Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 28 Июн 2018 Кӯришлар: 1745
Печат

 

u jamol 20181987 йилнинг кузаги. Тонг маҳали Матбуот уйи, деб аталадиган қутлуғ даргоҳга йўл олдим. Осмон мусаффо, офтоб чарақлаб турибди. Бу ерда республика ўзбекларининг отахон газетаси ҳисобланган "Совет Тожикистони" (ҳозирги "Халқ овози")нинг идораси жойлашган бўлиб, кираверишда узун коридор, кенг ёруғ хоналардан иборат эди. Азизу мўътабар, меҳрибон, дилкаш инсонлар қалам тебратардилар. Тилларида ширин сўз, юзларида табассум

балқиган ижодкорлар кириб келган ҳар бир кишини ўз опа-синглисидай, ака-укасидай ўзгача меҳр билан кутиб олишарди. Эҳтимол, ўйлаб қолардим, ижодкорларнинг танглайлари санъат, илму фан, зиё нури билан кўтарилган бўлса керак.

Ҳали-ҳануз ёдимда. Редакцияда ҳаёт қайнайди. Ҳамма ўз иши билан банд. Ўзгача ҳаяжон билан битикларим: кичик эссе, лавҳа ва иккита мақола билан тортинибгина кириб бордим. Бу ерда мен учун таниш бўлган салобатли, бағрикенг инсонлар ўтирар эдилар. Ўлмас Жамол, Турғун Дадабоев, Зокиржон Собиржонов, Ҳабибулло Ботиров, Жамолиддин Тошматов (Худо раҳмат қилсин) Восит Муҳаммедов, Турон Тўйчиев, Солиҳ Қаҳҳоров, яна бир неча кишилар ҳазил-мутойибадан сўнг, хушчақчақ кайфиятда эдилар. Киришим билан "Ассалому алайкум", дея рўпарамда кулиб турган Ўлмас акага қоғозларимни узатдим. Ўтиришга жой кўрсатиб, диққат билан бирма-бир кўздан кечирар экан, "ёмон эмас", деди. Шу биргина сўз менга гўё қанот бўлиб, қалам ушлашга ундар, шодлик ва қувончимнинг поёни йўқ эди.

Ўлмас Жамол менга юзланиб: - Қаерда истиқомат қиласиз? - деди.

- Ҳисор ноҳиясига қарашли Шарора шаҳарчасида.

Бир муддат ёзишдан тўхтаб, Солиҳ ака синчковлик билан қараб қолди-да: - Ота-онангиз қаерда яшашади? - деди.

- Ота-онам "Варзоб" давлат хўжалигида яшайдилар, Гипроземда, - деб қўшиб қўйдим.

- Ҳа, бўлди, сиз Мўминжон тоғанинг қизисиз.

- Ҳа, шундай, - дедим.

- Сизлар билан қариндошлигимиз бор. Бизники Яккачинорда. Албатта, дадангизга Солиҳ Қаҳҳор салом айтди, - деб қўясиз дея таъкидлади.

Ўлмас ака ҳам: - Ҳалимжон, Ҳасан Ҳакимовлар ким бўлади?- деди.

- Амакимнинг ўғиллари.

- Ҳа, у кишининг синглиси Эътиборхон, Ҳасанбой бизга қадрдон қўшни. Энди Гулчеҳрабону, қалам тебратиш-машаққатли йўл. Ижод қилиш учун фақат изланиш, ёзиш, ёзиш, ўқиш ва яна ўқиш керак, - деди.

Кетмоқчи бўлиб, хайрлашдим. Ўтирганлардан икки-уч киши навбат билан: - Сиздан янги-янги мақолалар кутиб қоламиз,- дея муваффақияту омадлар тилаб қолдилар.

Ушбу даргоҳдагилар хушмуомалалиги, меҳр-мурувватлари билан мени ром этишганди.

