Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 10 Май 2018 Кӯришлар: 1907
Печат

 

qushni 2018Қўшничилик муносабатлари ҳақида қоғоз қораламоқчи бўлдим. Кенг-тор, катта-кичик, пасту-баланд хонадонларда турфа хил тақдирга, дунёқарашга эга бўлган кишилар умргузаронлик қиладилар. Қадим-қадимдан қўшнининг уйи қўшнининг тўю азадорлигига яраган. Халқимизда тўй, азадорлик маросимларини ўтказишда қўшни қўшнидан маслаҳатлар сўрашган.

Болалигимдан ёдимда, қўшниларга таом узатилиб, нон ёпилганда, иссиқ, бўрсилдоқ нон бериларди. Ҳафтада 1-2 марта тансиқ таом киргизиларди. Кейинроқ билсам, ота-оналаримиз томонидан биз гўдаклар орқали таом юборишлари кўнгилларда яхши хислат уйғотиб, одамлар, қўшниларга нисбатан меҳр қуюқлашар экан. Гап ўша таомда, нарсада эмас, оқибатда экан. Ҳар бир инсон ўзи туғилиб ўсган юртга, жонажон уйига талпиниб яшайди. Ўз уйим – ўлан тўшагим, дея ўз хонадонида шоҳ бўлиб яшайди. Чунки у ерда девордармиён азиз қўшнилар бор. Қўшнига чин дилдан меҳр кўрсатсангиз, меҳр кўрасиз. Чин юракдан таом илинсангиз, у ҳам сизга илинади. «Бор товоғим, кел товоғим, бормасанг, ўртада «син» товоғим», дейилади халқимизда. Яна бир яхши удумлардан бири - қўшни қизини узатмоқчи бўлса, меъёри билан яқин қўшни аёллар иштирокида «кўрпа ҳашар» қилинарди. Ёш келин-куёвга аталган кўрпага кимдир пахта солар, кимдир якандоз ёки ёстиқ тикарди. Куёв томонидан ангишвона, игна, ип юборилиб, бу ҳашарда иштирок этган аёлларга ойнача, атир, совун тарқатиларди. Тўйга яқин қўшнилар бош-қош бўлиб, шундай кунларда қадр-қиммат, кўнгилларида илиқлик пайдо бўларди.

Дарҳақиқат, узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшнинг чандон афзал бўларкан, кунингга яраркан. Яхши қўшни йўғингизни тўлдиради. Эшигингизга совчи келса, айбингизни яшириб, фазлингизни оширади.

Ёмон қўшни эса, тинимсиз уруш-жанжал қилади. Ҳовлингиздан бир гап қулоғига чалинса, қўшиб-чатиб кўчага ёяди. Ғийбат қилиб, обрўйингизни тўкади. Мана шу ўринда кўплаб кишиларнинг қўшниси билан тушунмовчиликлари ҳақида мисол келтирмоқчиман.

-Бир куни неча йилги қўшним уйларингни сотсаларинг, бизга сотинглар, -деди.

-Нега меҳр қўйган қадрдон уйимизни сотарканмиз? –дедим ғазабимни яшириб.

-Қўшним кўча супуриб ахлатини биз томонга тўплаб қўяди…

-Қўшним иморатини баланд қурган эди, бутун ҳосилим қуриди…

-Кўчамиз жудаям тор. Ҳар куни дарвозамиз ёнига машинасини қўйиб уйига кириб кетади. Менинг ўғлимнинг ҳам машинаси бор. Қўшнимда заррача инсоф йўқ. Бизга муаммо туғдириши фаросатсизлигиданмикин?

-Аҳмоқ қўшним, уйини баланд қуриб, деразасини ҳовлимизга қараб ўрнатди. Бу ишидан норози бўлиб, неча бор огоҳлантирдим. Аммо бефойда, муносабатимиз кундан-кун ёмонлашиб бормоқда.

-Биз қўшнимиз билан ҳар йили экинимизга сув қўйишда баҳслашиб қоламиз.

-Қўшнимнинг гўрсўхта ўғли бизнинг еримизнинг икки метрини ўзиники қилиб девор кўтарди.

- Дод, қўшнининг дастидан. Томорқамга қўй-эчкиси, моли, товуғи кириб экинни пайҳон қилади.

-Қўшнимнинг феъли тор. Уйим, ҳовлимни супурсам, меҳмон чақирсам, овозимни баландлатиб гапирсам, ёмон жаҳли чиқади. Ўзи шанғи, феъли тор, кўчадаги болалар билан тенг бўлади.

