Яқинда Тожикистон Ёзувчилар иттифоқига бир қатор янги аъзолар қабул қилинди. Улар сафида адиба, шоира, Хўжанд Давлат дорилфунуни доценти, филология фанлари номзоди Мунаввара Ойматова(Мунаввара Абдураҳим)нинг ҳам борлиги биз - дўсту ёрлари, мухлисларини астойдил суюнтирди.
Деваштичнинг олис Қизили номли қишлоғида таваллуд топиб,
камолга етган истеъдодли ижодкор Мунаввара Абдураҳимни мамлакат қаламкашлари юқори органи саналган Тожикистон Ёзувчилар иттифоқига аъзо этиб сайлангани муносабати билан самимий қутлаймиз ҳамда юксак ижодий парвозлар тилаб қоламиз.
Муҳарририят.
Байроқ куни муносабати билан бирон нарса ёзсангиз... Бу таклиф баҳона, доимо хаёлимда жонланган бир суҳбат манзарасини сизга илиндим. Сўзини кўриб, ўзини кўришни орзу қилиб юрганим дилошуб шоира Зебо Раҳимова билан тасодифан Адабиёт институти(Тошкент)да учрашиб қолдим. Закий адабиётшунос Сайфиддин Рафиддинов билан сўрашиб: -Зебо опага салом айтинг, - десам, -Зебо опангиз шу ерда. Кабинетимда. Олдига киринг, - деди. Жозибали шеърлари билан адабиёт майдонига жаранглаб кириб келган шоира ҳузурига истиҳола билан ташриф буюрдим. Содда, камтарин, ўраган рўмоли ўзига ярашган Зебо опани кўрганда, тортинишларим аллақаёққа чекинди.
-Мен Хўжандданман. Сизни туркум шеърларингизни ўқиб, яхши кўриб қолганман, -дедим. Юзига нурли табассум ёйилган Зебо опа: -Мен Хўжандда бўлмаганман. Аммо уни севаман. Хўжанд деганда, мен янтоқни кўз олдимга келтираман. Илдизи ер остига чуқур кириб кетган янтоқни, -деди.
Доим хаёлимда, ўзгача эъзоз билан яхши кўрганим янтоқ дала шамолларида чайқалиб турган ҳолда намоён бўлди. Беназир шоиранинг Ватаним ҳақидаги бу ташбеҳи менга ёқиб тушди. Чунки ёшлигимдан янтоқ билан жўраман. Дадам раҳматлик қишда қўйларимиз озуқаси учун янтоқлар гуллаган пайт биз қизларини янтоқ ўришга олиб борардилар. Янтоқни олиб келиб, босиб қўярдик. Қўйхона ёнидаги янтоқ ғарами қишда бизни қўйларга хашак солиш ташвишидан озод қиларди. Қору ёмғирларда ивиб, мулойим бўлган янтоқни қўйларимиз маза қилиб ер эди. Биз иссиққина уйда телевизор кўрардик ё китоб ўқирдик. Янтоқ ўриш эса, бизнинг уйда улкан ташвиш каби қаршиланарди. Унга боришни улкан муаммо каби кўриб, ечим топишга уринардик. Талаба ё ўқувчимиз. Биз каби талаба қизлар уйда. Янтоққа бормайди. Биз эса, ёзги таътил бўлгани учун янтоққа боришга мажбур эдик. Бу - алоҳида воқеа.
Аммо қишлоқдан йўлим узилиб кетганидан кейин, янтоққа борган пайтларимиз умримизнинг энг бахтли ва шодмон онлари эканига ишондим. Дадам ёнимизда, ўтган-кетгандан ҳикоя қилиб, бизни зериктирмай, иштиёқимизни ошириб, янтоқ ўрганлари - бугун ортда қолиб кетган умр бекати. Биз ўзга бекатлар сари елиб кетаётган карвондамиз. Замондош шоира Хосият Рустамованинг «Мен отамни ерга экдим...» сатри ички бир хиргойимга айланганига анча бўлди. Қишлоқни соғинсам, шу мисра - тасбеҳ донаси бўлиб хаёлимда айланаверади, айланаверади... Она қишлоғим Қизилининг баланд қирида ўринлашган Ҳурмат мозор қабристонига «экилган» дадам мени ичикиб соғинаётгандир, деган ўй юрагимни бурғулайди. Қорлар ёққанида, ёмғирлар шивирлаганида янтоққа айланиб, экилган дадамга етгим келади. Мавлононинг "Мен япроқман, томиримга экилганман" сўзлари инсон умрининг гўзал талқини, деб тушунаман. Яшнаймиз, гуллаймиз, бир куни илдизга қайтиш учун тупроққа экиламиз. Янтоққа қайтайлик. Янтоқ илдизлари сув ахтариб ўттиз, қирқ метрлаб чуқурга кириб кетар экан. Биз заҳмат чекиб, яшаш учун курашаётган янтоқни ўрардик. Аммо ҳаётни жуда севган янтоқ келгуси йили яна замин қаъридаги сувга етиб борган илдизидан қайта кўкаради. Янтоқ каби яшаш керак, деб мушоҳада қилдим янтоққа қараб. Ватанимни янтоққа ўхшатилгани эса, менга бошқача сурур бағишлади. Янтоқ илдизлари каби илдизим сув ахтариб, чуқурлаб бораётган бу умр манозилида.