"Совет Тожикистони" газетасида "Мунис онам", "Боғча опалари" номли материалим босилиб чиққанида, севинчим оламга сиғмас, жудаям бахтли эдим. Устозлар ишончини оқлашга ҳаракат қилардим.

Болаларим билан ота-онам хонадонига борганимда, газетадаги "Мунис онам"ни ўқиган онажоним кўзларида ёш қалқиди. Дадамга Солиҳ аканинг саломини етказдим. Шу заҳоти отажоним кўзлари шодликдан порлаб кетди. - Тўғри, Қаҳҳоржоннинг ўзи ҳалол, пок, меҳнаткаш инсон, ўғли Солиҳжон газетада ишлайди, - дея онажонимга тушунтирган бўлди.

Мен дадамнинг ҳам саломларини етказишни дилимга тугиб қўйдим. Аммо шундан кейин таҳририятда Солиҳ акани учратмадим. Кейинчалик билсам, у киши Хатлон вилоятининг Қўрғонтепа шаҳридаги "Дўстлик" газетасида ишларкан.

Ҳар гал битикларим билан редакцияга борганимда, ширинкалом устоз Ўлмас Жамол самимият ила қарши оларди. Бир куни Солиҳ аканинг яхши хислатларини айтиб, у киши анча йиллар аввал Фарғонага кўчиб кетганликларини, тез-тез гаплашиб туришларини айтди.

Таниқли шоир, камтар ва камсуқум инсон Ўлмас ака билан катта-катта йиғилишларда, матбуот конференцияларида иштирок этардим. Шоир Абдулло Зуҳурнинг ўн йиллар аввал битикларингизни китоб қилишга уриниб кўринг, - деган тавсиясига амал қилдим.

Илк "Соғинч" номли китобимга Ўлмас ака сўзбоши ёзиб, муҳаррирлик қилган, кейинги китобларимни ҳам етказганимда, дарҳол варақлаб, қувонч билан омадлар тилаб табриклади.

Бир йили "Истаравшан" тарабхонасида "Замондош шоу" тадбири улуғ санъаткор, ижодкорлар иштирокида тантанали ўтди. Ярим тунда ўн олти чоғли қатнашувчилар Ўлмас ака атрофида пиёда йўлга тушдик. Жамила (раҳматли) оёғидан туфлисини ечиб қўлга олган, дадасига эркаланиб: - Ўлай сизга, дадажон, - деб қўярди. Ҳаммамиз устознинг гоҳ кулгули, гоҳ тиллога тенг сўзларини тинглаб, жудаям бахтиёр, хуш-хандон қайтган эдик.

Инсон-инсонга малҳам, дейишади.

Ажойиб оқкўнгил, камсуқум истеъдодли ёзувчи Жўрақул Ажибнинг юбилейида гўзал диёр-Кўлобга йўл олдик. Ўлмас ака бошчилигида бутун ижод аҳлига биз аёллар Гулнора Муродалиева, Санобар Аллаева, Парвина, Зебунисо Сатторова, Суғд вилоятидан Шарофат Сатторова, Фароғат Ҳожимуродова, Бихалича Аҳмедова ва мен ҳам эргашдик. Жўрақул ака меҳмондўст рафиқаси ва бутун оиласи билан яхши кутиб олди. Меҳмоннавозликдан сўнг, Мир Сайид Али Ҳамадоний мақбарасини зиёрат қилиб, ажойиб таассурот билан қайтгандик.

2010 йили "Замондош" газетасида чоп этилган бир мақолам, баъзи ўқитувчилар ички дунёсини остин-устин қилган экан. Баҳорнинг сўнгги кунлари таҳририят ходимлари менинг туғилган куним билан табриклашиб уйимизга келишди. Ўлмас ака ўзининг шеър-ғазалларидан айтиб, менга яхши тилаклар билдириб: - Буюклар майда туғилишади, - дея ҳазиллашди. - Гулчеҳрабону, қўяверинг, сизни ғийбат қилувчилар, тўйиб-тўйиб ғийбат қилсинлар. Гуноҳингиз дув-дув тўкилиб уларга ўтади. Сизнинг ортингиздан ҳақингизга яхши дуога қўл очганлар ҳам борлигига қувонинг, - деган сўзлари қулоғим остида ҳамон жаранглайверади.

