- Миллат пешвосининг қўллаб-қувватлаши ва яратиб берган имконияту имтиёзлари асосида хусусий секторларнинг сайёҳлик соҳасида фаолият олиб боришга бўлган рағбати ошиб, 2018 йилда 75та сайёҳлик компанияларига ижозатнома берилди, - деди Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Сайёҳликни ривожлантириш комитети раиси Нуъмон Абдуғаффорзода матбуот анжуманида.
– Умуман олганда, республикада сайёҳлик компаниялари сони 145тага етказилиб, улар ички ва хорижий сайёҳлару меҳмонларга хизмат кўрсатмоқда.
Сайёҳлик инфратузилмаларини яратиш соҳа тараққиётига хизмат қилади. Шу мақсадда, ўтган йилда Кўшониён, Ховалинг, Хуросон, Зафаробод, Ёвон, Мурғоб, Ваҳдат, Хўжанд, Истаравшан, Исфара, Нуробод каби шаҳру ноҳияларда биттадан ҳамда Шамсиддин Шоҳин, Бохтар, Конибодом, Панжакент шаҳру ноҳияларида иккитадан сайёҳлик иншоотлари бунёд этилган.
Айни пайтда, мамлакатимизда 170та меҳмонхона фаолият юритаётган бўлса, яна 41тасида қурилиш ишлари давом этмоқда. Сайёҳларни қабул қилишга мўлжалланган хоналари сони 245та, санаторий ва дам олиш масканлари эса, 94тани ташкил этади.
2018 йилда сайёҳлик соҳасида хизмат кўрсатиш субъектлари ходимларининг ўртача сони 4378 нафарни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 1679 нафарга кўпдир. Яъни бир йилда 1679 нафар фуқаро иш ўрнига эга бўлган.
Энг даромадли соҳа, дея таъриф бериладиган сайёҳлик соҳасидан ўтган йилда 214 миллион 36 минг сомоний давромад олинган. Бу 2017 йилга қараганда, 65,2 миллион сомонийга ортиқ, демакдир.
2018 йилнинг Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, дея эълон қилиниши муносабати билан мамлакат Ҳукумати томонидан бу борада йўлга қўйилган амалий чора-тадбирлар натижасида республикамизга ташриф буюрадиган сайёҳлар сони кун сайин ошиб, 2018 йилда юртимизга 1 миллион 155 минг нафар сайёҳ келган. Бу рақам 2017 йилга қиёсланса, 2,6 марта кўп эканлигини кўришимиз мумкин.
Ички сайёҳликни ривожлантириш ҳам комитетнинг асосий йўналишларидан бири саналади. Ўтган йилги рақамларга юзланадиган бўлсак, ички сайёҳлар сони 751000 нафарни ташкил этган. Улар, асосан, юртимизнинг тарихий-маданий мавзелари, муқаддас қадамжоларини зиёрат қилишган бўлса, истироҳатгоҳу санаторийларда дам олиб, даволанишган.
Халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳам таҳсинга лойиқдир. Бугунги кунда республикамизда 6805 нафар ҳунарманд фаолият юритмоқда.
- Миллий ҳунармандчилик маҳсулотларимизнинг асосий харидорлари хорижий сайёҳлар ҳисобланади, - дейди Нуъмон Абдуғаффорзода. – Ҳунармандларимиз яратган миллий ва ноёб маҳсулотларни сотувга қўйиш мақсадида, 140та, жумладан, Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида 7, Хатлон вилояти – 55, Суғд вилояти – 30, республика бўйсунишидаги шаҳру ноҳиялар – 13 ва Душанбе шаҳрида 35та эсдалик совғалари дўкони ташкил этилди.
Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Сайёҳликни ривожлантириш комитети раиси Нуъмон Абдуғаффорзоданинг сўзларига кўра, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон томонидан 2019-2021 йилларнинг Қишлоқлар, сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йиллари, дея эълон қилиниши соҳа ходимларини руҳлантириб юборган.
- Давлат раҳбарига сайёҳлик соҳаси ходимларига билдирган ишончи учун миннатдорчилик изҳор этамиз, - деди Н.Абдуғаффорзода. – Олдинда турган уч йилда эса, бор имкониятлардан фойдаланган ҳолда, ички ва хорижий сайёҳлару меҳмонлар учун барча зарур шароитларни яратиб, соҳа тараққиётини таъминлашга ваъда берамиз.
Зуҳриддин УМАРОВ, «Халқ овози».
**
Танқидларга сабаб бўлаётган соҳа
Кейинги пайтларда Давлат раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш соҳасида хизмат кўрсатиш даражасининг пастлиги ҳамда тиббиёт ходимларининг беморлар билан бўлган муомаласи танқид остига олинмоқда. Хусусан, мамлакат Президенти 2018 йилнинг 1 сентябрида ўтказилган Билимлар кунидаги нутқи ва навбатдаги Паёмида ҳам бу борада ташвиш билдирган эди.
Яқинда Тожикистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигида ўтган матбуот анжуманида бошқа вазирлигу идораларга қараганда, журналистлар анча гавжум бўлди. Улар фурсатдан фойдаланиб, анча саволларига жавоб олмоқчи эди. Лекин вазирлик раҳбари Насим Олимзоданинг ярим соатдан ортиқ вақтни ҳисобот ўқиш билан ўтказгани баробарида, матбуот анжуманлари учун белгиланган регламентни рўкач қилиб, кўплаб саволларни жавобсиз қолдирган ҳолда, зални тарк этиши, албатта, оммавий ахборот воситалари ходимларининг норозилигига сабаб бўлди. Шундай бўлса-да, вазир ҳисоботи ва журналистларга тақдим этилган матбуот варақасидаги айрим маълумотларни ҳавола этамиз.
2018 йилда 134451 нафар оила қурмоқчи бўлган ёшлар тиббий кўрикдан ўтказилган. Натижада, 1429 нафарда «В», 198 нафарда «С» гепатитлари, 58 нафарда инсон иммун тақчиллиги вируси, 17 нафарда сил, 13 нафарда сифилис - захм, 58 нафарда руҳий касалликлар аниқланган. Касаллик аниқланган шахсларга соҳавий табобат олганларидан сўнг, никоҳдан ўтиш учун маълумотнома берилган. Фақат, инсон иммун тақчиллиги вируси касаллиги бор беморлар бундан мустасно. Улар махсус табобат ва назорат билан қамраб олинган.