Сув - оби ҳаёт. Хизр чашмасини мангулик, барҳаётликни истайди барча бандалар. Янтоқ ҳақидаги фалсафам Хизр чашмасини кашф қилди. Илдизлар кўкариб Ватанни ахтарар экан, барҳаётлик сари кетаётган каби. Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат, айни Хизр чашмаси эмасми? Ватанни севган инсон ватани учун яшайди. Ватани учун фидо бўлади. Ватан учун жангларда ўлиш шартмас. Унинг шонини улуғлашни билсанг, бас. Унинг номини қалбингда муқаддас тутсанг, бас. Ижодкорнинг яхши асари ҳам Ватан тупроғига экилган ниҳолдир. «Умримиз боқийдир, умримиз боқий», - деганида бетакрор Шайхзода, айни Ватан, деган кенгликларга ўзи эккан ҳосил умрига ишора қилганди. Чинакам ижод билан машғул бўлганларга қарата, илдизга қайтмоқ учун янтоқ бўлинг, дегим келади. Фақат илдизи ер юзасида ўринлашган шувоқ бўлишмас, ақалли, янтоқ бўлиш бахти насиб бўлсайди... Ватан қирларида янтоқ бўлсам, ҳар ёз кимдир ўрса, яна келгуси баҳор илдизимдан янгидан гулласам...
Қадим Хўжандимнинг қоқ юрагида шамолларда ҳилпираб байроқ турибди. Ватан рамзи сифатида, бу байроқни бундан-да, баландга кўтариш мумкин. Унинг Гиннесс китобига кирганидан кўра, менинг қалбимда, менга ўхшаш ватандошларим қалбида яшаши бошқачадир. Қизим байроқ рангларига берилган таърифларни келтиради: Қизил ранг бу - жасорат, жасурлик... Оқ ранг - дунёнинг мусаффолиги. Яшил ранг - ям-яшил табиатимиз, Ватанимнинг гуллаб яшнаши. Етти юлдуз - етти иқлим. Мен байроқ рангларини ўзимча рамзлайман. Яшил ранги - менинг қалбимдаги сенга бўлган меҳрим уммони, Ватан. Оқ ранг сенинг оппоқ тонгларингда қилинган пок ниятлар ранги, онажоним - Ватан. Қизил ранг - менинг сенга қайноқ муҳаббатимнинг оловли гулхани, томирдаги қоним - Ватан. Юрагимда мангу олиб юргувчи туғим сенга муҳаббатим, Ватан. Бетакрор Чингиз Айтматовнинг "Қиёмат" романида «Олтовлон ва еттинчи» деган грузин ҳикоясидаги Гурам Жўхадзенинг Ватан ҳақида содда фалсафаси, менинг Ватан ҳақидаги ўйларимга доимий маёқдир. Гурам Жўхадзе дейди: -...Ватанни олиб кетиб бўлмайди. Фақат соғинч ва армонларни олиб кетамиз. Агар Ватанни хуржун каби олиб юриш ва ташиб кетиш мумкин бўлганда, у сариқ чақага арзимасди... (Ч. Айтматов. "Қиёмат"). Мен доим Сенда яшаб, Сени соғиниб юраман, Ватан. Тупроққа экилган отам, шу Ватан тупроғидир. Мен шу тупроқни соғиниб яшайман. Чингизу араб отлари остида эзилган янтоғим, сенсан - Ватан. Ҳар йили баҳорда қаттиқ тупроқ остидан ёруғликка интилиб, эски илдиздан янгиланиб чиққан янтоғим, ўзингсан - Ватан. Хўжандим марказида ҳилпираб турган байроқ бир рамздир. Бу рамзда шу Ватаннинг бутун бир тарихи мужассам. Ҳар гал қадим Сирдарё бўйлаб ўтар эканман, байроғингга қараб, қалбим фараҳга тўлади. Олисларга кетсам, менга ўзига чорловчи маёқ ҳам - шу Сенга бўлган меҳрга тўла байроқ. Қадим Хўжандимда бир янтоқ каби гуллаш бахтидан масрур бўлиб, янтоқлари гуллаган Ватанда яшаш саодатига шукроналар айтаман. Мен Ватанни чиройли гулга менгзамадим. Шоира Зебо Раҳимова ўхшатиши ёқиб тушди. Сабаб, чиройли гуллар доимий қаров талаб этади. Менинг Ватанга меҳрим табиийдир. У мангу бўлиб, янтоқ каби ўрсалар ҳам ҳар гал илдизидан қайта-қайта гуллайверади. Янтоқлари гуллаган Ватан - Тожикистоним, бахтимга мангу гулла, яшна, обод бўл. Зеро, мен сен билан кимдирман, сенсиз ҳеч кимман.
Мунаввара АБДУРАҲИМ, Хўжанд шаҳри.
Санъатшунослик фанлари доктори, профессор, илму техниканинг атоқли арбоби, Тожикистоннинг етакчи санъатшуносларидан бири Муқаддима Ашрафий тожиклар миллий либосига бир қатор илмий ишларини бағишлаган. Унинг "XII-XVII аср тожикларининг ўрта асрдаги либослари" суратли китобларидан бири тожиклар санъати тарихининг энг кам ўрганилган соҳаси - ўрта аср либосларини акс эттиради. Либослар ҳақида тўлиқ, аниқ, яққол тасаввур берувчи қадимий
Муфассал...
Мустақиллик – ҳар бир халқ ва давлатни порлоқ келажак сари элтувчи ёрқин йўл. Зеро, азал-азалдан эллар мустақиллик томон интилиб, курашиб келгани бежиз эмас. Истиқлол, деб аталмиш буюк неъматнинг замирида ҳурлик, озодликка эришиш, миллатнинг ўзлигини бутун бўй-басти билан намойиш этиш имкониятлари мавжуд бўлиб, у элим, юртим, деб ёниб яшайдиган ҳар бир жонкуяр фуқародан фидокорона меҳнат қилишни талаб этади.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015