда: қуйи синфда ўқийдиган пайтларимиз мен билан Дурхалой опамни биздан каттароқ опамиз Химхалой мактабгача бошлаб борарди. Мактабимиз қўшни қишлоқда, уйимиздан бир ярим чақирим узоқда жойлашганди. Биз йўлни қисқа қилиш учун қишлоғимиз тепасидан ўтадиган катта ариқ ёқасидаги чанг йўлдан мактабга қатнардик. Менинг опам, меҳрибон опам Химхалой бизларга ачиниб, менинг ҳам, Дурхалой опамнинг ҳам китоб тўла сумкасини ўзи кўтарарди. Ўзи биздан атиги уч-тўрт ёш катта бўлишига қарамай, бизнинг сумкамиз, устига ўзининг сумкаси опагинамга анча оғирлик қилиши унинг қийналаётган чеҳрасидан билиниб турарди. Аммо у бизга сумкани кўтартирмасди. Бу опагинамнинг бизга меҳри эди, муҳаббати эди. У бизни аярди, ўзига жабр бўлса-да… Ва опамнинг бу амали сохта эмасди, балки туғишганларнинг бир-бирига бўлган самимий муҳаббати билан суғорилганди…

Баъзида туш кўраман. Тушимга мактабга қатнаётган болалигим киради. Болалик хотирамда муҳрланиб қолган опагинамнинг сумкалар оғири остида эгилган қадди тушларимга кириб чиқади. Меҳрибоним, мени кечир. Мен ҳам турмуш тузоқларига илиниб қолдиммикан-а, опажон?!.

 

Най инграйди…

Ғижжак нола чекади…

Сўз йиғлайди…

Ҳофиз куйлайди…

Томошабин тинглайди, юрак-юрагидан эзилиб-эзилиб…

Ҳофиз куйга мос тарзда сўзларни юрагининг соғинчига йўғириб, қўшиқ айтади ва ўзи ҳам шам сингари эрийди…

Бу қўшиқ оддий қўшиқ эмас, у бу дунёда тобора танқислашиб бораётган меҳр ҳақида, муҳаббат тўғрисида…

 

Гўдаклик чоғларимдан айт,

                                       қувончимсен, акам бўлсанг,

Ўйнаган боғларимдан айт, юпанчимсен, акам бўлсанг!

Йиқилсам суяб турғизган, опичлаб сувдан ўтқизган,

Чўмилган сойларимдан айт,

                                         суянчимсен, акам бўлсанг.

Қўлинг чўз йўлда қолсам гар,

                                             қўйиб кетма йироқларда!

Ки, қалбим қийналар доим

                                           кўрарман деб сўроқларда!

 

Қишлоғимиз тўла оқсоқол эди. Улар менинг болалик тасаввуримда ҳеч қачон ўлмайдиган мағрур қояларга ўхшаб кўринарди. Ҳаётнинг сирли гирдоби мени ўз домига тортгандан сўнг, ёшим бир жойга бориб қолганлигини ҳам билмабман. Ҳаётнинг ур-сурлари-ю, югур-югурлари билан бўлиб, бундай ўтмишларда қолиб кетган болалик йилларимга ҳам дурустроқ назар ташламабман. Бугун ўша узоқларда қолиб кетган болалигимни эслаганимда, отамнинг тенгқурлари бўлмиш қишлоғимизнинг оқсоқоллари - мен учун муқаддас ва ўлмас қоялардан бирортаси қолмаганлигини ўкинч билан ҳис этаман…

 

Най инграйди…

Ғижжак нола чекади…

Сўз йиғлайди…

Ҳофиз куйлайди…

Томошабин тинглайди, юрак-юрагидан эзилиб-эзилиб…

Ҳофиз куйга мос тарзда сўзларни юрагининг қўрига кўмиб, қўшиқ айтади ва ўзи ҳам шам сингари эрийди…

Бу қўшиқ оддий қўшиқ эмас, у бу дунёда тобора танқислашиб бораётган меҳр ҳақида, муҳаббат тўғрисида…

 

Отамнинг юзларин сенда кўриб қолдим, опам-синглим.

Онамнинг сўзларин сенда эшитгайман, опам-синглим.

Уларнинг меҳри-дарёси оқар сенда, опам-синглим.

Келиб ўт ёқ, қозон қайнат, отам қурган ўчоқларда!

