Ўлмас Жамол бундан ўн йиллар муқаддам ушбу сатрларни битган эди:
Умр поёнига етди, яшаш даврим адо бўлди,
Оёқлардан кетиб қувват, бу кўзлар нобино бўлди.
Тўкилди тишларим, сочлар оқарди, дилда йўқ ёлқин,
Узоқ умримда танҳолик бугун ноҳақ жазо бўлди...
Тугаб бормоқда ризқимми, емакка қолмаган рағбат,
Азизлар чеҳрасин қайта кўриш завқи ғизо бўлди.
Қадрдон дўстларим, қилган гуноҳимни кечиргайсиз,
Ки Ўлмас ҳам кетар чоғи барингиздан ризо бўлди.
- Ўлмас ака ўтибдилар. Эртага соат саккизда жаноза экан…
Телефонда бу қайғули хабарни айтган маъюс овоз титрарди. Баралла. Мен шоир Султонмурод аканинг шу лаҳзаларда қай аҳволда эканлигини тасаввур қилиб турардим. Фақат у эмас, балки Ўлмас акани билган, таниган, унинг асарларини ўқиган минг-минглаб шеърият мухлислари юракларини титратган хабар тилларига кўчгани аниқ эди.
Инсон табиати қизиқ экан. Гарчи яқин одаминг ёши юздан ошса-да, ё манаман деган шифокорлар ҳам даволаш иложини топа олмаётган бўлишса-да, у инсоннинг ҳали кўп яшашига ишонар экансан. "Ўлим", деган даҳшатли сўз хаёлингга келмас экан. Ва қўққисдан не-не юракларни титратиб юборгувчи хабарни эшитиб, унга ишонгинг келмас экан. Гарчи ҳаётнинг ибтидоси бўлганидек, интиҳоси ҳам борлигини яхши билсанг-да, ўлим ҳақ эканлигига шак келтирмасанг-да!
Мен Ўлмас акани ғойибона, ҳали мактабда ўқиб юрган пайтимдаёқ танирдим. Маҳмуд Тўлқин, Маҳмуджон Остонов каби Ўлмас Жамол деган шоирнинг шеърларини ўқирдим. Ўлмас ака билан биринчи марта 1972 йил май ойида Душанбеда, у киши ишлаётган "Совет Тожикистони" ("Халқ овози") газетаси идорасида учрашдим. Агар адашмасам, адабиёт ва санъат бўлимига раҳбарлик қилардилар. Тошкентдан Душанбега касбий амалиёт ўтказиш учун келгандим. Мен ёшлигимдаги ўша ажойиб бир ойни жуда кўп эслайман. Тожикистонимизнинг мўътабар газеталаридан бири бўлган, 100 минг нусхадан кўп босиладиган бу газета ижодкорларининг кўпчилиги мени ўз қадрдонларидай кутиб олишди. Талаба бир йигитни. Уларнинг бири Ўлмас ака эдилар. Бир кўришдаёқ унутиш мумкин бўлмай қоладиган очиқ, нурли чеҳрани, қалбидаги самимият кўчган, меҳр-муҳаббат тўла дўстона кўзларни, менга ғалатироқ туюлган шевада ширин сўзлайдиган инсон тезда қадрдонимга айланди.
Ўлмас ака мен - яна эслатаман, оддий бир талаба йигитни уйларига меҳмонга таклиф этдилар. Душанбенинг Ҳаёти нав маҳалласидаги оддийгина, заррача ҳашамати йўқ, лекин, ҳатто, деворларидан меҳмоннавозлик меҳри уфуриб турган уйда ўз уйимдаги каби яйраб ўтирдим. Хушфеъл, меҳрибон онажонлари тилларидан бол томиб сўзлаганларида, ўз онажонимни ўйладим.
Орадан маълум йиллар ўтиб, мен ўқишни битириб, вилоят газетасида ишлаётганимда, Ўлмас ака бир-икки ҳамкасблари билан Хўжандга (у пайтларда Ленинобод эди) келиб қолдилар. Уйга, меҳмонликка таклиф этгандим, йўқ, демадилар. Гарчи Ўлмас акага бир пиёла чой қилиб бериш истагида юрган катта-катта мансаб эгалари, не-не санъаткорлар қатор-қатор турган бўлсалар-да!
