“Мен бундан йигирма йил бурун бир марта ўлган эдим. Ўшанда суянч тоғи деб билганим, севиб турмуш қурганим – умр йўлдошим тили заҳар онасига аччиқ қилиб, болаларим ва ота-онаси олдида мени тепкилаганди. Иккинчи марта эрим хиёнат қилганида ўлгандим... Бугун учинчи марта ўлдим. Ҳаётимда не кунлар бўлмасин, “Бегим”, деб ардоқлаганим худбин укасининг дастидан келинларим, набираларим олдида ҳақоратлади...
Ургани ҳам майли, жисмоний камчилигимни таъна қилгани жон-жонимдан ўтиб кетди. “Қийшиқ”, деган номни кўтариб юрайми энди? Ич-ичимдан куйиб кетаяпман. Энди мен ўша йигирма йил аввал бўлганидек, ёлғон муомала қилишга кучим етмайди...
Меҳринисо ўн саккиз ёшидан бери тутиб келган кундалигига шу охирги сўзларни ёзиб, уни авайлаб ёпди-да, бағрига босди. У энди йиғламай қўйди. Кечаси йиғлаб бўлганди. Энди тамомила дийдаси қотганди унинг. Аввалги ўлганларида умр йўлдошининг исмини тилга олгиси ҳам келмайди энди, болалари учун кечириб юборган, кўнгли исимаса ҳам ўзини шу пайтгача мажбурлаб яшади. Тўғри, Меҳринисодан ҳам баъзи хатолар ўтгандир. Лекин умри давомида эрига хиёнат қилмади, рўзғорнинг кам-кўстини бировга билдирмади, топганини уйга ташиди, бировнинг молини ўғирламади, бировни ғийбат қилмади. Асли, вақтида аразлашни билиш керак экан, ўз қадрини ерга топташга кўп бор йўл қўйиб берди.
Ҳовлига чиққан Меҳринисонинг кўзи қийғос очилган, юзидаги шабнами қуёшнинг илк нурларида ялтиллаб турган гулларга тушди. “Бечоралар, менга ўхшаб булар ҳам йиғлаб чиқишибди-да тун бўйи”. Аёлнинг юзига кинояли табассум ёйилди. “Ҳаммалари уйғонмасдан бир қарорга келишим керак”. Бир оздан сўнг Меҳринисо бир-икки кийимини олиб, секин дарвозадан чиқди...
Набиралари билан нонушта қилиб ўтирган Моҳтоб хола кўчадан қизининг овозини эшитиб, деди:
- Катта амманг келаяпти. Туринглар, кутиб олинглар, бирга нонушта қиламиз. Билгандай қаймоқ олиб қўйган эканман, ақлимдан айланай. Боринглар, яхши-яхши салом беринглар.
Ким биландир сўрашиб бўлган Меҳринисо дарвозадан кирар-кирмас шириндан-шакар жиянлари у томон чопиб келишди. Қизининг келганига суюнган она унинг ранги-рўйидаги синиқликни сезмай қолмади. Шундай бўлса-да, ўзини қувноқ тутишга ҳаракат қилди. Набиралари бирин-кетин мактабга, кичкинтойи аяси билан боғчага кетишгач, Меҳринисога тикилди:
- Қизжоним, тинчмисан, бугун дарсинг йўқми?
Меҳринисо бу ёқимли овоздан эриб, бошини она кўксига қўйгиси, ўкириб-ўкириб йиғлагиси келди. Бироқ ўзини тутди, онасини аяди. Шунча йил болаларининг ташвишини тортгани етар. Шу ўй билан тошиб келган фарёдини ичига ютди.
- Дарсим учинчи соат, сизни кўргим келди. Уйингизда уч-тўрт кун дам олмоқчиман, майлими?
- Майли, қизжоним, қанча турсанг ҳам майли... Лекин айланай сендан, ичингдагини айт, кўзларинг билдириб қўйяпти, куёвим яна хафа қилдими?
- Йўқ, онажон, уйим тинч, хавотир олманг, ўзим бир оз чарчаганман. Дарсга тайёрланай.
Меҳринисо онасини чалғитмоқчи бўлаётганини Моҳтоб хола сезса-да, ортиқча суриштирмади, кейинроқ ўзи ёрилар... Шундай қилиб, уч-тўрт эмас, ўн кунча вақт ўтди. Бу орада бўлган воқеадан онагина эмас, балки ҳамма қариндош-уруғлар бохабар бўлишди. Меҳринисонинг қизлари, икки ўғли, келинлари, набиралари-ю қайнисингиллари келиб-кетиб чарчашди. Шодмонбек ҳам икки марта келиб, машинасини дарвоза олдига кўндаланг қўйди-да, Меҳринисонинг ўзига рўпара келолмай, қайнонасига: - “Айтинг, уйга юрсин энди”, - деди. Ҳамма гапга Меҳринисонинг жавоби битта бўлди:
- Йўқ, яшамайман бирга, етар. Узоқроқ жойга йўқолиб кетаман. Шодмонбой мендан бутун, чиройли хотин топиб олсин. Ҳаммаларинг уйли-жойли, набиралар тўйидан ҳам қутулганман. Хавотир олманглар, мен энди ўзимни хўрлатиб қўймайман, ўзимга зиён ҳам етказмайман. Касбим бор, қўлимда ҳунарим бор, қаерда бўлса ҳам кунимни кўраман.
