Қуёш ботар томони очиғу, уч томони ярим қувурсимон тоғлар оғушида ястанган мўъжизавий жаннат макон. Бир-бирига сира ўхшамас гўзалликлар касб этган дарадан чиқиб дарага кириб борар экансиз, ҳали одам зотининг қадами етмаган, осори атиқа сингари сизни ҳайратга соладиган бундай жозибадор гўшаларни тоғли тожик диёрида кўп учратиш мумкин. Бироқ сиз назарда тутган манзил айланма тоғнинг кунчиқар томонида, асрий ёнғоқзор кўрки билан оро
топган бир жойдир. Қаҳрамонимиз илк марта бу ерларга қадам қўйиб, атрофни синчковлик билан назардан ўтказар экан, унга ҳамроҳ бўлган кишилардан энг тепада ўсган ёнғоқдан ҳам бироз юқорироқда чашма-кўзи борлигини, ундан сув сизиб туришини эшитганди, борди-ю, шу чашма-кўзи очилса, ҳар томонга ёйилиб, ерга сингиб кетаётган обиҳаёт бир жилғадан йўналтирилса, адир қиялигидаги майдонда кўркам боғ яратиш иложи топилмасмикан?...
Ана шу эзгу орзулардан бутун борлиғи куч ва ёрқин руҳга тўлган Абдуллажон ака протезли қўлини ерга енгилгина тираганча ўрнидан тураркан, манглайидан терини артиб, юқорига ўрлай бошлади. Ғалати, тоғ манзарасини ўзига хос сирими бу, кўзингга яқин кўринган бирор нарсани қоралаб олға интилганинг сари у саробдек сендан ўзини олиб қочаверади. У ёнғоқ дарахтига етгунгача терга пишиб, нафаси қисилиб, бир неча жойда ёввойи бодом, дўлана, писта ва ҳосилсиз буталарга суянгунча тин олишга мажбур бўлди.
Азим бобоёнғоқнинг ердан чиқиб, ерга кирган аждаҳодек томирларидан бирига ўрнашаркан, ўзи чиқиб келган илонизи йўлларга, теварак атрофга хушнудлик билан назар солди. Назар солди-ю, тоғ бағридаги ўнқир-чўнқирлар; сел ва жала ҳосил қилган жарликларга кўзи тушиб, беихтиёр хаёллар уммонига чўмди. Бу манзара унга жанг майдони, окоп ва блиндажларни эслатган эди.
…Киев шаҳрини озод этиш учун олиб борилган шиддатли жанг.
Днепрни хатарли кечиб ўтиш, Печора яқинида фашистлар билан бўлган юзма-юз олишувда бутун бир қўлидан ажралган пайтлари, алам ва ўкинч лаҳзалари бирма-бир кўз ўнгидан кечди. Бундан бир неча йил бурун бўлиб ўтган, дилларни ўртайдиган воқеа ёдига тушди…
Катта қизи Санобархон онаси муаллима бўлиб ишлаган Тожикистон Давлат дорилфунуни иқтисодиёт факултетида таълим оларди. Тасодифан Абдуллажон акани учратиб қолган профессорлардан бири: -"Раҳмат, биродар. Қизингиз ўқишда ҳам, одобда ҳам факултетимиз фахри. Яхши тарбия берган экансиз, кам бўлманг",-деб қолди. Бу самимий миннатдорчилик сўзлари отанинг мискин қалбини тоғдай кўтарди. У, албатта, мавридини топиб, фарзандини мукофотлаши лозимлигини кўнглига тугиб қўйди. Ёзги каникул яқинлашган кунларнинг бирида нонушта маҳалида:
-Қизим, сени ўзим билан бу йил Украина сафарига олиб бормоқчиман, шунга нима дейсан?-дея мурожаат қилди.
Кутилмаган бу янгиликдан Санобархоннинг кўнгли гул-гул яшнаб кетди, отасининг бўйнига осилганча:
-Дадажонимдан айланай, меҳрибонимдан ўргилай!-дея чарх урарди. Қизнинг бу қадар қувончидан энтиккан отанинг кўзига беихтиёр ёш келди.
…Самолёт графикда белгиланган вақтда Киев аэропортига келиб қўнди. Нотаниш шаҳарнинг латофати Санобархонни ром этган, отасининг ҳимматидан боши осмонда эди. Ота-бола икки кун мобайнида Киевнинг диққатга сазовор жойларини кўздан кечиришди, боғларни, хиёбонларни сайр қилишди, концертларга боришди. Лекин отанинг хаёлидан қадимий черков, теварак-атрофдаги қайинзорларда олиб борилган қонли жанглар манзараси нари кетмас, қанақадир ички туйғу уни ўша томонга чорлар эди.