Уйимизга меҳмон эмас, нур кириб келди. Ўлмас аканинг ташрифини эшитиб қолган исписорлик адабиёт мухлислари йиғилиб келишди. Мухлислари у кишининг фақат шеърларини эмас, тилларидан кўчаётган ҳар бир оғиз сўзларини берилиб тинглаётганликларини кўриб, шоирнинг халқ юрагига кириб борганини ўйлардим…
Йиллар шафқатсиз, йиллар - оқар дарё, ўтиб кетаверар экан. Замон ўзгарди, Тожикистон мустақил бўлди. Лекин ёвуз кучлар амалга интилиб, юрт тинчлигини, эл оромини бузишди. Тум-тарақайлик. Ур-йиқит, ўт қўйиш, қон тўкиш. Элини, юртини ўйлайдиган ижодкор эса, бир четда тура олмайди. Юраги зирқираб оғрийди, ақлини йўқотган, тўғри йўлдан озган одамларни эс-ҳушини йиғиб олишга ундайди, инсофга чақиради. Ижодкорга бу дамларда фақат шеър таскин бермайди. Таскинни юрт тинчлигини барқарор этишга, одамларни дўстликка чорлашдан излайди. Ўлмас ака мамлакатимиздаги Ваҳдат ва миллий тикланиш ҳаракати Раёсати аъзоларидан бири эди. У Тожикистон иқболи учун, тожикистонликлар ороми, осойишталиги учун ўқ узилиб турган ерларга борар экан, ўз жонини ўйламади.Ўлмас аканинг самимий суҳбатларидан сўнг, бир-бирини ўлдиришга тайёр турган душманлар қуролларини ташлашди. Кечагина нафрат жойлашиб олган юракларда муҳаббат уруғи кўкара бошлади... Бу одамлар орасида Ўлмас аканинг дўстликка, аҳилликка чорловчи шеърларини ўқиган одам бор эди. Кимдир "Тожикистон ўғлидурман, ўзбегим гуфто писар", деб хиргойи қилди…
Айтгандайин, бу шеърнинг ёзилишига СССР Халқ артисти, машҳур ҳофиз Жўрабек Муродов туртки берган. Шу шеър туфайли, Ўлмас Жамолга ҳукумат тўрт хонали уй берган, деб эслайди устоз санъаткор.
- Ўлмас Жамолнинг ўзбек ва тожик халқлари дўстлигини мустаҳкамлаш йўлидаги хизматлари ҳеч қачон унутилмайди. У киши икки қўшни, икки қондош ва жондош халқ ўртасидаги мустаҳкам кўприкка айланганлар. Мен Ўлмас аканинг икки халқ ўртасидаги қадимий дўстлигини васф этувчи "Тожикистон ўғлидурман" қўшиқларини тожиклар орасида куйласам ҳам, ўзбеклар орасида айтсам ҳам, қарсаклар ёғилади. Тингловчилар чеҳрасида, юз-кўзида меҳр-муҳаббат кўраман, - дейди Жўрабек Муродов.
Ўлмас аканинг саксон йиллик тўйларида ҳам сўзга чиққан инсонларнинг деярли ҳаммаси тожик ва ўзбек халқлари дўстлигини мустаҳкамлашда шоирнинг улкан хизматлари ҳақида гапиришди. Меҳмон Бахтий, Камол Насрулло, Гулрухсор, Саидали Маъмур, Афзалшо Шодиев… Масалан, Тожикистон Халқ шоири Гулрухсор тожик шеъриятини ўзбек халқига етказишда ҳеч ким Ўлмас Жамол каби хизмат қилмаганлигини таъкидлади. Шоиранинг айтишича, Ўлмас Жамолнинг ҳар икки тилни яхши билиши ва ижодий маҳорати боис, тожик шоирларининг шеърлари ўзбек тилига худди аслиятдаги каби ўгирилган. Бор ранги, мусиқавийлиги, оҳори билан!
2014 йилнинг 3 декабри. Шу куни шоир Абдулла Насриддин билан Ўлмас Жамолнинг уйларига бордик. Эшик очган келини Маҳбубахон бизни ичкарига бошлади. Кўрпачада ўтирган Ўлмас аканинг аёллари хуш тавозе билан кутиб олдилар. Ўлмас ака тўшакда ётган эканлар. Бизни кўриб, қўзғалдилар.
Бизнинг бир мақсадимиз - Ўлмас акадан хабар олиш бўлса, иккинчиси, яқинда дунёдан ўтган қизлари Жамиланинг руҳига фотиҳа ўқиш эди…
Биз Ўлмас акани кўп безовта қилмаслик, толиқтириб қўймаслик учун хайрлашиб турмоқчи бўлдик. Лекин янга Ўлмас аканинг суҳбатга муштоқликларини айтиб, бизни ўтиришга чорлади.
Саксондан ошган, оғир хасталик қийнаган бўлса-да, Ўлмас аканинг хотиралари мустаҳкам эди. Ҳозир биз ўтирган тўрт хонали уйнинг олиниши тарихи ҳақида гапириб бердилар. (Мен бу борада юқорида ёзгандим). "Бир шеърим туфайли, катта оиламиз пахса деворли уйдан бу ерга кўчиб ўтдик", - дедилар Ўлмас ака.