Шодмонбек ўн икки кун деганда, учинчи марта келди. Моҳтоб холанинг кўз ёшларига чидай олмаган Меҳринисо шаштидан тушиб, эрининг олдига чиқди ва башарасига қарамай деди:
- Бўпти, кечқурун бораман уйга. Фақат шу шарт билан - жанжалга сабаб бўлган ўша эркатой, шайтонвачча укангизни хотинчаси билан, катта қайнимни овсиним билан, қайнисингилларимни, иккита қўшнимиз, болаларимнинг ҳаммасини чақиртириб қўясиз. Бизникилар ҳам боришади. Гапимни тинглайсизлар, ана шундан сўнг ўша ҳовлида яшайманми-йўқми, ҳал бўлади.
Шодмонбек хотинининг уйга боришга кўнганидан суюниб, кечқурун “яраш оши” қилишга астойдил ҳозирлик кўрди. Қизлари ва келинлари кечгача ҳаммаёқни тозалаб, турли егуликлар пиширишди, меҳмонхонага чиройли дастурхон тузаб қўйишди. “Яраш оши” жамулжамликда ейилди, яқинлар-у қўшнилар ҳазил гаплар билан ўртадаги ғашликни тарқатишга уринишди. Бироқ Меҳринисо ҳеч нима тотинмади. Ошдан кейин ёнбошдаги диванга ўтириб, гап бошлади:
- Энди сўз менга. Охиригача чидаб эшитасизлар. Мана бу киши билан турмуш қурганимга ўттиз беш йил бўлибди. Олди қизимнинг ёши ўттиздан ўтди. Ёшим олтмишга қараб кетди. Шу ёшда аразга нима бор, дегувчилар кўп бўлди, биламан. Лекин, сабр-қаноатнинг ҳам чегараси бор экан. Аввало, сиз эшитинг, кенжа қайни ва хотинчангиз! Бахил қайнонамдан қолган зурриёт! Бир умр топганимизга шерик бўлдиларинг, индамай келдим. Охиргиси ҳаммасидан ўтиб тушди... Мен, энг аввало, ўттиз беш йил яшаб, бор меҳру муҳаббатимни, орттирган-орттирмаганимни шу оила аъзоларига бериб, болаларимнинг отаси олдида бир ниначалик қадр топмаганимга ачинаман. Тунов кунги воқеа бунга бир мисол. Сиз, ҳурматли қайнигинам, ишдан келсам, дарвозадан сигиримизни етаклаб чиқиб кетаяпсиз. “Ҳа, тинчликми?” десам, жавобингиз шу бўлди: “Сигирни акам менга бердилар, сут-қатиғини болаларинг билан ичиб ўтир, дедилар”. Мен эса, турган жойимда музлаб қолдим. Ахир, шу сигирни икки ўғлим билан неча йил бозорма-бозор югуриб, ишлаб топган эдик. Ўзимни босиб, “Тўхтанг, айланай, бу уйнинг эгалари йўқми, мен ҳали тирикман-ку”, дедим. “Бу уйнинг эгаси акам, сиз хотин кишисиз, бир нима дейишга ҳақингиз йўқ”,- деганингизни тан оларсиз? Қайнигинам, шуни ёдда тутингки, бир нима дейишга ҳақим бор. Чунки бу рўзғор бутунлигини сақлашга жонимни, ғуруримни фидо қилган аёлман. “Вақтида акамнинг топганини хў-ўп егансиз”,- деб таъна қилишга уялмадингиз-а. Эслатиб қўяй, бу оилага келин бўлиб келганимда сиз бурни оқиб юрган болача эдингиз. Қайнонам қўлини совуқ сувга урмасди, кирларингизни ювардим, овқатларингизни вақтида қилиб, нон ёпардим-да, иш куни дарсга, бозор куни эса, кечалари тикиб чиққаним – кўрпача жилдларини олиб бозорга жўнардим. Мен ҳеч қачон акангизнинг топганини ялпайиб еб ётганим йўқ! Акангизни бугун ҳамма “Бек”, деб ҳурмат қилади. Бу кишини “Бек” даражасига ким олиб чиқди, инсоф билан ўйлаб кўринг. У кишини яхши кўриб текканимда, оддийгина шофёр эди. Ўзим зўрлаб сиртдан ўқитдим, ҳа, ўқитдим. Чунки муаллималикдан, чеварликдан тинмай пул ишлардим. Акангиз шаҳри азимга ўқишга жўнаганда, биров қўлига бир сўм пул бермаган, мен тутқазганман қўлларига. Кейин йиллар ўтиб, бир идорачага бошлиқ бўлди, “левак” пуллари кўпайди, “ўйнашча”лар пайдо бўлди. Дўст-душманга билдирмасдан ўзим куйиб, ўзим ёндим... Бу “бойвачча” ҳар йили устини янгилайди, лекин менга биттагина рўмолча кўтариб келмайди. «Сенгаям бирор нима керакми?»- деб сўраган эр эмас... Ҳаром юришининг касофати менга урди – бир куни бозордан келаётиб, автоҳалокатга учрадим, бир қўлим гипсдан сўнг сал қийшиқроқ бўлиб қолди. Тунов куни «Сигирни жойига қайтариб боғланг»,- деганимда акангиз сўкиниб “қийшиқ”, дея ҳақорат қилганини, келин ва набиралар олдида урганини тасдиқламай иложингиз йўқ. Эндиям тинч қўймайсанми, бизни? Ҳа, сенлаганимга ҳайрон бўлма, сизлашга лойиқмассан. Ота-оналаринг ўлиб кетди, уйли-жойли қилдик, ҳовлидан нина олмай ташлаб келдик. Хотинчанг уйда, бирор қўшимча иш қилай демайди, ақалли пахта теришга чиқмайди. Ахир, одамлар пахта териб, бир қишлигини ғамлаб олади. У ишласа, мени ким ғийбат қилади? Бахт кимники – сочи пахмоқники, деб тўғри айтган экан машойихлар. Эсиз ўтган умрим, эсиз умидларим, эсиз...