Таъкидлаш лозимки, республика шаҳру ноҳияларидаги биринчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш муассасаларида болаларни хатна қилиш учун 587та махсус жарроҳлик хоналари ташкил этилган. Ўтган йилда 80 минг 330 нафар бола бепул хатна қилинган.
Фармацевтика, тиббиёт ва профилактика муассасалари ҳамда иккита ноқонуний омборда ўтказилган текширувлар пайтида 5721 турдаги дори-дармон ва тиббий маҳсулотлар муомаладан олиниб, иккита омборнинг фаолияти тўхтатилган. Мусодара қилинган дори-дармон воситаларидан 1448 турдагисининг фойдаланиш муддати ўтган, 4215 хилдаги маҳсулотларнинг сертификати бўлмаган ҳамда 54 турдаги тиббий маҳсулотлар меъёрий-техник ҳужжатлар талабларига жавоб бермаган.
Бугунги кунгача «Инсон аъзолари ва тўқималарини ўтказиш миллий илмий маркази» давлат муассасасининг фаолияти давомида 536 нафар касалга буйрак ва 33 нафар касалга жигар ўтказиш жарроҳлиги амалиёти қўлланган. 2018 йилда 116 нафарга буйрак, 10 нафарга жигар ва 7 кишига суяк илигини ўтказиш жарроҳлиги ўтказилган.
Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш соҳасидаги рақамларнинг кўрсатишича, 2018 йилда вазирлик тасарруфидаги санаторий ва курортларда 2443 нафар фуқаро соғлиғини тиклаб, истироҳат олган.
Шаҳар ва ноҳиялардаги комиссияларнинг талабига кўра, 82 минг 174 камтаъминланган оилага 21 миллион 884 минг 429 сомоний миқдорида электр қувватидан фойдаланганлик маблағини тўлаш учун пул ажратилган. Камтаъминланган оилалардан бўлган 106 минг нафар умумтаълим муассасалари ўқувчиларига 2 миллион 95 минг 580 сомоний миқдорида ёрдам пули тўланган.
Умуман олганда, мамлакат соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш соҳаларида ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар жуда кўп. Бу борада соҳа мутахассисларидан ўз вазифаларини садоқат ва виждонан бажаришлари талаб қилинади.
Зуҳриддин УМАРОВ, «Халқ овози».
**
Шарифжон ЖУМАЗОДА: - Ҳисор – қадимий мавзе ва бунёдкорлар шаҳри
- Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон олиб бораётган ободончилик ва бунёдкорлик сиёсатининг натижаси ўлароқ шаҳримиз кундан-кунга чирой очмоқда, - деди ўтган йил якунига бағишланган матбуот конференциясида Ҳисор шаҳри раиси Шарифжон Жумазода. - Тожикистон Президенти ҳамда мамлакат Ҳукуматининг кўрсатма ва топшириқларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида, ўтган йили талай ютуқларни қўлга киритдик. Халқ хўжалигининг барча соҳасида ҳам сезиларли олға силжиш кўзга ташланади.
Шаҳар раиси тақдим этган маълумотларга кўра, 2018 йил Ҳисор шаҳри бюджетининг даромад қисми 100,7 фоизга бажарилган. Тасдиқланган режага нисбатан бу кўрсаткич 1,2 миллион сомоний, 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 16,7 миллион сомоний ортиқдир.
- Маҳаллий тадбиркорлар қўллаб-қувватлаши натижасида, Ҳисор шаҳри сиймоси тубдан ўзгариб, 37та замонавий иншоот қурилди ва бу иншоотлар қабул комиссияси томонидан маъқулланиб, фойдаланишга топширилди, - деди Ш. Жумазода.
Шаҳар раисининг айтишича, ўтган йили Ҳисор шаҳри саноат корхоналари амалдаги нархлар юзасидан 213,8 миллион сомонийлик маҳсулотлар ишлаб чиқарган. Бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 44,2 миллион сомонийга ортиқдир.
Цемент, пишиқ ғишт ва бетон ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар сони 17тани ташкил этиб, улардан 15 корхона пишиқ ғишт, 2 корхона цемблок ишлаб чиқаради.
Ҳисор шаҳрида фаолияти тўхтаб қолган корхоналарни қайта тиклаш учун тадбиркорлар орасида шаҳар маъмурияти масъуллари томонидан мунтазам тарғибот-ташвиқот ишлари йўлга қўйилган ва улар имкон қадар қўллаб-қувватланмоқда.
Ҳисор шаҳрининг 2032 йилгача бўлган ва 550 минг аҳоли яшаши мўлжалланган Бош плани лойиҳаси "Шаҳрофар" очиқ шаклдаги ҳиссадорлик жамияти томонидан тузилиб, у Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг 30 июн 2012 йил чиқарилган 337-қарори билан тасдиқланган.
- Тожикистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида, халқ вакиллари Ҳисор шаҳри Мажлисининг 17 июл 2018 йилдаги 166-қарорига биноан, 613та иншоот қурилиб, фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган, - деди Ҳисор шаҳри раиси.
Матбуот конференциясида халқ хўжалигининг барча соҳалари бўйича қўлга киритилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар юзасидан, шунингдек, жорий йил вазифалари ҳақида шаҳар раиси журналистларга атрофлича маълумот берди.
Г. СОТИБОЛДИЕВА, "Халқ овози".
**
Муаммо босқичма-босқич бартараф этилади
Мамлакатимиз санъат соҳаси учун малакали кадрларни тарбиялаш жиддий яхшиланишни талаб этадиган масалалардан бири ҳисобланади. Бу ҳақда мамлакат Президенти томонидан ҳам тегишли топшириқ берилганди.
Тожикистон Республикаси Маданият вазирлигининг ўтган йил фаолияти натижаларига бағишланган матбуот анжуманида ушбу масала яна кўтарилди.
Маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода 2022 йилгача бешта хорижий мамлакатда маданият соҳаси ходимларини тайёрлаш режалаштирилаётганини айтди.
Бу мутахассислар «2018-2022 йиллар учун маданият, санъат ва нашр соҳаси мутахассисларини тайёрлаш давлат дастури» татбиқи доирасида Россия Федерацияси, Хитой, Италия, Беларус ва Ўзбекистонда тайёрланади.
Цирк соҳасининг лаёқатли кадрларини Румянцев номидаги Москва шаҳри давлат цирк санъати ва эстрада таълим муассасаси ва Пекин шаҳрининг цирк санъати таълим муассасасида тайёрлаш режалаштирилгани зикр этилди.
Маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода юқорида зикр этилган дастур самарали ижросини таъминлаш 2019 йилдан молиялаштириш билан бошланиб, республикада маданият соҳаси юқори малакали кадрлари етишмаслиги муаммоси босқичма-босқич бартараф этилишини айтди.
Шунингдек, ҳисобот даврида мамлакат касбий театрларининг ижодий жамоалари томонидан 72та янги спектакл намойиш этилгани қайд қилинди. Хатлон вилоятининг Бохтар шаҳрида «Афсона» қўғирчоқ театрининг очилиши туфайли болалар спектакллари репертуари ҳам бойиган. Театр янги, актёрлари ёш бўлишига қарамасдан, уларда катта потенциал ва ижодий ғоялар кўп бўлиб, саҳнада муваффақиятли тарзда амалга оширилаяпти.
Шунингдек, матбуот анжумани чоғида маданият соҳаси ходимлари театр қурилиши ишларига жалб этилаётганликларидан норози эканликлари ҳақида савол берилганида, Маданият вазири «тутаб» кетди:
- Халқимиз азалдан аксарият иншоотларни пул тўлаб эмас, балки ҳашар йўли билан қуриб келган. Чунки бу тожик миллатига хос бўлган анъана. Маданият ходимлари ҳам театр қурилишига ўз ҳиссаларини қўшишлари керак. Ахир, театр фаолият юритмаётган бўлса ҳам маош олишаяпти-ку. Маданият соҳаси ходимларининг мафкураси шу даражада бўлса, улардан келгусида нимани кутиш мумкин? - деди.
Маданият вазири ўтган йили вазирликнинг концерт ва театр муассасалари республика ва халқаро аҳамиятдаги 246та тадбирда фаол иштирок этишганини қайд қилди. Улар Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Япония, Ҳиндистон, Хитой, Россия Федерацияси ва Бирлашган Араб Амирликларига гастрол сафарлари билан боришиб, Тожикистон маданий меросларини юқори даражада намойиш этишди.
Ш.Орумбекзода концерт муассасалари ижодий жамоаси томонидан 87та янги қўшиқ ва мусиқий асарлар, 58та янги рақс номерлари ташкил этилганини маълум қилди. Бадиий кенгаш томонидан тожик бастакорларининг 30та асари ва 19та пиеса тасдиқланган ҳамда харид қилинган. Маданият вазирлигининг нашр муассасалари томонидан эса, ўтган йили бадиий ва илмий-оммавий адабиётларни қамраб олувчи 66 хил китоб 69 минг нусхада нашрдан чиққан. «Тожикистон китоблар уйи» давлат муассасаси фондига тожик, рус, инглиз, ўзбек, форс ва хитой тилларида 1400 нусха янги китоблар келиб тушган.
Тожикистон нашр фаолияти ҳақида гапирган вазир 2018 йилда тожикистонлик муаллифларнинг китоблари МДҲ ҳудудида энг яхши, деб эътироф этилганини қайд қилди. Тожикистон миллий энциклопедияси бош илмий таҳририяти томонидан нашр этилган «Тожик халқи маданияти энциклопедияси» китоби МДҲ мамлакатлари даврий матбуот, китоб нашриёти, китоб савдоси ва нашр ишлари соҳасида ҳамкорликлар бўйича давлатлараро кенгаш томонидан ўтказиладиган «Китоб санъати» XV халқаро танловининг Гран-присига муносиб топилган.
Бундан ташқари, Тожикистон миллий энциклопедияси бош илмий таҳририяти Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтган Евроосиё китоблар кўргазмасида «Болалар ва ўсмирлар учун энциклопедия» китоби безаги учун Гран-при ва «Маданият ва санъат» номинациясида «Тожик халқи маданияти энциклопедияси» китоби учун биринчи ўрин соҳиби бўлган.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда республикада 2442та ижтимоий-маданий муассаса, жумладан, 1453та кутубхона, 2та маданият мажмуаси, 318та маданият қасри ва уйлари, 409та клуб, 42та кўчма клуб, 15та маданият ва истироҳат маркази, 7та халқ филармонияси, 72та маданият ва истироҳат боғлари, 22та халқ театри, 87та музей, 14та музей-уйлари ва 1та маданият архиви фаолият юритаяпти.
Г.Аюпова,
«Халқ овози».
**
Тўхтаб қолган корхоналар фаолият бошлайди
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг навбатдаги Паёмида мамлакатни ривожлантиришнинг муҳим йўлларидан бири сифатида саноатни тараққий эттириш борасидаги кўрсатмаси Суғд вилоятида бу борада мавжуд имкониятларни кўриб чиқишга ундади.
Вилоят раиси Ражаббой Аҳмадзода ўтган йил натижаларига бағишланган матбуот йиғинида сўзлар экан, жорий йилнинг ўзиданоқ саноатни ривожлантиришга қатъий кирилишини таъкидлади. Ўтган йили вилоятда 11 миллиард 277 миллион сомонийдан кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқарилди. 2017 йилга қараганда, 1 миллиард 68 миллион сомонийлик кўп маҳсулот тайёрланди. Лекин таҳлилларнинг кўрсатишича, айни бир пайтда саноат маҳсулотларини янада кўпайтиришнинг ишга солинмаган имкониятлари мавжуд. Масалан, 603та саноат корхонасидан фақат 374тасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга эришилган. Айни бир пайтда 156та корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш камайган. 73та корхона эса, фаолиятини буткул тўхтатган.
Вилоят раиси тўхтаб қолган саноат корхоналарини ишга солиш энг муҳим масалалардан бири эканлигини айтар экан, бунинг учун, аввало, маҳсулот ишлаб чиқармаслик сабабларини чуқур ўрганиш ва зарур чора-тадбирларни қўллаш зарурлигини таъкидлади. - Ана шундай йирик корхоналардан бири – Мастчоҳдаги «Олимтекстайл» фабрикасининг тўхтаб қолиши натижасида 500 нафар аёл ишсиз қолган. Фаолияти бошланган даврда пахтани қайта ишлаш натижасида тайёрланадиган сифатли толаси билан танилган бу фабрика кейинги бир неча йил давомида маҳсулот ишлаб чиқармаётган эди. Бунинг туб сабабларини ўрганиш натижасида фабрика эгаси ўзгартирилди, ҳозирда уни ишга солиш чоралари кўрилмоқда, - деди Ражаббой Аҳмадзода. Фабрика қайта иш бошлагач, биринчи навбатда 300 нафар маҳаллий аёл иш билан таъминланади. Унинг иқтидори оша бошлагач, ишчилар сони янада кўпаяди. Шунингдек, Хўжанддаги тўқимачилик фабрикасини ҳам қайта ишга солиш чоралари кўрилмоқда.
