Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 19 Январ 2017 Кӯришлар: 2209
Печат

 

f mahmud2017Фахриддин Маҳмуд 1991 йилнинг 25 февралида Суғд вилоятидаги Жаббор Расулов ноҳиясининг Ғўлакандоз қишлоғида туғилган. 1998 йили 16-ўрта умумтаълим мактабига қабул қилиниб, 2009 йили тамомлади. Маълумоти ўрта, мактабдан сўнг, 2009-2011 йиллар ҳарбий хизматни ўтаб қайтган.

Фахриддиннинг кўнглидаги дард, изтироб шуълалари бевосита  шеърларида акс этиб, ўқувчини ўйлашга ва "нега шундай?"- деган саволга жавоб излашга ундайди. Шоирнинг битиклари гарчи содда, равон услубда ёзилган бўлса-да, унда кучли мушоҳада уфуриб тургани рост.

 

ШУКР ҚИЛДИМ

Душманимнинг қайғусига дарддош бўлиб,

Қалбим дардга тўлиб кетса ҳузур қилдим,

Ким бой бўлиш орзусида, менинг эса,

Оғзим ошга етганига шукр қилдим.

Сабр қилсам гиёҳ чиқди чўлларимдан,

Дўст деганим адаштирди йўлларимдан.

Ғамни тутган, ёр тутмаган қўлларимдан,

Бахту омад тутганига шукр қилдим.

Бир ён уруш, гўдакларнинг кўкси қонда,

Золим бир ён, одамфуруш бир томонда.

Зўр олими бўлмаса ҳам тинч замонда,

Шу бир куним ўтганига шукр қилдим.

Ким нафс қули, айшу ишрат бозорида,

Меҳр танқис, зулм ундан юқорида,

Обрў топмай яхшиларнинг қаторида,

Умрим ўтиб кетганига шукр қилдим.

Ерга банди бўлиб қолдим учмасимдан,

Ишқ шароби тугаб қолди ичмасимдан,

Оллоҳни туш кўрай деб, кўз очмасимдан,

Ажал мени кутганига шукр қилдим.

 

ДЎСТИМ

Биз дунёга меҳмон бугун,

Билмам қанча йўлни босдим,

Бир арзимас инсон учун,

Йиғлаб, юзинг ювма, дўстим.

Хоксор яша, эл қатори,

Пешонада бўлар бори,

Ёвдир бойлик харидори,

Пул ортидан қувма, дўстим.

Дарди дилга ботиб кетган,

Ўзга қўлга ўтиб кетган.

Севгинг пулга сотиб кетган,

Бевафони севма, дўстим.

Ол иймонни паноҳингга,

Оллоҳ гувоҳ ҳар оҳингга,

Билмай қилган гуноҳингга,

Тавба қилгин, тавба, дўстим.

Росту ёлғон кўрганимиз,

Битта жондир берганимиз,

Соғ-саломат юрганимиз,

Бу ҳам битта совға, дўстим.

Бўлгин отанг дуосида,

Янгра ҳофиз навосида,

Сенга Каъба керак бўлса,

Онанг сенга - Каъба, дўстим!

 

АЙРИЛГАНИМГА

Шодлик, қувонч сиғмас танимга,

Дўстман армон деган ғанимга.

Кўзлар кулди, юрак йиғлади,

Бугун сендан айрилганимга.

Орзу отим чопди, йиқилди,

Сордек мағрур қаддим букилди,

Орзуларим тутдек тўкилди,

Бугун сендан айрилганимга.

Мен қўлларин тутмаган, дилдор,

Ўзга уйда бўлгин бахтиёр.

Елкамга юк ташлайди ёр-ёр,

Бугун сендан айрилганимга.

Бахтли бўлгин, қоши камоним,

Сенсизликда кул бўлди жоним,

Зулматларга тўлди осмоним,

Бугун сендан айрилганимга.

Ё бу бир туш ишонмаяпман,

Минг хаёлда яшолмаяпман.

Телбалигим нишонлаяпман

Бугун сендан айрилганимга.

Энди биз-чун ўлди муҳаббат,

Бизга армон бўлди муҳаббат.

Юрагимни тилди муҳаббат

Бугун сендан айрилганимга.

Хаёлларим чексиздир гўё,

Орзуга жой бермади рўё.

Кўз ўнгимда торайди дунё

Бугун сендан айрилганимга…

 

БУ ҲАЁТ

Дунёга бир бора келиб одамзод,

Фарзандга умрини бериб ўтаркан.

Фақирнинг ошин еб, бойнинг кўнгли шод,

Бу ҳаёт шундайин давом этаркан.

Кимлар тўй қилади сочиб борини,

Кимлар-чи, ҳайдайди топган ёрини.

Минбарга чиқарар замон зўрини,

Бу ҳаёт шундайин давом этаркан.

Бир умр бефарзанд ўтганлар қанча,

Етимлик этагин тутганлар қанча.

Инсонни пул учун сарсон қилганча,

Бу ҳаёт шундайин давом этаркан.

Отани дўппослаш урф бўлиб қолди,

Фарзандлар қалбида шафқат йўқолди.

Ҳақиқат ўзини ўлганга солди,

Бу ҳаёт шундайин давом этаркан.

Савдога айланди - одам савдоси,

Ҳар ёқда шайтоннинг фаҳшу зиноси.

Бир ёқда момолар ўтмай дуоси,

Бу ҳаёт шундайин давом этаркан.

Нокасу номардга жой берди замон,

Оллоҳ бандасини қилар имтиҳон.

Кўрдим ҳақиқатга йўқ экан макон,

Бу ҳаёт шундайин давом этаркан.

Умр ўтиб борар елдай шошилиб,

Не-не зотлар кетди ерга қўшилиб.

Қуш уясидагин кўрганин қилиб,

Бу ҳаёт шундайин давом этаркан…

 

Фахриддин Маҳмуд.

КАЛЕНДАР

« Август 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
          1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31            

МАҚОЛАЛАР

Тожикистон халқ шоири Нурмуҳаммад Ниёзий: «Шоирлик – менинг тақдирим»

 

Муаллифдан: Мен Тожикистон Халқ шоири Нурмуҳаммад Ниёзий билан бир йилдан буён суҳбатлашишга чоғланаман. Лекин ҳар гал негадир суҳбат ортга сурилаверади. Халқ бахшиларидай ич-ичидан туйғулари тошиб келиб, экспромт тарзида шеър битадиган, шеъриятни муҳаббат деб биладиган, Она юрти, халқи, она тили ҳақида юрак-юракдан берилиб гўзал сатрлар тузадиган бу ижодкор билан суҳбатим одатдагидан бошқача бўлишини истардим.

Муфассал...

Улуғ алломага эҳтиром

 

Атоқли давлат ва жамоат арбоби, Тожикистон Қаҳрамони, академик Бобожон Ғафуровнинг 110 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланди. Юбилей олдидан буюк муаррих ва шарқшунос олимнинг шонли ҳаёт йўли ва самарали фаолияти ҳақида китоблар чоп қилингани, олий ўқув юртлари ва бошқа илмий-маданий муассасаларда турли тадбирлар ўтказилгани бунга яққол мисолдир.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2501932

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

9927744
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
133
3047
11506
9895679
64305
107749
9927744

Сизнинг IPнгиз: 216.73.216.169
Бугун: 21-08-2026 00:53:04

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015