Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 31 Август 2018 Кӯришлар: 1625
Печат

armon 2018

-Мен «юк»ка кетяпман!

Асалнинг сўнгги сўзлари шу бўлди. Уйдан чиқиб кетгач, бошқа қайтиб келмади. Эри кунора эшитадиган бу сўзга ўрганиб қолганди. Шу боис, унинг ниятини ҳатто пайқамади. Чунки у рафиқасини жондан ортиқ кўрар ва доим унга ишонарди. Шунданми, қачон қайтиб келишини сўрамади.

Ким нима деса, десину, қишлоқда Холиқулдек ювош, мўмин-қобил инсон топилмасди. Умрида хотинига қўл кўтармаган, хўрламаган ёлғизгина эркак ҳам шу Холиқул бўлса, ажабмас.

Шом тушиб, қоронғулик атрофга ўз пардасини ёйди ҳамки, Асал уйга қайтмади. Яна тонг отди, кун ўтди, шом тушди, ҳамон ундан дарак бўлмади. Холиқул шунда ҳам ташвишланмади. Негадир, у хотинига ишонар, «шаҳардаги иши битмагандир, балки эрта-индин келиб қолар», деб кўнглини хотиржам қилди.

Ўша куни Асал соқолча қўйиб, пўрим кийинган бегона эркак билан енгил машинада қишлоқдан чиқиб кетганини кўрганлар орқаворотдан миш-мишни «болалатиб» юборишди. Кейин эса, унинг турмушга чиққани ҳақидаги овоза тарқалди. Холиқул эса, гўё бу гап-сўзларни эшитмаганга олиб, парво ҳам қилмади. У ҳеч нарсага ишонмасди. Соддаликни қарангки, бу миш-мишлар тагида ҳақиқат ётганини сезмасди.

Асал уйдан чиқиб кетганига ҳам йил тўлди. Холиқул тақдирга тан берди. Қўли калта, оддий одам бўлса. Узатгани билан ҳам ҳеч қаерга етмайди. Буни у яхши билади. Хотинини қидириб боришга журъат ҳам қилмади. Ҳар гал эртакдаги маликасини, қишлоқдаги ягона ишбилармон аёл Асални эсласа, юраги орзиқиб кетаверарди. Кузда «хазон бўлган» оила бошқа «кўкармади». Ниҳоят, эрта кўкламда Холиқул уйланди. У ширин турмуш кечирса-да, барибир, Асалдан кўнгил узолмасди. Кутилмаганда Асалдан хат келди. Холиқул мактубни аввал кўзига суриб, ўпди-да, сўнг хилватда ўқиди:

«Холиқул ака, мени кечиринг! Энди биз бошқа бирга бўлолмаймиз. Узр, мен энди ҳақиқий бахтга эришганга ўхшайман. Тақдиримиз сўқмоқлари айро тушишига, назаримда, сиз сабабчи. Чунки менга жуда катта эрк бериб қўйдингиз. Қандай ишлар билан машғул бўлаяпман, сўрамадингиз, тергамадингиз. Мени бировлардан қизғаниб, лоақал бир марта бўлса-да, рашк қилмадингиз. «Жилов»имни бўш қўйдингиз. Энди мен бошқа чавандоз асирасиман. Яқинда фарзандли бўламиз. Энг муҳими, мен бадавлат оиланинг бекасиман. Еганим олдимда, емаганим ортимда. Мендан умидингизни узинг…»

Холиқул мактубни ўқиб чиққач, беихтиёр ҳўнграб юборди. Нега, нима учун ўзи ҳам билмайди. «Наҳотки, ҳаммасига мен сабабчи бўлсам? Нима қилиш керак эди, ўшанда. Тирикчилик «йиртиғини» ямаётган ишбилармон аёлининг йўлини тўсиш адолатданмиди? Ҳадеб тергаб, суриштирмагани унга ишонгани эмасмиди? Ишончни шунчалик поймол қилиб, ерга қорадими, киши!?»

Мактуб кечикиб келган бўлса ҳам, Холиқулнинг юрагини тирнаб юборди. Қалби чексиз изтиробга тўлган йигит бевафони унутишга ҳаракат қилди. Лекин бунга куч-қудрат топа олармикан? Ўзи ҳам билмасди…

Орадан йиллар ўтди. Чоли қазо қилгач, Асал кампир шумшайиб, яна қишлоққа кириб келди. Энди унинг суяниб яшайдиган ҳамдарди йўқ эди. Ёлғиз ўғлидан қолган ёдгори – неварасини эса, келини олиб кетганди. Кексайиб, мункайиб қолган Асални ёлғизлик азоби эзиб юборди. У Холиқулнинг оиласига ҳавас билан боқар, ёшликда қилган хатоси учун пушаймон эди. Ахир, уни еру кўкка ишонмаган энг яқин кишиси ишончини бир вақтлари поймол қилган эди-да…

…Холиқул вафот этганда, сўнгги манзилга ўғил-неваралари, Асални эса, одамгарчилик юзасидан ҳамқишлоқлар кузатдилар...

**

ИККИ ЙЎЛ ОРАСИ

«Биз сенга ёшгина, хушбичим аёл топдик…»

Иккинчи марта уйланишга рўйихуш бермаётган Икромжон ўртоқларидан бу сўзни эшитгач, икки ўт орасида қолди. «Хотин зоти шунақа бўлса, энди сира уйланмайман», деб юрган йигитни бу сўз анча ҳушёр торттирди. «Нима қилсам экан?»- деган ўй миясини тинмай пармаларди.

Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичаркан. Ошналари топган «номзод» билан дарҳол учрашишга юраги бетламасди. Журъат топиб, учрашадиган бўлди. Синаб кўради. Агар унинг имтиҳонидан ўтолса, майли, ўша жувонга уйланади.

Биринчи учрашувдаёқ Малика унда яхши таассурот қолдирди. Чиндан ҳам «кўзга яқин» экан. Айниқса, табассуми, кулганда юзидаги кулгичлари ҳуснига ҳусн қўшади. Узун киприклар, пайваста қора қошлар, тиниқ лўппи юзлар… малаксиймо…

Аввалига аёл билан бир-икки бор учрашиб, гаплашди. Кейинроқ, унинг уч-тўрт ёшли қизчаси билан ҳам танишиб олди. Сўзга чечан қизалоқ Икромжонга икки-уч бор: «Менинг дадам алкаш, ойимлани урадила, бизни ташлаб кетганла…»- деди.

Ҳар гал шу гапни айтиб, ойисига қараб қўяр, у эса, бошини маъюс эгарди.

Икромжон аёлга эр сифатида маъқул келаётганини сезарди-ю, лекин қизчага «ота» сифатида қандай таассурот қолдираётганини ҳам билишни истарди. Шу боис, бир куни аёлни яна учрашувга таклиф қилди. Эртасига кечки соат тўртларда учрашишди. Ярим соат айлангач, «Юр, қизингни боғчадан оламиз», деди. Малика бундай таклифни умуман кутмаганди.

– Кераги йўқ,- деди жувон ва бироздан сўнг қўшиб қўйди,– синглимга айтганман, уйига олиб кетади.

Икромжон барибир аёлни судрагудек бўлиб, қизчанинг боғчасига олиб борди. Йўлда турли ширинликлар харид қилди.

– Сиз шу ерда туринг, мен ҳозир кийинтириб, олиб чиқаман,– деди аёл қандайдир норозироқ оҳангда.

–Йўқ, асалим, бирга кирамиз,- деди Икромжон қатъий қилиб.

Қизчани иккиси биргаликда олиб чиқишди. Икромжон ширинликларни қизалоққа тутқазиб, уни кўтариб олди. Малика эса, меҳри ийиб, қўлтиғидан тутиб, унинг пинжига тиқилди.

Икромжон анча йўлгача қизчани эркалаб борди. Қизча бахтиёрлик билан шоколад ерди. Ўша вақтда йигит икки ўт орасида қолганди. Негаки, ҳозир сўрайдиган саволи гўдакнинг чеҳрасидаги бахтиёрликни, кўзларидаги қувончни чилпарчин этиши аниқ. Бироқ…

Икромжон ҳам ноилож эди. Икки соатлар чамаси, кўча, хиёбон кезишди. Лекин бошқа бу аҳволда юролмаслигини тушунди…

Қизчага музқаймоқ олиб берди. У музқаймоқни еб бўлгунча, битта сигарет чекди. Ниҳоят, ёнидан дастрўмолча чиқариб, қизчанинг шира юқи қолган юзлари, лаби-ю, қўлларини арта туриб, секин сўради:

-Битта гап айтайми?

-Айтинг,- бошини қимирлатди у.

-Лайло, мани яхши кўрасанми?

-Ҳим, сиз жуда яхшисиз…

-Ўзингнинг дадангни-чи? Униям яхши кўрасанми?

Қизча бошини жимгина эгиб, кўрсаткич бармоқчасини иягига тиради. Бошини секингина қимирлатганча «ҳа» ишорасини билдирди.

-Лайло,- деди Икромжон қиз қаршисига чўккалаб, -мен дадангни кўрдим, сени қидириб юрганакан. Опкеб берайми?

Қизчанинг кўзидан учқун чақнади… Ва бирдан Икромжонни маҳкам қучоқлаб олди. Сўнг секингина, эшитилар-эшитилмас шивирлади:

-Қачон олиб келасиз, дадамни?

Икромжон чидай олмади, ўз-ўзидан кўзларидан ёш қуйилди. Юрагидан тошиб келган «нимадир» бўғзида қотди. У қизалоқ отасини қўмсаётганини, унинг учун ҳеч ким отасидек бўлолмаслигини ҳис этди. Икромжон икки йўл орасида нима қилишини билмай, бир нуқтага тикилганча туриб қолди…

Эгам ШЕРАЛИЕВ,

Хўжанд шаҳри.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Иссиқхоналардан бозор расталарига

 

Шахсий томорқа хўжаликлари мамлакатимиз озиқ-овқат таъминотига муносиб ҳисса қўша олиши мумкинлигини маҳаллий тадбиркор Нормурод ака Гулматов яна бир бор исботлаб берди. Нормурод аканинг ҳикоя қилишича, Холиёр Қурбонов номли қишлоқ жамоатида жойлашган ер участкасидаги 0,05 гектарлик майдонда иссиқхона хўжалиги ташкил этган экан. Айни пайтда бу мўъжазгина усти берк иссиқхонада етиштирилган помидор тадбиркорнинг ўзи туғилиб ўсган

Муфассал...

«РОҒУН» - БАРЧАМИЗНИНГ ФАХРИМИЗ!

 

Ҳаммамизга маълумки, 2018 йилнинг 16 ноябр куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон иштирокида «Роғун» гидроэлектростанциясининг биринчи агрегати тантанали равишда ишга туширилди. Бу Тожикистон тарихида жуда муҳим воқеа бўлиб, мамлакатимиз халқи томонидан катта шодлик билан қарши олинди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991230

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478965
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4893
4027
22578
7426653
100609
114875
7478965

Сизнинг IPнгиз: 3.142.98.60
Бугун: 23-11-2024 18:00:48

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015