Ўз навбатида, вилоятда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш борасида кичик корхоналар очишга алоҳида эътибор бериш четга маҳсулот сотиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Зиғир ёғи билан ном қозонган Исфарада бу экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқариш тақдимоти чет эллик харидорларни кўпайтира бошлади. Қисқа муддат орасида Америка ва Россияга 3 тоннадан ортиқ зиғир ёғи етказиб берилди. Шунингдек, биринчи марта Хитойга асал сотиш бошланди. Бу мамлакатга 20 тонна сифатли асал жўнатилди.
Хорижий мамлакатлар билан биргаликда қўшма корхоналарни ишга тушириш вилоят саноатини ривожлантиришда муҳим омиллардан бўлмоқда. Хитойликлар билан ҳамкорликда Гулистон ва Истиқлол шаҳарларида ишга туширилган металл комбинатлари, Бобожон Ғафуров ноҳиясидаги цемент заводи бу ҳамкорлик икки томонлама манфаат келтираётганини кўрсатмоқда. Бу корхоналар маҳсулотларига четда талабот борган сари кучаймоқда. Буни биргина мисолда кўриш мумкин – ўтган йили Ўзбекистон ва Қирғизистонга 500 минг тоннадан ортиқ цемент етказиб берилди.
Ҳозирда қўшни Ўзбекистон билан биргаликда қўшма корхоналарни бунёд этиш бўйича янги-янги шартномалар имзоланмоқда. Ўзбекистон билан биргаликда трансформатор заводини ишга тушириш вақти яқинлашиб қолди. Умуман, вилоятга қўшни Самарқанд ва Фарғона вилоятлари тадбиркорлари билан 30та шартнома имзоланди.
Ражаббой Аҳмадзода халқ хўжалигининг бошқа соҳаларини ҳам таҳлил қилар экан, ҳали кўп соҳаларда камчиликлар борлиги ва уларни тузатиш вилоят иқтисодини ривожлантиришга, аҳоли ижтимоий аҳволини яхшилашга хизмат қилишини айтди. -Мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдалангач, фақат шаҳарлар эмас, қишлоқларни обод, кўркам қилиш йўллари кўпаяди, - деди у. Вилоятда Тожикистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигигача камида 6500та иншоот бунёд этилиши мўлжалланган. Жумладан, қишлоқ аҳолисига қулайликлар яратиш мақсадида янги мактаб ва боғчалар, саломатлик марказлари, спорт майдончалари каби муҳим иншоотлар қуриш мўлжалланган. Қишлоқ йўлларини асфалтлаш режалари тузилмоқда. Бунёдкорлик ишларини амалга ошириш мақсадида, бюджет маблағларини ишга солиш билан бирга Тожикистонда яшаб, ишлаётган ва хорижда меҳнат қилаётган тадбиркорлар ҳимматидан ҳам фойдаланилмоқда. Россия, Беларус ва Қозоғистонда тадбиркорлик билан шуғулланаётган 75 нафар олиҳиммат инсон Тожикистондаги ўзи туғилиб-ўсган маконни обод этишга ҳисса қўшишларини изҳор этишди. Масалан, улардан бири Бўстон шаҳрида янги корхона қуриш учун 2 миллион доллар сарфлашга тайёрлигини айтди. Бу корхона ишга тушгач, 60 нафар киши иш билан таъминланади.
Ўтган йили вилоятда сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантиришда муҳим қадамлар қўйилди. Қишлоқлар, сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йиллари эълон қилинар экан, Суғд ва Тожикистонни хорижга танитишнинг муҳим ташриф қоғози саналган бу соҳаларни тараққий эттиришнинг янги йўллари изланмоқда. Зарафшон тоғлари бағридаги Ҳафткўл, Искандаркўл, Артуч каби хорижлик сайёҳларни мафтун этадиган хушманзара жойларни янада обод этиш, янги меҳмонхоналар қуриш, сайёҳлик йўналишларини ишга тушириш, халқ ҳунармандчилиги билан шуғулланадиган инсонларга қулай шароитлар яратиб бериш устида иш олиб борилмоқда.
Матбуот йиғинидан кейин вилоятда ўтказиладиган анъанавий «Хомаи созанда («Бунёдкор қалам») танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Вилоят раиси Ражаббой Аҳмадзода сайёҳлик, халқ ҳунармандчилиги ва саноатни ёритиш бўйича энг яхши мақола, теле ва радиорепортаж, лавҳа ва бошқа жанрлардаги материаллар муаллифлари – ғолиб журналистларга мукофотлар топширди.
Ўринбой УСМОН,
«Халқ овози».
**
Имкониятлар ишга солинади
Ўтган йилги натижаларга қараганда, Суғд вилояти шаҳар ва ноҳияларида ўртача иш ҳақи бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бири Гулистон шаҳрига тўғри келган. Халқ хўжалигининг турли соҳаларида ишлаётган кишиларнинг ўртача маоши 1753 сомонийни ташкил этган. Гулистон шаҳри раиси Фирдавс Шарифзоданинг айтишича, иш ҳақини бундан ҳам кўпайтириш, шу тарзда аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш учун янги чора-тадбирлар қўлланади. Жумладан, саноат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш, сифатини яхшилаш ва «Гулистон» тамғаси билан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни чет элларга сотиш мақсадида замонавий технологияларни қўллаш, мутахассислар малакасини ошириш, янги, манфаатли инвестициялар киритиш йўлида иш олиб борилади.
Ўтган йилги кўрсаткич бўйича шаҳар саноатчилари қўлга киритган натижалар эса, чакки бўлмади. Рақамлар тилига мурожаат этсак, 3,4 миллиард сомонийлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 19та саноат корхонаси хорижий давлатлар билан тижорат муносабатлари ўрнатди.
Айни бир пайтда саноатда янада яхшироқ кўрсаткичларга эришиш учун имкониятлар йўқ эмас. Мавжуд 30та корхонадан 17таси белгиланган режани ортиғи билан бажарган бўлса, қолган корхоналарда кўзланган натижалар қўлга киритилмай қолди. Шаҳар раисининг айтишича, бу корхоналарда режалар бажарилмаслиги сабаблари ўрганилади ва мавжуд имкониятларни ишга тушириб, маҳсулот тайёрлаш ҳажмини кўпайтириш чоралари кўрилади ва гулистонликларни доимий иш билан таъминлашга эътибор доимий диққат марказида бўлиб қолади.