Бир шеър. Одамлар ҳозир ойига китоб чиқариб ётишибди. Ўн нусхада бўлса ҳам, эллик нусхада бўлса ҳам, номи китоб. Лекин бу китоблардан таъсирланиш, сўз кучини сезиш нари турсин, варақлаб кўришмайди. Шеър - санъат, шеър - дард, шеър - туғён, шеър - катта таъсирга эга, бошловчи куч эканлигини билмайдиганларга Ўлмас аканинг шеърларини ўқиганмисиз, дегим келади.
Шу куни Ўлмас ака менга учинчи девонлари -"Манзур"ни тақдим этдилар. Худди шу лаҳза Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Ориповнинг Ўлмас ака ҳақидаги сўзларини эсладим. Буни олдинроқ Ўлмас ака берган овозлар ёзиб олинган дискдан эшитгандим. Абдулла ака (жойлари жаннатдан бўлсин) Ўлмас Жамол тўғрисида, у кишининг девонлари билан танишганлари ҳақида айтиб шундай дегандилар:
"Девон тузиш, бу ҳаммага маълум, ҳар бир шоирга ҳам насиб этган эмас. Ҳозирги замонда ҳам, ўтган даврларда ҳам бу девонлар ўз-ўзидан нашр ҳам бўлиб қолавермайди, бундан кўз юммаслик керак. Бозор иқтисодиёти каби муаммолар ёзувчининг қаршисидан чиқиб туради. Бу бутун дунёда бор гап. Шундай шароитда шоирнинг наинки шеърини ўқиб, балки тушуниб, унга кўмак бериб келаётган инсонлар, яхшиямки, бу дунёда бор. Мен уларга чин дилдан раҳмат, дейман".
Ўлмас аканинг ўзлари ҳам китобларини чиқаришга ёрдам берган дўстларига миннатдорчилик билдирдилар.
Ўзбекистон Халқ шоири, марҳум Эркин Воҳидов (жойлари жаннатдан бўлсин) Ўлмас Жамол борасида шундай деганди:
"Ўлмас Жамолнинг шеъриятидаги нафосат, дилбарлик ёнига донишмандлик қўшилди. Инсоний дард, инсонпарварлик, йўналиш пайдо бўлди. Ҳозир у маҳоратнинг чўққисида турибди. Бизга тенгдош бўлган шоирлар орасида Ўлмас Жамол каби арузда ижод қилганлари жуда кам".
Ўлмас аканинг саксон ёшликлари арафасида Душанбедаги "Адиб" нашриётида унинг тўртинчи девони - "Маъмур" нашр этилганди.
Ўлмас ака билан суҳбатлашар эканмиз, у кишининг қўшиққа айланган шеърлари ҳақида гап кетди. Не-не таниқли, машҳур ҳофизлар қўшиқ қилиб айтишмаган дейсиз, Ўлмас Жамол шеърларини! Лекин уларнинг кўплари шеърларни китоблардан, вақтли матбуот нашрларидан танлаб олишган. Таъсирланиб. Ёқтириб. Жўрабек Муродов ҳақида гапирдик. Ўлмас аканинг Тожикистон Халқ артисти Жўрабек Набиев билан ижодий ҳамкорликлари ҳам мустаҳкам бўлган. У кишининг шеърларини Фахриддин Умаров, Камолиддин Раҳимов ва бошқа таниқли ҳофизлар куйга солишган.
Ўлмас ака бир қўшиқнинг яралиш тарихи ҳақида гапириб бердилар. Хўжандлик санъаткорлар Шаҳритузда концерт беришган. Ўлмас акалар етиб боришганда, Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Ўринбек Ҳамдамов саҳна ортида навбат кутиб турган экан. Ҳофиз шоирга "Навбаҳорда боғ оралаб майин эсган шаббода" деган сатрни кўрсатиб, уни давом эттириб, шеър ёзиб беришни сўрайди. Ўлмас ака бу бошқа шоир мулки бўлиши мумкинлигини, ундан фойдаланишга ҳаққи йўқлигини айтади. Ҳофиз бу сатр хаёлига қаердандир келиб қолганини айтиб, илтимосида туриб олади. Шу ондаёқ шоирнинг илҳоми келиб, ажойиб бир шеър ёзади. Ўринбек Ҳамдамов ижросида бир дилбар қўшиқ пайдо бўлади.
Бу шеърни кейинчалик бошқа ҳофизлар, жумладан, Камолиддин Раҳимов, Мастона Эргашевалар ҳам куйга солишган.
Бу воқеага кўп бўлгани йўқ. 2016 йилнинг 19 апрели. Тошкентдаги камида тўрт минг томошабин сиғадиган улкан "Истиқлол" санъат саройида ўтирибмиз. Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг концерти бўляпти.