Кичик овсин отдан тушса ҳам эгардан тушмайдиганлар хилидан экан, лабини буриб тескари ўтириб олди. Кенжа ука ўрнидан турди:
- Шу сигирни қайтариб олиб келсам, акам билан яшайсизми? Кечирим сўрасак, яшайсизми?
- Мен сигирга эмас, шунча меҳнат қилиб, шунча йил бирга битта уйда яшаб, бир оғиз маслаҳатга лойиқ кўрилмаганимга ачинаман. Энди кечиримингни аканг билан пишириб енглар. Аканг – шу аканг, ўзгарармиди? Бу ҳовлида яна сўкишлар, уришлар давом этади. Гувоҳ бўлинглар, охирги сўзим, болаларимнинг отаси билан бошқа бирга яшамайман!
Меҳринисонинг бу гапига қўшни эркак жим туролмади:
- Муаллима, сизни ҳамма ҳурмат қилади, ор-номусли аёл, деб билади.
- Э, қўшнижон-а, ичимдаги дардларни қаердан биласиз? Ҳатто, болаларим ҳам билмасди. Энди айтаман – мана бу эркак “ўйнаш” билан ишхонасида қўлга тушиб, ишдан ҳайдалди, уйда ўтириб қолди, аламидан мени қанча сўкканларига, урганларига мана шу ҳовли гувоҳ. Яна кечириб, ҳеч кимга билдирмай, дўхтир укаларим ёрдамида пенсия тўғрилаб бердим. Ўша қийинчилик йилларида, бу киши пенсияларини чойхонада йўқ қилиб келди. Маош рўзғорга етмайди. Менинг ор-номусим ўша йиллари бозорда совун сотганимда, ҳа, битта совундан ўн дирам қолади, деб бозорнинг ўртасида ўтирганимда адо бўлган, қўшнижон. Ҳозир ҳамма бозорчи, у вақтда... Энди бу гаплар бекор...
Шодмонбек бир қизариб, бир бўзарарди, сўкишга чоғланган тили айланмай қолган, кўзи бир нуқтага тикилганди. Катта қизи Орзигул Меҳринисонинг бағрига отилди:
- Аяжон, жон аяжон, биз учун кечиринг дадамни. Шу ҳовлида яшанг, кетманг, илтимос!..
Кейин ҳамма болалари – бири қўлидан, бири елкасидан ушлаб, ялиниб-ёлворишди. Бир ёшга тўлган, тақилган лентаси, атлас кўйлакчаси ўзига ярашган, олмадайин тиниқ юзли қиз набирасини қўйнига ўтқазиб қўйишди. Набираси бир ширин кулиб турардики, беихтиёр онанинг кўзига меҳр нури югурди. Энди у Шодмонбек билан бир уйда яшайдими ё... Буни эртанги кун кўрсатади.
Зулайҳо Бону.
Атоқли давлат ва жамоат арбоби, Тожикистон Қаҳрамони, академик Бобожон Ғафуровнинг 110 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланди. Юбилей олдидан буюк муаррих ва шарқшунос олимнинг шонли ҳаёт йўли ва самарали фаолияти ҳақида китоблар чоп қилингани, олий ўқув юртлари ва бошқа илмий-маданий муассасаларда турли тадбирлар ўтказилгани бунга яққол мисолдир.
Муфассал...Азиз ватанимиз истиқлолиятга эришгандан сўнг, барча соҳаларда илгари силжишлар, ривожланиш юз бериб, порлоқ келажак сари шахдам қадамлар ташланди. Давлатимиз ва республика Ҳукумати бошчилигида мустақиллик даврида эришилган муваффақиятлар сифатида "Сангтўда-1", "Сангтўда-2", "Помир-1", Роғун ГЭСлари, "Душанбе-2" иссиқлик узатиш маркази, "Қўрғонтепа-Кўлоб" темир йўли, «Қулма-Қароқурум» автомобил йўллари,
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015