Халқ ҳунармандчилиги ва сайёҳликка эътибор туфайли уйда ўтирган ўнлаб аёллар иш билан таъминланди. Ҳозирда шаҳарда еттита атлас ва адрас тўқиш таълим-касб ўрганиш маркази иш юритмоқда. Бултур иккита янги тикувчилик цехи ишга туширилди. 33 нафар аёл иш билан таъминланди. Ўн нафар ҳунарманд аёлга грант берилди. Бу маблағ уларга маҳсулот тайёрлаш ҳажмини ва турини кўпайтиришга ёрдам берди.
Янги болалар боғча-яслиларини ишга тушириш аёллар учун ишлаш имкониятини бераётган омиллардан бўлмоқда. Жорий йилда яна битта мактабгача таълим-тарбия муассасасини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. «Дилноз» деб ном берилган бу маскан 150 нафар бола учун мўлжалланган. Умуман олганда эса, жорий йилда шаҳарда камида 20та иншоот бунёд этилади.
- Гарчи ўтган йили, Гулистонга келаётган сайёҳлар сони олдинги йилга қараганда 1320 нафарга кўпайиб, 3300 нафардан ортган бўлса-да, шаҳар раисининг айтишига кўра, бу кўрсаткич қаноатланарли эмас. Чунки, унинг фикрича, «Тожик денгизи» соҳилларида жойлашган хушманзара шаҳарда сайёҳларнинг дам олишлари ва томоша қилишлари учун имкониятлар кўп. Мамлакатда кетма-кет уч йил Қишлоқлар, сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йиллари деб эълон қилингани эса, сайёҳларни жалб этишнинг хилма-хил усулларини ишга солишни тақозо этади, - деди Фирдавс Шарифзода.
Қиш кунларида ободончилик ишларининг кенг кўламда олиб борилаётгани, арчалар ўтқазилаётгани, йўллар ободонлаштирилаётгани, шаҳардаги дам олиш масканларига янги замонавий жиҳоз ва воситалар келтирилаётгани бу интилишнинг қатъийлигини кўрсатмоқда.
Ўз мухбир.
**
Фарҳод РАҲИМИЙ: - Қўшни Ўзбекистон олимлари билан ҳамкорликлар кучайтирилади
Тожикистон Фанлар академияси президенти Фарҳод Раҳимий йил якунига бағишланган матбуот анжуманини одатдагидек, ҳисобот бериш билан эмас, балки дарҳол савол-жавоблар билан бошлаганлиги кўпчилик журналистларга манзур бўлди. Зеро, айрим вазирлик ва идоралар раҳбарлари матбуот конференцияси учун ажратилган бир соат вақтнинг кўпини матбуот варақасида келтирилган рақамларни қайта ўқиш билан бошлаши қалам аҳлининг норозилигига сабаб бўлаётганлиги сир эмас.
- Қўлларингизда Фанлар академиясида бир йил давомида бажарилган ишлар ва жорий йил учун белгиланган вазифалар кенг ёритиб берилган, ҳурматли қалам аҳли, - деди Ф. Раҳимий анжуманни бошлаб. - Биз учун ажратилган вақтдан самарали фойдаланиш мақсадида, дарҳол савол-жавоб қисмига ўтсак яхши бўларди.
Дастлабки савол "Ховар" ТМАА мухбири томонидан "Аргус-ФТИ" реактори ҳақида бўлди.
- 2020 йил "Аргус-ФТИ" ядро суюқлиги билан ишлайдиган реактор тўлиқ ишга туширилади, - деди Ф. Раҳимий. - Энг асосийси, унинг фаолиятини маҳаллий кадрларимиз бошқаришади. Бу йўналишда мутахассислар Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси нуфузли ядро марказлари ва олийгоҳларида тайёрланади. Ўтган йил июн ойида Россия ва Хитой давлатлари мутахассислари иштирокида халқаро конференция ўтказилди. Унда "Росатом", "Китайатом" ширкатлари ҳамда Курчатов номидаги ядро институти мутахассислари иштирок этишди. Ўша тадбир жараёнида мазкур реакторнинг фаолияти ҳақида қатъий келишувга эришилди. Ядро технологияси соҳаси кадрлари бевосита Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерациясида тайёрланади. Айни пайтда 23 нафар лаёқатли ёшлардан иборат гуруҳ Хитойга жўнаш арафасида. "Аргус-ФТИ" реактори ишга туширилгач, тинчлик мақсадида, илмий-тадқиқот ишларида ундан унумли фойдаланилади. Айни пайтда реактор жойлашган бино қайта таъмирдан чиқарилди.
"Халқ овози" газетаси мухбирининг қўшни Ўзбекистон Фанлар академияси билан ҳамкорликлар ҳақидаги саволига Фарҳод Раҳимий атрофлича жавоб берди:
- Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевларнинг ташаббуси билан ўтган йилдан бошлаб қўшни Ўзбекистон Республикаси билан муносабатлар янги босқичга кўтарилди, - деди Ф. Раҳимий. - Иккала давлат стратегик ҳамкорликлар юзасидан имзоланган ҳужжатларда илм, техника ва технология соҳаларида ҳамкорлик ҳужжатлари ҳам имзоланган. Ўтган йили академия ўтказган олтита халқаро конференцияларда ўзбекистонлик олимлар иштироки, бизнинг олимларимизнинг қўшни республикага сафарлари бу ҳамкорликлар истиқболи порлоқлигидан дарак беради. Яқинда бир гуруҳ олимларимиз Ўзбекистон Республикасига илмий тажриба алмашиш юзасидан сафарга чиқишлари режалаштирилган.
Бундан ташқари, Фанлар академияси президенти академияда йўлга қўйилган магистратура, аспирантура, докторантурада таҳсил олаётган ёшлар, олимларимиз эришаётган ютуқлар, мамлакатимиз тарихий ёдгорликлари, хусусан, Ҳулбук қалъаси ва 2020 йил 5500 йиллиги нишонланадиган Саразм тарихий ёдгорлигида олиб борилаётган ишлар, олимларнинг хорижий тилларни ўрганишлари, шунингдек, ер силкинишига боғлиқ кўплаб саволларига атрофлича жавоблар берди.
- Фанлар академиясида ўтган йили "Музликларни ўрганиш маркази" ташкил этилди, - деди Ф. Раҳимий. - Мамлакат Президентининг бевосита топшириғи бўйича ташкил қилинган илмий марказ, аллақачон, Искандаркўл, Варзоб ва Ванж ноҳиясидаги бир қатор музликлар, жумладан, Федченко музлигида ҳам илмий-тадқиқот ишлари ўтказмоқда.