Учинчи куни қизини етаклаганча ўша манзилга боришни ихтиёр қилди. Қарангки, уруш йилларидаги қайинзорлар йўқ, кўп жойлар таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетган экан. Танҳо дарё бўлиб оққан қонлар гувоҳи-ёлғиз кўҳна черков ҳамон мавжуд эди. Неча-неча шаҳидлар қони билан суғорилган замин узра аста одимларкан, кўнгли англаб бўлмайдиган бир туйғуни ҳис этди. Қаердандир ёқимсиз "ҳуштак" чалиб келиб, ўша бомба портлаганда узилиб тушган қўли тилга кириб имлаётгандек, панжалари жонланиб чақираётгандек: -"Мана мен - азиз жисмингиз бир бўлаги бу ердаман!"-дея нидо чекаётгандек бўлди. Ўшанда, билмайди, орадан қанча вақт ўтиб, унинг жонини асраб қолиш учун врачлар неча соат жарроҳлик қилганларида ҳам кўзидан ёш оқмаган. Ватан ҳимоячиси, мана энди, шу лаҳзада ўзини тутолмади, кўзларида ёш шашқатор бўлди. Отанинг бу аҳволини кўрган фарзанди:-"Дадажон, нима бўлди сизга?!"-дея атрофида гирдикапалак бўлди. Абдуллажон ака кўз ёшларини артаркан:
- Мени кечир, қизим…-дея олди холос.
Иккинчи жаҳон урушидан кўкраги қатор-қатор орден ва медалларга тўлиб қайтган Абдуллажон ака Ҳомидов чорак асрдан кўпроқ вақт мобайнида мамлакат пойтахтидаги ўрта умумтаълим мактабларига, ҳунар-техника билим юртларига, ери шаҳар билан туташиб кетган "Россия" жамоа хўжалигидаги таълим даргоҳига директорлик қилди. Қаерда ишламасин, ёш авлод таълим-тарбиясининг жонкуяри, истеъдодли ташкилотчи, ўқитувчилар жамоасининг ғамхўр сарвари сифатида обрў орттирди, эъзозланди.
У қаерда ишламасин меҳнат фаолиятининг илк баҳор фаслидан бошлаб, таълим даргоҳлари ҳовлилари, бўш саҳнлари, йўл четларига дарҳол мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазишга киришиб кетар, ниҳолларни кўз қорачиғидек авайлаб ўстирар, мевали дарахтлар уч-тўрт йилдаёқ ҳосилга кирарди. Шу тариқа Абдуллажон ака шаҳарнинг ўзида ҳам, ундан ташқарида ҳам ўнлаб мевали боғлар яратди. Хайрли ишларга қўл урган инсонга номни халқнинг ўзи беради.
Давлат ажойиб инсонни Тожикистон мактабларида хизмат кўрсатган ўқитувчи, деб номланган унвон билан сийлаган бўлса, халқ Абдуллажон ака бунёд этган боғларга Ҳомидов номини бериб ҳамон эл орасида "Бу боғ - Ҳомидов боғи!" деган эҳтиросли сўз тиллардан тилларга кўчиб юради.
Умрбод меҳнатга, бунёдкорликка ўрганган фронт кишисини нафақа даври қаноатлантирмади. Абдуллажон ака нафақага чиқиб, тезда қарилик гаштини суриб ётишдан толиқди. Унинг қалбида янги-янги орзулар жўш урар, ҳаётда бефойда яшашни ўзи учун фожиа, деб биларди. Бир куни Оржоникидзе номидаги арматура заводининг собиқ директори Тайсун Александрович Ли билан бўлган тасодифий учрашув эзгу ниятининг амалга ошишига йўл очди. Завод директори Душанбедан 40 километр олис - Варзоб дарасининг Ҳушёри маскани яқини, тоғ дарёси бўйидан жой олган корхона ҳордиқ базасига раҳбарлик қилишни таклиф этди…
Ҳордиқ базаси ўз ҳолига ташлаб қўйилган бўлиб, бирон бир ободончилик, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмаган эди.
Шароит йўқлигидан завод ишчилари бу ерга кам келишар, шанба-якшанба кунлари баъзи маишатчиларнинг шаҳардан, одамлар кўзидан олис хилватгоҳига, майхўрлар қароргоҳига айланган эди.
Дастлабки нафақа ойларида фаолиятсиз зерикиб, димиқиб юрган Абдуллажон ака янги ерда енг шимариб ишга киришди. Тартиб-интизомни қаттиқ қўлга олди, баъзи ишёқмас ва такасалтанглар билан яхшиликча хайрлашди. Ҳордиқ базаси учун ажратилган озгина штат билан бу ерда катта қурилиш ва ободончилик ишларини амалга ошириб бўлмас эди. Бир куни у завод ишчилари ҳузурида уларга: -"Тоғдаги ҳордиқ масканимиз табиати бетакрор, ҳавоси мусаффо жой. Уни яхши ҳолатга келтириш учун сизнинг кўмагингиз даркор. Ахир, у ер фақат сиз эмас, фарзандларингиз соғлигига ҳам хизмат қила олади. Шундай экан, бир ёқадан бош чиқариб ишлайлик!"-дея мурожаат қилди.
