Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 10 Май 2018 Кӯришлар: 2946
Печат

 

navruz v uzТожик ва ўзбек халқлари этник нуқтаи назардан бир-бирига шунчалик яқинки, бундай ҳолатни дунёнинг бошқа халқларида учратиш мушкул. Яратган бу икки халқни жаннатмакон диёрда яратиб, кўнгилларига самимий меҳр-муҳаббатни жойлаганки, таърифига қалам ожиз. Биз мана шундай меҳр-муҳаббатга йўғрилган самимийликка Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган икки дўст ва биродар мамлакат раҳбарлари - муҳтарам Эмомали Раҳмон ва муҳтарам Шавкат Мирзиёевлар учрашувида гувоҳ бўлдик.

Икки биродар халқ асрлар давомида бир-бирини меҳмонга чорлаб, бир дастурхондан нон ейишган. Улар ўртасидаги қуда-андачилик анъанаси эса, қадим замонлардан буён давом этиб келмоқда. Ҳар биримизнинг икки мамлакатда қариндош-уруғимиз ва ёру дўстларимиз бор. Сизларга тожик ва ўзбекларининг қардошлиги ҳақида сўзлаб бермоқчи бўлган ҳикоя реал ҳаётдан олинган ва жуда ибратлидир.

Онам раҳматли 1923 йилда Янгибозор (ҳозирги Ваҳдат шаҳри)да дунёга келган. Ўша йили инқилобни қабул қилган ва ОГПУ ходими бўлган отасини, яъни бобомни амирнинг собиқ доруғаси бўлганлиги учун отиб ташлашади. Онам ўгай ота уйида вояга етади. Биз-фарзандлар улғайганимиз сари, онамизнинг баъзида "опам", деб кўз ёш қилишларининг гувоҳи бўлардик. Онамизнинг ўгай отасидан икки акаси борлигини билардигу, опаси борлигини билмасдик. Мен журналист бўлганлигим сабабми, онамнинг кўз ёш қилишларига акаларим каби тоқат қилиб туролмасдим.

Кейинчалик билсак, онамнинг икки амакисини ҳам амир амалдорлари бўлганлиги сабабли, инқилоб ғалабасидан сўнг, отиб ташлашган экан. Лекин уларнинг биридан қиз қолади. Онам Қаҳҳорбек амакисидан Тошби исмли қиз қолганлигини қишлоқнинг кекса кишиларидан эшитади. Бироқ унинг қаерда эканлигини ҳеч ким билмайди. Шу гап сабаб бўлиб, онам қариндошларини излашга тушади. Натижада қуйидагича маълумотни қўлга киритади: "Тошби 1922 йилда дунёга келган. 1925 йилда ота-онаси вафотидан сўнг, Янгибозор болалар уйида тарбияланган. 1930 йилда уни бошқа етим болалар қатори Ўзбекистоннинг Андижон шаҳри болалар уйига юборишган".

Шундан бошқа бирор маълумот йўқ эди, бизда…

Йиллар ўтди. Онам, қолаверса, менинг ҳам қидиришларим натижа бермади. 1974 йилда Андижонга иккинчи сафарим вақтида архивдан шундай маълумот топдим: "Тошби Қаҳҳорова 1940 йилгача Андижон шаҳар болалар уйида тарбияланиб, еттинчи синфни битиргандан сўнг, мустақил ҳаётга қадам қўйган". У ҳақида бошқа маълумот тополмадим. Чунки Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан болалар уйини бошқа жойга кўчириб, унинг биносини ҳарбий госпиталга беришган экан. Шундай бўлса-да, биз ҳеч қачон умид узмадик.

1975 йилда эса, холамнинг тирик эканлиги ҳақида эшитдик. Бу қувончли хабарни катта акам Нўъмон топиб келди. У ўша йиллари Қумсангир (ҳозирги Жайҳун) ноҳиясининг 11-автобазасида ҳайдовчи бўлиб ишларди. Иш тақозоси туфайли, қўшни республикаларга тез-тез бориб келарди. Акам шундай сафарлардан бирида бироз дам олиб, йўл чарчоғини чиқариш мақсадида, Бухоро шаҳрининг Ангурзор, деган жойида тўхтайди. Акам Ўзбекистоннинг барча минтақаларида бўлганлиги сабаб, ҳар бир ҳудуд аҳолисининг дастурхон қилиш одатини яхши биларди. Бухорода андижонча пиширилган паловни еган акам ошпазни сўраб-суриштиради. "Ошни Сотиболди, деган ҳамшаҳрингиз пиширган, Нўъмон ака", - дейди ҳайдовчи дўстларидан бири. Сотиболди асли ўзимизнинг Қўрғонтепа шаҳридан бўлиб, ўша ерда ишлар экан. Акам у билан учрашиб, узоқ суҳбатлашади ва оила аъзолари билан қизиқади. Сотиболди отаси Аҳмаджон, онаси Тошби эканлиги, улар асли андижонлик бўлиб, ўтган асрнинг 50-йиллари Вахш водийси ерларини ўзлаштириш учун Қўрғонтепа шаҳрига кўчиб келишганини айтганида, акам у Тошби холамизнинг ўғли эканлигини сезади. Нўъмон акам ва Сотиболди бир-бирини бағрига босиб, "биз қариндошмиз, бўлалармиз", - дея севинч кўз ёшларини тўхтата олишмайди. Акам Сотиболдидан Қўрғонтепа шаҳридаги манзилини билиб, уйга қайтади.