Фанлар академияси президентининг хорижий давлатлар илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлигига Фарҳод Раҳимий алоҳида тўхталиб ўтди.
- Ўтган йили академиямизга 240 нафардан ортиқ хориж олимлари ташриф буюрганлиги бу ҳамкорликлар истиқболли эканлигининг нишонасидир, - деди Ф. Раҳимий. - Бу йўналишда самарали ҳамкорликлар келгусида ҳам давом этади.
Умуман, матбуот анжумани самарали ўтди.
Искандар МАҲМАДАЛИЕВ,
"Халқ овози".
**
Янги саноат корхоналари ва тадбиркорлар ҳиммати
Жаббор Расулов ноҳиясида ўтган - 2018 йил кўп соҳаларда муваффақиятли якунланди. Масалан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 1 миллиард 95 миллион сомонийга етказилди. Аввалги йилга қараганда, деярли 37 миллион сомонийлик кўп маҳсулот етиштирилди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш эса, олдинги йилга қиёслаганда, салкам 19 миллион сомонийга кўпайди…
Ноҳия раиси Комил Салимзода матбуот йиғинида ўтган йилги ютуқлардан кўра кўпроқ келгуси режалар ҳақида сўзлади. Жумладан, Тожикистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб кутиб олиш учун бошланган ва режалаштирилган ишлар ҳақида тўхталди. Ана шундай муҳим ишлардан бири - ноҳияда саноатни янада ривожлантириш учун салмоқли қадамлар қўйилаётгани. Биринчи навбатда, ноҳияда етиштирилаётган пахтани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш асосий мақсаддир. Ҳозирда Ғўлакандоз қишлоғида "Органик ян" ип йигирув фабрикаси қурилишига тамал тоши қўйилмоқда. Бу фабрикани мамлакат мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида, август ойи бошида фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда. Фабрика ишга тушгач, йилига 15 минг тонна пахта қайта ишланади. Камида 150 нафар киши иш билан таъминланади. Бундан ташқари, шонли 30 йиллик санасигача яна олтита саноат корхонаси бунёд этилади. Мазкур корхоналарнинг ишга туширилиши натижасида, яна 120 нафар киши ишлик бўлади.
"Халқ овози" мухбирининг собиқ Қўрғонча кон-бойитиш комбинати маҳсулотларига қўшни Ўзбекистонда эҳтиёж борлиги қай тарзда ҳисобга олинаётганлиги борасида берган саволига Комил Салимзода батафсил жавоб берди. У қўшни мамлакатнинг Фарғона вилоятидаги Қувасой комбинатида тайёрланадиган қурилиш ашёлари учун зарур қум Навоий вилоятидан - 750 километр узоқ масофадан ташиб келтирилаётганини айтар экан, Жаббор Расулов ноҳиясида қайта ишланадиган кварцли қумнинг сифати яхшироқ эканлигини таъкидлади. Яқинда Конибодомда Суғд ва Фарғона вилоятлари тадбиркорлари учрашар эканлар, фарғоналиклар ҳам буни айтишган.
"Халқ овози" мухбирининг иккинчи саволи - қўшни Қирғизистоннинг Лайлак ноҳияси билан ҳамкорлик ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Комил Салимзода яхши қўшничилик мудом манфаат келтиришини далиллар билан айтиб ўтди. Жаббор Расулов ноҳиясининг Қирғизистон билан туташ ерлари Лайлак райони ҳудудидан оқиб ўтадиган сув ҳисобига суғорилади. Айни қўшнилар билан ҳамкорликнинг яхши йўлга қўйилиши натижасида, у ердаги экин майдонлари камида 200 гектарга кўпайган.
Комил Салимзода мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб кутиб олиш борасида сўзлар экан, ободончилик ишларига алоҳида аҳамият берилишини урғулади. Бу эзгу мақсадда ички имкониятларни ишга солиш билан бирга муҳожиратдаги юртдош тадбиркорлар ҳам жалб этилмоқда. Масалан, ҳозирда Малайзияда яшаб, тадбиркорлик билан шуғулланаётган Саидовлар ноҳия марказида иккита замонавий етти қаватли уй қуриб беришга қарор қилишди. Бунинг учун уларга ер ажратиб берилди.
Журналистлар кейинги йилда Тожикистон Республикаси давлат байроғи хиёбони, замонавий "Нурафшон" болалар боғчасининг бунёд этилиши, Деҳмой-Меҳробод- Маданият йўлининг асфалтланиши, гиламчилик ва тикувчилик цехининг ишга туширилиши ҳақида эслар эканлар, Жаббор Расулов ноҳиясида Тожикистон мустақиллигининг 30 йиллигига мўлжалланган барча ишларнинг амалга ошишига комил ишонч билан қайтишди.
Ўринбой УСМОН,
"Халқ овози" мухбири.
**
Ободончиликка ҳисса қўшганлар рағбатлантирилади
Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Маҳаллий ривожланиш комитети давлатнинг салоҳиятли органи бўлиб, маҳаллий ривожланишни бошқариш, минтақаларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти масалаларини мувофиқлаштириш, давлат ҳокимияти марказий ва маҳаллий ҳамда шаҳарча ва қишлоқ жамоатлари ўз-ўзини бошқариш органлари ўртасидаги вазифа-ю ваколатларни аниқлаш йўналишидаги давлат сиёсатини юритади.
-Республикамизда 69та шаҳру ноҳия, яъни 51 ноҳия ва 18 шаҳар, 432та қишлоқ жамоати, 60та шаҳарча, 4223та қишлоқ бор, - деди ушбу комитет раисининг биринчи ўринбосари Бег Қурбонзода ўтган йил якунига бағишланган матбуот анжумани чоғида. – Бугунги кунда республика бўйлаб 5919та маҳалла комитетлари фаолият олиб бормоқда.
Бег Қурбонзоданинг сўзларига кўра, мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида, ободончилигу бунёдкорлик ишларини кенгайтириш борасидаги Тожикистон Республикаси Президенти амри билан тасдиқланган чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш учун Маҳаллий ривожланиш комитети масъулдир.
- Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги, яъни 2021 йилга қадар 20144та иншоот бунёд этилиши режалаштирилган, - дейди у. – 2018 йилда юқорида сони зикр этилган иншоотларнинг 14 фоизи фойдаланишга топширилди. Албатта, биз, ўз навбатида, юртимиз шаҳру қишлоқлари ободончилигига беминнат ҳисса қўшаётган саховатли инсонлару тадбиркорларнинг хизматларини қадрлаймиз. Шунингдек, комитетимиз томонидан бундай шахсларни рағбатлантиришни режалаштирганмиз. Ободончиликка ҳисса қўшган шахслар давлат ҳокимияти маҳаллий ижроия органлари томонидан давлат мукофотларига тавсия этилади. Қолаверса, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Маҳаллий ривожланиш комитети ўз соҳавий мукофотларини таъсис этди. Ифтихорнома, Раҳматнома ва «Маҳаллий ривожланишга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони шулар жумласидандир.
Ортда қолган йилда комитет халқаро алоқаларни кенгайтириш борасида ҳам қатор тадбирлар ўтказгани маълум қилинди. Мисол учун, «Тожикистон Республикаси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида минтақалараро ҳамкорликлар тўғрисида»ги келишув доирасида Маҳаллий ривожланиш комитети ташаббуси билан 2018 йилнинг 18-20 октябр кунлари Суғд вилоятининг Панжакент шаҳрида «Минтақалар тараққиёти ҳамда Тожикистон ва Ўзбекистон халқлари дўстлигини мустаҳкамлаш» мавзусида икки мамлакат минтақалариаро конференция ўтказилган. Унда икки давлатнинг иқтисод, савдо, сармоядорлик, саноат, сайёҳлик, маданият, ёшлар, спорт соҳалари ва чегара олди шаҳру ноҳиялари маҳаллий ҳукуматлари вакиллари иштирок этишган.
Матбуот анжумани давомида комитет 2019-2021 йилларнинг Қишлоқлар, сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йиллари, дея эълон қилинганлиги муносабати билан республика минтақаларини ҳар томонлама ривожлантиришга ҳисса қўшадиган лойиҳалару чора-тадбирларни мунтазам амалга татбиқ этишни мақсад қилганлиги таъкидланди.
Зуҳриддин УМАРОВ, «Халқ овози».
**
Қарахон Чиллазода: - Иқтисодий хавфсизликни таъминлаш - биринчи даражали вазифа
Тожикистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан ҳисобот даврида идора-ю вазирликлар, хўжалик субъектлари, инвестиция лойиҳаларини амалга оширувчи гуруҳ ва марказлар, банк ва бошқа бюджет муассасаларида 338та аудит текширувлар ўтказилиб, 396,2 миллион сомоний миқдорда молиявий зарар аниқлангани ва бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 224,8 миллион сомоний зиёд эканлигини айтди палата раиси Қарахон Чиллазода йил якунига бағишланган матбуот анжуманида.
Шунингдек, Ҳисоб палатаси аудит текширувлар натижасида ошкор қилинган молиявий камчиликларни бартараф қилиш учун муайян чоралар кўрганлиги сабабли, давлат, муассаса ва ташкилотлар бюджетида 289,5 миллион сомоний миқдордаги маблағ тикланган.
Бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида, Суғд вилоятининг Спитамен, Ашт, Мастчоҳ ноҳиялари, Бўстон, Панжакент ва Истаравшан шаҳарлари, Хатлон вилоятининг Шамсиддин Шоҳин, Хуросон, Носири Хусрав, Балжувон, Панж, Шаҳритуз ноҳиялари ҳамда Кўлобу Норак шаҳарлари, Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Дарвоз ноҳияси ва бошқа шаҳру ноҳияларда маҳаллий бюджетларни шакллантириш ва ижросига доир кенг кўламли аудит текширувлар ўтказилиб, унда 440та бюджет муассаса ва ташкилотлари кўриб чиқилди. Натижада, 24,2 миллион сомонийга тенг молиявий зарар аниқланиб, зарарнинг 23,6 миллион сомонийси тикланган.
Ҳисоб палатаси 2018 йилда молиявий камчилик ва етишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида, текширилган вазирлик, идора ва корхона-ю муассасаларга ўз тавсияларини юбориб, ўтган текширувлар натижасига кўра, палата ишчилари 73та фармону қарорлар қабул қилиб, камчиликларга йўл қўйганлиги сабабли, 127 нафар ҳисобот берувчи масъул кишилар маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилиб, 7 нафар эса, вазифасидан озод қилинган.
Шунингдек, Тожикистон Республикаси Ҳисоб палатаси имзоланган битимлар доирасида Россия Федерацияси, Қозоғистон, Молдова, Беларус, Покистону Эрон Ислом ва Хитой Халқ Республикаларининг юқори молиявий назорат органлари билан яхши ҳамкорликларни йўлга қўйган.
- Палата бундан кейин ҳам, фаолиятини самарали йўлга қўйиб, ноқонуний амалларнинг олдини олиш, давлат мулки ва бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, давлат бюджетининг даромад ва харажатларини ўз вақтидаги ижроси ҳамда давлатнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда барча зарур чора-тадбирларни қўллайди, - деди Қарахон Чиллазода.
Садоқат Абдуразоқова,
"Халқ овози".
**
Канализацияларнинг йўқлиги - асосий муаммо
-Ўтган йили барча маблағларимизни "Роғун" гидроэлектростанциясининг биринчи агрегатини ишга тушириш учун йўналтирдик. Жорий йилда ушбу гидроэлектростанциянинг иккинчи агрегатини ҳам ишга тушириб олсак, оёққа янада устувор турардик,- деди Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Меъморчилик ва қурилиш комитети раиси Жамшед Аҳмадзода комитетнинг ўтган йилги фаолияти натижаларига бағишланган матбуот анжуманида.
Шунингдек, Ж.Аҳмадзода ҳисобот даврида мамлакатимизда 1 миллион 98 минг 500 квадрат метрдан зиёд турар жой фойдаланишга топширилганини таъкидлаб ўтди.
Мамлакат шаҳру ноҳиялари марказида кўп қаватли турар жой бинолари қурилиши ҳақида берилган саволга шундай дея жавоб берилди: -"Шаҳру ноҳиялар марказларида беш қаватдан кам бўлмаган кўп қаватли турар жой бинолари қуриш режалаштирилган эди. Лекин минтақаларда канализациянинг йўқлиги бу ишга тўсқинлик қилмоқда. Шаҳру ноҳияларнинг 24тасида канализация қисман мавжуд бўлса, 43тасида умуман йўқ. Тадбиркорлар ҳам кўп қаватли турар жой бинолари қуришга интилишмаяпти. Канализацияси бўлмаган уйларда ким ҳам яшашни истарди? Шу сабабли, аввал бу масалани ҳал этиш йўлида иш олиб бормоқчимиз".