"Замондош" газетасида ишлаб юрган кезларим бир аёл хийла-ю найранг билан мени ишдан бўшатди. Уйда бекор бўлсам-да, қоғоз қоралаб юргандим. Ўлмас ака қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрашишгач: - Ҳа, Гулчеҳрахон "бургага аччиқ қилиб" юраверасизми, келинг, меҳнатларингиз зое кетмасин, газетада қатнашиб туринг. Сиз дарёсиз, кўлмак сув тўхтайди. Юлдуздай чақнаб, порлаб туринг, - дедилар.

2012 йилда Ўлмас ака нафақага чиқди. "Халқ овози" газетаси муҳаррири қалби дарё, ҳақгўй Ёқубжон Абдуманонзода мени ишга тайинлади.

Камина ширинкалом шоир, табиатан улуғ инсон Ўлмас Жамолдек киши иш кабинетида, ижод столида ўтириш насиб этганидан ўзимни бахтиёр ҳисоблайман.

Ўлмас Жамол икки юртнинг ўртасида кўприк эди. Эл севган ҳофизлар (марҳум) Фахриддин Умаров, Камолиддин Раҳимов, Тожикистонда Бурхон Маматқулов, Мастона Эргашева, Жўрабек Муродовлар ва бошқа санъаткорлар шоир шеърларини куйга солиб, қўшиқ куйлашганини биламиз. Бир куни хушовоз хонанда Озодбек Назарбековнинг қўшиғи ёзилган дискни сотиб олиб, ундаги клипни томоша қилдим. (У пайтлар ўзбек тилида кўрсатувлар йўқ эди). Аввал К.Раҳимов куйлаган қўшиқ:

Дилни дилимни ўйнатиб ёр қошингиз қаросими,

Тилни тилимни сўйлатиб ёр кўзингиз чаросими, - деб бошланувчи Ўлмас ака ғазали хонанда томонидан яхши ижро этилганини телефон қилиб айтдим. Ўлмас ака шодлигидан ўша дискни бир опкелинг-чи, деди. Мен элтиб бердим.

Кўпинча устоз эл таниган обрўли кишилар орасида, катта давраларда баланд овозда номимни тилга олиб, бу менинг қизим, деб таништирарди. Бирида:

- Гулнора қизим озгина олис - Ургутда яшайди. Икки қизим бағримни куйдириб, адоқсиз армонлар билан ташлаб кетди. Энди, сиз менинг кабинетимни эҳтиёт қилинг. Ҳамиша чироғини ёқиб, нурафшон этинг, - деб тайинлади.

Ҳар йилги тамойилга кўра, 17 май шоирнинг туғилган айёми муносабати билан яқинлари камтарона дастурхон атрофида йиғилардик. Ўтган йили борганимизда, шоир "Халқ овози" газетасидаги "Яна баҳор қайтармикан сен қайтмасанг" сарлавҳали ёдномага ишора қилиб: - Ўтганларнинг яхши фазилатларини ёдга олиш савоб, сизга раҳмат дея, қизи марҳум Жамилахоннинг сурати акс этган газетани бағрига босганди.

- Жамиланинг ғайрат-шижоати бошқача эди, - деб кўзойнаклари оша меҳр билан ҳаммамизга назар ташлади.

Ўлмас Жамол ҳамиша елиб-югурар, ҳаёт билан ҳамқадаму ҳамнафас бўлишга интиларди. У кишининг бажараётган ишларига барча қатори менинг ҳавасим ортарди. Йиллар давомида кимнингдир кўнглини қолдириш, пичинг, кесатиқ, ғийбат, кимнингдир шахсиятига тегишдек ёмон иллатлардан йироқ эди. Аксинча, ёшларни қўллаб-қувватларди.