-Бир бефаросат қўшним тўй қилди. Икки уч уй наридаги қўшни камбағал, қўли калтароқлиги туфайли уни айтиш шартмас, деди. Маҳалладаги фалончиларни айттирди. Бу мол-дунёга ўч кампирнинг бир оёғи гўрда-ю, остонасига қадам ранжида этганларнинг кийимига, жамиятдаги мавқеига қараб қарши оларди. Бойроқлару пулдорларни уйининг тўрига таклиф қиларди. Кўнглига ўтирмаганларни беписанд, пастқам хонага киргизарди. Бундай ноқулай вазиятларни неча бор кузатганман.

-Қўшним, неча йиллардан буён бемор, бир жойда ётади. На опа-синглиси, на бирор қариндоши хабар олади. Ён-атрофдаги қўшниларнинг борига шукр. Тез-тез ҳол сўраб, хабар олиб турамиз, -дейди бир онахон.

-Бошимизга мусибат тушди. Бир зумда меҳрибон, мунис онажонимиздан айрилиб қолдик. Бизнинг кўнглимизга ҳеч нарса сиғмай йиғлардик. Ён қўшнимиз Савринисо опа мунғайиб ўтирган дадамнинг олдидан ўтмоқчи бўлиб, маҳалла раисини бошлаб чиқибди. –Шанба куни келин опкеляпман. Сизлар маъракангизни якшанба кунига ўтказинг. Чунки якшанба кунига интернетда ёмғир ёғиши кутиляпти. Ҳа, амаки, шанба куни қизларингиз дод-фарёд кўтаришмасин-а, бизникида тўй, деди. Бу инсофсиз қўшни аёлнинг гаплари юрагимга наштардек ботди. Шунда дадажоним: -Ҳа, қизим, тўйингизни яхши ўтказинг, бу дунёда ҳамма меҳмон, бир кун кетмоқ ҳам бор, - дея олдилар, холос. Мана, анча йиллар ўтса ҳам, қўшнининг шу гаплари қулоғим остида жаранглайверади. Меҳри дарё онажонимизни йўқотганимизда, ҳали саноқли кунлар ўтмай, данғиллама тўй қилганди қўшни опа...

Барча ноҳақ қўшниларга инсоф тилаб, нима бўлганда ҳам, қалбимизни ҳасад ва ёмон сифатлардан халос этайлик.

Ким сизни ҳақ ё ноҳақ хафа қилган бўлса, барчасини кечириб юборинг. Кечириш фақат мардларга хос фазилат. Чунки ҳар бир кунимиз имтиҳондир. Аллоҳ таоло барчасини кўриб, билиб турибди.

Расулуллоҳдан сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ, қўшнининг қўшнида нима ҳаққи бор?» Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалам айтди: «Агар қарз сўраса, унга қарз бергин, чақирса, жавоб бер, касал бўлса, бориб кўр, сендан ёрдам сўраса, ёрдам бер. Мусибат тушса, таъзия билдир, яхшилик етса, табрикла. Агар ўлса, шаҳодат айт, бирор жойга кетса, уйини ва манзилини сақла. Унга қозонда гўшт қовуриш билан азият етказма, агар қилсанг, таомингдан бер».

«Қўшниларингизга мурувват қилингиз»,- деди Расулуллоҳ (с.а.в.) қўшниларим кўп, қайси бирини кўпроқ йўқлай, - деб сўрашди у кишидан, «Эшиги эшигингга энг яқинига»,- деб жавоб берди.

Халқимиз азалдан қўшнилар ҳурматини жойига қўйган. Халқ ҳикматларини варақласангиз, қўшнилар ҳақидаги ажойиб мақолларга гувоҳ бўласиз. «Гилам сотсанг, қўшнингга сот, бир чеккасида ўзинг ўтирасан», «Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма», «Қўшнинг ёмон бўлса, ёмонлик келар, қўшнинг яхши бўлса, омонлик келар», «Уй олма, қўшни ол», «Қўшнинг тинч, сен тинч», «Қўшничилик – минг йилчилик», «Қўшниси яхши қаримас», «Қўшнинг яхши бўлса гар, кўр қизинг ҳам эрга тегар», шунингдек, «Бир қизга етти қўшни ота-она». Шундай экан, ҳар бир фарзандимизга қўни-қўшниларимиз тарбия бериб, йўл кўрсатишлари лозим экан.