Матбуот анжуманида пойтахт ҳудудини кенгайтириш масаласида берилган саволга ҳам тўхтаб ўтилди.
Маълум бўлишича, Душанбе шаҳрини кенгайтиришда унга қўшиладиган ҳудудда 19 минг иншоот қурилиши режалаштирилаяпти. Бу ерда таълим муассасалари, болалар боғчалари, соғломлаштириш майдончалари, хизмат кўрсатиш ва савдо марказлари, автомобил тураргоҳлари, касалхоналар, поликлиникалар, сув тармоқлари, саноат минтақалари, хиёбон ва бошқа ижтимоий иншоотларни қамраб олган шаҳарчалар бунёд этилади.
Жамшед Аҳмадзоданинг айтишича, айни пайтда барча лойиҳавий-тадқиқот институтлари мутахассислари сафарбар этилган бўлиб, улар Душанбе шаҳри янги ҳудудлари қурилиш лойиҳаларини ишлаб чиқишмоқда.
-"Ҳозир Душанбе шаҳри бош режаси доирасида пойтахтнинг баъзи кўчалари ва йўлларини муфассал қуришни режалаштириш ишлари олиб борилаяпти",- деди Жамшед Аҳмадзода.
Душанбе шаҳри атрофи, яъни Рўдакий ноҳиясига қарашли ҳудудлардаги тепаликларда аҳоли томонидан уйлар қурилаётгани масаласи ҳақида гап кетганида, Меъморчилик ва қурилиш комитети раиси: -"Бундан кейин Душанбе шаҳри атрофидаги тепаликларда уйлар қуришга ижозатнома берилмайди. Чунки у ерларда уй қуриш мумкин эмас. Тоғ тупроғи кўчиш хусусиятига эга. Бунинг ўрнига, у ерларда боғлар барпо этиш режалаштирилмоқда",- дея жавоб берди.
Қайд қилиш жоизки, айни пайтда Рўдакий ноҳияси ҳудуди ҳисобидан пойтахт чегарасини жанубий-ғарбий томонга кенгайтириш масаласи кўриб чиқилаяпти. Бу Душанбе шаҳри бош режасида назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг 2017 йил 28 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Душанбе шаҳрининг янги бош режасига биноан, пойтахтнинг маъмурий чегаралари жануб, қисман шимол, шарқ ва ғарб томонларга кенгайтирилади. Шунингдек, қурилиш чегараларини бугунги 12,7 минг гектардан 2025 йилгача 18 минг гектаргача, 2040 йили 25 минг ва 2040 йилдан кейин 30 минг гектаргача етказиш режалаштирилган.
Г.Аюпова,
«Халқ овози».
**
Ишларни кўриб чиқиш сифати яхшиланди
Тадбиркорлик соҳасидаги баҳсларни ҳал этиш ва бошқа иқтисодий фаолият республика иқтисодий судлари фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўтган йили жиноий ишларни кўриб чиқиш сифати яхшиланди ва суд ҳужжатларини бекор қилиш камайди. Бу ҳақда Тожикистон Республикаси Олий иқтисодий суди раиси Мавлуда Қаландарзода яқинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Ҳисобот даврида 317та жиноий иш кассацион босқичда, 260та иш назорат остида ва 14та иш Олий иқтисодий суд бошқармасида ўрганиб чиқилган.
"Ушбу даврда иқтисодий судларга 3 минг 300дан зиёд ариза ва шикоятлар киритилган бўлиб, шундан биринчи босқичда 2 минг 629таси кўриб чиқилди",- деди Олий иқтисодий суд раиси.
2018 йилда 1 минг 700дан зиёд жиноий иш кўриб чиқилиб, улар юзасидан суд ҳалномаси қабул қилингани эслатиб ўтилди.
"Ўтган йили суд қарорлари бекор этилиши 36тани ташкил қилади. Жиноий ишларни кўриб чиқиш сифати аввалги йилга нисбатан яхшиланиб, суд ҳужжатларини бекор қилиш камайди",- деди Мавлуда Қаландарзода.
Ўтган йили иқтисодий судларга мурожаат чоғида киритилган барча аризалар ҳисобидан 5 миллион 362 минг сомонийдан зиёд давлат божи тўлангани ҳам айтилди.
Давлат манфаатига зарарни ундиришга доир ушбу даврда 304 миллион 225 минг сомонийлик талабот арз қилиниб, шундан 261 миллион 609 минг сомонийси қаноатлантирилди.
Кадрларни тўғри танлаш ва жойлаштириш масаласи иқтисодий судларда Миллат пешвосининг кўрсатма-ю ҳидоятлари асосида йўлга қўйилган бўлиб, 2018 йилда тажрибали, ёш ва лаёқатли судялар ҳисобидан 3 нафари ТБМВ Иқтисодий суди, Суғд вилояти Иқтисодий суди раислари ва ўринбосари сифатида таклиф этилган ҳамда тайинланган.
Шунингдек, иқтисодий судлардан 16 нафар суд аппарати ходимлари иш ўрганувчи-судя вазифасини эгаллаш учун танловда иштирок этиб, шундан 5 нафари, жумладан, 3 нафар лаёқатли қизлар имтиҳонларда яхши натижаларга эришган ҳолда, иш ўрганувчи-судя вазифаларига тайинланган.
Ҳисобот даврида Олий иқтисодий судда судялар ва суд аппарати ходимлари учун инглиз тилини ўрганишга доир машғулотлар ташкил қилинган.
Г.Аюпова, «Халқ овози».
Ўзбекистон Халқ ҳофизи Шерали Жўраевнинг "Ака-укалар" қўшиғини тинглаб…
Най инграйди…
Ғижжак нола чекади…
Сўз йиғлайди…
Ҳофиз куйлайди…
Томошабин тинглайди, юрак-юрагидан эзилиб-эзилиб…
Муфассал...
Тожикистон Республикасининг “Тожикистон Республикасида анъаналар, тантаналар ва урф-одатларни тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, кучга кирганига ҳам ўн йил бўлди. Бу ўтган йиллар мобайнида мазкур Қонунга икки марта ўзгартиш ва қўшимчалар (16.06.2008 ва 21.07.2010) киритилиб, у халқ орасида “танзим” номи билан машҳур бўлди. Ишонч билан айтиш мумкинки, Қонун моҳиятини дастлаб тушунмаган кишилар кейинчалик
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015