Нўъмон акам келгандан кейин, хушхабарни фақат менга айтди ва бу қариндошчилик аниқ бўлмагунча, онам билмаслиги кераклигини уқтирди. Чунки ўша пайтлар онам оғир касал эди.

Биз Қўрғонтепа шаҳрига бориб, асли андижонлик бўлган Аҳмаджон ака Мўсоевнинг уйини топдик. Қад-қомати ва юз тузилишидан онамга ўхшаб кетадиган ўрта ёшлардаги аёл бизни илиқ кутиб олди. "Хуш омадетон, болаларим, меҳмонхонага киринглар", - деди ёқимли бир оҳангда бизни таклиф қилиб. Биз ўзимизни йўқотиб қўйгандик. Мен бу аёл онам амакисининг қизи - Тошби холам эканлигига ишонч ҳосил қилдим, лекин Нўъмон акам унинг ўзбекча гапираётганидан шубҳаланаётганди.

Тошби холам олдимизга дастурхон ёзди, таом келтирди, чой дамлади. - Бемалол хўрда шинетон, фарзандонам, ҳоло ҳозир пиракиам расида меоянд, - деб қўли кўксида ташқарига чиқди холамиз.

- Бу аёл холамиз, эшитдингми, овози ҳам онамизникига ўхшаш, у ҳам қиблагоҳни "пиракї" дейди, - деди фикридан қайтиб, сабри чидамасдан пиёладаги чойни ҳўплаётган акам.

Мен тоқат қилиб туролмадим. Меҳмонхонадан чиқиб, холамга юзландим:

- Опажон, сиз Тошби хола эмасмисиз?..

- Ҳа, мен Тошбиман, нима эди, ўғлим? - бу саволдан бироз сергакланди холам.

- Биз шу исмли холамизни қидириб юрибмиз. Сотиболди сизнинг ўғлингизми?

- Худди ўзи, Сотиболдижон менинг тўнғич ўғлим… номим Тошби, отам - Қаҳҳорбек, укаси - Расулбек.

- Биз Расулбекнинг невараларимиз, холажон, - деди суюнганидан Нўъмон акам.

Холамиз бизни бағрига босиб, зор-зор йиғлади. У ҳам орзусига етиб, амакисининг қизини топганидан Яратганга шукрона айтарди: -"Ўлай сизларга, болаларим, қандай топдингиз ўзбек холангизни. Худога минг бор шукр, синглимни топдим", - дея юз-кўзларимиздан ўпарди, холам…

Кейинчалик холамнинг айтишича, у уруш йиллари болалар уйининг йўлланмаси билан Андижон шаҳридаги тўқувчилик цехларидан бирига ишга киради. У ерда Аҳмаджон Мўсоев номли ўзбек йигити билан танишиб, 1945 йилда оила қуришади. 50-йилларда А. Мўсоев бошқа андижонликлар қатори Вахш водийсини ўзлаштириш учун Қўрғонтепа шаҳрига кўчиб келади. Холам иккаласи баркамол фарзандларни вояга етказишади. Ўтган йиллар давомида Тошби холам ҳам қариндош-уруғларини кўп қидиради. Бироқ ҳеч қайсисини тополмайди. Охир оқибат, қидирувлари натижа бермаганидан сўнг, тақдирига тан беради…

Тошби холамни Қумсангирга олиб келиб, онам билан учраштирдик. Улар жуда бахтли эдилар. Биз холамникига ва улар эса, бизникига тез-тез бориб-келадиган бўлдик. Ўртадаги қариндош-уруғчилик ва борди-келди янада мустаҳкамланди.

Онам Тошби холамни жуда яхши кўрарди. Уларнинг муносабати бир ота-онадан туғилган опа-сингиллар каби эди. Орадан ўн йиллар ўтиб, 1984 йилда онам дунёдан ўтди. Тошби холам эса, 1989 йилда вафот этди. Кейинги беш йил мобайнида, Тошби холамиз биз учун онам ўрнида она эди…

 

Бурҳон САЛМОНОВ, журналист.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

«РОҒУН» - БАРЧАМИЗНИНГ ФАХРИМИЗ!

 

Ҳаммамизга маълумки, 2018 йилнинг 16 ноябр куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон иштирокида «Роғун» гидроэлектростанциясининг биринчи агрегати тантанали равишда ишга туширилди. Бу Тожикистон тарихида жуда муҳим воқеа бўлиб, мамлакатимиз халқи томонидан катта шодлик билан қарши олинди.

Муфассал...

Пушаймон

 

Воқеий ҳикоя

Зариф Маъсума билан бир неча йил аҳду паймон қилишиб, ота-онаси розилиги билан оила қурди. У оиласи билан тинч, хотиржам яшарди. Маъсума ақлли, чиройли, ҳамма ҳавас қиладиган қиз эди. Шу орада, улар икки фарзандли бўлишиб, ҳаётлари бир текисда ўтиб борарди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990823

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478113
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4041
4027
21726
7426653
99757
114875
7478113

Сизнинг IPнгиз: 18.117.188.105
Бугун: 23-11-2024 17:21:09

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015