Келиб, парвонамиз бўлгин онам ёққан чироқларда!

 

Отамиз қурган, онамиз кезган қадрдон ҳовлимиз ҳамиша бизни ўзи сари чорлайди, қайда бўлсак, қайларда юрсак ҳам. Бу ҳолат, айниқса, қиз болаларда кўпроқ юз берса керак, менимча. Ҳа, ота-онамизнинг ҳовлисида меҳрибонларимизнинг руҳлари яшайди. У бизни оҳанрабо сингари тортиб туради. Ўтмиш хотиралари эса, йиллар йилларни қувиб ўтган сари тушларимизга киради…

Ашур ака Маҳмудов деган оғайнимиз ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Украинанинг тиббиёт олийгоҳида таҳсил олди. Ва у киши ўша ердан ўзига муносиб жуфт олиб келди. Турмушлари яхши эди. Иноқликларига ҳаммамиз ҳавас қилардик. Бир-биридан ширин уч нафар фарзандлари ўзбек ва украин халқларининг муштарак қонини ўзларида мужассамлаштирганликлари учунми, жудаям ёқимтой эдилар. Афсуски, мамлакатимизда бўлиб ўтган бемаъни кашма-кашликлар Ашур акамнинг оиласига ҳам ўзининг совуқ таъсирини ўтказди. Ва улар Украинага кўчиб кетдилар. Айни пайтда оғайнимиз Украинанинг Донецк вилоятидаги Красноармейск шаҳрида фарзандлари билан яшайди. Интернет орқали оғайнимиз билан муттасил алоқа қилиб тураман. "Искандаржон, қишлоғимиздаги "Катта ариқ" ёқасидаги чанг босган жойлар, қишлоғимизнинг табаррук оқсоқоллари мудом тушимга кириб чиқади", - деб ёзади Ашур ака. - "Сен қишлоғимиздаги икир-чикир янгиликларни ҳам менга ёзиб тур, уларни ўқиб, бир лаҳзага Ватанга қайтгандек бўламан", - дейди ғарибликдаги оғайним.

Бу - нима? Бу инсоний меҳр, юрак-юракдан оқиб келган соғинч, ҳофиз бизни қўшиғида чорлаётган одамийлик, меҳр-оқибатнинг юксак кўриниши эмасми? Ахир, бу - иймон-ку!..

 

Тилу дил зикридан тонма, тилак ҳосил Илоҳийдин.

Жарангла! Сасларим тинмай эшитгувчи қулоқларда.

 

Тўйлар қиламиз. Тўй-маърака баҳона қариндошлар, оғайнилар, хешу ақрабо билан дийдорлашамиз. Иложу имкони борича меҳмонларнинг кўнглини олишга интиламиз. Уларнинг қадамларини кўзларимизга тўтиё қилгимиз келади. Тўйимизга кимлардир келади, яна бировлар келолмайди. Биз маърака билан овора бўлиб буни кечроқ англаймиз. Яқинларимиздан кимлардир келолмаганлигини афсус билан эслаймиз. Ва туйқус бизга миш-миш хабар келади: фалончи биродаримиз биздан хафа эмиш. Биз унинг уйидагиларнинг ҳар бирига алоҳида таклифнома жўнатмабмиз. Ёки бошқа бир оғайнимиз хотинини алоҳида чақирмаганлигимиз учун бизнинг тўйга қатнашишдан юз ўгиради…

Турмуш зарбаларидан чарчаган юракларимиз яна бир марта оғрийди, асабларимиз таранглашади, ўзимизни ноқулай ва нохуш сезамиз. Тўйимиздан лаззатлана олмаймиз. Зеро, кимдир, қайсидир яқинимизнинг кўнгли биз хурсандчилик қилган пайтда оғриган бўлади. Тинчимизни йўқотамиз…

Афсус… Биз кейинги пайтлар кимларга айланиб бораяпмиз. Ўша бир қишлоқнинг бўзболалари бир тўнни кийиб куёв бўлган табаррук инсонларнинг аждодларимизми ўзи, ёки?!. Ахир, ота-боболаримиз тўй-маърака, хурсандчилигу қайғули кунлари бир-бирларининг қанотига киришган-ку. Улар "фалончи мени тўйига махсус таклифнома билан чақирармикан", - деб кутмаган-ку. Аксинча, тўй-маъракаси бор қариндошнинг оғайнилари ёнида тик туришган-ку. Нега биз бунчалик бачкана бўлиб кетаяпмиз экан-а? Сиркамиз сув кўтармайдиган бўлиб қолганлиги меҳру оқибатимизнинг сусайиб бораётганлиги нишонаси эмасмикан?