Байрам, тадбирларда Ўлмас ака шеър ўқиса, Машрабхон Қаландаров қўшиқ куйларди. Кўнгли қордек оқ, хушовоз хонанда Машрабхон ака шоир ҳақида: -Ў. Жамол доноликлари билан кишилар қалбидаги сўзни ўқир, шунга яраша рафтор қиларди. Узоқни кўра оладиган ижоди ҳам, одамгарчилиги ҳам юқори эди.

- Машрабхон, ҳали замонлар ўзгариб, тожик-ўзбек ўртасидаги ёпилган қулфлар очилади. Буюк дўстлик мадҳ этилиб, борди-келдилар бўлиб, меҳр-оқибат пайдо бўлади, - деган эди.

Мана айтганлари бўлди, афсус кўриш насиб этмади.

Бош муҳаррир Ёқубжон Абдуманонзода: - Ўлмас ака ҳақгўй, бағрикенг инсон эди. Шоир шеъриятимизнинг порлоқ юлдузи бўлиб, ўзбек адабиётида мангу қолади.

Эркин Шукур ва Искандар Маҳмадалиев шоир билан бўлган жуда қизиқ воқеа тафсилотларини айтиб эслашади. Ҳамкорлар даврасида Абдулла Саидов: - Ўлмас ака айтганидек, "Яратган шундай яхши кунларни паришон қилмасин", дея такрорлайди.  

Шоирнинг рафиқаси Зулфия ая: -Ҳар кимга ҳам мана шундай омонатини осонгина топшириш насиб этсин. Одатда одамлар 13 санани ёмон кўришади. Тақдир тақозосини қарангки, устозингиз 27 июнда, Жамила 27 октябрда, жиянлари 27 ноябрда ва яна икки-уч яқинлари ҳам 27 санасида мени ташлаб кетишди. Шу санани ёмон кўриб қолдим.

Қандай хушмуомала, одамохун, ширинсўз инсон эдилар-а!

Кимки, яхши сўз айтиб, яхши йўлни (айтса) кўрсатса, устоз, деб ўйладим, деган экан файласуфлардан бири. Устоз хотираси қалбларимизда абадул-абад яшаб қолажак.

Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси, Республикада хизмат кўрсатган журналист, Абдулқосим Лоҳутий мукофоти совриндори ҳамда "Дўстлик" ордени соҳиби, ажойиб ғазалнавис шоирнинг инсоний сиймосини келажак авлодлар ҳеч қачон унутишмайди.

Аллоҳ раҳмат қилсин, жойингиз жаннатда бўлсин, устоз!

 

Г. Сотиболдиева.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Туйғулар жаранги

 

Кам ёзаман. Тўкилмасликнинг ҳеч иложисини тополмаган чоғларимдагина, оппоқ қоғозга кўнгил очаман.

Биздан қўлин тортдику, эй дўст,

Остонада узоқ кутган марг.

Самоларга атрин пуркади,

Муфассал...

Умри узоқ ва боқий кўприк

 

ёки Шоир Одил Икромнинг яна бир хайрли иши

Бадиий асар таржимони бировнинг томорқасида меҳнат қилаётган деҳқонга ўхшайди. Мен уни, ҳатто, мардикор ҳам дегим келади. Ўзини аямай чеккан машаққати, заҳмати учун. 

- “Расул ўзимиз қатори, фақат унинг Масковдаги таржимонлари зўр”, – дея ёзғиришади ўз вақтида шоир ғанимлари. Бу Ҳамзатовнинг ғашини келтиради. Чунки у чиндан ҳам зўр эди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990575

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477761
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3689
4027
21374
7426653
99405
114875
7477761

Сизнинг IPнгиз: 3.149.23.123
Бугун: 23-11-2024 16:57:24

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015