Бундан икки йил муқаддам, кўп қаватли биноларда истиқомат қилаётган опам ҳовли олмоқчи бўлиб, бир барҳаво, чиройли уйга харидор бўлди. Жияним, опам, поччам билан уй эгасининг мулозамати билан уйни кўрмоқчи бўлиб киришлари заҳоти, девордармиён қўшни аёлнинг эрига дод солиб, оғзидан энг жирканч сўзлар билан ҳақорат қилиши-ю, эрининг бепарда сўкинишини эшитган опам уятдан мулзам бўлибди. Ҳар қандай танбеҳларни айтиб, эшитавериб ўрганиб қолган, эр-хотиннинг итғажиш бўлган можаросидан сўнг, опам: -Бу ҳовли жуда кўнгилдагидек яхши экану ён қўшни яхши эмас экан,- деб уйни олишдан айниди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, бошқа жойдан сариштали ҳовли сотиб олишди.

-Ёмон ҳамроҳдан ажралиб қутулиш мумкин, аммо ёмон қўшни кўчиб кетмаса, ундан қутулиб бўлмайди. Яқинингдаги одамлар яхши бўлса, хотиржам яшайсан. Шукр, бу ердаги қўшнилар виждонли, инсофли, диёнатли, -дейди опам.

Ота-боболаримиз сафарга чиқишдан олдин йўлдош, уй сотиб олишдан аввал қўшни танла, деб бежизга айтишмаган.

Бир ибратли ҳикоя:

Бир киши зарурат туфайли катта қарзга ботди. Ўйлай-ўйлай, уйини сотишга қарор қилди. Мусулмон одоби бўйича уйини биринчи бўлиб қўшнисига таклиф этди. Бу гапдан ҳайрон қолган қўшни:

-Нега сотаяпсиз? - деб сўради ундан.

-Катта қарзим бор, шуни тўлашим керак, - деди у.

-Қанча нарх белгиладингиз? - деб сўради қўшниси. У одам уйнинг асл баҳоси анча баланд эканини, лекин қадрдон қўшнисига арзонга беришини, қарзига етадиган пул кифоялигини айтди.

-Қарзингиз қанча? Кимдан олгансиз? –деб сўради қўшни.

У бу саволларга керакли жавобларни берди.

-Майли, эртага чиқинг, гаплашамиз, - деди қўшниси.

У одам келишилган вақтда яна қўшнисининг эшигини қоқди. Салом-аликдан сўнг, қўшни асосий гапга ўтди.

-Мен кеча бориб, сиз айтган одамга қарзингизни тўлаб келдим. Энди ундан қутулдингиз. Ҳеч қаерга кетманг. Ўз уйингизда бемалол яшайверинг.

-Ие, бу нима қилганингиз? - деди хижолат тортиб у.

-Ахир, қарзим ҳазилакам пул эмас эди. Бу, сизга катта зарар-ку!

Қўшни бу гапга шундай жавоб берди: - Мен буни зарар ҳисобламайман. Агар сиздай ҳалол, яхши қўшнимдан айрилганимда чинакамига зарар кўрган бўлардим. Азизлар, «Қиёмат куни қўшнидан»,- деган ибратомуз нақлга амал қилиб, қўшниларимизга меҳр улашайлик. Икки қадам қўйиб, қўшниларимиз ҳолидан хабар олайлик.

Қўшним ёмон бўлса, қочиб қутуламан, деган гапдан ўзи сақласин! Кечиримли бўлайлик!

 

Гулчеҳра Сотиболдиева.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Улкан тарихий воқеа

 

Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқини тинглаб…

Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, аввало, Мирослав Лайчак жанобларига 2018-2028 йиллар – «Сув устувор тараққиёт учун» халқаро амалиёт ўн йиллиги бошланиши муносабати билан олий даражадаги тадбирни ташкил этгани ва унда қатнашиш учун таклиф қилгани учун миннатдорчилик билдирди.

Муфассал...

Буғдой ҳосилдорлигини ошириш омиллари

 

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон кўплаб иш сафарларида, жумладан, «Тожик Мирзачўли»даги ўз чиқишида қишлоқ хўжалиги, хусусан, ғалла экинлари ҳосилдорлигини ошириш ва халқимизни ўз ғалламиз билан таъминлаш долзарб вазифа эканлигини таъкидлаганлиги ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди…  

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991179

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478887
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4815
4027
22500
7426653
100531
114875
7478887

Сизнинг IPнгиз: 3.142.198.51
Бугун: 23-11-2024 17:56:43

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015