Биз пулу бойлик ҳавасида инсоний меҳр-оқибат, одамийликни унутаётганга ўхшаймиз. Ака-ука билан, опа-сингил билан қандайдир уй учун, мерос учун судлашиб юрганлигини эшитиб, ўша меҳрни соғинаман, муҳаббатни қўмсайман, оқибатга куюнаман…

Халқимизнинг севимли ҳофизи қўшиғини тинглаб, бироз енгил тортгандек, излаган нарсамни топиб олгандек бўламанми-ей... Кўзларимдан қуйилиб келган ёш юзларимни ювиб тушганлигини сезмайман. Қўшиқ юрагимдаги ўзим учун сирли ва сеҳрли гўшаларидаги туйғуларимни уйғотади. Ва мен ЎЗИМга қайтаман…

 

Най инграйди…

Ғижжак нола чекади…

Сўз йиғлайди…

Ҳофиз куйлайди…

Томошабин тинглайди, юрак-юрагидан эзилиб-эзилиб…

Ҳофиз куйга мос тарзда сўзларни юрагининг армонларига йўғириб, қўшиқ айтади ва ўзи ҳам шам сингари эрийди…

Бу қўшиқ оддий қўшиқ эмас, у бу дунёда тобора танқислашиб бораётган меҳр ҳақида, муҳаббат тўғрисида…

 

Оға-ини, опа-сингиллар, тўзиб кетма, узоқларда,

Ки, қалбим қийналар доим

                                        кўрарман деб сўроқларда...

 

Қўшиқни қайта-қайта тинглайман. Юрагимдан чиққан нидони ўзим аниқ ва баралла эшитаман: "тузоқлар"дан чиқиб кетгум, узоқларга бориб етгум…

 

Искандар Маҳмадалиев, "Халқ овози".

***

i mahmadaliev 2018Искандар Маҳмадалиев 1965 йили Воседа туғилган. Ноҳиядаги 2-ўрта умумтаълим муассасасида таҳсил олган. Тожикистон Миллий университетини тугатган. "Кулябская правда", "Элчи", "Дўстлик" газеталарида фаолият юритган. У 2000 йилдан буён, Тожикистон Республикаси Ҳукумати нашри - "Халқ овози" газетасида ишлайди. 2005 йилдан буён, газетанинг масъул котиби. Тожикистон Журналистлар иттифоқи аъзоси, Тожикистон матбуоти ва маданияти аълочиси.

Бадиий битиклари қатор йиллардан буён, даврий матбуот ва турли тўпламларда чоп этиб келинади. Искандар Маҳмадалиевнинг "Чекматош" номли ҳикоялар мажмуаси 2014 йили "Адиб" нашриётида нашрдан чиққан.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Тожикистон Республикаси Президенти фармони

Аҳоли ижтимоий ҳимояси сатҳи даражасини кучайтириш ҳамда давлат хизматчилари, бюджет ташкилоту муассасалари ходимлари маошлари, нафақа ва стипендиялар ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида

Аҳоли фаровонлик даражасини юксалтириш ва ижтимоий ҳимояланишини таъминлаш мақсадида, Тожикистон Республикаси Меҳнат

Муфассал...

ТЕЖАМКОРЛИК – ФАРОВОН ТУРМУШ КАФОЛАТИ

 

Тожикистон Республикасининг “Тожикистон Республикасида анъаналар, тантаналар ва урф-одатларни тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, кучга кирганига ҳам ўн йил бўлди. Бу ўтган йиллар мобайнида мазкур Қонунга икки марта ўзгартиш ва қўшимчалар (16.06.2008 ва 21.07.2010) киритилиб,  у халқ орасида “танзим” номи билан машҳур бўлди. Ишонч билан айтиш мумкинки, Қонун моҳиятини дастлаб тушунмаган кишилар кейинчалик

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990666

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477894
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3822
4027
21507
7426653
99538
114875
7477894

Сизнинг IPнгиз: 3.145.18.135
Бугун: 23-11-2024 17:05:53

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015