Кўп ўтмай, ҳордиқ масканида булдозер ва скреперлар, қудратли МАЗ ва КРАЗлар пайдо бўлди, йўллар кенгайтирилиб, адирлик ён бағирлари текисланди. Катта ҳовуз ҳавзалари ковланди, дарё қирғоқларига бетон тўсиқлар ўрнатилди. Заводдан кўпгина ғайратли ёшлар шанба-якшанба кунларини ўтказадиган бўлишди. Душанбе ҳарбий гарнизони билан гаплашиб, солдатлар чақирилди. Мавжуд уч-тўрт коттежлар капитал ремонт қилиниб, жиҳозлантирилди, территорияни электрлаш системаси янгидан кўриб чиқилди, йўл чеккалари, хиёбонлар атрофига юзлаб туп чинор, мажнунтол, арча ва бошқа манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Тепалик ён бағридан очилган ерга 500 тупга яқин хубони олма, ҳар хил навли шафтоли, гилос, олхўри ва бошқа ниҳоллар ўтқазилди. Икки-уч йил орасида ҳордиқ базаси манзараси ўзгара бошлади. Эндигина бу маскан кўзларни қувонтирадиган бир кўриниш касб этган маҳалда, табиат инжиқлигини қарангки, сел ёмғири дарё сувини қирғоқлардан тошириб, ўзлаштирилган майдоннинг ярмидан кўпини бир кечада ювиб кетди, кўприкни гугурт чўпидек ўйнатиб, 200 метрча пастликка ирғитди. Бошқа одам бўлганида, тарвузи қўлтиғидан тушиб: -"Шунча меҳнатим зое кетди, яна тикласам, яна сел олса… Нима кераги бор оворагарчиликнинг?"-дея қўл силтаб кетган бўларди. Йўқ, қаҳрамонимиз иродаси тез синадиганлардан эмасди. У бир ғайратига ўн ғайрат қўшиб, табиий офат оқибатларини ўша йилиёқ бартараф этишга эришди.
Биз Абдуллажон акадан хабар олгани айланиб бориб, қишлоқ оқсоқолларидан бири Норбобо ота билан қурган суҳбатимиз ҳали-ҳали ёдимизда:
- Дунёнинг ишлари қизиқ экан, ўғилларим,-дея гап бошлади у. -Мен шу ерда яшаб, кўп нарсаларнинг гувоҳи бўлганман. Ҳордиқ база директори уч-тўрт марта алмашди, бирортаси ёлчитиб ишлаганини, бирор туп дарахт ўтқазганини билмайман. Ҳаммаси ўз кайфу сафоси билан овора эди. Улар қишлоғимиздан базага ишга кирган одамларни ҳам айнитиб юборишди, баъзилар муттаҳамлик йўлига ўтиб олишиб, кўзга кўринган нарсани ўзларича тортқилашдан бошқасини билишмасди. Бу одам келди-ю, масканга нур кирди, этаксизларнинг этагини тугди. Баъзан ўйлаб кетаман, заминни шуларга ўхшаган ҳалол инсонлар елкасида кўтариб юрса керак. Ростини айтсам, кеча-кундуз қўлларим дуода. Жанг майдонидан бир қўлини йўқотиб қайтган бўлса ҳам, тўрт мучаси бутунлардан минг марта афзал инсон экан, умри узоқ бўлсин, барака топсин. Ўлмасам ҳали бу ерда катта ўзгаришлар бўлишини ўз кўзим билан кўраман. Бу одамнинг нияти, ғайрати келгуси яхши ишлардан нишона…
Афсуски, Норбобо ота узоқ яшамади. Айтган даврлар катта ишлар бошланишини палласи эди, бироқ ўзи кўрмаган бўлса ҳам орзулари амалга ошди. Борди-ю, фавқулодда мўъжиза юз бериб, Норбобо ота дунёга қайтиб келганда, бу ердаги афсонавий ўзгаришларни кўриб, ёқа ушлаган бўларди. Бу ердаги тоғ тепаси текисланиб, бир ярим гектар ерда олмали боғ яратилгани, чиллаки узумзору анорзорларни, Исфарадан келтириб ўтқазилган қандак ўрик ниҳолларининг шиғил мевага кирганини, асрлар давомида бекор ётган харсанглар сурилиб, ўнлаб вагон уйлар ўрнатилганини, хиёбонлар ва болалар эртак олами дунёга келганини, масканнинг энг баланд жойида шинам уйлар, кафелли ҳовузлар бино бўлганини, зилол сувли ҳовузларда чўртан балиқлар ўйнаб юрганини, тоғ бағридаги улкан иссиқхона-лимонарий, қатор-қатор янги корпуслар, бир эмас тўртта сузиш бассейнларини кўриб, кўзларига ишонмаган бўлардилар.