Озодбек Камолиддин Раҳимовни эслаб, унинг хотираси учун қўшиқларидан бирини тайёрлаганлиги, бу ҳақда у киши тирикликларида айтишга рухсат олганини айтиб, куйлай бошлади.... Ўлмас аканинг шеъри. "Ўлмасингиз сизни дея ғазал ёзишдан толмагай. Ошиқ эканми, билмадим, ёки назм адоси-му?" Кучли ифтихор ҳисси пайдо бўлди менда. Бу хабарни, албатта, Ўлмас акага етказаман. Хушхабарни эшитиб, таналаридаги қаттол беморлик бирозгина чекинса ҳам хурсанд бўлардим, дея ўйлардим ўша пайт... Қўшиқ тугагач эса, тўрт минг киши бараварига узоқ қарсак чалди. Бу қарсаклар, албатта, дилбар шеър муаллифига ҳам аталганди…
Э-воҳ, Ўлмас ака-я, Ўлмас ака! Бу сатрларни ёзар эканман, ҳеч ишонгим келмайди. Наҳотки? Бу саволни қайта-қайта такрорлайман. Йўқ, бўлиши мумкин эмас? Ахир, Сиз ЎЛМАССИЗ? Йўқ, мен бу сўзларни ўзимга, Сизнинг ўн минглаб мухлисларингизга таскин бериш учун ёзаётганим йўқ. Асло бундай эмас. Кимлардир ғазал умри тугади, деганда, Сиз бу гаплар пуч эканлигини ижод маҳсулларингиз билан исботлаганингизни, ғазалларингизни ҳали не-не авлодлар мароқ билан ўқишини, қўшиқларингиз дилларга завқ бағишлашини ўйлаганимда, Сизнинг ҳали кўўўўўп яшашингизга ишонаман. Шоирнинг умри шеърларида давом этади. Бу менинг гапим эмас. Буни Сиз яхши биласиз, Ўлмас ака!
Ўринбой Усмон, Тожикистон Ёзувчилар Иттифоқи аъзоси.
Ўлмас Жамол 1934 йилнинг 17 майида Ўзбекистон Республикаси, Самарқанд вилоятининг Ургут шаҳрида Жамол нонвой оиласида туғилган. Ўрта мактабни (1946-1956 йилларда аввал Ургутда икки йил, Душанбега кўчиб келганларидан сўнг 7 ва 10-мактабларда ўқиб) битирганидан кейин, Тожикистон Давлат университетининг тарих-филология факултетини тугаллаган. 1961-1963 йиллар давомида Регар шаҳрида педагог, журналист сифатида, сўнгра Тожикистон радио ва телевидениеси ўзбек бўлимида ишлаган. 1963 йилдан 2012 йилгача «Совет Тожикистони» ҳозирги «Халқ овози» газетасида самарали меҳнат қилиб келди.
Ўлмас Жамол уч қиз, бир ўғилга ота, саккиз невара ва беш эварага бобо эди.
Нуктадон шоирнинг хотираси дўсту ёрлари, яқинлари ва соҳир шеъриятининг мухлислари қалбида мангу қолади.
Ўлмас Жамол деярли ярим аср давомида «Халқ овози» газетаси редакциясида фаолият юритди. Бу қутлуғ даргоҳда обрў топди, халқ минбарининг янада юксалишига муносиб ҳисса қўшди. Тожикистонлик ўзбеклар учун отахон шоирнинг номи «Халқ овози» газетаси билан уйғунлашиб кетганлиги рост.
Бу мусибатли кунларда Ўлмас Жамолнинг оила аъзолари, яқинлари, қариндош-уруғлари ҳамда ижодиётининг кўпсонли мухлисларига чуқур таъзия билдирамиз. Уларга Яратгандан сабру бардош тилаймиз. Парвардигордан отахон шоиримизнинг охиратларини обод айлашни тилаб, дуога қўл очамиз.
«Халқ овози».
4 май куни «Сомон» қасрида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон «Терроризм ва экстремизмга қарши кураш» мавзусидаги олий даражадаги халқаро конференцияда қатнашди ва мазмунли нутқ сўзлади.
Конференцияда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи,
Муфассал...
Тожикистон Уламолар кенгаши раиси Саидмукаррам Абдулқодирзоданинг жавоблари
Июн йилнинг энг иссиқ ойларидан бири ҳисобланади. Мамлакат обу ҳавони ўрганиш Агентлиги мутахассислари бу ойда ҳароратнинг меъёрдагидан баланд бўлишини айтишмоқда. Бунга қўшимча тарзда жорий йилда Рамазони шариф ойи йилнинг энг иссиқ ойларидан бирига тўғри келди. Рамазони шариф ойи тақвимига кўра, ҳар бир мусулмон киши 3.15 дан 19.55 гача ейиш ва ичишдан тийилиши, яъни рўза тутишга вазифадор.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015