-1978 йили нафақага чиқиб, ҳордиқ масканида иш бошлаган бўлсам, ўшандан бери беш минг тупдан кўпроқ дарахт кўкартирдим,-дейди Абдуллажон ака.-Уларнинг ярмидан кўпи мевали дарахтлардир. Булар ҳосилга киргандан бери завод ишчилари олма, шафтоли, олхўри ва узумга анча ёлчиб қолишди. Биргина олма боғимиз йилига 50 тоннагача нақшин ҳосил беряпти. Бу йил иссиқхонамизга кўплаб лимон ва апелсин ниҳоллари ўтқазмоқчимиз. Ниҳоллар улғайиб, ҳосилга киргунча қиш ойларида завод ошхонасига помидор, бодринг, ҳар хил витаминли кўкатлар етказиб бериш мумкин.
Бундан бир неча йил муқаддам Жумҳуриятнинг машҳур кишиларидан бири, икки карра Меҳнат Қаҳрамони Абдуғафур ота Саматов Абдуллажон аканинг сўлим Варзоб дарасидаги ана шу афсонавий оромгоҳларида ўз ҳамроҳлари билан бир кеча меҳмон бўлдилар. Баланд дўнгликни сурдириб, бунёд этган боғ-роғни, ҳавас қилгулик ободончилик ишларини завқ-шавқ ила назардан ўтказиб, оромгоҳ рўпарасидаги баланд тоғ бағридан қувур тортиб олиб келинган зилол чашма сувидан бир пиёла симираркан, шундай дедилар:
- Абдуллажон, иним! Машойихлар яхшидан боғ қолади, ёмондан доғ, деб бежиз айтишмаган. Достон бўладиган ишларни қилибсиз. Етти туп дарахт тикканга жаннатнинг эшиги очиқ, дейишади. Сиз умрингизда етти минг тупдан кўпроқ дарахт кўкартирибсиз. Рости гап, ишларингиз менга яхши кайфият бағишлади. Ўз юртидан олисда яшаб, меҳнати билан яхши номга сазовор бўлган сиздек ҳамқишлоғимиз билан фахрланамиз. Аминман, Ғўлакандоз халқи ҳеч қачон сизни ёдидан чиқармайди.
Юракдан тошиб шу сўзларни айтаркан, Раис бобо қиблага қараганча Абдуллажон ака ҳақига, яхши инсонлар шаънига дуо қилдилар.
Биз бугун ҳаловатни билмайдиган, ёлқинли, жўшқин бир қалб эгаси, замондошимиз ҳақида қисқагина сўз юритдик, холос. Баъзан мушоҳадага бериласан, киши. Иккала бус-бутун қўли билан бегона эшик қулфини бузиб, кишилар ризқига хиёнат қилганлар, икки бус-бутун қўли билан бировни бўғиб, ширин жонига қасд айлаганлар, икки бутун қўл билан эл-юрт мол-мулкини талон-тарож этганлар озми?!
Шуларни ўйлар эканман, умрини халқ манфаати йўлидаги савоб ишларга бағишлаган Абдуллажон ака Ҳомидов ва у сингари олижаноб кишилар қаршисида бош эгиб, таъзим қилгим келади.
Ҳордиқ маскани ёнидан жўшқин тоғ дарёси тошдан-тошга урилиб, гоҳ ғазаб-ла тўлғаниб, гоҳ она алласидек майин куй таратиб оқади. Унинг ғазаби балки нобакорлар қилмишига нафратдандир, алласи эса, дунёда яхши инсонлар, одамларга ризқу рўз ва ҳаёт ато этувчилар борлигига шукроналар мадҳиясидир.
Қосимжон Мамажонов .
28 март куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон халқаро Наврўз байрами тантаналари, бир қатор байрам иншоотлари очилишида иштирок этиш ҳамда халқ турмуш шароити билан яқиндан танишиш мақсадида, Суғд вилоятининг Панжакент шаҳрига ташриф буюрди.
Муфассал...
Турди Назар 1948 йилнинг 1 июлида Жалолиддин Балхий ноҳиясида туғилган. Тожикистон Давлат педагогика институтида таҳсил олган.
"Муҳаббат", "Наво", "Топишмоқлар - ақл чархлар", "Оқиллар ва бахиллар", "Тўёна", "Эгамберди ботир", "Суронли йиллар" каби назм ва насрда битилган асарлари нашр қилинган.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015